2-қисм.
Ёз қуёшининг қайноқ тафти Шамсиддиннинг бошидан ўтиб, қўлидаги дафтарни соябон қилиб пешонасига тутган бўлсаям ҳарорат ва алам бутун вужудини ёндирар, манглайидан оқаётган терларни кафти билан сидирганича кетиб борарди.
У катта йўлга яқинлашгач, муюлишда дарахт остидаги чашма бўйида тўхтади ва муздай сувдан қониб-қониб ичиб, юз-қўлларини ювиб, хиёл енгил тортди, ҳовуридан тушди. Чашма унга отасини эслатди.
Раҳматли Неъмат ота ўрта бўйли, тўладан келган, буғдой рангли киши эди. У йигитлигидан мўйлов қўйиб юргани учун орқаворотдан Неъмат мўйлов деган лақабни орттирганди. Бироқ эсини таниганидан бўён хўжаликда тракторчилик қилгани сабабли колхоздагилар уни Неъмат тракторчи ҳам дейишарди.
Шамсиддин отасининг ойнага қараб кичкинагина тароқ билан муйловини икки томонга чиройли қилиб тараб қўйганини яхши эслайди. Баъзан ўғлини эркалаб юзидан ўпганида муйлови Шамсиддиннинг юзига суқилар, шундай пайтда у ўзини отасининг қучоғидан бўшатишга ҳаракат қиларди.
Неъмат ота уни ер-у кўкка ишонмас, қаерга борса олиб юрарди. Бир гал автобусда бозордан қайтаётиб Шамсиддин: “Чанқадим, сув ичаман”, деб туриб олди отаси шофёрдан илтимос қилиб, мана шу чашма бўйига тўхтатди ва ҳовучини тўлдириб-тўлдириб ўғлига сув ичирди.
Неъмат ота камгап, сипо туюлса-да, ароқ ичган пайти очилиб кетар, баъзан шеър айтиб, баъзан қўшиқ хиргойи қилиб ҳовлининг у бошидан бу бошига юрар, ухлай олмас, хотини билан болаларини ҳам ухлагани қўймасди. Гоҳ дераза ойналарини битта қўймай синдириб чиқар ва эртаси куни ўз айбини ювишга тушар – янги ойна ўрнатарди. У ичган пайтида ҳам, ичмаган пайтида ҳам болаларини, айниқса, Шамсиддинни жуда яхши кўрар, бу унинг кўзларидан, ҳатти-ҳаракатидан сезилиб турарди.
“Отам ҳаёт бўлганларида бу қадар қийналмасдик, ҳеч ким бизни бунчалик оёқ ости қилмасди”, –пичирлади ўзига ўзи Шамсиддин ва негадир хўрлиги келиб йиғлаб юборди. Йиғламай, деса ҳам бўлмади, кўз ўнгидан онаси билан боғлиқ ҳар бир ҳолат кино тасмасидай ўтди, воқеалар шу қадар кўп эдики, улар бамисоли улкан тоғдай елкаларини эзарди. Айниқса, ўртоқларининг ҳазил-мазахлари, пичинглари, бугунги томошалар… Йиғлаб-йиғлаб энтикиб қолди Шамсиддин.
У шу ҳолатда қанча ўтирганини билмайди, ахири ўзига келди, яна бетларини ювиб, сув ичди, жаҳл устида қишлоқдан чиқишга чиқди-ю, фикри тиниқлашгани заҳоти: “Қаерга бораман?”, деган савол миясига ўрнашиб олди, битта-ю битта ўртоғи Абдунабиникига боришниям ўйлади, бироқ унинг ота-онаси, жўрачилик кўчада, деса ким деган одам бўлади?
Шамсиддиннинг боши қотди ва кутилмаганда эсига амакиси тушди, тилла топган тентакдай ирғиб ўрнидан турди, ниҳоят борар манзилини аниқлади, энди ўйламаса ҳам бўлади, амакиси барибир жигарида, отасининг укаси, бегона эмас. У йўлида давом этди, анча юриб, Чечак қишлоғи томон бурилди, отаси ўлганидан сўнг амакиси жиянларини унутгани Шамсиддинга алам қилган, уни ёмон кўриб қолганди. Бироқ шу топда кўзига амакисидан бошқа нажоткор кўринмади кўзига ва ўзига ўзи: “Араз қиладиган пайт эмас, бошқа яқин кишим бўлмаганидан кейин бетимни қаттиқ қилиб амакимникига боравераман”, деди ва қадамини тезлатди. Йўл-йўлакай у амакисининг болалари – бўлаларини ўйлаб кетди.
Икки ўғли, уч қизи бор эди амакисининг. Лочинбек ундан катта, Зулфия тенгдош, Шамсия, Амир, Лайло кичик эди. “Қизиқ, Лочинбек ака мактабни битириб нима қилаётган бўлса? Уни кўрсам танирмиканман?”, ўз-ўзиги савол берди Шамсиддин. Болалигида отаси уни етаклаб амакисиникига тез-тез олиб борар, бўлалари билан ҳовли орқасидан оқаётган анҳорда маза қилиб чўмилар, балиқ овларди. Отасининг ўлими уларни бегоналаштириб юборди, Шамсиддин бўлаларини қачон кўрганини эслолмайди ҳам.
Қишлоқ йўлининг асфальти ўйилиб кетганидан, машиналар ортидан қуюқ чанг кўтарилар, қатор экилган тут дарахтлари барглари чангдан оқариб турарди. Шамсиддин йўлда бир қатор машина ва таркторларни ўтказиб юборди, амакисининг дарвозасига яқинлашгач, уст-бошини қоқиб, ичкарига мўралади: катта ҳовлининг тўридан амакиси бир челак помидор кўтариб келарди. Шамсиддин тўрт-беш қадам юргач, тўхтаб, уни кутиб турди. Амакиси отасининг акси – узун бўйли, қотмадан келган, аммо юз тузилиши, кўз қарашлари барибир отасига ўхшарди. Яқинлашгач унинг кўзи Шамсиддинга тушди, аммо илкис кимлигини илғай олмай кафтини пешонасига тираганича кўзини қуёшдан пана қилган куйи тикилди.
–Шамсиддин, сенмисан, бўтам? –ниҳоят жиянини таниди у. – Кап-катта йигит бўлибсан-ку, бўйинг ҳам чўзилибди. Укаларинг, сингилларинг яхшими? Сени кўрмаганимга бир йилдан ошдиёв, кўнглим тусайди, лекин уйдан чиқолмайман. Мироблик қурсин, даладан бери келмайман, сув ғўзанинг жони, бошида туринг, деб бир қадам жилдиришмайди, қўлим ҳам, оёғим ҳам бойлангандай худди. Бир томондан кейинги пайтларда оёғим билан белим зирқираб оғрийди, яқинда касалхонада ётиб чиқдим. Соғлик бўлмаса, кишининг кўзига ҳеч нарса кўринмас экан, сизлардан хабар ололмадим.
Қулмат челакни ерга қўйди-да, жиянини маҳкам қучоқлаб, пешонасидан ўпди. Бу яқин йилларда ҳеч ким Шамсиддинни бағрига босмагани учунми, амакисининг қучоғида эриб кетди у ва отаси тирилиб келгандай қувонди, бу оний лаҳзаларни йўқотиб қўйишдан қўрқиб ўзи ҳам амакисини қучоқлаб олди.
Ниҳоят амаки-жиян дийдорлашиб бўлдилар, Шамсиддин бир қарашдаёқ Қулматнинг пешонасига ажин оралаганини пайқади, озибди, бўйи янада новча кўринди кўзига. Негадир унинг шу қиёфасини отасининг уйларига осиб қўйилган катта суратига ўхшатди ва юраги ҳаприқиб кетди. Ёмон кўриб юрган амакисига нисбатан қалбида меҳр уйғонишини кутмаган Шамсиддин унинг бир оғиз ширин сўзи ва қучоғининг иссиқ ҳарорати кўнглини ўстириб юборганини ва бу ерга келиб тўғри қилганини англади.
–Ўзинг яхшимисан, ишқилиб? Уйингдагилар, янгам эсон-омонми?
Амакисининг саволи бир зумда Шамсиддинни олдинги кайфиятига қайтарди ва секингина жавоб қилди:
–Ўша ўзингиз билган аҳвол, амаки.
Унинг томоғига нимадир тиқилиб, бошқа гапиролмади. Қулмат жиянининг ҳолатини тушуниб, бошини силади.
–Ҳаммаси Аллоҳдан, бўтам, хафа бўлма. Дард берган худо бир кун шифосини ҳам берар. Ҳали онанг кўрмагандай бўлиб кетади, фақат сен сиқилма.
–Ҳаммаси жонимга тегди, амаки. Қайтиб уйимга бормайман. Мен… Сизникида яшамоқчиман…
Қулмат ундан бунақа гапни кутмаганди, бирданига нима деб жавоб қайтаришни билмади.
–Оқибатсиз амакингни қора тортиб келибсан, минг раҳмат, сенга. Аввал ўтир, нафасингни росла, қолган гурунгни кейин давом эттирамиз.
Қулмат жиянини пешайвонга бошлади. Ошхонадан амакисининг хотини Момохол чиқиб келди.
–Онаси, Шамсиддинга қара, бинойидай йигит бўлибди, акам шўрлик тирик бўлганида уни кўриб боши осмонга етарди, ҳа, ҳа осмонга. На илож, ўлим ҳақ, энди унинг умрини ҳам шуларга берсин.
Шамсиддин янгаси томон юрди.
–Ассалому алайкум.
–Ваалайкум ассалом. Тани-жонинг соғми, болам? Сени кўча-кўйда кўрсам ўлай агар танимасдим. Амакинг тўғри айтадилар, анча улғайибсан, бўй-бастинг онангга, кўз-қошларинг қоралиги отангга тортибди, чиройли йигит бўлибсан, кўз тегмасин, туф, туф.
Момохол Шамсиддиннинг пешонасидан ўпиб қўйди.
–Онанг билан укаларинг омонми? Сендан ҳол-аҳвол сўрашга ҳам уяламан, иш билан овора бўлиб анчадан бўён йўқлолмадик. Ўзим хўжаликдан ортмайман, қишда тин олмасак ёзда колхозчининг иши ўзингга маълум. Бугун шу атрофда ишлагандик, тушликка шийпонга бормай уйга келавердим. Кел, ўтир, мен ҳозир…
–Онаси, ўзинг ҳам ўтир, дам ол, чойни Зулфия тайёрлайди.
–Шамсиддин озиб-ёзиб келибди, тўхтанг, бисотимни титкилай, ўтириш бўлса қочмас.
Момохол ошхонага кириб кетди. Шамсиддин янгасининг ҳар бир ҳаракатини зимдан кузатаркан, отаси билан келганларида унинг ҳовучини тўлдириб конфет берганларини эслади. Шамсиддин кетаётганида ҳам чўнтагига ширинлик солиб, укаларингга берасан, деб тайинларди. Шунинг учунми амакисининг хотинини яхши кўрарди у.
Шамсиддин ҳозирга қадар амакисини кўп ўйлар, бироқ негадир янгаси хаёлига келмаганди. Шу топда янгаси ҳали ҳам болалик пайтидагидай меҳрли кўринди кўзига. Бир оз тўлишганини айтмаса деярли ўзгармабди, фақат илгари эътибор бермаган эканми ёинки кейинчалик пайдо бўлибдими, икки юзи тандирдан узилган нондай қип-қизил эди.
“Нега шу аёл онам, амаким отам бўлмаган? –афсус билан ўйлади у. – Нега мен етимман, нега онамнинг ақли заиф? Нега биз эл қатори эмасмиз?”
Шамсиддиннинг қалбида ўзи сезмаган ҳолда қисматга қарши норозилик, исён бошланди. Амакиси билан янгасининг муносабати ҳавасдан кўра ҳасад уйғотди унда. Бирданига у отасининг руҳига хиёнат қилаётгандай сезди ўзини ва ичида: “Товба қилдим”, деб қўйди.
–Хўш, энди муддаога ўтсак, айт-чи, нима гап?
Амакисининг саволи Шамсиддиннинг хаёлини бўлди.
–Мен уйга қайтиб кетмоқчи эмасман, шу ерда қоламан.
–Мен жон деб сени олиб қоламан, лекин уйингда эркакнинг каттасисан, бизникида турсанг укаларингнинг ҳоли нима кечади?
–Яшайверишади. Йўлимни топиб олсам, ҳаммасини бирма-бир уйдан олиб чиқаман. Мактабни тугатдим, ўқишга кирмоқчиман. Кейин ётоқхонада тураман. Сизга кўп ҳам дардисар бўлмайман, амаки. Мен… Мен… Онамдан уяламан…
Шамсиддин энди ўзини тутиб туролмади, бўғзига тиқилиб турган фарёд отилиб кетди, беихтиёр амакисини қучоқлаб, йиғлашга тушди.
–Қўй, бўтам, йиғлама. Бу кунлар унутилиб, ҳали кўрмагандай бўласан. Бошингдан ўтганларни болаларингга маталдай гапириб юрасан. Йиғлама.
–Бир куннинг ўтишини айтинг, амаки. –Шамсиддин йиғи аралаш юрагидагиларни тўкиб солди. –Ҳамма бизни мазах қилади, устимиздан кулади, одам ўрнида кўрмайди. “Жиннининг ўғли”, дейишади. Мен энди ўша жиннихонага бормайман, сизникида яшайман. Уйингизга қўймасангиз, кўчада ётиб юраман.
–Амакинг тирик бўла туриб сен нега кўчада яшаркансан? Фақат укаларинг ҳақида қайғуряпман, холос. Раҳматли акам шу кунларда тез-тез тушимга кираётганди, сизлардан хабар олишим керак, деб юргандим, буни қара, ўзинг келиб қолдинг. Қани ол, нонга қара, бу ёғини бир гап қиламиз.
Зулфия чой келтириб, амаки-жияннинг суҳбати бўлинди. У чиройли қиз бўлибди, нозиккина, юзлари онасининг юзидай меҳрли, қошларига қоп-қора қилиб қўйган ўсмаси ўзига ярашган. Унинг ортидан Шамсия, Амир, Лайлолар келиб, дастухон атрофида жамулжам бўлишди. Қизиқ, Шамсия худди Зулфиянинг ўзи, ранги-рўйи, бўй-басти, ҳатто жилмайиши ҳам, фақат бир оз озғинроқ, билмаган киши уларни эгизак, деб ўйлаши ҳам мумкин.
–Борди-келди қилмаса яқин қариндош ҳам бегонага айланади, – болаларига қараб гапирди Қулмат. – Шамсиддинни танидингларми, акамнинг ўғли, жон жигарим. Болалигида кўп келарди, отасидан давр ўтгач менинг оқибатсизлигим туфайли узилиб кетаёздик.
–Нега танимас эканмиз, – деди Зулфия. –Анчадан бўён кўрмаган бўлсам ҳам бир қарашда танидим.
–Мен ҳам танидим, –гапга қўшилди Шамсия. –Амаким билан келардилар-да, анҳорда чўмиламан, деб хархаша қилардилар. Бир гал Лочинбек акам, чўмилсанг чўмил, деб ҳазиллашиб анҳорга итариб юборганларида уст-бошлари жиққа ҳўл бўлганди.
Шамсиянинг сўзларидан ҳаммалари бирваракайига кулиб юборишди ва ўртада самимий бир руҳ пайдо бўлди.
–Амаки, Лочинбек акам кўринмайдилар? – сўради Шамсиддин.
–Лочинбек аканг қўлимга аро кириб қолган. Мактабни тугатиб ўқишга ҳам бормади, мироблик қиляпти. Болалигидан ортимдан эргашиб юргани учун кўзи пишиб кетганми, бир қарашдаёқ ғўзанинг ҳолатини билади, хўжалик раиси ҳам ундан хурсанд. Тобим қочганидан бўён мени далага чиқармай қўйган, ҳам ўзининг, ҳам менинг ўрнимдан ишлаяпти.
Қулмат бир оз сукут сақлади-да, Шамсиддиндан сўради.
–Бизникига келганингни онанг биладими?
–Йўқ… Қочиб келдим…
–Унда аввал онангга хабар бериш керак, –деб Қулмат хотинига юзланди:
–Онаси, далага ўрнингдан Зулфияни юбора қол, бошқа ишингни қўйиб, янгамнинг олдига бор, Шамсиддин бизникига келганини, шу ерда турмоқчи эканини айт, хавотир олиб ўтиргандир, шўрлик. Ўзим борай десам бу оёқ билан тошбақа юриш қилиб қачон бораман-у, қачон қайтаман.
Шамсиддиннинг кўнгли жойига тушди, демак, амакиси унинг қолишига рози.
–Майли, бориб келаман, –деди Момохол ва уйга кириб, кийимларини алмаштириб чиқди.
–Кетдим, –эрига қараб гапирди у. –Кеч бўлмасидан бориб кела қолай.
– Янга, кийимларимни олиб келмагандим…
–Ўйлама, олиб келаман, фақат онанг бу хабарни қандай қабул қилади, билмайман.
Орадан икки-уч соат ўтиб, Момохол тугун кўтариб қайтганида Шамсиддин бўлалари билан анҳор бўйига кетганди.
–Бориб келдим, – деди у эрига. – Янгангиз қиёмат қилди, роса йиғлади. Шамсиддиннинг кийимларини қучоқлаб, бермайман, деб туриб олди. Жуда раҳмим келди бечорага. Бир амаллаб кўндирдим, келиб туради, дедим.
–Шундай қилишини юрагим сезганди. Шамсиддин ўша ерда бўлиши керак эди, аммо аҳволини кўрдинг-ку, қайтариб юбориш ҳам инсофдан эмас, кўнглига оғир олади.
–Шу пайтгача улардан хабар олмай биз ҳам гуноҳга ботибмиз, дадаси. Ҳовлига, уйларига қараб бўлмайди, бир аҳволда.
–Уч-тўрт кун ўтсин, ўзим хабар оламан, сен Шамсиддинга ғамхўрлик қил, эзилиб кетибди боласи фақир.
Қулмат чуқур уф тортди-да, хотинининг жавобини ҳам кутмай болаларнинг олдига – анҳор томонга ўтиб кетди.
Шамсиддин учун амакисининг уйида янги ҳаёт эшиклари ланг очилгандай кўринса-да, бу ерда кўп яшамаслигини, ҳафта-ўн кундан сўнг аттестат олиб, ўқишга кетишини яхши билади. Шундай бўлсаям амакисининг уйига жойлашиб олганидан хурсанд, бу ерда ҳеч ким унинг онаси жинни эканини билмайди, устидан кулмайди, Аллоҳ талабаликни насиб этса таътил пайтлари уйига бормай шу ерга келади.
Талабалик ҳақида ўйлаши билан Шамсиддининг қалбида орзулари мавжланади, унинг синфда бор-йўқлиги сезилмасаям яхши ўқир, айниқса, аниқ фанларни ёқтирар, математика, физика фанларидан масалаларни бир зумда ечиб ташлаб, синфдошларини ҳайратга солган пайтлари кўп бўлган. Бу индамас боланинг билгани ичида, деб қўйишарди у ҳақда ўқитувчилари. Институтга ўқишга кўзи етмагани учун ҳеч бўлмаса техникумда ўқиб йўлини топиб олмоқчи эди, лекин чўнтагида сариқ чақаси йўқ, ўқишга қандай боради, кира оладими, йўқми, бу ёғи қоронғи эди Шамсиддинга.
Амакисиникида бўлалари билан куннинг қандай ўтганини билмай хотиржам юрса ҳам кўнглининг тагида аллақандай ғашлик бўлиб, кўз ўнгидан укалари ва сингиллари кетмай қолди, хаёлида онаси кўчага чиқиб уни кутиб тургандай ёинки амакисиникига излаб келаётгандай туюлаверди. У юрагининг бир четида ақли заиф онасига аталган жой борлигини ва бу жойда илиқ бир туйғу яшириниб ётганини англаб етмаган, қалбини чўлғаб олган ғашликка ном тополмай ҳайрон эди.
Ҳар қандай киши билан киришолмайдиган Шамсиддинга Лочинбек ёқиб қолди, у қувноқ, ҳазилкаш, хийла шоиртабиат экан, гапи гапига қовушди. Лочинбекни амакисиникига келганининг эртаси куни кўрди, нонушта маҳали уйдан жилмайиб чиққан йигитни Шамсиддин аввалига танимади, амакисининг: “Ана, Лочинбек аканг”, деган сўзларидан кейин беихтиёр ўрнидан туриб кетди ва у билан қучоқлашиб кўришди.
–Чакки эмассан, –деди Лочинбек Шамсиддиннинг елкасига катта одамлардай қоқиб. –Бўйинг менга етай деб қолибди. Ғайбиддин билан Хайруллалар ҳам катта йигит бўлиб қолишгандир.
–Ҳа, ўзингиз ҳам ўзгариб кетибсиз, амаким индамаганларида танимасдим.
–Демак, бой бўларканман, –кулиб гапирди Лочинбек. –Кеча ярим тунда қайтдим, тошдай қотиб ухлаётган экансан, безовта қилмай дедим. Нонушта қилиб ол, бир анҳорга чўмилтираман.
Ўртада кулги кўтарилди, Шамсиддиннинг анҳорга тушиб кетгани ҳамманинг ёдида экан.
–Мактабни битирдингми? –сўради у Шамсиддиндан. –Баҳоларинг қандай?
–Ёмон эмас.
–Унда ўқи. Мен ҳам ёмон ўқимаганман, лекин негадир ўқишга бормадим. Ҳозир ҳам ишим чакки эмас, лекин талаба жўраларим таътилга келишса уларга ҳавасим келади.
–Ҳеч афсус ема, бошқалардан кам эмассан, –гапга қўшилди отаси. –Ҳурматинг жойида, ёш бўлсанг ҳам районнинг мажлисларида юқорида ўтирасан. Қишлоқ советига депутат қилишди. Наказингни бажариб, чойхона қурдиряпсан. Эшитишимча, раис сенга медалми, орденми олиб берармиш.
–Шунчаки айтдим-қўйдим-да, дада. Ишим яхши, кеча раис ҳам келганди, орденга ёзганини айтди. Келаси йили қишлоқ хўжалиги институтига сиртдан ўқишга юбораман, ўзим киритаман, деди.
–Сиртдан ўқиш бўлса бошқа гап. Мен ҳам анча тузукман, оёғим оғригани секинлашди, ҳадемай ишга чиқаман.
–Сизга ишга чиқинг, деганим йўқ, дада. Ўзингизни асрашингиз керак, раисга айтсак бошқа бирор енгилроқ иш топиб берар.
–Далада енгил иш борми, ўғлим? Ҳаммасининг ўзига яраша қийинчилиги бор. Бир гап бўлар, ширчой совиб қолди, қани олинглар.
…Шамсиддин эртаси куни Лочинбек билан далага чиқди, поёнсиз кўринган пахтазорларнинг ёзги манзараси кўзига жуда чиройли кўринди, атрофга суқланиб қаради. Улар тут дарахти остида бўз билан пана қилинган тахта каравотга бориб ўтирдилар.
–Акангнинг кошонаси шу жой, –деди Лочинбек Шамсиддинга каравотга ўтириб олишгач. –Қалай, ёқдими?
–Бизнинг хўжаликда чигит экилмайди. Ҳар йили кузда мактабдан ҳашарга чиқиб, оппоқ далаларни кўрганим учун пахтазор деганда кўзимга ўша манзара жонланарди, пахтазор ёзда ҳам чиройли экан.
–Менга ҳам бу манзаралар жуда ёқади. Ғўзалар сув ичаётгандаги гўзаллик, айниқса, жозибали. Эътибор бериб турсанг ғўзалар ранги сув ичиб бўлгандан кейин янада тиниқлашгандай туюлади. Умуман, чигит экилганидан токи ҳосилни йиғиб-териб олгунгача ҳар бир давр ўзига хос ва гўзал.
–Худди шоирларга ўхшаб гапирасиз-а, Лочинбек ака, –Шамсиддин унга завқ билан тикилди.– Сизга ҳавасим келяпти.
–Ким бўлмасин, ишини яхши кўрса шоир бўлиб кетади, пахтанинг ҳам жони бор, у инсон меҳрини, тафтини ҳис этади, қанча меҳр берсанг шунча ҳосил оласан. Аммо фақат тикилиб ўтирган билан меҳр бериб бўлмайди, бунинг учун пахтанинг тилини тушуниш ва айтганини бериш лозим.
–Кундуз куни ғўзаларни суғориб, кечда уйга қайтсангиз бўлмайдими, ака? Тунда бир ўзингизга қўрқинчли эмасми?
–Ўрганиб қолганман, ғўзани тунда суғоришнинг ҳикмати кўп-да. Ҳосилдорлик ошади. Бундан ташқари, кундуз куни суғориб улгуриб ҳам бўлмайди. Хоҳ кундуз, хоҳ тунда бўлсин қараб туриш, сувни бир меъёрда жилдиратиб оқизиш лозим. Сув бўғзигача борса, қатқалоқ босиб, ғўза танасини қисади, ривожланиши кечикади. Сув кўлайиб кетса ҳам азоб. Ҳа, ҳосилнинг тақдири сувчига кўп жиҳатдан боғлиқ, шунинг учун “Сувчи – ғўзани яшнатувчи”, деб ёзиб қўйишибди, ўқидингми?
–Ўқидим, –деди Шамсиддин.
–Дала жойнинг осмони ҳам гўзал, –Лочинбек чалқанчасига ётиб олди. –Бир чўзилиб кўр, маза қиласан.
Шамсиддин Лочинбеккнинг сўзларига маҳлиё бўлиб бирпас чўзилиб ётди, кейин ўрнидан туриб далага яқинлашди, ғўзаларга қулоқ солиб, овозини эшитмоқчи бўлди-ю, ҳеч нарсани англолмади. Эгатлар бўйлаб бир меъёрда сув тараётган Лочинбекка тикиларкан: “Ота-онаси, яхши кўрган иши бор, қанчалар бахтли у”, – деган фикр ўтди хаёлидан.
Шамсиддин шу куни Лочинбек билан ярим тунгача қолиб кетди, эртаси куни амакиси уни далага чиқармади.
–Сен менга акамнинг омонатисан, – деди у. – Кўз ўнгимда бўл, кундуз кунлари борсанг ҳам кечда уйга кел, яхшиси ўқишга бориш ниятинг бўлса китобингни ўқи..
–Хўп.
Шундан кейин Шамсиддин мутолаага берилиб кетди.
****
Шамсиддин ўқиш масаласини ҳаёт-мамот даражасига кўтарганди, унинг назарида, ўқишга кирсагина ниятига эришади, келажаги кўриниб туради, юрар йўли, мақсад-манзили аниқ бўлади, чарчамайди, ҳоримайди. Акс ҳолда зимистон қўйнида танҳо қолгандай ҳис этади ўзини, қаёққа боришни, нима иш қилишни билмайди, одамларнинг жиннининг ўғли, деган маломатларидан қутулолмайди.
Оёқ ости бўлган ғурурини, орини ўқиб, яхши ишлаб, яхши пул топиб тиклаш нияти ҳам бор эди юрагида, эҳтимол бошқа барча ваъжлардан кўра бу истак муҳимроқ эди, шу сабабли “Қандай бўлмасин ўқишга киришим керак”, деган фикр миясига ўрнашиб олган, бошқача ҳаётни тасаввурига сиғдиролмаётганди.
Аммо бир неча кундан бўён ичига чироқ ёқса ёримайди, кўнгли ғаш, негаки у суяниб, умид қилиб юрган амакисининг буйраги шамоллаб, белини кўтаролмай қолган, қишлоқ духтири касалхонада ётиб даволанишни маслаҳат берди, аммо Қулмат, ётмайман, деб туриб олди, ноилож Лочинбек уни уйда даволатяпти, врач кўрсатмаси бўйича ҳар куни қишлоқ фельдшери укол қилиб кетади.
Шамсиддин китоб ўқиб зериккан пайтлари амакиси билан соатлаб суҳбатлашиб ўтиради, Қулмат унга ота-боболари, аждодлари ҳақида билганича гапириб беради, кўпроқ акасини эслайди. “Уни дори хароб қилди, трактор билан сепгани етмагандай қўли билан ташиди, ортди, туширди, тўғриси, ўзим ҳам ўшанда дорининг зарарини кўпам тушуниб етмаган эканман, билсам акамни ишлагани қўймасдим”, деб афсусланади.
Шамсиддин отасининг заҳарланиб ўлганини сал-пал эшитганди-ю, бу қандай рўй берганини билмасди, амакисининг ҳикояларидан кейин отаси ҳақида эшитганлари ойдинлашди.
Бугун ҳам амаки-жиян нонуштадан сўнг анча гурунглашдилар.
–Амаки, сиз ухлаб пича дам олинг, –деди Шамсиддин унинг кўзи юмилиб кетаётганини кўриб. –Мен мактабга аттестатимга бораман.
–Майли, борақол, Зулфия аттестат олганига тўрт-беш кун бўлди, сен ҳали юрибсанми?
–Бугун олиб келаман.
–Унда борақол.
Аслида июлнинг иккинчи санасида битирувчиларга аттестат топшириш маросимини ўтказиш мўлжалланганди, аксига олиб ўша куни амакисининг тоби қочиб қолди, боз устига Шамсиддин синфдошлари билан рўпара келишни истамагани учун мактабга бормади. Ўшандан бери орадан бир неча кун ўтди, синфдошларимнинг оёғи мактабдан узилгандир, деган фикрда Шамсиддин амакисидан рухсат сўрагач, йўлга отланди. Хаёл суриб мактабга қандай етиб келганини ҳам билмади, йўлакда синф раҳбари Мейлик Тошқуловни учратди.
–Нега тадбирга келмадинг? – сўради Тошқулов ундан. –Ёки сенга аттестат керак эмасми? Абдунаби, уйида яшамаяпти, деди, қаерларда юрибсан?
– Амакимникидаман, ўша куни бир сабаб билан келолмадим, – Шамсиддин кўзларини ўқитувчисидан олиб қочди.
– Аттестат топшириш маросимига ҳам келолмайдиларми? Баъзан сенга тушунмай қоламан.
Шамсиддин индамай ерга қаради.
–Ўқишга боряпсанми? Қайсига?
–Фармацевтика техникумига.
–Жуда яхши, қийинчилик бўлсаям ўқи, ўқиган киши кам бўлмайди.
–Ниятим ҳам ўқиш, устоз.
Мейлик Тошқулов, ортимдан юр, деди-да, уни директор хонаси томон бошлади.
–Сен шу ерда тур, мен ҳозир.
Хиёл ўтмай у Шамсиддинни ичкарига чақирди. Чоғроққина хонанинг тўрида мактаб директори алланималарни ёзиб ўтирарди, Шамсиддинни кўргач сейфини очишга тушди.
–Ассалому алайкум.
–Ваалайкум ассалом. Кел, Неъматов, аттестатингни кўз қорачиғидай асраб ўтирибман, –директор киноя қилдими, сидқидилдан гапирдими, билолмади Шамсиддин. –Умид қилган ўқувчиларимдан бири сен, омадингни берсин. Мейлик Тошқулов ўқишга бораётганингни айтди, албатта, кир ва яхши ўқи.
Директор Шамсиддинга аттестатни бериб, қўлини маҳкам қисиб қўйди.
Шамсиддин устозлари билан хайрлашиб, йўлга тушди. Унга қадрдон бўлиб қолган чашма бўйига етганида ўтиб кетолмади, бирпас тўхтаб, харсангтош устига ўтирди ва аттестатини очиб кўз югуртирди: олтита “5”, қолгани “4”.
“Ўқишга боришимга амаким пул берармикин? – ўйлади у. –Касал кишидан пул сўраш жуда ноқулай ёки онамдан сўрасаммикин?”
Шамсиддин онасини эслаши билан алланечук бўлиб кетди. “Нима қилаётган бўлса? – хаёлидан ўтказди у. – Укаларим, сингилларим-чи? Уйдан кетиб тўғри қилдимми, нотўғрими? Амакимникига қочиб келишим номардлик эмасмикин? Мен ахир бош фарзанд эдим, сабр қилсам, ҳадемай ўқишга бориб, таъна ва маломатлардан қутулардим-ку”.
Амакисиникига келгунича Шамсиддинни ана шундай ўйлар тарк этмади, дарвозага кираверишда фельдшерга дуч келди, сал қолди унга тўқнашиб кетишига.
–Амакимнинг аҳволлари қандай? –сўради Шамсиддин ундан.
–Анча тузук, лекин буйракни асраш, духтир айтганларига амал қилиш керак.
Шамсиддин кирганида амакиси ёнбошлаб ётган экан, тўғри унинг ёнига борди.
–Амаки, яхшимисиз?
–Анча яхшиман, оғриқларим секинлади, ўнг томонимда бир нима осилиб ётганга ўхшарди, шу нарса йўқолди.
–Касалхонада даволансангиз янаям яхши эди, кўнмадингиз.
–Қўй, шу касалхонани жиним суймайди, бир марта ётиб кўрганман, дориларнинг ҳиди кўнглимни беҳузур қилади, мана, ўша айтилган дори-уколлар уйда ҳам бўляпти. Хўш, ўзингдан гапир, аттестатингни олдингми?
Шамсиддин амакисининг қўлига аттестатини тутқазди, Қулмат уни очиши билан юзи ёришди.
–Баҳоларинг зўр-ку, қаерга ўқишга бормоқчисан?
Амакисининг сўзлари Шамсиддинга далда бўлди.
–Бир ўртоғимнинг акаси аптекада ишлайди, ишлари жуда зўр. Мен ҳам фармацевтика техникумида ўқисам дегандим, институтга кучим етмайди.
–Техникум ҳам ёмон эмас, тайёргарлигингни кўравер, қачон десанг олиб бораман.
–Раҳмат, амаки, – Шамсиддин қувониб кетди. –Ўқишга киргунимча қўллаб турсангиз кейин бир гап қиламан, онам ҳам қараб турмайди. Ҳозир уйдан чиқиб кетганим учун юзим шувит, онамдан бирор нарса сўрашни ўзимга эп билмаяпман.
–Сен тайёргарлик кўравер, ўқишга олиб бориш мендан.
–Ишқилиб тезроқ тузалинг, амаки.
–Хавотир олма, анча тузукман. Тўрақулникига эртага тўй, соат тўртда сабзи тўғрашга айтиб кетди, борсаммикин, деб турибман.
–Боринг, уни-буни криб овунасиз.
–Ўзим ҳам шу фикрдаман. Одамнинг тафтини одам олади, сиқилиб кетдим. Лочинбек акангга ҳам қийин бўлди, ишга чиқаман, деб юргандим, буйрак оғриғи қаерда турган экан. Духтирларга қолса, мен энди сувчилик қилмаслигим керак эмиш. Қўлимдан бошқа иш келмаса…
–Лочинбек акам энди сизни ишлатмайдилар, амаки. Духтир у кишига ҳам айтган кўринади, молни кўпайтираман, дадам, молларга қараб юрсалар бўлди, дедилар.
–Ким билади, аканг ҳам қийналмасин, дейманда. Ҳисоблаб кўрсам сувчилик қилганимга чорак аср бўлибди, бу ҳазилакам эмас.
–Сиз акамнинг айтганларига кўнинг, балки мен ҳам ўашнда каттароқ бўлганимда дадамни ишлатмагасмидим, ёш ўлиб кетмасмидилар?
Қулмат ҳеч нарса демади, орага сукунат чўкди, ҳар иккиси хаёлга чўмиб қолди. Шамсиддин барибир бахтиёр эди, амакисининг сўзлари уни руҳлантирди, ўқишга киролмаслигим мумкин, деган фикр хаёлига ҳам келмади, севинганидан ўзини қушдай енгил сезди ва назарида бундан кейин барча орзулари ижобат бўлаётгандай туюлди.
#телбақисса
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев