5-қисм.
Қўчқор қассобнинг икки қизи турмушга чиқиб, ўзидан тинган, Норхол билан ёлғиз ўғли қолганди. Шунинг учун тўйдан кўп ўтмай бир пайтлар шаҳардан олиб қўйган икки хонали уйини ёшларга берди ва енгил тортди. “Қизларим бировнинг хасми, битта ўғлимга шу ҳовли-жой ҳам етади”, деб ўйлади у. Маъқул холага Шамсиддинга қайнотаси уй бергани ҳақидаги хабарни Бодом етказди. –Икки хонали уй экан, шундоққина шаҳар марказида, менинг ўқишимга яқин, –деди у худди ўзи уйли бўлгандай қувониб. –Аканг хурсандми? – кўнгли негадир ғашланиб савол берди Маъқул хола. –Акамнинг хурсандлигини ҳам, хафалигини ҳам билиб бўлмайди, доим бир хил – жиддий юради. Лекин янгам жуда яхши, кўнгли очиқ, қўли ҳам. Сиз талабасиз, деб менга икки марта йўқ деганимга қарамай пул берди. Энди бизнинг уйда турасиз, деб қўймаяпти. –Акамникида турасизми? – сўради Санам. –Ҳа, айтдим-ку, янгам қўймаяпти деб, кийимларимга келдим. –Аканг нима дейди? –гапга аралашди Маъқул хола. –Хотини, келинг, деганидан сўнг акам нима дерди, рози. –Улар ёш келин куёв бўлишса, сенга нима бор, уялмайсанми? –Уйлари уч хонали экан, биттасини менга беришяпти, бормасам, янгам хафа бўлади, мени фаросатсиз, деб ўйламанг, тил учида айтилган гап билан юракдан айтилганининг фарқига бораман. –Ҳозир кетмоқчимисан? Қачон келасан? –Маъқул холага барибир Бодомни акасининг уйида яшаши ёқмаётган эди. –Пахтага кетмасак, келаман. –Пахтага боришингдан олдин кел, –тайинлади Маъқул хола. –Опа, бизни ҳам акамникига олиб боринг, янгамни кўриб келамиз, – Боядан бери уларни тинглаб ўтирган Санам сўз қотди. –Аввал жойлашиб олай, кейин кўрамиз. ...Бодом шу кетганича икки ойдан ортиқ қорасини кўрсатмади, Шамсиддин унинг пахтада эканини айтганди, Маъқул хола ишонмади. –Ёлғон гапирасан, –деди ўғлига. –У пахтада эмас, яшириб қўйибсан, топиб бер. Шамсиддин, сенга гапиришнинг фойдаси йўқ, дегандай жўнаб қолди. Маъқул хола унинг орқасидан анча жойгача жавраб борди: –Бодом сеникида нима қилади, уйга юбор, бугуноқ қайтариб юбор... Орадан икки ойлар чамаси вақт ўтиб, якшанба куни тушга яқин Бодом бир қиз билан кириб келди. Маъқул хола ўтирган жойидан туриб кетди, қувонганидан бир пой калишини кийишни ҳам унутиб қизини қучоқлаб олди. –Шунчалик бағри тош бўласанми? –гина қилишга тушди у. – Келмаганингга икки ойдан ошди. –Чўлда пахтага эдим, ўзи кеча келдик. –Алдайсан. Сен ҳам акангга ўхшаб ёлғончисан, пахта-махтага борганинг йўқ, акангникида яшириниб ўтирибсан. –Ишонмасангиз ишонманг, –деди Бодом. –Юзимни қорайиб кетганини кўрмаяпсизми? Ҳамма семирибсан, деяпти, уззукун булка нон билан макарон шўрва ичгандан кейин семираман-да. Сочим ҳам тўкилгани тўкилган, чўлнинг суви ёқмади. –Бу қиз ким? –сўради Маъқул хола. –Дугонам, бирга ўқиймиз. Бодом сингилларига кўзини қисиб қўйди. Маъқул хола барибир хурсанд эди, қизи билан дугонасини ўтқизишга жой тополмай, ҳали у кўрпачани солади, ҳали бу кўрпачани. –Дугонанг ширингина қиз экан, илгари ҳеч қўрмагандим, – деди Маъқул хола. –Бошқа қишлоқда яшайди, шунинг учун кўрмагансиз. –Қизимжон, ўтиринг, бир пиёладан чой ичинглар,– Маъқул хола Бодомнинг дугонасига мулозамат кўрсатди. Қиз нима қилишини билмай Бодомга қаради, у аёлнинг илтифотидан ноқулай аҳволга тушган ва кўнгли учун бирпас ўтиришни истаётганди-ю, Бодомдан ўтиб фикр билдиролмаётганди. –Биз кетамиз, қишки кийимларимни олиб чиқ, – Санамга буюрди Бодом. Маъқул хола қанча қистамасин, у ўтирмади, кийимларини олгани заҳоти йўлга тушди. –Бирпас ўтирмади-я, ноинсоф, – деди Маъқул хола унинг ортидан термилиб қоларкан ранжиганини сездириб, – Мени-ку ёмон кўради, лоақал сизлар билан бир пиёла чой ичса бўларди, дугонаси ҳам қуруқ оғиз кетди.. – Она, –Санам секин сўз бошлади, – опамнинг ёнидаги дугонаси эмас, янгам. –Янганг?! – ҳайрат билан сўради Маъқул хола. – Қанақасига янганг? –Шамсиддин акамнинг хотини-да. –Қаердан билдинг, Бодом айтдими? –Тўй куни кўргандим, ҳамма, келиннинг юзида нори бор экан, деганди, бир кўргандаёқ танидим, Бодом опам ҳам кўзини қисиб қўйди. – Нега олдинроқ айтмадинг? Маъқул хола ирғиб ўрнидан туриб, уларнинг ортидан чопди ва овозининг борича чақирди: –Бодом! Бодом! Қайт! Қайтинглар! Янгангга атаганим бор! Қайтинглар! Маъқул хола чопиб бораверди, олдин секин, кейин тез югурди. Келини бир қайрилиб қараганди, Бодом унинг қўлидан тортқилаб кетди, қишлоқнинг катта йўлига чиқишгач, автобусга ўтириб олишди. Маъқул хола маъюс тортиб ортига қайтганида қизлари дарвоза олдида кутиб турарди. У ҳеч нарса демай ичкарига кириб, сандиғини очди ва келинимнинг кўрманасига, деб атаб қўйган чиройли ялтироқ матони олиб ғижимлаб ташлади, аламини олмоқчи бўлиб, икки учидан икки томонга тортди, мато чўзилди-ю, йиртилмади. Жаҳлига чидолмаган Маъқул хола қайчи билан қийма-қийма қилди ва қийқимларни тандирга ташлаб, ёқиб юборди. Болаларининг бирортаси унга қаршилик кўрсатмай, жимгина кузатиб турди. Қийқимлар жизғанак бўлгач, Маъқул хола ерга ўтириб олди-да, уввос тортиб йиғлади: – Эй, худо! Менинг гуноҳим нима?
Шу воқеадан беш-олти кун ўтдими, Маъқул хола аниқ эслолмайди, ҳовлидаги тезакларни ёмғир ёғса ивиб қолмасин, деб сомонхонанинг бир четида жойлаётган эди, дарвоза тақиллиб қолди ва уй эгаларининг чиқишини ҳам кутмай тугун қўтариб олган икки аёл кўринди. Маъқул хола дарвозага яқинлашгач, қирқ-қирқ беш ёшлар чамасидаги аёл билан бирга тунов куни Бодом дугонам деб таништирган қизга кўзи тушди. Бирданига Санамнинг, опам билан келган қиз янгам бўлади, деган сўзларини эслади ва миясидан, Шамсиддиннимнинг хотини, келиним, деган фикр ўтди-да, юраги гуп-гуп уриб, нима қилишини билмай қолди. Ўтган сафар келганида у сочларини турмаклаб, бошяланг бўлиб олганди, ҳозир келинлиги билинган, чиройли пушти ранг рўмол боғлаган, эгнидаги гулдор ялтироқ кўйлаги ҳам ўзига ярашган, тунов куни этибор бермаган экан, келинчакнинг юзидаги билинар билинмас сепкили ҳам унга чирой бериб турар, ўнг чаккасида нори бор эди. Маъқул хола иккиланди: бу келинчак Санам айтганидай Шамсиддиннинг хотиними ё бегонами? Санам адашган бўлса-чи? – Сиз ... Сиз ... Маъқул хола дудуғланди, келиниммисиз, демоқчи эди, саволи бемаънидай туюлиб, тилини тишлади, унинг ҳолатини келинчак ҳам, ёнидаги аёл ҳам сезди, ўртадаги ноқулайликка барҳам бериш мақсадида нотаниш аёл сўз бошлади. –Бу ўғлингизнинг турмуш ўртоғи, келиниингиз бўлади. Исми Норхол. –Келиним... Менинг келиним... Тушимми, ўнгимми? Маъқул хола ўзини йўқотиб қўйди, сўнг қучоғини очиб, келинини бағрига босди, пешонасидан ўпиб, дуо қилди. –Барака топинг, кам бўлманг, касал қайнонангизни сўраб келибсиз, сизни худо сўрасин. Мени одам ўрнида кўрганингиз учун раҳмат сизга. Минг раҳмат. –Сизни йўқлаб келиш унинг бурчи, – деди келинчакнинг ёнидаги аёл. – Баумид ўғил ўстиргансиз, келин туширгансиз, аллақачон йўқлаши керак эди. Ёшлигига бориб ўтган сафар сизни хафа қилиб қўйибди, дадаси роса қойидилар. Сизларни таништирай, ҳам узр сўрасин, деб олиб келдим. –Сиз келинимнинг... –Онаси бўламан, –Маъқул холанинг сўзини давом эттирди аёл. – Қудангизман. –Қудам... Келинимга ўхшар экансиз... Икки қуда қайтадан қучоқлашиб қўришдилар. –Тунов кунги воқеа учун келинингизни кечиринг – деди аёл. –Қайси воқеа? Ҳа, ҳа, эсладим. Келинимдан хафа эмасман, келинимнинг айби йўқ, фақат танимаганим учун ўзимдан, танитмагани учун Бодомдан жаҳлим чиқди, қаттиқ хафа бўлдим, Бодомдан хафа бўлдим. Маъқул хола меҳмонларни уйга бошлаб, кандил дастурхон тўшаркан, Бодомдан хафа эканини тинмай такрорларди: –У менга билдирмади, келинингиз демади, хафа қилди, орқасидан югурдим қайрилиб ҳам қарамади, келин қарагандилар, қўлларидан судраб олиб кетди, у мени хафа қилди. –Келинингиз сиз учун атайлаб сомса пиширибди, иссиққина, **** олинг, –қуда аёл гапни бошқа мавзуга бурди. –Биз ҳозиргина едик, аччиққина чой бўлса, бирпас гурунглашиб ўтирамиз, бошқа ҳеч нарса керакмас. Кекса қайнонаси ҳузурида меҳмондай ўтириш ноқулай эди, келинчак ўрнидан қўзғалди. –Мен чой дамлаб келаман. –Сиз бугун меҳмонимсиз, болам,– Маъқул хола йўл бермади унга. – Ўтиринг, насиб этса, тўйларда хизмат қиласиз. Қайнонангизни касал деб эшитгандирсиз, аммо бақувватман, ўнта ёшнинг ишини бажаришга кучим етади. Келинчак онасига қаради, у ўтирақол, дегандай ишора қилди. Маъқул хола чой дамлашга чиқиб кетди. –Одамлар оёғи билан эмас, оғзи билан юради, –аёл қизига қаради. –Қайнонанг жуда улар айтганчалик эмас, гаплари яхши-ку. Девдай хотин экан, билаклари устундай. Қизи келиб келинини дугонам, деб таништирганидан кейин соғ одам ҳам жинни бўлади-да, ҳали ҳам шўрлик иродали экан. –Ҳар замонда дардлари тутиб қоларкан, кўпинча ўзларига ўзлари пичирлаб юрарканлар. Шамсиддин ака, баъзан онам шунақа ақлли гапирадики, соғлар ҳам ундай фикрламайди, дейдилар. –Худо берган дард, киши олтмишга киргунча остига қараши керак. Ҳар кимнинг охирини берсин, ўзимиз охирида нима бўлишимиз, ёлғиз худога аён. Қайнонангни ҳам бир пайтлар жуда яхши аёл эди, дейишади. Маъқул хола баркашда қанд-қурс, чой кўтариб келиб, она-боланинг суҳбати бўлинди. – Қуда, овора бўлманг, биз қайтамиз, шунчаки бир кўриб кетайлик, дегандик. –Овораси борми, от билан туя сўйган бўлсайканман. Билганимда сал бошқача кутиб олардим. –Ҳаммаси жойида, келинг, ўзингиз ҳам ўтиринг. –Бўлди, ўтираман, аксига олиб қизлар ҳам мактабда эди. Икки қуда анчагача у ёқ, бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Маъқул хола овқатга уннамоқчи бўлганди, қудаси қўймади. –Исрофгарчиликнинг кераги йўқ, қудажон. Сиз билан биз энди бегона эмасмиз, сомсадан ҳам тузук емадингиз, шундай турибди. Биз энди борайлик, –Бирпас ўтирганларингда қизлар келишарди, янгаларини кўриб жуда қувонишарди. –Бундан кейин келаверади, ўзингиз ҳам уларни олиб боринг. Албатта, боринг. Маъқул хола келинига олиб қўйган матони шошқалоқлик билан йиртиб ташлаганидан афсусланди, келини келганидан бўён кўрманага нима бераман, деб ўйлагани ўйлаган, аксига олиб бисотида тузукроқ матоси йўқ, бозор яқин бўлса экан, югуриб бирор нарса олиб келса, йўқса куни кеча пенсия олган, пули бор. Пенсияси эсига тушиши билан Маъқул холанинг юзи ёришди, хаёлига келган фикрдан қувониб, югуриб уйга кирди-да, пул олиб чиқди. –Бу сизга, – деди келинининг қўлига пулни тутқазаркан, – ўзингизга бирор нарса оласиз. –Йуғ-е, керакмас, – Норхол хижолат бўлганини яширмади. – Керакмас. –Унақа қилманг, қуда, пули бўлса, у сизга бериши керак. –Олмасалар хафа бўламан, кўз очиб кўрган биринчи келинимни шундай жўнатаманми? Бу пул табаррук, пенсиямдан, худо сизни ҳам пенсияга етказсин, мендай қариб юринг. Ноилож қолган Норхол пулни олди. Улар кетгач, мактабдан қайтган қизларига келини ва қудаси ҳақида тўлиб-тошиб гапириб берди Маъқул хола.
#телбақисса
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев