2-қисм.
Муаллиф: Моҳигул НАЗАРОВА.
Озода ўша куниёқ дадасини кўришга борди.Рустам акага уни «Шамоллаб грипп бўлган »дейишган экан.Рустам ака Озодани кўриб,жойидан турмоқчидай бир ҳаракат қилди.Озода дадасини олдига бориб,уни қучоқлаб олди.
–Сенга нима бўлди?Гриппни шунча оғир ўтказдингми?-деди Рустам ака.-Рангинг ҳам оппоқ…
–Яхшиман,дада.Аммо бироз маза қочди.Ўзимга эътибор қилмай юраверибман-да.
Бу орада даволанишлар самара бериб,Рустам аканинг кесилган оёғининг яраси бироз тузалди ва унга шифокорлар уйга рухсат беришди. Озода эса Фикрат билан муносабатлари чуқурлашган,ёш аёл уни юрагидан севиб қолган эди.Фикрат унга жуда эътиборли бўлиб,доимгидек Озоданинг орқасидан соядек эргашиб юрарди.Бир куни у ўз ҳаёти ҳақида Озодага тўлиқ гапириб берди.
Фикратнинг айтишича,уни биринчи марта қариндошларига,тўғрироғи узоқроқ аммасининг неварасига уйлантиришган экан. Тожикистонлик,отаси Вазирликда ишлайдиган,ўзига тўқ бадавлат оилада ўсган ўн саккиз ёшли Мубина эса ҳеч Ўзбекистонда яшай олмабди.Яъни,доимо ҳашамат ичида ўсган қиз оддий оилага кўникиб яшаб кета олмабди.Бирин-кетин туғилган икки ўғил фарзандлар ҳам оилани мустаҳкамланишига ёрдам бермабди.Мубина қандайдир баҳоналар топиб,доим ўз юртига кетиб қолаверибди.Бу орада кўпинча ёлғиз ўзи қолган Фикрат Соҳиба исмли ўзидан беш ёш катта,ёши ўтиб қолган қиз билан танишибди.Соҳиба Фикратни ёқтириб қолибди ва унинг ёшгина хотини билан ҳар куни бориб жанжаллашишни одат қилибди. Мубина эса бу жанжаллардан безиб,ўғилчаларини олиб,ўз юртига кетибди ва тез орада бошқа эркакка турмушга чиқибди.
Фикрат эса Соҳибага уйланибди ва иккинчи хотинидан ҳам икки нафар ўғил кўрибди.Икки йил олдин Соҳиба аёллар касаллиги билан оғриб,бачадони олиб ташлангач,ўзи зўрға омон қолибди.
–Биз у билан ажрашишга қарор қилганмиз.Соҳиба онам ва сингилларим билан ҳам ҳеч келишолмади.Озода,мен сизга уйланмоқчиман.Сизни яхши кўраман.Ёшим 34 га кириб,энди ҳаққоний муҳаббатни ҳис қиляпман.Сизни ишлашингизга қаршилик қилмайман,сизни бахтли қиламан.
Фикрат табиатан гапга уста,айёр табиатли эркак бўлгани, бошида Озодага ўзини мард ва олийжаноб инсон қилиб кўрсатгани сабабли ёш аёл унинг гапларига ишонди.Аммо аслида бу гаплар шунчаки ниқоблигини,Фикрат аслида худбин,тирноқ остидан кир қидирадиган,феъл-атвори оғир, ичидан пишган инсонлигини унга турмушга чиққанидан кейин билди.Аммо энди кеч эди…
Соҳиба ўзи яшаб турган уйни бўшатишни,Мубина каби икки фарзандини олиб отасиникига кетишни истамади. Аксинча,Озоданинг устидан шаҳар ҳокимлигига,хотин-қизлар қўмитасига,маҳалласига аризалар ёзиб,унинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилди.Бу эса Озоданинг ғазабини келтирди.Худди шундай кунларда уни шаҳар хотин-қизлар қўмитасига чақиртиришди.
Озода-замонавий,гўзал ёш аёл,умидли шоира,таниқли журналист қишлоқда яшашга тез кўникди.У севимли инсони билан бирга яшаётганидан хурсанд эди.Улар яшайдиган ҳовли ўттиз сотихга яқин бўлиб,Фикратнинг узоқроқ амакиларидан бирига тегишли эди.Иморатлари эски,полсиз ва шифтсиз хоналари бор,ошхона ва ҳаммом йўқ эскигина бу ҳовлида анчадан бери ҳеч ким яшамаганлиги кўриниб турарди.
Озода тез ишга киришди.Укаси ва сингилларини чақиртириб,уларнинг ёрдамида қишнинг совуқ куни бўлса-да,ҳамма ёқни тозалаб чиқишди.Фикратнинг қариндошлари келиб,уйни оқлаб,печларни ўрнатиб кетишди.Икки хонали уйга аввал сомон солинди,кейин эса брезент тўшалди.Уларнинг устидан Озода онаси берган палосларни ёйиб чиқди.Нозигул опа янги рўзғор деб қозон-у,коса,товоқларгача берган эди.Озода сандиғини уйга киритди,кўрпа-тўшакларини чиройли қилиб йиғиб қўйди.Равоқ ва деразаларга парда илди.Ўзи билан олиб келган гиламни деворга осди.Уй бироз шинам ҳолатга келди.Фикрат билан у шу хонадонда яшашни бошлади.
Эртаси куни эрталаб уларнинг уйига Фикратнинг аммаси Бахшанда опа келди.Беш ўғилнинг онаси бўлган оқ юзли,кўриниши Фикратга ўхшаб кетадиган амма жуда яхши инсон эди.У ўзи Озодага совчи бўлиб борган,Озоданинг ота-онасига қизларидан доимо хабардор бўлиб туришини айтиб,уларни хотиржам қилгани учунми,доимо бир оёғи уларнинг уйида эди.Ўша куни улар амма билан бирга бозорга йўл олишди.
Озода амма билан маслаҳатлашиб,Фикратга майда қавиқ қилинган велюр чопон сотиб олди.Қишлоқда яшашгани учун бу асқотадиган кийим эди.Аммо уйга келгач,чопоннинг енги Фикратга узун келди.
Фикрат буни кўриб,жаҳл билан чопонни ечиб ерга отди ва унинг бу қилмишидан ҳайрон қолиб турган Озодани тарсакилаб,уриб ташлади.
–Кўзинг қаерда эди?Ё бирорта ошиғингни бозорда кўриб,хаёлинг ўшанга кетдими?-деди у ғазаб билан.
–Нималар деяпсиз?-Озода юзини чангаллаб қолди.Унинг аҳволини кўриб,Бахшанда амма орага тушди ва Фикратни уришиб берди:
–Нимага келинни урасан?
–-Қаранг,менга олган чопонининг енги ерга тегай дейди!Кўзи қаерда эди?
–Мен ҳозироқ чопонингни уйга олиб бориб,енгини кесиб, тикиб бераман!Шу келинни уришинг учун баҳона бўлдими?
Озода юзига қўлларини босиб,ҳовлига отилди.Шу пайт қулоғига Фикратнинг сўзлари эшитилди.
–Амма,сиз қўшилманг.Ҳозирдан буни жойига ўтқизиб қўймасам,бу бошимга чиқиб олади!
Озода Бахшанда амманинг нима деб жавоб берганини эшитмади.Унга Фикратнинг бу қилиғи жуда алам қилаётган эди.
«Бу нима қилгани энди?Нега мени урди?Чопоннинг енги узунлиги калтаклаш учун баҳона бўлдими?Ёки бу одам мени ҳақиқатан ҳам бошига чиқиб олишимдан қўрқяптими?»
Озода шу аламли хаёллар билан айвон тарафга қараб юрди.Қиш фасли бўлгани сабаб ҳаммаёқ қор эди. Бироздан кейин эшик очилиб,Бахшанда амма кўринди.
–Мен билан юринг,келин.Мен ҳозир дарров чопонни енгларини тўғрилаб бераман.
–Майли,сал туриб бораман.Тушликка бирор нима пиширай.
Бу воқеа унутилгандай кўринса-да,Озодани жудаям хафа қилди.Фикрат унинг телевидениеда ишлашини ҳам таъқиқлаб қўйди.
–Фақат мактабга бориб,дарсингизни ўтиб келасиз.Шунга рухсат.Мендан сўроқсиз ҳеч қаерга бормайсиз.Тушунарлими?
–Ҳа,-деди Озода.
–Ҳа эмас,«хўп бўлади»дейишни ўрганинг.
Шу зайлда кунлар ўтаверди.Озода қишлоқдан туман марказига қатнаб ишларди.Ўша пайтда йўлларда «Форд»русумли маршруткани эслатувчи эскириб кетган машиналар юрарди.
Озода бирга яшай бошлашганидан кейин Фикратнинг асл башарасини кўрди.Фикрат жуда инжиқ эркак эди.У овқатланаётган пайтида
дастурхонда ҳамма нарса бўлиши ва бирданига қўйилиши керак эди.Дастурхонда унинг ўзи учун алоҳида қўл артиладиган сочиқ бўлиши,чой дамланган ва ўраб қўйилган бўлиши,салатлар ҳам келтириб қўйилган бўлиши шарт эди.Агар овқатланаётган пайтда Озода югуриб бориб чой дамлаб келса,тамом.Фикрат ўша заҳоти **** турган овқатини ерга отар,Озодани ҳақоратлаб ўрнидан туриб кетарди.Кейин доимо режим асосида овқатланарди.Кийимлари ҳам бир марта кийилгандан кейин ювилар,доимо топ-тоза туриши керак эди.Озода доим унинг ёнида қалтираб турар,бирор камчиликка йўл қўйган бўлса,Фикрат ўзини хафа қилишидан чўчиб турарди.
Фикрат ўзини жуда яхши кўрарди.Қўлига пул тушган пайтида ўзи учун урфга кирган чиройли кўйлаклар,жемпер,шимлар,туфлилар сотиб олар,ўзига қараб кийинишни ёқтирарди.
Озода Фикратни яхши кўрса ҳам,унинг бу қилиқларидан кун сайин безиб борар, уйга бориб ота-онасига арз қилгиси келарди.Аммо қон босими ва қанд касаллиги бор отаси,отасига қараб сиқилиб кетган онасига ўз ҳаёти ҳақида гапириб,уларни баттар зериктиргиси келмас эди.
Кундоши Соҳиба Фикрат билан аввал бирга яшаган уйида болалари билан яшаб юраверди.Қишлоқдаги ҳовлида ижара пули беришмаса-да,газ,электр,сув каби тўловларни амалга оширишарди.Соҳиба эндигина 1 синфга борган Амир ва беш ёшли Арслон номли ўғилларини эски,тўзиб кетган кийимларни кийдириб,«Болалар сизни соғинибди»деб тез-тез буларникига жўнатарди.Озода эса уларга парвона бўлиб,ойлик маошидан кийим-кечак олиб берар,ювинтирар,ҳар хил овқатлар билан хурсанд қилишга уринарди.
Шу тарзда кун ва ойлар ўтаверди.Озода ишига бориб келар,эри билан гоҳида онасиникига,гоҳида қайнонасиникига меҳмонга боришарди.Фикрат ўзининг хусусий бокс клубини очган,шаҳар марказидаги спорт мажмуасидан ижарага зал олиб,ўша ерда бокс машғулотларини ўтказарди.Рўзғорни асосан Озода қилар,Фикрат кўпинча бозор-ўчарга аралашмас,уйда нима бор-йўқлиги билан иши бўлмасди.
Бу орада Тожикистонда нотинчлик бошланиб,Фикрат у ердаги икки ўғлидан хавотир олиб,кўп ўйлайдиган,шу ҳақда кўп гапирадиган бўлди.
–Тожикистонда уруш бўляпти.Болаларим нима бўлади энди?-деди бир куни у хафа оҳангда.
–Бориб ўғилларингизни олиб келинг.Мен ўзим уларга қарайман,-деди Озода унга раҳми келиб.
–Борардим-у,Мубина болаларни менга беришга рози бўлармикан?-деди Фикрат ўйланиб.-Берса иккисини ҳам олардим.
–Мубина бошқа турмуш қурган,яна бошқа фарзанди бор дегандингиз-ку.Агар болаларни берса,мен уларга оналик қилишга тайёрман.Зора шу ишим Аллоҳга хуш келиб,ўзимга ҳам Худойим фарзанд берса,-деди ўпкаси тўлиб Озода.У Фикрат билан яшаётганига етти ойдан ошган бўлса-да,ҳомиладор бўлолмаётганидан хафа эди.
–Сен туғмасанг ҳам сендан ҳеч қачон ажрашмайман.Мени фарзандларим сеники ҳам.Буни ўйлаб сиқилма,-деди Фикрат.
–Раҳмат.Аммо мен ҳам ўз фарзандим бўлишини истайман.Она бўлиб,ўзимни боламни бағримга босгим келади.Ахир 28 ёшга кирдим,ҳалигача шундай юрибман.Мен тенги дугоналаримнинг болалари мактабга чиққани қачон эди..
Озода охирги сўзларни овози титраб,зўрға айтди.У охирги ойларда ҳомиладор бўлолмаётгани учун кўп даволанаётган эди.
–Мен сенга кейинги ойда Бухородаги «Иссиқ сув»санаторийсига йўлланма олиб бераман,-деди Фикрат.-Балки санаторийда даволансанг,фарзандли бўлармиз.
Озода эрининг бу гапидан кейин бироз тинчлангандай бўлди.Май ойи охирлаб,мактабдаги ўқишлар тугаши билан Озода йўлланма билан санаторияга даволанишга кетди.Даволаниб келганидан кейин ҳам натижа бўлавермагач,ёш аёл бутунлай тушкунликка тушиб қолди.
Бу орада Фикрат Соҳиба билан ўзаро келишиб, шаҳардаги ҳовлисини сотди ва уларга кўп қаватли уйлардан уч хонали квартира олиб берди.Кейин эса ўзлари яшаб турган ҳовлини сотиб олиш ҳаракатига тушди.У қачонлардир ота-боболари яшаб ўтган жойда яшашни истаб,шундай қилди.
–Бу эски уйларнинг ҳаммасини бузиб,бошқатдан қурамиз.Ҳовли атрофидаги деворларини ҳам янгилаймиз,-деди у.
Улар яшаётган ҳовлида эски,тўкилиб кетай деб турган иморатлар кўп эди.Фикрат ҳар шанба-якшанба кунларида кичик ҳашарлар уюштирадиган бўлди.Нодир ҳар ҳафта опасини уйига келиб,эски иморатларни бузишга ёрдам берарди.
Шу кунларда Фикратнинг Тожикистондаги ўғиллари ёзги таътил баҳонасида уларникига келишди.Фаррух ва Фирдавс яхши тарбия олган,ақлли болалар бўлиб,Озодага деярли муаммо туғдиришмас эди.Озода эса уларнинг келганидан хурсанд,уларга онаси сингари бўлишга интилар эди.13 ва 12 ёшли болалар унинг сингиллари билан тенгдош,итоаткор ва тартибли эдилар.Улар ўзбек тилида гаплашишга қийналишларини ҳисобга олмаса,Озода «болам,бўтам»қилиб,улар билан ҳам тил топишиб олди.
–Фикрат ака,болаларни қайтиб,Тожикистонга юбормайлик,-деди у эрига.-Улар менга яхши ёрдамчи бўлишди.Кейин улар билан зерикмаймиз.
–Ўзинг биласан.Агар уларга қарашни эплай олсанг,бемалол.
Озода шундай қилиб,ўзи она бўлмасдан туриб,онага айланди.У Фаррух ва Фирдавсни ўзбек тилига ихтисослашган мактабга жойлаштирди,уларнинг ўқишларини назорат қилиб,дарсларига ҳам ёрдам бериб юраверди.Гоҳида ўсмир ёшидаги ака-ука йигитчалар уришиб қолишса,уларни яраштириш ҳам Озоданинг зиммасида эди.Гоҳида Озода ўзининг ҳаётидан зерикар,Фикратга турмушга чиқиб,унинг болаларига текин хизматкорга айлангандай туюлиб,ўзидан хафа бўларди.Гоҳида Тошкентга кетиб,каръераси билан шуғулланмаганидан ҳам афсусланарди.Ахир у танилиб келаётган ёш шоираларнинг олдинги сафида эди-ку.Энди-чи?Озода шу эзгин ўйларининг охирига етолмас,нима қилса тўғри бўлишини ўзи ҳам билмасди.Шу сабаб азоб чекаётган қалбини тинчлантириш мақсадида кечалари туриб,таҳажжуд намозлари ўқишни одат қилди.Намоздан кейин унинг қалби бироз тинчлангандай туюларди.Лекин гоҳида Тошкентга кетиш фикри унга тинчлик бермас,ўзи билан ўзи курашиб чараб кетарди.
Худди шундай кунларда мўъжиза рўй бериб,Озода яқин ойларда она бўлишини сезиб қолди.Унинг даволанишлари,Аллоҳга илтижо қилиб ўқиган намозлари ижобат бўлган эди.Озода ниҳоят тақдирига тан берди.Энди нима бўлсаям,у шу одам билан яшашга мажбур!
Бу орада отаси Рустам аканинг оёғига протез қўйдириш мақсадида Тошкентга бориш масаласи кўндаланг бўлди.Озода укаси,ота-онаси билан Тошкентга боришига тўғри келди.Аслида у Фикрат бу муаммони ҳал қилишига умид қилган эди. Аммо Фикрат гуруҳи билан мусобақага боришини баҳона қилиб,ўзини четга олди.Озоданинг ҳам унга ортиқча ялингиси келмай,яқинлари билан ўзи Тошкентга бориб,отасига протез оёқ олиб,қўйдириб келди.
Протез оёқ олиб келинганидан кейин Рустам аканинг кайфияти кўтарилди.У протез оёғини тақиб,у ёқ-бу ёққа борадиган бўлди.Аммо Озода турмушга чиққанидан кейин оилада иқтисодий қийинчиликлар бошланган,рўзғор,ҳали кичик фарзандлари мактабда ўқийдиган оилага кўмак зарур эди. Рустам ака ва яқинда нафақага чиққан Нозигул опанинг оладиган нафақаси рўзғорни бошқаришга етмасди.Нозигул опа кичик қизларини ёнига олиб,яқинларидаги жамоа хўжалиги кунлик пахта йиғим-теримига борадиган бўлди.Ўша пайтда терилган пахта учун жамоа хўжалиги ун ва ёғ берарди.
Озода ҳомиладорлик таътилига чиққан кунларда Рустам аканинг яна мазаси бўлмай қолганини эшитиб,отасининг уйига келди.Кесилганига анча бўлганига қарамай,оёқнинг анча юқоридан кесилган қисми битиши қийин кечаётган эди.Рустам акани яна касалхонага ётқизиш,кейин эса унинг ногиронлик нафақасига чиқишига ҳаракат қилиш лозим эди.Озода онаси билан бирга отасини касалхонага олиб борди.
–Энди Рустамнинг ҳамма касаллик тарихи ёзилган қоғозларини тўплаб,махсус комиссияга топширишингиз керак бўлади,-деди шифокор Юсуф ака.-Шу қоғозларга қараб комиссия нафақа тайинлайди.
Озода худди шифокор айтгани каби барча ҳужжатларни йиғиб, комиссияга топширди.Аммо унинг бу иши Фикратга маъқул бўлмади.
–Нима сендан бошқа шу ишни қиладиган одам йўқми?-деди у зарда билан.-Қачон қараса,даданг учун югуриб юрасан!
–Нима қилай Фикрат ака?Мен оилада тўнғич фарзандман,ота-онам менга ишонишади,-деди Озода.
–Ўзинг биласан-ку,аммо ҳомиладор ҳолингда қиш фаслида,оёқ таги яхмалак бўлиб ётган пайтида бундай юришинг менга ёқмаяпти,-энсасини қотирди Фикрат.-Йиқилиб тушишдан қўрқмайсанми?
Озода унга жавоб бермади.Отасига нафақа тайинланган кунларда,баҳор фасли бошланган кунларда у она бўлиш бахтига эришди.Қизалоғи Шаҳина қуйиб қўйгандай Фикратга ўхшарди.
Туғруқхонадан Фикрат гуллар билан қарши олди.Шу пайтгача тўртта ўғил кўрган,қизи энди туғилгани унга ижобий таъсир қилди.Шаҳина туғилганидан тўрт-беш ўтгач,улар ўзлари яшаб турган ҳовлини сотиб олишди.
Энди ҳовлини бузиб,қайтадан қуриш ишлари бошланиб кетди.Ҳовлида усталар ишлар,кираверишдаги икки хона уй,битта катта зал,ошхона ва айвон қуриш ишлари давом этди.Озода қизчасига қараш билан билан бирга усталарга овқат қилиш,идишларни ювиш билан банд эди.Фикрат эса усталарга керакли қурилиш ашёларини етказиб берар,хотинига қарашишни хаёлига ҳам келтирмасди.Озода гоҳида Шаҳина йиғлаб қолса,қўшнилари Зиёда опанинг Ойниса деган қизчасини чақиришга мажбур бўларди.Ойниса ўн ёшда бўлса-да,чаққон қизча эди.У Озоданинг ҳамма юмушларига ёрдам берар,Озода ҳам ўз навбатида унга керакли бўлган буюмлар,мато ёки янги кийимлар совға қиларди.Ўша пайтда Озода орадан вақт ўтиб,айнан шу қизча сабаб оиласи бузилиб кетишини хаёлига ҳам келтирмаган эди…
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев