Столга мук тушиб бир уюм қоғоз ичидан нималарнидир қунт билан ўқиётган Наргиза Баҳромовна бехосдан жиринглаган қўл телефонининг овозидан чўчиб кетди.
Лаббай, ассалому алайкум?
Ваалайкум ассалом, Наргиза Баҳромовна.- Мен Саодатхонман, Дилфузанинг синф раҳбари...
Ҳа, Саодатхон яхшимисиз? Узр, ишга кўмилиб ётгандим. Рақамга қарамай, қўнғироққа жавоб берибман...
Безовта қилдим, чоғи?- Ўқитувчи каловланиб қолди.
Йўқ-йўқ, бемалол. Сизни эшитаман?- Наргиза Баҳромовна қизи Дилфузанинг ўқитувчилари анча-мунчага ўзини безовта қилмаслигини биларди. Ҳозир ҳам синф раҳбари бирор жиддий масала юзасидан қўнғироқ қилаётганини сезди.
Наргиза опа, гап шундаки, Дилфуза ҳужжатларини ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежига жўнатишимизни, у ўқишни ўша ерда давом эттиришини айтди. Шунга олдингиздан бир ўтайлик дегандим. Сиз уни хорижий тиллар академик лицейида ўқишини айтгандингиз...
Бекорларни гапирибди. Ҳунармандчилик коллежида нима қиларкан?- Наргиза Баҳромовна қаҳр билан столни муштлади.- Уни қаерда ўқиши, нима қилишини мен ҳал қиламан! Сиз қўяверинг, бугун Дилфуза билан ўзим гаплашаман!- Хайрлашиб, алоқани тўхтатиш тугмачасини босиб, ўрнига чўккан Наргиза Баҳромовна стол устида бетартиб тўзғиб ётган қоғозларга қараб юзини буриштирди. Соат милларига кўзи тушиб, енгил тин олди: “Хайрият, иш вақти ҳам тугабди. Дилфузнинг устози қўнғироқ қилмаганида ҳалиям қоғозлардан бош кўтармай ўтирар эканман...” Йўл-йўлакай дўкондан егулик, шарбатлар харид қилди. Машина овозини эшитиб, қизи дарвозани очиб турган экан, кулимсираб ўзига пешвоз чиққан қизини кўриб бутун чарчоқлари ариб кетди.
Ассалому алайкум, ойижон!
Ваалайкум ассалом, жоним қизим. – Наргиза Баҳромовна қизини бағрига босди.- Яхши ўтирибсанми? Мактабдан қайтишингда ишхонамга қирмабсан-да, уйга ташлаб қўярдим.
Дугоналарим билан бирга келавердим, ойижон.- Дилфуза ёш боладай эркаланиб онасининг пинжига кирди.- Прокурор хонимни безовта қилгим келмади-да.
Нега безовта бўларканман, ягонам? Ахир ким учун бу дунёда яшаяпман, сен учунда ҳаммаси, жон қизим.
Чарчагандирсиз, мактабдан келасолиб шўрва ташлаб қўйгандим. Худди бувижонимнинг шўрваларидек, паст оловда етти соатдан бери қайнаяпти. Ҳамма маҳсулотларини бутунлайин солганман, сиз худди шунақасини яхши кўрасиз-ку. Дарров ювиниб чиқсангиз, унгача дастурхон ҳозирлайман...
Наргиза Баҳромовна эркаланиб гапирганча ошхона томонга ўтган қизининг ортидан қараб юраги энтикиб кетди. Вақтнинг ўтишини-чи, кечагина Дилфуза жажжигина қизалоқ эди. Шанба-якшанба кунлари ҳам ишлашига тўғри келиб қолса, Дилфузани ижарачи аёлга ташлаб кетарди. Уйга қайтгунича, кўзи қизалоғининг кўзига соғ-саломат тушгунича Наргизанинг юрак-бағри ўртаниб кетарди. Бошидан қандай кунлар, не савдолар ўтмади. Бугунги мартабасига эришиш, Наргиза Баҳромовна бўлиш, “Опа” мақомини олиш осон бўлмади унга. Не-не йўқотишлар, қурбонликлар эвазига етди бу кунларга. Қурбонликки, ҳеч нарса билан ўрни тўлмайди, йўқотишларки, эвази кўнгил синиш, кемтиклик бўлди. Аммо Наргиза чекинмади. Йиқилганида ўрнидан туриб, этагини қоқиб, тирналган тиззасини ўзи силади. Қоқилганида оёғини қайирган тошни ўзи четга сурди. Бировга кўз ёшини кўрсатмади. Қийналганини ҳеч кимга, ҳатто ўз яқинларига ҳам билдирмади. Ҳаёт билан курашиб, ғалаба қозонмагунича тиниб-тинчимади. Бугун қизи бўйга етиб, тўққизинчи синфни битирди. Наргиза Дилфуза қизи хорижий тилларга ихтисослаштирилган академик лицейда ўқишини давом эттиришини, ундан кейин нуфузли олий ўқув юртларида ўқитишни истайди. Аммо қизи ўқишга қунт қилмайди. Мактабда яхши ўқийди, фанларни ўзлаштиришда фаол, ҳатто хорижий тилларда ҳам мулоқот қила олади. Бироқ буларни ўз хоҳиши билан эмас, онасининг мажбурлови остида ўрганган. Наргиза Баҳромовна қизининг ўқишга иштиёқи пастлиги сабабини ҳеч билолмади.
Кийимлар тикишни яхши кўраман,- дейди Дилфуза онаси китоб ўқишга мажбурлайверса.- Момомдан овқат қилишни, ҳолвалар тайёрлашни ўрганаман. Ҳеч ким момомнинг патирига ўхшатиб патир ёполмайди. Мен худди ўшанақа ширин патирлар пиширишни ўрганаман...
Дилфуза ошхонага кирса кўзлари чақнаб кетади. Ўтган йили “тикув машинаси олиб беринг” деб хархаша қилаверганди, Наргиза Баҳромовна иложсиз тикув машинаси ҳам олиб берди.
Кўрасиз, номдор чевар бўламан, ҳали эҳҳе, мен тиккан кўйлакларни кийишни маликалар орзу қилади, ойижон!- деганди орзусига етган қизи қувончдан қийқириб.
Сен чевар эмас, ҳуқуқшунос бўласан!- Наргиза Баҳромовна қизининг орзусидан ғашланганди.- Сен олий маълумотли ҳуқуқшунос, худди менга ўхшаб прокурор бўласан. Кийим тикиш, овқат қилиш сенга эмас. Сен одамларга хизмат қилмайсан, мен хоҳламайман буни. Сен ишдан қайтганингда уйингда овқатинг тайёр, бежирим, чиройли кийимлар дўконда сенинг харид қилишингни кутиб турган бўлади...
Одатда онаси орзуларига эътироз билдирса Дилфуза ортиқча гапирмайди. Наргиза Баҳромовна коллежда ўқиш масаласини ҳам шундай, ўз фойдасига осонгина ҳал қиламан деб ўйлаганди. Овқат устида бу гапни қўзғамади. Ҳақиқатдан ҳам қизи осган шўрва мазали чиқибди. Худди онасига ўхшаб, шўрва билан ейиш учун печда қатлама патир ҳам ёпибди. “Кўз тегмасин, чиндан ҳам қўли ширин қизимнинг”... Хаёлидан ўтган ўйдан мамнун бўлди Наргиза Баҳромовна. Овқатдан сўнг дастурхонга фотиҳа ўқиб, ошхонани саранжомлаётган қизига:
Дилфуз, чойни менинг хонамга олиб кир. Она-бола чой ичиб гаплашиб ўтирамиз, хўпми?- деди.
Хўп бўлади, ойижон. Ҳозир чойим ҳам қайнаб қолади...
... – Қизим, сен менинг яккаю ягонамсан, биласан, ҳамма орзуларим сен билан боғлиқ,- Наргиза Баҳромовна ёнига келиб ўтирган қизининг сочларини силаган куйи мулойим оҳангда гап бошлади.- Сенинг яхши ўқишингни, уч-тўртта тил ўрганишингни хоҳлайман. Катта ўқишларда ўқиб, келгусида раҳбар лавозимларда ишлашингни, катта одам бўлишингни хоҳлайман. Бугун ўқитувчинг қўнғироқ қилиб ҳунармандчилик касб-ҳунар корллежига ҳужжат топширмоқчилигингни айтди. Ахир бу масалада гаплашган эдик-ку? Сен хорижий тилларга ихтисослаштирилган академик лицейда ўқишинг керак. Қизим, қолганини менга қўйиб бер...
Йўқ, ойижон!- Дилфузанинг кескин овози Наргиза Баҳромовнага собиқ эри- қизининг отасини эслатди.- Мен катта ўқишда ўқишни ҳам, катта одам бўлишни ҳам истамайман! Мен катта оилам бўлишини, турмуш ўртоғим, фарзандларим кўп бўлишини хоҳлайман! Катта одам, эркаклар қўрқиб, қаршисида қалтираб турадиган Фалончи Писмадончиевна эмас, оддийгина уй бекаси, она, аёл Дилфуза бўлишни истайман. Менга бошқа ҳеч нарса керакмас, жон, ойи!..
Қизининг таъналари Наргиза Баҳромовнага ўн тўрт йил аввал эшитган маломатларини, собиқ эрининг кескин ва қатъий шартларини эслатиб, аъзойи бадани титраб кетди.
Ҳуқуқшуносдан яхши психолог, яхши педагог чиқади,- деганди ўшанда Дилфузанинг отаси Абдулазиз.- Ўзимизнинг мактабда, кўз олдимда ўқитувчилик қиласиз. Аёл киши учун ўқитувчиликдан яхши касб бор эканми? Қишлоқ жойида яшасак, мен сизнинг ҳуқуқшунос бўлиб, туман ё шаҳардан кеч қайтишингизни хоҳламайман. Эркаклик ҳамиятим йўл қўймайди бунга. Аёл киши учун жуда мураккаб иш ҳуқуқшунослик. Қўйинг, менга оддий ўқитувчи, мулойим, вафодор рафиқа керак, Фалончи Писмадончиева деган хотиннинг кераги йўқ!..
Наргиза шу бир оғиз гап сабабли турмушидан воз кечди.
Ишимни ҳурмат қилмаган эрнинг менга кераги йўқ,- деди оиласини бузмасликни маслаҳат берган яқинларига.- Шундоқ ҳам тўйдан кейин ишламадим. Энди қизим икки ёшга тўлиб, ишга чиқмоқчи бўлганимда мени ҳақорат қиляпти...
Наргиза эри қизчасидан айрилишдан қўрқиб ажрашмайди, иложсиз ишлашига рози бўлади деб ўйлаганди. Ундай бўлмади. Абдулазиз жуда ориятли, чапани, ўзига етгуликкина қайсар йигит эди.
Ё оиласини, ёки ишини дейди. Мен унга ишлама демаяпман, қишлоқ аёлига ярашадиган ишни қилсин деяпман,- деб туриб олди.
Бўлмади. Ажрашдилар. Кўп ўтмай Абдулазиз уйланди. Ҳаёт Наргизани пойтахтга етаклади. Ўзи хоҳлагандек ҳуқуқшунос, прокурор аёл бўлди. Аммо негадир оилавий бахтдан омади чопмади. Бирор эркак юрак ютиб унинг қўлини сўрай олмади, чоғи...
Қизининг кескин эътирози олис хотиралар ярасини тирнади. Наргиза Баҳромовна қизига бир сўз демай тилини тишлаб қолди. Ажрашганида момоси раҳматли унинг ҳозирги ҳолатини олдиндан айтиб берганди:
Бекор қилдинг қизим, бекор қилдинг-а. Аёл кишининг бошида посбони бўлсин. Аёл кишини тўрт девор ичида суйгулик қилсин, жон қизим. Эрсиз хотиннинг бошига Самарқанддаги ювинди тўкилади, дейдилар. Ишинг сенга эр бўлолмайди, қизим. Аёл кишининг касб-корини, ишини, тиллою зарини эмас, оиласи, фарзандларини сўрайдилар. Иккинчи бор турмуш қилсанг, кўнглинг хотиржам бўлмайди. Қизингни ўгай ота қўлида ўстирасанми? Бир куни қизинг “Отам қани? Нега мени отамдан айиргансиз?” деса нима деб жавоб берасан? Унутма, қизим, албатта қизинг сендан отасини сўрайди. Бу ишингни ҳеч ёқламайман...
Дилфуза гапиришга гапирдию, бирдан хаёлларини тўплаб онасини маҳкам қучоқлаб олди:
Ойижон, кечира қолинг мени, жон ойи. Хафа бўлишингизни истамайман. Ойижон, фақат эртага сиз хоҳлагандай катта одам бўлолмасам, кўнглингиз ўксимасин дейман-да. Мен сиз айтаётган ўқишларга қизиқмайман-ку, ойижон. Чевар бўлсам, пазанда бўлсам нимаси ёмон? Ахир моможоним “Чеварлик, пазандалик қиз боланинг зийнати, бебаҳо сепи” дейдилар-ку. Мени кечиринг, ойижон...
Йиғлама, қизим,- Наргиза Баҳромовна қизининг кўз ёшларини артди.- Сени хоҳишингни ҳурмат қиламан. Ахир сен ҳам энди кичкина қиз эмассан, ўзинг мустақил қарор қабул қилишинг мумкин. Сенга ишонаман, мен тарбиялаган қиз нотўғри қарор қабул қилмайди. Майли, ҳаммаси сен айтганчалик бўлсин. Оиламизга битта ҳуқуқшунос хоним етади, энди бахтли-саодатли аёл ҳам биздан чиқсин. Жон қизим, ёлғизгинам, онангнинг яккаю ягона орзуси – сени бахтингни кўриш. Мен учун ҳам сен бахтли бўлгин, жон қизим!..
Албатта, ойижон! Сиз рози бўлсангиз мен албатта бахтли бўламан!..
#жемчуженнодил
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев