26 - 27 - қисм.
Катталаримиз умрни оқар сувга ўхшатадилар. Хақрост, уларнинг хаётий тажрибаларидан келиб чиқади, бундай доно сўзлар. Сафарга чиққан йўловчи юриб-юриб, хориганда тўхтаб, ортига бир қараб қўяркан. Қанча йўл юрдим, яна қанча юраман? Етиб бораманми, ёки ярим йўлда тугайманми?
Акбар хам мана уч йилдирки, ўтган умрига тез-тез назар ташлайди. Гохида юраги ғаш бўлиб, одамови бўлиб қолар, икки кунгача хам хеч кимга гапирмас, индамай ишини қилаверарди. Шериклари хам ўрганиб қолишган, унга ортиқча гапиришмас, қачон нима қилишлари ўзлари билардилар. Акбар одатда укаси билан, ёки Анвар билан гаплашгандан сўнг шундай бўлиб қоларди.
Мана, группадошлари тўртинчи курсда ўқишяпди. Бу пайтда қизлардан хам йигитлардан хам баъзилари турмуш қуришган, яна баъзиларини унашиб хам қўйишганди. Бундан икки ой олдин Анвар телефон қилиб, Нигорага совчи келаётганини, уйидагилар ўшаларга бермоқчи эканларини айтганда қахрамонмизнинг ичидан бир нима “чирт” узилгандек бўлди.
-Агар юрагингда бўлса Нигорага қўнғироқ қил! Айт, сени кутсин, ишонтир уни!
Акбар хеч нарса демади. Ўзи қўнғироқ қилмас, аммо, хар куни, хар соатда қизнинг қўнғироғини, “Совчиларни қайтардим” дейишини кутади. Йўқ, Нигора орадан уч ой ўтса хам телефон қилмади. Бу- қиз йигитни унутди дегани эмас. Укаси Хумоюн бир неча марта айтди, Нигора уни узоқдан кўп кузатаркан. Хатто, баъзида деразалари остида машинаси пайдо бўлар, машинадан тушмай соатлаб ўтирармиш.
Бу йил АдМИга хужжат топширган Хумоюн контрактга тушди. Аммо, ўқимади, янада қаттиқроқ тайёргарлик кўра бошлади. У тинмай китоб,ўқир, гохида хонасида у ёқдан-бу ёққа юриб ўқиганларини ёддан такрорларди. Шундай пайтларда деразага яқинлашиб, қизил Матизга кўзи тушарди.
Ха, Хумоюн акасини алдамаганди. Нигора сўнгги пайтларда шунақа одат чиқарган, Хумоюнга қараб, Акбарни кўрарди. Икки-уч кун аввал хам Нигора шом пайти келди. Орадан икки соат ўтса хам кетмади. Шунда Хумоюн иссиққина кофе тайёрлаб унга олиб тушди. Ёнига чиқиб ўтирди-да, кофени узатди.
-Рахмат Хумоюн! –Нигора кофени хўплаб ича бошлади.
- Опа, сиқилманг, хаммаси яхши бўлади.
-Энди хеч нарса яхши бўлмайди укажон! Кофе учун рахмат! Агар...агар мени яна бу ерда кўрсангиз тушиб овора бўлманг... Мен...мен бироз ёлғиз қолмоқчиман.
Хумоюн уни тушунмади. Акам кечирмаяпди деб ўйлади. Акасига бу хақда айтганида, Акбар уни унаштирилгани тушунди. Тамом, ўйлади йигит. Мана омадсиз мухаббати хам нихоясига етди. Акбар бошини чангаллаганча узоқ ўтириб қолди. Нима қилсин Нигора, қиз боши билан ўзи совчи юборсинми менга? Шунчалик севсанг нега бир мартаям қўнғироқ қимадинг? Нега кечирим сўраганда очилиб гаплашмадинг? Нега?! Нега унга яна бир бор имкон бермадинг? Нима учун охирги гапларини тингламадинг? Шу йигитни иши бўлдими? Хато қилиш айбмаску, хар ким хам хато қилади. Нега хатосини тўғрилашга имкон бермадим? Чунки...чунки мен қўрқоқман. Ха, ха-а-а, қўрқоқман! Унга совчи қўйсам, бермайди деб қўрқдим. Ғурурим топталади деб қўрқдим. Унга етолмасам юрагим ёрилиб ўлишидан қўрқдим. Осонгина унинг хатосидан фойдаланиб чекиндим. Мен ярамас одамман...қўрқоқма-а-а-а-а-н!!!
Дилшоднинг жияни Хикматилло югуриб кирди:
-Тинчликми Акбар ака, нега бақирдингиз!
Хумоюн бақириб юборганини хам сезмаганди. Хикматилло қизарган кўзларимни кўрмасин деб ерга қаради. Кейин чўнтагидан пул олдида унга узатди.
- Тилло, мана бунга анавиндан битта обкелинг!
-Нима обкелай? - йигит тушунмай туриб қолди.
-Ароқ! –деди Акбар овозини бир парда кўтариб.
Хикматилло бир қўлидаги пулга, бир Акбарга қараб анграйиб қолди. Шу пайтгача бир мартаям оғзига олмаган, иложи борича шерикларигаям ичкизмаган одам, бирданига ароқ сўраб қолса ғалати бўларкан.
Омборнинг кичкина кранини таъмирлаётган Дилшод, Хикматилло компютер хонасига ароқ олиб кириб кетаётганини кўриб ишини тўхтатди. Акбарнинг олдига кирса, йигит шишаси билан кўтараётган экан. Акбар бирданига ярим шишани кўтариб ичгач, бир сесканиб кафти билан оғзини ёпди.
Дилшод унинг кўзларига қараб, ундаги тушкун кайфиятни кўриб хайрон қолди. Хали бирор марта бу холда кўрмаганди. Доим чақнаб турадиган, ғайрат ёғилиб турган кўзлар негадир тушкун. Хатто, маюс дейиш хам мумкин.
-Нима гап Акбар?
Акбар индамади. Нимаям десин ахир! Дилшод жавоб кутиб бироз турди. Кейин унинг елкасига қўлини қўйиб мехрибонлик билан деди:
-Бугунча, ётоққа бориб дамингни ол ука. Бу холингни экспедиторми, омборчимии кўриб қолса яхши бўлмайди. Компьютерга Тиллони ўтқизиб қўяман. Заказ кеп қолса ўзимиз бир амаллаймиз.
Акбар хотиралар исканжасига чидолмай, ароқдан нажот излади. Қолган ароқни хам бир кўтаришда бўшатди-да, ётоғига жўнади. Ўзини болишга ташлади-ю, маст бўлишини, онги ўтмаслашиб, тезроқ ухлаб қолишини кута бошлади. Аксига олиб, мияси немис механизмидек аниқ ишлар, қиз билан ўтказган дамларини ипидан игнасигача эслай бошлади.
-Нима қилай? Нима қилай энди?! Мана, пул топдим, уй олишгаям, тўй қилишгаям етади. Аммо, нега халиям бу ерда юриппан? Нега уйга қайтмайман? Бу пулга Анвар айтганидек ўзимизда дўкон очсам хам бўлади-ку. Жонимни қийнамай ўз юртимда ишласам хам бўлади. Нега қайтолмаяппан? Нигорадан қочяппанми? Мана, энди у йўқ! Йўқ энди мен учун. Шуни кутиб юрганмидинг!
Акбар ўз-ўзини яниб ётиб ухлаб қолди. Йигит-ку, бир амаллаб ухлаб қолди. Аммо, Фарғонада Нигора нима қилаётган экан? Изтиробларини қандай енгаётган экан?
Азиз ўқувчим рухсат берса, воқеалар ривожини Нигорага қаратсак. Сизларга маълумки, қиз хам хотиралар исканжасида на юрарида, на турарида халоват бор. Ундаги рухий изтироб кун сайин ўз таъсирини ўтказиб борар, хатто, сўнгги кунларда дарсларига хам бормаётган эмиш. Гурух рахбари дадасига телефон қилиб буни айтганида, дадаси ташвишга тушиб қолди. Хотинидан қизи хақда сўраганида:
-Куёви билан учрашгандирда, дадаси, ташвишланманг. Бахорда тўй қиламиз деяпмиз, уларни хам қандайдир режалари бордир, шуни ташвиши балан юришгандир.
-Учрашса дарс пайти учрашадими? Хўп, шундай хам дейлик, бир хафтадан бери бормаганига нима дейсан? Бу пайтда қизинг қаёқларда юрипти? Она бўлиб қизингни нима қилиб юрганини билмайсанми?
-Дадаси, бунчалик эканини билмагандим. Келсин, бафуржа гаплашиб кўраман.
-Шундай қил, эрта-индин тўйи бўладиган қиз, сал ўзига қараб юрсин. Бир гап бўлса... –дадаси овозига қахрли тус берди, -Иккалангниям сўйиб ташлайман!
Эр-хотин қанчалик жахллари чиққан бўлмасин, Нигора касалманд қиздек ранглари синиқиб, бўшашиб кириб келганда жахлларидан асар хам қолмади.
-Нима бўлди, қизим? –иккаласи хам ўрнидан туриб кетти. –Кимдир хафа қилдими?
-Йўқ, бироз тобим йўқ. Хавотир олманглар! –Нигора хонасига кириб кетди.
-Бор қизингни олдига кир! Гапларимни айт, тўйи бўладиган қиз бунаққиб юрмасин. Мазаси йўқ бўлса даволатайлик, ўқишига справка қилдирайлик. Кир, гаплаш у билан, -деди дадаси. – Эртага қудаларни олдида, эл-юртни олдида шарманда бўлиб ўтирмайлик.
Онаси кириб қизига шу хақда гап очганда, Нигора уни тўхтатди.
-Эшитдим ая, такрорламанг.
-Унда айт, нега ўзгариб қолдинг, нега дарсларингга бормаяпсан?
-Эртадан бораман, хавотир олманг.
-Нима бўляпти ўзи, бирон дардинг бўлса айт? Менга айтмасанг кимга айтасан?
Нигора онасига қараб қолди. Айсамми, йўқми деб иккиланаётгани кўзларидан сезилиб турарди. Буни сезган онаси қизининг ёнига ўтириб, сочларини силади.
-Гапир қизим, нима бўлди ўзи.
Сувга сакраётган одам чуқур нафас олганидек, Нигора хам бир тин олдида, шартта дилидагини айтиб қўяқолди.
-Тўйни тўхтатинглар!
-Ие, нега қизим?
-Куёвингиз дидимга ўтиришмади. Қиз болага ўхшаб мулойим супурги экан. Яна, телефонда кўп қизлар билан гаплашаркан.
-Вой, мулойим бўлгани яхши эмасми?
-Эркак киши сал дағалроқ бўлади-да ая!
-Э, хали прокурор бўлиб кетса кўрасан дағалликни. Биттаси мана, дадангми? Қовоқ солганда жонингни суғуриб олади.
Бу гапларни қўй қизим. Ўзи, турмуш қураётганда қизлар сал инжиқроқ бўлишади. Тўйингдан кейин йўқолиб кетади бу инжиқлик, -деди онаси сал хотиржам тортиб.
-Энг асосийси... У менга ёқмади.
-Ёқмади деганинг нимаси қизим. Тўй ўтсин, атрофида парвона бўлиб қоласан. Кел қизим, бизни бемани инжиқликларинг билан қийнайверма! Қуда-андалар олдида шарманда қилмагин. Шунча гапинг бор экан, нега совчи келгандаёқ айтмадинг?
-Медан сўрадиларингми?!
Онаси хақли савол қаршисида тилини тишлаб қолди. Эрига айтганди, қизимизни розилигини олайлик деб. Аммо, эри қиз бола отаси узатганга тегади-да, ёки кўнглида биров бормикан, деб сўраганда, шоша-пиша йўғ-е, деб қизининг номидан жавоб бериб юборганди.
Касални яширсанг истмаси фош қиларкан. Мана, энди Нигора кўз ўнгида сўлиб бряпти.
-Қизим, кийимларингни алмаштириб овқатга чиқ! Дадангни жахли чиқмасин!
Нигора кечки овқатдан икки қошиқ ичди-ю, хонасига қочди. Китоб ўқишга уринди, компютер ўйнаб кўрди. Синфдоши Фотима билан телефонда гаплашди. Лекин, хечам дилидаги ғашликни тарқатолмади. Минг марта Акбарнинг рақами устига кўк тугмани босмоқчи бўлди, аммо, сўнгги дамда қандайдир ўжарлик устун келиб, телефонини ёстиғи устига отиб юборарди.
Кейин ухлашга уриниб, кўрди. Қани энди ухлолса, хаммасини бир зумга бўлса-да унутса. Авваллари, ярим кечага бориб ухлаб қоларди. Мана уч кундирки, тонгни бедор қаршилайди. Бугун хам ухлолмади, гўёки тўрт девор уйқусини тортиб олиб қўйгандек. Яхшики, Акбарнинг доми остида, машинада ўтирганда бошини рулга қўйиб бироз мизғиб олади. Йўқса, жинни бўлиб қолиш хеч гапмас.
Нигора хизматчи аёл нонушта тайёрлаб юрганини хам, ота-онаси, укаси чиқиб ўтирганларни хам эшитиб ётар, чиққиси келмасди. Нихоят, хизмтчи аёл кириб Нигорани “уйғотди”.
Нигора номигагина нонушта қилгандек бўлди-ю, кийиниб ўқишга жўнади. Икки пара дасга зўрға чидади. Кейин шартта чиқиб, яна “ўша” жойга, жони бироз ором оладиган масканга ошиқди. Қаниди тезроқ етиб борса-ю, ўша қадрдон деразасига термулиб ўтирса.
Нигора уйқусирадими, ёки тезроқ етиб борай дедими, домлар орасига бурилаётиб тезликни пасайтирмайтирмасдан рулни бурди. Катта тезликда келаётган машина бу харакатдан сўнг бир неча марта думалаб бориб, йўл четидаги бетон тўсиқларга урилди.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев