Бизнинг кўзларимиз...
Кўзингизнинг неъматлигини ҳис қилмоқчимисиз? Унда икки кўзингизни юмиб ўн қадам юриб кўринг. Инсон кўзининг вазни 8 грамм. Аммо у билан энг мураккаб фотокамерани ҳам солиштириб бўлмайди. Кўз 10 миллион рангни ажрата олади. Инсон шимолий қутб минтақасига борса, у ерда қиш фаслида об-ҳаво минус 69-70 даража паст бўлади. Совуқдан музламаслик учун у устига қалин кийимлар кийиб, бошини ҳам ўраб олади. Оёқларига ҳам қалин этиклар кийиб, қўлини қўлқоп билан совуқдан асрайди. Аммо кўзларини беркита олмайди. Бундай совуқда кўздан чиқадиган сув дарҳол музлаб, кўз кўрмай қолиши керак эди. Аммо шундай ноқулай об-ҳавода ҳам кўз музлаб қолмайди. Нега? Чунки, Аллоҳ таоло кўзнинг сувига музлашнинг олдини оладиган моддани қўшиб яратган. Агар кўзимизга ва ундаги аъзоларга назар солсак, Аллоҳ таоло уни кўплаб қўриқчилар билан жиҳозлаб қўйганини кўрамиз. Масалан, киприклар кўзга тупроқ ва шамол киришидан ҳимоя қилиб турса, қовоқлар инсон кўзларини тез юмиб-очиши учун хизмат қилади. Айниқса, ҳаром нарсалар чиқиб қолганда, кўзни дарҳол юмишда қўл келади. Кўзларимиз бош суягимизнинг кўз косаси деб аталадиган жойида, яъни ичкарироқда, ботиқроқ жойда жойлашган. Бу эса ташқаридан бўладиган турли зарбалар, таъсирлардан кўзни ҳимоя ҳимоя қилиш учундир. Шунингдек, кўзга бирор нарса тушганда, масалан, бактерия, микроб, ёт жисмлар тушганда, Аллоҳ таолонинг фазли билан, кўз лизосома деб аталадиган махсус суюқлик ишлаб чиқаради. Аллоҳ таолонинг изни билан бу суюқлик ўша ёт жисмларни, бактерия ёки микробни парчалаб, йўқ қилади. Бу маълумотлар Аллоҳ таолонинг Буюк Яратувчи, Буюк Мусаввир, барча нарсага қодир Зотлигига далолат қилади.
Нет комментариев