6-қисм.
Йўл-йўлакай Шамсиддиннинг кўз ўнгидан онасининг аянчли қиёфаси кетмади. У бу номаъқул ишни қилмаган бўларди ўзини уйида сиғинди мисол ҳис этмаганида. Аслида ҳеч ким уни сиғинди демаса-да, қайнотаси уй берганидан бўён безовта – кутилмаган совғадан қанчалик хурсанд бўлса, шунчалик ор қилаётган эди. Қўчқор ота уни ўз ўғлидай кўради, қайнонаси ҳам. Шамсиддиннинг ўзи ҳам буни яхши билади, бироқ кўз-кўзга тушган маҳал улар совға қилган уйда яшаётгани эсига тушади ва хаёлида бу уй қарзга берилган-у, бундай катта қарзни умрбод узолмаётгандай, ҳамиша муттаҳам каби яшашга маҳкум этилгандай ҳис этади ўзини. Боласи туғилгач қайнонаси бир муддат уларникида яшаганида Шамсиддин иложи борича уйига кеч келишга ҳаракат қилди, тўй ёки зиёфат чиқса, баҳона топилганидан қувонди. Ўзи омонатдай яшаётган уйда бирор қариндошини яқинлаштирмоқчи эмасди Норхол, Бодом биз билан яшайди, деб туриб олмаганида. Дастлабки пайтлар Шамсиддин пул йиғиб, машина оламан ва шу орқали ўзимни кўрсатаман, деб ўйлаганди, бироқ дорихонада бировнинг қўлига қараганидан топгани рўзғоридан ортмади. Ишлари кўпам юришмагач сиқила бошлади ва уйга кўпинча ширакайф келадиган бўлди. Эридаги ўзгаришни сезса-да дами ичида юрган Норхол бугун ҳам манти қилиш учун пиёз тўғраётганида Бодом келиб қолди. –Келинг, Бодом, – деди Норхол қайнсинглисига пешвоз чиқаркан. – Манти қилаётгандим, қайнонангиз яхши кўрарканлар. – Яхши кўрмаса келин қилармиди, янга, –Бодом кулиб гапирди. – Куёвингиз иш билан Тошкентга кетгандилар, мени сизларникига юбордилар, зериккандим, қувониб кетдим. – Яхши қилибдилар. Сизни анчадан бери кўрмагандим, тўлишибсиз. Бодом ҳомиладор эди, қорни анча билиниб, юзларини доғ босибди. –Билмадим, янга, ўзим қора эдим, баттар қорайиб кетгандайман. –Йўқ, булар ҳомиладорлик белгилари, эсон-омон қутулиб олган заҳоти доя юзингизни артса, яна асли қаддингизга қайтасиз. Мени икки боламгаям юзимни доғ босган эди, қаранг, ҳозир бинойидекман. –Биламан, сизни эслаб таскин топаман. –Энг муҳими, она бўласиз, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор, –кулди Норхол. –Тўғри, шукур қиламан, ҳомиладор бўлавермаганимга аммангиз жуда зиқландилар, хайрият, ҳаммаси ўтиб кетди. Шу пайт Норхолнинг чақалоғи йиғлаб қолди, у қизча кўрган, яқиндагина чилласи чиққанди. –Мен қарайман, сиз ишингизни қилаверинг, йиғлоқ эмасми ишқилиб. –Унчалик эмас. Бола-да, барибир инжиқлиги бор. Бодом бешикни тебратиб, жиянини ухлатгач, янгасига ёрдамга келди, икковлари ишга киришиб кетдилар. Манти тайёр бўлгач, бир муддат Шамсиддинни кутишди, қоронғи тушди ҳамки, ундан дарак бўлмади, ноилож икковлари овқатланишди. Шамсиддин ярим тунда қайтганида Бодом аллақачон ухлаб қолган, Норхол тиқ этса, эшикка қараб ўтирганди. У бир қарашда эрининг кайфи борлигини сезди. –Овқат олиб келайми? –сўради Норхол эри хонтахта ёнида ўтириб олгач. –Манти қилгандим, Бодом иккимиз келасиз деб кўп кутдик. –Бодом келганми?–деди у. –Кетдими? –Йўқ, нариги уйда, ухлаяптилар, куёв Тошкентга кетган экан. Овқатни сузайми? – сўради у яна эридан. –Қорним тўқ, жўраларим билан мотоциклни ювдик. Бодомни чақир. Шамсиддин хотинини кутмай ўзи синглисини чақирди. –Бодом! Бодом! –Секин, – пичирлади Норхол, –Мафтуна уйғонади, бир амаллаб ухлатдим, эрталаб гаплашасиз, акам келармикин, деб дам шу пайтгача сизни кутиб ўтирди. Зиёфатингиз бор экан, бир оғиз айтиб қўйсангиз бўлмайдими, хавотир олиб ўтирмасдим. –Хавотир олдингми? –Шамсиддин киноя билан гапирди. –Хайрият, камина учун қайғурадиган яна бир инсон топилди. Фақат жинни онам мени ўйлайди, деб юрган эканман. Норхол маст одам билан пачакилашмай, деган хаёлга борди-ю, барибир жаҳлини тийиб туролмади. –Шамсиддин ака, кейинги пайтларда ҳар куни кеч келаяпсиз, жўраларингиз билан ўтиришлар кўпайиб қолди. Кеча ҳам маст эдингиз, бугун ҳам. Илмоқли гаплар айтасиз? –Ичиб тўполон қилдимми, сени урдимми? Гуноҳим нима, менга шуни айт, – деди у. –Гап мени уришингизда ёки тўполон қилишингизда эмас. Ичгандан кейин рўзғордан барака қочади. Топишингиз ёмон эмас, қайтанга озроқ йиғинсак, машина олардик. Дадам, машина олсаларинг ярим пули мендан, дедилар. Бу гап Шамсиддиннинг миясига урилди. –Отанг менга уй бериб муттаҳам қилгани етмагандай энди ўргимчакнинг тўридай баттар ўраб олмоқчими? Менга машина ҳам, отангнинг пули ҳам керак эмас, олдин эски қарзимни узай. –Қанақа қарз ҳақида гапиряпсиз? Кимдан қарздорсиз? Сизни тушунмаяпман. –Қанақа қарз бўларди, уйнинг қарзини-да. Ахир мен отангнинг уйида яшаяпман-ку. –Унақа деманг, Шамсиддин ака. Уй дадамнинг номида эмас, менга ўтказиб берилган. –Эй, шунақа дегин. Унда сендан қарздор эканман-да. Қарзни хотинимга тўлашим керак экан, шундайми? –Сиз ҳали шунақа бўлмағур фикрлар билан яшаётган экансиз-да. Мен бўлсам иккимиз бир оиламиз, бир тан, бир жонмиз, ўртамизда сеники, меники деган гап йўқ, деб юрибман. Шунинг учун ҳам сизни ўғлидай яхши кўрган ота-онамдан қочаркансиз-да. –Ҳа-да. Лекин уларнинг ҳурматини жойига қўйишни қотириб қўяман. Мен яхши куёв, ёмон ўғилман. Нега дейсанми? Бугун онамнинг сигир учун йиғиб қўйган пулига мотоцикл олдим. У қон қақшаб қолди, Меҳри ҳам. Отангга ўзимни кўрсатиш учун қилдим бу ишни. Норхол бугунги “байрам” сабабини энди тушуниб етди. У боя, эримнинг бирор ўртоғи мотоцикл олгандир, деб ўйлаганди. –Нотўғри қилибсиз. Ҳали ҳам пулни қайтариб беринг. –Поезд кетиб бўлди. Мотоцикл олдим, деб ҳаммага мақтандим, ювдим. Энди мотоциклни миниб юраман. Норхол Бодом ётган хонага кириб, ҳунграб йиғлади. Акасининг овозидан уйғониб кетган Бодом уларнинг тортишувини узуқ-юлуқ эшитганди. –Шунча яшаб акангизнинг кўнглини тушунмаган эканман. –Норхолнинг хафа бўлгани шундоққина сезилиб турарди. –У киши ўзларини ота-онамдан қарздор деб биларканлар. Аслида бунақа фикр на отам, на онамнинг кўнглида бор. –Акамнинг мастлик билан айтган гапларига эътибор берманг, янга, –Бодом унга тасалли берди. –У сизни қанчалик яхши кўришини мана, мен биламан, ҳатто сизларга ҳавасим келади. Акамда орият кучли, ўзини кўрсатгиси, нималардир қилгиси келади-ю, уддасидан чиқолмайди. –Бугун онангизни ранжитиб, сигир учун йиғиб қўйган пулларига мотоцикл сотиб олибдилар. –Зўр бўлибди-ку, –Бодом қувонганини яширолмади.–Онам акам учун ҳеч нарса қилмаган, аслида бу фикр унинг ўзидан чиқиши керак эди. –Билмадим... Аммо менинг юрагим эзилди. Биринчи марта сиз билан уйларингизга борганимда онангизнинг ёлвориб чақирганларида ҳам шундай эзилгандим ва нега бордим, деб ўз-ўзимдан хафа бўлгандим. –Жуда кўнгилчансиз-да, янга. Мен онамнинг қилиқларига ўрганиб кетганман, парвойимга ҳам келмайди. Меҳри сизга ўхшаб раҳмдил, аммо унинг аридай узиб оладиган феъли бор. “Қизиқ, –деди Норхол ичида – Бу қиз онасига нисбатан бунчалар бағритош бўлмаса. Бегоналигимга қарамай мен у аёлга ачинаман, ҳатто эрим ҳам қилган ишидан пушаймон кўринади, аламини ичкиликдан олибди. Бу Бодом тушмагурни сира тушунмадим”. Норхол эри ётган хонага кирганида Шамсиддин ўтирган жойида хонтахтага бошини қўйиб ухлаб қолганди. Уни секин ёстиққа ётқизди ва хонтахтани берироққа тортиб, устига кўрпа ёпди. Эртаси куни эрталаб Шамсиддин ўрнидан турди, боши қаттиқ оғриётган эди. –Норхол! – У хотинини чақираркан элас-элас кеча бўлиб ўтган воқеаларни эслади. –Ташқарига қара-чи, мотоцикл борми? Шамсиддин ресторанга мотоциклда борганини, тўрт-беш ўртоғи билан улфатчилик бошлаганини эслайди-ю, кейин нима бўлганини билмайди. Демак, жуда кўп ичган ва бундай аҳволда рулни бошқара олмаслиги тайин эди. –Мотоцикл йўқ, –деди Норхол деразадан ташқарига қараб. –Кеча онангизни бекор ранжитибсиз. Соғми, жинними, сизни ўша аёл дунёга келтирган, онанинг кўнглини вайрон қилмайдилар. –Вайрон қилиб бўлдим, –хотинининг гапини чўрт кесди Шамсиддин. – Мен ана шунақа ўғилман, хоҳласанг шу, хоҳламасанг... У гапини тугатмади, нонушта ҳам қилмай чиқиб кетди
Акасининг қилмишидан аччиқланган Меҳри туни билан ухламай чиқди. “Фарзанд ҳам онага шунчалар бемеҳр бўладими?–ўйлади у. –Тўғри, у опам ва акамга қарашяпти, ўқитяпти, тўй қиляпти, лекин нега онамни ёмон кўраркин?” Меҳри ўйлаб уйига етолмади, бўлиб ўтган воқеалар таьсирида бир нарсага қарор қилди: қандай бўлмасин қиш киргунига қадар онасига сигир олиб беради! Ҳали ёш, эндигина ўн бир баҳорни қаршилаган қиз нимага ишониб бу қарорга келганини ўзи ҳам билмас, жияк тиккани билан ундан топган пулига мушук офтобга чиқмаслиги аён эди. У тонг саҳардан ўрнидан туриб, Санамни уйғотди. –Бир оз ётайлик, ҳали вақтли, – деди опаси эринчоқлик билан. –Туринг! – Меҳри бўш келмади. – Туринг, жиякнинг чаласини тикамиз. –Мактабга борамиз-ку. – Санам нариги ёнбошига ағдарилди. –Мактабга боришга вақт бор, бугундан ҳаракат қилиб жияк тикиб сотсак, қишга қадар онамга сигир олиб берамиз. Санамнинг уйқуси қочиб кетди, ўрнидан туриб, синглисига ажабланиб қаради. –Хаёлинг жойидами? 200 сўм пулни икки йил йиғдик. Бир йилда сигир олиб бўладими? –Бўлади. Ҳаракат қилсак бўлади. Опа-сингил бир соатлар чамаси жияк тикишгач, нонуштадан сўнг мактабга жўнашди. Шу кундан эътибордан ҳар эрталаб ва кечқурун дарс тайёрлашгач Меҳри опасини ҳоли-жонига қўймади, кўзларига уйқу тиқилиб келгунича жияк тикишди, нафис ва бежиримлиги учун уларнинг жияклари қўл-қўлга тегмай сотилди. Қизлар Маъқул холанинг, толиқиб қоласиз, деб койишига парво қилишмади. Уларнинг шижоатини кўриб она ҳам рўзғордан қисиб, нафақанинг илгаригидан кўпроқ қисмини яшириб қўядиган бўлди. Лекин барибир пул йиғиш қийин, Меҳри яна нимадир қилишни ўйлар, аммо ўша “нима”ни қандай амалга оширишни билмас, ёшгина қиз хаёлидаги ўй-ташвишлар катта одамларникидан каттароқ эди. –Бозорда тут ҳам пул экан,–деди бир куни мактабдан қайтган Санам. –Кўриб ҳайрон қолдим. –Қаерда кўрдинг? – сўради онаси. – Бозорга бордингми? –Шаҳар мактабига олимпиадага боргандик, қайтишда устозимиз билан бозорга кирдик. Бу гап Меҳрининг миясига электр токидай урилиб, опасини маҳкам қучоқлаб олди. –Тут пул бўлса, биз ҳам сотамиз,–деди унга. –Бунча тутни ким ейди? Ўшанда кўклам сепини ёйиб, баҳор келган, ҳовлиларидаги марварид тут ғарқ пишганди. Опа-сингил бир қарорга келиб, якшанба куни эрталаб тут қоқиш учун ерга беризент тўшашди. Уларга Хайрулла кўмаклашди, эпчиллик билан тут дарахтининг устига чиқиб қоқа бошлади. Бир зумда қоқилган тутга икки челак тўлди, Хайрулла челакларни автобус бекатигача кўтаришиб борди. Бозорда фақат бир киши тут сотаётган экан, уларнинг тутини ҳам кўтарасига олди. Опа-сингил хурсанд бўлиб, ортларига қайтдилар. Келаси шанба, якшанба кунлари ҳам бозорга тут олиб чиқиб, пулларини оналарига олиб келиб беришди. Меҳри билан Санам энди бозорга бошқача нигоҳ билан қарашди ва кўришдики, уларникида ерга тушиб, қўшниларининг молига ем бўлиб ётган мевалар ҳам бу ерда пул экан. Ҳовлиларида йўқ дарахтнинг ўзи йўқ, раҳматли отаси бир чўп кўринса ерга қадаб қўярди. Опа-сингилнинг бозори чаққон бўлди, кейинроқ гилосни, ўрик ва олмани чиқариб сотишди. Шу тариқа кузнинг охирларида анча пул жамғаришди. –Бу пул сигир олишга етмайди, – деди Маъқул хола. – Ғунажин олиб боқамиз-да, келаси йили қочирамиз. Якшанба куни азонда Меҳри билан йўлга тушган Маъқул хола бирор соатларда мол бозорига етиб келди. Бозорда аёл зоти йўқлигидан ўтган ҳам, қайтган ҳам уларга қараб-қараб қўяди. –Ҳа, хола, – деди бир киши уларга яқинлашиб. – Мол оласизми? –Олмоқчи эдим, пулим етармикин? –Жувона керакми ё ғунажинми? –Сигир олмоқчи эдим, пулим етмаса, ғунажин оламан? Нотаниш киши даллол экан. Маъқул холадан қанча пули борлигини билгач, кўнглини хотиржам қилди. –Пулингизга яхши ғунажин топиб бераман, келаси йили қочирасиз. Шу ерда туринг. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай даллол уларни чақирди. –Янга, мана бу ғунажинни кўринг, зотдор. Мўлжалингизни олади, пулингизга куймайсиз. Маъқул хола молни олар бўлди, она-бола ғунажинни етаклаб, уйга қайтишди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев