Муаллиф: Наргиза УСАНБОЕВА
Жасур Меҳрибонга мактабдаёқ кўнгил қўйган. Ўшанда Меҳрибон тўққизинчи синф, Жасур эса битирувчи эди. Мактабни битириб Жасур ўқишга кирди.
— Шу йил сени уйлантирамиз, — деди отаси Жасур иккинчи курсга ўтганида. Жасур тўнғичлиги, оилада қиз фарзанд йўқлиги, яна… онасизлик туфайли қаршилик қилолмасди.
Меҳрибоннинг ота-онаси ҳам тўйга қаршилик қилмади. Аммо битта илтимосларини қистириб ўтишди:
— Биласиз, Меҳрибон ёлғиз фарзандимиз. Ўзимиз ҳам кексайиб қолганмиз. Шунинг учун ўғлингиз бизга ичкуёв бўлсин дегандик…
Жасурнинг отаси ўша пайтда бу ҳақда жиддий ўйлаб кўрмади. Тўйни бошлаб юборди.
Эндигина мактабни битирган Меҳрибон эса ўқишга кириш ниятида.
— Мен ўқимайманми? — унинг бу сўзларига ҳеч ким қулоқ осмади ҳисоб.
Шу билан ёзда данғиллама тўй билан икки севишган бир ёстиққа бош қўйди. Ёш келинчак Меҳрибонга қийин бўлди. Осмондан тушгандек довдирарди. Чунки катта рўзғор унинг зиммасида. Йўл-йўриқ кўрсатадиган қайнона уч йил бурун бу дунёни тарк этган. Унда-бунда кўмаклашадиган қайнсингиллар ҳам йўқ. Уч қайнукаси, қайнотаси ўзлари билан ўзлари овора. Бунинг устига ўз уйига бориб ота-онасининг ҳам ош-нонидан хабар олади. Икки рўзғорнинг юмуши шўрликни эзиб қўйди. Оғироёқ бўлгач, янада қийналди. Шукрки, бир қайнукаси хамир қилиб берса, бири сигирни соғади.
— Ўзим қиламан, йигит бошингиз билан бу ишларни қилишга уялмайсизми? — койиган бўлади Меҳрибон уларни.
— Янга, бизни ўйламанг, сиз келмасингиздан олдин биз нон ҳам ёпганмиз. Ўрганган ишимиз бу, — кулиб жавоб қайтаради қайнукалари.
Меҳрибон уларни ўйлаб ҳам сиқилади. Онасидан айрилгач, уй ишлари уларнинг зиммасига тушганда…
Қайнотаси хотинини жуда яхши кўрган эканми, қариндошлар шунча гапиришса ҳам уйланмаган.
Жасур ҳафтада бир келади. Шундаям кўзи орқасида кетади:
— Эҳтиёт бўл! Туққунингча оғир иш қилмай тур. Укамларга айтсанг, ўзлари қилади.
Тўққизинчи ойга ўтганда Жасур қайнонасининг ёнига борди:
— Қизингиз туққунича бизникида яшаб турсангиз дегандим…
— Меҳрибон бизникига келақолсин. Тўйдан олдин отанг билан сени ичкуёв қилишни келишгандик… Шу пайтгача уйларингда аёл киши йўқлигини тушуниб, индамадик. Ҳозир ҳам мажбурламоқчи эмасмиз. Аммо туғиб чилласи чиққунча, шу ерда бўлсин дегандим…
«Ичкуёв» сўзини эшитиб Жасурнинг юраги орқасига тортиб кетди. Шу ҳовлида сиғиндига ўхшаб яшашини кўз ўнгига келтираркан, норози бош чайқади:
— Ҳозир бизнинг уйда ҳам ҳеч ким йўқ-да. Укам уйланса ҳам бошқа гап эди. Сиз юрақолинг…
Кампир қизини ўйлаб рози бўлди:
— Майли, лекин уйга ҳам келиб тураман-да, уйни, чолимни ёлғиз қолдиролмайман…
Жасур уларни тушунди. Бир қишлоқдан эмасми, эшитган, кўрган… Бу чол-кампирни Аллоҳ вақтида роса синовларидан ўтказган. Уларни ўн тўрт фарзандни ерга қўйган, дейишади. Негадир ҳеч бир боласи яшаб кетмаган экан. Охири ноиложликдан ёшлари қирқдан ошганда Меҳрибонни асраб олишган. Бегона эмас. Бобога ўз укаси кичкина қизини берганди. Ўшанда Меҳрибон тўрт ёшларда бўлган. Ҳозир ўз ота-онасини ҳам, чол-кампирни ҳам бирдек кўради. Иккаласини ҳам «ая», «дада» дейди.
Жасурнинг ҳавотир олганича бор экан. У ўқишга кетгач, икки кун ўтиб, Меҳрибоннинг кўзи ёриди. Ўғилчали бўлди…
* * *
Жасурнинг Меҳрибонга раҳми келарди. Озиб, чўп бўлиб кетди бечора. Икки рўзғорнинг юмушини қилади. Болага қарайди. Илгари билмаган экан, ўқишда юриб кўрмаганда. Мана ўқиши тугаб, ўз кўзи билан кўриб ачиниб кетяпти. Бунинг устига яна ҳомиладор. Отаси ҳам унинг ғамини **** иккинчи ўғлини уйлантирмоқчи. Жасур бундан ҳурсанд бўлса-да, юрагини бир чети ғашланади. Ахир уйга келин келиши билан Меҳрибоннинг ота-онаси уни уйига чақириши мумкин…
— Қуда, ҳорманг, тўй бошлаяпсиз, деб эшитдик. Шундай қилинг-е, бизам қачон келин оларкансиз, деб кўзларимиз тўрт бўлиб кетди-ку!
Қайнотасининг ҳитоби Жасурнинг хаёлини олиб қочди. «Мени ичкуёв қилишлари тайин. Ҳамма устимдан кулади энди. Уларнинг уйида қандай яшайман? Ичкуёвсан, деб ҳали юзимга соладиганлар қанча бўлади. Йўқ! Ҳеч қачон рози бўлмайман…»
Жасурнинг отаси ҳам негадир чолга ён босди:
— Ҳа, узр, сизларни ҳам қийнаб қўйдик. Худо хоҳласа, келин олган кунимоқ болаларингизни сизникига ҳайдайман.
У киши айтганини қилди. Янги келин келгач, бир ҳафта ўтиб, Жасур ва Меҳрибонни чақирди:
— Келин, энди ота-онангизникига бораверсаларингиз бўлади. Улар ҳам қийналиб қолишди. Кекса бўлса…
Жасур отасига лом-мим демаган бўлса-да, Меҳрибонга «ёрилди»:
— Мен отангникига бормайман! Одамлар устимдан кулади. Ўзи шундоқ ҳам ўртоқларим «ичкуёв бўлармишсан», дея пичинг қилишни бошлади.
Меҳрибон бир сўз демади. Аммо унинг кўзларига ёш тўлди. Кечки пайт Жасур уни тугун ва ўғилчаси билан қайнотасиникига қўйди-ю, қайтиб келди.
— Нега келдинг? — сўради отаси ҳайрон бўлиб.
— Мен у ёқда яшамайман…
— Нега? Хотин бола-чақанг у ёқда, ўзинг бу ёқда яшамоқчимисан?
— Одамлар гапиради…
— Одамлар нимани гапирмай келган? Шундай юрсанг, гапирмайди, дейсанми? Албатта гапиради. Хотини, бола-чақасини ўйламабди, дейди. Кекса чол-кампирга раҳми келмабди, дейди? Ўзи нега одамларнинг гапига қараб иш кўряпсан? Ўша чол-кампирнинг хизматини қилсанг, дуосини оласан-ку! Савоб ҳам. Ҳозир сен одамларнинг гапини ўйлаб ўтирибсан. У ёқда-чи? Меҳрибонинг дили вайрон. Чол-кампирнинг эски яралари тирналган… Сенинг бормаганинг уларнинг кўнглига ботмаган, дейсанми? Ўзимизнинг болаларимиз бўлганида шу кўйга тушмасдик, деб бағри эзилиб ўтиришгандир. Шу ишинг эркакларга хосми? Кўчадаги тўртта олифтанинг гапини деб яқинларингни хафа қилиб ўтирибсан. Ўша сенга гапирган олифталар қайнотангнинг уйига қараб қолдингми, ўзинг уй қуриб чиқолмайсанми, дейишгандир-да… Ўшаларнинг ўзи аслида битта ғишт сотиб олишга ярамайди. Ота-онаси қуриб берган уйга иржайиб кириб ўтириб олади… Эртагаёқ жўна…
Жасур бу томонларини ўйлаб кўрмаган экан. Ҳақиқатдан ҳам яқинларининг кўнглини оғритди. Шўрлик Меҳрибоннинг қилган яхшиликларига жавобими, бу?
Эрталаб Жасур қайнотасиникига йўл олди. Уни кўриб ўғли пилдираб югуриб келди. Чол-кампир ўтказгани жой тополмай қолди. Меҳрибон эса миннатдор жилмайди. Жасур ўзини ноқулай сезса-да, бир ҳафта уйдаги ҳамма оғир юмушини бажарди. Шу билан укасининг тўйига деб олган таътили якунланди. Эрталаб мактаб йўл олди.
У ўқиши тугаганидан буён ўзи ўқиган мактабда дарс беради.
— Ҳа-а-а, ичкуёв? Кўринмайсиз? Қайнотанинг топганини е-е-б ётибсизми, дейман? Эшитдик, кўчиб ўтибсиз… — Мактаб яқинида дуч келган синфдоши Акмалнинг сўзлари жон-жонидан ўтиб кетди. Аммо тишини-тишига босди.
— Ана, ичкуёв ҳам ишга чиқибди-ку! — ўқитувчилар хонасига кириши билан яна шу гап очилди.
Жасурга ҳамма устидан кулаётгандек туюлди. Дарслари тугагач, тўғри уйига келди. Шу билан қайтиб қайнотасиникига бормади.
— Яна нима гап? Сенга одамлар гапириб-гапириб тинчийди, дедим-ку! — койий бошлади отаси.
— Ортиқ чидолмайман!
— Ҳозир меникида ўтирганинг билан одамлар сени ичкуёв эмас, деб ўйлайдими? Бўлди! Сен биринчи қадамни ташладинг, ортингга йўл йўқ!
— Қуда, ҳо-о, қуда… — шу пайт Жасурнинг қайнотаси келиб қолди. — Ўғлим шу ерга келмадими, мабодо… Хавотир олиб ўтирибмиз, йўқ…
— Ўғлингиз шу ерда!
Жасур қайнотасининг кўзига қаролмади. Аммо дилидагиларни айтишга журъат топди:
— Менга ярим йил вақт берингизлар. Топганимга икки хонали бўлса ҳам уй қураман. Кейин сизларни кўчириб келаман. Бирга яшаймиз…
— Сени тушунаман, ўғлим, — деди бунга жавобан қайнотаси. — Бизникида яша деб, мажбур қилмайман. Аммо таклифингга ҳам рози бўлолмайман. Чунки… бир умр яшаган уйимизни ташлаб кетолмаймиз…
Чол уйига ёлғиз қайтди. Меҳрибон кўз ёшларини ота-онасидан яширди...
Бир ҳафтадан сўнг Меҳрибонинг кўзи ёриди. Жасур бош экканча қайнотасиникига йўл олди.
— Қанақа одамсан-а? — рўпарасидан чиққан ўртоғи Комил унга бурнини жийирди. Ёнида Акмал ҳам бор. — Чол-кампирга ёрдам бериш ўрнига хотин, бола-чақангни ҳам ортмоқлаб қўйибсанми? Шу кексаларга ёрдамлашсанг, савоб бўлади-ку! Ҳамма гапиряпти, сени… Ноинсоф экансан…
— Менам шуни айтаман-да, — ўн кун олдин бошқача гапирган Акмал энди негадир ўзгариб қолганди. — Қайнотанг билан қайнонангни кошки ҳеч ким билмаса… Қандай яхши одамлар. Неча кунлик умри бор уларнинг. Хизматини қилиб қолмайсанми? Сени бунақа деб ўйламагандик…
Жасур ҳайрон бўлди. Отаси рост айтган экан. Одамлар ҳар қанақасига ҳам гапираркан. Нега отасининг гапига қулоқ солмади-я?! Юрагини пушаймонлик кемириб, қайнотасиникига кириб борди. Кампир Жасурнинг ўғлини орқасига ортмоқлаганча, ўчоқда Меҳрибон учун атала пиширар, чол эса унга инқиллаб-синқиллаб ўтин ёриб берарди…
Ўчоқдан чиқаётган тутунданми, хурсандчиликданми ёки ўкинчданми иккаласининг ҳам кўзлари ёшли, қизарган…
Жасурни кўриб улар ғалати бўлишди.
— Мени кечиринг… Ўғлингиздай бўлолмадим… Аммо энди ҳайдасангиз ҳам уйингиздан кетмайман! — деди Жасур чин дилдан.
Чолнинг кўзларига ёш қуйилди. Кампир эса неварасини бағрига босганча пиққилларди.
ТАМОМ
#жемчуженнодил
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев