Вақти соати етиб, жон таслим қилса инсон.
Амалларин савоби тўхтатиларкан шу он.
Бориб тураркан савоб фақат уч амалидан.
Садақаи жория, илм, солиҳ фарзандидан.
Садақаи жория- савобли, хайрли иш.
Халқ учун манфаатли хизмат қилувчи юмуш.
Кўприк қурмоқ ва ёки масжидга қўйилган ғишт.
Тахоратхона қуриш ё йўлни таъмир этиш.
Сув чиқариш, сим тортиб элга олиб келиш нур.
Кимнингдир томин ёпиб, берсанг жонига ҳузур.
Савоб келиб турувчи бу хайрли иш бари.
Садақаи жория дейилади шуларни.
Манфаатли илм ҳам савобли амалдандир.
Кимдир илм ўрганса, яна касб- ҳунар кимдир.
Мерос қилиб қолдирса шу илм ва ҳунарни.
Китоб ёзса, шогирдга ўргатса билганини.
Масжидга қўйса Мусҳаф, вақф қилса китоблар
Мана шу амалидан келиб турар савоблар.
Аллоҳ берган неъматлар улуғи- бу фарзанддир.
Кўз қувончи, шуури, жонига жон пайванддир.
Соғлом, ақлли, илмли бўлиб ўсса болалар.
Диёнатли, меҳрибон, солиҳ бўлса болалар.
Илм, ҳунар ўрганса, яраса юрт корига.
Берган нон, тузинг оқлаб, айланса эл орига.
"Отангга раҳмат!" дея олқиш олса дам бадам.
Олим бўлмасалар ҳам бўлсалар яхши одам.
Садақа ва илмга топа олмасанг имкон.
Солиҳ фарзанд ўстиргин, қилиб ҳақиқий инсон.
Яхши амаллар ўргат, тарбияла яхшилаб.
Қурон ўқишни ўргат, ўқиб қилсин бахшида.
Ортингдан раҳмат сўраб дуо қилса ҳар маҳал.
Савоби ҳеч тугамас хайрлидир бу амал.
Умр мангуга эмас, кўз очиб юмсанг ўтар.
Вақтинг борида қилгин хайрли, яхши амал.
Бир марталик умрни сарф қилиб оқилона.
Савобли амал йиғгин, топма турли баҳона.
Набий алайҳиссаломнинг шариф ҳадислари бор.
Уни ўқиб, ёдлаб ол, қайтар такрор ва такрор.
Яхши амалларимиз савоб етказиб турсин.
Хайрли амаллар йиғиш барчага насиб қилсин.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев