Ёҳуд қарғиш теккан уй. 2 -қисм.
Инсон қаердан хавф келаётганини сезса, ўша томонга ҳушёрроқ боқади, сезгирроқ бўлади, сергакроқ туради. Қўлидан келганча хавф-хатарни бартараф қилишга уринади. Ўзича, асранмоқ йўлини излайди, керак бўлса, курашади, ҳаракат қилади, қўрғонга айланади.
Ҳафизахон, шўрлик аёл мана шундай ҳолатда эди ҳозир. Нима қилсаям, оиласини бало қазолардан асраб қолса. Нима қилсаям, хавф-хатарга қалқон бўлса, нима қилсаям, бундан сўнгра болаларининг ўлимини кўрмаса...
Аёл эмасми, бироз ишонувчан, бироз хаёлпараст, бироз содда, бироз гўлроқ эди табиатан... Бошқа аёлларнинг йўлидан борди.
Бошқа аёллардай йўл тутди....
Қанақа йўл деб ўйларсиз....
Шошманг, бироз. Навбати билан айтаман.
Баҳор ойлари эди.
Ҳафизахон эрини ва Алижонни ҳовлидаги сўрига олиб чиқди.
-Диққинафас уйда ётавериб, зерикиб кетдим. Яхши қилдинг-да. Олиб кел, майда-чуйдаларингни тўғраб бераман...
Икромжон томорқада куймаланаётган хотинига сўз қотди. Юролмасаям қўллари ишга ярайди-ку. "Бекор ўтиравераманми? Ўтириб қилинадиган бирон ҳунар ўргансам бўларкан..."
Овқатга солинадиган сабзавотларни хотини бир тоғорачага солиб олдига келтириб қўйгач, ҳафсала билан тозалаб, тўғрай бошлади.
-Ҳарна, сенга ёрдамим тегсин. Тонгдан тунгача қўлинг ишдан бўшамайди. Менам сенга азоб бўлдим.
-Унақа деманг дадаси, сизнинг борлигингизнинг ўзи бир давлат. Бошимизда соя бўлиб турганиззи ўзи катта бахт. Художоним баттаридан сақласин. Шу кунимизгаям шукур.
Алижон томорқа чеккасидаги энди бир-иккитаси очилаётган гулларни кузатар, ўзи айтмишлайин, капалаклар келишини кутаётганди...
-Гулларимиз очилай деяпти, капалаклар келармикин? Ё бошқа гулзорларга боришармикин... Нега бизнинг айвонимизга қалдирғочлар ҳам ин қўймайди?
Боланинг ўй-хаёллариям ўзидай беғубор, содда эди.
Ҳафизахон кечагина ўғли юборган пулни янги уйга ишлатиш режасини тузаётганди.
"Ўтган йили пойдевор ташлатгандик. Бу пулларга пишиқ ғишт олиб, жойни кўтарсак бўлади. Қанийди тезроқ ўша уйни битказа олсак. Кўчиб кетардик. Қайноғаларимни чақирсаммикин? Яхшиси, қизимга айтай. Куёв ғишт тўктирсин..."
Ўй-хаёл билан томорқада ишлаб юрганди, дарвоза тақиллади...
-Кимдир борми? Ай, қўшнилар? Кўчиб кетдизлами?
-Ҳафиз, кимдир келди. Эшикни оч.
Ҳафизахон этакларидаги тупроқни қоқиб, дарвозахонага интилди. Дарвозани очди.
Кўчада, ёши ўтиброқ қолган, кўринишидан анчагина виқорли, ҳали кучдан, эт-қонидан тушмаган лўли аёл турарди.
-Эби, қўшни шунча ураман эшигиззи очмайсиз.
"Биз томонда ҳеч ким қўшни деб гапирмайди, ҳамсоя дейишади"
-Ассаломалекум. Келинг. Томорқада пиёз ўтаётгандим.
"Анчадан буён биз томонларга лўлилар келмай қўйганди. Чегаралар беркилгандан буён. Бу қаердан чиқди?"
Унинг фикрини англагандай, лўли кампир гап бошлади...
-Ҳайрон бўляпсизми? Кўпдан буён тушимда шу ҳовлини кўраман. Қулоғим остида бир овоз янграйверади. "Уларга ёрдам бер. Тавқи лаънатни олиб ташла" деб тинч қўймайди... Атайин, сизларни деб чегара кесдим...
-Вой, опажон келинг. Жуда яхши иш қилибсиз-да. Чегарадан ўтказишдими?
-Қариндошларимиз бор буёқлардаям... Ҳужжат қилдик.
Аёл сўрига яқинлашди. Икромжон меҳмонга қўл қовуштириб салом берди. Савол назари билан хотинига қаради. Ҳафизахон елка қисди."Мен қаердан билай, нега келганини"
-Ўғлим, оилангиз бошида қора кунлар айланаяпти. Сезгандирсиз. Ўзингиз ҳам қуруқ қолмагансиз. Бу заҳматлар ҳали давом этади. Олдини олишни истайсизларми?
Мени сизга ёрдамга юборишди...
"Сен қандай ёрдам берардинг? Алдоқчи бир жўги бўлсанг..."
Аёл ўрнидан қўзғалиб, сўри чеккасига борди. Уйга қараб туриб нималарнидир ўқиди. Қўлини очиб дуо қилди.... Шу кўйича анча муддат туриб қолди...
-Сизлардан аввал ҳам бу уйда яшашган. Шундайми? Уй уларни бирма-бир ютган. Энди навбат сизларга. Кучли қарғиш бор бу жойда.
Олиб ташлаш қўлимдан келмайди-ю... Зиёнсиз қилиб бераман. Ўзи сизларни деб келганман бу ерларга...
Ҳафизахон меҳмонга ҳурмат юзасидан дастурхон ёзди. Чой дамлади. Аёл тўрвасидан нималардир олиб ишини давом эттирар, Ҳафизахонга эътибор ҳам бермасди.
Унинг гаплари эр-хотинни қизиқтириб қўйди.
"Бу жўгини Худо бизга жўнатди" ўйлади хотини.
"Буям бир алдоқчи-да, фирибгар. Пулингни олиб кетишга устомон. Қани томошасини тугатсин-чи" ўйлади эри.
Ярим соатларча уй атрофида айланиб, ўқиган лўли хотин, Ҳафизахонга юзланди,
-Энди уйингизга олиб киринг. У ерниям жинлардан тозалаш керак.
Ҳафизахон эрига қаради. Икромжон олиб кир деган маънода имо қилгач, аёлни етаклаб ичкари кириб кетди...
Орадан ярим соат ўтгач... аёл сўрида оила аъзолари билан чой ичиб, гуррунглашиб ўтирарди...
-Тушимга, айнан шу ҳолатда кирди уйингиз. Тепасида қора булутлар айланиб юрган ҳолда.
Ҳеч битта уй атрофида бунақа ҳолат кўрмадим. Мана зарарсизлантирдим. Битта қўй қарз бўлдилариз. Аммо, аҳволларингни кўриб турибман. Катакда қизил хўрозингизни олиб чиқинг. Қонини оқизишим керак. Шу билан бошлаган ишимни тугатаман...
Яна эр-хотин бир бирига қарашди."Катакдаги товуқ-хўрозгача биляпти-ку".
"Ушлаб, олиб чиқ"
Ҳафизахон товуқ катагига кириб кетди, хўрозни ушлаш осон бўлмади, албатта. Анча толиқиб эплади, бироздан хўрозни ушлаб чиқди.
Аёл Икромжоннинг қўлидаги ошпичоғини олиб, хўрозни сўйди, қонини пиёлага оқирди.
-Келин, юринг уйингизга...
Яна ичкари киришди. Лўли хотин дераза раҳларига, эшикка қон суртиб чиқди,
-Уч кунгача ювиб, артиб олманг... Ана, энди бўлди. Анча вақтгача тинчгина яшайсизлар...
Сўнгра ташқари чиқиб, хўрознинг танасини тўрвасига солиб қўйди.
-Қарғишни умуман олиб ташлаб бўлмайдими? Ё уйни бузиб олайликми опажон?
-Қарғиш синггиб кетган. Икки томон ҳам жазоланган. Сизлар жабрдийдаларсиз... Уйни бузиш шартмас. Вақт ўтиши билан ҳаммаси тузалади. Бемалол яшайверинглар...
Ҳафизахон хўрозга қўшимча, бир кийимлик атлас ҳам бериб, аёлни жўнатди.
-Буям алдоқчи бири-да, бекор бердинг кўйлакликни...
-Унақа деманг. Кўрдиз-ку, бир соатдан ортиқ хизмат қилди. Ҳеч нарса сўрамади. Уни бизга Худо юборди. Ҳар тонгдаги тилакларим бекорга кетмади. Материални ҳам ўзим бердим. Энди кўнглим хотиржам бўлди. Энди қора кучлардан қутилдик...
Шу воқеадан сўнгра, деярли бир йил тинчгина яшашди. Ҳеч қандай хавф-хатарга дуч келишмади. Уйни инсу-жинслардан тозаладик, энди тинчгина яшаймиз деб ўйлашди эр-хотин.
Икромжон ямоқчиликни ўрганди. Дарвоза олдига кичкина ўриндиқ қилиб, хотини аравачада уни кўчага олиб чиқар, ўтган-кетганга қараб, яхши-ёмонни кўриб, Икромжон қўни-қўшнининг эски пойафзалларини ямаб ўтирадиган бўлди...
Ҳафизахоннинг яна кўнглига чироқ ёқса ёришмаяпти. Кўксида ғивирлаётган хавотир унга туни билан тинчлик бермади. Бунинг устига эрининг гаплари жон-жонидан ўтиб кетди.
-Қизинг кечқурун нега келмади, сенга бирон нарса демаганмиди?
-Йўқ, ҳеч нарса демаганди. Қаҳвахонада кечгача иш бўлгач...
Улар ярим тунгача кутишди. Ҳамон қиздан дарак йўқ.
-Ўзи қизни ишлатган мен аҳмоқ! Катта қизингга қўнғироқ қил!
Она бечора титраган кўйи, тўнғичига қўнғироқ қилди.
-Муҳаббат, Марғуба ҳалиям ишдан қайтмади. Бирон кор-ҳол бўлдимикин? Эринг билан бир хабар олинглар-чи, ишлайдиган жойидан... Сенга ҳеч нарса демаганмиди?
-Йўўўқ, менга ҳеч нарса айтмади. Уч кундан буён кўрганим йўқ синглиммиям. Куёвингиз ҳам маст келган ишдан. Бироз кутайлик-чи... Ухлаб қолсин. Сўнг сиз билан биргалашиб, ишхонасига бориб қайтамиз.
Қўшни эмасми, тўнғич қизи уйдаги ҳамма ишларига балогардон.
"Қиз қурмағур... биров билан қочиб кетдимикин?" Онанинг кўнглига ҳар хил яхши-ёмон фикрлар кела бошлади. "Аҳдлашгани бўлса, совчи қўйса бўлмасмиди? Ё биронтаси..." буёғини ўйлашгаям қўрқди...
Ўзи, биз томонларда қалин катта бўлгач, "қиз қочибди" деган гаплар тез-тез қулоққа чалиниб туради. Эл айб қилиб тургани ҳам йўқ. "Қочибдими, бахтли бўлсин" дейишади. Лекин, қочган қизнинг борган жойи ҳам эътиборга лойиқ бўлса-да. Ёш нарсалар, билиб-билмай, ўзларини ўтга ташлаб қўйишлари мумкин. Ана шунисидан қўрқади Ҳафизахон. Унинг фикрларини эрининг гапи тўзғитиб юборди.
-Қизинг қочган. Сўнгги пайтлар ўзига оро-таро бериши бошқача эди қизингди. Қарамадинг. Мана оқибат...
Она индамади. Ҳозир ўқ десаям, бало десаям, калтак ўз бошида синишини билади. Шу сабаб, индамади.
Бироздан боласини етаклаб, тўнғич қизи кириб келди,
-Ойи, юринг-чи, бир хабар олайлик ишхонасидан.
Неварасини бобонинг ёнида қолдириб, она-қиз қаҳвахонага йўл олишди. Пахта тозалаш заводининг ёнидаги қаҳвахона бўлгач, пиёда боришсаям бўлади. Буёғи тунда машина қараб турибдими?
Қаҳвахона берк.
- Тун соат ўн иккида қаҳвахонада одам қоладими? Сенга ҳеч нарса демаганмиди?
-Йўўқ. Учрашиб юрган йигити бормиди, ойи?
-Билмасам...
Завод эшигидаги қоровул уларни кўриб, яқинлашди,
-Ҳа, опалар? Тинликми? Тун яримдан оққанда...
-Қизим уйга бормади.
-Ээ, Мая... қизингизмиди?- кейин ҳуштак чалиб юборди,- Олиб кетишди...
-Ким олиб кетади, Қаерга?- ҳовлиқиб сўради она.
-Ким бўларди, куёв-да. Уч йигит бир қизни бақиртириб машинага ортишганини кўрдим, ҳалигина... Бир соат аввалроқ.
-Аааа? Зўрдан олиб қочишдими?
-Милицияга хабар берамизми, ойи?
-Шошманглар-чи, бирон жойдан ҳиди чиқиб қолар. Эртан-мертан уйизга совчи борар...
-Ўзи рози бўлганда, бақирмасиди, зўрдан опқочишган бўлишса, мелисага хабар бериш керак.
-Ээ, опа-еее, сочи узунни ақли калта бўлади деб бекорга айтишмаган. Ҳа мана, мелисага бордизлар ҳам дейлик. Қизлариззи уйга қайтариб олиб келдизла, куёвни қаматдизла ҳам дейлик. Барибир, қизизни опқочилган дейишади, эрдан чиққан дейишади, маломат қилишади. Биронта хотини ўлганми, хотин қувганними тенги бўлади сўнг қизиз. Бироз сабр қилинглар, куёвнинг одамлари эртага хабар тутар. Бўлмаса, сўнг хабар берарсизлар ўша мелисага!
Она-қиз шалпайиб ортларига қайтишди.
-Ойи, тўғри айтади қоровул амаки. Ким бўлсаям пешонасидан кўрсин энди. Эртага хабар келмаса, кундузи бирга бориб, мелисага ариза берамиз. Ҳозир, куёвиз уйғонмасидан уйга бора қолайлик...
Ҳафизахон невараси билан қизини уйига олиб бориб, қайтди. Ҳайрият, куёви ухлаётган экан.
Қайнонаси гапдан хабар топиб, бошини сарак-сарак қилиб, ачиниб қолди.
Икромжон туни билан Ҳафизахонни ғажиб чиқди.
-Қиз болани отаси тергамайди, она тергайди. Кўрдингми, мана оқибати.
-Мен нима қилай? Менам сиздай ҳеч нарсадан бехабарман. Эртагача кутайлик-чи, бир гап бўлар...
-Ўлдириб бир жойга ташлаб кетишса нима бўлади?
-Йўғеее. Унчаликмасдир. Қоровул тоға айтдики, эртага уйизга одам юборишади деб...
Эртаси ҳам қиз ҳақида ҳеч қандай хабар эшитилмади. Кўнгли безовта она, тўнғичини ортига судраб, милиция эшигига борди.
-Кеча тундан буён қизим йўқ. Уйга қайтмади.
-Қаерга кетарди, опқочишгандир. Бир кун-ярим кун уйизда ўтириб, кутсангиз бўлмайдими?- ёши олтмишларга яқинлашган, бўрдоқига боқилгандай семиз милиционер Ҳафизахонга қошини чимириб қаради.
-Кўнглим алағда. Биров ўлдириб, дарёга ташлаб кетадигандек....
-Нафасиззи иссиқ қилинг-гее. Юртни ола ҳакка сўраяптими? Давлат бор, шаҳар бедарвозами?
Барибир, аризасини олиб қолди. Она ўзини хўрлангандек хис қилди.
"Ахир, юрт посбонлари деб қўйишибди буларни... Шуларки, сабр қил деб туришса... бошқалардан қандай гина қилиш мумкин?" -деб ўйлади. Нима қилсин, қўли калта. Оёғи остида машина бўлганида, шаҳарнинг ҳар битта кўчасига кириб чиқмасмиди, элак-элак қилмасмиди? "Қизим бирон марта суйганим бор демаганди. Унақа енгилтак қизлардан эмасди. Бошқа қизлардай ўзига зеб бериб ҳам юргани йўқ эди... Энди замонадан ортда қолмаслик учун, дугоналарига ўхшаб кийинса, кийинибди-да, дадаси оширворди".
Эртаси куни чошгоҳда милициядан қўнғироқ қилишди,
-Бўлимга келинглар, қизингиз топилди.
Она яна тўнғич қизини ёнига олиб, бўлимга ошиқди..
Қизига келинлик либослари кийинтиришган, ёнида қайнонаси бўлса керак, ясан-тусан қилган аёл, ёши каттароқ, афтидан икки-уч болали эркак билан бир хонада учратди.
-Қизим!
-Ойижоон!
-Нега уч кундан буён уйга хабар жўнатмадиз-лар. Хавотирдан ўлиб қолай дедим-ку...
-Қизингиз ўз ихтиёри билан кетган. Мана тилхатиям бор.
Қайнонасининг биринчи гапи шу бўлди. На салом, на алик. На ҳурмат, на иззат бор эди бу овозда. Қандайдир иддаонинг ҳиди келарди унинг гаплари оҳангидан.
-Ўз ихтиёри билан кетган бўлса, бақириб, ёрдамга одам чақирармиди?
-Қизим, тўғрисини айт. Мен билишим керак.
Қиз анчагина ўқитилган шекилли... Бошини эгиб ўтирар, онасининг бетига тик қараёлмасди... Ранги сўлиб, бир аҳволда қолган.
-Гапир, ойинг жавоб кутяпти...
Эркак қизга ўқрайиб қаради.
"Демак, куёв шу экан-да. Бунча катта кўринади. Демак, ажрашган ё хотини ўлган. Шу сабабли олиб қочишган. Мажбурлашган. Энди эса, қизнинг ўзини гуноҳкор қилишмоқчи... Оҳ қизим, қизим-аа. Шу сўлоқмон тенгинг бўлдими энди?"
-Ойи, мен ўзим кетдим. Ҳеч кимда гуноҳ йўқ. Аризангизни қайтариб олинг, Илёс акамни қамаб қўйишмасин.
-Бугун уйизга тўй юборамиз. Аризайиззи қайтариб олинг.
-Нега уч кундан буён келмадизла? Хавотирдан ўлиб бўлдик-ку...
-Биз ҳам бугун билдик, қизиз билан ўғлимнинг қилган ишини. Бирга пойтахтга кетишган экан, ўйнагани...
"Ёлғон гапиряпсан. Аввалданоқ билгансан. Атайин хабар қилмагансан" дегиси келди, тилини тишлади.
-Ойижон, қисмати шундоқ экан. Дадамгаям тушунтиринг. Аризангизни қайтариб олинг, илтимос...
Тўнғичиям илтимос қилавергач, она аризасини қайтариб олди.
"Ҳартугул тирик экан. Ҳартугул бир оилага келин бўлибди. Буёғини пешонасидан кўрсин."
Деярли бир йил тинчгина яшашганди. Яна ғалвали кунлар бошланди.
Қочган қиз...
Ҳурмат иззатиям шунга яраша бўлди Марғубасининг. Ҳаммасидан ёмони, куёв ажрашган экан. Уч боласини олиб қолиб, хотинини қувган экан. Буниси ўтиб тушди. Қизини ажратиб олай деса... ўргатилган тўтиқушдек бир гапни такрорлаяпти.
"Ойижон, аризайиззи қайтариб олинг. Қисматим шу экан".
-Ҳа, майли. Бўлари бўлди. Асли ўзимизда гуноҳ. Ишлатмаслик керак эди қаҳвахонада. Ёмон назарларга тушмас эди.нолойиққа ёр бўлмас эди. Пешонасидан кўрсин.
Икромжоннинг бу гапларидан кейин, тўй бошлашди. Бир ҳафтада тўйни ўтказиб, тинчишди.
Бу оилада энди уч киши бўлиб яшашяпти.
Ҳафизахон ногирон эри ва ўғилчасининг тарбияси, парвариши билан овора. Икки ногирон инсон ўртасида югургани-югурган. Бунинг устига рўзғор ташвиши, бозор-ўчар, қозон-товоқ, томорқа, мол-ҳолга ҳам ўзи балогардон. Кун бўйи рўзғор ташвиши билан югурса-да, ошхонадан чиқмаса-да, бирон марта чарчадим деб нолиганини ҳеч ким кўрмаган.
Аёллар бунча сабр бардошни қаердан оларкин деб ўйланиб қоласан, баъзан. Бошига иш тушсаям шукр дейди, фалокат ёғилсаям шукр қилади, баттаридан асрасин деб тилак қилади. "Ахир, аҳволи бизникидан баттарроқлар ҳам яшаяпти-ку, дунёда? Уйсиз, жойсиз, ватансиз, егуликсиз, паноҳсиз, сағир, ўксик одамлар қанча. Уларга қараганда яна бизнинг аҳволимиз яхши" деб ўйлаб қўяди баъзан Ҳафизахон.
Аммо қайноғасининг, турмуш ўртоғининг акасининг, ўша "Ўзимиз зўрға кунимизни кўряпмиз"- деб ёрдам беришдан бўйин товлаган одамнинг кечагина кенжа ўғлига машина олганини кўриб, кўзлари ёнди...
Йўқ, бу ҳасад эмас. Ҳасадда кўролмаслик иллати бўлади. Бу ҳавас бўлса керак. Уларча яшай олмаётганликларига ачиниш ҳисси бўлса керак. Бу дунёда тенглик йўқлигини англаш ҳисси бўлса керак.
"Нега бошқаларни ўйнатиб-кулдириб қўяди бу ҳаёт? Барча синовларини нега бизга юборади бу дунё? Ё буларнинг барчаси шу қарғиш теккан уй сабаблимикин? Ирим-сиримларинр қилдик-ку, ҳар пайшанба ўтганларнинг руҳига ҳатми сағира ўқияпман. Барибир, кўнгилсизликлар бизни четлаб ўтмаяпти.
Балки, улардаям камчиликлари, қийинчиликлари бордир, билдиришмаётгандир. Аммо, омадлари келгани рост."
Бу ҳақида эрига айтганди, эри жаҳл билан қўл силтади,
-Ҳаммасидан қўлимни ювиб, қўлтиғимга урганман. Мен соғлом пайтим ҳаммасига керак эдим. Ҳаммасининг ишига ярардим. Мажруҳ бўлиб қолганимдан буён ҳеч биттаси мени писанд қилмай қўйди. Ҳатто хабар олмай қўйишди. Қаерда бўлишсаям соғ бўлишсин, ишқилиб....
💥 Икромжоннинг нолиганича бор. Ўша машина олган акаси кеча катта зиёфат қилиб, ён-атрофдагиларни чорлаган, дўст-душманга ош берганди.
Кечаги кун Икромжон эрталабдан хотинига янги кўйлагимни дазмоллаб қўй. Акамнинг зиёфатига борамиз.- деб хотинига топширганди.
Ҳафизахон эрининг, ўзининг кийимларини тахлаб, каравотга илиб қўйди. Алижонни унақа жойларга олиб боришмайди. Чунки, Ҳафизахоннинг битта ўзи иккита аравачани суролмайди-ку.
Қисматнинг оғир зарбалари бу оилага қанча кўп ёғилгани сайин, оиладагиларнинг сабр косалариям улканлашиб бораётгандай, гўё. Аёл киши ҳамма нарсага кўнади, кўнишга мажбур. Нолиса, бундан баттар кунлар келишидан қўрқади. Ҳафизахоннинг
Ҳаво яхши кунларда Икромжон дарвоза олдига ўтирғич қўйдириб, қўлидан келганча ямоқчилик билан банд бўлади.
Энди етти яшаган Алижон ҳам баъзан дадасининг ёнида ўтириб, унинг қўл ҳаракатларини, бигизни қандай ишлатаётганини, ямоқчилик игнасининг оддий игналардай эмаслигини, анча узунлигини кузатади. Зерикса керак-да, сал нарсадан ҳафсаласи пир бўлаверади.
Гулларни кузатади, капалак қувгиси келади, имкони йўқ... Ҳамма болаларга берилган оёқдан бу бола маҳрум.... Туғма шол бўлганлигигами тақдиридан нолиб ҳам ўтиргани йўқ, дадасига ўхшаб.
Кўнгандек гўё.
Алижон бечора, ўз кунига қойил, индамайди, телевизордаги кўрсатувларни томоша қилиш билан овунади. Қўшниларини танимаслиги мумкин, аммо дунёнинг машҳур футболчиларини, хонандаларини жуда яхши танийди, улар айтган ашулаларни хиргойи қилиб юради... Ҳафизахон ўғлига қараб ич-ичидан ачинади. "Нима қилай? Даволатишнинг имкони бўлмаса, Худо унга ногиронликни муносиб кўрган бўлса..."
Ўғлининг кўнглини олишга интилади. Чалғитишга интилади.
Бир ҳафта аввал дўкондан дафтар, қалам олиб келиб берганди, яқинидаги мактабга бориб, алифбе китоби келтириб берганди. "Ўқишни ўргансин. Дунёни танисин".
Муаллима ҳам, ўғлиззи ўқишга ёзиб қўяман. Гоҳ-гоҳ мактабга олиб келинглар. Мактабда ўқигани ҳақида хужжат қилишимиз керак" деб қолди.
Ҳозир ўғилчасининг бор қизиқиши шу китоблар билан. Ҳарфларни чиройли ёзишга уринади. Онасини дам-бадам чақириб, янги ҳарфларни сўрайди. Бўғинларни бўғинларга қўшиб ўқишни ўрганяпти." Кўз тегмасин, боламнинг зеҳни ўткир. Бир ойда саводини чиқарса керак"...
Хуллас, Икромжон кеча кун
бўйи акасидан хабар кутди."Жиянларим келиб машинада олиб кетишса керак. Тайёргарлигингни кўриб қўй, яна шошилиб қолмайлик".
Аммо, на акасидан, на жиянларидан биронтаси хабар олишмади. Хабар олишмаганиям майли-яя, келинглар деб қўнғироқ ҳам қилишмади.
Кун бўйи дарвоза олдида ямоқчилик қилиб ўтирган Икромжон эса, кечга бориб тўнини тескари кийиб олди,
-Энди, келиб, олиб бораман дейишсаям бормайман.
Кечқурун ухлашга ўрин тўшаб, дарвозани бекитмоқчи бўлишаётган бир пайтда, дарвоза олдига бир машина келиб тўхтади,
Бу Икромжоннинг укаси эди.
-Ассаломалекум янга. Акам ухлаётганлари йўқми, нега зиёфатга бормадингизлар?
-Валекум ассалом. Ҳали ухлаганлари йўқ.
Қайноғаси уйга кирди,
-Ака, ассаломалекум, яхшимисиз? Бардамгинамисиз. Кўринишингиз тузук, тузук. Қалай, ямоқчиликни ўрганиб олдизми?
-Валекум ассалом. Кел, кел ука.
Ҳафизахон дастурхон тузади, чой дамлади, қайноғасини, эрини дастурхонга таклиф қилди,
-Ўрганяпман секин-секин. Ўзинг яхшимисан. Болаларинг катта бўлишяптими?
-Ҳа, бу... нега бормадизла акамникига Акам хафа бўп қолдилар...
-Бизга кел деб хабар йўлламаган акангиз, нега хафа бўларкинлар? Болаларининг оёғи остида бирмас иккита мошинаси бор. Ғир этиб келиб олиб кетишса, камайиб қолишмасди. Ҳеч йўқса, йўлкирасини берардим...
Қайноғаси ҳалиям каравот четида илиғлиқ турган кўча кийимларига бир қараб қўйди. Бор гапни англади, шекилли.
-Акам бирнарсалар бериб юбордилар,- у иккита салафан сумкани янгасига узатди.
Бирида нон, ширинликлар, иккинчисида бир товоқ ош.-
-Янга, ошдан иситиб келинг, акам тотиб кўрсинлар. Сиз хафа бўлманг. Югур-югур билан улгуролмаган бўлишлари мумкин келиб олиб кетишга...
-Унутишган деб қўювир...
-Жудаям унчаликмас. Бир неча марта сўрадилар сизни.
-Сен келиб олиб кетганингдаям бўларди-ку...
-Ака, менам кундузи ишда эдим. Садақасига бормадим. Биласиз, оз-моз кира қиламан. Рўзғорга у керак, бу керак. Болаларим ёш.
Кечқурун бордим зиёфатга...
-Ота-онамиздан давр ўтиб, жигарлик ришталариям узиляпти секин-секин...
Қайноға гапни бурди,
-Умиджондан хабар борми? Пул-сул юборяптими? Бу йил жойизни битирасизларми? Томорқасига мен у-бу экиб юрибман. Уйларизгаям ўзим кўз-қулоқ бўлиб юрибман.
-Ҳа, бу йил устини ёпиб, шифер қилдирмоқчимиз.
-Ҳа, яхши, яхши.
-Алижон ухладими?
-Ҳа, болам бечора ўтириб толиқади, ухлади...
Гап-гапга қовушмади, қайноғаси бир пиёла чой ичиб қўзғалди. Ҳафизахон уни кузатишга чиқаркан, мулозамат қилди,
-Келиб туризла, болаларни олиб. Овсинниям олиб. Бир пайтлар кўп келардизла...
-Ҳозир вақт йўқ, янга, вақт йўқ. Улгуролмаймиз. Овсинизам ишда, рўзғор ташвиши дегандай... Ўзимиз билан ўзимиз оворамиз, янга...
-Ҳа, майли... Салом айтинг ҳаммаларига...
Ҳафизахон ичкари кирганда, эри ўрнига чўзилганди,
-Ошга тегинмабсиз...
-Ухлайман. Дастурхонни йиғиштириб қўй.
Аммо, Икромжон туни билан ухлай олмади. Хўрлиги келдими, ўз ҳақир ҳолига. Қадрсизлигини сездими, акасининг қилмиши кўнглига тегдими, хуллас... Туни билан ухлай олмади. "Уфф"лаб тонг оттирди.
Ҳафизахон кун бўйи югур-югурдан чарчаганди, тош қотиб ухлабди.
Тонгда уйғониб кўрдики, эри ҳалиям кечаги ҳолда, тепага тикилганча хаёл сурганча... ётибди.
-Ҳадеб ўйлайверманг... Қўйинг. Ўзи тўйчиликда кўп нарса одамнинг эсидан чиқиб қолади. Ҳар нарсага хафа бўлаверманг...
-Қорнимгамас, қадримга йиғлайман, хотин!
Ўша куни дарвоза ташқарисига, ямоқчилик қилишгаям чиқмади. Руҳи тушкун эди эрининг.
-Бунақа ётаверманг, иш билан чалғинг, кўчаша чиқсангиз, яхши-ёмонни кўрасиз, ҳамсоялар билан салом-алик қиласиз. Ҳадеб уфлаб ётавергандан нима фойда?
-Мазам йўқ, кампир. Мени ўз ҳолимга қўй.
Бир ҳафта иситмалаб ётди, дўхтир чақиртиришга қўймади.
-Қўй, нима қиларди дўхтиринг... Яшагим ҳам келмай қолди.
-Унақа деманг. Ҳали ўғилларимизни уйлантиришимиз керак, сизсиз мен нима қиламан?
Тўнғичи иситма туширадиган дори олиб келди, фойдаси бўлмади.
Ўн беш кунча тўшакда ётиб, Икромжоннинг жони узилди.
Шу пайтгача, жигарларига хабар беришга қўймади.
-Келишмасин, билишмасин, кўришмасин менинг аҳволимни...
Охирги дамидаям хотини ёнидан қимирламади, Эри учун калима айтиб, кўзёшига бўғилиб ўтирди.
Тушдан кейин Икромжоннинг жони узилди...
Дадасининг гапига қарамай, тўнғич қизи амакиларига хабар йўллади...
-Дадамдан... айрилиб қолдик, амаки. Бошқаларгаям хабар қилинг....
Бирин-кетин ака-укалар келишди. Чопон, дўппилар кийиб, белларини боғлаб.
-Жигарим-ооо, жигарим. Бизни баёвда қўйиб кетган жигарим!
"Эрим тириклигида хабар олсангизлар, кўнглини кўтарсангизлар бўлмасмиди?" -дегиси келди Ҳафизанинг... айтолмади...
Икромжоннинг маъракалар ўтгач, ҳовли яна жимиб қолди.
Бу машъум сукунат энди Ҳафизахоннинг кўнглига хавф солаётгандай эди.
Сукунат инсон қалбини сокинлаштириш хусусиятига эга бўлиши керак аслида. Аммо Ҳафизахоннинг кўнглида... бу сокинлаштирувчимас, қандайдир руҳиятга ғулу солувчи, асабларни таранг қилувчи сукунат эди. Гўё уйларнинг ҳар биридан бир тўда қора-қура, жундор маҳлуқлар чиқиб келаётгандай, уни ўртага олиб масхаралаётгандай эди гўё. Бизнинг мамлакатимизга бостириб кирганларнинг аҳволи шунақа бўлади деяётгандай эди гўё...
Тавба, астағфирилло, бу нимаси?
Қўрққанча, Ёсин сурасини ўқий бошлади. Кейин оятул курсини бир неча марта такрорлади... Ҳар қайси хонага кириб, бу оятларни ўқиб чиқди. Гўё, назарида ҳалиги махлуқларни ҳайдагандек кўнгли осойиш топди.
Энди инс-жинслар менинг атрофимда ўралаша бошлашдими? Шунақага ўхшайди...
Шу пайтгача кўзимга ҳеч нарса кўринмасди. Бугун менга нима бўлди? Йўқ, Бунақаси кетмайди... Бир йўлини қилишим керак.
Қайноғалари мусофирдаги ўғлини чақришни маслаҳат беришганди.
"Йўқ, болам бу ерга келса, бирон зиён топмасин. Яхшиси, уй-жойимиз битгунча мусофирда бўла қолсин" деб ўйлади. Тўғри ўйлади. Унинг назарида уйдаги номаълум, золим руҳлар эркакларга ўч эди. Умиджонини асраб қолмоқчийди ҳеч бўлмаса...
"Бир ҳовли одам эдик. Энди шу ногирон ўғлим билан бойқушдай қолдимми бу зиёнли ҳовлида? Пешонам бунча шўр бўлмаса..."
Ўғли Алижоннинг ёнида йиғлашгаям ийманарди. Бунга сайин ўғли унга яқинлашар, унинг дардини қўзғарди.
"Ойижон, дадамсиз энди қандай яшаймиз? Қийналиб қоламиз-ку"...
"Болам, бошга тушганни кўз кўрар дебдилар. Буям Худонинг бизга юборган бир синови. Манглайимизда борини кўраверамиз. Томорқага у-бу экаман, бозорга олиб чиқаман.Сени ёлғиз ташлаб кетолмаймае, бўлмаса, биронта ишга жойлашсам ҳам бўларди......"
Яхшиям, тўнғич қизи тез-тез хабар олиб турарди ҳолидан.
Мана шундай кунларнинг бирида...
ўртанча қизи Моҳирани, куёви юкларини битта машинага босиб, ота уйига ташлаб кетди.
Ҳафизахон қизининг бирон марта нолимай, оғир шароити ҳақида гапирмай, индамвй қайтганига тушунолмасди.
-Нега бунақа қилди? Ё ўғирликда тутилдингми? Ё бузуқлик билан ушлаб олдими? Нега ҳе-йўқ, бе йўқ юкларинг билан олиб келиб ташлади?
-Билмайман ойижон, билмайман!
Ҳар доим бошимга урарди. Бошим оғрийдиган бўлиб қолди. Ҳарқанча ҳақоратларига, таёқларига чидадим... Аммо, уйни бўшат деь туриб олди. Бир бузуққа илакишиб қолган ойи. У ҳомиладор эмиш. Менга уйланмасанг, қаматаман деб таҳдид қилаётган экан. Менга эса, уч йилдан буён Аллоҳ битта тирноқ насиб этмади...- қизи бўғилиб йиғлади.
-Ўртада муҳаббат бўлмаса, илиқ муносабат бўлмаса, қадр-қиммат, меҳр-оқибат бўлмаса, бола қаёқдан бўлсин...
-Майли болам. Бир кунимизни кўрармиз. Кўп ўзингни еганингдан нима фойда. Эринггаям Худонинг боққан балоси бордир. Кеч қўярман, кечирмасман дебди Худойим ҳам.
Сабр қилиб юравер-чи...
Моҳира келгач, ҳовлида бироз жонланиш пайдо бўлди.
Ҳафизахон айтганидек, она-қиз томорқага зўр беришди. Ҳар хил зираворлар, гуллар экишди. Озгина жойга сувқоғоздан қўлбола иссиқхона қилдиришди.
Моҳира уйда бўлгач, Ҳафизахон томорқасидан чиққан маҳсулотларни ҳар тонг бозорга олиб чиқиб, улгуржи нархда топширадиган бўлди.
Оиланинг моддий қийинчиликлари бироз бартараф бўлгандай эди.
Аммо, Ҳафизахон хафа. Бу фарзандиям бахтсиз, деярли ногирон бўлиб қолганди.
Негадир, Моҳира ҳар доим бошим оғрияпти деб нолинар, дори ичгани билан фойдаси йўқ эди. Бошига теккан зарбалар кўзигаям зиён қилганми, ҳар доим кўзи ёшланиб, кўриш қобилиятини йўқотаётгандай эди...
Она имкон топиб, қизини дўхтирларга кўрсатмоқчи, даволатмоқчи бўлар, қўли калталиги панд берарди...
Ахийри бўлмади... Қизи ётиб олгач... тўнғичининг маслаҳати билан Моҳирани касалхонага олиб боришди.
Туман касалхонасидагилар аёлнинг кўнглига ғулғула солишди, қўлига бир парча қоғоз бериб, вилоят марказидаги Марказий ташзис қўйиладиган касалхонага жўнатишди.
"Қизингизнинг миясида ўсимта пайдо бўлган. Бу ҳали тахмин. Бизда марказдаги имкониятлар, томогоафия қилиш аппарати йўқ. Марказий касалхонага бориб, қайта анализ топширинглар. Миясини томография қилинглар. Шунга қараб, даво курсини белгилаймиз".
Уй-ҳовлини, Алижонни тўнғич қизига омонат қўйиб, улар марказий касалхонага жўнашди.
Анализларни топширишди. Ҳатто жавобларини олишга улгурмасиданоқ, Моҳирани вилоят онкология касалхонасида олиб қолишди.
Ҳафизахон руҳсиз ҳолда уйга қайтди.
Яна алами олти бўлди аёлнинг...
-Ойижон, бу гал мен бориб хабар олиб қайтаман. Куёвингиз вилоятга қатнайди-ку. Ўзим бориб, врачлар билан ҳам гаплашаман. Керакли дориларини олиб бериб қайтаман Моҳирага.
Тўнғич қизи болаларини онасига қўйиб, синглисини кўришга жўнади.
Кечқурун келгач эса... онасига ётиғи билан тушунтирди.
-Ойижон, Моҳиранинг анализлари чиқибди. Тасдиқланибди касаллик. Химиятерапия қилишармиш. Душанба куни ўзингиз ҳам бориб хабар олиб қайтинг. Куёвингиз ўзи оборади.
Давоми бор.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев