Сиз қуёшку?! Тун ўтарми ой тўлмаса?
Куз келарми тилло тақиб, гул сўлмаса?
Кулиб юринг севги маҳзун хат йўлласа -
Шеърларимни ўқиб туринг ҳеч бўлмаса.
Болдан ширин - сўз, дейдилар. Сўзга боқинг.
Ўзингизни кўрмоқчисиз - кўзга боқинг.
Ошиқларни севмайсиз ҳеч. Дўстга боқинг -
Шеърларимни ўқиб туринг ҳеч бўлмаса.
Юрак қурғур ўртанади - илҳомми шу?
Ташбеҳ келар оҳанг билан - муғомми шу?
Висолми шу? Ҳижронми шу? Пайғомми шу? -
Шеърларимни ўқиб туринг ҳеч бўлмаса.
Дил розимни тинглашни ҳам истамайсиз,
Эъзоз нима, сиз бу ишқни сизламайсиз!
Майли, исмим сўзлар аро изламайсиз,
Шеърларимни ўқиб туринг ҳеч бўлмаса.
Шафақ гўзал бу оламга шафқат билан!
Йўл излайман кўнглингизга шиддат билан.
Мен қувлайман. Сиз қочасиз иффат билан...
Шеърларимни ўқиб туринг ҳеч бўлмаса.
Қаранг, толеъ бу шоирга кулмаяпти,
Ой тўляпти , кўнгил сира тўлмаяпти.
Севмаяпсиз. Шеър ҳам шеърдек бўлмаяпти -
Шеърларимни ўқиб туринг ҳеч бўлмаса...
Тушларимга кириб туринг ҳеч бўлмаса...
Ўткир Хидиров
14.06. 2020. соат 22.30
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев