286-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Кеча яхши қилдик, ростдан ҳам. Бир-икки марта шунақа қилсак, яна тўй чиқади Али акага. Менга қаранг, “Дўстим, пулинг борми”, деб сўрасангиз-чи?
- Бор дейди-да.
- Ҳа, биламан. Бўлмаса... ўйланди Али. - Эртадан кейин яна ҳақимизни берамиз акага.
- Албатта. Бўпти, Сардор.
- Бўпти.
Сардор телефонини ўчирди. Шаҳбозга қаради:
- Шогирди Сардор, бир кофе дамласангиз-чи?
- Хўп бўлади, устоз.
Шаҳбоз дик этиб турди. Электр чойнакка сув қуя бошлади.
- Биласанми, шогирди Сардор деганимни икки хил тушунса бўлади. Хоҳла, Сардорнинг шогирди деб тушун, хоҳла, шогирдларнинг сардори деб тушун. Кўрдингми, сени қандай кўкка кўтаряпман, - деди Сардор ақллилик қилиб.
- Раҳмат, устоз.
- Камрон ака ва Али ака зўр лойиҳа устида ишлаётгани ҳақидаги хабарни ёздингми?
- Ёздим устоз.
- Ташлаб бер-чи, устидан бир кўрай, кейин каналларимизга қўйворамиз. Менга қара, Ситора ва Лазокат опа ҳақида ҳам нимадир ёзишимиз керак. Пиар ўйла, шу иккиси ҳақида. Ситорани алоҳида ёзсак ҳам бўлади. Ёмон чиройли экан.
- Юрагингиздан урмадими, устоз?
Сардор хўрсинди. Шаҳбоз маъноли қараб қўйди.
💞 💞 💞
Зилола ва Зулайҳо опанинг ётоғи. Зилола ўзининг каравотида ўтирибди. Кафиятсиз. Зулайҳо чўзилиб ётибди.
- Ойи, мен кийим олаётганим йўқ, - деди Зилола сиқилиб. - Ёқмади, киймай қўя қоламан, десам. Ё бировга бериб юборсам. У йигит билан бир умр яшашим керак бўлади. Мен яшолмайман у билан. Ишонасизми, гапираверса, асабим ўйнайди. Шунақа ёмон кўраман.
- Никоҳнинг ўзгача кучи бор. Яхши кўриб кетасан. Энди ҳеч нарса қила олмайман. Эркаклар ўн кундан кейин фотиҳа деб кетишди, - деди онаси бемалол.
- Нима? Ўн кундан кейин фотиҳа?
Зилоланинг эси кетиб қолди.
- Мен сизга тегмайман, деб кетдим-ку, ойи.
- Лазо телефон қилмадими? Бераверинг, ўзим кўндираман, деди-ку, - Зулайҳо опа ўрнидан туриб, каравотига илинган рўмолни қўлига олиб бошига ўрашга киришди.
- Ойи, опам яшамайди у билан. Мен яшайман. Нега менга эмас, опамга қулоқ соласиз?
- Зилол, ўзинг ўйлаб қара. Ёшинг ҳам кичкина эмас. Яна бир йилдан кейин сени хотини ўлган, ажрашган эркаклар сўрайди. Бу уйланмаган бўлса, ўзига тўқ, дўконлари боракан. Мазза қилиб яшайсан. Алоҳида уй ҳам олиб қўйишганмуш...
- Бу нарсалар кўнглимни илитмайди. Мен билмайман, телефон қилиб айтинг. Фотиҳа бўлмайди!
- Уф-ф-ф! - Зулайҳо бошидаги рўмолини тўғирлаб, хонадан чиқиб кета бошлади.
- Тушундингизми, ойи?
- Ҳар бирингнинг кўнглингга қараб чарчадим. Унинг у дейсан, бунинг бу дейсан? Қон босимим чиқиб кетди, ахир...
287-қисм
Зилола хўрсинади. Онасининг орқасидан қовоқ осиб қараб қолди. Ўзига ўзи гапирди:
- Али аканинг онасига мени фотиҳа қилишяпти, десаммикан? Ё Али ака ҳақида ойимга айтсаммикан? Яхшиси... опамга айтишим керак. Али ака менга ёқади, десам... ёрдам берар балки...
💞 💞 💞
Серқатнов кўча. Лазокат рулда. Орқа ўриндиқда Самира ўтирибди. Боши эгик. Лазокат асабий.
- Мен сендан юзинчи марта сўраяпман. Менга нега унақа дединг?
Самира индамай ўтираверди.
- Тилингни ютиб юбордингми? Ё эски касалинг бошландими, яна?
Самира хўрсинди. Боши эгик.
- Ҳей қиз! Соқов бўлиб қолдингми? – бақирди Лазокат.
Самира онасига бир қарайди-ю, яна бошини эгиб олди. Лазокат уҳ тортди. Бақирди:
- Бир қараса бип-бинойисан, бир қараса, гунг-соқовга айланасан? Нега шунақасан, а? Нега менга “Дадамни ўлдиришмоқчи” дединг? Телефонингни ким тортиб олди? Гапир!
Самира жим.
- Дадангнинг хотини, а? Телефонингни ўша тортиб олдими? Сени нима деб қўрқитди? Уйингга кетмасанг, дадангни ўлдираман, дедими? Гапир! У-ф-ф-ф!
Лазокат асабийлашиб машина ҳайдашда давом этди.
💞 💞 💞
Раъно дераза олдида турибди, асабий. Телефонда Малика билан гаплашяпти.
- Онаси келиб олиб кетиб қолди. Ҳеч нарса демадим. Лекин энди қўрқяпман. Онасига ҳамма гапни айтиб берса-чи, деб.
- Гап ташийдиган одати борми?
- Йўқ, ташимаган аввал. Озроқ пўписа ҳам қилдим. Айтмас. Лекин айтса-чи? Даврон ака билан орамиз баттар бузилади.
Маликанинг овози: Боланинг гапига ким ҳам ишонарди? “Мен ҳеч нарсани билмайман, шунақа киноларни кўргандир? Кинолардаги гапларни айтяпти” де. Боланинг нимасидан қўрқасан?
- Шуни айт...Ўзингда нима гап?
- Ўша-ўша... Камрон акам гапирмаяпти.
- Мали, шу Лазокатни ишхонасига устидан ёзиб берсак-чи? Ишдан бўшаб юборсак-чи? Эфирга чиқмайди, эрларимизнинг хаёли бузилмайди.
- Аноним қилиб ёзамизми? Ростдан ҳам ишдан бўшаса, бизга ўхшаб уйда ўтириб қолса, кўзи очилар? – маъқуллади Малика.
- Ўйлаб чиқ, нима деб ёзишимизни.
- Майли... Бўпти яхши дам ол.
💞 💞 💞
Лазокат онасининг уйига Самира билан шошиб кирди. Зулайҳо опа кутиб олди.
- Ойи, мен тўйга кеч қоляпман. Самирани олиб қолинг. Гаплашинг ўзингиз. Мен қўрқитиб чақирди, энди ўзи соқовга айланиб олди.
- Бир ҳафтага олиб кетаман демаганмиди Даврон?
- Даврон ака олиб кетаверади, анув хотини қўрқитган буни. Шуни сўранг.
Ичкари уйдан Зилола югуриб чиқди:
- Опа, келдингизми? Сиз билан гаплашишим керак.
Опа-сингиллар қучоқлашишди.
- Менинг ҳам сенда гапим бор. Кечадан буён айтолмайман-ку, - деди Лазокат.
- Менга жудаям кераксан.
288-қисм
- Тўйга кеч қоляпман, асалим. Гаплашамиз. Фотиҳа тўйингни айтаётган бўлсанг, бўлади! Азим яхши йигит!
- Уф-ф-ф!
Лазокат чиқиб кета бошлади:
- Бахтли қилади, сени....
Зилола опасининг орқасидан мунғайиб қолди.
💞 💞 💞
- Сен нимадир дегансанки, Лазокат келиб олиб кетган, - деди Даврон хотинига синовчан тикилиб.
- Нима дейман, мен? – деди Раъно ичидан зил кетиб.
- Ана шу нима деганингни сўраяпман. Самирага нима дединг?
- Ҳеч нарса деганим йўқ.
- “Дадангни ўлдираман”, дедингми?
Раъно кулди:
- Вай тавба, тавба... Бу қизча кино кўп кўрган шекилли. Ё ҳозирдан онасига ўхшаб ҳаммани ўз қўшиғига ўйнатяптими, дейман?
Давроннинг қошлари чимирилди:
- Ўв-в-в, Самира ҳали гўдак, нималар деяпсан?
- Гўдак бўлсаям, мана ҳаммани жинни қиляпти-ку! Нима бўлсаям ўша бузуқ онасининг боласида!
Даврон Раънонинг юзига тарсаки туширди.
💞 💞 💞
Тўй тугаган. Лазокат, Али, Камрон, Сардор, Ситора бирга туришибди. Тўйхонадан одамлар чиқиб тарқаляпти. Али Ситорага қаради:
- Ситора, сизни ташлаб ўтиб кетаман.
Сардор Ситорадан кўз узмай турарди. Лазокат рашк, алам билан Алига қаради. Бирдан Сардор гап қўшди:
- Али ака, сиз кеннайимни олдига тезроқ боришингиз керак бўлса, Ситорани мен ташлаб қўяман.
Лазокат гапни илиб кетди:
- Тўғри, Сардор ва Ситоранинг йўли бир шекилли.
- Кеннайинг шифохонада. Ситорани эса ўзим чақирганман. Ўзим обориб қўйганим яхши. Биз кетдик, бўлмаса. Ҳамма яхши етиб олсин! Юринг Ситора...
- Яхши етиб ол дўстим, - деди Камрон.
Улар хайрлашишди, Али ва Ситора кетди. Лазокат Сардорни туртди:
- Битта қизни кузатиб қўёлмадинг...
- Яхши от кейин чопади, Лазакатапа.
- Яхши от чопгунча олғир отлар илиб кетмаса бўлди.
Улар кулишди.
Лазокат ҳам машинаси томон юрди. Машинасига ўтирганида ёнидан Али ва Ситора машинада ўтиб кетди. Лазокат алам билан қараб ўзига ўзи деди:
- Мен боламни олдираман, деб юрибман. Нега олдиришим керак? Али ўзи тирноққа зор бўлса... Ҳомиладорман десам, ўзи кафтида тутади, мени... - Лазокат ғурурланиб қўйди. - Ниҳоят ижарада яшаш, уйда сиғинди бўлишдек балолардан қутуламан.
💞 💞 💞
Тонг. Радио. Жамшид эшиттириш олиб боряпти:
- Бу дунёда борлигимизнинг ўзи бахт. Шу бахтни қадрлаб яшайлик. Сиз билан Жамшид Шомуродов бўлди. Хайр!
Мусиқа янгради. Жамшид наушникни ечиб, кайфияти чоғ ҳолда хонасига келди.
- Рейтингни кўришим керак, - деди ўзига ўзи. - Бугун кўтарилгандир? Негадир тушиб кетяпти-да...
Шу пайт ички телефон жиринглади.
289-қисм
- Ало, ассалому алайкум Одил Сафарович! – деди Жамшид директор ўринбосарини дарҳол таниб.
- Ва алайкум ассалом. Рейтингни кўрдингизми, Жамшиджон. Буткул тушиб кетди. Али Мансуровнинг йўқлиги билиняпти. Алини чақиринг, ўзим бир гаплашиб олай...
Жамшиднинг авзойи ўзгарди:
- Хўп, чақираман. Лекин... ҳозир ўзи интернет авж олган замонда радиога талаб ҳам пасайяпти-да.
- Али бор пайтдаям интернет бор эди. Чақиринг Мансуровни, олдимга келсин.
- Хўп...
Жамшид телефонни жойига зарда билан қўйди.
- Али, Али, Али... ҳеч қутула олмасканман-да, сендан... – нафрат билан деди Жамшид. - Бир йўли бордир? Нима қилиб бўлса ҳам сени бу ердан бутунлай кетишга мажбар қиламан.
💞 💞 💞
Лазокат ишхонада компютерда ишлаб ўтирибди. Ўйга толганча қорнини ушлаб қўйди.
- Наҳот, Алининг боласини кўтариб юрган бўлсам... Бугун қандай бўлмасин, Али билан гаплашишим керак... - дедии ичида.
Шу пайт хонага Жамшид кириб келди:
- Лазокат шу ерда экансиз-ку. Алига телефон қилинг, келсин. Одил Сафаровичга учрашсин.
- Тинчликми?
- Билмасам, Одил Сафарович келсин, деяпти. Менам Алига неча марта ишла, ишла дедим. Телевидениега кетворди. Вақт топиб келиб турса бўларди. Телефон қилинг.
- Хўп. Ҳозир қиламан.
Жамшид чиқиб кетди. Лазокат жилмайди. Ўзига ўзи пичирлади:
- Худо ўзи ишимни ўнглаяпти. Али билан тушлик қилсам, янгиликни айтаман.
Лазокат хурсанд бўлиб кетди.
💞 💞 💞
Али ва Зилола уйда. Зилола овқат қилиш ҳаракатида. Дўлма қиляпти. Булғор қалампирига фарш соляпти. Али ёнида ўтирибди кофе ичиб:
- Бугун иккинчи бўлдингиз. Овқатингиз ҳали қозонга тушмади. Қачон пишади, қачон Гулига олиб бораман?
- Ўзингиздан бўлди. Эшикнинг тагигида бир соат турдим. Эшикни очмадингиз, - деди эркаланиб Зилола.
- Кеч келгандим. Қотиб ухлаб қолибман-да. Будильникни қачон ўчирганимни ҳам билмайман.
- Демак, овқатнинг кечроқ пишишига мен айбдор эмасман.
- Сиз айбдорсиз. Эшикнинг қўнғироғини босиб туравермай, телефон қилишингиз керак эди. Телефонимнинг овозига уйғонардим.
- Телефонимнинг пули тугаганди-да, - деди Зилола.
- Айтганча, сизга иш ҳақингизни беришим керак... Ростдан ҳам мен айбдор эканман, - Али кулди.
Зилола ҳам кулади. Али кофе ичиб бўлган чашкасини раковинага чаймоқчи бўлиб, боради. Унинг орқасидан Зилола қўлидаги идишни чайқамоқчи бўлиб борди. Али чашкани қўйиб, кескин бурилганди Зилолага урилиб кетди. Зилола йиқилиб кетай деди. Али унинг белидан ушлаб қолди. Беихтиёр Али унга тикилиб қолди. Зилола эса ҳаяжонланиб ерга қаради. Кейин қиз секин ўзини тортди. Али кўзларини юмди:
- Атирингизнинг иси бирам ёқимли экан.
290-қисм
Зилола Алига мултираб қаради. Шу пайт Алининг телефони жиринглади. Иккаласи ҳам шошиб ажралди. Али стол устидан телефонини олди:
- Ало? Ҳа, Лазо...
- Али Мансуров, бугун менинг дийдоримни кўрадиган бўлдингиз?
- Нега? Кеча тунда кўрганим етмайдими? – кулди Али.
- Салом. Яхшимисиз?
- Яхши, ўзингиз яхшими?
- Сизни Одил Сафарович сўраяпти. Учрашиб кетаркансиз...
- Ҳозир шифохонага ўтишим керак эди. Лекин ҳали овқат пишмади. Овқат пишгунича ўтиб келсаммикан?- сўради Али.
- Келинг, сизда гапим бор.
Алининг қошлари чимирилди:
- Нима гап?
- Сизни еттинчи осмонга чиқариб қўядиган гап... – эркалангандек деди Лазокат.
- Ростданми?
- Ҳа.
- Еттинчи осмонни кўриш учун ҳам бораман, унда.
- Кутаман!
💞 💞 💞
Шифохона каридоридаги ўриндиқда Дилором ва Васила опалар ўтирибди.
- Қачон Жавоб бераркан, Гулига? – деди Дилором опа.
- Энди чиқсак керак, эрта-индин жавоб берамиз дегандек қилди, шифокор. Жавоб берса Гулини уйга олиб кетамиз...
- Тўғри қиласиз. Ўзингиз қарасангиз, сизам, менам хотиржам бўламиз. Лекин бечара болам Алига қийин бўлди. Мана 3-4 ойдирки, хотини бор-у, бўйдоқдек кун кечиряпти. Кеча бир қўшниси мени кўриб югуриб чиқибди. “Али қийналяпти, уйлантиринг” дейди. “Али Гулини севади-да”, дедим.
Василанинг кўзларига ёш тўлди. Оғир ютиниб зўрға гапирди:
- Тўғри айтибди, қўшниси. Гули энди қачон тузалади. Уйланавергани яхши... Мен Гулини олиб кетсам, Алининг уйлананини билмайди ҳам. Уйлантираверинг...
Васила опанинг кўзларидан ёш томчилади. Дилором опанинг юзидан севингани билинди.
- Алининг кўниши қийин. Шундай бўлса ҳам, мен Алининг қулоғини ўргатиб бораман. Бунақа яшаб бўлмайди, барибир. Биздан хафа бўлманг, яна қуда...
- Нега хафа бўламан, Дилором опа? Шунчалик қарадиларингиз, даволатдиларингиз... Сизлардан норози бўлсам, кўзларим оқиб тушади. Алидан ҳам мингдан минг розиман, - деди овози титраб Васила опа.
💞 💞 💞
Кафенинг соя-салқин ҳовлисида Раъно ва Малика ўтирибди. Раънонинг бир юзи бироз қизаркан. Кўзлари шишган. Йиғлаб гапиряпти:
- Ўша бузуқ алвастисини деб калтак едим. Нима бўлса, бўлсин, ишхонасига бораман, устидан ёзиб бераман. Ишдан бўшаттираман.
- Тўғри қиласан, дугон, - жонланди Малика. - Сен билан менам борсаммикан? Икки киши борсак, иккаламиз ариза ёзиб қўл қўйсак, унинг бузуқлигига ишонишади, ишдан бўшатишади.
- Шундай қилайлик, дугон. Фолбин ҳам иш бермаяпти-ку. Сенинг эринг ҳам ана барибир ярим тунда келяпти. Шу ҳам ҳаётми?
291-қисм
- Шуни айт. Уйда бор-йўқлигим ҳам билинмайди. Қарамайди ҳам менга Камрон ака. Ўша бир марта жойингга ўтиб ёт деганидан буён бошқа қайрилиб ҳам қарамади. Бугун эрталаб ҳам нонуштасини тайёрлаб чақирдим. Безрайиб чиқиб кетди.
- Икки киши бўлиб, ўша хотинга бас келолмаймизми? Борамиз ишхонасига, - қатъилашди Раъно.
- Бу ерда ўтириб вақт кетказмайлик бўлмаса. Мен боламни қўшнига ташлаб келганман. Тур, кетдик.
- Кетдик.
Иккаласи ўрнидан турди.
💞 💞 💞
Али Одил Сафаровичнинг қабулида ўтирибди.
- Сиз биздан осон кечиб кетишингиз мумкин. Аммо мухлислардан кечиб кетолмайсиз...
Али жилмайди:
- Вазият шунақа бўлиб қолди-да.
- Вазиятни бошқариш ўзимизнинг қўлимизда. Биз учун, мухлисларингиз учун ҳар куни бир соат ажрата оласиз. Ишончим комилки, бунинг имкони бор.
- Тўғри...
Одил: Қадрдон ишхонангиз, қадрдон мухлисларингиз... Бу менимча, бир соат вақт ажратишингизга етади.
- Албатта...
- Мен ҳозир Лазокат Салимовага айтаман. Уч кун сизнинг эфирга қайтганингизни эълон қилиб боради. Интрига керак-ку. Кейин сиз ўзингиз эфирга чиқасиз. Ишонаманки, рейтингимиз яна ўз ҳолига келади.
- Рейтинг яхши эди-ку, - деди Али.
- Йўқ... Дарҳол тушиб кетди. Айнан сиз чиқадиган соатда жуда паст. Менимча, Жамшидни қабул қила олмаяпти, тингловчилар... – деди Одил Сафарович.
- Унда... Ишлаш тартибим қанақа бўлади?
- Ихтиёрингиз... Али биз сизни таклиф қиляпмиз. Бемалол ўз таклифларингизни айтинг. Хоҳланг ярим ставка ишга кириб, бир соат эфирингизни ўтказиб кетаверинг. Хоҳланг, икки соат қилинг эфирингизни. Истасангиз, шартнома қилишимиз мумкин. Эфир соатларингиз учун гонорарни ҳам сизни рози қиладиган қиламиз. Бизга келсангиз бўлди, - деди Одил Сафарович.
- Раҳмат. Хурсанд қилдингиз...
- Сиз, сизнинг овозингиз, радиомизга керак. Буни ўзингиз ҳам биласиз. Мен бўлмасам, кадрлар бўлимига айтаман. Сизни ярим ставка ишга олишади.
- Хўп.
- Раҳмат. Яна бирга ишлаётганимиздан хурсандман.
- Менам... – деди Али қувониб.
💞 💞 💞
Лазокат иш столида Алини пойлаб ўтирибди. Бетоқат. Ўрнидан туриб, каридорга чиқиб қараб қўйди.
- Мунча нимани гаплашишяпти, экан? – деди ичида. - Тезроқ чиқсайди. Янгилигимни эшитиб, қай ҳолга тушаркан, Али?
Лазокат ўзига ўзи жилмайди. Келиб яна жойига ўтирди.
💞 💞 💞
Жамшид хонасида асабий ўтирибди. Ғазабда.
- Нега раҳбарларнинг ҳам, мухлисларнинг ҳам кўзи Алидан бошқани кўрмас экан-а? – пичирлади ўзига ўзи. - Нега мен чиққан пайтда, рейтинг тушиб кетаверди? Овозим ёмон эмас, ёқимлилиги учун радиога ишга олишган. Қизиқарли нарсаларни гапиришга ҳаракат қиламан. Нега энди мен эфир олиб борганимда рейтинг тушиб кетаверади? - Жамшид уф тортди. - Энди чиқа бошлагандим. Алини чақиришди, яна мени эфирдан четлатишадими? Нимадир қилишим керак? Алини келтирмаслик йўлини топишим керак...
292-қисм
Жамшид ўрнидан туриб у ёқдан, бу ёққа юра бошлади. Хўрсинди.
- Али келиб бўлди, энди қарши чиқолмайман. Эфирга чиқармаслик йўлини қилишим керак. Қачон эфирга чиқмайди, овози бўлмаса...
У бирдан хаёлига яхши нарса келгандек, хурсанд бўлиб шартта жойига ўтириб, комюптеридан “Google”га кирди. Қидирув тугмасини босиб, ёза бошлади:
“Овоз пайчаларини зарарлайдиган дорилар...”
“Google”дан бир қанча нарсалар чиқди, лекин дори чиқмади. Жамшид уларни битталаб кўрди, кўнгли тўлмай яна ёзди:
“Овоз пайчалари қачон зарарланади?”
Яна маълумот чиқарди. Жамшид кўздан кечирди, аммо кўнгли тўлмади. Яна ёзади.
“Овоз пайчаларини қандай, қачон шикастлаш мумкин?”
Шунча қилмасин Жамшиднинг кўнгди тўладиган маълумот чиқмади.
- Нега яроқли нарса чиқмаяпти, а? Наҳотки иложи йўқ... Буни дўхтирлардан сўраш керакмикан? - Жамшид ўйланиб қолди.
💞 💞 💞
Али Одил Сафаровичнинг хонасидан чиқиб, Лазокат ўтирган хонага келди:
- Ассалом, Лазохон. Хорманг.
Лазокат уни кўриб хурсанд бўлиб кетди:
- Али? Келдингизми? Ассалому алайкум. Яхшимисиз?
- Яхши! Нима гаплар? Қани еттинчи осмонга чиқаринг-чи? Еттинчи осмонни кўриш бахтини инъом қилмоқчилигингиздан хурсандман, - деди Али ичи қизиб.
- Жуда, жудаям хурсанд бўласиз. Бунга 100 фоиз ишонаман.
- Ичимни қиздирманг, қани, айтинг. Чиқай, еттинчи осмонга.
- Ие, бу шартта айтадиган гап эмас. Бунинг учун зиёфат беришингиз керак. Бирор жойда ёлғиз ўтириб, овқатланиб, ҳаяжонларни босиб гаплашишмиз керак, - ҳаяжонланиб деди Лазокат.
- Эҳ-ҳе, ростанми? Даҳшат-ку. Ростмана еттинчи осмонга чиқаманми, дейман?
- Чиқасиз, чиқасиз. Юринг, мени бирор жойга олиб боринг, ҳам тушлик қиламиз, ҳам тушлик устида еттинчи осмонга сайр қиламиз.
- Кетдик , мен розиман.
Иккаласи чиқиб кетди.
💞 💞 💞
Одил Сафарович ўтирибди. Унинг рўпарасида Раъно ва Малика.
- Адашаётгандирсиз? Лазокат Салимова энг намунали ходимларимиздан. Устоз даражасида у. Келган талабаларга, ёшларга ўрнак, ибрат, - деди Одил Сафарович ҳайратини яшира олмай.
Раъно телефонидан шартта Камрон ва Лазокат бирга тушган расмни кўрсатди.
- Мана, биз далилсиз келганимиз йўқ. Шу ходимангизни деб Маликага эри қарамай қўйган. Битта ўғли етим бўляпти. Менинг эса... - Раъно қизариб турган юзини кўрсатди. - Мана, кеча уни деб эрим урди. Бир пайтнинг ўзида иккита эркакнинг бошини айлантириб юрган ходимангизни қандай қилиб намуна дейсиз?
293-қисм
- Менинг эрим ҳар куни ярим тунда келади, - дардиҳолини давом эттирди Малика ҳам. - Мен билан гаплашмайди. Боласи билан ҳам иши йўқ. Менинг олдимда у билан очиқча гаплашади. Яқинда кўйлак олиб берган экан, у хотин “Кўйлагим машинангизда қолибди, эртагаям биргамиз-ку, оларман”, деди. Эрта-ю кеч эримнинг машинасида...
Малика йиғламсиради.
- Биз шикоят аризаси ёзгани келдик. Ходимангизни ишдан бўшатишингизни талаб қиламиз.
- Мен ходимамнинг шахсий ҳаётига аралаша олмайман, - деди нима дейишни билмай Одил Сафарович. - Ишхонада эса яхши ходим. Ундан кейин сизларнинг эрларингиз билан бўлган муносабатига ишининг даҳли йўқ. Ишдан бўшатинг, дея олмайсиз, менга.
- Нега даҳли йўқ, экан? Аҳлоқи бузуқ журналистни қандай қилиб эфирга қўясиз? Шу ерда ишламай уйида бизга ўхшаб ўтириб қолсин-чи, бирорта эркак қарармикан? Менам бирга шикоят ариза ёзаман, бўшатасиз, ишдан...
Одил хўрсинди:
- Эҳтимол, бошқа чора кўрармиз. Аввал мен Лазокат Салимова билан гаплашай-чи?
- Йўқ, ишдан бўшатасиз! Бўлмаса, сизнинг ҳам устингиздан порталга ёзиб берамиз... – деди Раъно.
Одилнинг кўзлари катта-катта бўлди:
- Мен сизларни тушунмаяпман. Менинг нима айбим бор?
- Сиз талабимизни бажармаяпсиз. Ходимингизни ишдан бўшатмаяпсиз.
- У ишхонада яхши ходима, - деди раҳбар. - Шахсий ҳаётига эса аралашолмайман, деяпман. Нега тушунмайсиз?
- Ҳулқи ёмон, бузуқ ходимани ишлатаверасиз, у шу бузуқлиги билан бутун халқни аврайверади, а?
- Яхшиси, ўзини чақираман. Ўзаро келишиб олаверинглар.
Одил Лазокатга телефон қилиш учун қўлига телефонини олди.
💞 💞 💞
Али ва Лазокат кафеда ўтирибди. Олдида тарди таомлар, салат ва ичимликлар.
- Қани энди бошланг-чи? Қандай ёқимли гап экан? – деди Али Лазокатга тикилиб.
Лазокат уялинқираган бўлди. Ҳаяжонлар юраги ҳапиқди.
- Гапни нимадан бошлашни билмаяпман.
Шу пайт Лазокатнинг телефони жиринглади. “Одил Сафарович” деган ёзув кўринди.
- Одил Сафарович? - Лазокатнинг юзи ўзгарди: - Нега телефон қиляпти, экан? Ало? Ассалому алайкум.
- Волайкум! Лазокат қаердасиз?
- Тушликка чиққандик.
- Узоқдамисиз? – деди Одил Сафарович.
- Йўқ, ишхонанинг олдидаги кафедаман.
- Бўлмаса, дарҳол хонамга киринг. Зудлик билан.
- Хўп.
Лазокат алоқани узиб, Алига савол назари билан қаради:
- Зудлик билан киринг, деди. Тинчликмикан?
Али елка қисди.
- Мен бориб келай-чи? - Лазокат ўрнидан турди.
💞 💞 💞
Зилола ва Дилором ўтирибди. Зилола Дилоромнинг олдига пиширган дўлмасидан қўйди:
- Олинг, хола.
- Али ишдами?
- Ҳа, чақириб қолишди. Овқат пишганча бориб келай, кейин овқатни олиб Гулини кўриб келаман, деди.
- Бормаса ҳам бўлади, мен бориб келдим. Уйдан овқат обордим. Қудам билан ҳам гаплашдим. Зилолахон, суюнчи беринг, Гулидан қутилдик, - деди севинчи ичига сиғмай Дилором опа.
294-қисм
Зилола Дилоромга ҳайрат билан қаради.
- Қудамга айтдим, - ҳаяжон билан деди Дилором опа. - “Али қийналиб кетди, ҳамма уйлантир”, деяпти дедим. Тушунди. Уйлантираверинг, мен Гулини олиб кетаман, деди.
Зилоланинг юзидан қувонгани сезилди.
- Али ака рози бўлмасалар керак. Чунки Гулини яхши кўради, - деди секингина.
- Меҳр - кўзда! Кўрмаса, унутади Гулини. Яна сизам жим турмаслигингиз керак. Мен сизни келин қилишни истайман, сизам Алининг кўнглига йўл топишга урининг. Эрта-индин шартта совчиликка бораман. “Темирни қизиғида босиш керак!”
Зилола уялиб ерга қаради. Дилором овқатдан еркан деди:
- Жуда кўнглимдаги қизсиз-да, қўлингиз ҳам ширин. Менга ёқдингизми, Алига ҳам ёқасиз... Икковлашиб курашамиз. Уйдагиларингизга ҳам хабар беринг. Бораман, совчиликка. Сизга уйлантиришимни бугун Алига ҳам айтаман.
💞 💞 💞
Одил Сафаровичнинг хонасида Раъно ва Малика ҳамон ўтирибди. Лазокат эшик олдида ҳайрон турибди:
- Тушунмадим. Мендан нима исташяпти, булар. Бу аёл собиқ эрмни хотини. У билан бирор марта гаплашмаганман. Бунисини эса умримда кўрмаганман. Туҳмат қилишмасин, менга.
- Гаплашмайсиз! Тўғри, мен билан гаплашмайсиз! Лекин эримни тинч қўймайсиз! – деди Раъно алам билан.
- Қачон? Қачон гаплашдим? Туҳмат қилманг, менга. Уялмай ишхонамга келдингизми? Эрингиз биладими, бу ерда эканлигингизни?
Раъно ўрнидан турди. Лазокатга қараб ғазаб билан гапира бошлади:
- Билмайди, сиз бор-ку билдирадиган! Кейин мени калтаклатадиган. Айтинг, кейин мени калтакласин!
- Туҳмат қилманг, дедим. Қачон калтаклатдим, сизни?
Раъно юзидаги қизарган жойни кўрсатди:
- Мана бу нима бўлмаса! Сени деб менга қўл кўтарди!
Раъно Лазокатнинг олдига бақириб келди. Лазокат ҳам жаҳлини босиб туролмади.
- Яхши бўпти! – деди у масхара қилгандек. - Мана шунақа эшикма-эшик юрганингдан кейин ейсан-да, калтак! Иғвогар, туҳматчи!
- Ўв, ўзингни бил! Ўзинг кимсан? - Раъно Лазокатни туртди.
- Тегма, менга! Нари тур, ғийбатчи! – бақирди Лазокат.
- Ўзингизни босинг! – бақирди Одил Сафарович.
- Нима? Ўзинг кимсан? Ўзинг нари тур, бузуқ! - Раъно Лазокатни кутилмаганда итариб юборди. Лазокат ерга орқасига билан “гурс” этиб ўтириб қолди. Бирдан қорнини ушлади.
- Аҳ! Ифлос! – деди инграб Лазокат. - Нега итарасан? Оғзингга қараб гапир! Ўзинг бузуқ!
- Сенсан бузуқ! Ҳам мени эримни, ҳам Маликани эрини бошини айлантириб юрганинг ёлғонми?
- Маликангни танимайман.
Лазокат зўрға ўрнидан турди. Белини ушлади.
- Танимайсан-да! – аралашди Малика. - Сенга биз аёлларнинг қандай яшаётганимиз қизиқ эмас! Сенга эрларимиз қизиқ. Камрон акам қизиқ. Сени деб неча ойки Камрон акам болам иккаламизга қарамайди.
295-қисм
Лазокат Маликага қараб қотиб қолди:
- Камрон?
- Ҳа, мен ўша сен ҳар тун сайр қиладиган Камроннинг хотиниман! – Малика Одилга қаради: - Кўрдингизми, ходимингизни? Бирданига иккита эркак билан юрибди. Бузуқ! Ишдан бўшатишингизни талаб қиламиз.
💞 💞 💞
Нигора сумкасини, ҳамёнини чўнтакларини кўриб Жамолов берган визиткани излади. Аптеканинг, дўконларининг қоғози чиқди. Лекин терговчиникини тополмади. Ўзига ўзи мингғирлади:
- Битта ёрдам бераман деган одам бориди, униям йўқотдим.
Уҳ тортди, бошини кафтлари орасига олди. Хўрсинади. Бироз ўйланиб ўтирди, кейин эслагандек бўлди:
- Унга бир марта қўнғироқ қилдим-ку! Кейин шартта ўчирдим. Ўша сақланиб қолган бўлиши керак.
Нигора шартта телефонини титкилашга тушди.
- Ўшанда соат неччилар эди, а? - Нигора эслашга уринди.
- Ҳа, мана бу рақам.
Нигора топган рақамига қўнғироқ қилди:
- Ало, ассалому алайкум.
- Ва алайкум ассалом, - Жамолов жавоб берди.
- Мен ҳалиги... Мен кеча анҳор бўйида...
- Ҳа, танидим. Яхшимисиз? Келдингизми? – деди Жамолов.
- Йўқ, қаерга борай деб сўрамоқчи эдим.
- Ҳозир манзилни тушунтираман, келаверасиз.
- Бугун борсам бўладими? – сўради Нигора.
- Албатта...
💞 💞 💞
Али шифохонанинг каридорида телефонда Сардор билан гаплашиб келяпти.
- Мансуров ишга жойлашди, дейвур.
- Ўзингизнинг ишхонангизга қайтдингизми, шунда?
- Ҳа. Телевидениеда ҳам ишлайвераман.
- Яхши бўпти. Олдиндан маош сўраганингизга айта олмай тургандим. Қолганларнинг ҳаммасини рад қилайми? Бирортасидан эфир соати олмайсизми? – сўради Сардор.
- Йўқ олмайман. Дубляжларим ҳам бор-да. Ситора дубляжга борамиз деётганди, - деди Али.
- Ўша Ситорани телефонини беринг, ака.
- Ҳа-а-а, юрагингдан урдими?
- Э-э-э, сайтга у ҳақда ёзай дегандим, - деди Сардор. - Энди униям адмистратори мен-ку.
- Ҳа-я, майли смс қилиб юбораман рақамини.
- Хўп.
- Бўпти, - Али алоқани узди.
Тўғри, Гули ётган хонага кирди. Васила опа Алига қовоғини осиб қаради. Гули эса қараб жилмайди.
- Ассалому алайкум.
- Ва алайкум ассалом. Келинг, - деди Васила.
Васила опа ўтирган стулидан турди.
- Ўтираверинг. Қоракўз қалайсан? Айтганча, сенинг исминг ўзгарганди-ку! Индамасхоним, яхши ётибсизми? – Али Васила опага қаради. - Иссиқ овқат олиб келгандим.
- Овқат бориди. Ойингиз олиб келганди. Бекор овора бўлибсиз.
Васила опа жойига ўтирди. Али ҳам Гулининг ёнига ўтирди:
- Нега овора бўларканман? Ўз оиламни оч қолдирмайман-ку.
- Дўхтир эртага жавоб берса, уйга кетамиз. Гулини ҳам олиб кетамиз. Хафа бўлмайсиз, Али, - Васила опа ерга қаради.
Давоми бор
#Қарокўзимгрдил
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев