6-қисм.
Муаллиф: Моҳира Икромовна.
𝕄𝕠𝕙𝕚𝕣𝕒 𝕀𝕜𝕣𝕠𝕞𝕠𝕧𝕟𝕒 ℍ𝕚𝕜𝕠𝕪𝕒𝕝𝕒𝕣𝕚:
♾♾♾
— Дада бу нима деганингиз?- Фарҳод бироз тушунмади чоғи, — ахир пулларни иккига бўламиз дегандингиз. Энди эса бу гап.
— Ўғлим, — Воҳид ака Фарҳодни елкасига қўлини ташлаганча, — тўғри иккига бўламиз. Лекин ўша бойвуччадан яна анчагина пул олишимиз ҳам мумкин, — охирги гапини паст овозда, пичирлабгина гапирди.
— Лекин қандай? Ахир у шусиз ҳам бизга жуда кўп пул....
— Уни буни қўй, — ўғлини ўзига яқинроқ тортаркан, — сен бугуноқ йўлга тушасан. Ўша бойвучча шаҳардаги энг катта меҳмонхона бўлмиш „Гранд Мир Ҳотел” да турармиш. Сенга самалётга чипта олиб бераман. Сен эса бориб, уни бироз қўрқитасан ва яна озроқ пул талаб қиласан. Қарабсанки, пулимиз анчагина кўпаяди, — Воҳид ака анчайин паст овозда гапирганига қарамасдан, боягина уйга кирган Нодир уларнинг суҳбатини ва айнан меҳмонхона номини эшитишга улгурганди.
— Эҳ дада...., — Нодирнинг қўллари мушт бўлиб тугулди, — ўз қизингизга нисбатан бундай аблахлик қилишга кўнглингиз қандай чопяпти?
Ўша куни Фарҳод учган самалётда Нодир ҳам Тошкентга етиб келди. Фарҳоддан фарқли ўлароқ у биринчи навбатда опасининг олдига шошди. У опаси яшайдиган манзилга келганида Гунафша шошиб чиқиб, таксига ўтириб кетаётганди. Нодир ҳам ортидан борди. Гунафша Давроннинг хонасига ҳеч қандай муаммосиз кириб кетдию, лекин Нодирни қўйишмади. Шу сабабли, у бир меҳмон сифатида хона банд қилишга мажбур бўлди.
Фарҳод эса меҳмонхонани томоша қилиб юраверди ва Давроннинг олдига келганида у оғзи-бурни қон бўлиб хушсиз ётарди.
— Бу дейман бойвуччани ғанимлари кўп..., — гапини тугатмасидан бел қисмида кучли оғриқ, ундан кейин иссиқ суюқлик оқаётганини ҳис қилди. Оғриқдан юзлари буришганча орқасига ўгирилдию, қўлида пичоқ ушлаб турган Бобурни кўриб кўзлари катта-катта бўлиб кетди, — сееееенннн, — овози хиррилаб, қалтираётган қўллари у томонга чўзди, лекин улгурмади. Бобур чаққонлик қилиб, унинг қорин соҳасига икки марта пичоқ урди. Фарҳод ерга қулади.
— Нафси бузуқлар, — Бобур қўлидаги пичоқ дастасини Фарҳоднинг устига кийимга артдию, пичоқни унинг қўлига тутқазиб қўйди. — Мана шу ерда менинг ишим битди. Сен эса, — хушсиз ётган Давроннинг ёнига келиб чўккалади, — сен билан тирик қолсанг гаплашамиз. Ҳозир эса мен кетишим керак. Сабаби, менга ортиқча бош оғриқ керак эмас. Балки сенинг ҳам кунинг битгандир, — Давронга масхара қилганча кулиб қарадию чиқиб кетди.
♾♾♾
— Яхё қара ахир бу.... — Юнус мурдага биринчи марта кўргандек қараб тураверди.
— Буни ҳозир менга қизиғи йўқ. Мен ҳозир Моҳидилни топишим керак, — меҳмонхона эшиги томонга юрди.
— Тўхта, — Юнус уни тўхтатди, — ҳозир буни иложи йўқ. Чунки анави мурда Гунафшанинг катта укаси Фарҳодга тегишли. Бу ерда жиддий бир гап борга ўхшайди.
— Менга қизиғи йўқ. Мен учун Моҳидилдан муҳими бўлиши ҳам мумкин эмас.
— Яхё, — Юнус ичкарига киришга интилган йигитни яна тўхтатаркан, — сен бир нарсани унутиб қўяяпсан. Моҳидилнинг қаердалигини ҳозир фақат Гунафша билади. Гунафшанинг бошига эса катта мусибат тушган. Шуни ҳам ҳисобга ол.
— Тупурдим барчасига, — Яхё асабийлашганча бақириб юборди. — Менга аёлим керак. Қолгани билан ишим йўқ. Менга деса ўша Гунафша деганни мингта укаси ўлмайдими? — Юнусни силтаб ташлади.
— Ақлингни йиғ, — Юнус ҳам бўш келмади, — ҳозир аҳмоқлик қиладиган вақт эмас. Моҳидил шунчалик қадрли экан, олдинроқ қаерда эдинг? — Юнус гапираркан, Яхё жим эшитарди. — Сен шу ерда тура тур. Мен ичкарига кириб, вазиятни билиб чиқаман. Кейин шунга қараб иш қиламиз, — Яхё „хўп” дегандек бош чайқади. Юнус эса унга шу ерда туришини қайта-қайта такрорлаб ичкарига кирди ва вазиятни аниқлаштириб чиқди.
— Хўш, Моҳидил ичкаридами? — Яхё унга умид билан қаради.
— Йўқ, — Юнус бош чайқаркан, — менимча улар яъни Даврон ва Гунафша Моҳидилни кутишган.
— Гунафша? — Яхё ҳеч нимага тушунмасдан сўради, — уни Даврон билан нима иши бор экан?
— Бунисини билмадим. Лекин билишимча, Моҳидил бу ерга келмаган. Аммо, қаерга кетган бўлиши мумкин? Сенингча Хоразмга қайтган бўлиши мумкинми?
— Билмадим, — Яхё ҳали ҳам Гунафша ва Даврон жуфтлигидан мантиқ топа олмаётганди.
♾♾♾
Нодир ва Гунафша Навоийга етиб келганларида уйларида ҳеч ким йўқ эди.
— Дада, — Нодир опасини қучганча ярим очиқ дарвозадан кириши билан дадасини чақирди, — акаааа! — лекин жавоб йўқ.
— Ҳали ухлашётгандир, безовта қилмайлик, — Гунафша қизариб кетган кўзлари билан укасига илтимос қилгандек қаради. Унинг кўзларида айни пайтда фақат илтимос эмас, қандайдир илтижо ҳам бор эди. Гўёки, бу аҳволимда мени ҳеч ким кўрмасин дегандек.
— Хўп, сиз хонангизга кираверинг, — Нодир опасини тушунгандек ичкарига кузатиб қўйди. Гунафша бир сўз демасдан хонасига кириб, эндигина ётоққа ўтирганди, кўзи ётоқ устидаги хатга тушди. Хатни олиб ўқир экан,
— Бўлиши мумкин эмас, — Гунафша қўлидаги бир парча қоғозга эсдан оғиб қолгандек қараб тураркан, — наҳотки дадам? Ахир бу қандай қилиб, дадам.....
Воҳид ака хатда Фарҳод ва Нодирга кўз-қулоқ бўлишини, ўзи эса янги ҳаёт бошлаш учун кетаётганини ёзиб қолдиганди, — дадажон нега бундай қилдингиз? — хатнинг охиридаги миннатдорлик сўзларини ўқиб, ич-ичидан дадасидан жуда қаттиқ хафа бўлиб кетди:
„Яхшиям сен борсан қизалоғим. Сен бўлмаганингда ўша бойвучча Даврон деганларидан бунча пул ололмасдим. Агар у сенга қизиқиш билдирса, ҳеч иккиланмай унинг никоҳига ўт. Укаларингни келажагига бу яхши ёрдам бўлади. Унутма, сен энди ноз қиладиган ўн саккиз ёш қиз эмассан....” бўлди уёғини ўқий олмади. Дадасининг бу даражада тубан инсон эканлигини ҳеч билмаганидан, дадасини умуман танимаслигидан ўзидан хафа эди. Аслида, дадасининг ёмонини яшириб, яхшисини ошириб келган раҳматли онаси экан. Онаси ҳаётлик пайтида дадасининг бундай қилиқларини ҳеч билмаган эди. Унинг, нафақат унинг, укаларининг ҳам назарида дадаси энг яхши инсон эди гўё. Онаси вафот этгач, улар дадасини таний бошлагандилар.
Нодир дадасининг дарагини топгунча Фарҳоднинг ўлими ҳақидаги хабар етиб келганди. Дадасининг қилган пасткашлигини ҳазм қилишга улгурмасдан, жигарининг ўлими усиз ҳам бир аҳволда ўтирган Гунафшани бутунлай йиқди. Устига устак, меҳмонхонада Нодирнинг номига банд қилинган хона сабаб, яна Фарҳоднинг жасади Давроннинг хонасидан топилиши энг катта гумондор Нодир бўлишини таъминлади. Камига Даврон чала жон аҳволда касалхонага олиб борилган. Ҳозирда ранимацияда ётганмиш.
Ҳар қалай ИИБ ходимларининг оз бўлса ҳам одамийлики бор экан. Нодирга акасини сўнгги йўлга кузатишлари учун вақт беришди. Гунафша эса эсдан оғиб қолгандек, бир нуқтага тикилиб ўтиришдан нарига ўтмасди. На йиғларди, на ундан кўнгил сўраб келганлар билан гаплашарди.
Фарҳодни қора тупроқ бағрига топширишганига ҳам бир ҳафтача бўлиб қолди.
— Энди биз билан кетишингизга тўғри келади, — эрталабдан келиб олган тергов ходими Гунафшага бир кўз ташлаб қўйганча Нодирга гапирди.
— Хўп, — Нодир ҳам опасига қараб қўяркан, — фақат опамга қараб туриш учун қўшни холани айтиб чиқай.
— Яхши, — тергов ходими эшик томонга кетаётган Нодирнинг орқасидан қараб қоларкан, — ҳеч ҳам қотилга ўхшамайди. Шу бир ҳафта давомида уни кузатиб қотилга ўхшаш томонини тополмадим, — ўйлади. — Нималар деяпман? — ўз ҳаёлларини четга ҳайдаркан, — ҳеч замонда ўғри ўғриман, қотил қотилман дермиди? Ёки ўзини ошкор қилармиди? Анави касалхонадагини ўласи қилиб ургани аниқ. Ахир гавдасидан ит хуркадию. Камига каратечи экан. Аниқ ўша йигитни урган. Лекин акасини ким ўлдирган? Дадаси ҳам қочиб кетганмиш? Бу ерда аниқ бир гап бор. Балки уканинг ўзи акасини ўлдиргандир? — терговчи йигит ўзи билан ўзи гаплашаркан, диққатини эшикдан кириб келган бегона эркак тортди.
— Ассалому алайкум, — у эркак терговчини кўриши билан салом бераркан, — Нодиржон бормилар?
— Ваалейкум ассалом. Ҳозир келиб қолади, — жавобни қисқа қилдию, ўша бегонани ҳам диққат билан кузата бошлади.
— Мен келдим, — бир пас туриб Нодир ҳам кириб келди, — ассалому алайкум, — бояги эркакга қараб тураркан, — узр танимадим, — шу кунларда уйига жуда кўп нотаниш одамлар кириб келавергани учун бу оддий ҳолдек бўлиб ҳам қолганди. Келганларнинг кўпи Фарҳоднинг мендан қарзи бор эди деб кириб келишарди. Лекин улар қанчалик рост гапирди, буни бир Аллоҳ билгувчи.
— Исмим Юнус, опангиз Гунафшада ишим бор эди.
— Опам ҳозир ким биландир гаплашадиган аҳволда эмас, — негадир уни опасини ёнига киритишни истамади.
— Буни биламан, — Юнус иложи борича босиқлик билан гапираркан, — лекин гаплашиб олишим керак. Бу сизга ҳам фойда бериши мумкин. Ахир ҳозир сизнинг ҳам бошингизга мусибат тушган.
— Мен ўз муаммаойимни ўзим ҳал қила оламан, — Нодирга Юнус қандайдир шубҳали туюла бошлади.
— Бу вазиятда ундай деб ўйламайман, — Юнус кулимсираб қўйди, — чунки сиз урган йигит ҳушига келган ва устингиздан тегишли жойларга шикоят қилишга қарор қилган.
— Уни ўлдирмаганимга ҳозир афсуслана бошладим, — Нодирнинг қўллари мушт бўлиб тугулди.
— Унда ёш умрингиз ҳазон бўларди.
— Унга ўхшаган бетийиқ ҳайвонлар ўлимга лойиқ. Сал кеч қолганимда у ит опамни топтаган бўларди.
— Лекин опангиз у ерга ўз хохиши билан борган, — бу гапларни айтиш Юнус учун қанчалик оғир бўлса ҳам, айни вазиятда оғир-босиқ бўлмаса ҳаммаси чалкаш бўлиб кетиши аниқ эди. Чунки Даврон ҳақиқатда хушига келган ва Нодирнинг устидан шикоят аризаси ёзган эди. Яхё эса у билан гаплашгани кетган.
Юнус ўша куни Гунафшанинг телефонини олиб текширган ва керакли ҳамма нарсани аниқлаган эди. Энди эса вазиятни ўрганган ҳолда қолганини ҳам аниқлаштириб, Моҳидилга олиб борадиган йўлни топиш қолганди. Уларнинг фикрича Моҳидилга олиб борадиган йўлни фақатгина Гунафша билади. Шу сабабли ҳам айни дамда Юнус Навоийда эди.
♾♾♾
— Ҳар доимгидек биринчилардансан, — Даврон Яхёни кўриши билан иржайди.
— Нега келганимни жуда яхши биласан, — Яхё тишини тишига қўйиб, уни бўғиб қўйишдан зўрға ўзини тийиб турарди.
— Ё Худоооо, — Даврон юзини силаркан, — яна ўша хотинингни деб келдингми?
— Ўзингни аҳмоққа солишинг шарт эмас. Мен ҳаммасини биламан. Гунафша билан режа тузганингни ҳам.
— Гунафша? — Даврон ўзини бу исмни биринчи марта эшитиб тургандек тутди, — буниси ким бўлди энди? Буниси ҳам хотинингми? — кулди, — сен бола сира хотиндан тўймас экансанда. Ўзиям, кетворган, дахшатларидан топасан хотинни, — масхара қилгандек кулганча кўз қисиб қўйди.
♾♾♾
— Кечирасиз, нима бўлган тақдирда ҳам сизни опам билан учраштира олмайман, — Нодир кетинг дегандек дарвозани кўрсатди.
— Мен Гунафша билан кўришмасдан, гаплашиб олмасдан туриб ҳеч қаерга кетмайман, — Юнус ҳам қарорим қатъий дегандек уй томонга юрди.
— Мен сизга нима дедим? — терговчи бўлгани боис, Нодир Юнусни ёқасидан олишдан ўзини базўр босиб турарди.
— Мен ҳам айтадиганимни айтдим, — Юнус ҳам унинг вазиятидан устамонлик билан фойдаланганча уйга кириб кетди. Нодир ва терговчи йигит ҳам унинг ортидан киришди. Нодир бу бегона эркакни опасига яқинлаштиргиси келмаётган бўлса, терговчи йигит учун бу бегона ҳам бир гумонланувчи эди. Худдики, бу эркакни қотилликка бирор ёрдами тегадигандек. — Гунафша, — Юнус уйга кириб қизни чақирганча ҳар бир хонага кириб чиқа бошлади, — Гунафша, — ниҳоят унинг хонасини топди, — Гунафша яхшимисан? — бошини ёстиққа қўйганча бир нуқтадан кўз узмаганча ётган қизнинг ёнига чўккалади, — ниҳоят сени топдим, — қизнинг тўзғиб кетган сочларига эндигина қўл югуртирганди,
— Буниси энди ортиқча, — Нодир унинг қўлини тутиб қолди, — хонасига кирди деганингиз, опамга тегинишингиз мумкин дегани эмас.
— Хўп, — Юнус қўлини тортиб оларкан, — майлими у билан ёлғиз гаплашиб олсам?
— Йўқ, — Нодирдан олдин терговчи йигит рад этди, — нима гапингиз бўлса шу ерда бизнинг олдимизда гапиринг. Балки гапларингизни терговга ва қотилликка алоқаси бордир.
— Афсус, — мийиғида кулганча бош чайқаркан, — сизга ёрдам бера олмайман деб қўрқаман. Мен бу ерга шунчаки Гунафшани кўриш, ундан кўнгил сўраш учун келганман.
— Шунчаки кўнгил сўраш учун келган одам шунча гапдан хабари бўлиши, — терговчи йигит ҳам жавобан кулиб қўяркан, — негадир гапларингиз бир-бирига ёпишмади.
— Ёпишмаса, ёпиштириб қўямизда, — Юнус терговчининг юзига тиқ қараркан, — гапларингизга қараганда, мени туппа-тузук айбдорга чиқариб қўймоқчисиз? Лекин қаттиқ янглишаётганингизни айтиб қўйишга мажбурман.
— Огоҳлантирув учун раҳмат, лекин барибир гумондорлар қаторидан жой олиб бўлдингиз.
— Бундан жа бошим осмонга етди деёлмайману, лекин хурсандман. Энди эса ижозатингиз билан Гунафша билан ёлғиз гаплашиб олсам, — Юнус у деди, бу деди хуллас Гунафша билан ёлғиз гаплашиб олишни уддалади.
♾♾♾
Орадан беш ой ўтди.
— Бардам бўл, — Ғайрат ака укасининг елкасига қўлини қўяркан, — ўзингни қўлга ол.
— Айтишга осон, — Жавлон ака қуйилай деб турган кўз ёшларини билинтирмасдан артиб қўяркан, — келинойим ёнингизда. Ўғлингиз ҳам соппа-соғ. Мен-чи? — Жавлон ака ҳовлида уёқдан-буёққа югуриб юрган ўғлига дард билан қараб қўяркан, — бир кечада эсдан оғди-қолди.
— Ҳали ҳаммаси яхши бўлади, — гарчи Ғайрат ака айтаётганларига ўзи ҳам ишонмаётган бўлса ҳам, жигарининг кўнглини кўнглини кўтаришга ҳаракат қиларди.
— Бунга ишонишни ўзи бир тушдек, — Жавлон ака синиққина жилмайди, — аслини олганда ҳаммасига ўзим айбдорман. Мени онамни кўз ёшларини уволи тутди. Онамни кўнглини оғритгани учун Холида кўкрак саратони билан кураша-кураша жон берди. Ёлғиз ўғлимга эса тўғри тарбия бера олмадим.
— Ундай дема....
— Бу ҳақиқат ака. Мана сиз, тўрт фарзанд тарбия қилдингиз. Ҳаммаси бир-биридан одобли, иймонли, виждонли бўлишган. Мен бўлса битта ўғилни эплаб тарбия қилолмадим. Унга фақат худбинлик ва пасткашликни..., — Жавлон ака гапиролмай йиғлаб юборди. Ғайрат ака укасини нима деб юпатишни билмасдан бағрига босаркан, икки кўзи ҳовлида ҳали ҳам югуриб юрган Давронда эди. Даврон югураркан,
— Гулюз тўхта, шошма. Мен ҳам сен билан, — тинмай шу сўзни такрорларди.
— Эссиз умр, — афсусланганча бош чайқади Ғайрат ака.
♾♾♾
— Ўғлим, — Хумора опа бир неча ойдан буён умидсиз бўлиб қолган Яхёнинг ёнига кираркан, — ул-бул **** олгин.
— Иштаҳам йўқ, — Яхё қўлидаги сарғайиб кетган расмдан кўз узмасдан жавоб бераркан, — мен қаерда хато қилдим? — савол берди.
— Нимани назарда тутаётганингни билмадиму, лекин хато қилганингни тушунибсанми демак Аллоҳим ўша хатойингни тўғирлашинг учун имкон яратмоқда, — Хумора опа ўғлининг ёнига ўтирди. Суратга кўзи тушаркан, — ой-куни ҳам яқинлашиб қолгандир-а? — кўзлари ёшланди.
— Ҳали икки ойча вақт бор, — Яхё дардли оҳангда жавоб берди, — лекин унгача топа олармикинман? Энг керакли пайтида ёнида бўла олмадим. Мен қандай эркак бўлдимки, аёлимни буткул ёлғизлатиб қўйдим.
— Ундай дема. Бу ҳам бир синов, Аллоҳнинг иродаси. Биз бандаларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.
— Унга вақтида бор гапни айтишим керак эди. Балки шунда ҳозир бу аҳволда ўтирмасмидим?
♾♾♾
— Сизга катта раҳмат, — Гунафша хижолат бўлганча бош эгар экан, — укамни қутқариб қолдингиз. Сиз бўлмаганингизда билмадим нима бўларди?
— Балки бошқа бири ёрдам берган бўлармиди? — Юнус ундан кўз узмасдан жавоб берди.
— Бундай вазиятда ҳеч ким ёрдам бера олмасди. Ё исташмасмиди, — Гунафшанинг кўз олдига тоға-ю амакилари келди. Қишлоқда Нодирни суд қилармиш деб гап тарқаганида энг аввало қариндошлари таъна тошларини отишганди. Ҳамма уни ўз акасининг қотили деб, ўзини четга ола бошлаган пайтда фақатгина Юнус уларнинг ёнида турди. Энг яхши адвокатлардан бирини Нодирни ҳимояси учун ёллади. Беш ой давом этган суруштирув, суд жараёнларидан кейин Нодир бутунлай оқланди. Даврон жинни бўлиб қолгани учун жазодан қутулиб қолди. Ёрдамчиси Бобур эса қидирувга берилди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев