10-қисми давоми
Меҳри институтни имтиёзли диплом билан тугатди-ю, онасини ўйлаб, ўқишини аспирантурада давом эттириш ҳақидаги таклифларни рад этиб, олти йилдан бўён қизини кутиб кўзлари тешилаёзган Маъқул холанинг ёнига қайтди. Унинг ишини узоқ қишлоқ касалхонасига беришди, Меҳрига қаерда ишлашининг аҳамияти йўқ эди-ю, яқинроқ жойда онасидан хабар олиши осон кечарди, шунга қарамай ҳар куни уйига – онасининг ёнига келиб, иссиқ-совуғидан хабардор бўлишидан хурсанд эди у.
Бироқ бир томони қарилик, иккинчи томони оғир турмуш тарзи Маъқул холани ҳолдан тойдириб, соғлиги йўқолган, онасининг кун сайин заифлашиб бораётганини кўрган Меҳри, ўлиб қолса нима қиламан, деган хавотирда фикри-зикрини онасини қувонтириш ва яхшироқ яшашини таъминлашга қаратди.
Кундалик турмушлари-ку бинойидай ўтиб, дастурхонларига файз-барака энган бўлса-да, Маъқул холага чиройли, баланд уй қуриб бераман, деган ваъдаси Меҳрининг эсидан чиқмаган эди, ишга кирган йили уй-жой қуриш учун банкдан кредит берилаётганини эшитгач, калаванинг учини топди, сўраб-суриштириб ҳужжат тахлади ва ҳовлисини гаровга қўйиб беш минг сўм пул олди. Қишда тахта-ёғочини олиб, баҳордан акаси қурган уй ёнидан қуёшга қаратиб иморат қуришга киришди. Хайрулла синглисининг уй қуриш тараддудида юрганини билса ҳам индамаганди, усталар уйнинг ўрнини белгилаётган пайт чидолмади, майкачан лапанглаб келди.
–Нима қилмоқчисан? –ўдағайлади синглисига. –Ҳеч тинч ўтирадиган кунинг борми сени?
Шимининг бир почаси шимарилиб, бири тушган, соқол-мўйлаблари ўсиб, дорнинг тагидан қочган кишидай бўзрайиб турган акасига қараб Меҳри усталардан уялди, аслида унинг бўлгани шу: пала-партиш юради, кийими дазмолланмаса ҳам кийиб кетаверади, гоҳ кўйлагининг бир учи шимидан чиқиб қолиб, Меҳри ортидан ҳай-ҳайлаб югуради. Шу топда у вазиятни юмшатиш учун босиқлик билан гапирди:
–Онамга уй қуриб бермоқчиман, кексайганда озроқ ҳузур-ҳаловат кўрсинлар.
Хайрулланинг кўзи косасидан чиқиб кетгудай бўлди, ғазабдан қўллари қалтиради.
–Уй баҳона ҳовлига эга чиқмоқчимисан? Қани, уй қуриб кўрчи, қўяманми сени.
Меҳри кўзининг қири билан акасининг почасига ишора қилди ва бу билан аввал ўзингизни тўғрилаб олинг, демоқчи эди, Хайрулла унинг ишорасини парвосига ҳам олмади, синглисидан жавоб кутиб **** қўйгудай тикилиб тураверди.
–Ака, онам уйни кўтариб кетмайдилар, шу ҳовлида қолади,– жаҳлини босиб гапирди Меҳри.– Усталарга халақит берманг.
Хайрулла энди қуюшқондан чиқиб кетди, белкурак билан Меҳрига ўқталди:
–Уй қурадиган бўлсанг ўлдираман.
–Ўлдиринг, қўрқадиган аҳмоқ йўқ. Сиз хор қилиб қўйган онага мен баланд иморат қуриб бермоқчиман.
Хайрулла Меҳрига яқинлашди.
–Жаҳлингизга эрк берманг, Хайруллажон, – усталарнинг кексароғи унга насиҳат берди. –Синглингиз уй қурмоқчи экан, ёнида туринг. Кампирнинг беш куни борми, ўн куними, дуосини олинг, бу ишингиз одобдан эмас.
–Сиз менга ақл ўргатманг, тумшуғимнинг тагида ўралашадиган бўлсаларинг сизларни ҳам аяб ўтирмайман.
Бунақа муомалага ўрганмаган устанинг жаҳли чиқиб, анжомларини йиғиштираётганди Меҳри ялинишга тушди:
–Жон амаки, мени билинг. Барибир уй қураман, ишни чала ташлаб кетманг.
Қизнинг сўзлари кекса устани иккилантирди, Меҳри Хайрулланинг яқинига борди.
–Ака, менинг айтганим айтган, деганим деган эканини, ушлаган жойимни кесишимни яхши биласиз. Қаршилик кўрсатаман, деб овора бўлманг. Ҳовли онамнинг номида экани ҳам ёдингиздан чиқмасин. Яхшиси, бориб участкангизга эгалик қилинг. Агар мен билан шунақа оҳангда гаплашсангиз, бошқача йўл тутаман, кимлигимни ана ўшанда кўрасиз.
Хайрулла қўлидаги белкуракни отиб юборди.
–Усталар кетсин, сен билан кейин гаплашаман, – деди ва улардан узоқлашди.
Меҳри усталарга қараб, ишни бошлайверинглар, дегандай имо қилди. Кекса уста бошини чайқади.
–Аканг жуда важоҳат билан келганди, ҳаммаси тамом, деб ўйлагандим, аммо зўр чиқдинг, қизим, одамлар ўғилни орзу қилишади, лекин худо соламан деса қиздан ҳам солади. Мана – исботи.
–Ичкаридан хотини мурватини бураб юборган, инсон онасини ҳам ўйлаши керак-да, амаки.
–Қизим, аслида бу иш акангдан лозим эди. Онангга ҳавас қилса арзийди, ўғилдан зиёд қизи бор. Унга қандай қараётганингни бутун қишлоқ билади. Умрингдан барака топ, онангнинг дуоси сени қўлласин.
–Мен онамга уй қуриб беришни ваъда қилганимда ҳали мактабда ўқирдим. Сўзимнинг устидан чиқмасам армонда қоламан, амаки.
–Яша, қизим.
Гурунг-гурунг билан усталар ип тортиб, уч хонали уйнинг ўрнини ўлчашди. Меҳри айтганидай, иккита уй кичикроқ, кўндаланг уй каттароқ ва олди пешайвонли бўлиши мўлжалланди.
–Иморатинг пойдевори тайёр бўлгач, хабар бер, ўзим қуриб бераман уйингни.
–Майли, амаки, пули қанчалигини билсам шунга қараб иш кўрардим.
–Пулини ўйлама, бошқаларникидан кўра арзон бўлади, бирданига беролмасанг, бирор ой кутиб ҳам тураман.
–Насия бўлмайди, амаки, кредит олганман, бирданига узаман.
–Унда жуда яхши.
Усталарни кузатиб қўйган Меҳри улар ҳозиргина ўлчаб кетган жойга келди, хаёлида уйининг қандай бўлишини тасаввур қилиб, мийиғида кулиб қўйди…
Эртаси куни Меҳри ишдан чиқиб тўғри Шамсиддинникига борди, ҳар тугул у уйида экан.
–Ака, бизникига бориб, Хайруллани тартибга олинг,–деди унга. –Уй қурмоқчи эдим, усталарнинг олдига белкурак кўтариб чопди, мен билан ўйнашмасин.
–Сенга уй қуриш нимага керак? Ўтган йили уй қурдиларинг, яшайвер-да.
–Ўша уйда яшагим келмаяпти, онамга ундан яхшироқ уй қуриб бермоқчиман. Сизга айтдим-қўйдим, кейин укангиз мендан хафа бўлмасин. Яна жаҳлимни чиқарса, бир мушт тушираман, ўзини ўнглолмай қолади. Акасини урибди, деган иснод орттирсам ҳам майли. Одамлар ҳаммасини кўриб турибди, тўғри қилибди, лекин бир мушт унга кам, дейишади.
Шамсиддин хонтахтага тирсагини қўйиб анча вақтгача синглисига қараб турди.
–Гапириб бўлдингми? –деди ниҳоят. –Ҳеч ўзгармадинг-ўзгармадинг-да. Ўша-ўша Меҳрисан. Сени исмингни Меҳри эмас Қаҳрли, деб қўйиш керак эди аслида. Болалагингда ҳам ҳеч нарсадан тафт тортмай шунақа ўқрайиб қарардингки, нигоҳинг ҳар қандай кишини ҳайиқтириб қўярди. Ҳозир ҳам шундайсан, кучинг ҳам кўп, аслида онам сени ўғил қилиб туғиши керак эди.
Шамсиддин кўнглидаги гапларни айтди, унинг ўзи ҳам қанчалик жаҳлдор бўлмасин, барибир Меҳридан чўчиб турар, у билан ҳисоблашарди. Айниқса, синглиси ўқишни тугатгач, қишлоқда обрўси ошди, ҳали у қўшни, ҳали бу қўшни маслаҳат сўрайди, беморларини кўрсатади. Меҳри энди ўзини ҳам, онасини ҳам хор қилиб қўядиган анойи эмас, ҳақ-ҳуқуқини билган, янада қатъийлашган қизга айланганди.
Хонтахта устига дастурхон тўшаб, қанд-қурс олиб келган Норхол ака-сингилга халақит бермай, деб ошхонага ўтиб, овқатга уннади.
–Ака, мен сиздан маъруза тинглагани келганим йўқ.
–Биламан, лекин қачонгача шунақа қилиб юрасан, ўзингга ҳам қара-да энди. Қачон кўрсам отамнинг замонидан қолган сумкани кўтариб юрасан, уй қургандан кўра бир сидра кийим ол, уст-бошингни бутла, врач деган номинг бор, ахир. Биласанки, одамлар кийимга қараб ҳам муносабатда бўлишади. Афанди ҳақидаги латифани эшитганмисан, жулдурвоқи кийим билан тўйга борганида ҳеч ким эътибор ҳам бермайди, бир чеккада қолиб кетади. Башанг кийиниб борганида ҳаммадан тўрга ўтқизишади. Ўшанда у тўнига қараб: “Ол, тўним, паловни е, бу мулозамат сен учун”, деган экан.
Меҳри акасидан сира бунақа гапларни кутмаганидан нима дейишини билмай қолди, уялиб ҳам кетди, лекин сир бой бермади.
–Ака, маърузадан латифага ўтдингизми? Нима десангиз денг, мен шунақаман.
–Шунақа бўлма, дейман сенга. Эрга тегиш ҳақида ҳам ҳеч ўйлайсанми?
Меҳри бирдан ўрнидан турди.
–Мен кетдим, укангизни тартибга олсангиз олинг, бўлмаса ўзим эпини келтираман.
Норхол бир лаганда картошка ва гўшт қовуриб келганида Шамсиддин хаёлга чўмиб ўтирарди.
–Меҳри қанилар?– сўради эридан. –Кетдиларми?
Шамсиддиндан садо чиқмагач, яна савол берди:
–Хафа қилмадингизми?
–Билмадим, –жавоб қайтарди Шамсиддин, –лекин унга бу гапларни айтишим керак эди.
Меҳри акасининг уйидан чиқиши билан уст-бошига назар ташлади: эгнида оддийгина гулдор кўйлак, қўлида тўртинчи курсда ўқиганида сотиб олган қора сумка, тўғри, бир оз чармлари ейилиб, оқарган, лекин кўтаришга, ичига у-бу нарса солишга қулай.
Ўйлаб кўрса, Меҳри ҳеч қачон ўзига, кийинишига жиддий эътибор бермаган экан, бирор кўйлаги ёки туфлиси бўлса, эскиргунича кияди, биринчи курслигида олган жигар ранг пальтосини ўқишни тугатгунига қадар ечмади, қишнинг аёзида-ку майли, плашчи йўқлигидан кузнинг охири-ю, баҳорнинг бошида – енгилроқ совуқда ҳам устидан қўймасди. Кейинги йилларда пальтоси шу даражада меъдасига урдики, қачон қиш чиқиб шу пальтони устимдан улоқтирсам дер эди ичида.
Талабалик йиллари атиги иккита ёки учта сумка тутди, холос. Қўлида ҳеч қачон ортиқча маблағи йўқлиги учун бор пулини тийинма тийин тежаб-тергаб ишлатишга ўрганган, башанг кийинишни орзу ҳам қилмаган, орзу қилган тақдирда ҳам амалга оширишнинг иложини тополмаган эди.
Эсида, биринчи курсда ўқиганларида илк бор стипендия олишгани. Эртаси куни танаффус пайти аудиторияга қизлар жамулжам бўлиб, бири италянлар упасини, бошқаси “Красная Москва” атирини яна бирови французлар киприк бўёғи ёки памадасини мақтаганда фақат ичида: “Товба, шу нарсалар учун ҳам пул сарфлашибди бу қизлар”, деб ажабланган Меҳригина жим эди. Ундан: “Сен нима олдинг?” деб сўраганларида, “Ҳеч нима”, деб жавоб қилганди ўшанда.
Ҳақиқатдан Меҳри ҳеч нарса олмаганди. У стипендиядан бу стипендиягача пулини тишининг ковагида асрагандай асрар, егулик ва бошқа кундалик зарур нарсалар учун ишлатарди, холос. Таътил пайтлари йиғилиб қолган икки-уч ойлик стипендияларига бирор кийим харид қиларди.
Дугоналари ётоқхонадан безаниб келганлари етмагандай танаффусда ойначани олиб кўз-қошларини, лабларини бўяшар, у эса ҳатто лабни қандоқ бўяшни ҳам билмас, ўзига оро бераётган қизларни томоша қилишдан нарига ўтмасди. Эсида, институтни битираётган йиллари битирув оқшомида ясан-тусан қилмаган қиз қолмади. Меҳри ҳам арзонгина кофта-юбка сотиб олди. Хонадоши Зумрад упа-эликларини бериб, бўяниб ол, деб шунчалик жон уздики, Меҳри унамади, “Юзимни кир бўлишини истамайман”, деди оддийгина қилиб. Ўшанда дугонаси ранжиб, “Сен эркаксан, аёл бунақа бўлмайди”, деган эди.
Бугун акаси ҳам уни эркак дедими, йўқ, у юмшоқроқ гапирди, ўғил бола бўлиб туғилишинг керак эди, деди. Барибир икки фикр ҳам бир-бирига яқин, нима, улар Меҳрини эркакшода қиз дейишмоқчими?
Меҳрининг жаҳли чиқди, уйга киргач, тўғри тошойнанинг яқинига бориб, ўзига разм солди: сочларининг пархи ўртадан очилиб, орқасига тугиб қўйилган, буғдой ранг, қўй кўз, қарашлари жиддий, оддийгина қиз боқиб турарди ойнадан.
“Оддийлик айбми? –ўз-ўзига савол берди у. –Бошқача бўлолмасам нима қилай? Сунъийликни ёмон кўрсам, ҳамма нарса қандай бўлса, шундай қабул қилишни истасам, ясама кулги, сохта табассум, сохта мулозаматни ёмон кўрсам нима қилай? Хушомад, лаганбардорликдан кейин туғилган бўлсам, кўнглимда борини гапиргим, кўзим кўрганини тан олгим келса, суратимни ясама қилолмасам нима қилай? Йўқ, мен ҳамма нарса, ҳатто кўриниш ҳам табиий бўлишини хоҳлайман”.
“Аммо кийинишим-чи? Кийинишим шунчалик ёмонми? Акамга-ку ёқмабди, бошқалар ҳам гапираётганмикин? Талабачасига тежамкорликка ўрганиб қолибманми? Бунақаси кетмайдиганга ўхшайди, акамнинг шу гапида жон бор. Чўпга ҳам либос, дўст-душманнинг ичида яхшироқ кийинишим керак. Мен ҳозир талаба эмас, врачман, маош оляпман”.
Тўғрисини айтганда, Меҳри қизғанчиқ эмас, онасининг кўнглидагини муҳайё қилади, жиянлари, ҳатто янгасини ҳам унутмайди. Бироқ негадир ўзига қолганда хасис, баъзан дўконда бирор бир кийимни кўради-да, ҳозирча кўйлагим бор-ку, кейин оларман, деб кетади. Аммо бугун акасининг гапи унга қаттиқ таъсир қилди ва якшанба куни бозорга чиқишга аҳд қилди…
Шамсиддин Хайруллани койиган, шекилли, овози ўчди, синглисининг икки кун устма-уст ўтказган ҳашарига қорасини ҳам кўрсатмади. Ҳолбуки, ҳашарга жуда кўпчилик келди. Улар орасида чин дилдан кўмаклашмоқчи бўлганлар ҳам, ҳангоматалаблар ҳам бор эди. Усталар ўлчагани бўйича ерни қазиб чиқишди. Кейин катта-катта тошлар ташлаб, бетон ётқизишди. Кўпдан қуён қочиб қутулмас экан, ўша куннинг ўзида уйнинг ер ости пойдевори тайёр бўлди. Эртаси куни ҳам қишлоқдошлари енг шимариб келишди, кимдир тахталардан бетонга мослаб қолип ясаган, кимдир бетон қорган, врач қизнинг акалари қилмаган ишларни бажараётгани қишлоқ аҳлини тўлқинлантирган, уни қўллаб-қувватловчилар кўпайганди.
Бу гал ҳам Хайрулла эрталабдан чиқиб кетиб, ярим кечаси кириб келди.
Давоми бор.
#Телбақисса
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев