Эрталабгача ёққан ёмғир тонгда қорга айланиб авжига чиқди.
Йўл юзида юпунгина кийинган, ўттиз ёшлар чамасидаги аёл униққанроқ курткачадаги икки ярим ёшлар чамасидаги боласини бағрига босганча ярим соатдан бери машиналарга умид билан қўл кўтарарди. Оёғидаги қорга тўлган калишига қарашга вақти йўқ, бироқ жим турса боласи ҳам музлаб қоладигандай сакраб- сакраб кичкинтойини овутарди:
- Хозир тойчоғим, хозир... Мошина келади. Тезда етиб оламиз. Опоооғ бўлиб қоласан... Боласига андармону, тўхтаган уловнинг ойнаси туширилиши билан ялинганишга тушарди:
- Янги ТошМИ га ташлаб қўясизми ака...
Хайдовчиларнинг бири бош чайқаб узоқлашса, иккинчиси йўлнинг узоқлигини баҳона қилади. Бошқаларини эса аёлнинг оғзидан чиққан йўл хаққи қониқтирмасди.
Ахийри биттаси тўхтаб, совуқда адовини еган она-болага ачинганнмамо тикилди.
Аёл ҳам яна умид билан мўлтиради.
- Ўн минг бераман, бальнисага кетаётгандим. Боламни дўхтирга кўрсатишим керак.
- Шу қордая? Майли, ўн беш берсангиз олиб бораман...
Қошу кипригигача қор қўнган аёлнинг кўзларида ёш халқаланади:
- Ака, пулим камроқ. Кеча еттига ҳам ташлаб қўйишган.
Жувоннинг гапи чала қолиб, улов жойидан қўзғалади...
- Қанча беряпсиз?
Тўхтаган навбатдаги машина хайдовчиси ичкарига кўпроқ қор урмаслик учун номигагина туширилган ойна ортидан шанғиллади.
- Ўн икки- деди аёл, ўн мингга унамаслигини билиб.
- Шу қордая...
Қайта-қайта такрорланаётган саволдан йиғлаб юбораёзган она очилиб қолган бўйнигача оқара бошлаган гўдагини маҳкамроқ қучоқлаб йиғлаб юборди.
- Ўн беш бераман. Эшикни очинг!
Хайдовчи эшикни очиб норози тўнғиллади:
- Майли, ўзи бу нархга овормасдиму қўлингда боланг бор экан. Ўтир!
Хали ўриндиғларидан салафани ечилмаган « Кобальт» жойидан қўзғалди.
- Бальнисада нима қиласан? Касалми?
У индамади.
- Болангни памперси борми?
- Бор амаки. Хавотир олманг.
Барибир тинчланмаган хайдовчи ўриндиқ салафанларидан хавотирланиб, пешонасидаги ойна орқали кўз ташлаб қўярди. Иссиққина жойга кирган бола кўзчаларини очиб, атрофга жавдиради. Қўлчаларини кух-кухлаб иситаётган онаизорга мўлтираб, халиям сахийлигини пеш қилиб кетаётган хайдовчига чулдиради:
- Яхмат амақи. Аллох ёзи бўлсин!
Мурғак гўдакнинг оғзидан чиққан дуога «Омин» дейиш ўрнига хайдовчининг кайфияти кўтарилди:
- Ха, яшавор йигитча! Онанг маладеску. Йўлкиранинг камига дуо қилишни обдон ёдлатибди.
Онаизорнинг яна ўпкаси тўлди, фаросатсиз эркакка бир нима демоқчи бўлдию, фикридан қайтди. Унинг ўрнига Яратганга муножот қилди:
-Эй, қодир Эгам. Шу норастамнинг дардига шифо бер, ортимдан қолиб чиройли дуолар қилиб юрсин!
...Хайдовчи « Одам бўлиб келдик...» дея хайқираётган хофизнинг қўшиғини баландлатиб, магнитофон муруватини охиригача буради. Олдинда кеча хунук ташхис қўйилган шифохона, ортда хозиргина она -болани кузатиб қўйган қоп-қора бекат тобора кичрайиб борарди...
#ночорлик
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев