2-қисм (давоми)
Орадан бир ҳафта ўтиб амаки-жиян йўлга отланишди ва деҳқон бозори яқинидаги бекатда турган кичкинагина автобус ёнида тўхташди.
–Самарқандгами?– сўради пакана, тепакал одам, афтидан ҳайдовчи бўлса керак, уларнинг жавобини ҳам кутмай сўзида давом этди: – Чиқиб ўтиринглар, тўлиши билан жўнаймиз.
Шамсиддин билан Қулмат шофёр яқинидаги ўриндиқда жойлашишди.
– Йигитни ўқишга олиб боряпсизми?– сўради йўловчилардан бири. –Қайсига топширади?
–Аптекачи бўлмоқчи, фармацевтика техникумига топширади, –деди Қулмат.
–Жуда яхши, –ҳалиги кишининг юзида майин табассум пайдо бўлди. – Менинг укам ҳам шу техникумда ўқиган, иши чакки эмас.
Шамсиддин оқ йўл-йўл кўйлак кийиб, галстук тақиб олган, қўлида аллақандай китоб ушлаб олган нотаниш йўловчига зимдан разм соларкан, Самарқанддан бўлса керак, деб қўйди ўзича.
Автобус бир зумда йўловчилар билан тирбанд бўлди.
–Жўнаймиз, ўтириб олинглар.
Шофёрнинг сўзи буйруғомуз янгради. Ҳамма ўз ўрнини эгаллагач, автобус аввал секин, сўнг шитоб билан юриб кетди.
Шамсиддин мактабни тугатгани билан ақалли Шаҳрисабзни ҳам яхши билмайди, Самарқандни-ку сира кўрмаган, шу сабабли икки кўзини йўлдан узмай томоша қилиб борарди. Кўп ўтмай Тахтиқорача довонига етиб келишди, автобус айланма йўллар бўйлаб тобора юқорига кўтарилди.
–Оғзингга талқон солганмисан? –деди Қулмат зерикканидан. –Чурқ этмайсан.
Шамсиддин амакисига қараб жилмайди-ю, ҳеч нарса демади. Тоғнинг дилбар табиати уни ўзига мафтун қилган, атрофдан кўзини узолмай қолганди.
–Ўғлингизнинг Самарқандга биринчи боришими? – сўз қотди яна бояги киши. Афтидан у Шамсиддинни Қулматнинг ўғли, деб ўйлади.
–Ҳа, биринчи бориши, – жавоб қайтарди Қулмат сир бой бермай. – Насиб этиб, ўқишга кириб олса, бу йўллар ёд бўлиб кетади.
–Биринчи бораётган киши довон табиатига мафтун бўлмай иложи йўқ. Ўғлингиз камгап экан, йўқса, ҳаяжонларини аллақачон тўкиб соларди.
Нотаниш йўловчи шундай деди-да, шеър ўқишга тушди:
–Бу йўллар кўп қадим йўллардир,
Жаҳоннинг фотиҳи Искандар.
Рум қайсари Боту, Жўжи,
Темурланг қолдириб кимсасиз из,
Қон дея, қон дея
Босароқ кечмишдир…
–Шоир бўлинг-а, –Қулмат нотаниш ҳамроҳининг шеър айтганидан завқланди.– Ўзингиз ёзганмисиз?
Шамсиддин амакисини нуқиб қўйди, мактаб ўқувчиси ҳам биладиган бу шеърни амакиси нотаниш кишига нисбат берганидан уялди. Қулмат ножўя гап қилганини англаб жим бўлди.
–Бу академик шоир Ғафур Ғуломнинг машҳур “Турксиб йўлларида” шеъри. Аслида Тахтиқорача довони ҳам қадимликда Турксиб йўлларидан қолишмайди. Айтишларича, бир пайтлар Амир Темур шу довонда божхона ташкил этган экан. Демак, довон давлат аҳамиятига молик муҳим йўл бўлган.
–Сиз буни қаердан биласиз? –сўради йўловчилардан яна бири гапга қўшилиб.
–Китоблардан ўқиганман,–жавоб қайтарди у. –Амир Темур муғуллар ҳукмронлигига чек қўйиб, кучли марказлашган давлат тузган. Афсуски биз ҳали унинг қадрига етганимиз йўқ, дам оқсоқ Темур, дам Темурланг, дам қонхўр ёки жаллод дейишдан нарига ўтмаяпмиз.
–Аслида ҳам шундай эмасми, –ҳалиги йўловчи ажабланиб сўради. –Айтишларича, Амир Темур калладан минора қурдирган экан.
–Ким нима деса ҳам Амир Темур – буюк шахс. Замон ўзгаряпти, у ҳали ўз қадрини топади.
Шамсиддин сира бунақа гапларни эшитмагани учун қулоғини динг қилиб борар, ўзича, бу одам жуда билимдон экан, деган хулосага келганди.
Гап билан бўлиб Самарқандга етиб келганларини сезмай қолишди. Автобусдан тушгач, нотаниш ҳамроҳлари техникумга қандай бориш йўлини тушунтирди. Ҳар қалай қабулхонада одам кам экан, бир зумда ҳужжатларни топширишди. Амаки-жиян тамадди қилиб олгач, Регистон майдонини айландилар, Шоҳизиндага бордилар.
–Бу яқин йилларда Самарқандга йўлим тушмаганди, ўқишинг баҳонасида мириқиб томоша қилдим, энди қайтамиз.
–Амаки, техникумга борар йўлни билиб олдим, имтиҳонларга сизни овора қилмай ўзим келиб кетавераман, яна толиқиб қолманг.
–Овораси борми, жиян, ҳаво алмаштирдим, қачондан бўён ҳеч қаёққа чиқмай захлаб кетгандим, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман.
Қулмат сўзида турди ва Шамсиддин иккита имтиҳон топширгандаям ёнида бўлди…
ХХХ
Ўша куни Шамсиддинда фақат қанот йўқлик қилди, осмонларга учиб кетармиди? Барибир тани ерда бўлсаям руҳан осмону фалакда ҳис этаётганди ўзини. Самарқанддан қайтаркан, беихтиёр жилмайиб қўяди, аҳён-аҳёнда унга кўз қирини ташлаган амакиси мийиғида кулиб, ич-ичидан, акамнинг руҳи атрофимизда шодумон учиб юрибди, деб қувонади.
Шамсиддин талаба бўлганди. У техникумда ўқишга киролмаган ўнлаб тенгдошларини кўрди, қизлар йиғлаган, йигитлар аламини ичига ютган… У эса ўқишга кирди, эҳтимол, институтга топширса ҳам кирармиди, аммо тўрт-беш йил оз муддат эмас, ким уни пул билан таъминлайди, укаларининг аҳволи нима кечади, ана шундай саволлар Шамсиддинни институтга борар йўлдан тўхтатган, шулар уни техникумда ўқишга ундаганди. Бироқ ҳозирги ўқиши ҳам чакки эмас, автобусдаги зиёли йўловчи укаси шу техникумда ўқигани, ҳаёти яхши эканини айтди, демак келажагидан умид қилса, келажагига ишонса бўлади.
“Синфдошларимдан қайси бирлари ўқишга кираркин, –хаёлидан ўтказди Шамсиддин. Уларни эслаши билан кўз ўнгида Лобарнинг сиймоси намоён бўлди. – Мединститутга бораман, деб юрарди, бордимикин, имтиҳонларни қандай топшираётган бўлса? Кира олармикин?”
У Лобарнинг ҳаёти билан қизиқаётгани учун ўзидан жаҳли чиқди ва “Кирса-кирмаса менга нима, энг муҳими ўзим ўқишга кирдим”, деб қўйди. “Қизиқ, –яна хаёлга берилди Шамсиддин. –Муҳаббат билан нафратнинг ораси бунчалик яқин бўлмаса, атиги бир неча ой олдин Лобарнинг номини эшитсам юрагим қинидан чиққудай урарди, аммо ўша воқеадан сўнг шунчалик кўнглим қолдики, қалбим бир парча музга айланганга ўхшайди”.
Энди Шамсиддин Лобарни ўйласа фақат унинг тилини чиқариб мазах қилган қиёфасини эслайди ва бу манзарани унутиш учун кўзларини юмиб олади, бироқ барибир унутолмайди. “Хотира деганларининг инсоннинг миясига зулукдай ёпишиб оларкан, –дейди алам билан. –Қани энди уни саралаш, ёқмаганини ўчириш ҳуқуқи инсоннинг ўзига берилса, биринчи бўлиб Лобарга хат берган кунимни бошидан охиригача ўчириб ташлардим”.
Автобус ўриндиғига суянган Шамсиддин деразадан атрофни томоша қилаётгандай туюлса-да, хаёлан кезмаган жойи қолмади, манзилга етгунча Қулмат ҳам жиянига сўз қотмади. Унинг орзулар оғушида сузиб бораётганини амакиси кўриб турар, халақит бергиси келмаётганди.
–Етиб келдик, тушамиз.
Амакисининг овози уни уйқудан уйғотгандай бўлди.
–Шунча тез келдикми? –ажабланиб сўради Шамсиддин.
–Автобус ҳам сенга ўхшаб учди, –мийиғида кулиб қўйди Қулмат.
Улар автобус кутиб қишлоққа етиб келгунларигача яна орадан бирор соатлар ўтди. Ҳовлида уларни Зулфия қарши олди.
–Нима бўлди? Кирдингми?
–Ҳа, –бош ирғади Шамсиддин.
–Зўр-ку, табриклайман! Шамсия, Шамсиддин ўқишга кирибди, табрикла, –қичқирди Зулфия.
Бир зумда уларнинг атрофини болалар ураб олишди.
–Табриклайман, –деди Шамсия.
–Мен ҳам,– Амир қўлини Шамсиддинга чўзди.
–Мен ҳам, –бошқалардан қолишмаслик учун кичкина Лайло акасининг сўзларини такрорлади ва дадасидан сўради: –Дада, тешик кулча олиб келмадингизми?
–Олиб келдик, мана, олинглар, ҳолвалар ҳам бор. Зулфия қизим, сен бугун бир ош дамла, Шамсиддиннинг ўқишга кирганини ювамиз. Онанг ҳали даладан қайтмадими?
–Йўқ, энди келиб қолсалар керак,–жавоб қайтарди Зулфия.
–Амаки, Зулфия ҳам ўқишга бормади-да, –Шамсиддин хижолатомуз гапирди. –мактабда яхши ўқиган экан, техникумга, албатта, кирарди.
–Э, қўй, қиз бола ўқиб шаҳар олиб берармиди? Мактаб кутубхонасида иш бор экан, гаплашдим, жойлаб қўяман. Сенинг йўриғинг бошқа, ўқишинг керак, қолаверса, ортингда турган беш нафар укангнинг умиди сендан. Уларга ҳам ака, ҳам ота ўрнидасан. Қачон бўлмасин, худо тақдир қилса, Амирни ўқитаман. Бўладиган бола бошидан маълум, баҳолари нуқул беш, мақтов ёрлиқлар ҳам олган.
Отасининг мақтовидан Амир уялиб Шамсиянинг орқасига беркинди.
–Ким бўлмоқчисан?–сўради ундан Шамсиддин.
–Ҳали ким бўлишини ўзиям билмайди, –Зулфия гапга қўшилди. –Лекин математикани яхши билади.
Суҳбат авжига чиққан пайти Момохол ишдан қайтди, у Шамсиддиннинг ўқишга кирганини кўчадаёқ эшитибди.
–Яша, Шамсиддин, табриклайман, энди ақлли бола бўлиб яхши ўқишинг керак.
–Ўқийман, янга, бошқа нима ишим ҳам бор.
Бир оздан кейин Момохол тахтача билан пичоқ, бир идишда эса сабзи, кўтариб келди.
–Дадаси, сабзини тўғраб берасизми ё Зулфияга берайми?
–Ўзим тўғрайман.
Қулмат уйда ош қилишган куни бўш бўлдими, сабзини пиликдай қилиб тўғраб беради. Ҳозир ҳам қайроқтошни олиб, пичоқни яхшилаб чахлади ва ишга киришди.
–Шамсиддин, ҳушхабарни онангга етказмайсанми? –уни кузатиб ўтирган жиянига сўз қотди Қулмат.
Шамсиддин бир зум уйга толди, ҳовлисини тарк этганида ўз йўлимни топмай туриб бу даргоҳга қадам босмайман, деб аҳд қилганди.“Дарвоқе, йўлимни топиб олдимми? –ўзига ўзи савол берди у ва жавоб ҳам қайтарди. –Йўл топиб олиш осон эканми? Аммо барибир ўқишга кирдим, ҳаётимда ўзгариш ясадим, энди кўзлаган манзилимга етиб бораман”.
–Ҳа, жимиб қолдинг.
–Бир йўла ўқишга кетишим олдидан хайрлашиб келаман, амаки.
–Майлику-я, бироқ унгача вақт бор-да…
Шамсиддиндан садо чиқмагач, яна бирор гап айтиб кўнглига тегиб қўймай, деган хаёлда уни зўрламади.
–Унда эртага ўзим бориб янгамдан суюнчи оламан, шу баҳона укаларингни кўриб келаман.
Шамсиддин амакисининг гапидан ич-ичидан қувонди, негаки оила аьзоларини жуда соғинган бўлса-да уйига боришга қайсар феъли изн бермас, лекин хаёли уларда, баъзан бир нуқтага тикилганича ўйга толар, зийрак амакиси унинг қалб кечинмаларини уқиб олган, жияни вужудини эгаллаган ёввойи ўрликни енголмаётганини сезганди. У, ўзим хабар оламан, деганида Шамсиддиннинг юзи ёришганини ҳам пайқади ва индамай қўя қолди.
Қулмат Шамсиддин уларникига келган куниёқ янгаси ва жиянларидан хабар олиши кераклигини англаганди, айниқса, хотинининг ачиниш билан айтган гапларидан кейин нияти қатъиийлашган бўлсаям боролмади, орада буйраги шамоллаб, белини кўтаролмай қолгани панд берди, ўша кунлари соғлигидан бошқа нарса кўзига кўринмади, янгаси ва жиянларидан хабар олишни унутди, сўнгра Шамсиддиннинг ўқиши билан овора бўлди.
Шамсиддин, кейинроқ бораман, деганидан сўнг Қулмат эрталабки салқинда акасиникига жўнади, “Ҳар на йўлим яқин бўлсин, толиқиб қолмай”, деган фикрда автобусга чиқиб, Нуристон қишлоғи бурумида тушиб қолди ва икки қўлини орқасига қилиб хаёл суриб бораверди.
Нуристон аслида Қулматнинг бефарзанд холаси яшайдиган қишлоқ эди. Холаси касалланиб тўшакда михланиб қолгач, онаси эрининг розилиги билан уни ўз уйига олиб келиб парваришлади, духтирларга қаратди. Бироқ дард исканжага олиб, холасига аҳволи аён бўлгач, ҳовлимни Неъматингга қолдираман, ўша ерда яшаб, чироғимни ёқсин, деб васият қилди. У ўғлини ўзининг ҳовлисида уйлантирди, орадан тўрт-беш ой ўтгач, кўчириб қўйди, ўшанда ўғлига: “Сени ёнимдан жилдиргим йўқ, ҳовли катта, сенга ҳам, укангга ҳам етади, бироқ онанг, опамнинг васияти ерда қолмасин, деб ҳоли-жонимга қўймаяпти. Бир ҳисобдан холангнинг чироғини ёқадиган бошқа кишиси йўқ, шу ерда яшаб, палак от, унинг руҳи сени қўлласин”, – деган эди .
Уларнинг на опалари, на сингиллари бор, икки оға-ини эдилар, Қулмат акасидан икки ёш кичик бўлсаям, жуда ҳурмат қилар, яхши кўрарди. Эсида, Лочинбек туғилганида у бир неча кун акасининг кўзига кўринолмай юрди, негаки, акаси ҳалигача фарзанд кўрмаганди. Ҳатто бир гал отаси онасига қараб жаҳл устида “Бефарзанд холангнинг хосиятсиз ҳовлисида яшатиб, Неъматни ҳам бефарзанд қилмасанг яхшийди. Яна озроқ кутаман, агар келинингда бола бўлмаса, уларни кўчириб олиб келаман”, деган эди.
Хайриятки, Неъмат акаси ҳам фарзандли бўлди, Шамсиддин билан Зулфия олдин-кейин туғилишди.
Қулмат акасиникига кириб келганида янгаси ҳовлининг юзида у ёқдан бу ёққа нималарнидир пичирлаб юрарди, ҳатто у дарвоза очилганини пайқамади ҳам. Қулмат томоғини қирганидан кейингина қайнисини кўрди ва чопиб бориб унинг ёқасига тармашди.
–Шамсиддин қани? Болам қани? Боламни нима қилдинг?
Қулмат кутилмаган “ҳужум”дан гангиб, янгасининг қўлидан тортиб, ёқасини бўшатаётганди, Бодом келиб қолди, амакисига салом берди-да, онасини нарироққа олиб кетди.
–Амаки, хафа бўлманг…
Қулмат қандай ҳам хафа бўлсин, дақиқалар ичидаги манзара унга бу хонадоннинг фожиасига кўзгу тутганди, шу топда у Шамсиддинни нега қочганини англади, аммо уни оқламади, бундай вазиятда уйнинг каттаси шу ерда бўлиши керак эди, деган фикр ўтди хаёлидан.
–Хафа эмасман, қизим, Шамсиддиннинг ўқишга кирганини айтиб, янгамдан суюнчи олгани келгандим.
Маьқул холанинг юзи ўзгарди, бунақа хабарни кутмаганиданми, қулоғини динг қилиб олди.
–Акам ўқишга кирдиларми? Ростданми? –бир ишониб, бир ишонмай сўради Бодом.
–Ростдан. У энди Самарқандда ўқийди, аптекачи бўлади.
–Бунча яхши. –Бодомнинг хурсанд бўлгани шундоққина сезилиб турарди.
–Алдайсиз, ёлғон гапирасиз… У ўқишга бормаган. Уни сиз яшириб қўйгансиз, боғлаб қўйгансиз… Эссиз болам, шўрлик болам. –Маъқул хола энди йиғлашга тушди.
–Онамнинг гапларига эътибор берманг,– Бодом амакисидан узр сўрагандай гапирди. –Нима деяётганини билмайди. Меҳри келсин, дорисини ичиради, бошқанинг қўлидан дори ичмайди, худди биз унга заҳар бераётгандай.
–Шамсиддинни нега олиб кетдингиз? –Маъқул хола яна қайнисини тергашга тутди. –Нега уни қамаб қўйдингиз. Нега меникига келгани қўймаяпсиз?
–Унақа эмас, янга. Шамсиддиннинг ўзи бизникига борди, шу ерда яшайман, деб туриб олди, йиғлади. Мен уни қандай ҳайдаб юбораман, ноилож олиб қолдим. Қачондан бери, онангдан хабар ол, дейман, аввал ўқишга кирай, деб туриб олди, жуда ўжар экан.
–Ўқишга кирибдилар-ку, амаки, бугун келсалар бўларди. –Бодом норози оҳангда гапирди.
–Нима дейсан, айтдим-ку, жуда ўжар экан.
–Амаки, уйга киринг, онам ҳамманинг хаёлини олиб қўяди, таклиф қилишни ҳам унутибман.
–Ҳечқиси йўқ, сўрида ўтира қоламиз, уй иссиқ.
Қулмат атрофга разм солди, бир пайтлар акаси қурган иморат эскириб, мункиллаган чолга ўхшаб қолибди, деворларнинг пасти шўрахо очиб, дарахтлар бўталаб, тагларини ўт босган, чакалакзор бўлиб ётибди. Қуриган шохлар ҳовлини янаям файзсиз кўрсатади.
Қулмат бошини кўтариб, узумларга қаради, ҳосил жуда мўл эди. “Қизиқ, токни ким хомток қилиб, кесаркин?”, ўйлади у ва виждони қийналди, лоақал йилида икки марта келиб токни кесиб, хомток қилиб бериш унинг вазифаси эмасмиди? Шунчаликка ҳам борадими?”
–Узумнинг ҳосили яхши бўлибди, –деди у Бодомга қараб. –Ризқларинг-да.
–Ҳа, ҳар йили шундай ҳосил қилади, кузга бориб ҳамма қўшниларга тарқатиб чиқамиз.
–Хомтогини ким қилган?
–Ким бўларди, онамнинг ўзи. Бизникига Малика момодан бошқа ҳеч ким кирмайди, ҳазар қилишади.
Қулмат энди уялиб кетди, Бодом бу гапни шунчаки айтди-қўйди, лекин у ўзига олди, нима дейишини билмай ундан укаларини сўради.
–Ўйнаб юришибди, –деди Бодом. –Хайрулла билан Ғайбиддин кун бўйи кўчадан бери келмайди.
Маъқул хола ҳовузнинг четида уларнинг суҳбатини эшитиб ўтирарди.
–Янга, келинг, сўрига чиқинг, –деди Қулмат унга.
–Шамсиддинни соғиндим, келадими? – у бир оз юмшаганди.
–Келади, юбораман. Келмаса, ўзим етаклаб олиб келаман.
Қулмат гапини тугатар тугатмас бир-бирини қувлаб болалар кириб келишди ва амакиларига қараб ажабланиб қолишди. Қулмат уларни бирин-кетин бағрига босиб, пешоналаридан ўпди ва ширинликлар улашди.
–Сен пучуқ қалайсан? – деди Меҳрига. – Катта қиз бўлиб қолибсан-ку.
Меҳри Санамнинг пинжига тиқилди ва амакисига қараб жилмайди.
–Шамсиддин келмайдими? –Маъқул хола гапни яна Шамсиддинга бурди.
–Келади, яқин кунларда келади. Мен, аввал ўзим бориб, янгамдан суюнчи олай, дедим.
–Келармикин?..
–Келади. Албатта, келади. Келмай қаерга ҳам борарди, айтдим-ку, ўзим олиб келаман..
–Келмаса-чи?.. Келмаса нима қиламан?..
Қулмат жавоб беришга ҳам улгурмади, Маъқул хола ҳовлининг тўрига кетди.
–Келмаса нима қиламан? Келмаса нима қиламан? Келмаса нима қиламан?..
Унинг ортидан шу сўзлар эшитилиб турди.
Қулмат бош чайқаб қўйди, янгасига раҳми келиб, дарахтлар панасига ўтиб кетгунича ортидан қараб, хаёл суриб қолди. Бодом дастурхон тўшаркан амакисининг ўйга толганини кўриб гапирди:
–Бизнинг уйда ҳар куни аҳвол шу, лекин бу энг яхши кунимиз, баъзида ҳолимизга маймунлар йиғлайди. Шамсиддин акам чидолмади. Меҳри, сен онамнинг дорисини ичир, югур.
–Ҳозир. –Меҳри уйга кириб кетди.
–Қаердан бу дард янгамга ёпишди, ҳайронман, бинойидай аёл эди.
Бодом у-бу егулик қўйиб, чой дамлаб келди.
–Бўлди, ҳеч нарса керакмас, мен кетаман, қизим.
–Амаки, неча йилда бир келибсиз, бирпас ўтиринг.
–Энди тез-тез келиб тураман, –Қулмат хижолатомўз гапирди.
У Шамсиддинга юзта баҳонани қалаштириб ташлаганди, лекин жиянларидан хабар олмагани учун бирорта важи ўтмаслигини, аслида одамийликни унутиб қўйганини тушунди, қоракўз жиянлари олдида, акасининг руҳи олдида ўзини айбдор ҳисоблади.
–Амаки, акам қачон келадилар? – сўради Ғайбиддин.
–Келади, мен унга, укаларинг соғинибди, кўриб кел, дейман.
–Акам энди бизникида турмайдиларми? –савол берди Хайриддин.
–Туради, нега турмас экан? Фақат у ўқишга кирди, кўпроқ Самарқандда бўлади, таътил пайтлари ёнингизга келади.
–Амаки, мен акамни соғиндим, тезроқ келсинлар,– деди Санам.
–Хўп, хўп, айтаман.
–Акам ёмон, келмасин, – кутилмаганда Меҳри гапириб юборди. – Онамни уради, келмасин.
Болалар бири қўйиб бири чуғурлаб кетди. Қулмат жиянлари билан анча гурунглашди ва хийла енгил тортди, улардан тез-тез хабар олиши кераклигини англади. Кетмоқчи бўлиб ўрнидан қўзғаларкан, кўзлари янгасини қидирди.
–Ҳозир онамни чақираман, –деди Санам ва бир зумда уни топиб келди.
–Янга, қайтяпман, соғ бўлинг.
–Шамсиддинни соғиндим, тезроқ келсин, –тайинлади Маъқул хола.
Қулмат кўздан ғойиб бўлгунга қадар Маъқул холанинг лаблари пичирлаб турди:
– Шамсиддинни соғиндим, жудаям соғиндим…
Давоми бор
#Телбаҳикоя
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев