2-ҚИСМ
Ҳайрон қоламан, ойи. Бир юртнинг, бир миллатнинг болаларимиз. Нега бунча ўзимизни қийнаймиз? Бу шафқатсиз одат қаердан пайдо бўлган? Тўғри, аскарлар орасидаги бу муносабатни йўқотиш учун офицерлар бор имкониятни қилишяпти. Яқин орада бундай иллатлар йўқолиб ҳам кетар. Аммо ҳозир... ҳар қалай йигитларга бу одат ёқади, шекилли.
Хуллас, ўша “черпак” мендан “крокодил” туришимни талаб қилди. “Крокодил” бу — жазо усули. Яъни, темир кароватнинг оёқ учидаги тиргагига оёғингизни тирайсиз, бош томонидагисини қўлингиз билан маҳкам тутасиз-да, ана шу ҳолда муаллақ турасиз.
Кароватга чўзилиб ётиб, сигарета чекаётган “черпак” менга буйруқ берди: “Мана шу мен ётган кароватда “крокодил” тур. Агар устимга тушиб кетсанг...”
Айтганини қилдим. Бу ернинг ёзилмаган қонуни шундай, ойи. “Дух” буйруққа сўзсиз бўйсуниши шарт. Қанча турганимни билмайман. Қўлим ҳам, оёғим ҳам толиқа бошлади. Томирларим таранг тортилиб, ичимга симиллаган қалтироқ кирди. Тишимни тишимга босдим. Куч кета бошлагач, танам титрашга тушди. Пастда менга иржайиб қараб ётган “черпак”нинг маза қилаётганини кўрсангиз эди, ойи. Сигаретнинг тутунини оҳиста, ўпкасидаги бор ҳаво йўллари тўлгунча тортади. Кейин юзида беписандлик акс эттириб, менинг қизарган, тер чиқа бошлаган бетимга пуфлайди. Дам-бадам таъкидлайди: “Агар устимга тушиб кетсанг...”
Мен ўзимни босишга, бор кучимни йиғишга уринаман. Танамни забтига олган титроқ кароватни ҳам “шақиллата” бошлайди. “Ўзинг сабр ва куч бер...” дейман ичимда. Бир пайт “командир” деган ҳитоб эшитилди. Бизнинг “томошабин”ларимиз ҳам ини бузилган чумолидек сассиз югургилаб қолишди…
Командирларимиз вазиятни яхши билгани учун тез-тез хабар олиб туради. Қадам товушлари ҳаммани янада шоширди. Мен “крокодил” турган кароватдаги аскар ҳам туришга уриндими, сал ҳаракат қилганди тарақлаган овоз дунёни бузгандек бўлди. Нима бўлганини англамай қолдим. Қарасам, ҳалиги “черпак” тагимда зўрға нафас оляпти. Кароватнинг бош ва оёқ томондаги тиргаги икки ёнга айрилиб кетган, биз ерда ётибмиз. Бошимизда эса жаҳлдан пишқириб нафас олаётган командиримиз...
“Иккаланг билан эрталаб гаплашаман”, деди у чиқиб кетаётганида. Эртасига эса ҳаммамизга роса “лекция” ўқиди. Ойи, у тўғри гапни айтди. “Сенлар Ватанни, бутун халқни қўриқлаяпсанлар, чегарада турибсанлар! Шуни ҳис қиляпсанларми, ўзи? Бутун Ўзбекистон сенларга ишониб хотиржам яшаяпти. Сенлар эса ўзингни ўзинг еяпсан? Нима етишмайди, сенларга? Бунақа шароитли армияни ота-бобонг кўрмаган! Сенларнинг вазифанг — шукр қилиб, сидқидилдан хизмат қилиш! Буни сенларга қандай тушунтириш керак, а?” дея у жуда кўп гапирди. Мен асл вазифамни англадим, ойи. Ўзимга ўзим кун келиб “черпак” бўлганимда ҳам, “дембль” бўлганимда ҳам ҳеч кимга қўл кўтармасликка сўз бердим. Ойи, сиз бўлганингизда ҳам шунга чақирган бўлардингиз. Сизни жуда соғиндим. Кўргим келяпти жуда. Бугун тушимга кирсангиз эди, дея ширин орзу билан ухлашга чоғланяпман. Тушимга киринг, ойижон!
МАН. 5.01.2000”
* * *
Ҳар доимгидек талабаларимни қийнаб, ёшимга ярашмаган қаттиққўллигимни қилиб ўтирмадим. Етарлича балл тўплай олганларига жавоб бердим-у, қолганларига икки кун тушдан кейин қайта ўзлаштиришга келишларини тайинладим. Энди ижара уйимга кетишга чоғланганимда деканатга чақиришаётгани айтишди.
— Тинчликми? — дедим кира солиб котибага.
— Билмасам, — елка қисди у. — Менимча, кетмоқчи эканлигингизни айтишган.
— Менимча ҳам шундай... — дедим-у, декан қабулига кирдим.
— Моҳгул, нима бўлди қизим? — ҳар доимгидек меҳрибонлик билан деди домла. — Қаёққа отландинг?
— Уйдагилар қайт, дейишяпти. Ўзи эртага ёнингизга ариза билан киришни режа қилиб юргандим, — доимгидек ер чиздим.
Бу гапни ким билсин, деканимизга неча марта айтганман. Ҳар доим у киши бу ерда керак эканлигимни, энди ёш кадрлар қаторида мен ҳам ўзимни кўрсатишим лозимлиги тайинлайди. Мен эса ўзимнинг сабабларимни кўрасатаман.
— Онам хафа бўлади, бормасам...
— Қиз бола бировнинг ҳасми. Мен ҳам сени мажбурлаб ушлаб тура олмайман. Майли, онангнинг ҳам айтганини қил. Лекин илмни ташлаб қўйма. Албатта, ишла. Шунча ўқиганинг зое бўлмасин.
— Бўлмаса, ҳозир аризамни ёзиб бера қолай. Ҳужжатларим тайёр бўлгунича ҳам...
— Аслида мен сени бошқа нарсага чақиргандим, — гапимни бўлди декан.
— Тинчликми?
— Тинчлик қизим. Сени мана саккиз йилдирки биламан. Биринчи курслигингданоқ ҳулқинг, билиминг, одобинг билан ҳурмат қозондинг. Мен ўз қизимдек кўрдим. Шунга... айтиш ҳам ноқулайроқ. Бир жиянимиз бор. Уни шу ёз уйлантирмоқчимиз. Мен сени кўз остимга олиб юргандим.
Ерга киргудек бўлдим. Уятдан юзим лов-лов ёна бошлади. Бошимни кўтармадим.
— Шунга... — домла ҳам ноқулай вазиятда қолганидан гапини йўқотиб қўяётганди. — Ариза ёзишга шошилма. Балки, бир-бирингга маъқул келсанг... Ҳа, майли бор.
Охирги гап қулоғимга кириши билан эшикка ўзимни урдим. Шу аҳволда ташқарига қандай чиққанимни ҳам билмайман. Эшик ёнида кимгадир тўқнашиб кетдим.
— Моҳгул! — таниш овоз шундоқ ҳам ҳаяжондан тез ураётган юрагимни қинидан чиқаргудек бўлди.
— Сизга нима бўлди? — ҳалиги овоз дилимни ғашлади. Айни дамда уни кўришни истамасдим. Умуман курсдошларим билан негадир учрашгим келмасди. Айниқса Зариф билан.
— Салом Зариф, яхшимисиз? — дедим ноилож.
Ўрта бўйли, озғин ва ўйчан бу йигит негадир менга шоирларни эслатарди. Табиати ҳам шунга яқин. Балки шунинг учун ҳам бошқа йигитлар сингари муҳаббатига осонгина қўл силтаб кета олмас.
— Сизни шу ердан топишимга ишонганим учун келгандим. Ишларингиз яхшими? — энтиккандек овозини сал ютиб гапирди у.
— Ўзингиз яхшими? Фарғоналар тинчми?
— Яхши. Мактабда дарс беряпман. Бирор жойда ўтирайлик, — деди у одатга кўра тортинибгина.
Баъзан ҳайрон қоламан шу йигитга. Камгап, тортинчоқ, паришон. Мени севишини ҳам шу пайтгача бирор марта айтмаган. Курсдошларим — йигит ва қизлардан эшитганман. Эсимда кимнингдир туғилган кунида қизарибгина сўраганди: “Сизни уйдагиларингиз узоққа берадими?”
— Йўқ, узоққа беришганда бирорта йигит билан шартта севишардим-да, — дегандим шўхчан.
Шундан сўнг бошқа гап очмади. Зебога айтибди, менга уйланишни исташини. Кейин ўқиш тугаб, ҳамма тарқаб кетди. Катта шаҳарда мен, Зебо ва уч йигит қолдик магистратурада ўқиш учун. Зариф ўша пайтлар кетганди. Охирги марта уни Зебонинг тўйида кўрдим. Ўшанда ҳам менга жимгина термулганини сезгандим. Энди нима учун келди экан, Тошкентга?
— Мен шошиб тургандим, курсдош, — дедим гапни қисқа қилишга уриниб. — Уйга кетишим керак.
— Ҳалиги... ярим соат вақт ажратинг, — ялингандек деди у.
Шундоқ ҳам журъатсиз, бўшанг сабоқдошимни хафа қилгим келмади. Аслида у билан умуман гаплашгим йўқ.
— Юринг анув, ўриндиққа, — дедим ноилож.
— Йўқ, гапларим кўчада айтиладиган гап эмас.
— Бўлмаса, факультет ошхонасига кирамиз.
— Ошхонада айтиб бўлмайди, бу гапни... — қизарди у.
Бирам кулгим қистади.
— Қаерда айтилади? — ийманиб зўрға турган курсдошимни баттар ноқулай аҳволга солишдан ўзимни тийиб тура олмадим.
— Ошхонада домлалар, танишлар чиқиб қолиши мумкин. Йўл ёқасидаги кафега кирайлик.
Зарифнинг ортидан эргашарканман, уни турмуш ўртоғим сифатида тасаввур қилиб кўрдим. Мен бу камтар йигитни ҳар гапимда “тишлаб” олишим мумкин. Бир-биримизга умуман мос келмаймиз. Нега менга кўнгил қўйди экан, бу йигит?
Кафега кирганимиздан кейин курсдошимнинг гап бошлаши ҳам қийин бўлди. Чап қўлини мушт қилиб, ўнг қўли билан шунақа сиқадики, ичидаги гапларини чиқара олмаётгани шундоқ маълум. Ожизгина хўрсиниб қўйиши ундай-бундай юрак касалларни бу дунёдан наригисига ўтказиб юбориши ҳеч гап эмас. У шунақа ичи тор, аммо дардини ёра олмайдиган йигит.
— Факультетда ишламоқчимисиз? — дедим охири чидай олмай.
— Моҳ... — деди у кўзларимга қарай олмай. Эр йигитнинг сал журъатли бўлгани ҳам дуруст экан. Унинг ўзини **** қўйгудек бўлиши кулгимни ҳам келтиради. Ана озроқ кузатсам, кулиб юборишим тайин. Ерга қарадим-у, пастки лабимни тишладим. Озгина вақт ўтиб Зариф яна тилга кирди:
— Мени уйдагилар уйлантиришмоқчи. Сизни уларга айтдим. Яхши қиз, дедим. Ота-онам қизнинг розилиги ол, дейишди. Улар тўйимизга рози. Агар сиз йўқ демасангиз...
— Вой, Самарқанддан келин олишга рози бўлишдими? — ҳайратимни яшира олмадим.
— Рози қилдим. Кўнглим сиздалигини айтдим... — Зариф шу гапларни айтгунича терга ботиб кетди. Пешанасини сидирар экан, менга бир қараб олди: — Сиз нима дейсиз, шунга?
— Зариф, шу учун шунча йўл босиб келиш шарт эдими? Телефон қилсангиз ҳам бўларди-ку! — унинг ожизлиги, ҳаяжони менга куч бераётгандек эди.
— Бу телефонда гаплашадиган гап эмас. Юзма-юз ҳал қилиш керак, деб ўйладим.
Билмадим, бу йигитга ачиндимми, раҳмим келдими, яхши гапиришни истадим. Лекин кўнглига қарасам нотўғри тушуниши, ота-онасини шунча йўлга овора қилиб юбориши мумкин. Шундай гап айтишим лозимки, торози у томонга ҳам, мен томонга ҳам оғмасин.
— Мени уйдагиларим узоққа беришмайди. Шунинг учун бу ишни бошлаб бекор қилибсиз. Ўзингиз томондан бирорта қиз топганингиз маъқул.
— Уйдагиларингизни ўйламанг. Ота-онам уларни рози қилишади. Ўзингиз нима дейсиз?
Энди бу гапга нима дей? Сиз менга ёқмайсиз, дея олмасам. Очиғи, унга ўзимни муносиб ҳам кўрмайман. Зарифга ўзига ўхшаган беозор, кўнгли бўш, мулойим қиз керак. Мен эса... Онамнинг гапича, мен — бир қарасанг ойдай одам, бошқа пайт жини қўзиган дали. Кайфиятим йўқлигида кўзимга ҳеч нарса кўринмайди. Ҳеч кимни аяб ҳам ўтирмайман. Шод пайтларимда эса мендан яхши инсон йўқ. Гоҳо ўзимни ўзим тушунмайман. Бугун яхши одамга “айланган” куним. Зарифнинг кўнглига қараб, юмшоқ гапириб ўтирганим шундан.
— Бўлмайдиган ишни бошламанг, Зариф... — дедим жўяли гап айта олмай.
— Нимаси бўлмайдиган иш? Йигитингиз йўқ-ку, — овози титраб деди у.
— Зариф! Ўзингизни ҳам, мени ҳам қийнаманг! — шундай дея ўрнимдан шарт турдим-у, ижара уйимиз томон йўл олдим.
“Тавба, бу шаҳар бахтимни боғлаб турганмиди? Бугун ариза ёзиб, тарк этаман деганимдан қўлимни сўровчилар кўпайди. Деканнинг айтган гапи-чи? Шуни бирорта аёл домла орқали айтса ҳам бўларди-ку! Эркак боши билан менга “жияним бор” деб ўтирибди...”
Негадир жаҳлим чиқа бошлади. Феълим ўзгарди. Ижарахонага ҳам тунд аҳволда кириб бордим.
— Моҳ опа, сиз қишлоққа кетсангиз биз нима қиламиз? — кутилмаган савол берган қишлоқдош қиз балога қолди.
— Нима қилардинг? — бақирдим унга. — Ўтирасан шу ерда ўргатганларимни такрорлаб. Ҳужжатларингни топширганингдан кейин қишлоққа борсанг, тестгача яна ўргатаман!
— Хўп, — минғирлаганча ошхонага чиқиб кетди у.
Сиқила бошладим. Ёлғиз қолгим, йиғлагим келди. Нега? Нима сабабдан билмайман. Аксига олиб, бу бир хонали уйда холи жойнинг ўзи йўқ. Ҳар доим шунақа. Дунёга сиғмай кетганимда уни эслайман. Хатларини ўқигим келади. Ҳозир ҳам хумор тутган гиёҳванддек бесаранжом бўлиб қолдим. Шунча одамнинг ёнида номаларни ўқишнинг иложи йўқ. Лекин кўнгил истаги ҳам жонимга ором бермасди. Чидолмадим. Илгари ҳам шу сабрсизлигим сиримни ошкор қилган. “Нима бўлса, бўлди” дея, тугилган кийимларим ичига бекитганим — хатлардан бирини тортиб олиб, талабаларим учун фойдаланадиган дарслик орасига жойладим. Хатлар кўплигидан жилдларидан воз кечганман. Бўлмаса, уларни берикитиб, олиб юриб бўлмасди. Тахланган варақларни эса жойлаш осон. Айни дамда бу варақларнинг қайси бўлишининг фарқи йўқ. Ўқисам, қалбим таскин топса бўлди.
* * *
“Онамга бормас мактуб!
Ойи, муҳаббат нима ўзи? Хиёнатдан кейин у сўниб кетиши керакми? Нега менинг кўксимдаги олов баттар гуриллаётгандек? Бу ўт ўчмаса нима қиламан, ойи? Бир умр куйиб ўтаманми? “Ёшликда берган кўнгил айрилмас бало бўлур”, дейди доим ўртоғим Ўроз. Ишонасизми, ойи, шу бола ҳеч қайси қизни севмаган экан. Тўғри қилган. Лекин бу унинг ихтиёрида эмас-ку! Агар севмоқ, севилмоқ ўзимизнинг қўлимизда бўлганида аллақачон мен ҳаммасини унутган бўлардим. Самарқандлик Анварга ҳавасим келади ойи. Кўнгил қўйган қизи тинимсиз хат ёзади. Шунинг учунми, ҳеч қачон уни тушкун кўрмаганман. Жуда яхши йигит. Тунов куни у билан бирга “наряд”га тушдик. Бир кун олдин бир “дембль” уни тонггача ухламасликка мажбур қилганди. Кун бўйи машғулотларда ҳам чарчадик. Кейин “наряд”... Ойи, мен ўша кеча одамзоднинг тик туриб ҳам ухлаши мумкинлигини кўрдим. Анвар ҳаддан ташқари чарчагани учун турган жойида ухлаб қолибди. Қарасам, шунақа чайқаляптики... Резинка сингари эгилади, аммо оёғи ердан узилмайди. Ҳайратдан ёқа ушладим.
Ойи, ҳарбий хизмат ҳар қандай йигитни шунақа тартибли қиларканки. Шу тартибга, тарбияга ўрганган вақтимни сиз кўрсангиз эди. Уйдагидек, эрталаб қайта-қайта “турасанми, йўқми?” деган гаплар қаёқда? Битта “Взвод уйғон!” деган гап билан сакраб турамиз. Ойи, шу қадар чаққон бўлиб кетганманки, икки дақиқада кийиниб тонгги бадантарбияга чиқаман. Ҳар бир аскар бунга улгуриши шарт.
Аввалига қонлар юришиши учун енгил машқлар, кейин югуриш каби машғулотлар билан қирқ беш дақиқа банд бўламиз. Бадантарбиядан қайтгач, ётган ўрнимизни китобдек текислаймиз. Унгача ҳам ўрнимиз тўзғиб ётмайди, тураётганмиздаёқ, ёпинчиқларимизни бирдан каравотларнинг оёқ томонидаги темирига чиройли қилиб илдириб кетамиз. Сўнг ювиниш ва нонушта... Ҳар доим овқатланаётганимизда Ўроз бир гапни кўп айтади: “Ҳар куни тонгда тухум, сариёғ, балиқ, “каша”ни уйингда ҳам емайсан. Шундай экан, еган тузимизни оқлаб яхши хизмат қилишимиз керак!” Ўроз шунақа шукрли бола. Шунинг учунми уни жуда яхши кўраман. Анвар эса сал жиззаки-ю, кўнгли тоза. Ишқилиб, кундан кун хизматдош ўртоқларим билан иноқлашиб боряпмиз. Бир-биримизнинг феълимизни англаб, тушунишга ҳаракат қиляпмиз. Ойи, нега шу хатларни ёзяпман ўзи? Ўртоқларимнинг ёзаётганини кўриб, ҳавас қилармиканман, ё? Ё ўрганиб қолдимми? Сиз билан мактубларим орқали гаплашиб ўрганиб қолдим, ойи. Сизга бўлган соғинчим дунёга сиғмай кетяпти. Соғиндим, “Ўғлим, паҳлавоним”, дейишингизни соғиндим.
МАН. 11. 01. 2000”
* * *
Югур-югур билан бир ҳафтани ўтказдим. Аризамни имзолаган деканимиз бошқа жиянини тилга олмади. Зариф ўша куни ортимдан ҳам келмаганди. Қўнғироқ қилгани ҳам йўқ. Демак, тақдирим бу шаҳар билан боғлиқ эмас. Онамнинг таъкидлашича, шу шаҳардан кетсам, бахтим очилади. Ариза ёзаман деган куним бу гапда жон борми, деб ҳам қолгандим. Унақамас шекилли.
— Нега кетяпсиз ўзи? Сизсиз қандай яшаймиз? — йиғлагудек бўлди Матлуба йўлга отланганимни кўриб.
— Кетмасангиз-чи? — илтижоли деди Ҳилола.
— Бўлди, шундоқ ҳам Тошкентда энг кўп юрган талаба менман. Сизларга маслаҳатим, менга ўхшаманглар. Ўқиш тугаганидан ўз шаҳрингларга кетиб, турмушга чиқинглар!
— Моҳ опа... — Матлубанинг кўзларида ёш йилтиллади. — Сизни сўраб келишса нима дейлик?
Бу савол юрагимни ўртаб юборди.
“Мени сўраб келармикан? Мени сўрамаса ҳам хатларни излар, суриштирар?!”
— Телефоним бор-ку! Бўпти, мен кетдим. Ҳаммага омад! Абитуриентлар билан қишлоқда кўришамиз, — бўғзимга аччиқ алам тиқилди. Уни зўрға ютиб, зиналардан чопқиллаб тушиб кетдим.
“Кетдим мен... Сени ўн йил кутдим. Ўн йил фироқингда ёндим, ишқингда куйдим. Сен буни билмадинг. Қаёқдан ҳам билардинг? Сенинг келишинг мумкин бўлган манзил мана шу тош шаҳар, мана шу хонадон эди. Мен эса уни тарк этяпман. Сени тарк этяпман. Сендан кетяпман. Мени ўз қишлоғимда нима, ким кутяпти буни ҳам билмайман. Билганим, энди мени уйдагилар узатишади. Сенга эмас...”
Шунчалар йиғлагим келдики... Қани ҳеч ким йўқ жойда бўлсам-у, овозимнинг борича бақириб кўз ёш тўксам. Катта шаҳарнинг гавжум кўчасида йиғлаб бўлардимиди? Тавба, одамнинг хаёли ўзида бўлмаса ҳам кўзлари, оёқлари манзилига элтавераркан. Мен қишлоққа кириб келганимдагина ўзимга келдим. Тўрт соатлик йўлни қандай, қай аҳволда, ҳатто нимада босиб ўтганимни ҳам билмайман. У мени нафақат қадрдон шаҳардан, ўзлигимдан ҳам айирди. Агар келганида, мен...
— Ана, қара Исмалоқ амманг келди, — дарвозадан киришим билан Азиз ака Камронга мени кўрсатди. — Бормисан?
— Ассалому алайкум!
Азиз ака алик олиш билан бирга қўлимдан сумкаларимни олди. Мен эса Камронни кўтариб, ўпдим. Азиз аканинг кўриниши эътиборимни тортди: соқоллари ўсган, юзи бироз қорайган, кийим-боши ҳам чанг. Лекин шу ҳолида ҳам кўркам.
— Ўзгариб кетибсизми? — негадир кайфиятим кўтарилди. Юрагимнинг ҳувиллаб ётган айвонига илиқ шамол киргандек эди.
— Чаманлик Вотти ака бўлдим, — жилмайди у.
— Нима?
— Вотти ака!
Мен кула туриб Азиз аканинг ўзимга тикилиб қолганини сездим.
— Нега бунақа қараяпсиз? Менам ўзгарибманми? — дедим кўзларимни нигоҳидан олиб қочиб.
— Сен сониялар ичида ўзгарасан-ку! — минг йиллик танишдек гапирди у. — Дарвозадан кираётганингда қанақадир маҳзун эдинг.
У яна кўзларимга тикилди. Сўнг бирдан шодон деди:
— Кўз очиб юмгунимча Отқулоққа айландинг! Камронни кўриб кайфиятинг кўтарилди, а?
— Сизни кўриб кўтарилди-ку! — кесатдим мен ҳам.
Унинг юзларига қизил югурди. Каловланиб бошини қашлади. Сўнг лабларини чуччайтириб, жилмайганча деди:
— Одамни хурсанд қиласан-да, Отқулоқ! Гапинг ёлғон ёки ҳазил бўлса ҳам кўнглим ўсди. Лекин бу қувонч бефойда. Майлига, юр уйга кирамиз, ҳамма сени кутаётганди.
Унинг илмоқли гаплари негадир дилимга ҳадик солди:
— Тинчликми?
— Сени нега кутишимиз мумкин? Ўзинг топ-чи?
— Ичимни қиздирманг. Нима гап?
— Тўй, Моҳхон! Тўйингизни еймиз. Сиз бутунлай келдингиз, энди тўй бўлади!
— Нима? — ичимга титроқ кирди. — Кимга?
— Мендан сўрама буни. Ахир мен бу ерда ҳеч кимни танимайман. Фалончи, деб айтишганида ҳам барибир билмасдим. Билганим энди тўйингда мазза қилиб ўйнаймиз. Абдулла тоғам ҳам ўйланиб қолди. Кредитга олинган пулни Моҳнинг тўйига сарфласаммикан, деб турибди. Энди бошламоқчи бўлган тижоратимиз ҳам тўхтаб, пулни сизнинг сепингизни бутлашга сарфлаймизми?
Мен жойимда тош қотдим. Азиз аканинг юзига синчковлик билан тикилдим.
“Наҳот, мени уйдагилар бир оғиз огоҳлантирмай эрга берворишди? Кимга беришди? Зариф эмас, деканнинг жияни ҳам эмас, у ҳам эмас! Айтганча, у... Уни шаҳарда топгандим. Шаҳар мени ҳимоя қилиб турган экан. Мана, шаҳардан кетдим-у, ундан ҳам айирилдим. Лекин кимга беришди, мени?”
Нафасим ичимга тушиб кетганини кўриб Азиз ака қаҳ-қаҳ отди:
— Намунча тўй бўлишдан қўрқмасанг? Севган йигитингдан эмаслигини билиб рангинг оқардими? Юрагинг ёрилмасин, Абдулла тоғамнинг қизи, сени берухсат узатиб бўларканми?
Унга алам ва жаҳл билан тикилдим-у, бувим ўтирадиган уйга йўл олдим. Бир зумда бувимнинг хонасида чувиллашиб қолдик.
Ҳаммадан ҳам онамнинг кайфияти аъло:
— Бу сафар ҳам бутунлай келмасанг, ўзим бирга кетмоқчи бўлиб юргандим.
— Тошкент жуда чиройли дейишади. Сизам опам билан бирга ўша ерда қолиб кетардингиз-да! — ҳаммадан оппоқ чеҳраси билан ажралиб турган укам Мусулмон ҳазил қилди.
— Рангинг оқлигига қараганда, сенам бугун келганмисан, дейман? — сўрадим ундан. Азиз аканинг қалтис ҳазилининг таъсиридан чиқишга уринардим.
— Икки кун бўлди. Ҳалиям қорайиб кетдим. Келганимдан лойга солишди.
— Қанақа лой? — ҳайрон бўлдим.
— Қишлоқ четидаги дўконнинг омбори ва ҳисобхонасини ижарага олдик, — отам ғурур билан гапирди. — Бекор турган экан. “Дўконнинг битта хонаси ҳам етади менга”, деди Азим магазинчи. Спорт залидек бўлиб ётган хонани унинг бир ўзи нима билан ҳам тўлдирсин?! Омбор ҳам жуда катта. Шунинг ўртасидан девор тортиб, иккита хона қиляпмиз. Азизнинг ўзи бош-қош. Худо ҳоҳласа, уч кунлардан кейин нон пиширадиган печни ҳам олиб келиб қолишимиз мумкин, а Азиз?
— Олиб келамиз. Мусулмон билан Суннат эртага кўпроқ лой қилса, деворни эртага битказсак, бўлди-да! — акам билан укамга бир-бир қаради Азиз ака. Сўнг кутилмаганда кулиб отамга деди: — Икки ўғлингизнинг исми ҳам... Ҳар доим сўрайман дейман, гап айланиб кетади. Суннат, Мусулмон иккови ҳам, а?..
— Иккови ҳам оти билан туғилган, — отамдан олдин гапни илиб кетди бувим. — Суннатилло туғилганда хурсанд бўлгандик. Кейин қарасак, Мусулмон ҳам суннат бўлиб туғилиб турибди. Ўйлаб ўтирмай Мусулмон деб исм қўйдик. Учинчи ўғли — Жаҳонгир туғилганда бирам хавотир олсам де. Бунисиям шунақа туғилса, отини нима қўяман, дебман-да!
Гур этган кулги уйни шовқинга тўлдирди.
— Янга, овқатни сузмаймизми? — зукко синглим Моҳрўй мени ва янгамни қутқарди.
Бизнинг ўрнимиздан қўзғалганимиз эркаклар суҳбатини авж олдирди.
— Мен Камрон туғилганда биринчи сўраганим шу бўлган, — акамнинг қолган гапини эшитмадик. Яна кулги кўтарилганди.
Ошхонага киришимиз билан синглим “уф”лади:
— Бирам қизиқ шу Азиз ака. Марсдан тушганга ўхшайди. Бизни уялади ҳам демай оғзига келган гапни айтворади. Анув куни ҳаммамиз овқат **** ўтирсак менга қараб, “Рўйи, қишлоқнинг йигитлари қанақа севги изҳор қилади? Сенга ҳам қилишгандир?” деса бўладими? Тавба, дадамнинг, акамларнинг ёнида ерга киргудек бўлдим. Энди бугунги гапини қаранг.
— У шаҳарда ўсган. Балки уларда бу уят эмасдир, — дедим негадир Азиз аканинг ёнини олиб. Дилимдаги гина тарқагандек эди. — Овқатга қара. Кейин уйга кирамиз.
— Меҳмон ака яна бирор нима дейди, — кулди янгам. — Яна чиқамизми, кейин?
— Уни ким “Вотти ака” деяпти? — Азиз аканинг гапи эсимга тушиб сўрадим.
— Қишлоқдаги болалар. Цехда ишлайман деганлар кўп. Шунинг ҳамма у кишининг атрофида айланиб қолган. Тошкентча гапиргани учун “Вотти ака” деб ҳазиллашишади. Шунақа гапиришни ўрганишяпти ҳам, — чимирилди Моҳрўй. — Лекин Азиз ака “бизни Тошкентда ҳеч ким “Вотти” демайди”, деди.
Синглимнинг бу гапи яна ярамни тирнагандек бўлди. Ўзи шунақа, ўша мактубларни менинг ёдимга олиш учун важлар топилаверади.
* * *
“Онамга бормас мактуб!
Ассалому алайкум ойи! Бугун юрагим сиқилди. Одатда зиқ бўлсам сизга хат ёзгим келади. Бугун бир “дебль” жуда жаҳлимни чиқарди. Лекин менинг жаҳлим қаерга ҳам борарди? Ичимдан чиқолмай, қонимга сингади. Қоним қайнайди, унинг тафти миямга урилади. Шайтон “охирини ўйлама, кучинг етгунча ҳаммасини калтакла”, дейди. Пишқиргудек нафас ола бошлайман. Лекин ўзимни босишга ҳам куч топаман. Сабрли бўлиб, ҳаммасини ичимга ютаман. Бир куни мен ҳам “дембль” бўламан-ку! Лекин мен ҳозиргилар каби бўлмасам керак. Кимдир мендан нафратланиб юришини истамайман. Ким билсин, балки жонимдан ўтиб кетса, мен ҳам аламларимни олишни хоҳлаб қоларман. Лекин бугунги гап учун қасд оламан, албатта. Биласизми, ойи, бу ерда йигитлар яшаш жойига қараб ҳам бир-бирига лақаб қўйган. Бу ҳам ўша совет замонидан қолган бўлса керак. Бўлмаса, бир эл бўла туриб, бир-биримизни ажратмаймиз-ку! Бу ерда эса... Жиззахлик йигитлар — “латтабош”, самарқандликлар — “пахта”, тошкентликларни — “қуруқ”, қашқадарёликларни — “қашқар”, Тошкент вилоятидан бўлганларни “бординг” деб чақиришади. Хуллас, ҳамма вилоятга шунақа ўзига яраша лақаб топишган. Агар биронта “дембль” қашқадарёлик “дух”ни “қашқар” деб чақирса, у бўри каби “ув”лаб жавоб қайтариши шарт. “Пахта” деса самарқандликни чақирган ва ўша “дух” қўлини пахта терган каби ҳаракат қилдириб жавоб беради. Бу каби бир-бирини камситишлар менинг жаҳлимни чиқаради. Буни қарангки, бугун менинг орқамдан шундай чақиришди. “Ўв, “қуруқ” тўхта!” деди бир “дембль”. Қоним кўпириб, бўғзимга нимадир тиқилди.
Атай эшитмаган каби йўлимда давом этдим. “Қуруқ” дедим сенга!” жаҳл билан бақирди у. Кетавердим, мен. У эса гўёки ёнимга учиб келиб, нақ бурнимнинг устига калла қўйди. Орқага учиб кетдим. Ерга тиралган қўлларимнинг кафти симиллади, кўзимдан ўт чиққандек бўлиб, бурнимдан иссиқлик қуйилиб, димоғимни қон ҳидига тўлдирди. Тўхтамаётган ва кийимларимни бежаган қон туфайли “санчаст”га боришга мажбур бўлдим. Кутилмаганда “йиқилиб” тушганим учун роса гап эшитдим ҳам. Лекин буларнинг ҳеч бири менга таъсир қилмади. Фақат “дембл”нинг лақаб қўйиб чақиргани қулоғимдан кетмай қолди. Нега шундай ойи, сал нарсага жаҳлим чиқади? Томирларим бўртиб, қўлим мушт бўлиб тугилади. Шу одатимни билгани учун дўстларим Ўроз ва Анвар кўп насиҳат қилади. “Ошна, сен гап “ютмайсан”, бу ерда унақа бўлиш яхши эмас. Олти ойгача “ютиб” тур”, дейди Ўроз. Нега бунақа жаҳлдор бўлиб қолганимни ўзим ҳам билмайман ойи. Лекин иложи борича босиқ бўлишга ҳаракат қиляпман. Сизни жуда-жуда соғиндим, ойи... Жудаям...
Айтганча, кеча кун бўйи сизни ўйладим. Байрамингиз эди. Табриклай олмадим, табриклай олмайман энди.
Хизматдошларим эса бир ҳафта олдин оналари учун табрик мактуби юборишганди. Мен мана шу бахтдан масуволигим учун ҳам аламим олти бўлиб юргандирман?! Шунинг учун сал нарсага “кўтарилиб” кетаётгандирман? Шу сабаб бир оғиз гап оғирлик қилар... Ойижон, байрамингиз билан!
МАН. 9.03.2000”
* * *
Моҳрўй айтгандек, Азиз ака ўйламай кўп гапираркан. Ўйламай эмас, гапининг моҳияти, таъсири ҳақида бош қотирмасди. Назаримда, у хаёлига келган фикрни қайтариб ўтирмайди.
Эртасига тушликда улар ишлаётган дўконга синглим билан овқат олиб бордим. Отам, ака-укаларим, қишлоқдош йигитлар — ўнтача йигит ҳазил-ҳузул қилиб ишлаётган экан.
— Мана шу чип-чиройли қизни нега кўзларингиз кўрмайди, а? — деди кириб боришимиз билан Азиз ака менга ишора қилиб.
Оиламиздагилар унинг гапларига ўрганиб қолишган шекилли парво ҳам қилмади. Фақат Моҳрўй чимирилди. Мен эса ўша заҳоти заҳримни сочдим:
— Буларнинг кўзи кўради. Мен ўзим кўринмаганман шу пайтгача! Ўн йил деганда энди кўриндим. Бугун кўришди!
Қўлимдаги нон, помидор, бодринг, иссиқ чой солинган идишни ерга қўйдим-у, ортимга қайтдим.
— Опа, овқатни сузишга ёрдамлашмайсизми? — ортимдан бақириб қолди синглим.
Шу билан кечгача кайфиятсиз юрдим. Ҳеч ким билан гаплашгим келмади.
“Нега шу пайтгача бирортанг Моҳгулга уйланмадинг”, деган гапни ўзича қоғозга ўраб айтди-да, а? Демак, унинг назарида ҳам қариқизман. Ҳеч ким назарига илмайдиган, кўрмайдиган, кўримсиз қизман. Шаҳарлик олифтанинг кўзига шунақа кўринибман-да, а?”
Бу гаплар миямда айлангани сари ғазабим қайнаб, йиғлагим келарди. Ўзимча кечки пайт, у қайтганида гапирмоқчи ҳам бўлдим. Аммо...
— Моҳ, сенинг Исмалоқ бўлишинг қийин экан, а? Ҳар доим Моҳгул бўлиб юраркансан. Сенинг қувноқ чеҳрангни кўриш учун ҳазил қилгандим. Лекин, заҳрини тўплаб, кутиб турган кобра каби ташландинг, — деди Азиз ака кулишга ҳаракат қилиб. Бу гапни ҳам ошхонага кириб, синглим иккимиз қозон тепасида куймаланаётганимизда айтиб чиқиб кетди.
— Густох! — деди Моҳрўй бувимга тақлид қилиб бошини сарак-сарак қиларкан. — Бир хилда дали-ғўлига ўхшайди. Лекин турган туриши — густох!
Мен Моҳрўйнинг қилиғидан кулдим.
— Сизам гуногунсиз! Турланасиз! — менга ўқрайди синглим.
— Аннамнинг ёнида ётволиб гапларини ёдлаяпсанми? — баттар кулдим мен.
— Бу сўзларнинг таржимасини ҳам айт, Рўй! — ташқаридан Азиз аканинг овози эшитилди.
— Вой ўлмасам, — иккала кафти билан оғзини ёпди Моҳрўй.
Гап пойлаб турганидан аччиқланиб ташқарига чиқдим. Эшик ёнида, деворга бошини тираб, орқаси билан суяниб турган Азиз ака негадир маюс эди.
— Рўй, аслида Азиз ака гуногун! Ҳозиргина кулиб турганди, энди эса, — эшикдан Моҳирўйга мўралаб гапирдим.
— Гуногун нима дегани? — ўйчан сўради Азиз ака.
— Замонавий ва сиз тушунадиган тилда айтсам, “Хамелеон” дегани.
Азиз ака мийиғида кулиб ҳовли этагига қараб юра бошлади. Лекин жим кетмади:
— Сендан юқди, бу “қобилият”!
Мен эса индамай ошхонага кириб юмушимда давом этдим. Овқат пишди ҳамки, Азиз акадан дарак бўлмади.
— Жаҳонгирга айтинглар, Азизни чақирсин, — деди отам.
— Бугун крандан сув чиқмади. Булоққа сувга юбордим, Жаҳонгирни, — ойим айбдордек деди.
— Мен айтиб кела қоламан, — дея ўрнимдан турдим. Атай қадам товушларимни билсин, дея чопқиллаб бордим Булунғур ариғи ёқасига. Аммо Азиз ака шарпамни сезмади ҳам. У сув ёқасида ўтириб олиб, телефонда ким биландир ғамгин гаплашарди:
— Бошқа иложим йўқ, Нур! Озгина сабр қил. Бу ердаги ишларни юриштириб борсам, у ердаги гаплар ҳам унут бўлади. Бораман дедим-ку! Ўзинг эплаб тур, хўп.
“Хотини билан гаплашяпти шекилли. Ахир бизникига келганига ўн кундан ошди. Ҳар қандай аёл ҳам чақиради-да. Дадамга айтсаммикан, лой ишларни ўзлари қилиб турсин. Цех ишга тушганида келиб иш ўргатгани ҳам етар... “Нур” дедими? Аёлининг исми Нуриямикан?”
— Азиз ака, овқат пишди, юринг, —ҳалал бераётганимни билсам-да, шипшидим.
— Бўпти, Нур! Болаларга кўз-қулоқ бўл, — гапини якунлади Азиз ака.
Мен эса индамай ортимга қайтдим.
— Моҳ, сен кимнидир қаттиқ севасан, а? — кутилмаганда саволга тутди у.
— Моҳрўй сизга тўғри “ташхис” қўйибди, — шарт бурилиб дедим. — Ростдан ҳам густохсиз!
— Нима дегани у? Маъноси нима бу сўзнинг? — Азиз аканинг негадир кайфияти кўтарилди.
— Иккита сўзни ўзида мужассам қилади у. Аннам кўп ишлатади.
— Хўш, нима экан?
— “Дадил”, “беадаб” дегани — қиқирлаб кулдим мен. — Зап сизбоп сўз эканми?
У жавоб ўрнига мириқиб кулди. Сўнг жиддийлашиб деди:
— Кимни севасан?
— Густох! — дедим қизариб куларканман.
— Меними? Густох менман-ку! — у ҳам кула бошлади.
Мен эса уйга қараб югурдим.
“Нега менинг муҳаббатимга қизиқиб қолди? Хотини, болалари бўлса? Ўзим сездириб қўйганман. Йўқ, ахир шунча кундан буён қишлоқда-ку, одамлардан ниманидир эшитган. Нима дейишди экан? “Моҳгулнинг йигити бор, ташлаб кетган”, дейишгандир-да!”
Кўзим уйқуга кетгунича, ярим тунгача шуларни ўйлаб ётдим. Яна мактуб ўқигим келди.
“Бу ўзи муҳаббатми? Балки шунчаки қизиқишдир? Инсон шунақа севиши мумкинми? Шунақа ноодатий муҳаббат борми, ўзи?”
* * *
“Севгилим ўқимас нома!
Моҳим! Ҳозир нима қилаётган экансан? Билсанг, юрагимдаги шубҳалар негадир бугун тарқай бошлади. Сенинг хиёнат қилишингни тасаввур қила олмадим. Ахир мактубимни яқинларингдан бири кўриб қолиб шунақа қўпол жавоб ёзишга мажбур бўлган бўлишинг мумкин-ку! Қиз болалар қаттиқ назоратда бўлади. Уйдагиларинг сенинг ҳам ҳар қадамингни санашар балки. Агар шунақа бўлса, сени ноқулай ва ёмон вазиятга солганим учун кечир. Балки мени синаш учун шундай қилгандирсан?! Нима бўлганда ҳам сенинг ўша ёзган хатинг мен учун қадрли. Ўшанда жаҳл устида йиртиб ташламаганимдан бугун мамнун бўлдим. Қайта ўқидим. Сен мактабда ҳам сал яқинингга борсам, “нари тур” дердинг. Ўзи менга сира ширин гап айтмагансан-ку! Уришиб, қовоқ осиб, эркаланиб яхши кўрардинг мени. Шуларни ўйлаб дилим ёришди. Жасур ҳам адашгандир? У мендан баттар рашкчи. Уни биламан, менинг ўрнимга ҳам сени рашк қилган. Камол мен борлигимда ҳам изингдан қолмасди. Ҳозир жуда Худо бергандир?! Йўқлигимда ўзига қаратиб олиш учун бор маҳоратини ишга солаётгандир?! Шу мақсадда ортингдан юрган бўлса, Жасур нотўғри тушунган.
Моҳим, шуларни ёзяпман-у, юрагим ёняпти. Агар ҳозир Камол рўпарамдан чиқса, ғажиб ташлардим. Аямай солардим. Шунақа бўлиб қолдим, Моҳим! Тезроқ май келса эди, Камолнинг аламини ҳам “дух”лардан олардим. Йўқ, унақа қилмайман. Мен янги келган аскарларга озор бермайман. Улар ўзидан катталардан калтак ейиш учун эмас, Ватанга хизмат қилиш, чегарани қўриқлаш учун келади-ку! Уларга шуни уқтираман. Майли, Камолни ҳам урмайман. “Бир қизнинг минг ошиғи бўлади, минг ичидан битта марди олади”, дейишади-ку! Ўша мард мен бўламан. Сени соғиниб кетганимни ҳис қиляпман. Ўйлаганим сари ўпкам ўкинчга тўлиб, хўрсинишга мажбур қиляпти. Бу ерда мен каби хўрсиниб тонгни оттирадиган йигитлар қанчалигини билсанг эди. Сени СЕВАМАН!
МАН. 17.03.2000”
* * *
Эртасига Азиз ака кетадиган бўлди.
— Мен бирдан печни гаплашиб қайтаман. Балки йўлини қилсам олиб ҳам келарман. Уйга бир бориб келмасам бўлмайди. Болалар чақириб қўймаяпти. Сизлар жойни тахт қилиб турасиз, — деди кетаётганида отамга.
— Тезроқ кел, ўғлим. Сенсиз бирорта иш қила олмаймиз, — тайинлади падарим.
Шунча кундан буён унга ўрганиб қолган эканмиз. Бир менга сезилдими десам, кечки пайт бувим гап очиб қолди:
— Азизнинг ўрни билиняпти. Томдан тараша тушгандек гапириб, кулдириб ўтирарди.
— Ҳа, жуда кўнгли тоза, мард бола экан, — мақтади отам ҳам.
Кўз ўнгимга унинг кулиб турган чеҳраси келгандек бўлди.
— Оғримай ўлади, у киши, — одатига кўра тўнғиллади синглим.
Янгам “пиқ” этиб кулди.
— Ундай дема болам, — норози оҳангда гапирди бувим неварасига.
— “Ўйламай гапирган, оғримай ўлади”, деб ўзингиз айтасиз-ку!
Ҳаммамиз кулиб юбордик. Унинг кулиб турган чеҳраси кўз олдимда жонланиб, овози жаранглагандек бўлди: “Кимни севасан?.. Меними? Густох менман-ку!”
Кечаси ҳам ўз-ўзидан Азиз акани ўйладим.
“Тавба, нега уни ўйлаяпман? Оиласи, болалари бор. Ахир телефонда аёлига “болаларга кўз-қулоқ бўл”, деганини ўз қулоғим билан эшитдим-ку!”
Орадан тўрт кун ўтди ҳамки ундан дарак бўлмади.
— Ишониб, ишни бошлаган жойимизда келмаса-я, — хавотирга туша бошлади отам.
— Тилпон қил, — деди бувим.
“Эртага эрталаб йўлга тушаман, тушликгача етиб бораман, ишим кўпайиб кетди”, дебди Азиз ака.
Бу гапни эшитиб негадир юрагим қувончданми, ҳаяжонданми типирчилай бошлади. Ўзимни ўзим тушунмадим. Эртасига дарвоза олдига келиб тўхтаган машина овозидан ташқарига югуриб чиқишимга оз қолди.
— Ҳа, шу уй. Келингизлар, — ҳовлидан келган онамнинг товуши мени сергак торттирди.
“Фамилиямизни айтиб ким сўраб келиши мумкин? Балки, газданми, сувданми келишгандир?”
Лекин сал ўтиб онамнинг аёллар билан сўрашгани эшитилди.
— Ким келди, болам? — бувим ҳам қизиқсинди.
— Билмадим, аям кимлар биландир сўрашяпти. Ҳозир қарайман, — деразадан мўралаб иккита катта тугун кўтарган аёл ва яна икки эркакка кўзим тушди. Улар бири эса...
“Эй, Худо! Наҳот...”
Ичимга титроқ киргандек бўлди.
— Ким экан? — бувим ҳам тоқатсизлана бошлади.
Уятдан ерга киргудек бўлдим. Айтишга уялаётгандим.
— Ким дедим?
— Бир домлам келибди...
— Домланг? Тошкандаги ўқитадиганингми? Ишинг чала қолганмиди?
— Йўқ, — ердан кўз узмай зўрға гапирдим. — Келишимдан олдин “бир жияним бор”, деганди. Тугун кўтарган аёллар билан келибди.
— Совчи бўлиб келишгандир-да! Худойим, ўзингга шукр, — бувимнинг бирдан чеҳраси ёришди. — Шунга қўрқиб турибсанми? Бунинг учун қизларни уришишмайди. Қизли уй — карвонсарой. Қара-чи, меҳмонхонага киришдими? Шу ерга келишармикан, ё?
— Аям меҳмонхонага олиб кирди...
— Менам ўша ёққа бораман унда, — бувим шошиб қолганди.
Бувимни кузатиб, ўзим изтиробларим билан қолдим.
“Энди сендан айрилганим янада ойдинлашди, менинг илк ва умидсиз муҳаббатим. Наҳот, сени бир бор кўриш насиб этмади. Қошларинг, кўзларинг, сўзларинг дийдори менга армон энди. Сени келар дея ўн йилни ўтказдим. Мактубларинг билан мени ипсиз боғлаб олганингни ўзинг ҳам билмасанг керак. Энди ўша дард ва аламга тўла номаларингни ҳам ёқиб юбораман. Ҳадемай уни ўқимоқлик менга гуноҳ саналади. Ахир кимнингдир ҳасмига айланаман. Ёқарман, йўқотарман ҳам. Лекин унинг ёд бўлиб кетган ҳар бир сатри кўз ўнгимдан ўтавермасмикан? Куйиб бўлган юрагимни ўртамасмикан? Истамайман, сендан ўзгага ёр бўлмоқни истамайман. Ахир сен менинг орзу қилганим, менинг кутганим. Нега сени сенлайман? Балки аламдандир бу? Жаҳлдандир? Кел, мендан олиб кет, ўн йиллик эскирган, адо бўлган ишқингни олиб кет!”
Ўпкамни боса олмадим. Ортиқ юрагимдан қўним топа олмаётган оғриқларим кўзимдан чиқа бошлади.
Аччиқ ёш юзларимни ҳам куйдиргандек бўлди. Йиғладим. Бағримдаги ҳамма қайғумни чиқариб ташлашни истаб, кўз ёш тўкдим. Қанча ўтирдим, билмайман. Эшикнинг очилгани хаёлимни бўлди.
— Писмиқсан-а? Бир оғиз айтиб қўйсанг бўларди-ку. Шошиб қолдик. Шунинг учун шаҳардан бери келгинг келмас эканда, а? — онамнинг шодонлиги овозидан маълум, шунчалар ўзини йўқотиб қўйганидан менинг ҳолимга эътибор ҳам қилмасди. — Даданг ҳам кела қолмади. Ҳозир шу цех зарилмиди? Кимсан, деканнинг жиянидан, Тошкентдай жойдан совчилар келиб ўтирса-ю, у киши йўқ. Яхшилаб меҳмон қилмасак уят бўлар. Дадангни қара-я, ўзи йўқлигини камдайин, укаларингни ҳам йиғиб-териб олиб кетган. Бирортасини бозорга юборармидик? Нега гапирмайсан?
“Қанчалар худбинман. Бир сени деб, сени кутиб ота-онамни, бувимни қайғуга ботирган эканман. Бугун бувим ҳам, онам ҳам юракдан севинмоқда. Уларнинг бу қадар қувонганини яқин орада кўрмагандим. Мен сени ўйлаб, уларнинг юзидаги ғамни кўрмаган эканман. Энди улар хурсандчиликдан менинг дилхиралигимни кўрмаяпти. Ҳа, ўй ҳам, қувонч ҳам кўзларни кўр қиларкан!”
— Моҳгул, йигит ойдеккинами? Гапирганлар энди “пластинка”ларини тескари айлантиришади. Ҳар ким ҳам декан билан қуда бўлавермайди-ку, тўғрими? Моҳгул, ҳамма қолиб сен тилингни ютдингми? Шошганимдан сандиқнинг калитини топа олмаяпман. Бозорга Моҳрўйни юборсаммикан? — онам менга қараб-қараб гапираётган бўлса-да, кўз ёш тўкканимни илғамади. Балки сезган бўлса ҳам совчилар сабаб деб индамагандир?!
— Калит аннангнинг чўнтагидами, дейман? Зипиллаб меҳмонлар ёнига бориб олганини қара? Бир пас шу ерда ўтириб турса бўлади-ку! Энди қандай чақираман, аннангни? Дадангда пул бордир, а?
Онам ўзига-ўзи гапиргандек бирорта ҳам саволига жавоб олмай чиқиб кетди. Менинг эса кўксимда алланималар бош кўтара бошлади.
“Энди уйдагилар мендан сўраб ҳам ўтиришмайди. Шу йигит билан аҳду паймон қилган деб розилик беришади. Ўзим танимаган, билмаган кимгадир ёр бўламан. Наҳот, жондан азиз бўлишга улгурган хатлар энди кулга айланади?”
* * *
“Онамга бормас мактуб!
Бугун адамдан хат олдим, ойи. “Ойингнинг “йил оши”ни бердик. Шу билан овора бўлиб хат ҳам ёзолмадим”, дебди. Йиғлагим келди. Баралла йиғлай олсам эди. Хаёлимда сиз уйда, мени кутиб ўтиргандек эдингиз.
Адамнинг бу гаплари дардимни янгилади. Яна адам айтибдиларки, акамлар у кишидан “уйланасизми?” деб сўрашибди. “Сен нима дейсан?” дебди адам. Шундоқ ҳам қон юрагим баттар бўғриқди. Қани эди кимсасиз жойда бўлиб қолсам-у, кўксимга муштлаб-муштлаб, бақириб-бақириб бор ғамимни чиқариб юборсам. Яхшиям, ўртоқларим бор. Уларга овунишга ҳаракат қиламан. Айниқса, Анвар қизиқ гаплари билан қайғуларимдан йироқроққа олиб кетади. У севган қизи ёзган мактубни ўқиб берди. Айтишича, иккаласи Наврўз байрамида танишган экан. Қиз улардан икки қишлоқ нарида турар эмиш. Унга ҳавасим келади. Ота-онаси ҳаёт, севган ёри — вафодор! Омадингни берсин, бахтли бўл, дейман унга? Аммо ўша бахт қайда ўзи? Мана неча йилдирки, у мендан узоқлашиб кетгандек. Ҳаққингизга дуо ўқиш учун туряпман, ойи. Жойингиз жаннатда бўлсин!
МАН. 15.04.2000”
* * *
Яна эшик очилди. Негадир ер сузиб янгам кириб келди. Довдиради. Кейин ниманидир излади. Ерга қараб ўтирган бўлсам-да, зимдан кузатаётганимни сезди шекилли, ўнғайсизланди.
— Бирам кун иссиқ, — рўпарамга омонатгина ўтираркан, беўхшов савол берди: — Ҳеч ким йўқми, уйда?
— Менга нимадир демоқчимисиз? — дедим нигоҳимни бир нуқтадан узмай.
— Уйга совчилар келди. Шу-у, йигитнинг ўзи машинасини ҳайдаб келган экан. Катталар сизларни гаплашсин, дейишяпти.
— Гаплашишим шартмас, — дедим хўрсиниб. Энди менга ҳеч нарсанинг фарқи йўқ эди. Лекин бирдан йигит хаёлимга келди. Ахир у уйланмоқчи бўлган қизини кўриши керак-ку! — Расмимни берворсам бўлмасмикан?
— Қизгина, одамни ҳайрон қилманг. Йигит кўчада, машина ичида ўтиравермайди-ку! Сиз чиқинг, ўзимизнинг шаҳарни кўрсатиб келинг. Унгача биз меҳмонларни кўнгилдагидек кутиб турамиз. Ойим, “бўлмаса меҳмонлар йигитни баҳона қилиб тез кетиб қолади”, деяпти.
Уйдагиларнинг кўнглига қараб кийиндим-у, кўчага чиқдим. Улар айтган оқ нексия кўчамизнинг нариги бошида турарди.
“Бу қанақаси бўлди? Энди бориб, йигитга юринг айланиб келамиз, дейманми, қиз бола бошим билан?”
Шу фикр миямдан ўтиши билан машина ҳаракатланиб, мен томон кела бошлади. Ёнгинамга келиб тўхтади-ю, бўйлари узун, озгин йигит тушиб саволга тутди:
— Моҳигул эмасмисиз?
— Йўқ, Моҳгулман, — дедим бепарво.
У машина эшигини очиб, “ўтиринг” дегандек имо қилди.
— Мен бу ерларни яхши билмайман. Агар йўл кўрсатиб турсангиз, шаҳарни айлантириб келаман, — деди у машинанинг ички ойнасидан менга мўралаб.
Негадир биз бир-биримиздан умуман тортинмасдик. Унинг ёнида эркинлигим ўзимни ҳам ҳайрон қолдирди.
— Тоғам мен ҳақимда ҳеч нарса айтмагандир? Айтишга фурсат ҳам бўлмаган. Аммо менга сиз ҳақингизда гапириб берди. Очиғини айтсам, менга ёқдингиз. Тоғам мақтагандан ҳам зиёда қиз экансиз. Сизни алдашни истамайман. Агар турмуш қурсак, ҳаётимиз ёлғонлар билан бошланмасин, дейман...
Унинг гаплари негадир мени енгил торттира бошлади. Худди у ҳозир менга “сиз менга ёқдингиз, бироқ бошқа қизга ваъда бериб қўйганман. Тоғамнинг сўзини икки қилолмай келдим”, дейдигандек энди.
“Балки тақдиримиз қўшилмаслиги сезиб, бемалол суҳбатлашиб кетгандирмиз?” дея ўзимга таскин ҳам бердим. Йигит эса ҳамон хотиржам сўзларди:
— Буни қандай тушунтирсам экан... Мен илгари уйланганман!
Унга ялт этиб қараганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Бир сўз демасам-да, нигоҳларим таажжубимни унга етказди шекилли, надомат билан деди:
— Кутмагандингиз, а? Биз яхши яшаётгандик. Икки яшар қизчамиз ҳам бор. Мен ишлардим. Кечани кеча, кундузни кундуз демай елиб-югурдим. Тезроқ ўзимни тутиб олай, ўз уйим, машинам, даромад келиб турадиган жойим бўлсин дебман. Билмабманки, аёлга бу нарсалардан ташқари эътибор ҳам керак экан. Бўлмаса, ўзгалар эътиборини қозонишга уринаркан. Бизда шундай бўлди. Аёлим бошқасини топиб олибди. Менга сездирмаслик учун бошқа телефон аппарат ва сим-карта орқали гаплашаркан.
Йигитнинг авзойи ўзгарди. Назаримда, ўша аламли хотиралар кўз ўнгида жонланди. Ахир бу эркак киши учун қанчалар оғир. Унга тасалли беришни ҳам, сабр тилашни ҳам билмасдим. Жуда ноқулай вазиятга тушиб қолдим.
— Менинг тақдирим шу. Худога шукр ҳамма нарсам бор. Фақат оқила ва садоқатли бека керак менга, — чуқур хўрсинди у.
Биз бошқа гаплашмадик. Хотиралар унинг кайфиятини туширди. Мен ҳам ўзим билан ўзим овора эдим.
“Уйдагилар деканга йўқ дея олишмайди. Мен эса асло қаршилик билдира олмайман. Шуни билгани учун ҳам домла бемалол келган. Наҳот, мени бир уйланиб ажрашган жиянига раво кўрди? Нималар деяман? Ёшим йигирма бешдан ошди. Яна нимани кутишим керак? Онам ва бувим шунинг учун ҳам куйинган экан-да! Қайси она гулдек қизини турмуши бузилган эркакка беришни истайди? Балки шунинг учун оналар қизларини тезроқ тенгига узатишга ошиқар?”
— Уйингизга келдик. Моҳгул, рад этсангиз хафа бўлмайман, — тушкунлик билан айтилган бу гаплар хушимни жойига келтирди.
— Киринг уйга, — ёлғон мулозамат қилдим-у, уйга отилиб кирдим.
Бўғзимда туриб қолган алам шу қадар аччиқ эдики, дош беролмаётгандим.
“Бувимнинг хонасига киришим билан ўкириб юборсам керак. Уйдагиларга нима дейман? Ҳаммасини ичимга ютайми?”
Эшикдан ҳатладим-у, ҳайкалдек қотдим. Уй тўрида чордона қурганча укаларим билан Азиз ака палов **** ўтирарди. Нима қилишни билмай қолдим.
— Келинг, келинбола! Куёв муборак! — қувлик билан деди Азиз ака.
Негадир унинг беғубор, кулиб турган кўзларига қараб баттар йиғлагим келди. Йиғладим ҳам. Аламимни ютолмаганимдан у ердан чиқа солиб “Орқа уй”га ўзимни урдим. Тўйиб-тўйиб кўз ёш тўкдим. Йиғлашга сабабларим кўплигидан қай бири учун қайғураётганимни ўзим ҳам англамай эзилардим. Қай бири учун куяй, ахир? Кутавериб тинкамни қуритган муҳаббатим учунми ё домламнинг қароригами, йигитнинг бир уйланганию, Азиз аканинг кесатиқларигами?
— Дилимни ҳуфтон қилиб йиғлайверма. Ўзинг пиширган ош бу. Шукрки, ёмон жой эмас. Кимсан ўқишларнинг каттаси ўзи сўратиб келибди. Яна сендан жуда миннатдор, — меҳмонлар кетгач, қўнимгоҳига қайтган бувим баттар юрагимни эза бошлади. — Роса мақтади. Шунинг учун келин қилишга қарор қилганини айтди. Куёв бўлмиш ҳам ўқимишли, топарман-тутармон экан. Тўйингга етказига шукр.
Бу гапдан сўнг йигитнинг ҳаёти ҳақида уйдагиларга айтмасликка қарор қилдим. Хафа қилгим келмади. Чунки домлам узил-кесил тайинлаб кетибди:
— Ўн кунларда бирдан фотиҳа қилгани келамиз. Йўл узоқ, ўзларингиз тушунасизлар. Бирор гап бўлса телефон бор. Гаплашаверамиз...
Давоми бор.
#Манзилсизмактубларгрдил
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев