– Менга шогирд бўлиб келганингга қанча бўлди?
– Йигирма йил бўлди, устоз.
– Шу ўтган вақт мобайнида мендан нима ўргандинг?
– Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзгармайдиган етти ҳақиқатни ўргандим.
– Қани, гапир унда!
– Биринчи ҳақиқат шу;
🔘 Ҳар бир инсон нимагадир, кимгадир кўнгил беради, боғланади. Аммо буларнинг ҳаммаси одамни ярим йўлда ташлаб кетади. Мен эса мени ҳеч қачон ташлаб кетмайдиган, ўлганимда ҳам бирга бўладиган дўст қидирдим ва эзгулик, яхшиликларни танладим. Чунки яхшилик улуғ сафарда одам боласининг ҳеч тугамайдиган озуқаси ва ҳақиқий дўстидир.
– Тўғри айтдинг. Иккинчиси нима?
🔘 Аксарият кишилар ўткинчи дунё молига кўнглини топширган, уларни йўқотмаслик учун куйиб-пишади. Ким бойлиги, ким ҳусни, ким мансабига банди, уларни қўлдан бермаслик учун тинмай ҳаракатда. Мен эса бутун борлиғим ва барча истакларимни Унга топширдим, кўнглимни ёлғиз Унинг севгисига очдим.
– Баракалла, учинчисини сўзла.
🔘 Кишиларнинг бир-бирларидан устун бўлиш учун мусобақа қилаётганларини кўрдим. Бу йўлда бир-бирларини тепиб, босиб ўтишдан ҳам тойишмайди. Мен эса устунликни ўткинчи дунё молларига эгалик қилишдан эмас, ақл ва ахлоқ билан, ҳар турфа ёмонликдан қочиб, доимо яхшиликка восита бўлишдан ахтардим.
– Офарин! Тўртинчисини айт.
🔘 Кузатсам, одамлар эртадан кечгача ўзларининг ишлари қолиб, бошқалар билан машғул бўлишади, уларнинг ҳар бир қадамини билгилари келади. Бундай қилиш билан вақтларини бекорга сарфлашади. Бунга уларнинг худбин, ҳасадгўйликлари сабаб эканини тушундим. Ва кўнглимни бундай кирлардан тозалаб, ҳаммага дўст бўлиб, ҳузур ва ишонч билан яшаш йўлини танладим.
– Тасанно, бешинчиси-чи?
🔘 Кўпчилик одамлар ўз хатоси учун бошқаларни айблашга зўр беришади. Ваҳоланки, кишининг бошига неки келса, ўзи сабабчи. Буни англаб, ўзим билан ўзим жангга киришдим, нафсим сўзига қулоқ солмасликка ва васвасага солаётганнинг домига илинмасликка ғайрат қилдим.
– Буниси ҳам тўғри. Олтинчиси...
🔘 Одамлар ****-ичиш, кийиниш, умуман дунё молларини қўлга киритиш учун ҳалол, ҳаромга эътибор беришмаслиги, бировларнинг ҳаққини ейишларига гувоҳ бўлдим. Ўзгаларни қийнаб бир ёмонлик қилишса, бу гуноҳнинг азобини виждонларига юк қилиб, икки карра ёмонлик қилишган бўлади. Ваҳоланки, тўғри яшаб, дурустлик билан баҳам кўрилса, дунё неъматлари барчага етиб ортишини билдим..!
– Ва ниҳоят, еттинчиси...
🔘 Одамзот доимо нимагадир ишониш ва суянишга муҳтож. Ким молига, ким ҳуснига... Аммо буларнинг ҳаммаси ўткинчи. Буни билиб, мен фақат Аллоҳ таолога суяндим, Ундангина ёрдам сўрадим. Бунинг эвазига қалбимга мустаҳкам ишонч эҳсон этилди.
– Аллоҳ муборак қилсин, мен ҳам бутун йиллар давомида қанча китобларни ўқидим, ўргандим ва сен санаб ўтган етти ҳақиқат уларнинг асоси эканини англадим деган эканлар...!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев