166-қисм
Муаллиф: Наргиза Усанбоева
- Уни адвокат тушунтирди, - Комил ака тушунтира бошлади. - Улар даъво аризасини қайтариб олишгани ҳақида ёзма маълумот беришади-ку, ўшанда кўрсатиб ўтаркан. “Саломатликни тиклаш учун кетган ҳаражатларимизни қоплаб беришди”, деб ёзиб ўтарканда.
- Унда яхши. Худо хоҳласа, бугун борсак, рози бўлишса, ўшаларни бирдан ёздириб оламиз, - деди Камрон.
- Нима дейсизлар? Ўша беш минг долларни олаверайми? Ё қўшайми? – яна бир марта сўради Комил ака.
- Ўшани бериб кўрайлик, рози бўлишар... Агар рози бўлишмаса, яна қўшармиз.
- Ўзимда минг доллар бор. Ўшаниям оволаман бўлмаса... – деди Комил ака.
- Яхши. Бўлмаса, турайлик, - деди Зокир ака. - Маҳмуд Намозов ҳам кутиб қолмасин.
Улар ўрниларидан туришди.
💞 💞 💞
Дилором ва Зилола шифохона каридорида ўтирибди. Зилоланинг буткул кайфияти йўқ.
- Иссиғи тушдимикан? – сўраб қўяди Дилором опа.
- Тушган бўлиши керак. Ётоқ ярани тозаладик, деди-ку. Ҳайронман, айнан ётоқ яра бўлмасин, деб тинимсиз танасига спирт ишқалаб, уқалаётгандим. Қанақа қилиб пайқамадим экан.
- Белидан пастида экан, деди-ку. Сиз елкасига ишқалайверган бўлсангиз керак.
- Балким. Аммо оёқ-қўллари, ҳамма жойини тинимсиз уқалаётгандим.
- Бу ётоқ яра дегани қаердан қараб турган экан, шу пайтда?
- У ҳамма ҳаракатсиз ётиб қолган касалларда бўлади. Хавфли томони вақтида олди олинмаса, қонга ўтиб беморни нобуд қилиш мумкин, - тушунтирди Зилола. - Гулиники ҳам чуқур яра бўлганлиги учун иссиғини оширган. Уф-ф-ф... Бирам сиқилиб кетяпман-ей...
- Менам. Мен ўтиравермай бу ерда, - ўрнидан қимирлади Дилором опа. - Уйга бориб овқат-повқат қилиб келай. Ҳам дадалари билан хабарлашаман. Ишқилиб, хушхабар билан келишсин.
- Илоҳим, майли, боринг сиз, - деди Зилола.
- Мен кетдим, бўлмаса... Овқатни олиб келаман.
Зилола ўрнидан туриб Дилоромни кузатган бўлди. Келиб яна жойига ўтирган чоғи ҳамшира чиқиб қолди. Зилола ёнига югуриб борди:
- Кечаси олиб келган Гули деган беморнинг аҳволи яхшими?
- Гули Мансурованингми?
- Ҳа...
- Ҳозир бошқа мутахассисларни ҳам чақиришди. Кўришяпти.
- Иссиғи тушдими? – сўради Зилола.
- Йўқ-да.
Зилоланинг хавотири ошди. Кўзлари катта-катта бўлди.
- Шунга шифокорлар консилиум қилишяпти... – деди ҳамшира.
Зилоланинг кўзларига ёш тўлиб, сўради:
- Нима деб таҳмин қилишяпти, иссиғининг сабаби. Мен ўзим ҳам ҳамшираман, тушунаман.
- Комада бўлган экан-ку. Мия жароҳати туфайли яна гапириш қобилиятини ҳам йўқотган экан. Ўша... мия жароҳати туфайли бермаётганмикан, деган тахминлари бор...
167-қисм
Зилола қўрқиб кетганидан нафасини ичига тортиб, қўли билан оғзини ёпди. Кейин пичирлади:
- Эй Худойим, мия бўлса қийин-ку...
- Ётоқ ярани тозалашди, ювишди, - тушунтирди ҳамшира. - Шунча пайтгача тушиши керак эди деяпти. Яна буйракларини ҳам текширишмоқчи. Буйрак ҳам ҳаракатсизликдан димланиши мумкин деди.
- Тўғри. Эри қамалиб қолганидан буён юрғиза олмаяпмизда. Худойим, ўзинг ёрдам бер, Гулига. Ўзинг шифо бер... – илтижо қилди Зилола.
- Майли, тузалиб кетсин, - ҳамшира кетди.
Зилола эса хомуш тортиб қолди. Ўзига ўзи деди:
- Иссиғи миядан чиқаётган бўлса... даҳшат-ку... Ўлиб қолади-ку.
💞 💞 💞
Чарос раҳбарининг ёнида. Бош муҳаррир Ғулом ака унга тикилиб турибди.
- Сиздан бир нарса илтимос қилиб киргандим, - деди Чарос.
- Бемалол.
- Ҳалиги... Мени бошқа бошловчи билан қўйсангиз дегандим, - ийманибгина деди қиз.
Бош муҳаррир таажжубга тушди:
- Нега? Камрон хафа қилдими?
- Йў-ў-ўқ, нега хафа қилади? Устозим-ку.
- Шуни айтаман-да. Устозим деб юрардингиз. Бирдан келиб бунақа дейишингиз... – ҳайратини яширмади бош муҳаррир.
- Ҳалиги... устозим бўлгани учунми... салобати босяптими... эфир пайтида эркин бўла олмаяпман.
- Йўқ. Жуда яхши чиқяпсизлар. Ҳатто сизларни энг муносиб жуфтлик дейишяпти.
- Мен қийналяпман-да, - деди Чарос. - Жонли эфир бўлса... Гапимдан адашиб кетаманми?
- Четдан умуман сезилаётгани йўқ, - бош муҳаррир ҳам бўш келмади. - Ҳаммаси жойида.
- Бошқа, сал ёши ўзим билан тенгроқ бўлган бошловчи билан чиқсам яхши бўлардими, дегандим.
- Камроннинг хабари борми? – сўради бош муҳаррир.
- Йўқ. Ҳалиги... – тутилиб қолди Чарос. - Яна шуни ҳам илтимос қилмоқчи эдим. Устозим билмасин. Хафа бўлади. Айтманг. Уларга билдирмай, ўзингиз бошловчиларни алмаштиргандек бўласизми, деб киргандим.
- Бундай қила олмайман, Чарос. Сизлар жуда яхши чиқяпсизлар. Яхши жуфтликсиз. Бўйингиз ҳам, ташқи кўринишингиз ҳам, салоҳиятингиз ҳам мос.
Чарос хўрсинди.
- Камрон ака олдин бирга чиққан бошловчи қиз-чи...
Бош муҳаррирнинг юзи буришиб кетди:
- У Камрон билан сира чиқишмасди. Юлдузлик касалига чалинган. Шунинг учун эфирдан четландим. Сал осмондан тушса, кейин чиқиши мумкин эфирга.
- Бошқа бошловчи...
- Чарос, хафа бўлманг, бу илтимосингизни бажара олмайман, - деди бош муҳаррир қатъи. - Чунки сиз кўрсатаётган важ арзирли эмас. Чунки эфир пайтида Камроннинг ёнида эркинсиз, довдирамаяпсиз, гапингизни йўқотмаяпсиз. Қандай қилиб сизни алмаштиришим мумкин. Яна айни томошабин сизларни кутазаётган бир пайтда. Боринг, кайфиятни туширмай ишлайверинг.
Чарос мунғайиб чиқиб кетди.
💞 💞 💞
Дилором опа ва Комил ака овқатланиб ўтирибди. Комил аканинг кайфияти яхши.
- Гули яхшими, иссиғи тушдими? – сўради Дилором опадан.
168-қисм
- Тушяпти, девди. Мен овқат олиб борай, деб келдим, - деди Дилором опа.
- Ўзим олиб бораман овқатни.
- Адвокатга бормайсизми?
- Э-э-э, онаси, бирдан адвокатга кириб, уларнинг даъвони қайтариб олиш ҳақидаги аризасини бериб келдим, - деди Комил ака мамнун. - Икки кундан кейин суд экан. Адвокат суддан келган қоғозни олган экан. “Энди барибир судгача чиқмайди”, деди. Суд залидан олиб чиқиб кетсак ҳам катта гап деди.
- Дарров рози бўлдими, улар?
- Ўзи борганимизда Маҳмуд Намозовни кўриб ҳайратланиб қолишди, - тўлқинланиб гапириб бера бошлади Комил ака. - Кеча гаплашгилари ҳам келмаганди. Бугун санъаткорнинг ҳурматига дастурхонлар ёзишиб, иззат-ҳурмат қилиб қолишса де. Боргунча, келиннинг аҳволини, яна шифохоналарга тушиб қолганини Маҳмуд акага тушунтириб бордик. Ҳаммасини айтди. Улар Гулини бу даражада жароҳат олган деб ўйламаган экан.
- Пулниям бердингизми?
- Маҳмуд акага бериб қўйгандим. Маҳмуд ака ҳайдовчининг ёнига бирдан “Кетган ҳаражатларингизга, ҳали яна қолганини ҳам берамиз”, деб уч минг доллар қўйди. Қара, бизни ўйлаганини. Яна очиқча, қўлидаги олиб қолган икки минг долларни ҳам кўрсатди. “Агар кам десангиз шуниям қўшаман, лекин келин бугун шифохонага тушиб қолганини эшитиб, сизга уч мингни беряпман. Биламан, Али мард йигит, қолганини ҳам беради сизга ҳали”, деганди. Ҳалиги ҳайдовчи “Керакмас”, деб қолса де. Маҳмуд ака “Суд ҳам барибир ҳаражатлари қопландими?” деб сўраркан, кетган ҳаражатларингиз учун олинг буни, деди. Кейин олди.
- Беш минг олдими, шунда?
- Йўқ, уч мингни олди, - Комил чўнтагидан 3 минг доллар чиқарди. - Ма, манов минг долларни солиб қўй, ўзимизники. Бу икки минг Алиники. Уйига олиб бориб қўяман.
- Худога шукр, анча хотиржам бўлдим.
- Сўрама, хотиржам бўлишни... – деди Комил ака ҳам. - Еб бўлдингми, овқатингни кетдик. Келин, Зилола ҳам оч қолди.
- Бўлдим, кийинай кетамиз.
Дилором опа ўрнидан турди.
💞 💞 💞
Лазокат машинасини бошқариб кетяпти. Телефони жиринглаб қолди.
- Ало?
- Ало, Лазо? – деди Зулайҳо опа.
- Ҳа, ойи, ассалому алайкум.
- Келяпсанми?
- Боряпман, Самира яхшими? -сўради Лазокат.
- Яхши, Даврон телефон қилди. Келаётган эмиш...
- У-ф-ф! Нима боракан эди...
- Хавотир олганда.
- Самирани оёғи сингани зўр баҳона бўлди, келаверади, энди... – алам деди Лазокат.
- Бўпти, хабардор қилай дедим.
- Бўпти.
💞 💞 💞
Азим дўконда ўтирибди. Телефонда ўртоғи билан гаплашяпти. Кайфияти зўр.
- Сен эрталабдан буён ишлаётгандирсан? Мен энди келдим, дўконга.
- Намунча кеч. Келмай қуйвурсанг ҳам бўларкан, - кулди ўртоғи.
- Тўғри келмасам ҳам бўларди. Лекин ишламасам бўлмайди. Уйдагилар тўй ташвишини бошлаб юборишган. Ҳали у деб бошимни қотиришади, ҳали бу деб қотиришади. Бугун тағин уйга Маҳмуд Намозов ҳам келган.
169-қисм
- Қайси Маҳмуд Намозов. Ашулачими?
- Ҳа, ўша.
- Қариндошми, сенларга? – ишонқирамай деди ўртоғи.
- Йўўғ-а, анув Али Мансуровни қаматгандим-у, ўшани кечиринг, деб илтимос қилиб келибди. Роса ялинди.
- Сенга ялиндими? Нима деб ялинади?
- Кечиринг, қамоқдан чиқсин, дейдида, - мағрурланиб мақтана бошлади Азим.
- Кечирдингми, кейин...
- Шундай санъаткор келиб ўтиради-ю, йўқ дейманми? “Кечирдим”, дедим. Дадам ҳам имзо чекиб берди. Энди чиқади Али Мансуров.
- Яхши қилибсан.
- Энг яхшиси нима бўлди, де, - лаб-лунжини йиғиштира олмай деди Азим.
- Нима экан?
- Маҳмуд ака тўйимда хизмат қиладиган бўлди. Ваъда берди. Мард бола экансан, менам мард кетаман, тўйингда навбатчи бўламан, деди. Тўйимнинг санъаткори ҳал бўлди.
- Ў-ў-ў, зўр бўлибди-ю.
- Ҳа, бир томондан ўзим ҳам хурсанд бўлдим. Ҳам Маҳмуд ака билан қалин бўлиб олдик, ҳам тўйим зўр бўлишига ишондим. Фақат қиз топишим керак. Битта қиз юрагимни жииииз деб эттирди-ю, ҳали гаплашишга ботинолмадим.
- Гаплаш, тўйни бошла... – деди ўртоғи ҳам ичи қизиб.
- Хўп. Майли яхши ишла, - Азим алоқани узди: - Зилолахон билан гаплашишим керак...
💞 💞 💞
Эшик жиринглади. Зулайҳо опа бориб очди. Даврон келган.
- Ассалому алайкум.
- Ва алайкум ассалом. Келинг, - деди Зулайҳо опа.
Даврон қўлидаги пакетни Зулайҳога тутқазди:
- Овора бўлибсиз...
- Самира яхшими? Қани ўзи? – сўради Даврон.
Самира ичкаридан туриб бақирди.
- Мен бу ердаман, дада.
Даврон жилмайганча, Самиранинг овози келган томонга кетди. Самира ётибди:
- Ассалому алайкум, дада.
- Ва алайкум ассалом қизим.
Даврон бориб қизини қучоқлаб кўришди. Самира ҳам унинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди. Зулайҳо опа уларни кузатиб, хўрсиниб қўйди. Шу пайт эшикнинг очилгани эшитилди. Зулайҳо опа эшикка қаради. Лазокатнинг овози эшитилди:
- Келдими?
- Ҳа... – деди Зулайҳо опа.
Даврон Самирани қучоғидан бўшатиб эшикка қаради. Лазокат тўйга тайёрлагани учун пардоз қилган, ўта гўзал. Даврон унга бир зум тикилиб қолди. Лазокат ҳам негадир унга қараб қолганди. Биринчи Лазокат ўзини қўлга олди:
- Олиб кетишни хаёлингизга ҳам келтирманг. Индамаганим сари ҳар куни келяпсиз. Бундан кейин бир ойда бир марта кўришишингизни суд орқали бўлсаям талаб қиламан!
- Ва алайкум ассалом, -пичинг қилди Даврон. - Аввал сўрашсанг бўлармиди? Нега бунча жиғибийрон бўласан? Самирани оёғи гипслиги учун уйга кириб келдим. Бўлмаса, мактабида кўришардим.
- Менга хўжайин эмассиз! Хоҳласам сўрашаман, хоҳласам йўқ.
170-қисм
- Шуни жаҳл қилмай тушунтир, бола бор ёнимизда, - вазминлик билан деди Даврон.
- Бола ҳамма нарсани билади, - деди Лазокат аламзадалик билан. - Нима, унинг ёнида ўзимни сохта кўрсатиб, иржайиб турайми?
- Йўқ, сал юмшоқ гапирсанг бўлармиди, деяпман-да, - босиқлик билан деди Даврон.
- Энди юмшоқ бўлолмайман. Кўриб бўлган бўлсангиз, бўлинг. Мен тўйга боришим керак, чиқинг, кетинг...
Даврон ғалати бўлиб қолди.
- Ойи, дадам озроқ ўтирсин... – деди Самира ялинганнамо.
- Йўқ! Мен ҳозир кетсам иккаланг нималар қиласан, Худо билади. Кўтариб кетиб қоладими сени, - Лазокат Давронга қаради: - Туринг, чиқинг.
Даврон Самиранинг юзидан ўпди. Секин Лазокатдан кўз узмай унинг ёнига келди. Иккаласи яна бир-бирига тикилиб қолди.
💞 💞 💞
Зокир шифокор Карим аканинг қабулида ўтирибди. Иккаласининг ҳам кайфияти йўқ.
- Қачон тушади иссиғи? – илинж билан сўради Зокир ака.
Карим ака елка қисди:
- Айтдим-ку, билмайман. Кундузи консилиум ўтказдик. Темпуратура бериши мумкин бўлган ҳамма жойни кўрдик. Томоғи яхши, буйрак яхши, ўпка тоза. Яраси боракан уни ювдик. Битта тахминимиз мия. Миянинг жароҳати бераётган бўлиши мумкин.
- Операция қилган жойингизми?
- Йўқ, у жой яхши битган, - тушунтирди Карим ака. - Мен ички томонни, бош суягининг ичини назарда тутяпман. Биз суякнинг ичида бўлаётган жараёнга барибир тўлиқ изоҳ беролмаймиз. Энг даҳшати... қўлмиздан ҳеч нарса келмайди... Ҳар қандай вазиятга тайёр туринг, Зокир ака...
Зокир Карим акага кўзларини катта-катта очиб, даҳшат билан қаради:
- Нимага тайёр туришим керак? Ундан... ундан... айрилиб қолишгами?
Зокир ака йиғлай бошлади. Карим аканинг ҳам кайфияти тушиб кетди.
- Бир нима деёлмайман, - деди Карим ака. - Миянинг имкониятларини ҳатто олимлар ҳам ҳали тўлиқ ўрганиб бўлмаган. Агар... тахмин қилганимиздек миянинг жароҳат олган қисмида яллиғланиш, қуришга ўхшаган нимадир бўлаётган бўлса, биз ҳеч нарса қила олмаймиз. Бу Худо кўрсатмасин ички аъзоларни ҳам ишдан чиқариши мумкин. Масалан, ўпка, буйрак, юракда ўзгаришлар бўлиши... буни бемор кўтара олмаслиги мумкин...
Зокир ўзини тута олмай, елкалари силкиниб-силкиниб йиғларкан сўради:
- Нима қилса бўлади, дўхтир? Ҳеч бир имкони йўқми? Масалан, чет элдами...
- Мия қийинда, ака... – хўрсинда Карим ака.
- Уни кўриб чиқсам майлими? Йўқ деманг...
- Майли, киринг...
Зокир ўрнидан туриб Гули ётган хона томон юрди. Гули каравотда бир бурда бўлиб ётибди. Кўзлари юмиқ. Пешанасида тер томчилари. Зокир секин ёнига бориб, қизининг пешанасидан ўпди.
Давоми бор
#ҚАРОКЎЗИМгрдил
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1