Ёҳуд қарғиш теккан уй. 3 -қисм.
Аёл унинг фикрини уққандай, Ҳафизахонга қараб салом берди, ёнига келиб ўтирди.
-Ассаломалекум, опа яхшимисиз? Кимингиз бу ерда ётибди?
-Валекум ассалом. Қизим шу ерда даволаняпти.
-Мен эримни олиб келдим. Учинчи курс леченяга.
-Даво қиляптими? Менинг қизим биринчи бор ётиши...
-Эээ, опажон. Давоси бор эканми, бу шумрўй касалнинг. Лекин-чи, турли гиёҳлар билан даволаса, бироз умрини узайтириш мумкин бўларкан... Қизингиз биринчи марта даволанаётган бўлса, сизлар ҳали билмасликларингиз мумкин...
-Ростданми, қанақа даволар қилдиз, эризга...
-Қаранг, кўпроқ момақаймоқ боруу, анов ариқлар чеккасида ўсадиган-чиии? Биз сутлама деймиз. Юлсангиз, қўлингизга аччиқ, оппоқ сути ёпишиб қолгани учун...
-Хўш, хўш?
-Ўшани десангиз, энди гуллаган пайтида олиб, сояда қуритишаркан. Заҳа қилмасдан. Сўнгра ўшани чойга дамлаб ичиларкан. Бирдан-бир даво эмиш.
Ҳафизахонни аёлнинг гаплари қизиқтириб қўйди. Қўлида қучоқлаб турган сумкасини ёнбошига қўйиб, бемалол жойлашиб олди ва астойдил гуррунглаша бошлади. "Табибларам кўп нарсани билишади. Эшитиб олай. Қизим уйга борса, даволайман".
-Ростданми? Нима кўп, томорқада сутлама кўп. Қўйларам тузук емайди,аччиқ бўларкан-да...
Аёл кулди.
-Ростданам. Аммо ўша нарса даво экан. Яна-чи, опа. Лимон ичиш зарур экан. Кунда битта лимонни, паррак-паррак қилиб, ҳар пиёла чойизга ташлаб ичавераркансиз...
-Қон босимни тушириб ташламасмиман?
-Йўқ, туширмаскан... Эримга кунда ичиряпман.
-Ҳозир аҳволи яхшими? Химиятерапея ёрдам беряптими?
-Бир нави... бу охирги давоси... Кейин уч ойдан яна шу курслар қайталанар экан...
-Ҳааа."Уч ойгача ўлмай яшай олса..."
-Чиқмаган жондан умид, опажон. Бир кун бўлса-да, бошимизда соя бўлиб юрсинлар. Болаларим ёш...- аёлнинг кўзларига ёш инди.
Ҳафизахоннинг ҳам кўнгли бузилди. "Мен Икромжоннинг шундооқ, ўлиб кетишига йўл бердим.Даволанишга олиб бормадим, даволанишга кўндирмадим. У хафаликдан, жигарларига араздан ўлиб кетди бечора. Энди армон бўлаяпти... Бу аёл эса, эрим деб югуриб юрибди..."
-Перекис водородниям оғизга ғарғара қилиш керак экан. Опа. Сўнгра ичимлик содаси бор-ку, хамирларга солинадиган...
-Ҳа, биламан.
-Ўшаниям, бир кичкина чой қошиқ... чой ўрнида ташлаб, ичиш керак экан...
-Яхши маслаҳвтлар бердингиз. Қизим уйга борса, менам шу йўллар билан даволашга уриниб кўраман...
-Яна-чи, яна... -аёл Ҳафизахонга яқинроқ сурилди, сирли гап айтаётгандай шивирлаб давом этди,- ёш боланинг сийдиги даво бўларкан. Ўғил боланинг сийдиги. Ўшандан ичириб туриш керак экан....
"Оббо, энди оширворди бу аёл ҳам. Бечора касалга бундан ортиқ шўриш йўқми? Ростмикин шулар?"...
Ҳафизахоннинг, қизи бериб юборган телефони жиринглади. Буёққа қайтаётганда, тўнғичи бериб юборганди. "Ёнингиз билан олиь кетинг. Куёвиз билан хабарлашасиз" Олди. Куёви.
-Янга, мен келдим.Чиқаверинг.
-Хўп бўлади.
-Синглим, мошиним келди. Сизга раҳмат.Қаранг, қанча яхши маслаҳатлар бердингиз. Умрингиздан барака топинг. Эрингиз тезроқ тузалиб кетсинлар.
-Айтганингиз келсин, омин!
Ҳафизахон кўчага чиқди. Куёви машинада кутиб турарди,
-Янга, сиз кириб жойлашаверинг. Қизингиз, синглимга обор деганди.- бир пакетда олма-мандарин, мева-чеваларни қўлига олди,-шуни ташлаб чиқай.
-Ўзи палатада бўлмаса,тумбочкасига солиб қайтинг...
-Хўп бўлади...
"Тўғри-да, ҳозир килоси фалон пул. Палатада турса... медсестралар ҳам олиши мумкин"... Сўнгра ўзининг зиқналигидан уялди...
"Шу касалларга келган мева-чевани олишмас... Шулардан баттармасдир ахир аҳволлари..."
Кириб машинага жойлашволди. Машинада яна учта киши бор эди. Улар бетоқатлана бошлашди.
-Тезроқ бўлсаларингиз-чи. Йўлда қайрилишини билганимда бошқа мошинага чиқардим.
-Бу ернинг қанақа касалхоналигини биласизми, синглим?
-Биламан,- қоши чисирилди ҳалиги иддао қилаётган келинчакнинг...
-Билсангиз... ҳеч кимни бу ерга келгулик қилмасин. Одамзод олдида нима борлигини билмайди. Ҳеч ким касални сотиб ҳам олмайди. Бироз сабрли бўлинг. Куёвим қизимдан хабар олиб қайтади.
Келинчак мулзам бўлиб қолди. Индамади. Қошини чимирганча, тескари қаради. Ҳафизахон сезди, ўзининг ҳақ гапи келинчакка ёқмаганини...
Бироздан куёви чиқиб, йўлда давом этишди...
-Янга, айтганиздек, тумбочкасига солиь қайтдим. Ўзи йўқ экан палатада...
-Майли. Кечқурун телефон қилиб айтармиз...
Сўнг...
Яна хаёлларга берилди.
Хаёлига касалхона ҳовлисида гуррунглашгани, ўша аёл келди."Ростданам, чиқмаган жондан умид, ахир. Ҳеч бўлмаса бу аёл мендай армон қилмайди. Эримни даволатмадим демайди. Иложи борича, бир кун бўлсаям узоқроқ яшасин деб югуриб юрибди..."
Ўзи-чи... Икромжонни ўлиб қолади деб ўйлаганмиди? "Йўқ ўйламагандим. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, индамвй ўн беш кунда ўлди-қўйди. Касал ҳам эмасди. Руҳсизлик олиб кетди уни... руҳсизлик. Умидсизлик олиб кетди... Тавба. Умидсиз бўлмаслигим керак. Ҳеч бўлмаса, қизим энди кўпроқ яшасин. Уйга борсам, ҳалиги аёл айтган нарсаларни бир дафтарга ёзиб оламан. Телефон рақамини олишим керак экан, ўша аёлнинг. Маслаҳатлашиб турармидим..."
Уйга қандай етиб келганини билмайди...Бироз мудрабди. Чарчоқ нима қилмайди...
Куёви дарвоза олдида тушириб, хайрлашиб кетди.
-Янга, келдик.
-Умрингиздан барака топинг, раҳмат.
Куёвига пул узатди. Куёвнинг жаҳли чмқди.
-Янга, аччиғимни чиқарманг. Пулиз кўп бўлса,тўплаб қўйинг, кераги чиқади...
-Сизам, бир сўм пул деб йўлга чиқасиз... Ҳа майли, дунё тургунча туринг. Илоё, ёмон кунга ҳеч қачон юзингиз тушмасин. Тупроқ деб тутганингиз олтин бўлсин, Омин!
-Ана бу бошқа гап. Раҳмат. Яхши ўтиринглар...
Куёви бошқа мижозларни туширгани кетди.
Ҳафизахон қилган ишидан мулзам бўлди. Пул узвтмаслиги керак эди куёвига... "Пулингиз кўп бўлса, тўплаб қўйинг. Кераги чиқади деди... Қизингнинг ўлимига ишлатасан дегандай совуқ эшитилди бу гапи..."
Юраги санчди...
Ҳовлига кирди.
Яна ҳар кунги ташвиши, уй-рўзғор ишига аралашиб кетди...
Ҳафизахон рўзғор камини тўлдиришга минг уринмасин, аёл-да, эплаёлмайди. Бекорга рўзғор деб қўйишмаган. Гоҳ у етмай қолади, гоҳ бу... Гўшт-мой олиб келса, эртасига картошка-пиёз тугаб қолади. Уни тахласа... бошқа яна камчиликлар чиқиб қолади. Биргина Алижоннинг нафақаси ҳеч нарсага етмаяпти. Бунинг устига қизининг хасталиги... Яхшиям, томорқадан у-бу экин чиқиб туради, овқатга ишлатади. Баъзиларини бозорга олиб чиқиб сотиб, ўрнига озиқ-овқат олиб қайтади...
Бир кундир-да... Ногирон ўғли дадасидан ямоқчиликни ўрганиб қолган экан. Илиқ кунларда онасига айтиб, уй олдига ўтирғич қўйдириб, дадасининг ишини давом эттира бошлади...
Ўн икки ёшлик гўдак. Яна у ногирон. Оёқлари ишламаса-да, қўллари бутун. Онасига куюндими, ё ўзининг бекор юргиси келмадими, бу ишга бош қўшди. Эски-туски пойабзалларни ямаб, кремлаб, ялтиллатиб қўяр, энди қўни-қўшни унга мурожаат қиладиган бўлганди.
-Алижон, болам. Ёнингга тоғорачага писта қовуриб қўйсам, сотиб берасанми?
-Ойижон. Олиб келинг. Сотиб бераман. Сақич ҳам...
-Айланиб кетай, ўзимнинг ақлли ўғлимдан.
Ана шундай қилиб, она-ўғил то устларига офтоб тушгунча, тушдан кейин эса, девор сояси тушгач, кечгача кўчада савдониям йўлга қўйишди...
"Рўзғорнинг камига яратарман...".
Энди янги қурилаётган уй ҳақида ўйлашга вақтиям, маблағиям йўқ эди.
Ўғли Умиджон айтди-ку, "Ойижон, қишга яқин ўзим бораман. Уйнинг чаласини ўзим битказаман" деб.
Қизи Моҳирага жавоб беришди. Уйга қайтгач, уям укасидан гоҳ-гоҳ хабар олиб турадиган бўлди...
Онанинг кўп вақти эса,томорқада ўтаяпти.
"Яхшиям, шугина ер бор экан... Мана, мевалари етишяпти. Қишга ёпишимиз керак. Болалар ейишади. Ортиқчасини сотаман."
Қизи келгач, бағри бироз тўлгандай бўлди. Уни даволашга, ўша ҳамсуҳбат аёлдан эшитганларини қилишга бел боғлади.
Қизига бу ҳақида айтганди, Моҳира ҳам қизиқиб қолди.
-Касалхонада дўхтирлар ҳам айтганди. Кўп яхши фикрларни. Ойижон. Уриниб кўрайлик. Балки фойдаси тегиб қолар...
Шундай қилиб, қизини ўз билганича даволай бошлади.
Типратикан гўштини топиб едирди. Илон гўштини едирди, момақаймоқни чой ўрнига дамлаб ичказди. Лимон билан даволади...
Хуллас, бировдан бир нарса эшитган бўлса, амалда синаб кўрди...
Моҳира учинчи марта даво курсини олишга марказга жўнади. Бу сафар унинг аҳволи анча жиддий, оғир эди. Аёл ҳар қанча табибларга югурмасин, касаллик ўз кучини кўрсатаётганди...
Гоҳида Ҳафизахон қизига қараб йиғлагиси келади. Кўз олдида шундай гулдай қизи сўлиб бораяпти, ёрдам беролмаяпти... "Э фалак, бунча ситаминг кўп бўлди бизга? Бунча синовни қаердан оляпсан? Қизимнинг бахтсизлиги етмасмиди? Касал берганинг нимаси? Мени шунчалик кучли деб ўйладингми Худойим? Бу ғамларни кўтара олади деб ўйладингми, Худойим. Менга бирон нарса бўлса, норасидаларим кунини кўролмайди-юю..."
Ҳалиям Ҳафизахон метин экан, метин. Агар унинг ўрнида бошқа биров бўлганидами... аллақачон синовларга енгилган бўларди, чидамасди, уйнинг баҳридан ўтиб қўя қоларди...
Энг ёмони шунда эдики, Ҳафизахон бу синовларнинг қисмат эмас, уйдаги қарғиш оқибатида эканлигига ишонарди, шу сабабли чидашга уринарди. "Ахир, болаларимнинг менга эҳтиёжи бор-ку. Менсиз ҳалок бўлади иккисиям..."
Ростданам, Алижонга онаси сув билан ҳаводай зарур... Унинг кичкина гавдасини кўтариб аравага қўйишга, шу онасигина ярайди.
Қизи эса... Моҳира. Моҳира учинчи даво курсидан сўнг уйга қайтганда аҳволи анча оғир эди. Кунлари саноқлилиги билиниб турарди...
Қариндош-уруғлар буни билганлари учунми, келиб ҳол-аҳвол сўрашар, хабар олишар, Икромжон вафот этгандаги жигарлар орасидаги совуқлик бироз аригандай эди...
"Болам, энди қайтгин. Опангнинг аҳволи яхшимас. Ҳеч бўлмаса, тириклигида кўриб қол. Буёғига Худо пошшо... Кел, болам. Етар шунча ишлаганинг. Барибир тақдирдан қочиб қутилолмаймиз..."
Онанинг тинмай Умиджонга ёлвориши бежизмасди. Моҳира кундан-кун кўз олдида сўлиб борар, оғриқ зўридан баъзан ҳушдан кетиб қолар, мия оғриғи кўзга берганми, кўзлариям кўрмай қолганди...
-Ойижон, йўлга чиқдим. Самолёт биланмас, машинада йўлга чиқдим. Бир ҳафталарда етиб борсам керак... Сиз хавотир олманг. Опамга мендан салом деб қўйинг. Мен ҳаммаларингизни яхши кўраман.
Умиджондан
келган телеграммада шу сўзлар ёзилганди...
Касал ёнида ўтирган инсон, ўша касалдан кўра кўпроқ азоб чекади. Буни бошидан ўтганлар билади.
Хаста одамнинг бетига телмуриб, лабига сув томдириб туриш... ўзингнинг бемор учун ҳеч иш қилолмаслигингни англаш, ночорлигингни хис қилиш нақадар азобли... Умид билан термулаётган хастага қараб йиғлай олмасанг, йиғинг бўғзингга тиқилиб, юрагингни ёндираверса... ташқарига чиқиб, тўйиб-тўйиб йиғласанг... яна беморнинг ёнига кирсанг, қизинг йиғлаганингни англаса... овозингнинг титроғидан, кўзларингнинг шишиб кетганидан, руҳингнинг сўниклигидан...
-Ойижон, мен йиғладим, сиз йиғламанг ахир, деб хаста сени овутса...
Кунлар тунга уланаверса, қийноқлар чўзилаверса... оғир уколнинг таъсирида бироз мизғиган танаси яна азобда тортишаётганини кўриб чидолмасанг... гоҳо шаккоклик қилиб, Худониям қарғасанг, сўнг дам ўтмай кечирим сўраб, тавба қилсанг...
Бунданам кўпроқ оғриқ бор эди Ҳафизахоннинг вужудида...
Ўн саккиз кун...
Ўн саккиз кун деганда... Моҳиранинг кўзлари бу дунёдан юмилди. Дунё билан хўшлашди, Аллоҳ ҳузурига қовушди. Шунча қилинган дори-дармонлар фойда бермади, шунча илтижолар ўрин тутмади.
Осмон тоқидан битта юлдуз учиб, йўқликларга синггиб кетди. Онанинг қучоғида жон берган қиз бўлиб, дунёлар кўчиб кетди...
Дод-фарёд ҳовлини тутди...
-Шошманглар, ўғлим йўлда, келиб қолиши керак. Ҳеч бўлмаса, сўнгги йўлга ўзи кузатиб қўйсин опасини...
Дафн маросимини ўтказишга шошилаётган амакиларни Ҳафизахон кутишга мажбурлади.
-Қизимни бир кун меҳмон олайлик, жон амакилари...
Эртаси тонгда келган хабардан биргина бу ҳовлимас, бутун шаҳар аҳолиси музлагандай тош қотди...
Йўлда, автоҳалокат содир бўлган. Умиджоннинг жасадини олиб келишганди...
Ўша куни икки тобут чиқди бу ҳовлидан... Икки тобут.
Бирини уйдан чиқаришди, иккинчисини деразадан... Ирими шунақа экан.
Ҳафизахон деярли беҳуш эди. Ўғлининг жасадини кўриб ҳам воқеани тузук англамади, ўғлим келади, кутинглар дейишдан чарчамади...
Югур-югурнинг барчаси тўнғич қизи Муҳаббатхонга ва куёвига қолганди. Тўғри, амакилар ҳам чеккада қараб туришмади. Дафн маросимини, маврудларни ўтказишга ёрдам беришди.
Умиджоннинг чўнтагида.... деярли уч йиллаб йиққан жамғармаси... йўқ эди... Бунга эҳтиёж ҳам қолмади назаримизда...
Маврудлар ўтиб бўлди... Ҳувиллаган ҳовлида она-ўғил қолишди. Телба она ва ногирон ўғил...
Кичик амаки уларни чала битган янги уйга кўчириб олиб келди. Уларнинг иссиқ-совуғидан хабар олишни ўз бўйнига олди.
Қарғиш теккан ҳовли эса... бойқушхона бўлиб қолаверди.... Бу ҳовли ҳали-ҳалигача турарди...
Яқинда, йўл идораси ходимлари шаҳарнинг генплани асосида кўпгина уйлар бузишганда, бу уйниям бузишди. Текислаб кўчага қўшишди.
Энди бу ерда хиёбон ташкил этишмоқчи...
Тамом.
Раъно Умарқулова.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев