Юлдузлар пирпирар, порлайди шартта.
Оқшом эркалайди. Сен нима дардда!?
Муҳаббат ҳақида сўрайверасан... -
Бир марта севганман, фақат бир марта!
Кўнгилнинг сирини сўйлаб бўлсайди -
Бу шундай ғунчаки - яшнар, сўлмайди.
Севги мангу яшар қалбда, ўлмайди...
Бир марта севганман, фақат бир марта.
Кўзимни кўзингга олгансан боғлаб,
Сенгача ҳаётим ҳақда сўроқлаб...
Ўкинч-у ўтинчлар ила дил доғлаб
Бир марта севганман, фақат бир марта.
Ҳали яшаш керак. Ҳали умр мўл.
Шошма. Юрагимга солаверма қўл.
Ундан кўра жон-у жаҳоним Сен бўл!? -
Бир марта севганман, фақат бир марта...
Шубҳалар ўтида қовриласан жим.
Ў, бу иштибоҳлар - маккор мунажжим.
- Қўйгил, ранжимагил?!..
- "Кечир, азизим!"-
- Бир марта севганман, фақат бир марта.
Қара, излаб-излаб сенга келганман.
Сени излаганман, сени деганман.
Тушун, тушларимда кўриб севганман -
Бир марта севганман, фақат бир марта!
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев