Мен сенга қўшилиб йиғлай олмасман, Фақат бош эгаман қайғунгга сўзсиз. Мен сенга талпиниб асло толмасман, Мен сени севаман, йиғлаётган қиз.Йўлдош Эшбек
Ўша куни Ҳалима шифохонадаги узун курсиларда дугоналари билан қалдирғочлардай тизилишиб ўтиришганди. Мурод бир тўда йигитлар билан аллақаёқдан келаверди. Ҳаммасининг думоғи чоғ.
Осмон узилиб ерга тушмади. Ер чаппа айланмади. Бўрон кўтарилмади. Оламни ларзага солиб, момоқалдироқ қарсилламади. Чақмоқ чақмади. Жала қуймади. Фақат Ҳалима – миқтигина, чайир, кўзлари шўхчан, қорачадан келган, истараси иссиқ қиз ўтирган жойида – доим китобларда ёзилганидек – қотиб қолганди. Гўё елкасида бир ботмон тош. Ҳайрат тўла қоп-қора қорачиқлари кенгайиб кетгандай.
— Ана, сенинг йигитинг! – деди қизлардан бири.
Қизлар кулиб юборишди, чунки Мурод Ҳалиманинг ҳеч қанақа «йигити» эмас, уч ярим ойдан бери шифохонада баравар ётишса-да, ҳали бирон марта юзма-юз дуч келишмаганди.
Умуман, Мурод жуда ғалати.
Ғалатилиги учунми, Ҳалима унга қизиқиб, қизлар даврасида бир-икки марта ундан гап очган, шунинг учун қизлар Муродни Ҳалиманинг «йигити»га айлантиришганди. Бу шунчаки ҳазил. Ҳазил дея авваллари Ҳалима ҳам ўзини ишонтирарди, лекин...
Бора-бора давраларда Ҳалима Муроддан гап очмай қўйди.
Бора-бора Ҳалима иштирок этадиган давраларда қизлар атайлаб, Муроддан гап очадиган бўлишди.
Бора-бора Муроддан гап очилса, Ҳалима қизарадиган, юраги типирчилайдиган ва бу суҳбатга ўзини гўё унча эътибор бермаётгандай кўрсатишга уринадиган бўлиб қолди.
Ҳалима истардики, бир кун Мурод уни тушунса, ўт-олов кўзларини қадаб, ёнига келса ва... нимадир деса... Аммо Мурод ҳалигача Ҳалиманинг яқинига йўламаганди. Ҳалима эса шундай дамни кутарди. Умид қилар ва кутарди.
Даволанувчилар орасида «кандидат» лақабини олган Мурод ҳақиқатан ҳам ғалати эди. Кўпинча ёлғиз юрар, умуман, шифохона ҳовлисида кам кўринарди. Миш-мишларга қараганда палатасида ўтириб олиб, нуқул диссертатсия ёзгани-ёзганмиш. Яқинда фан кандидати бўлармиш. Дугоналар тегишиб, Ҳалимани «кандидатнинг хотини» деб чақиришарди. Бу ҳазил Ҳалимага ёқарди. Шундай йигит умрига йўлдош бўлиш - бахт.
Келишган, хушбичим, билимли, ва ҳоказо, ва ҳоказо...
Ҳалима гоҳо йигитлар даврасида Мурод жуда қизиқ гаплар айиб, ҳаммани кулдираётганини кўриб қоларди. Ҳа-да! Айнан ҳаммадан четда юрадиган, хаёлпараст йигитни кўпчиликнинг ўртасида кўрсанг қизиқ бўларкан. Яна, ҳаммани кулдирса.
Ўша дамда «сенинг йигитинг» деган қиз Ҳалиманинг яхшигина муштини еди. Бари бир Ҳалимага «сенинг йигитинг» ибораси ёққан, юраги ширин орзиқиб, ҳатто Мурод узоқдан кўрингандаёқ анча-мунча талвасага тушган, зўр бериб ўзини бепарво кўрсатишга уринаётганди. Аммо қалбан Муроднинг йигитлар даврасидаги ҳар бир қадамини, ҳар бир қарашини кузатаётганди. Кам ҳолларда бўлганидек, Мурод жуда хушҳол, кўзлари чақноқ. Дўстларига ниманидир қувнаб гапиряпти. Ҳалима ҳам қувониб кетди.
Қизлар ҳам шод эдилар. Боядан бери сафсата сотиб, кулишиб ўтиргандилар. Шу қувноқ руҳ боис Дилором:
— Мурод, бу ёққа келинг! – деб қолди.
Бирдан Ҳалиманинг нафаси ичига тушди. Устига биров бир пақир муздай ағдаргандай. Юрак уриши сустлашаётгандай. Муродни чақирган Дилоромга жавдираб бир қарадию, кўзларини ерга тикди.
Мурод яқинлашди.
«Ўзини тутгани маъқул. Тағин, Ҳалима чиндан яхши кўриб қолипти, деб ўйлашмасин».
— Сиз нега бунчалар бепарвосиз? – деди дабдурустдан Дилором, дугоналарга кўз қисаркан.
— Нима, биронтаси мени севиб қолдими? – сўради Мурод, хушҳол қизларга бир-бир назар ташларкан, ҳаммасининг валақлашгиси келаётганини пайқагандай.
Кўз танишлигини ҳисобга олмаганда Мурод бу қизларнинг биронтаси билан ҳалигача ҳамсуҳбат бўлмаган, ҳозирги ҳазил-чин аралаш гап қўшишлар эса табиий равишда уларни бирдан руҳан яқинлаштираётган, йигит қизларнинг мақсадини гаплари тугамасдан англаб етганди.
— Албатта-да! – Дилором юзига ачиниш тусини берди. – Бечора Ҳалима дугонамиз сизнинг дардингизда куйиб кул бўлди. Адо бўлди! Бир қарамайсиз ҳам, аҳволини сўрамайсмз ҳам! – Дилором Ҳалимани бағрига босди, сочлари, юзини силаб овутган бўлди.
Бутун вужуди билан асл ҳолатини билдириб қўймасликка уринаётган Ҳалима ҳам ёлғондакам қовоқларини солганча, қўлларини икки ёнга осилтириб, ерга қаради.
— Си-из? Мени яхши кўриб қолдингизми?! Наҳотки?..
— Ҳа,.. энди,.. сизни... – деди Ҳалима тутила-тутила, худди ҳозир йиғлаб юборадигандай (аслида ҳам йиғлашига сал қолиб), - кўпдан бери... кўз остига... олиб юргандим.
Қийқириқ кулгу кўтарилди.
— О, Ҳалима! – Мурод ногаҳон унинг қаршисида тиз чўкди. – Қиз ҳатто кафтлари йигитнинг кафтларига тушиб қолганини сезмади ҳисоб. Сезса-да, тортиб олишга юраги бетламади. – Наҳотки сиз рост сўзлаяпсиз?! Наҳотки мана шу беғубор кўзлар алдамайди? Наҳотки бу ошуфта кўзлар бир умр менга мафтункорона термулади? - Мурод шунақанги илҳом билан кўзлари ёниб гапирардики, қизлар ўзлари бошлаган кулгули машмашанинг давомини зўр қизиқиш билан кузатишарди. Мурод қизиқчилик қилаётгани аён эдию, бари бир севги изҳори ҳазилми, чинми, ҳеч кимни ҳеч қачон лоқайд қолдирмаган.
— Мен сизга ишонаман, Ҳалима! Бир сиз эмас, ахир мен ҳам олти ойдан бери ғойибона сизнинг дардингизда куяман! Ёнаман!! Мен ҳам сизни жон-дилимдан севаман, Ҳалима!!! Дардимни қандай етказишни билмай, аросатда эдим. Бахтли тасодифни қарангки, дугоналарингиз бизга холис хизмат қилдилар. О, бу қандай самовий бахт! Сира ишонгим келмаяпти... Ҳалима сизмисиз ўзи? - Мурод Дилоромга ўгирилди: - Мен айнан мени яхши кўриб қолган қизга севги изҳор қиляпманми?
Яна кулги кўтарилди.
— Ҳа, ҳа, адашмадингиз.
«Э, ажойиб йигит экан-ку бу Мурод деганлари!»
— Ана, - деди Мурод ҳамон ўша алфозда, - менинг юрагим ҳам сизга бўлган оташ муҳаббатга лиммо-лим. Сизга талпиняпман, севгилим! Энди сизсиз менга ҳаёт йўқ! Сиз борсиз – мен борман бу дунёда. Энди ҳеч қачон ажралмаймиз. Бирга яшаймиз. Эртага эрталаб загсдан ўтамиз, Йўқ, қизлар, сизлар кулмангизлар. Ҳалима, жонгинам, сиз ҳам кулманг, мен юрагимда бор гапларни айтяпман. Мен юрагимни бўшатиб олмасам, тарс ёрилиб кетади. Биз бирга бахтли яшаймиз. Болаларимиз кўп бўлади. Сиз «Қаҳрамон она» бўласиз. Олти марта эгизак туғиб берсангиз кифоя. О. Сиз билсангиз эди...
— Ие, севги изҳори шунақа бўларканми? – ажабланди қизлардан бири.
— Сиз менинг устимдан куляпсиз! Мен нечун ўз дардимни сизлардан яширишим керак? Бу ташна юрак тўлиб кетган. Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич, деганлар. Ҳалима, сиз уялманг, майли, дугоналарингиз мени ҳазиллашяпти, деб ўйлайверсин. Ҳазил яхши. Кулишсин, майли. Ҳазил ҳазил билану, аммо мен сизни чиндан яхши кўриб қоляпман...
Шунча гапни қаердан оляпсиз? Доим индамай юрардингиз-ку! – сўради Дилором завқланиб.
— Мен асли камгап одамман, тўғри, - дея давом этди Мурод, аммо билингки?
Юраккинам алвон яйлов, титраб ётар, севгилим.
Ундан тинмай дукур-дукур, отлар ўтар, севгилим.
О, бу хўрланган юрак туёқларнинг топташларига бардош беролмайди. Йўқ, мен ортиқ чидолмайман. Мен кетаман! Бу ўлкалардан бош олиб кетаман. Алвидо, севгилим! – дея Мурод Ҳалиманинг қўлини лабига тортди, лекин қизнинг қўллари устида турган ўзининг қўлини ўпдию, жўнаб қолди.
— Индамай юргани билан кўп бало бор экан бу кандидатингизда! – деди Дилором. – Ҳаммани жим қилди, кетди.
Ўша воқеа бўлиб, Тошкентдан қайтгандан сўнг Ҳалима бир инсонга дардини ёролмай юрган кунларнинг бирида дефолиатсия навбати уларга келдию, механизатор касал бўлиб қолди. Ғўза ривожи бусиз ҳам кечки бўлиб, вақт ўтиб борар, дефолиатсияни кечиктириш мутлақо мумкин эмасди. Шунинг учун Ҳалима ҳамма ташвишларини йиғиштириб қўйиб, трактор рулига ўзи ўтирди. Респиратор тақишу, яна бир қанча эҳтиёт чораларини кўриш хаёлига ҳам келмади. Алам зўр эдию Иккинчи дефолиатсияда баргни тезроқ тўксин деб бутифос миқдорини кўпайтиришган эди,.. терим бошланмай ўзи касалхонага тушди. Ўпкасига заҳар йиғилиб қолганмиш! Ётипти ўшандан бери сил касаллар шифохонасида.. Биринчи кунлари «енди умрим дард билан ўтаркан», деб неча бор йиғлаган бўлса ҳам табиатан хушчақчақ қиз тезда ўзини овутиб олганди. Шифохонадаги йигитларни қизларга «бўлиштирган», ўзига Муродни «танлаган» ҳам Ҳалима эди. Давраларда Ҳалиманинг қаттиқ-қаттиқ овози, шўх кулгуси алоҳида ажралиб турарди.
Ана шу қиз Муродни чинакамига севиб қолди, шекилли.
Бир гапириб ўн куладиган, унча-мунча йигитларни мот қилиб кетадиган қиз Муроднинг қаршисида хижолатдан қизариб, тили айланмади.
Мурод ошхонада бир стол атрофида икки жувон билан ўтирарди. Мурод ҳазил тарифасида уларга ҳам севги изҳор қилганини ён томонда ўтиргани учун Ҳалима неча марталаб эшитган.
Мурод ҳозир ўзига ҳам ўшанақа гапларни ҳазил-мазах аралаш айтиб кетди.
Бари бир яхши гап яхши-да.
Энди Ҳалима Муродни кўрса ҳаяжонланаверади. Айниқса унинг қарашлари,.. кулишлари...
Мурод эса кўчада кам кўринади. Ошхонада ўша икки жувон билан чақчақлашиб ўтирар, кейин йўлакдан тўғри шифохона биносига йўл оларди.
Кечалари кинога ҳам чиқмайди.
Нуқул ёзармиш. Кандидат бўлиш осон эмас, шекилли.
Мурод йигирма тўртга тўлиб йигирма бешга ўтган, аспирантурада ўқир, ўзбек классик адабиётидан диссертатсия ёзар, шу сабабли ўзини адабиётчи дўстлари даврасида «классик» деб атар, улар эса Муродни дарвиш дейишар, буни Муроднинг ўзи ҳам биларди. У ҳақиқий кайфият кишиси бўлиб, дам олаётган пайтлари, агар вақти чоғ бўлса, тўғри келган қизга албатта ҳазил тариқасида севги изҳор қилаверар, қизиғи шундаки, ҳар бир сўзи чин юракдан айтилаётганга ўхшар, кўзлари қаршисидаги қизга энг соф муҳаббат илан тикиларди. Мурод ҳеч қачон қиз болага биринчи бўлиб сўз қотмаган, аммо қиз бола...
Орадан тўрт кун ўтди. Ҳалима Дилором билан кечки овқатдан чиқиб келишаётганди, кимдир қўлидан ушлаб тўхтатди. Ҳалима ўгирилди. Ўгирилдию, вужудига ҳарорат югурди. Хушҳол ишшайиб, Мурод турарди.
— Ҳа, бевафо! – деди у. – Кўринмайсиз! Учрашувга чиқмайсиз? Нима, умримиз висол дамларини интиқиб кутиш билан ўтиб кетадими? Ё бошқа биттасини топиб олдингизми?
Ҳалима лол. Юраги ийди. Кулимсиради. Айниқса, Муроднинг ўтли нигоҳи уни «ўлдираётганди».
— Ҳалима бевафоми, сизми? – Дилором орага суқилди. – Севги изҳор қилгандан бери думингизни ушлатмайсизку!
— Мен Ҳалимани бу ўлкалардан олиб кетмоқ истайман. Не бахтки, биз бир-биримизни шифохонадан топдик. Энди кетамиз. Менинг юртимга кетамиз.
— Юртингиз қаёқда? – сўради Дилором.
— Бахмалда. Бахмал тоғларини, Ойқор чўққисини эшитганмисиз? Ўша тоғлар этагида бизнинг Барлос қишлоғимиз бор.
— Мен тоғда яшолмайман! – деди Ҳалима азбаройи ҳаяжонланганидан, гўё Мурод уни ҳозир олиб кетиб қоладигандай.
— Яшайсиз! – деди Мурод комил ишонч билан. – Биз сизга барча шарт-шароитларни яратиб берамиз. Ҳовлимизда йигирмата қўй, ўттизта эчки, йигирмата қорамол бор. Ҳар куни эрталаб соат тўртдан еттигача сиз уларни тоғ бағрида боқиб келасиз.
— Э, боқмайман!
— Нечун? Ахир бу сиз учун катта бахт-ку! Тонг отмасдан сиз Ойқор чўққисининг этагида ширин орзулар оғушида чўпонлик қиласиз. Тўғри, бизда бўрилар кўп. Еса **** кетар, нима бўпти? Ахир бу романтика-ку! Тасаввур қилинг: Агар қайтиб келмасангиз, бутун қишлоқ оёққа туради. Сизни излаймиз... ва харсанглар орасидан сизнинг қоп-қора қонга беланган оппоқ ҳарир кўйлагингизни топиб оламиз. Тўй кечаси сиз ана шу кўйлакда эдингиз. О, менинг армонларим! – Ушалмаган орзуларим! Қонли кўйлагингизни кўзларимга суртиб йиғлайман. Сиз эмас, бир умр мен бахтсиз бўлиб қоламан. О-о! Ойқорда бир қабр бор. Унга сиз дафн этилгансиз. Сиз эмас, у ерга менинг ушалмаган орзуларим дафн этилган. Ҳар тонг ғам-андуҳга ботган бир ғариб кимса қўлида бир даста анвойи гуллар била Ойқорга кўтарилади. У ҳар куни кабрни чангаллаб, сочларини юлиб, бетларини тимдалаб, фарёд чекади. У – мен! Севгилингиз, сининг бебахт севгилингиз! – Мурод гапдан тўхтади. Бир неча дақиқа ҳаммалари жимиб қолишди.
Одамнинг эти жунжикиб кетди, - деди Дилором ниҳоят ўзига келиб. – Гапларингиз бунча совуқ?
— Нима, диссертатсиянгизга шунақа нарсалар ёзяпсизми? – сўради Ҳалима чуқур ички ҳаяжон билан.
— Ҳа. «Мурод билан Ҳалиманинг фожиали севгиси тарихи» деган мавзуда.
— Қизиқ экансиз, - деди Ҳалима паст овозда, ҳаяжонини яширишга уриниб, чунки Муроднинг сўнгги гапи уни яна ларзага солганди. – Қачон жиддий гапиряпсиз, қачон ҳазиллашяпсиз, билиб бўлмайди. Уч-тўрт кунлаб кўринмайсиз. Кўринсангиз, гапириб-гапириб жўнаб қоласиз...
— Ёнингизда юришимни истайсизми?!
Ҳалима Муродга ўгирилди. Энг қўрққани – Муроднинг кўзларига дуч келдию... «Мен сени севаман!», дерди Муроднинг кўзлари. Битмас-туганмас бахт ваъда қиларди бу кўзлар! Бу кўзлар ёнарди. Бу кўзлар Ҳалиманинг оромини ўғирлаганди.
— Нима бало, сиз мени ростдан яхши кўриб қоляпсизми, дейман-да, а!?
— Сиз-чи? Сиз ёлғондакам деб ўйлаганмидингиз? – дугонаси ўрнига Дилором жавоб берди.
— Ҳа-да!
— Демак, ўзингиз ҳам ёлғондан севги изҳор қилаётган экансиз-да?!
— Менку, Ҳалима деб эс-ҳушимни йўқотганман, аммо Ҳалима ҳазиллашяпти, менинг устимдан кулиб юрипти, деб ўйлагандим.
— Бу гапингиз ҳам ҳазилми?
— Тўғриси, қачон ҳазиллашаман, қачон жиддийман, ўзим ҳам ажратолмай қолдим. – Мурод кулиб юборди. – Хўш, борасизми бизнинг Бахмалга?
— Шунақа ваҳимали нарсалар айтяпсизки, мен Ҳалиманинг ўрнида бўлсам сираям бормасдим.
— Кўнгилга хуш ёқадиган нарсалар ҳам айтиш мумкин: Майли, Ҳалимани бўрилар емасин. Ҳалима ҳеч қачон қўй-эчки боқмасин. Тасаввур қилинг: Баҳор! Лолалар ҳамма тарафда қип-қизил бўлиб очилган. Қизғалдоқлар қир-адирларга тўшалган. Ён бағирдаги Ойшаррак булоғидан шарқираб оқаётган зилол сувлар сойларга томон югуради. Эрта тонг. Ҳалима оппоқ ҳарир келинлик либосида кўза кўтарганча булоқ бошига бормоқда. Майин тоғ шабадаси сочларини ўйнаяпти. Ҳалима бахтиёр! Лабларида сокин табассум. Ана! Юзини муздай сувга чайқаяпти. Шу пайт мен орқасидан бораману, кўзларини яшираман. Бу мен эканлигимни Ҳалима яхши билгани учун қўлларини қўлларим устидан босади. Қалблардаги ҳарорат қўлларга, қўллардаги ҳарорат қалбларга ўтади. Ҳалима ўзини менинг оғушимга ташлайди. Бир-биримизга термуламиз. «Мен бахтлиман!» дея пичирлайди Ҳалима ва кўзларини юмади. Мен Ҳалиманинг қоп-қора, майин сочларини меҳр билан силайман...
— Билибсиз! Кўзларимни яширганингиздаёқ кўза билан бошингизга солиб қоламан, - деди Ҳалима, оз-моз оғриниш билан.
— Ана сизга булоқ!Энди нима бўлди?
— Нима бўларди. Бошим ёрилиб, ҳушимдан кетиб, йиқиламан. Ҳалима ўгириладию, қаттиқ даҳшатга тушади, чунки мени қандайдир ёвуз ниятли одам деб ўйлаган-да. Тезда бошимни тиззасига олиб, пешанамни танғийди. Аммо қон оқаверади. Нафас олмай ётавераман. Ҳалима юзимга сув сепади, ёқамдан тортиб, силкийди, юм-юм йиғлайди. «Сизки бу дунёда йўқсиз, менга яшаш на даркор?», деб сал наридаги тик жарлик томон югуради. Ҳалима ўзини ҳалок қилишга чоғланаётганини англайману, тўлқинланиб кетаман. (Ёлғондакам ўзимни ўлганга солиб ётган бўламан-да.). Томоғим бўғилади. «Тўхта, Ҳалима!» дея ҳайқираман. Ҳалима тўхтайди. Кўзларига ишонмайди. Мажоли қуриб чўкка тушади. Кулиб йиғлайди, йиғлаб кулади. Бармоқларини тишлаганча, титроғини босмоқчи бўлади, лекин босолмайди. Мен ҳам йиғлайман. Ҳеч ким ҳеч қачон мени Ҳалимадек сева олмаслигига ҳозиргина ишонганим учун йиғлайман. Сал бўлмаса Ҳалимадан ажраб қолишим мумкинлигини англаб етганим учун худога шукр қилиб йиғлайман...
Мурод бу эртагини ҳам тугатди.
— Ёзувчига ўхшаб гапирасиз-а! – Дилором ҳайратланди.
— Аспирантурага киришдан олдин мухбирлик қилганман. Ҳалималарнинг қишлоғида ҳам бўлганман, - деди Мурод. Ногоҳ унинг нигоҳи совуқ чақнади.
Шифохона биносига етиб келдилар. Қизлар ҳали сайр қилишни истардилар «Унда ўзларинг айланаверинглар», деб Мурод ичкариг йўл олди.
«Демак, хабари бор шекилли».
Ҳалиманинг бутун вужуди зирқираб кетди.
Ўшанда, марказда бўлган мажлисда Ҳалимани мукофотлашди. Мажлисдан чиқиб, Клара, Исмат билан бирга кечқурун ресторанга боришди. Ҳалиманинг мукофотини ювишди. Ҳалима ҳам озроқ ичди. Эс-ҳуши жойида эди. Меҳмонхона келиб, Клара иккови ўзларига ажратилган хонада ётишга ҳозирланишди. Кейин ярим кечага яқин «опа чақиряпти» деб, Исмат Ҳалимани чеккадаги бир хонада Эркин Эшбоевичга дуч қилди. «Опа» вилоят комсомол қўмитасининг биринчи котиби эди. У чақирган жойга бормаслик мумкин эмасди. Кейин... нима воқеа юз берганини Ҳалима фақат эрталаб англади. Лекин бақирмади, чақирмади, Эркин Эшбоевичга йиғлаб тармашмади.
Шунақа ҳолга тушган қизлар ҳақида кўп эшитгани боис қачондир ўзи ҳам шу ҳолга тушиб қолишдан қўрқиб, ҳадиксираб юргани боисми, тушуниб бўлмайдиган бир хотиржамлик ва бефарқлик билан кийимларини кийиб, айвончага чиқди-да, панжарага суянди. Ўҳ-ҳў! Тўққизинчи қаватда... ўзини ташласачи? Нега? Нима учун? Ким учун?
— Ие, Ҳалима!
Ҳалима ўзини ташламоқчи деб ўйлади шекилли, Эркин Эшбоевич жонҳолатда югуриб келиб, қизнинг елкасидан тутди. Ҳалима бир силкиниб ўзини бўшатди.
— Эсингизни **** қўйдингизми? – Эркин Эшбоевич ҳансирарди. Кейин ўз қурбонининг ўта лоқайд, лўқ кўзларига қараб, шаштидан тушди. Қўлини тортиб олиб, «сизга нима бўлди?» деганча панжара томонга ўтди – Ҳалима, сиз менга қизим қаторисиз, ўз қизимдай... Билмайман, мени... Хаёлимда ҳеч нарса йўқ эди. Сизга ҳурматим жуда зўр. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Сиз менинг гапларимни эшитишни истамаяпсиз. Майли, бўлар иш бўлди. Тўғриси, олдимдан норози бўлиб чиқишингизни истамайман. Ҳозирча сиз мана шуни олиб кетинг. Қолганини кейин гаплашамиз.
Эркин Эшбоевич қизга бир даста пул тутқазди. Ҳалима ҳамон лоқайд аҳволда тургани учун пулни қандай олганини ўзи ҳам англамади. Қўлидаги пулга қарадию, биринчи марта хўрлиги келди. Демак... аммо... Эркин Эшбоевич яна гапга тушди. Бир бало қилиб, тинчгина қутулмоқчи. Ҳалима тирқираб келаётган кўз ёшларини кўрсатмаслик учун лом-мим демай чиқиб кетди. Хаёлига бир фикр келган эди. Шунинг учун тўғри Исматнинг хонасига борди. Ўйлаганидай, йўқ экан. Ўзларининг хонасига ўтди. Эшикни анча тақиллатишга тўғри келди. Ниҳоят сочларини нари-бери тараган Клара тугмаларининг кўпи қадалмаган халатининг ёқасини ғижимлаганча, эшикни қия очди. Ҳалима ўзини ичкарига урди.
Гумони тўғри эди. Исмат шу ерда экан. Шоша-пиша кийинарди. Ҳалимани кўриб, бармоқларининг учи тугмани қадай олмай, қалтираб қолди. Ҳалиманинг эс-ҳуши жойида, фикрларини жамлаб бир қарорга келган эди. Ўша лоқайд алфозда кўзларини лўқ қилиб, бир қадам олдга юрди. Исмат тисарилиб, диванга ўтириб қолди. Ҳалима қўлидаги пулни Исматнинг тиззасига қўйди. Сўнг жомадонини олиб, кийимларини йиғиштиришга тушди. Клара билан Исмат нима дейишларини, нима қилишларини билишмасди. Ҳалима эса, гўё хонада ҳеч ким йўқдай, сочиқни олиб, ваннахонага кириб ювинди, кийимларини алмаштирди. Бу орада ичкарида ғўнғир-ғўнғир овозлар эшитилиб турди. Клара билан Исмат ниманидир тортишарди. Ҳалима қайтиб чиққанда иккови яна жим бўлиб қолди. Ниҳоят Ҳалима жомадонини кўтариб, кетишга чоғланганда Исмат чидай олмади.
— Тўхтанг, Ҳалима! Бу биргина менинг ишим эмас! – Исмат йиғламсираганча пулни отиб ташлаб, кўкрагига муштлади. – Бўлиб ўтган гапларни билиб кетинг. Мен бор-йўғи буйруқни бажардим, холос. Менинг ҳеч қанча айбим йўқ. Сиз мени тушунинг, Ҳалима! – Исматнинг кўзларидан тирқираб ёш чиқди.
— Исмат Саъдуллаевич!
— Нима? Нима? Нима?!
Исмат ўгирилганча Клара томон юрганди, Клара уни шапалоқлаб солди. Исмат юзини ушлаганча ғазаби ҳам, алами ҳам сўнгандай диванга чўкди. Ҳалима ҳали айтилмаган гаплар борлигини англаб, тўхтади. Лекин ҳеч кимдан садо чиқмасди. Ногаҳон Ҳалиманинг нигоҳи диванда, полда бетартиб сочилиб ётган пулларга тушди. Жомадонини қўйиб, эринмасдан пулларни битталаб териб олди-да, яна Исматнинг тиззасига қўйди.
- Buni anovinga bering! – dedi Ismat jonholatda pullarni Klaraning yuziga otib. – Hamma ishni qilgan oʻsha! Menga bunday qaramang, Halima! Qahvaga qoʻshib berasiz, deb Erkin Eshboevichga uxlatadigan dori topib bergan ham anovi jalab!..
— Аблах! – Кларанинг кўзлари телбаларча чақнаб, Исматнинг юзига чанг солди. – Син жалаб! Иркин Ишбаевич жалаб!..
Иккови жиққамушт бўлиб кетишди. Ҳалима тишларини тишларига босганча ташқарига отилди.
Ғалати йигитнинг ёнида юрсанг ўзинг ҳам ғалати бўлиб қоларкансан. Ҳалима бу гапларни айтаман, деб сира ўйламаганди.
Орадан яна уч-тўрт кун ўтди. Мурод яна аввалгидай паришонхотир ҳолда фақат ошхонада кўринар, қизларга кўзи тушса, бош рғаб саломлашар, тушмаса, ўзи билан ўзи банд, хаёл сурарди.
Ҳалима эса... Ҳалима энди... у ҳам ўзини ўзи тушунмаётганди. Мурод уни яхши кўрмаслиги аниқ. Шунда ҳам кўнгил... Дардларини дугоналаридан яширишга уринар, агар даврада Мурод ҳақда гап очилса, кулгу билан қутуларди. Мурод эса...
Бир куни оқшом шифохона боғида сайр қилиб юришганда тасодифан (тасодифмикан?) қаршиларидан Мурод бир дўсти билан чиқиб қолди.
— Менинг жондан азиз севгилим! – деди Мурод қулочларини ёзиб. – Наҳотки бу сиз?! Мен сизнинг дардингизда куйиб кул бўлдим. Сизни излаб чиққан эдим. Юринг. Ҳозир ҳаётимизда илк висол дамлари бошланади. Дилором, сиз менинг дўстимни оввутиб туринг. Бизнинг Ҳалима билан анча-мунча махфий гапларимиз бор.
Мурод Ҳалимани етаклаганча кичик йўлакча бўйлаб кетаверди. Ҳалима қаршилик қилишга ўзида на куч, на журъат топа олди.
— Сиз нега доим мендан қочасиз? – сўради Мурод йўл-йўлакай.
— Қочган менми, сизми?
— Демак, мени кузатаркансиз-да!
— Энди сиз,.. касалхонада ўзи битта йигитсиз, албатта кузатамиз, - деди Ҳалима оғриниб.
— Майли, шундай экан, бугундан, ҳозирдан бошлаб бир умрга бирга бўламиз, хўпми?
— Ғалати гаплар... худди бозордан мол сотиб олаётгандай савдолашасиз, а? – деди Ҳалиманинг кўнгли бузилиб.
Икковлон неча марта суҳбатлашган бўлса, Мурод биринчи марта гап тополмай қолди. Улар жимгина боғнинг қоронғи, хилват томонларига борардилар. Муроднинг юзидаги шод қувонч ўрнини аянчли ишшайиш эгаллаган, буни Ҳалима пайқамас, пайқашга уринмасди ҳам.
— Ҳалима! – деди жиддийлашган Мурод тўхтаганча уни икки елкасидан тутиб ўзига қаратаркан. Унинг важоҳати бузилган, қиз ўзини қаттиқ севиб қолганини эндигина пайқаётган, нималарнидир аниқлашга уринар, қизнинг муҳаббати уни ҳангу-манг қилиб қўйганди. – Мен ахмоқ нималарни ўйлаб... Эҳ! Наҳотки сиз мени севиб қолдингиз?
Ҳалима бошини эгди.
— Нимага жавоб бермайсиз, Ҳалима? – Муроднинг овози қалтиради. – Мен буни билишим керак.
Олисдаги симёғочга илинган электр чироғи иккови тарафга сал-пал нур таратар, Ҳалиманинг юзи зўрға кўринар, кайфияти қаттиқ бузилгани аниқ эди. Ҳалиманинг елкалари секин-секин титрай бошлади. Кейин йўлка ўртасига ўтирганча, тиззаларига бошини қўйди. Мурод ҳайрон бўлиб, чўккаладию, қизнинг бошини кўтариб, ўзига қаратишга уринди. Ҳалима уни силкиб ташлади. Ҳалима йиғларди. Унсиз, бутун вужуди қақшаб, қалтираб, йиғларди.
— Ий-э! Сизга нима бўлди?!
— Сиз? Сиз барига айбдорсиз! Мен ҳали сизни яхши кўриб ахмоқ бўлганим йўқ. Сизнинг нимангизни яхши кўраман? Кандидат бўлсангиз ўзингизга! Нима қиласиз мендан кўнгил сўраб? Бари бир икки дунёдаям менга уйланмайсиз-ку! Қизлар менга «йигитинг» деб сизни кўрсатишаяпти. Сиз ахир менинг йигитим эмасссиз-ку! Ҳозир мени пойлаб келдингиз. Сизни яхши кўришимни аллақачон билгансиз. Тоқатим тоқ бўлганига ишонч ҳосил қилиб мени қоронғуликка бошлаб келдингиз... Хўш, нега индамайсиз? Шумиди мақсадингиз? Шумиди?! Ё ёлғонми? Сиз нуқул қизларни ахмоқ қилиб ўргангансиз. Ё мени ҳам ахмоқ деб ўйладингизми?.. Мен ахмоқ бўлмасам, сиздек аблахни севиб қоламанми? Дунёда йигит зоти қуриб кетганми? Мен... эҳ, шўрпешана! Нимага жимсиз? Нимага?! Нимага?! – Ҳалима сакраб турганча, йигитнинг ёқасидан тутди. – Гапирсангизчи ахир, Мурод ака! Сиз индамаганингиз сари мен қўрқаяпман. Мен ахмоқман! Мен жинниман! Мен сизни яхши кўраман, Мурод ака!..
— Ҳалима, Ҳалима!.. – Мурод яна нимадир деб ғўлдираётганди, Ҳалима кафти билан унинг оғзини тўсди.
— Йўқ, гапирманг! Гапирсангиз баттар қўрқаман. Илтимос, Мурод ака, гапирманг. Мен жинни бўлиб қолаётганга ўхшайман...
— Ҳалима!!!
— Гапирманг! Кетинг! Кўргани кўзим йўқ сизни! – Ҳалима панжалари билан юзини тўсганча, яна чўккалади.
— Ҳалима, ўзингизни босинг.
— Кетинг дедим. Шафқатингизга зор эмасман. Истамайман,.. билдингизм, истаманман! – Ҳалима ўрнидан турганча ер депсинди. – Нимага бўзраясиз? Яна кўз ёшларимни кўрмоқчимисиз? Сиз учун йиғлаган мен тентак! – Ҳалиманинг кўзларидан шашқатор ёш қуйиларди. – Кетинг ахир!.. тинч қўйинг мени, илтимос...
Мурод ниҳоят бошини эгганча йўлга тушди.
— Мурод ака, сиз нима қиляпсиз?
Мурод шошилганча ўгирилди.
— Нега мени ташлаб кетяпсиз? Кет деса кетаверасизми? Сиз ахир йигитсиз-ку! – Ҳалима сал ёруғроққа чиққан, йиғидан нам кўзлари бахтиёр чақнар эдию Мурод чопқиллаб қайтиб келди.
— Сиз ҳақиқатан ҳам ғалатисиз, а, товба! Қиз боланинг ҳам айтганини қиларканми? Ушланг қўлтиғимдан, ҳа ана, энди юринг. Гап деган бундай бўпти-да. Вой товба-эй! Жуда ғалати қизга дуч келиб қолдим, деб ўйлаётган бўлсангиз керак, а?
— Ҳалима, мен сизга бир гапни...
— Йў, йў, гапингиз керак эмас, гапирманг.
— Мен билишингизни истайман! Мен уйланганман, ахир!
Бир дам Ҳалиманинг нафаси ичига тушиб кетди. Кейин шод кайфиятини йўқотмасликка уриниб, ясама қувноқ ҳолда, аммо синиқ овоз билан деди:
— Майли, ҳеч қачон менга уйланманг! Мана шу юришимизнинг ўзи мен учун катта бахт!
Уларнинг юриши тезлашиб, ёруққа чиқдилар. Дилором билан Муроднинг дўсти боғнинг четидаги курсида ўтиришган экан. Ҳалима йигитни қўлтиғидан бўшатди-да, «яхши сайр қилинг» деганча сирли, айни дамда аянчли шивирлаб, чопқллаганча Дилоромни судраб кетди. Палатага кирар-кирмас Ҳалима Дилоромни маҳқам қучоқлаганча ўпаверди. Тишлаб-тишлаб ўпарди. Дилором вой-войлаб юлқинар, аммо Ҳалима қўймасди.
— **** ташлагим келяпти сизни! Э тавба! Жинниман мен, ғирт жинниман! Кандидатни капут қилдим. Бечора мунғайиб қолипти. Мен – маладес! Зўрман! Таржимаи ҳолини буткул айтиб беришга мажбур қилдим. Оҳ! Та-ра-рам-рам, та-ра-рам-рам!... – Ҳалима ўйинга тушиб кетди.
Дилором Ҳалиманинг телба-тескари ҳаракатларига кўникиб қолган эди, лекин...
— Сиз уни ҳақиқатан севиб қолипсиз!
— Мен сизга нима деяпман, ни-ма де-яп-ман?! – Шу топда Ҳалимани мутлақо тушуниб бўлмасди. – Мен уни эмас, у, у мени севиб қолди! У11 Хонага бошқа қизлар кириб келишди.
— Дсўтларим! – деди мағрур Ҳалима тантанавор, қўлларини кескин силкитаркан, - мен эс-ҳушимни йўқотдим. Биласизларми, мен... жинниман! – Ҳалима ўзини кроватга ташлади. – Биласизларми, севиш қандай яхши! Уҳ номарлар-эй. Нега индамайсизлар?.. Менга ҳеч нарса керак эмас. Биттанг ҳам керак эмассан! Кетинглар! Ҳамманг кет. – Ҳалима бирдан ўкириб йиғлаб юборди. Юзини ёстиққа яширди.
Қизлар ҳозиргина булбулдай бийрон сайраётган Ҳалимага тушунмасдилар.
— Кетинглар, кетинглар! – юлқинарди йиғлаётган Ҳалима. – Тинч қўйинглар мени. Ҳамманг,.. ҳаммаси... бир гўр! Севмайди у мени...
— Э, қуриб кетсин Муродингиз! – Дилором аччиқланди. – Қўйсангизчи, ўшанга ҳам йиғлайсизми? Мурод сизнинг тирноғингизга ҳам арзимайди, керак бўлса... Қизлар, боринглар энди, Ҳалима озроқ дам олсин.
Палатада икковлон қолишди. Ҳалима қимирламай жим ётар, Дилоромнинг эса юраги зиқ бўлиб кетган, аммо бир оғиз гап сўрашга журъати етишмасди. Ниҳоят Ҳалима ўгирилиб, дугонасига хомуш тикилди. Кулимсирашга уринди, аммо кўзларида ёш. Чексиз дард ётарди Ҳалиманинг қорачиқларида. Бу дардларни Сўз билан ифодалаш шарт эмас.
Муҳаббат ана шундай кучли...
Ҳақиқий муҳаббат минг йилда бир келади, деганлари ростмикан?
— Қўйинг ўшани, - деди Дилором дугонасини юпатишга уриниб. – Дунёда ундан минг карра яхши йигитлар тўлиб-тошиб ётипти.
Ҳалима сукут сақлади. Армон билан кўзларини юмди. У ҳозирги ҳолатида умрини йиғи билан ўтказган, кулиш нималигини билмайдиган одамга ўхшарди. Муродга кўнгил қўя бошлагандан бери дилининг тўрида чўкиб, тўпланиб ётган армонлари ҳозир бирваракай жунбушга келиб, Ҳалимани минг бир кўйга солаётганди.
— Гапирсангизчи, юрагим тўлиб боряпти. Ҳозир мен ҳам йиғлаб юбораман. Нимага... ғалати бўлиб қолдингиз? – Дилором «жинни» деб юборишига сал қолди.
Ҳалима мийиғида кулимсиради.
— Уйлансанг уйлан, йўқса калламни гаранг қилма, менга сендан бошқа совчи юбораётганлар ҳам тўлиб ётипти, демадингизми?
— Бизнинг баҳоримиз ўтган, - деди Ҳалима афсус билан, - ўн саккиз ёшли қизлар камми?
— Вой номард-эй! Ҳали ўшанақасидан оламан, дедими? Унда «нега тиз чўкдинг? Нега у гапларни айтдинг?», деб ёқасидан олмадингизми?
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев