226-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Мана, психолог қизимиз ҳам келган, - психологга қараб деди маҳалла раиси. - Сиз гаплашишингиз керак экан-да. Бунақада ўзини еб қўяди.
- Ўзиниям, эриниям еб бўлди, ўзи... Мениям қўшиб еяпти. Ҳали отаси келса нима дейди? Ўйламайди-да, булар бу томонларини... Билиб олгани интернет. Дарров овоза қилса...
Малика баттар йиғлади.
💞 💞 💞
Али, Камрон ва Лазокат тушлик қиляпти. Учаласининг ҳам қиёфаси тунд. Айниқса, Камроннинг умуман кайфияти йўқ.
- Хафа бўлманг-у, аёлингиз умуман узоқни ўйламаскан... – деди Лазокат жаҳлини яшира олмай.
Камроннинг боши эгилди.
- Ўта рашкчи-да, - изоҳ берди Али.
- Бу рашкмас-да, энди. Касаллик. Мени ўйламабди, эрини ўйламайдими? – алам билан деди Лазокат. - “Эрим бутун республикага шарманда бўлади”, демайдими? Таниқли бўлмаса ҳам бошқа гап эди...
Камрон уҳ тортди:
- Нимадир қилишимиз керак?
- Ҳозир сен нима қилсанг ҳам, “Уюштирилган, ўзини оқлаяпти”, дейишади, - деди Али.
- Индамаймизми?
- Ўйлаб кўришимиз керак. – деди Али. - Менимча, сукут энг яхши чора.
- Мен Сардорга нимадир ёз дебман, - деди Камрон хавотир билан.
- Ўйлайлик.
- Эфиримга таъсир қилмаса бўлди...
- Эфирингга нима даҳли бор? – деди Али Мени эфирим йўқ бўлди, лекин. Бошқа иш изласамми, деб турибман.
Камрон Алига жиддий қаради:
- Эфир беришмаяптими?
- Ҳа, ҳозирча. Лекин ҳар қандай танаффус бизга ўхшаш журналистларнинг ижодига таъсир қилади. Мухлисни йўқотамиз, - ташвишланиб деди Али.
- Нега шуни раҳбарият ўйламаяпти? – ҳайрон бўлди Камрон.
- Ўзлари “шошмай турсин” , дебди.
- Бизга ишга кел, дўстим. Бирга ишлаймиз, - таклиф киритди Камрон.
- Жиддий айтяпсанми?
- Албатта...
- Айнитманг, Алини. Ўзимизга керак, - қарши бўлди Лазокат.
- Яхши мутахассис ҳамма жойда керак, бизга ишласак, зўр бўларди. Мен бош муҳарриримиз билан гаплашиб кўрай, - қароридан қайтмади Камрон.
💞 💞 💞
Дилором опа Зилоланинг ёнида, ошхонада ўтирибди.
- Ўртага олиб ҳам кўндира олмадик, Алини, - надомат билан деди у.
- Аёли, ташлаб қўйгиси келмайди-да, - Зилола Дилоромга чой қуйиб узатди.
- Ҳа-а-а, жуда аёлига меҳрибон чиқди, бу Али.
- Али ака ўзи жуда яхши экан-да. Кеча мени ҳам роса кулдирди.
- Нима дейди? – қизиқсинди Дилором опа.
- Ўзим сизни шу ерда тушмушга тайёрлаб узатаман, дейди, - Зилола кулди. - Куёв келса, “Мени мухлисам, бошимни айлантирмоқчи бўлди” дермуш.
Зилола чой хўпларкан яна кулди.
Унинг охирги гапи Дилором опани ўйга толдириб қўйди. Ичида ўйлади:
- Ташқаридан қиз излаб юрибман, Зилоланинг ўзи ҳам бўлади-ку. Рўзғорбоп, чиройли, очиққина...
227-қисм
- Кеча шунақа қилиб кулишиб олдик-да, - деди Зилола.
- Менга қаранг, Зилола... – дилидагини тилига чиқарди Дилором опа. - Кўнглингизга олмасангиз, Алини уйланган демасангиз, сизни келин қилиб қўярдим, ўзи...
- Дилором опа, сизам бирдан одамни уялтирасиз... – қизарди Зилола.
- Кўриб турибсиз, Гули тузаладиган эмас. Сиз менимча Алига ҳам ёқасиз.
Зилола индамади, уялди.
💞 💞 💞
Гули ётган хона. Ошхона ва ётоқхона ўртасида битта девор бўлгани боис, Гули қайнонаси ва Зилоланинг гапини эшитиб ётибди.
- Ростан айтяпман, Зилолахон, - деди Дилором опа. - Ўйлаб кўринг. Бир кунмас, бир кун Али ҳам тушунади, Гулининг тузалмаслигини. Ана шундай ўзи ҳам уйланишни ўйлаб қолади. Сиз мана шароитни кўриб, вазиятни билиб юрибсиз. Бизам сизни анча билиб қолдик.
Зилоланинг кулгани эшитилди.
- Дилором опа, бирдан жиддийлашиб кетяпсиз-ей, тузалади, ҳали Гули...
- Менга қаранг, икковимизнинг сўзимиз бир жойдан чиқса, Алини кўндиришимиз осон бўлади. Ўйлаб кўринг.
Гули йиғлай бошлади.
💞 💞 💞
Зулайҳо опа дераза ёнида туриб, асабий телефонда гаплашяпти.
- Уканг кўрибди-да, ўша видеони. Мен билгандим шу қизингиз тинчмаслигини, бекорга ижара уйга чиқиб кетмади, деди. Ҳеч нарса деёлмадим.
- Ойи, Камрон билан тўйга бораман, - ўзини оқлай бошлади Лазокат.
- Али билан борасан-ку. Нега алдайсан, аҳмоқ қиз? Қон босимим чиқиб кетди. Дори ичиб, зўрға ётибман. Уканг “Чақиринг, бу ёққа у шарманда қзингизни”, деб туриб олди.
- Ойи, Али тўйга чиқмаяпти. Алини қамалганидан буён иши орқага кетган. Камрон билан тўйдан қайтишда тушган расмимиз. Жўртага хотинининг эсини киритиб қўйиш учун тушганди. Хотини аразлаб кетганди.
Зулайҳо баттар тутақиб кетди:
- Одам бўлмай кет, сен. Хотини аразлаб кетган эркак билан нега бирга юрибсан? Бекорга хотини интернетга тарқатиб юбормаган-да.
💞 💞 💞
Лазокат машинасини ҳайдаб кетяпти. Телефонда гаплашяпти.
- Ойи, укамга тушунтиринг. У билан фақат тўйга бораман. Ҳеч кимим эмас.
- Шу гапга ўзинг ишонасанми? – титраб деди онаизор. - Уйга келиб, ўзинг тушунтир. Ижара уйга чиқма, дедим сенга. Мана, айтганим бўлди.
- Ойи, яна бир марта айтаяпман. Камрон билан фақат тўйга бораман. Нега ишонмайсиз?
- Менинг ишониш ишонмаслигим ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Укангга ўзинг тушунтир, дедим. Ишдан қон босими ошиб келди. Бақирди. Бош кўтаролмай қолдим, деди. Шарманда қилдинг, бизни, кўчага чиқишни ўйласам... Қиз бўлмай, ҳар бало бўл... – бақирди Зулайҳо опа.
- Ойи... Уф...
228-қисм
- Кел, уйга.
- Борганим билан нима қиламан?
Зулайҳо опа бақирди:
- Билмайман, кел, дедимми, кел!
Алоқа узилди. Лазокат уф тортди.
💞 💞 💞
Малика тиззасини қучоқлаб, ғамга ботиб ўтирибди. Саодат хола хоргин ва кайфиятсиз:
- Даданг билан акангга ўзингни нима деб оқласанг оқла. Жўяли баҳона топ. Мен ёнингни олмайман.
Малика бир қараб қўйди. Хўрсинди.
- Одам ҳам шунақа хато устига хато қиладими? Мен онангман, сенга ёмонликни раво кўрмайман. Ҳеч бўлмаса, менинг гапимга қулоқ солмадинг, ишонмадинг. Менам одамнинг фарқига бораман, сал.
Малика бурнини тортди. Уҳ тортди.
- Даданг келиб, чиқ йўқол, уйингга бор, деса. Мен аралашмайман. Индамай кетавер...
- Камрон акам киритмайди, энди... – деди Малика ҳиқиллаб.
- Менам бўлсам киритмасдим. Тўғри қилади. Кўзинг очилсин, сал...
- Камрон акам жаҳлидан тушгунча, дадамга бир нима деб туринг.
- Демайман! Сафаринг қариди. Жўнайсан, уйингга. Муроса қилиииииб яшайсан, эринг билан. Нима деса хўп, дейсан, ақлинг жойига келади.
Малика хўрсинди, йиғлади.
💞 💞 💞
Али ўз уйининг залида у ёқдан-бу ёққа юрибди. Сиқиляпти:
- Бекорчиликдан ёмони йўқ экан. Иш ҳам бўлмади, тўй ҳам йўғакан, бугун. Уф-ф-ф.
Али телефонини қўлига олиб, Сардорга телефон қилди:
- Сардор?
- Сааламайлайкум, ака.
- Ваалайкум. Қалайсан? Сардор, келаси ойдан менга тўй бўляптими, ўзи?
Сардор бир муддат жим қолди.
- Нега индамайсан? Айтавер, хафа бўлмайман, - деди Али тушуниб.
- Орадаги танаффус ва эфирга чиқмаётганингиз таъсир қиляпти. Камрон акани сўрашяпти, кўпроқ, - деди зўрға Сардор. - Шунинг учун эфирга чиқинг деяпман-да.
- Аха, ҳаракат қиламан.
- Лекин мен ким телефон қилса, сизни биринчи тавсия қиляпман.
- Камронни сўраса, Камронга олавер.
- Оляпман. Ҳозирча, Лазакатапа билан чиқяпти. Эрта сизнинг тўйингиз кўпайса, опа сиз билан чиқади. Акага қиз топишимиз керак.
- Ўзида вариант йўқмикан?
- Йўқ деди.
- Менда битта вариант бор. Ҳозирча Лазо билан чиқиб турсин, кейин чақираман.
- Майли...
- Бўпти, яхши ишла, - деди Али. - Шу кунларда бемалол ўтираверай а, уйда?
- Ҳа, бугун, эрта, индин... тўй йўқ...
- Бўпти... - Али алоқани узаркан, уҳ тортди.
💞 💞 💞
Зилола автобусда уйига қайтяпти. Ўйчан.
- Дилором опанинг таклифига кўнсаммикан? – ширин орзулар уни оғушига торта бошлади. - Жуда яхши кўраман шу Али акани. Лекин Али ака Гулини севади, ҳалиям.
229-қисм
Зилола автобусдан ташқарига қаради, хўрсинди.
- Менинг ойим уйланган экан, дейиши мумкин... Лекин менга ёқади, Али Мансуров!
Зилола жилмайди.
- Али ака-ей, бирам беғубор. Мен билан қувлашиб ўйнагани-чи? Агар мени Гулини севгандек севиб қолса, рад эмасдим. У ҳар қандай қизни бахтли қилади.
💞 💞 💞
Дилором опа Алиникидан уйига келяпти. Уйига киради. Комил ака пешвоз чиқди.
- Ассалому алайкум. Яхши ўтирибсизми, дадаси? – деди Дилором.
- Ва алайкум ассалом. Шукр. Менам ҳозир келдим. Банкка бориб келдим. Катта ўғлинг пул жўнатган экан, олиб келдим.
- Яхши.
Дилором ва Комил ака ошхонага ўтиришди.
- Яхши эканми, келининг? – сўради Комил ака.
- Ўша ётишда, бирдан яхши бўлиб қоламиди?
- Зилола қараб ўтиргандир?
- Ҳа, қараб ўтирибди. Бирам очиққина, чиройлигина қиз. Бугун Зилолага айтдим. “Алига келин қиламан, сизни”, дедим.
Комил Дилоромга бошқача қаради:
- Қизиқсан-ей! Униям хафа қилиб, яна Гули қаровсиз қолмасин.
- Ваааай, дадаси, менам вазиятга қараб иш қиламан. Зилола ҳам Аини гапирганда тилидан бол томаяпти. Али иккаласи ҳазил-ҳузул қилиб, роса чиқишиб кетибди.
- Бу дегани тегади демас-ку.
- Яна икки марта аврасам, рози бўлади. Гапидан Алини ёқтирадиган...
- Ҳар куни бир нима топиб келасан, ишқилиб?
- Алини ўйлайман-да, дадаси. Касал хотинга қараб ўтиб кетадими, ахир? Сизнинг раҳмингиз келмайдими, ўғлингизга?
- Келади... – деди Комил ака уҳ тортиб.
- Бўлди-да, сизам болам бечоранинг яхши яшашини, болали бўлиб кетишини истасангиз керак. Зилола ёмон қизми, ё?
- Яхши. Ўзи биринчи кўрганимда, Али билан севишиб қолмаса эди, деб қўрққандим...
- Севишиб қолсин, илоҳим...- деди Дилором опа.
💞 💞 💞
Жамшиднинг хонаси. Жамшид креслосига ястаниб телефонда гаплашяпти:
- Маъқул бўлаётганидан хурсандман. Майли бемалол ёзаверинг. Ҳа, фейсбукдаги саҳифамга, инстраграмга ёзиб қолдирсангиз бўлади... Ҳа, интраграмга эфир пайтдаги расм, видеолар қўйяпман. Хўп. Ҳа, бизлар сиздек мухлислар учун ишлаймиз-да. Йўқ, йўқ... ёзаверинг.
Шу пайт стол устидаги ички телефон жиринглайди.
- Раҳмат эътибор, учун. Гаплашамиз.
Жамшид хона телефонининг гўшагини кўтарди:
- Ало?
- Жамшид? – эркак кишининг овози эшитилди.
Жамшид овоздан сергак тортди. Директор ўринбосари йўқлаётанди:
- Ассалому алайкум, Одил Сафарович!
- Волайкум. Кечаги топшириқлар нима бўлди?
- Ҳаммасига мухбирлар кетди. Кечки янгиликларда берамиз.
- Яхши, - деди Одил Сафарович. - Али Мансуров келяптими, ишга? Ҳозир мендан директорнинг шахсан ўзи сўради. Нега эфирга чиқмаяпти?
230-қисм
- Ҳа, келяпти, чақирамиз...
- Чақирамиз, деганингиз нимаси? – деди Одил Сафарович. - Эфирга чиқмаяпти-ку!
Жамшид ўзини йўқотиб, шошиб қолди.
Жамшид замдиректор билан гаплашяпти. Ўзини йўқотиб қўйган.
- Ҳалиги... Анақа... Биласиз-ку, бошига ташвиш тушди. Аёлининг ҳам аҳволи яхшимас. Эфирни ўйлайдиган аҳволда эмас. Шунга сал эркинлик бергандим. Чақириб, гаплашаман.
- Эркинлик ҳақида сал маслаҳат қилиш керак-да. Ижодкорнинг нега ижоди тўхтагани, нега ишга келмаётгани ҳақида билишга ҳаққимиз бордир? – деди директор ўринбосари.
- Албатта. Эртага чақираман. Гаплашаман.
- Ҳозироқ гаплашинг. Директорнинг ўзи қизиқибди, директор ўринбосари сўради, денг. Рейтингни ўйлашимиз керак. Айнан Али учун бизнинг тўлқинга ўтадиган мухлислар бор. Ўшалар учунам ишлашимиз керак.
- Хўп, - деди Жамшид. - Ўзимам айтиб турибман. Энди келиб қолса керак...
Жамшид трубкани жойига қўяркан, кайфияти бузилди.
💞 💞 💞
Машиналар турадиган жойда Камрон машинасининг ичида ўтирибди. Кайфияти йўқ. Телефонидан ижтимоий тармоқларга кириб ўзи ва оиласи ҳақидаги видеоларни кўряпти. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тармоғидаги уларнинг воқеа ҳақидаги ахборотини кўрди. Саодат холанинг уйига маҳалла раиси келган вақтдаги жараён. Маҳалласи раиси гапиряпти:
- Ҳар қандай вазиятда ҳам биз бормиз. Чиқмайсанми, маҳаллага? Маҳаллада катта бўлган қиз бўлсанг, бегона эмассан.
- Маҳаллани қўйинг, менинг гапимни олмаяпти-ку, бу, - жаҳли чиқиб деди Саодат хола. - Бир бало бўлган бунга. Бўлмаса, Камронжон келди. Кеча ҳам келди, Имронни кўрсатмайман, деб туриб олди, бу. Рашк кўзини кўр қилиб қўйган. Тележурналист бўлганидан кейин қизлар билан эфир оборади. Шулардан рашк қилади-да. Иш-ку, бу деб мен тушунтира олмаяпман. Ҳалиям куёвим яхши экан. Бошқа одам бўлса, аллақачон ажраб кетарди.
- Куёвнинг бирор ким билан гаплашганини, ёзишганини кўрганмисан? Ё бирортаси тинчтингни бузганми?
Йўқ жойдан рашк қилади, - Маликанинг ўрнига гапирди Саодат хола. - Камронжон телевизорда янгиликлар оборади журналист қизлар билан. “Ана бир-бирига қаради, бир-бирига қараб гапирди”, деб асабга тегади. Бир-бирига қараб гапирмай, тескари қараб гапирсинми, у бечаралар ҳам...
Шу суҳбатдан кейин маҳалла психологи ҳам гапирди:
- Аёл кучли руҳий срессда. Бу ҳолатларда одатда ижтимоий томондан тенг бўлмаган оилаларда келиб чиқади. Камрон Воҳидов машҳур тележурналист. Табиийки аёли оддий уй бекаси. Аёлнинг назарида, у жуда эътибордан четда. Мана тушунчаси уни шу ҳолатга олиб келган. Аёл билан суҳбатлашиб билдикки, эри томонидан бирорта хиёнат ҳолатлари, хўрлаш ёки менсимаслик ҳолатлари бўлмаган.
Шу билан видео тугади. Камрон хўрсинди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев