7-ҚИСМ.
Муаллиф: Мафтуна Абдуллаева.
Тақдири азал.
🌺🌺🌺
2013-йил.26 -сентабрь.
Шердор уйига қайтишда ўзида ҳорғинлик сезди. Миясига ҳар хил фикрлар бир келиб, бир кетиб юрди. Қўшиқ ҳам эшитгиси келмади.
-Тўй- пўйга бормай ётиб ухласамми? - деди пичирлаб. Аммо шу пайт буни инкор этгандек Шоҳжаҳон қўнғироқ қилди.
-Қайтдингми?
-Йўлдаман.
-Биз келин -куёвни айлантириб қайтдик.
- Сен бормасдинг-ку!
-Эй бир айланиб келдикда. Сени барибир бормайди деб чақирмадик.
-Зўр қилибсан.
-Қачон келасан?
-Шу бир соатларда бориб қоламан.
- Ҳа. Тезлаш.
- Бўпти.
Шердор телефонни ўчириб тиржайиб қўйди.
- Эрталабки гапи кечга тўғри келмайди буни.
Уйига етиб келганида сингиллари чуғурлашиб юрган экан. Латифа болалари билан келибди. Ҳамма билан сўрашиб тўйга кетишга чоғланди.
- Ака,- уни Латифа тўхтатди,- бу ёғини ҳал қилинг энди. Онам бечора шундай шўппайиб юраверадими? Хотинингиз дардини айцин. Нега келмаяпти?
- Сени ишинг бўлмасин.
-Онамни ўйлаб айтяпман. Энди бир айб ўтмаган бўлса нега "ажрашаман" дейди. Биз бош уриб бормасак керак. "Роддом" далигида бордик, қарашдик. Ҳеч гап йўқ эди-ку. Биз ҳам қўрқдик аҳволига. Ўзига келгач отаси ҳе йўқ, бе йўқ олиб кетаман деб уйига олиб жўнаворди. Биз изидан ялиниб юрмаймизку.
-Латифа мен сенга аввал ҳам айтган эдим, оиламга тумшуғингни тиқма деб.
- Мен айтмасам юраверасизми?
-Ўзим қачон келишини айтаман,- Шердор "гап тамом" дегандек чиқиб кетди.
-Ана шу аҳвол. Фақат шундай дейди,- куюнди Орзуманд опа.
- Ҳеч нарсани тушунмадим. Аҳволи яхшиланиб ҳаммаси ортда қолди десак, бошланиши экан.
- Нима бўлганини билсам ҳам майли эди. Қуда уйга олиб кетиб парвариш қиламиз деса ҳўп дебман.
-Ҳеч бормадизда ўзиз ҳам.
-Қандай бораман. Икки кун ўтиб қуда буванг "ажратиб оламиз" деди. "Нега?" десам "Шердордан сўранг" деди. Шердор эса жим. Дардини айтмайди.
Орзуманд опа куйиниб анча гапирди. Латифа "онамни кастаси яна айланиб қолди" деди ичида. Неча марталаб эшитган янгаси ҳақидаги "дийдиё" яна бошлангач.
🌺🌺🌺
2013-йил август.
Гуллола бўйида ўтганидан бери "мулла қоқинчи" га судраган қайнонасидан безор бўлди.
-Шердор, аямга айтинг, ўша Каромат фолчига бормайлик бошқа. Аппарат болани яхши деяпти-ку.
-Сенга аввал ҳам айтган эдим, кўп ақллилик қилма деб. Онам нина деса шуни қил.
-Ўша фолчига борган куним алаҳлаб чиқяпман.
Шердор Гуллолага ёмон ҳўмрайди. Чунки алаҳлаб чиққан кунлари Умарни чақиради. Ёки "кетма" деб кўп айтади.
- Бўлди кўп ғингшима. Мана ўзи бир ой қолди,- деди Шердор яна дағалроқ. Гуллола жим бўлди. Шердор нимадандир хафа экани кўриниб турибди. Охирги пайтлар беҳол бўлиб кўп ҳам уй ишларига қарашолмаяпти. Эрталаб туриш-ку, жуда қийин. Шердор уришиб-уришиб турғизади. Овқат егиси ҳам келмайди. Шердор бўлмаса "ма **** ол" дейдиган ҳам йўқ.
Аввал бошида ҳамма меҳрибон бўлиб қолган бўлса аста -секин вақт ўтиб "айнишди". Биринчи бўлиб Орзуманд опани ўғлини келинидан айланиб ўргилиши ёқмади.
Шердор ва Гуллола узоқ кутилган бола бўлгани учунми кечалари бола ҳақида суҳбат қилиб узоқ ётишар эди. Шердор ҳар куни қайта-қайта нима олиб келай деб сўрар эди. Бошида анор дейдиган хотинидан хафа бўлган бўлса, бориб -бориб Гуллола бола сабаб ўзига яна ҳам қаттиқ боғланиб қолганини сезиб буни бир тасадифга йўйиб қўйди. Орзуманд опани эса эр-хотинни "бачканалигига" "чидаши" бола қизлигини билгунча давом этди.
-Қиз бола маҳкам бўлади,- деди келинига ўғлини олдида,- энди кўпроқ ҳаракат қилинг. Бола каттариб кетади.
- Ҳўп,- деди Гуллола. Бундан ортиб нима қилар эканман деб ўйлади ичида. Қилмаганидан қайнсингилларини кирини ювиш қолди. Қолган ҳаммасини қилган. Ош овқат супир сидир, ошхона тозалиги бўйнида. Бундан ташқари Шердор ҳам ўлгудек инжиқ. Кийимига битта гард қўнса жаҳли чиқиб кетади.
Ҳомиладорлик оғир ўтаётган бўлса ҳам қайнонасини гапидан кейин Шердорга ҳам индамай қўя қолди. Шердорни ўзи баъзан инграб чиқса нима бўлди деб сўраб қолса. "Ўзи шундай бўлар экан" дейди. Қайнонаси эса шифокордан кўра фолбинга кўпроқ ишонар эди. Бир икки айтиб "тилини тишлади". Бориб-бориб эса дардини айтмаса ҳам охирги ойлар ирими учун фолчини "қозонини қайнатишга" олиб борадиган бўлди.
Шундай кунлар негадир Умар тушига киради. Ким билсин фолчини кўриши билан Умарни улар ҳақида айтган гаплари келиб, миясида тинмай айлангани учунми?
Қизлар билан фол очиш ўйнаганларида Умар дарсдан кейин атайин йўлини пойлаб ўтириб роса "тарбиявий соат ўтган эди.
-Ҳўш сен ёмон кўрадиган ўша фолчилар бир нарсани биладики, шунча одам боради.
-Агар яна шу гапни айтсанг мендан калтак ейсан,- деганди Умар биринчи марта Гуллолага жиддий туриб,- биласанми улар ким? Қаердан куч олади?
-Айтсанг билиб оламан?- деди Гуллола Умарни важоҳатидан ҳайиқиб. У шунчалар жаҳл қилдими бир сабаб бор...
- Ҳозирги кунда боболарим, момоларим, муваккал фаришталарим бор деяётганларнинг ҳаммаси шайтон билан шартнома тузган кишилар ҳисобланади. Шайтонга берадиган қурбонликларига қараб шайтон ҳам уларга хизмат кўрсатади. Улар энг биринчи фолбин, ғайбни даъво қилувчилар «бобларим ва момоларимга товуқ, хўроз, қўй қурбонлик қиласизлар» деб шарт қўйишади. Ҳатто оқ ёки қора каби рангларини ҳам белгилаб беришади. Чилла ўтирасиз деб узоқ муддат аёллар ҳайз ва нифосдан покланмаслигини эркакларни эса жанобатдан покланмаслигини шарт қилишади. Ўзига мухлис бўлиб борганларга «бўйнингизга олишингиз керак» деб шарт қўйишади. Шу шарти шайтон билан шартнома тузиш ҳисобланади. Бу шартнома шайтонга иймонни сотиш шартномасидир, охиратдан ўзига дўзахни сотиб олиш шартномасидир. Шайтонинг иши ҳам қуйдаги оятда келганларга ўхшайди.
وَلَن تَرْضَى عَنكَ الْيَهُودُ وَلاَ النَّصَارَى حَتَّى تَتَّبِعَ مِلَّتَهُمْ قُلْ إِنَّ هُدَى اللّهِ هُوَ الْهُدَى وَلَئِنِ اتَّبَعْتَ أَهْوَاءهُم بَعْدَ الَّذِي جَاءكَ مِنَ الْعِلْمِ مَا لَكَ مِنَ اللّهِ مِن وَلِيٍّ وَلاَ نَصِيرٍ
120. Яҳудийлар ҳам, насоролар ҳам уларнинг миллатига эргашмагунингча, сендан зинҳор рози бўлмаслар. «Албатта, Аллоҳнинг ҳидояти, ҳа, ўшагина ҳидоятдир», – деб айт. Агар ўзингга келган илмдан кейин ҳам уларнинг ҳавойи нафсларига эргашсанг, сенга Аллоҳдан (қутқарувчи) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир. («Бақара» сураси).
-...
-Тушундингми?
- Ҳа. Бўлди тавба қилдим. Бунақа ўқрайишни бас қил. Бизники шунчаки ўйин эди.
-Ҳазиллашиб ҳам фолга ишонма. Фолбинни гапини тасдиқлаган, ишонган одам диндан чиқиб қолиши, никоҳи бекор бўлиши мумкин.
Гуллола шу сўзларни эслаб қайнонасини жоҳиллигидан афсус қилди.
Нафақат қайнонаси балки бошқа оила аъзолари ҳам кўп диний нарсаларни тушмас эдилар. Баъзида шундай гаплар айтилар эдики, Гуллола қўрқиб кетар эди. Ҳаёлида Умарни оиласи жонланар эди. Агар уларни келини бўлганида Умар ҳозир билганидан анча кўп нарсани ўргатган бўлар эди.
Гуллола Умар ҳақида ўйлашга ўйлаб кейин ўзидан уялиб кетар эди. Ахир ҳомиладор. Бола ҳамма нарсани сезади дейишади. Умар ҳақида ўйлаш Шердорга нисбатан хиёнатни ўзи-ку...
Гуллола Шердорни кутиб ётар экан, ўз ҳаёлларини тартибга қилмоқчидек бош силкиб қўйди. Охирги пайтлар Шердор ҳам ўзгариб қолган. Буни сабаби нима эканини Гуллола юрак ютиб сўролмайди. Аммо бир нарсаларни шубҳа қилади. Қайнонаси гапира- гапира ниятига етди. Уч ойдан кейин тўйларига икки йил бўлади. Келганидан бери фақат Шердорга ёмонлайди. Шунча йил боққан онаси, албатта таъсир этмай қолади. Бунинг устига Шердорни фикрини бузиш осон. Ўзи осмон бўлгани билан бировни таъсирига тез берилади. Бошқа бир сабаб Гуллолани қанча уринмасин бу оилага сингиб кета олмаётган эди. Шердор истагандек унга меҳр бера олмаётган эди. Яна бир сабаб эса Гуллолани гўзал юзини еттинчи ойдан кейин қора доғлар "безаб" ташлаган. Қанча кўп ҳаракат қилса ҳам жуда семириб кетган эди. Ташқи кўриниши Шердорга ёқмай қолгандир эҳтимол.
"Балки нотўғри ўйлаётгандирман,- у ёнбошидан бу ёнбошига оғир ағдарилди,- ҳомиладор хотинлар шундай бадгумон бўлиб қолади деб эшитган эдим." Гуллола эҳтимол Шердорни севмас, аммо бу уйга унинг ортидан келгани ва у бу оиладаги энг яқин инсони экани кўп нарсани англатар эди. Қолаверса турмуш қурганларидан бери доим кўнглига қарашига ўрганиб қолган экан. Неча кундан бери тузук-қуруқ гап қўшмайди. Арзимаган гапдан қийиқ ахтаради.
Ёки Гуллола жуда таъсирчан бўлиб қолган. Охирги пайтлар негадир ўз онаси ёдига тушадиган бўлиб қолган. Ҳудди онасининг қисмати ўзида такрорланадигандек. Сесканиб кетади. Ахир шу ёшда ўлим билан тўқнашиш... Тўғри бир пайтлар Умарни изидан ўлгиси келиб ўзига ўлим тилагани рост. Аммо энди унақа эмас...Қолаверса боласини ўзи меҳр билан улғайтиришни истайди. Охирги пайтдаги кўнгилсизликлар сабаб асабларим чидамаяпти деб ўзига таскин беради. Бироқ барибир нохуш хаёллардан қутила олмайди.
-Шердор,- деди ўтган куни телевизор кўриб ўтирган эрига.
- Ҳа.
- Мен ўлиб қолсам нима қиласиз?
-Каллангга бу фикр қаердан келиб қолди?- бепарво деди Шердор. Гуллола бошқачароқ жавоб кутганди, қулт этиб ютинди.
-Айтиб бўладими?
Гуллолани овози титрагани Шердор сергак қилди.
-Бундай гапларни миянгдан чиқариб ташла. Шунча аёл туққанда сенга нима бўлган.
- Билмасам ҳаёлимга ёмон фикрлар келяпти.
-Чарчадим дейсан, шунақа нарсаларни ўйламай ётиб ухла.
Гуллола бошқа савол бермай чапга қараб, кўз ёшларини яширди...
...Ғирчиллаб очилган эшик ҳаёлини бузди. Улфатлари билан бўлган ўтиришдан қайтиб келган Шердор ўзини ўринга кийими билан ташлади.
-Кийимларимни ечиб қўй,- деди ерга қапишиб ётар экан. Гуллола кулиб ўрнидан турди.
-Шунча чарчадингизми?
- Ҳа,- ғудранди Шердор. Гуллола эса Шердорни амаллаб ечинтириб кийимларини тахлаб илаётиб сўради:
-Қаерга бордингизлар?
-Кўп жойга.
-Масалан...- Гуллола Шердор нима деди эшитмади. Чунки Эрини чўнтагидан тушган нарсани ердан олиб, қотиб қолди. Эҳтимол бу нарсани аввал кўрмаганида бунчалик қаттиқ тапсирланмаган бўларди. Аммо буни бир қариндошини уйида кўрган. Боласи нобуд бўлгач шифокор вақтинча "сақланишни" буюрганда шу нарсадан фойдаланганларини айтганди.
- Бу нима?- деди қалтираб Шердорга қарата отиб юборар экан. Ҳалигина беҳол турган Шердор дик этиб ўрнидан турди. Гуллолани ғазабли кўзларига қараб тили тутилди.
Аммо Гуллола бошқа савол бермади. Яқин борганида ҳазар қилгандек ундан қочиб ташқарига чиқиб кетди. Шердор алам билан деворга мушт солди. Қайси ҳаёл билан "далил" қолдирди ҳайрон эди.
-Ифлос, - деди кейин овоз чиқариб Шоҳжаҳонни иши. Билдирмай солиб қўйган.
Ичида бир ғазаб қайнаб телефонини олди-ю, яна фикридан қайтди. Кулгуга қолиши аниқ. Яхшиси Гуллолани кўнглини олиш керак. Ташқарига чиқди. Гуллола узоққа кетмаган айвонда устунга суяниб ўтирар эди.
-Гули,- деди Шердор муросоз оҳангда.
- ...
- Бу улфатлар ҳазили-ку, нега бунча хафа бўласан,- деди тилига келиб қолган ёлғондан хурсанд бўлиб.
-...
-Юр, ухла. Вақт алламаҳал бўлди. Ҳозир шу аҳволингда сенга бунақа нарсаларни ўйлаш ярамайди.
-...
-Гули,- Шердор ҳавотир билан хотинини турди. Гуллола бемаъно нигоҳини тўғрига тикиб ўтирар эди.
-Кир уйга.
Гуллолани қийналиб калта-калта нафас олаётганидан кўкраклари тез-тез кўтарилиб тушар, ранги қизариб кетган эди.
-Тур дедим. Шоҳжаҳонни ҳазили бу. Ҳоҳласанг ҳозир қўнғироқ қилиб гаплашаман.
Гуллола саволига жавоб бермай туриб кетди.
-Тўхта.
-Нафасим қисяпти,- деди Гуллола ҳазин овозда,- тинч қўйинг. Ҳаво етишмаяпти. Ҳовлида юраман. Қўрқманг мен бу ердан чиқиб борадиган эшик йўқ.
Гуллола ҳозир гап уқадиган аҳволда эмас эди. Шунинг учун Шердор сал нари кетиб уни кузатиб турди. Гуллола яна ҳам оғирлашиб кетгандек зўрға оёғини судраб босиб юрар эди. Шердор қилган ишига афсусланди. "Ўзи шу бугун бормай деган эдим,- деди ўзини ўзи сўкиб,- ўлиб турган жойим ҳам йўқ эди. Нега бундай қилдим".
Гуллола ҳаёлида эса Умарни эсталик дафтарида унга ёзган тилаклари айланар эди.
Ҳар кўнгилга ишонманг, севгиси йўқ бўлиши мумкин.
Ҳар севгига ишонманг вафоси бўлмаслиги мумкин.
Ҳар вафога ишонманг давоми бўлмаслиги мумкин.
Умар ўша пайтдаёқ Шердорни қандай эканини кўнгли сезган эканда... Ёки қизни кейинги ҳаётини олдиндан ҳис этганмиди? Бошқа нарсани ўйламади. Фақат шу сўзлар миясида такрорланаверди.
Белида пайдо бўлган оғриқдан ҳориб уйга қайтиб келганида Шердор аллақачон ўрнига кириб ухлаб ётган эди. Гуллола ҳам аста уни ёнига чўккалади.
" Балки сизда ҳам айб йўқдир. Мен кўнглингизни ололмагандирман. Лекин...наҳотки хиёнатга лойиқ бўлсам. Ахир бу уйдаги ягона суянганим сиз эдингиз-ку. Тўғри севолмдим... Лекин буни сизга бошидан айтмадимми? Мени севгим иккимизга ҳам етади демадингизми? Қаранг... ҳатто ўзингизга ҳам етмади. Айтган ёлғонингизга ўзингиз ишондингизми? Анчадан бери аҳён-аҳёнда Уст бошингизга уриб қоладиган ифорни бугун исботини топгандек бўлдим. Гумонларим беҳуда чиқмади. Сиз эса..."
Гуллола беҳол ўрнига чўзилди. Юмулиб кетаётган кўзларидан ёш думалади...
-Шердор,- ўзини туртаётган нималигини англаб олгунча бу овоз Шердорга тушида эшитилаётгандек туйилди.
-Шердор...
- Ҳа,- Шердор қоронғуда ғира-шира кўримаётган Гуллолани қўлларидан тутди.
-Туғруқхонага борайлик...
- Нима бошландими? Ҳозир...ҳозир...онамни чақирар...
-Аям уйда йўқ-ку- йиғламсиради Гуллола.
- Ҳозир,- Шердор чироқни ёқиб қўрқиб кетди. Гуллола қўлини белига қўйиб букчайиб олган, юзи буғруқиб қизариб кетганди.
-Онангни чақирамизми?- Шердор нима қилишини билолмай қолди.
-Йўқ. Нарсаларимни олинг, сув кетяпти. Кучли оғрияпти...
Шердор Гуллолани олиб чиқиб машинага миндиргунча қора терга ботиб кетди. Юрагига ваҳима оралади. Гуллолани "ўлим ҳақидаги" гаплари ҳаёлидан лип этиб ўтди. Орқа ўриндиққа қарай-қарай катта тезлик билан туғруқхонага етиб борди. Навбатчи ҳамшира Гуллолани кўриши билан шифокорга югурди. Туғруқ залига кирган Гуллола доя аёлни айтганларини лабини қаттиқ тишлаб қилар, борган сари қамраб келаётган оғриқдан ваҳимага тушар эди.
Доя хотин эса бамайлихотир ўтириб уни гапга ҳам солар эди. Орада бир ҳамшира қўлидан қон олиб исм фамиласини сўраб кетди. Доя:
- Ҳа, бўл тайёр бўлиб келибсан-ку ўзи, битта қўш,- деб орада оиласи, нечинчи биласилиги, эри нима иш қилиши каби саволларни ҳам бериб қўярди. Гуллола ҳар замонда бир келадиган оғриқ маҳал бор кучи билан кучанар, доя эса "юзингга куч беряпсан, нотўғри кучаняпсан" деб танбеҳ берар эди. Гуллолани Бу азобдан энди қутулолмайман деган ваҳимадан оёқ қўли бўшашиб кетар эди. Деворга осиб қўйилдан соатга қаради. Келганига бир соатдан ошди. Доя ҳам кучан дейишдан бошқа ёрдам қилмасди.
-Туғмасанг қийналиб ўтираверасан бўл, сал куч қўш,- деди доя ёнидаги ёши катта ҳамшира. "Қутилмайсан, қутилмайсан " Гуллола энди баттар ваҳимага тушди. Кўзига ҳеч нарса кўринмасди, ҳеч нарсани ўйламасди. Шу азобдан қутулса бас. "Кучлироқ" деди ўзига ўзи "Кучлироқ". Бор кучи тўплади. Аммо бўлмади... Қайтага танасидаги титроқ кучайиб совуқда қолгандек титрай бошлади. Кейин еру осмон чалкашиб кетди...
Шердор кутиш залида икки соатча турди. Ўрнида ўтира олмай бориб-келар экан, Гуллолани фамилиясини айтиб чақиришларини интиқ кутар эди. Бу орада онасига қўнғироқ қилди.
-Келинингизни туғруқхонага олиб келдим, қачон қайтасиз?
-Вой ҳали бор эди-ку...
-Билмадим... ярим кечаси бошланиб қолди.
- Ҳа,- онаси эснаб олиб деди,- тонг маҳал йўлга чиқаман.
Орзуманд опа Самарқандга қизини олдига кетган эди.
-Онасига ҳам хабар бер. Мендан яқин керакли нарсаларни олиб борсин. Палатага олгандан кейин кўп нарса керак. Суюнчини яхши бер. "Яхшилаб қаранг" деб айт.
Шердор "Ҳўп ҳўп" лаб эшикка умидвор қараб турар эди.
-Усмоновага ким?- ичкаридан шошиб ҳамшира чиқди.
- Мен!
- Шифокор сўраяпти сизни.
🌺🌺🌺
Сурайё опа Шердор қўнғироқ қилганидан сўнг, Орзуманд опа эса тушга яқин кириб келди.
-Тинчликми?- деди Орзуманд опа ўғлини овозидан бир ёмонликни сезиб турганди телефонда.
- Гуллолани операция қилишди.
-Вой нега?
- Ўзи туғолмади.
-Вой ўлай. Бола яхшими?
- Бола яхши, онаси...
-Гапир нима бўлди онасига?
-Аҳволи жуда оғир. Жонлантириш бўлимида,- Шердор лабини тишлади.
-Шифокорлар нима дейишяпти?
-Ҳеч нарса. Тайинли бир гап айтишмаяпти,- Шердор чуқур уҳҳ тортди.
Орзуманд опа бир бурчакда ўтирган қудаларига қаради. Иккисини туришидан аҳвол жиддий экани кўриниб турар эди.
Орадан икки кун ўтиб ҳам Гуллолани аҳволи ўнгланмади. Қайтага "кетди-кетди " бўлиб юракларини товонларига туширди.
Гуллолани аҳволи оғир экани ҳақидаги гап тез орада қишлоққа ҳам ёйилди. Назокат опа Бу гапни синглисидан эшитди. Хадичани ҳам, Ойшани ҳам тўйи белгиланиб опа -сингил кўп ҳам кўриша олмаётган эдилар. Бир йўли тушганда кирган Зубайда бир йўла анча мунча маълумот билан бирга шу гапни ҳам айтиб қолди.
-Аҳволи жуда оғир эмиш. Ана кетди, мана кетди бўлиб ётган эмиш.
-Аллоҳни раҳми келсин,- деб қўйди Назокат опа пичирлаб. Намозларида дам-бадам ёдига тушаётган қизни дуо қилиб қўяр эди.
Гуллолани отаси бир ҳафтада ўзини **** битирди. Умид туғилгандан кейин, ўтган кунлари ёдига тушар эди. Гулбаҳор ҳам шундай ётиб- ётиб... "Ўзинг асра Худойим " деб қўярди пичирлаб. Ошкора бирон боласини бошини силамаган бўлиши мумкин, бироқ уч ўғли бир томон, Гуллола бир томон эди. Наҳотки онасини тақдири қизида такрорланса..
🌺🌺🌺
Гулллола кўзларини пир-пиратиб зўрға очди. Қаерда эканини англай олмади. Беҳол ўрнидан турди. Йўқ барибир ётган хонасини ҳеч бир кўрган жойига ўхшатолмади. Кейин эслашга уринди. Хотираси қандайдир бўшаб қолгандек ҳеч нарсани эслолмади. Бошини ушлаб секин оҳ тортди қаттиқ оғрияпти. Шу пайт ортидан кимдир келиб қучди. Гўё бу қучоқ уни ўзига қайтаргандек туғруқхонага келгани ёдига тушди. Ажаб бу ер қаер... Ортидаги одамни Шердор гумон қилиб ўгирилмоқчи эди, қўллар қаттиқ қисди.
- Турдингми? Уйқучи...
Гуллола қаттиқ силтаниб "кишанлардан" озод этди ўзини... Чунки ўзини қучган бу қўллар сира ҳам Шердор эмас эди. Шаҳд билан ўгирилиб қотиб қолди.
- Умар...
Тақдири азал:
- Ҳа.
Гуллола бошқа сўз айтолмай қолди. Билади бу туши. Чунки у кўп бора Умарни кўрган тушида. Фақат бу қадар аниқ кўрмаган эди. Фақат тусмол ҳаёл у эканини билдирар эди. Аммо ҳозир ҳатто қўлларини ҳис этди. Авваллари ўша охирги марта кўрган Умар ҳаёлида гавдаланар эди. Йўқ қаршисидаги улғайган ёшига монанд Умар турар эди.
- Сен... Сен
Умарни қошлари чимирилди.
- Бола кечаси яхши ухлатмаганига гапинг ҳам адашдими?
- Нима?Бола...Болам қани? Қаердаман Ўзи? Ёки ўлдимми?
Умар паст овозда кулди.
- Ҳа аниқ Муслима қизим сени чарчатибди.
-Муслима ... у Шердорни қизи...
-Бўлди,- овози кўтарилди Умарни,- сен эсингни едингми? Мени хотинимсан. Ҳар бало деяверма...
Гуллола телбалардек тиржайди. "Ҳаёлларимда шу гапни қанчалар эшитишни истар эдим. Рўё ичига тушиб қолдим. Аммо... уйғонишни истамайман"
Шу пайт бола йиғиси эшитилиб қолди.
-Қара, болага.
Гуллола шошиб бола йиғиси келган томонга юрди. Қизини кўриб кўз узолмай қолди. Аста олиб бағрига босди. Кейин кўкрак тутди. У ухлаб қолгандан кейин ҳам узоқ термулиб ўтирди.
-Менга ҳам у бу нарса қилиб бер,- ёнига Умар келди. Лабида унга таниш ўша табассум.
- Ҳўп.
Гуллола сеҳрлангандек Умар айтган юмушларни қилар, уйғониб кетишдан қўрқар эди.
- Энди мен борай - Умар юзига фотиҳа тортиб турган эди, Гуллола дик этиб ёнида пайдо бўлиб қўлларини тутди.
-Йўқ кетма.
- Кетма...
-Кетманг,- деди гапини тўғирлаб.
-Ишлаш керак. Тоғамдан рухсат сўраб келган эдим. Энди кетишим керак.
-Қайтиб келасиз а?
-Агар ҳайдаб солмасанг келаман,- Умар Гуллолани пешонасидан ўпиб жилмайди. Кейин эшик томон йўналди. Уйда ёлғиз қолган Гуллола ҳамма жойни кўздан кечирди. Йўқ у бутунлай бошқа оламда. Деразалардан кўриниб турган манзара буткул ўзгача. Кейин... эшик очилмади. Ҳудди биров ташқаридан қулфлаб қўйгандек.
- Майли.... шундай асрликда бир умр қилишга ҳам жон дейман.
Гуллола ҳали замон уйғониб кетмасим Умарни қайта кўрсам эди деган ташвиш билан кунни кеч қилди. Қизалоқ эса ҳар замонда бир туриб қорни тўйгач яна ухлаб қолар эди. Гуллола унга қараб туриб сеҳрланиб қолар эди. Бунча фариштага ўхшамаса бу қизалоқ.
- Гуллола,- қиз ортидан келган Умарни сезмай ҳам қолибди.
- Қачон келдинг...гиз...
-Анча бўлди. Иккингизни кузатиб ўтирибман.
-Қандай кеч бўлганини билмай қолибман.
- Бахтли бўлсанг соатлар сонияга айланади.
Гуллола ўрнидан туриб Умарга яқин келиб кўзларига тикилди. Умар ҳам сўз демай қизга тикилиб турар эди.
-Қорнинг очмадими?- ахийри Умар тилга кирди.
- Йўқ.
-Севги қорин тўйғизмайди.
-Қорин тўқлиги кўнгил тўқлигини беролмас экан.
-Ақлли хотинга уйлансанг қорин тўйғизиш ўрнига дарс ўтади.
Гуллолани юраги гупурдаб кетди. Қани энди ростдан Умарни хотини бўлса.
-Бу ерда қанча қоламан.
-Истасанг умрбод қоламиз. Ё мендан зерикдингми?
Йўқ ишорасини қилиб бош чайқади Гуллола.
-Юр, овқат қилиб оввора бўлма деб бир нарсалар олиб келдим. Гуллола Умарни изидан эргашди. Дастурхон устида Умар бугунги кунини айтиб берар экан, Гуллола ундан кўз узмай кузатар эди. Бунча ҳам қадрдон чеҳра. Орадан 4 йил ўтди. Аммо ҳамон ўчмас хотираларидан муҳрланган сиймо.
-Ҳўш ўзинг нима қилдинг. Қизим қийнамадими?- Гуллола серагак тортди. Дарҳақиқат ўзи нима қилди. Вақт бирдан ўтиб кетгандек бўлди.
-Билмадим...Вой муслима турди,- қизалоқни овозидан Гуллола шошилиб турди. Изидан Умар борди. Қорни тўйгандан кейин яна пишиллаб ухлаб қолган қизини юзларини силаб Гуллола сўради:
-Неча кунлик бўлди?
-Йигирма кунлик,- Умар ҳайрон бўлиб жавоб берди,- эсингда йўқми?
- Йўқ, -кулди Гуллола.
- Мени унутиб қўймасанг бўлди.
- Сени...Сизни... Буни истасам ҳам қила олмадим.
- Балки истамагандирсан?- жиддий сўради Умар.
- Балки...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев