4-қисм давоми
Маъқул хола келин туширишга мўлжаллаган уйнинг деворлари оқланиб, эшик ва деразалари бўялгани билан эскилиги билиниб турар, айниқса, Шамсиддин анжомларини олиб кетгач, шип шийдам ва файзсиз бўлиб қолганди. Намиқиб, шўрахо очган деворларни Шамсиддин суваб чиқса-да, чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, деганлари рост экан, дўппайиб чиққан сувоқларни яшириш учун Маъқул хола деворнинг тўрт томонига гулдор сатин қоқиб чиқди, тўй Қулматникида ўтиши аниқ бўлгач, Шамсиддин сатинни ҳам юлиб кетди, деворнинг ҳар ер, ҳар ерида қўпорилган михларнинг изи билиниб қолди. Маъқул хола йиғлашдан ўзини тийиб, уйнинг бир бурчагида ўтириб олди-да, бошини икки тиззаси устига қўйиб хаёлга чўмди. У ўзини нохуш сезаётганди, назарида пешонаси ўт олаётгандай ва ундан таралаётган ҳарорат бутун танасига тарқалиб кўйдираётгандай эди. Аёлнинг юраги безовта уриб, бошини кўтарди, икки кафтини устма уст қўйиб манглайини ушлади ва энди вужудига ўрмалаётган оташни ўчирмоқчи бўлди, лекин эплолмади, жаҳли чиқиб кетди ва пешонасини деворга ура бошлади. Онасининг ортидан хавотир билан келган Меҳри уни ушлаб олмаганида бу талваса нима билан тугашини ҳеч ким билмасди. –Қўй, мени, пешонамнинг олови ҳамма ёғимни кўйдиряпти, ичим ёниб кетяпти. Бу шўр пешонани уриб ўлдираман. Қўй, индама. Маъқул хола кучли аёл эди, айниқса, шу топда – кўзлари қинидан чиққудай катта-катта очилиб, чакка томирлари бўртиб, ҳатто лабларигача пир-пир учиб, важоҳат билан турган бир пайтда уни ушлаб туриш қийин бўлсаям ёшгина Меҳри уддасидан чиқди, онаси қанчалик ўзини ҳар ёнга урмасин, эпчиллик билан олдига ўтиб, деворга бошини уришига йўл қўймади. Ниҳоят Маъқул хола чарчади, оёқларини узатиб, бошини хам қилиб ўтириб олди. У бир муддат шу алфозда тургач, Меҳрига қаради. –Кет олдимдан, кет! –Кетмайман! –Кет! Тўйга бор! Кўзимга кўринма! –Йўқ, бормайман! –Мана сенга бормасанг, мана. Маъқул хола Меҳрининг юзига тарсаки туширди, қиз қочмади, қаршилик кўрсатмади, “ураверинг”, дегандай юзини тутиб тураверди. Қизни эгиб бўлмасди, аёлнинг шашти синди ва қизини қучоқлаб олди. –Нега бормайсан, ахир, Мен бор десам ҳам бормайсан, тўйни қачондан бери кутаётганингни билмайманми? Кун санаётганингни билмайманми? Энди нега бормайман дейсан? Мен, жинни онанг ўлиб кетмайдими, нима ишинг бор, нега ҳоли-жонимга қўймайсан, нега канадай ёпишиб олгансан? Маъқул хола қизини қучоғидан бўшатмай йиғлаб гапираверди, Меҳри йиғлаб эшитаверди. У шу тарзда ғубордан чиқди, кўнглини бўшатди, энди анча босиқлик билан гапирди. –Тўйга бор, менга келин ҳақида гапириб берасан. –Буни Санам опамдан билиб оламиз. –Сен яхшилаб гапириб берардинг-да. –Опам мендан ҳам яхши гапириб берадилар, тайинлайман. Ўртага сукунат оралади, бирпас ўтиб, Маъқул хола ўз-ўзига савол бергандай пичирлади: –Келин қанақа бўлса? Ақллимикин? Устимдан кулмасмикин? –Нега кулади? Мен кулгани қўяманми? – деди Меҳри. –Сени қўлингдан нима келарди, ҳали кичкинасан-ку. –Кичкина деманг мени, кўтариб ураман... Меҳри мақолнинг давомини айтмади-да, мийиғида кулиб қўйди, Маъқул хола ҳам жилмайди. Аслида Маъқул хола тўғрисини айтди: Меҳри ҳали кичкина, эндигина иккинчи синфни тугатяпти. Унга алам қилгани ҳам кичкиналиги, акасига кучи етмагани эди. У ёшига нисбатан журъатли, қатъиятли бўлса-да онасини ҳимоя қилиш учун фақат журъатнинг ўзи камлик қилишини англаб етган, шунга қарамай онаси азоб чекса, томошабин бўлиб ўтиролмасди. Бир гал бу ҳақда Санамга ҳам айтганди. “Опа, нега акам онамни калтакласа, Бодом опам жеркиб ташласа индамайсиз, онамнинг тарафини олмайсиз?” “Қизиқмисан, улар мендан катта, нима дейман? Шамсиддин акамга кучим етмайди. Мана, сен, тарафкашлик қилганинг билан қўлингдан нима иш келяпти? Калтак еганинг қолади, холос”. Санам ҳақ гапни айтган бўлса-да, Меҳри унинг сўзидан қониқмади. “Калтак есам ҳам майли, барибир ҳимоя қилавераман,” Ҳозир онасининг, келин менинг устимдан кулмасмикин, деган сўзлари уни баттар эзди. “Мен кулгани қўяманми?”, дейиши билан танасида ғайритабиий бир кучни туйди ва ўзига ўзи “Энди онамни хўрлатиб қўймайман”, деб ваъда берди. –Қўлимдан қўп иш келади, ҳали кўрасиз, –Меҳри шунчалик ишонч билан гапирдики, онасининг кайфияти кўтарилди. –Ҳеч кимга ишонмасам ҳам сенга ишонаман. Сен ҳали ҳамманинг ҳаваси келадидиган катта одам бўласан. Ўлиб кетган тақдиримда осмондан туриб сени кузатаман, қўллайман. Меҳри бармоқларини онасининг лаблари устига қўйди. –Ўлимдан қўрқаман, гапирманг... –Бўпти, гапирмайман, – деди Маъқул хола ва яна келин мавзусига қайтди: –Келиннинг қандай бўлиши акангга боғлиқ, Шамсиддин мени хўрласа, келиним ундан ўтказади. Шамсиддинга ишонмаганим учун келиндан қўрқяпман. Аканг мазах қилаверса, хотини ҳам ўрганади-да, яна ким билади дейсан... –Қўрқманг, акам энди бизлар билан яшамайди. –Олдиндан бир нарса дейиш қийин, аканг амакингникида вақтинча туради, улар ҳам жўжабирдай жон. Сигирнинг пули етса, акангга уй олиб берардим, афсус, сотадиган бошқа ҳеч вақомиз йўқ-да. –Сигирни сотсак ҳолимиз нима кечади?–онасининг гапидан ажабланди Меҳри. –Аста-секин пул йиғиб яна сигир олардик, акангга уй жуда зарур. Меҳри онасини сира тушунмайди: акаси ҳам, Бодом опаси ҳам уни одам ўрнида кўрмай, ҳар гапидан хато излаб силташади, онаси уларнинг таъзирларини бериш ўрнига хушомад қилгани қилган. Мана, бугун оғзини оқартириб турган сигирини сотиб, Шамсиддинга уй олиб бериш ҳақида ўйлаяпти. Меҳри кўнглидан кечган фикрларни юзага чиқарди. –Она, Шамсиддин акамдан гоҳ нолийсиз, гоҳ унинг раҳмини ейсиз. Қандай яшаса яшайвермайдими, нима ишингиз бор? Уй олиб беришингизга арзимайди у. –Эҳ, болам,–деди Маъқул хола. – Она бўлганингдан кейин ҳаммасини тушунасан. Аканг ичимдан тушган чаёним. Чақса ҳам ўзимники. –Она ва қиз нималар ҳақида гаплашяпсизлар? –идиш-товоқларини ювиб келган Санам уларнинг суҳбатини бўлди. Маъқул хола ҳам, Меҳри ҳам бир неча дақиқа олдин бўлиб ўтган воқеани унутиб, шунақа самимий суҳбат қуришаётган эдики, Санам бир неча дақиқа олдинги хафагарчиликни сезмади ҳам. Шу сабабли Меҳри ҳазил аралаш савол берди. –Акам ҳақида. –Ғийбатими ё тўйими? – кулимсираб сўради Санам. –Ҳар иккиси ҳам, –жавоб қайтарди Меҳри. Улар ҳали суҳбатларини тугатмаган эдиларки, Бодом кириб келди. –Кеч қолдингиз, опа, –деди Санам. –Эртага келсангиз керак, деб ўйлагандим. –Тўрт пара ўқидик, кейин автобус кутдим. Қорним очқаб кетди, овқатинг тайёрми? –Ҳа, юра қолинг, совиб қолгандир. Опа-сингил нариги уйга ўтишди. Меҳри онасининг тиззасига бошини қўйиб хаёл суриб ётганича уйқуга кетди. Тун тинч ва хотиржам ўтди.
Ҳамма учун одатдаги кунлардан бири сифатида бошланган чоршанба Маъқул холанинг бутун борлиғини қарама-қарши туйғуларга кўмиб ташлади. Тўйга боришдан умидини узган Меҳри мактабга, қолганлар ясан-тусан қилиб амакилариникига кетишди. Кенг ҳовлида танҳо қолган аёл ўзини чалғитиш учун кир ювди, ҳовлини супурди, барибир боласининг тўйини кўролмаслик алам қилди унга, айниқса, куннинг иккинчи ярмида безовталиги ошиб, ўзини қўярга жой тополмай ҳали кўчага чиқди, ҳали уйга кирди. Мактабдан қайтган Меҳри онасининг ҳолатини кўриб аввалига дарди қўзғаяпти, деб хавотирга тушди, аммо кейин сездики, унга тўйга бормагани таъсир этган. Меҳри онасининг қўлидан ушлаб уйга олиб кирди-да, чалғитиш учун телевизорни қўйди. Маъқул хола телевизорга қарамади ҳам, тиззасига тирсакларини суяб кафтларини пешонасига тираганича маъюс ўтирди. –Қизим, – деди бир пайт Меҳрига. – Мабодо акангга инсоф кириб, мени чақиртирмасмикин? Балки амакинг одам юборар, ҳеч кимга сездирмай узоқдан томоша қилардим, ўғлимнинг куёв бўлганини кўргим келяпти. Меҳрининг онасига раҳми келди. Чиқмаган жондан умид, деб шуни айтадилар-да, ҳали ҳам тўйдан умидвор экан. –Она, юринг, тўйга ўзим олиб бораман, – Шу топда қўрқув ҳисси Меҳрини тарк этган, фикри-зикри онасини қувонтириш эди. –Қўй, тўй бузилмасин мени кўрса акангнинг кайфияти тушади. –Тўй бузилмайди. Акамга кўринмай бир четда ўтирамиз. –Йўқ, бормайман. Маъқул хола бир оз уйланиб турди-да, соатга қаради. –Ҳадемай келинга боришади, соат учдан ўтибди. У энди ёш боладай йиғлай бошлади, Меҳри онасини қандай овутишни билмай қўшилиб йиғлади. Она-бола узоқ йиғладилар, ниҳоят Маъқул хола ўзига келди. –Мени деб сен ҳам тўйдан қолдинг, боришинг керак эди, Малика момонгни чақириб ўтираверардим. –Боргим келгани йўқ, она. Меҳридаги тўйни, янгасини кўриш иштиёқи онасига бўлган меҳри олдида тумандай тарқаган, унинг учун онадан олдинда турадиган нарсанинг ўзи йўқ эди. Кутилмаганда Маъқул хола шитоб билан ўрнидан турди-да, ошхонага ўтди. Ўчоққа олов ёқиб, тушда пиширган овқатини иситди. Меҳри хавотирланиб унинг ортидан борди. Овқат исигач, иккита косага сузиб, уйга олиб кирди. –Қорнингни тўйдириб ол, бир жойга борамиз,–деди у. –Қаёққа борамиз? –Кейин биласан, овқатингни ич. Она-бола овқатланишгач, дарвозани қулфлаб, йўлга тушишди. Атрофга оқшом қўна бошлаган, Меҳри шахдам қадам ташлаб кетаётган онасидан ортда қолмаслик учун тез-тез юрарди. –Қаерга боряпмиз, она? – сўради у. –Савол бермай юравер. Улар қишлоқ кўчаларини ортда қолдириб, катта асфальт йўлга чиққач, бир оз юриб чапга бурилганларида қоронғилик қуюқлашганди. Кўп ўтмай қулоқларига мусиқа садолари чалинди. –Она, тўйга боряпмизми? – сўради Меҳри кўнгли ниманидир сезиб. –Ҳа, лекин ичкарига кирмаймиз, узоқроқдан томоша қиламиз. Энди мусиқа садолари аниқ эшитилди. Меҳри амакисининг уйига сира келмаганди, шу ерда экан-да, деб қўйди. Ниҳоят ёруғ тушиб турган дарвоза олдида одамлар кўриниб, ғала-ғовур эшитилди. –Амакингнинг ҳовлиси ўша ерда,–деди Маъқул хола одамлар тўпланиб турган жойга ишора қилиб. –Қоронғида бизга эътибор беришмайди, юр, сал яқинроқ борамиз. Улар тўйхонага яқинлашдилар, афтидан ҳамманинг нигоҳи дарвоза яқинига тўхтаб турган машинага қадалган, келин келганди. Сал ўтмай эгнига тўн, бошига дўппи кийиб, белига белбоғ бойлаган Шамсиддин кўринди. –Болагинамдан ўргилай, қара, куёв бўлди, –Маъқул хола йиғлаб юборди. –Аллоҳимга шукур, вақтида етиб келибмиз Бир зумда дарвоза олдида гулхан ёқилди. Шамсиддин келинни даст кўтариб, оловдан уч марта айлантирди ва ичкарига олиб кириб кетди. Маъқул хола ҳануз йиғлар, кўзидан ҳам қувонч, ҳам алам ёшлари оқарди. –Она, энди қайтамизми? –сўради Меҳри. –Яна бирпас қарасакмикин. –Ҳовлининг ичи кўринмайди-ку ё тўйга кирамизми? –Йўқ, кирсак аканг ранжийди, бирпас қўшиқ эшитайлик, кейин кетамиз. Улар ярим соатлар шу ерда туришди. Даврабон тўйни очиб, кимгадир сўз берди, сўнг санъаткорлар хониш қилишди. –Кетдик, –деди ниҳоят онаси Меҳрига. – Кетдик. Энди армон қилмасам бўлади, сенинг қарзингдан қутулдим. – Қанақа қарз, она? – Меҳри савол назари билан Маъқул холага қаради. У жавоб бермади, афтидан Меҳрининг тўйдан қолганини назарда тутаётган эди. Маъқул хола йўл-йўлакай ўзига-ўзи гапириб борди...
Давоми бор.
#Телбаҳикоя
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев