191-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Шукр, яхши. Нима гап?
- Бугун тўйга ўзингиз борасизми?
- Боролмайман, Сардор. Камронга айт боради. Бугун умуман имконим йўқ.
- Хўп.
💞 💞 💞
Шифохона каридорида Али, Комил ака ва Дилором ўтирибди. Али телефонда Сардор билан гаплашяпти.
- Тўйни эгасига келади, деб қўймаганмидинг, ишқилиб?
- Йўқ, ҳали айтмагандим. Икки кун аввал Камрон ака боришини айтганман лекин.
- Бўлди, ўша келишув кучида қолсин? Неча кунга Камронни айтган бўлсанг, ҳаммасига борсин. Кейин мен ўйлаб кўрарман, - деди Али.
- Майли...
- Бўпти.
Али алоқани узди. Ота-онасига қаради:
- Сизлар ҳам уйга бораверинг. Гулининг иссиғи боракан, дўхтирга айтдим. Мен иссиғи тушгандан кейин уйга борарман. Дадасига айтиб ўтирмадим. Ўзи жуда чарчаган экан.
Комил ака Дилором опага қаради. Иккиланиб гапирди:
- Ўғлим, сенга бир гапни айтишимиз керак. Гулининг ўзи иссиғи тушмаяпти. Яна жуда баланд. Дўхтирлар консилиум қилди. Миядан бўлиши мумкин экан. Миядаги жароҳатдан бўлаётган бўлса, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаскан. Дўхтир Зокиржонга... ҳамма нарсага тайёр туринг деган...
Алининг кўзлари катта-катта бўлди. Дилором опа йиғлай бошлади.
- Йўўўқ, ундай бўлмайди... – деди Али титраб.
- Сиқилма, ўғлим. Дўхтирлар ҳам Худо эмас. Умрни Худо беради, - тасалли берди Комил ака.
- Гули яшайди... У ўлмайди... – деди ўзини йўқотиб Али.
Кейин секин ўрнидан турди. Озроқ юриб, ортига қаради:
- Дада, ойимни олиб уйга бораверинг. Мен шу ерда қоламан.
- Хўп, - деди Комил ака ўрнидан тураркан.
Али йўлида давом этиб, тўғри Карим аканинг хонасига кирди. Карим беморларнинг анкеталарига ёзиб ўтирарди.
- Яна келдим, Карим ака... – деди Али.
- Келинг, Али...
Али Карим аканинг рўпарасига ўтирди:
- Боя кирганимда ҳеч нарса демагандингиз...
Карим ака Алига қараб хўрсинди:
- Отангиз айтган деб ўйладим.
- Нега бунақа бўлди? – мўлтираб деди Али.
Карим ака уҳ тортганча деди:
- Кошки билсам эди, олдини олардим. Мияни ҳатто олимлар ҳам ҳали тўлиқ ўрганиб бўлмаган. Мия биз ҳис қила олмайдиган, ақлимиз етмайдиган даража мўъжизаларга қодир. Мўъжиза юз беришини сўраймиз, Худодан. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхшиликка бўлади.
- Карим ака, уни кўриб чиқишимга рухсат беринг, - ялиниб деди Али. – Биламан, жонлантириш бўлимига кириш умуман мумкин эмас, аммо... Уни узоқ кўрмадим...
Карим хўп дегандек, бош ирғади. Али ўрнидан туриб, Гули ётган хона томон кетди. У кирганида Гулининг кўзлари юмуқ, зўрға нафас оларди. Али унга унсиз қараб турди. Кўнгли бузилди. Йиғлаб юбормаслик учун лабларини тишлади. Ёнига ўтириб, қўлини ушлади. Ўпди.
192-қисм
Кейин паст овозда, аммо жозибали куйлай бошлади:
- Қаро кўзум келу мардумлиғ эмди фан қилғил
Кўзим қаросида мардум киби ватан қилғил...
Юзинг гулига кўнгил равзасин яса гулшан,
Қадинг ниҳолига жон гулшанин чаман қилғил...
Алининг кўзларидан ёш оқди. Гули кўзини очди. Алининг куйлашини тинглаб, унинг ҳам кўзлар ёшланди.
💞 💞 💞
Кафеда Азим ва Зилола ўтирибди. Зилола бетоқат. Азимни у қадар ёқтирмай ўтиргани юзидан маълум.
- Зўрға, судрагундек бўлиб олиб келдим. Келиб ҳам чеҳрангиз очилмайди. Шу қадар ёмадимми сизга? – дангал сўради Азим.
- Чеҳрам очиқ-ку.
- Мен сизнинг очиқ чеҳрангизни кўрганман. Биринчи кўрган куним. Энди сира шундай бўлмаяпти. Агар совчи юбораман деганим сизга ноқулайлик туғдираётан бўлса, шунчаки дўстингиз, танишингиз билан ўтиргандек тутинг ўзингизни...
- Хўп, - деди Зилола.
- Э-э-э, айтганча сизга бугунги янгиликни айтмадим-ку. Бугун суд бўлди. Али Масуровни қамоқдан чиқардим. Роса раҳмат айтди. Ота-онасининг хурсанд бўлганини кўрсангиз эди.
Зилола хайрат билан қаради:
- Радиобошловчи Али Масуровми?
- Ҳа, ўша. Ўшанинг суд бўлди, - керилиб деди Азим. - Али Мансуров отамнинг номидан ёзган аризам туфайли қутулиб кетди қамоқдан. Кечирим сўради, раҳмат айтди.
- Яхши.
- Яна бирор нима ичасизми? Шарбат буюрайми? – ниҳоят мақтанишдан тўхтади Азим.
- Йўқ, шарт эмас, - деди энсани қотганини яширишга уриниб Зилола.
- Ширинлик еймиз унда, газли нимадир билан...
- Йўқ, раҳмат. Қорним тўйди.
- Қаранг, Аллоҳ яхшиликларимизни қуруқ қўймайди-да, битта шу Али Мансуровга қилган яхшилигимнинг ортидан тўйимга Маҳмуд Намозов келадиган бўлди, - яна мақтанишни бошлаб юборди Азим. - Али Мансуров тўйимда бошловчи бўладиган бўлди. Ўз оғзи билан айтди. Тўйингизни ўтказиб бераман, деди.
Зилоланинг баттар энсаси қота бошлади. Бошқа жойларга қараб хўрсинди. Азим парво қилмай гапида давом этарди:
- Мана шундай тўйда, ёнимда сиз келин либосида турсангиз...
Зилола Азимга бошқача қаради.
- Негадир кайфиятингиз тушиб кетяпти... – деди Азим буни сезиб. - Мен буларни хурсанд бўласизми, деб айтяпман...
Зилола уҳ тортди.
💞 💞 💞
Зокир уйида телевизор кўриб ётибди. Васила оқсоқланиб овқат кўтариб кирди. Зокир ўрнидан сакраб туриб, унинг қўлидан олди:
- Овқат суздим, демайсанми, ўзим олиб келардим. Устингга тўкилиб кетса, куясан. Қўлинг яхши ушлолмайди-ку.
- Ушлаб қолди, дадаси, - қувониб деди Васила. - Нарсаларни ушлай олаяпман.
- Худога шукр. Бугун ўғлинг ҳам келмадими, дейман?
- Шанба, якшанба келаман деб кетган.
- Яхши.
- Али қайтганига Гулининг ҳам чеҳраси очилиб қолгандир? – сўради Васила опа.
193-қисм
- Ҳа... - Зокир Гулининг аҳволи оғирлигини айтмоқчи бўлиб аёли га қаради.
Васила опанинг кайфияти яхши. Зокир ака ўйланиб қолди:
“ Гулининг аҳволини қандай айтсам экан?”
- Икки кун қизингиз билан мазза қилдингиз, - деди Васила ҳавас билан. - Қизингиз ўзи сизни яхши кўрарди. Атай қилган, сизни олиб қолиш учун... Лекин менам қизингизни соғиндим... Икки-уч кун ўтсин, олиб борасиз хўп...
- Хўп, - деди Зокир ака ва аёлнинг кайфиятини бузгиси келмади. Ичида деди: - Кайфияти жуда яхши. Ҳозир айтолмайман.
💞 💞 💞
Серқатнов кўча. Машиналар орасида Даврон ҳам кетяпти. Орқа ўриндиққа Самирани ётқизиб олган. Иккаласи ҳам хурсанд.
- Бувинг сени кўриб рақсга тушиб кетади, - деди Даврон.
Самира кулди.
- Рост, - деди завқланиб ота. - Ҳозир борайлик, битта рақсга тушиб берсангиз, машинадан тушираман, Самирани десам, ўйнайди.
Самира тағин мириқиб куларкан деди:
- Дада, ростдан ҳам бувимни ўйнатайлик.
- Ўйнатамиз. Айтдим-ку, неварангизни кўришингиз учун ўйнаб беринг, менга, дейман.
- Дада, бирор жойдан бувимга совға олиб беринг. Мен берай...
Даврон баттар хурсанд бўлиб кетди:
- Майли, қизим. Бувингни хурсанд қилгинг келдими?
Самира бош ирғади.
- Ақлли қизим ўзимнинг. Нима совға қилгинг келяпти?
- Билмасам...
- Айтсанг, дўкондан олиб чиқаман, - деди Даврон.
- Хўп, ўйлаб олай...
- Ўзи бувинг нимани яхши кўришини биласанми?
- Ҳа. Сутли шоколадни яхши кўрдила. Шоколад ола қолайлик.
- Хўп, ўзингиз ҳам шерик бўласизми? – кулди Даврон.
- Ҳа. – қиқирлади Самира ҳам.
💞 💞 💞
Нигора боши бойланган, бир аҳволда инқиллаб ётибди. Йиғлаб кўзлари шишиб кетган.
- 35 миллион-а? Бунча пулни қаердан топаман? Қандай тўлайман, энди? Эй Худо, сенга нима ёмонлик қилгандим? – у уҳ тортганча, эзилиб йиғлади. - Ким ечиб олган бўлсаям тешиб чиқсин! Энди нима қиламан?
💞 💞 💞
Тонг. Али шифохона каридорида бошини деворга тираб ухлаб ўтирибди. Карим ака чиқиб келди. Алига бироз қараб тураркан, мийиғида кулди. Кейин уйғотди.
- Али! Али-и-и-и!
Али кўзини очиб уйқусираб қаради. Карим акани кўриб қўрқиб кетди:
- Гули яхшими?
Карим ака хонаси томон бошлади.
- Юринг мен билан.
Иккаласи Карим аканинг хонасига киришди. Алининг юзида хавотир.
194-қисм
- Биламан, юрак ҳовучлаб ўтирибсиз, - гап бошлади Карим ака. - Айтдим-ку, Худойимнинг мўъжизалари кўп деб. Бугун ўзим навбатчи эдим-ку. Гулининг иссиғи кечаси соат ўн икки яримда тушганди. Ўшандан буён чиққани йўқ. Бу яхшилик аломати. Мана, соат еттидан ошди. Иссиғи йўқ. Худо хоҳласа, энди чиқмаса керак.
- Ростданми? Бу тузалади, деганими? – қийқириб юборай деди Али.
- Албатта. Шифохонага келганидан буён иссиғи тушгани йўқ эди. Ҳамма аъзосини текширдик. Ўпка, юрак, буйрак, жигар... ҳаммаси яхши эди. Шунинг учун шубҳамиз мияга тушганди. Менимча, бу мия билан боғлиқ эмас. Бу соғинчдан бўлган. Гули ичиккан. Сиз келдингиз, сизни кўрди, иссиғи тушди.
Али йиғлаб юборди:
- Худога шукр... Худога шукр...
- Зокир акани ҳам тинчлантириб қўйинг. Жуда тушкун эди, - деди Карим ака.
- Ҳа... ҳозироқ айтай... - Али Зокир акага қўнғироқ қилди.
💞 💞 💞
Тонгнинг салқинида Зокир ака беда ўраяпти. Телефонининг жиринглаганини эшитиб тўхтади. Чўнтагидан телефонини олиб, “Али” деган ёзувни кўрди. Бирдан оёғи қалтираб, пешанасини тер босиб, ўтириб қолди. Лаблари тинмай пичирлай бошлади.
- Эй Худо тинчлик бўлсин! Эрталабдан Али қиляпти. Худойим қизимнинг умрини узун қил! Эй Худо... ишқилиб тинчлик бўлсин... - Зокир қўллари титраб жавоб берди: - Ало?
- Ало, ассалому алайкум дада! Яхшимисиз?
- Ва алайкум ассалом. Ўзингиз яхшими, Али? Гули қалай?
- Суюнчи олишга телефон қиляпман-да, Гулининг иссиғи тушди, - деди севиниб Али. - Хавотир олманг. Келаман деб шошмасангиз ҳам бўлади.
- А? Ростданми? – қулоқларига ишонмади Зокир ака. - Ростдан иссиғи тушдими?
- Албатта, ишонмасангиз мана Карим акага бераман.
Карим аканинг овози эшитилди:
- Ассалому алайкум, Зокир ака. Гулинин иссиғи кечаси тушганди. Аҳволи жуда яхши. Алига ичиккан экан шекилли... Ало?
Зокир қувонганидан эзилиб, унсиз йиғлай бошлади:
- Ало? Эшитяпсизми?
Зокир ака йиғламсираб деди:
- Эшитяпман, эшитяпман...
- Хавотир олманг. Худо хоҳласа, бугун кун бўйи ҳам иссиғи чиқмаса, эртага жавоб бераман, - деди Карим ака.
- Худога шукр, худога шукр... – деди Зокир ака чин дилдан.
Алоқа узилди. Зокир ака ўтирган жойида хурсандлигидан эзилиб-эзилиб йиғлади.
💞 💞 💞
Жамшид жонли эфир оборяпти. Яхши оборишга ҳаракат қиляпти:
- Ҳар кимнинг бу ҳаётда ўз ўрни бор. Агар омадингиз келмаётган, ишингиз юришмаётган бўлса, асло ўзингизни кераксиздек ҳис қилманг. Сиз ҳам кимнингдир суянган тоғи, ишонган инсонисиз. Бугун омад кулмаган бўлса, эртага албатта кулади. Бугун ишингиз юришмаган бўлса, эртага энг муҳим шахсга айланасиз. Боболаримизнинг тили билан айтганда, “Бир кун ундоқ, бир кун бундоқ”. Лекин яхши кунлар кўплигини ишонинг. Ва кайфиятни туширманг. Гўзал тарона сизга армуғон, кайфиятни кўтарамиз.
Мусиқа янгради...
💞 💞 💞
Серқатнов кўча. Камрон машинада кетяпти. Телефони жиринглади. Али қўнғироқ қиляпти.
- Ало, ассалому алайкум, дўстим, - деди Камрон.
- Ассалому алайкум, ва алайкум ассалом. Дўст, омонмисан? Қаердасан? – сўради Али.
195-қисм
- Тушликка чиқишдан аввал Имронни кўриб кетай дегандим, - деди Камрон. - Соғиниб кетдим.
- Ие, ҳали олиб кетмадингми?
- Йўқ-да!
- Нега?
- Гап кўп. Ўтирсак айтарман, - деди Камрон.
- Ўтирайлик, деб қилаётгандим менам, - деди Али. - Мен шифохонада эдим. Келсанг, бирга тушлик қилармидик дегандим.
- Нега шифохонадасан?
- Мендаям гап кўп, - кулди Али.
- Бўлмаса, ўтирмасак бўлмаскан. Ҳозир қайнонамникига кириб Имронни кўраман-у, ёнингга ўтаман.
- Кутаман.
Алоқа узилди. Камрон йўлида давом этиб, Саодат холанинг уйи ёнида тўхтади. Машинасидан тушмай туриб, Маликага қўнғироқ қилди:
- Мен келгандим. Имронни олиб чиқ.
- Олиб чиқмайман. Кўрмайсиз, дедим-ку, - тўнғиллади Малика.
- Ва алайкум ассалом, - киноя билан деди Камрон. - На салом берасан, на сўрашасан. Олиб чиқ дедим сенга.
- Олиб чиқмайман. Мен сизга ўтган гал айтдим. Келманг ҳам, болангизни кўрманг ҳам дедим.
- Боламни кўришни сендан сўрамайман, - Камрон машинадан тушиб, қайнонасининг уйига кира бошлади.
- Сўрайсиз! Мен сизга ўйинчоқ эмасман, хоҳласангиз келасиз, хоҳласангиз кетасиз, - ёнини бермади Малика.
- Овозингни ўчир... – жаҳли чиқа бошлади Камроннинг.
Камронга Саодат хола пешвоз чиқди. У телефонини ўчириб қайнонаси билан сўрашди:
- Ассалому алайкум, ойи.
- Ва алайкум ассалом.
- Яхшимисиз? Имронни кўриб кетай, дегандим...
- Киринг, - деди Саодат хола.
- Шошиб турибман.
Саодат хола ичкарига кириб кетди. Ичкаридан Маликанинг “кўрсатмайман” дегани, Саодат холанинг “Эсингни еб қўйибсан, аҳмоқ!” дея бақиргани эшитилди. Камрон чидай олмай, ўша хонага кириб борди. Имрон унга қараб талпинди. Ота қўлини чўзди. Малика болани қучоқлаб олиб, нари кетди. Имрон отасига қараб, чинқириб йиғлади. Камроннинг асаби бузилди.
- Бер, боланиям қийнама? Жинни-пинни бўлдингми? – Саодат хола ҳам асабийлашди.
- Бораверсин, ўшанисининг олдига! Боласиям кўзига кўринмаяпти-ку.
- Сабримни синама, Малика, - деди Камрон вазминлик қилиб.
Бола Камронга қараб ўксиб йиғлади. Камронинг юраги эзилди. Маликадан зўрлаб олиб, бағрига босди. Ўпди.
- Беринг болани. Беринг, энди керак бўлиб қолдими? – жириллаб ёпишди Малика.
Камрон болани яхшилаб бағрига босди ва Маликага берди. Кейин уинг кўзига тик қараб деди:
- Икки қулоғинг билан ҳам эшитиб ол! Мен шу пайтгача рўзғоримга ҳаром аралаштирмагандим. Миллион марта айтсам ҳам сен менга ишонмадинг, бир бегуноҳ қизга туҳмат қилдинг, ҳақоратладинг. Энди манов гўдакка озор беряпсан. Ҳаммасини кечирдим, аммо Имронни мана бунақа қилиб қийнашингни кечирмайман. Мана, ойинг гувоҳ, энди сенинг айтганинг бўлади. Сен қизлар билан гаплашяпсиз, деяпсанми, гаплашаман! Севги изҳор қиляпсиз, деяпсанми, севги изҳор қиламан! Совчи қўйяпсиз, дейсанми, қўяман ҳам! Энди ўзингдан кўр! Эркакнинг хиёнати қанақа бўлишини, юришини ана, энди кўрасан!
Давоми бор
#Қарокўзимгрдил
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев