9-қисм.
Бахтга қарши ўша йили қиш қаттиқ келди. Дастлаб томдан чакки ўтмаган бўлса-да, устма-уст ёққан қорлар эски уйга таъсир қилди, Хайрулланинг қор ёғиши билан томни кураб тушиши ҳам фойда бермай, айниқса, Маъқул хола билан Меҳри яшайдиган хона захлаб кетди. Зоҳида янги гиламларини, деворга илган кашталарини йиғиштириб қўйди-ю, аламидан ҳовлининг у ёғига ўтса ҳам, бу ёғига ўтса ҳам вайсаб юрадиган одат чиқарди. Меҳри дастлаб янгасига эътибор бермади, аммо кунларнинг бирида Зоҳиданинг қуюшқондан чиқиб кетиши жиғига тегди, ўша куни янгаси чакки тўлган челак сувини ҳовлининг бир четига тўкди-да, оёғи остида турган тоғорани тепиб юборди ва кимнидир қарғай бошлади:
–Вайрона уйинг бошингдан қолсин, ҳайҳотдай ҳовлинг сени есин. Шу ҳам турмушми, шу ҳам ҳаётми? Шу шароитда яшаб бўладими?
Меҳри аввалига янгасини деразадан кузатди, у жавраб-жавраб уйини супуриб чиқди ва супургини ҳовлининг ўртасига отиб юборди.
–Тўмтоқ супургинг ҳам сени есин. Ўласанми, тузукроқ супурги олиб келиб қўйсанг.
У эрини қарғаяптими, қайнонасиними, билиб бўлмас, совуқ уйда жунжикиб дарс тайёрламоқчи бўлган Меҳрининг хаёли янгасида эди. Зоҳида вайсайвергач, чидолмади, жаҳл билан ҳовлига чиқиб, янгасига **** қўйгудай тикилди.
–Кўзинг тешилгур, нега менга бундай қарайсан, бошқа ишинг йўқми?
–Ишим кўп, дарс тайёрламоқчи эдим, лекин кимдир ўзига ўзи ғулдираб юрганини эшитиб ажабландим, уйимизда жинни битта эди, иккита бўлибдими, деган хаёлга бордим. Секинроқ гапиринг, қўшнилар эшитмасин, улар ҳам мен ўйлаган фикрга боришлари мумкин.
Зоҳиданинг ранги-қути учди, баҳона топилмай турганди, Меҳрини қарғай бошлади:
–Қиз бўлмай ўл! Балога йўлиқ! Бақрайган кўзларинг ўйилсин! Қиз деган шунақаям қўпол бўладими?
Меҳри ўзини эшитмаганга олди, ичида, бопладим, деб кулди-да уйга кириб, дарс тайёрлайверди. Аммо Маъқул хола жим туролмади, Меҳрини ҳайрон қолдириб келинига дағдаға қилди:
–Овозингни ўчир, шаллақи! Қизимни қарғаётган тилингни суғуриб оламан-а. Икки йўл ўртасида турганинг эсингдан чиқдими? Ундан кўра қорнингдаги болани эсон-омон туғишни ўйла.
Қайнонасининг қорнидаги болани эслатиши Зоҳидага таъсир қилди, гап қайтарса, тўйдан олдин ҳомиладор бўлганини ҳам юзига солиб бақиришидан қўрқиб уйига кириб кетди ва кун бўйи қорасини кўрсатмади. Эрига ҳам чақибдими, эртаси эрталаб Хайрулла онасига ҳам, синглисига ҳам қовоғини очмади. Зоҳиданинг ўзи эски “Рекорд” телевизори овозини баланд қўйиб уйга қамалиб олди.
Кун тушга яқинлашганда кимнингдир чақираётгани эшитилди, Маъқул хола чиқиб қараса келинининг онаси – Райҳон опа экан.
–Келинг қуда.
–Ўтиб кетаётгандим, Зоҳидани бир кўрай дедим, боядан бери чақираман, эшитмайсизлар.
–Келин Меҳри билан мендан қўрққанидан уйга беркиниб олган, киринг.
–Йўқ, чақириб берақолинг.
Маъқул хола деразани чертгандан кейингина Зоҳида онасига кўзи тушди ва шошиб чиқди.
–Ассалому, алайкум, келинг, она.
–Ваалайкум ассалом. Яхши юрибсанми?
Райҳон опа қудасига бир қараб қўйди, Маъқул хола бу қарашнинг маъносини тушунди ва молхона томонга кетди.
–Уйга кирамиз, она, ташқари совуқ.
–Кирмайман, уйингга кирсам юрагим сиқилади. Кеча янганг манти пиширган экан, озроқ олиб келдим.
–Овора бўлибсизда.
–Овора бўлсам нима қилардинг? Ҳовлиқмаганингда тузукроқ йигитга узатардим. Ҳовлингга кириб бўлмайди, остонанинг тагигача лой. Қайнонангнинг жинни бўлгани етмаганидай уй-жойи ҳам хароба, бир аҳволда. Юзимни ерга қаратдинг, афтингга қарагим келмайди-ю, иложим йўқ, боламсан-да.
Райҳон опа Зоҳиданинг жинни аёлга келин бўлганига ҳанузгача кўниколмай ҳар кўрганида таъна қиларди. Ҳозир ҳам қизининг индамай бошини хам қилиб турганини кўриб бир оз юмшади.
–Эрта-индин туғсанг нима қиласан? Чақалоқ билан бу уйда яшаб бўладими? Ўзимнинг уйимга олиб борай десам, янгангга ёқмайди. Икки ўт орасида қолдирдинг мени.
–Шу ерда туравераман, баҳор яқинлашяпти, энди ҳаволар исийди.
–Майли, пешонангда борини кўрасан, мен кетдим.
Райҳон опа тугунчани қизига тутқазиб, ортига қайтди.
…Зоҳида айтганидай март ойидан ҳаво исиб қолди ва ойнинг ўрталарида унинг кўзи ёриб, қиз кўрди. Чақалоққа исмни Меҳри танлади, хонадонимизга шодлик олиб келсин, Шодия қўямиз, деб туриб олди. Қайнонасини ҳам, қайнсинглисини ҳам назарига илмайдиган Зоҳидага бу исм ёқди, шекилли, рози бўлди. Олдинги набираларини тузукроқ бағрига босмаган Маъқул хола бутун меҳрини Хайрулланинг қизчасига бериб, ёнидан жилгиси келмади. Аммо Зоҳида гўдагини қайнонаси билан ёлғиз қўймас, иложи борича узоқ тутар, Маъқул хола буни сезса-да, сезмасликка оларди. Ҳар ҳолда боланинг туғилиши қайнона-келин муносабатларини анча тиклаган, гина-кудуратлар унутилганди. Меҳри-ку чақалоқни қўлидан қўймай кўтаргани кўтарган, ухлаб ётган жойидан ҳам уйғотиб олади.
–Болани кўтариб ёмон ўргатяпсиз,–дейди Зоҳида унга. – Йўқ пайтингизда нима қиламан?
–Бундай ширин қизчани кўтармай бўладими, янга. Мактабга бормасам қўлимдан қўймасдим.
Ҳаволар исиши билан уйларининг захи озроқ кўтарилди. Хотинининг дийдиёси, қайнонасининг таъналари Хайрулланинг жонидан ўтиб, ҳали ёз бошланмасидан ҳовлининг нариги четидан уй қуришга тушди. Бирга ишлайдиган ўртоқлари билан ҳашар қилиб, пойдевор ковлади. Раҳбарига илтимос қилган экан, цемент билан шифер бераман, дебди. Ўзи меҳнат таътилига чиқиб, ҳовлининг ўйдим-чуқур жойларидан лой қориб, ғишт қуйишни бошлади.
Янги уйда яшаш Маъқул холанинг неча йиллик орзуси эмасми, иморат қуришга киришган ўғлини кўриб яшариб кетди. Рўмолчасига тугилган бор пулини, камингга ишлатасан, деб унга берди ва ўзи ҳам қўшнисидан қолип олиб, ғишт қуйди. Она-бола ўн-ўн беш кунда кичкина даҳлизачали иккита уйга етадиган ғишт қуйишди.
Орадан бирор ҳафталар ўтиб, ғишт терувчи усталар келишди. Маъқул хола уларнинг атрофида гирдикапалак бўлиб, овқатини пишириб берди. Ёш болали Зоҳидага бу айни муддао эди ва картошка, пиёзларини ошхонага чиқариб қўйиб, ишлатаверинг, деди.
Ғишт терувчилар ишини битказганидан кейин бир муддат қурилиш тўхтаб қолди. Энди уйнинг томини ёпиш керак, Ҳайрулла шифер олиб келган бўлса-да, тахта-ёғочлари йўқ эди.
–Иссиқ кунлар ўтмай уйни ёпиб ол, –деди Маъқул хола..
–Бу ёғига пулим қолмади, эртага қайнотам ёғоч юборади, лекин усталарга беришга ҳеч вақом йўқ.
Маъқул хола бир кун олдин олган нафақасини Хайруллага берди.
–Мана, ишлат, болам. Уйни битказсанг бўлгани.
Усталар уч кунда уйнинг томини ёпиб кетишди. Хайрулла деворни панжакаш, бир оз қуриганидан сўнг гилкор қилдирди ва шу тариқа Маъқул холанинг ҳовлисида икки хонали мўъжазгина шиферли уй қад ростлади.
Ниҳоят уйга кўчиб кирадиган кун келди. Шу куни Меҳри мактабга бормай янгасига қарашиб, анжомларини янги уйга ташишди. Онасининг гиламларини олиб бораётганида Зоҳида уни тўхтатди.
–Нима қиляпсиз? Гиламни қаерга олиб бораяпсиз?
–Уйга,–жавоб берди Меҳри. –Янги уйга тўшайман.
Янгасининг саволидан Меҳрининг юраги “жиғ” этиб кетган бўлса-да, ўзини бепарво кўрсатиб, гиламни кўтариб бораверди.
–Тўхтанг!–Зоҳиданинг овози буйруғомуз янгради. –Тўхтанг! Сиз онангиз билан эски уйда яшайверасиз. Мен янги уйнинг битта хонасини меҳмонхона қиламан. Биров келиб, биров кетади, қачонгача бир хонада тиқилиб ўтираман?
Меҳри бўшашди, олдинга юришни ҳам, орқага қайтишни ҳам билмай бир муддат турган жойида қотиб қолди. Шу вақт ичига минг кўчага кириб чиқди, янги уйда яшашга интиқ шўрлик онасига нима дейишни ўйлади, гапни қандай бошлашни ўйлади, унинг қувонч балқиб турган юзларини бир зумда изтироб эгаллашини ўйлади, бу изтиробни қандай қабул қилишини ўйлади, ўйлайверди, ўйлайверди… Ахир онаси бор пулини шу уйга сарфлади, бор умидини шу уйда кўрди ва яшариб кетди, яқин йиллар ичида у бунақа кўтаринки кайфиятда юрмаган эди. Ҳатто Меҳри бир мудом ўзига ўзи гапириб юрадиган онасининг бир неча марта ҳовли юзида қўшиқ хиргойи қилаётганини эшитди. Энди эса…
Меҳрининг хаёлига акаси келди-ю, кўнглида илинж уйғонди, Хайрулла хотинининг таъсирига тушганини билса-да, чиқмаган жондан умид деган фикрга келди, усталарга ҳаллослаб хизмат қилган, бор пулини қурилаётган иморатга тўкиб ташлаган онасидан уйининг бир хонасини қизғанмас, қиз янгасига маъноли қаради, Зоҳида унинг нима демоқчи эканини шу заҳоти тушунди.
–Акангиз билан бирга шу қарорга келганмиз. У кишини кутишингиздан фойда йўқ.
–Янга, унақа деманг, акам уй қураётганидан бери онам ўзида йўқ хурсанд, учиб, қувониб юрибди. Барча умидлари сиздан, бир ҳовлида яшаймиз ахир, бир-биримизга нафимиз тегади.
–Менга тегадиган нафингиздан кечдим, –Зоҳида юзинг-кўзинг демай гапириб ташлади.–У ёқда Норхол овсин ўзлари хон, кўланкалари майдон бўлиб яшаса, тошкентлик овсин афти-ангорини кўрсатай демаса, жинни қайнона фақат менинг чекимга тушганми? Ҳали ҳам чидаб яшаётганимга шукур қилинг. Бир қадам нарироқда яшай десам яна тиқилиб борасиз.
Энди қотиб туриб бўлмасди. Энди умид қилиб бўлмасди. Меҳри гиламни кўтариб ортига қайтаркан қўллари мушт бўлиб тугилди: “Тезроқ мактабни тугатсам эди, тезроқ ишласам эди, онамни хом ғиштдан бўлган бир катакка олмаган янгамга тезроқ кимлигимни кўрсатиб қўйсам эди!..”
Кўч-кўронини йиғиштираётган Маъқул хола Меҳрининг қўлида гилам билан бўшашиб келаётганини кўриб ўтириб олди. У қизининг изтироб тўла кўзларидан нима бўлганини англади. “Шунчалар содда бўламанми,– ўйлади у. –Нега ўғлим қураётган икки хонали уйнинг биттасида мен яшайман, деган фикр миямга келди? Нега келиним янги уйга мени яқинлаштирмаслиги ҳақида ўйлаб кўрмадим?”
–Меҳри,– ниҳоят Маъқул хола тилга кирди. –Мен эски уйда яшайвераман, акангга айтаман, сенга уйининг бир хонасини беради.
–Йўқ,– эътироз билдирди Меҳри. –Сиз қаерда яшасангиз, мен ҳам ўша ерда яшайман, орингизни солиб ўтирманг, акам хотинининг гапидан чиқмайди, кўнмаслиги аниқ.
–Шамсиддиннинг дилидаги тилида, Ғайбиддин бировга озор бермайди, бу ғўлача хавфли, ичимдагини топ, нима қилмоқчилигини билмайди киши.
–Хафа бўлманг, ҳали кўрасиз, сизга ўзим янги уй қуриб бераман.
Меҳри йиғлаб юборди…
Уйда Меҳрига тиним йўқ, янгам қовоғини солмасин, деб ҳар куни ҳовлини супуриб, чиқиндиларни тўкиб келади, овқат пишириб, идиш-товоқларни ювади. Онаси индамаса молхонанинг тагини ҳам тозалаб қўяди, фақат Маъқул хола бу ишни ўзим қиламан, деб туриб олган.
Битирувчи синф бўлгани учун Санамнинг қистови билан Меҳри жияк тикишни йиғиштириб, фикри-зикри китоб ўқиш бўлиб колганди.
–Бундан кейин жияк тикканингни кўрмай, – Санам бир гал уйга келганида қадалиб ўтирган синглисини кўриб жаҳли чиқди. –Дарсингни тайёрлаб, институтга киришни ўйла, ҳаммамиздан кўра қобилиятли эканингни унутма.
Меҳри чиндан-да иқтидорли эди. У ҳамма фанни бирдай яхши кўрар, ўқитувчи мавзуни тушунтирса миясига магнит тасмасидай ёзиб олар, дарс тайёрламаган тақдирида ҳам устози айтганларини қайтариб, аъло баҳо оларди.
Бир гал дугонаси газетада аниқ фанлар бўйича сиртқи олимпиада бўлаётганини айтганди, бир зумда саволларни топиб жавоб йўллади. Орадан кўп ўтмай унинг ғолиб бўлгани ва газета совринини қўлга киритгани маълум бўлди.
У уйда бўш қолди дегунча қўлига китоб олар, дарс тайёрлар, ҳатто техникум талабаларининг дарсликларини топиб ўқирди. Шунинг учун ўқитувчилари уни яхши кўрар, бу эътибор бошқа ўқувчиларга таъсир қилиб, синфда обрўси ошганди.
Меҳри икки битирувчининг бири бўлиб мактабни олтин медал билан тугатгани ҳақидаги хабар ҳам бутун қишлоққа тарқалди. Аттестат топшириш маросимида мактаб директори уни хўп мақтади.
–Меҳри қизимдан ўрнак олинглар, у ҳар томонлама ибрат олишга арзийди. Мен Меҳрининг институтга ўқишга киришига ҳам, яхши мутахассис бўлишига ҳам, ҳаётнинг ҳар қандай қийинчиликларини енгиб ўтишига ҳам ишонаман. Унда нафақат билим, катта ирода, матонат ҳам бор. Яша, қизим, бўш келма.
Директорнинг бу сўзлари Меҳрига шунчалик руҳ бағишладики, осмонларда учиб юргандай, кўп ишларга қодирдай ҳис этди ўзини. Аммо, мен ўқишга борсам онамнинг аҳволи нима кечади, деган савол қийнагани қийнаган эди уни
Ўша куни Меҳри онасидан суюнчи олиш учун югуриб келса, Санам ҳам ўқишдан қайтган экан. Синглисининг мактабни олтин медал билан тугатганини эшитиб, қувониб кетди.
–Ана, кўрдингми, дунёда ҳақиқат бор-да, бўлмаса, казо-казоларнинг фарзанди қолиб, сенга олтин медал беришармиди? Энди, албатта, ўқишинг, ишончни оқлашинг керак. Олтин медал олганларга имтиёз бор, биринчи имтиҳондан беш баҳо олсанг ўқишга кирдим, деявер.
–Онам-чи? Онамни қандай ташлаб кетаман?
–Онамга мен қарайман. Биласан, шу йил ўқишим тугайди. Мактабга ишга кириб, сенга пул юбориб тураман.
Меҳри онасининг касаллиги учун болалигидан врач бўлишни орзу қилар, духтир бўлиб онамни даволайман, деган ниятда эди. Синглисининг ўйга чўмиб қолганини кўрган Санам унга далда берди.
–Шамсиддин акам билан гаплашаман, сени Самарқандга олиб бориб, ҳужжатларингни тиббиёт институтига топширади. Бизнинг оиладан ҳам врач чиқсин, онамни масхара қилганлар унинг фарзандлари нималарга қодир эканини кўриб қўйишсин. Сен ҳозирданоқ олтин медал олиб ўзингни кўрсатдинг, лекин бу ҳали бошланиши, ҳаммаси эмас. Мен сен ва онам учун турмушга чиқмайман.
Опасининг сўзлари Меҳрининг ўқиш ҳақидаги қарорини қатъийлаштирди.
–Майли, фақат акам олиб борсалар бас.
–Олиб борадилар. Акамнинг феъли оғир бўлгани билан бунақа ишларга йўқ демайди. Хайрулла акамнинг ўзи истамаганини ҳисобга олмаса, ҳаммамизни ўқитяпти. Олтин медал олганингни эшитса, янаям қувонади, фақат унга пул топиб бериш керак.
Санам ҳали сўзини тугатмай, кўчадан мотоцикл овози эшитилиб, Шамсиддин кириб келди.
–Ака, Хизирни йўқласак бўларкан, сиз ҳақингизда гапириб тургандик. Меҳрини табрикланг, мактабни олтин медал билан битиряпти.
Шамсиддин кулиб синглисининг бошини силаганди, Меҳрининг аъзойи бадани жимирлаб кетди. Акаси ҳали ҳеч қачон унга бунақа меҳр кўрсатмаганди, уни маҳкам қучоқлаб олгиси келса-да, уялди.
–Ака, Меҳри врач бўлмоқчи, – сўзини давом эттирди Санам. Йўлкирангизни топиб берсак, уни Самарқандга олиб борасизми? У жуда иқтидорли, ҳали кўрасиз, битта имтиҳон билан ўқишга киради.
–Онам пул берса, эртадан кейин вақтим бор, олиб бораман, аммо мендан пул умид қилма, харажатим кўп, чўнтагим кўтармайди.
Санам Меҳрига, айтмабмидим, дегандай қаради.
–Кўнглингиз тўқ бўлсин, йўлкира менинг бўйнимда, – деди у.
Шамсиддин ҳовлининг у ёқ-бу ёғига борди, бирпас сўрига ўтирди.
–Онанг кўринмайди – савол назари билан Санамга қаради у.
–Уйда, кўрпача қавияптилар.
–Мен кетдим, эртадан кейин келаман.
Шамсиддин кетиши билан уйдан Маъқул хола чиқиб келди.
–Аканг қани? – сўради у қизларидан. – Овози эшитилгандай бўлди, кўрпачани қавиб чиқмоқчийдим, эшикни очиб бундоқ, ҳа, она, дейишниям билмайди.
–Ишлари зарур экан, –Меҳри онасини юпатди. – Сизни сўрадилар, уйда иш қиляптилар, дедик. Акам эртадан кейин келиб, мени Самарқандга олиб борадилар, ҳужжатларимни институтга топширамиз.
Қизининг бу хабарни қувонч билан айтаётганини кўрган Маъқул хола зўрға илжайди. У Меҳрининг врач бўлишини қанчалик истамасин, шунчалик ёнидан қимирлатгиси келмайди. Санам ҳам кўнглига қарагани билан Меҳрига меҳри бўлакча, унга қаттиқ боғланиб қолган, сал кўринмаса, бир нарсасини йўқотган кишидай безовталанаверади.
–Сен кетсанг мен нима қиламан? Анави алвастининг қош-қовоғига қараб юраманми? У овқатимга заҳар қўшиб берса нима бўлади?
–Унақа деманг она, янгамнинг феъли чатоқ бўлсаям сизни заҳарлайдиган аёл эмас.
–Сен қаердан биласан, у бир кунмас бир кун барибир мени ўлдиради. Унинг кўзлари қўрқинчли, ваҳший.
–Қўрқманг, Санам опам бор, сизга қарайдилар.
–Сен ўқишга бормайсанми ? – Маъқул хола Санамдан сўради.
–Йўқ, она, олдин ҳам айтгандим-ку, ўқишни битирдим, ишга киряпман. Меҳри ўқишни тугатиб келгунига қадар сизга ўзим қарайман.
–Сен Шамсиддиндан қўрқасан, мени урса тарафимни олмайсан.
Санам онаси учун Меҳрининг ўрнини босолмаслигини, унинг журъатсизлигини ҳатто ақли заиф онаси ҳам пайқаганини сезди.
–Шамсиддин акам бундан кейин сизни урмайди, – опасининг ўрнидан жавоб қайтарди Меҳри. – Санам опам энди катта бўлган, мактабда ишлайди, ўқитувчилик қилади, акамдан қўрқмайди, сизга қўл кўтармоқчи бўлса таъзирини беради.
Меҳри онасига раҳми келса ҳам ўқиш истагидан воз кечолмасди, у онасини кафтида кўтармоқчи, ҳурматини жойига қўйдирмоқчи, бунинг учун атрофидагилардан бир поғона баландда туриб, ўзини кўрсатмоқчи, ўқимоқчи эди. Ахир унинг онасини эсини таниганидан бўён хўрлашади, камситишади, бегоналарни-ку кечириш мумкиндир, лекин ўзиникилар – опаси, акалари, янгаси қанчалар азоб беришди унга. “Бу хўрликларга чек қўймасам Меҳри эмасман”, деб онт ичди у.
У мақсад сари илк қадамни қўйди – мактабни олтин медал билан битирди. Бир пайтлар уни мазах қилганлар лабларини тишлаб қолишди. Чунки у ўқиди, қишда сандалнинг бир четида, ёзда тут соясида. Унинг ҳар қандай вазиятда дарс тайёрлаб, сўнг ухлашини билган онаси: “Икки тош орасида ҳам китоб ўқиш эсингдан чиқмайди, ухла энди, жонингга раҳминг келсин”, дер эди нуқул.
Мактаб директори Меҳрини бежизга мақтамади. Унинг азоб билан яшаётганини, бошқа тенгдошларидай иши фақат мактабга бориш, дарс қилишдан иборат эмаслигини, норасида гўдаклигидан ақли заиф аёлнинг қўлида улғаяётгани, боладай бўлиб қолган аёлга бола боши билан оналик қилаётгани, ҳозиргача уни эплаб юрганини билган. Ҳатто мунтазам равишда пахта йиғим-теримидан озод қилган.
Меҳри кўп дугоналариникига борган ва уларнинг уй-жойига ҳаваси келган. У-чи? Яшаш учун энг оддий шароит бўлмаган узун қиш тунлари шифтдан томаётган чаккининг чак-чаки қулоғига ўрнашиб яшади. Гоҳ онаси, гоҳ ўзи чаккига тўлган челак ва тоғораларни бўшатиб, жойига қўйишади. Яна ўша овоз ўша оҳангда давом этади, ўрганиб қолганидан кундуз куни ҳам бу товуш уни таъқиб этаверади.
Меҳри бундай аччиқ қисматга хотима ясаш учун ўқишга қатъий бел боғлади. Орадан икки кун ўтиб Санам энг сўнгги стипендиясидан асраб қўйган пулига жияк сотиб топган пулларини қўшди-да, акасига берди, Шамсиддин Меҳрини Самарқандга олиб кетди. Илк бор бу муаззам шаҳарга қадам қўйган Меҳрининг қувончи чексиз, ҳужжатларини топшириб қайтаркан ўзига бўлган ишонч борлиғини эгаллаб олганди:
“Мен, албатта, талаба бўламан”.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев