МУРУВВАТ УЙИ
-Дада, Қарияларнинг ҳам ўз уйи бўладими?
-Ҳа, - деганди отаси газетадан кўз узмай.
-У ерда фақат қариялар яшайдими? Ёнида болалари бўлмайдими?
Отасини яна бош ирғаб тасдиқлаганди.
-Болалар ташлаб қўйган чол-кампирлар ўша ерга бориб яшашади... Бўлди, бунақа гапларнинг сенга кераги йўқ, ундан кўра, дарсингни тайёрла...
Орадан йиллар ўтиб, тақдир тақозоси билан отанинг ўзи ҳам айнан ана шу ғариб маскандан қўним топишини ўша фурсатда ота-бола хаёлларига ҳам келтиришмасди.
Тўғри, отаси бой эмасди. Ўғлини ўқитолмади, катта-катта идораларга ишга жойлашга ҳам қурби етмади. Ҳар қалай биттаю битта ўғлини оч, яланғоч қолдиргани ҳам йўқ. Уйлантирди, уйли-жойли қилди. Аммо, суянган тоғи – аёли оламдан ўтгач, жуда ҳам яккаланиб қолди.
У эрталаб чиқиб кетади, кун бўйи ишда, қарийб ярим кечаси қайтиб хотини, болаларининг ёнига кириб кетади. Қартайиб қолган ота эса, икки хонали каталакдек уйнинг бир чеккасида куймаланганча кунни кеч қилади.
Эркак кишининг кексайганда ёлғизланиб қолиши ёмон. Бундай пайтда суянчиққа, ҳамдард инсонга, далдага эҳтиёж сезади. Отасига ҳам қийин бўлди. Бир тарафдан келиннинг қош-қовоғию, аччиқ-тизиқ гаплари ҳам жонидан ўтгандир. Ўзи-чи, кундалик ташвишлари билан бўлиб, ота билан гаплашмоққа, дардлашмоққа фурсат тополмайди.
...“Мурувват уйи”га кетиш таклифи ҳам отасининг ўзидан чиқди. Аввалига у оёқ тираб турди. Аммо, бу қаршиликлар номигагина кўрсатилаётганини ҳар иккиси сезиб туришарди. Кейинги пайтларда етарлича меҳр ва эътибор кўрсата олмаётганидан ўзи ҳам хижолатда эди. Балки у ерда ўзи тенгилар ичида ўзини эркинроқ сезар?
Бу гап айниқса хонадон бекасига маъқул тушди. Қайнотасини очиқ чеҳра, мулойимлик билан “кузатиб қолди”. Тез-тез йўқлаб туришга ваъда берди.
Отаси кетгач, унинг наздида торгина кулбаси янада кичрайиб қолгандек, деворлар тобора торайиб уни исканжага олаётгандек туюлди. Нохуш хаёллардан чалғиш учун қўлидаги телефонини титкилай бошлаган пайти эндигина мактабга бораётган ўғли отасининг пинжига суқулди:
-Дада, қарияларнинг ҳам ўз уйи бўладими?... У ерда фақат қариялар яшайдими?
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев