(ҳикоя.)
Ғафур ака бемор ётган онасидан хабар олиш учун вилоят касалхонаси ҳовлисига кириб бораркан, узоқдан тўғридаги бинога кириб кетаётган аёлга кўзи тушди-да, кўнгли ғалати бўлиб кетди. ”Наҳотки,бу Зебо бўлса...Йўғ-эй. Бу унга ўхшайдиган аёл бўлса керак. У юрак касалликлари бўлимида нима қилади?” Ўйлари,саволлари охирига етмай туриб, хаёли баттар чувалашиб кетди. Хотирасининг қайсидир бурчагида мудраб ётган эсдаликлар хаёлларини ўзи томонга бошлади.
...Ўшанда унинг Афғонистонга ҳарбий хизматга кетиши аниқ бўлган кунлар эди. Ғафуржон савдо институтининг иккинчи курсини эндигина битирган пайтида, ҳарбий хизматга бориши ҳақида чақириқ хати олди-ю,уйдагилари билан хайрлашиб кетиши учун Самарқанддан Қўқонга келди.
Оиласининг кенжатойи бўлган Ғафуржонни онаси жуда яхши кўрарди.. Ғафуржон бир ёшга тўлиб тўлмай,отаси касаллик туфайли бирдан вафот этган, онаси Салима ая йигирма саккиз ёшида беш нафар фарзанди билан ёлғиз ўзи қолиб кетган эди.
Онаси уларни кўп қийналиб вояга етказди. Салима ая қўли гул чеварлардан эди. Шу ҳунари орқасидан фарзандларини улғайтирди. Қийинчиликлар ортда қолиб,фарзандлари улғайиб,унинг ёнига киришди. Орадан йиллар ўтиб, икки қизини турмушга берди, икки ўғлини уйлантирди. Энди Салима ая кенжа ўғлини уйлантириш ҳаракатида эди. Унинг ҳарбий хизматга чақирилиши,ажал ўчоғи бўлган Афғонистонга хизматга кетиши бу мақсадни амалга ошишини тезлаштирди.
―Ўғлим, кўнглингда бирор ёқтирганинг бўлса айт, совчи бўлиб бораман,―деди Салима ая чақириқ қоғози келган куннинг эртасигаёқ. ― Ака-опаларинг тўйингга кўмаклашамиз дейишяпти.
Ғафуржон бошида онасига айтишга уялган бўлса-да, эртасига катта акаси орқали синфдоши Нигорада кўнгли борлигини маълум қилди. Нигоранинг уйига борган совчилар қуруқ қайтишди. Тошкентда тўқимачилик институтида ўқийдиган Нигора ўқишини битиргунича, ота- онаси турмушга беришмаслигини узр айтиб, билдиришибди.
Шундан кейин Салима ая бошқа келин топди. Унинг шогирдларидан бири, шу маҳаллада яшайдиган уста Халил аканинг қизи Зебо келин бўлиб уларнинг хонадонига келди. У қўҳликкина, сочлари узун қиз эди. Зебонинг Ғафуржонга маъқул бўлмаган биргина жиҳати замонавий эмаслиги, тортинчоқлиги эди, холос.. Чунки унга ўзига қараб, пардоз-андоз қилиб юрадиган қизлар кўпроқ ёқарди.
Ғафуржон Зебо билан бир ҳафтагина яшаб, Афғонистонга отланди. Онасининг дуолари асрадими, ёки келинчагининг илтижолари яратганнинг қулоғига етдими, у икки йилдан кейин соғ-саломат Қўқонга қайтиб келди.
Ғафур аканинг хаёллари шу ерда узилди. Чунки у онаси ётган палата эшигига яқинлашиб қолган эди.
Онасининг ёнига кириб, унинг сиҳати анча яхшиланганидан руҳиятида бироз осойишталик туйган бўлса-да, кўнгил ғашлиги тарқамади Ғафур аканинг.Тўғрироғи, хаёли Зебо билан банд эди.Волидаси билан хайрлашиб, унинг шифокори билан суҳбатлашди ҳамки, бу ғашлик гўё бир ғиштдай юрагини босиб тураверди.
Касалхона йўлагига чиқаркан, дераза олдида турган Зебога кўзи тушди. Оддийгина пуштиранг чит халат чеҳрасига қандайдир рангпарлик бахш этган бўлса-да, Зебо ҳалиям гўзал эди. Аёл бир зум унга нигоҳини қадаб турди-да, кейин бирдан киприк қоқди...
Унинг серкиприк,чиройли кўзларидан шашқатор оққан ёшлар оппоқ, беғубор чеҳрасини ювганча пастга ошиқар, Ғафур ака бўлса тош қотиб турарди. Беш дақиқалар шу алпозда туришди-ю, аёл шарт бурилиб, қўллари билан юзини тўсганча, коридорнинг бошқа томонига қараб тез юриб кетди. Дили вайрон бўлган Ғафур ака унинг изидан термулиб қараб қолаверди...
Ҳарбий хизматдан қайтганидан сўнг, улар икки ярим йил давомида бирга яшашди. Аммо ўрталарида фарзанд бўлмади. Шу баҳона бўлди-ю, Ғафуржон Зебодан осонгина ажрашди. Бундай қилишга уни қачонлардир ўзи севган қиз Нигоранинг ўқишни битириб келгани ундадими, ё оддийгина, сипо кийиниб юрадиган хотинини севолмадими, ёки ёшлик қилдими, Ғафур ака буни ҳозиргача тушунолмайди.
Онаси келинини жуда яхши кўрарди. Шу сабаб Салима ая қанча ялиниб ёлвормасин, ака-опалари уни қанча уришмасин, Ғафуржон ўз билганидан қолмади. Зебо кетди. Кетишидан олдин Ғафуржонни қучоқлаб зориллаб йиғлади. ”Мени севолмадингиз, биламан. Аммо мен Сизни жудаям яхши кўраман, Ғафуржон ака”,―деди у йиғи аралаш.
У бўлса, келинчакнинг сўзларини эшитмагандай тураверди.
Кейинчалик Ғафуржон савдо институтидаги ўқишини битириб олиб, савдо базасига ишга жойлашди. Нигорага совчи юбориб, данғиллама тўй қилиб уйланди. Оиласида туғилган фариштадай гўзал қизлари унинг дилидаги барча камчилигини ёпгандай туюлар, қачонлардир ўзининг ҳаётида Зебо деган аёл бўлганлигини унутиб ҳам юборгандай эди.
Бир куни онаси қайсидир бир маъракадан кўзлари қизариб қайтди. Айтишича, у маъракада Зебонинг холасини учратибди. Орадан 5 йил ўтган бўлса ҳам, Зебо ҳалигача турмушга чиқмаган экан. Яқинлари кенгашиб, уни энди турмушга берадиган бўлишибди. “Ахир уям фарзанд кўриши керак, қачонгача якка ўзи юради?” ―дебди холаси. Онаси ўша куни собиқ келинига куйиниб йиғлагани Ғафуржонга қандайдир эриш туюлган эди. Кейинчалик бу гапни унутиб ҳам юборди.
Ғафур ака касалхона ҳовлисидан чиқиб, ”Нексия”сига ўтираркан, оғир бир сўлиш олиб, хўрсиниб қўйди.
Бир ҳафтадан кейин онасини касалхонадан олиб чиқишга борган Ғафур ака Зебонинг қирқ ёши арафасида вафот этганлиги ҳақидаги хабарни эшитиб, гангиб қолди. Аёлнинг ўша кундаги ҳолати, индамай унга қараб туриб йиғлаганлиги кўз ўнгида жонланиб, биринчи марта ўз худбинлигидан уялди. Ўзини-ўзи жуда ёмон кўриб кетди.. ”Нимага ўша куни мен ундан ҳеч бўлмаса ҳол- аҳвол сўрамадим, ―ўйлади у эзилиб.―Унинг саноқли кунлари қолган экан-ку.”
Касалхонадан қайтишар экан, Салима ая йўл бўйи йиғлаб келди. Унинг ҳикоя қилишича, Зебонинг кейинги турмуш ўртоғи ичкиликка берилган, ноинсоф одам экан. У қиморбоз ҳам бўлиб, Зебони чеварликдан топган пулларигача қиморга сарфлар, рўзғор билан иши йўқ, қисқаси аёлга кўп азоб берган экан. Бояқиш Зебо бўлса ҳамма нарсани ичига олиб, юрак касаллигига чалинибди.Қисқаси, фарзандлари туфайли унинг ситамларига чидаб яшаган экан.
Зебо вафот этишидан бир кун олдин собиқ қайнанасининг олдига келиб унга ўз ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб берган экан. ”Мен билан видолашган экан аслида, ―деди куйиниб онаси. “Аяжон, мендан розимисиз?”―деса,”
―Ҳа қизим, албатта розиман, тақдир-да бу,” ―дебман. Тушунмабман, унинг нега бундай деяётганлигини. Ҳамшира ”сизга туриш мумкинмас-ку, нега турдингиз жойингиздан?”―деб танбеҳ берганидан ҳам аҳволи жиддийлигини англамабман, мен гумроҳ...”
Собиқ аёлининг ҳаёти ачинарли кечгани, ёш вафот этгани Ғафур акани бир дунё армонлар ичига ташлади. У илк бор”Хато қилмадиммикан? “Севмаганман,”―деб бир аёлнинг тақдири мана шундай бўлиб кетишига сабаб бўлмадимми? Агар сабр қилиб яна бироз яшасам, фарзандлик ҳам бўлармидик? Балки кейинроқ уни яхши кўриб қолармидим?”―деб ўйлаб қолди.
Зебонинг вафотидан кейин Ғафур ака қандайдир ўйчан бўлиб қолди. Бирор марта собиқ аёлининг ҳаёти билан қизиқмагани учун ўзини ич-ичидан айбдор ҳис қиладиган бўлди. Аслида бу тақдири азалнинг ҳукми эканлигини яхши англаса-да, юзларини ёш юваётган Зебонинг чеҳраси ёдига тушса, кўнгли вайрон бўларди.
Бу орада яна ўн йилга яқин вақт ўтди. Ёши элликка яқинлашаётган Ғафур ака онаси билан бирга Маккаю-Мадинага- ҳаж сафарига бориб келди. Бу сафар натижасида оқ-қорани янада яхшироқ ажратадиган бўлди. Савоб ишларни кўпроқ қилишга интилди. Ўтган йиллар ичида унинг ишлари юришган, яқинда очган кичик корхонаси фаолияти яхшиланган, қизларини ўқитиб, турмушга берган, ҳаммаси яхши эди. Юрагининг бир четида Зебо ҳақидаги хаёллари ғижим бўлиб турганлигини айтмаса, Ғафур ака ҳаётидан мамнун эди.
Охири бўлмади. Ғафур ака онасига кўнглини ёрди. Зебонинг бевақт дунёдан ўтганлигига ўзини сабабчи деб билишини, неча йиллардан бери шу сабаб изтироб чекишини айтди. Салима ая уни жимгина тинглаб ўтирди.
―Ўғлим, ич-ичингдан қийналиб юрганингни яхши биламан. Ўшанда ёшлик қилиб, ҳеч қайсимизга қулоқ солмагандинг. Энди минг афсуски, Зебо йўқ. Мен ҳам келинимга жуда ачинаман, унинг ёш вафот этиб кетгани учун,―дея сўз бошлади онаси маҳзун овозда.
―Шу хонадонга келин бўлиб келгани, ширинсуханлиги, нима десам гап қайтармай қилиши, худди кечагидек эсимда. Нима қиламиз, қисмати шундай экан. Кўнглингдаги ғуборни аритиш учун кел, унинг фарзандларига ёрдам бериш йўлларини излаймиз.Чунки яқинда Зебонинг қиморбоз эри вафот этганлиги ҳақида эшитдим.
Ғафур ака бироз ўйланиб турди-да, онасининг маслаҳати тўғри эканлигига амин бўлди. Онаси таниш- билишлар орқали Зебонинг фарзандлари тақдири ҳақида суриштиришини айтди.
Орадан икки –уч кун ўтиб, Салима ая Ғафур акани ёруғ чеҳра билан қаршилади.
―Ўғлим, сен билан гаплашган масала бўйича анча нарсаларни аниқладим. Опаларинг билан бирга Зебонинг болалари ҳақида суриштирдик. Унинг тўнғичи ўғил бола экан,―деди онаси.
―Ҳозир Россияда ишлаётган экан. Қизи бўлса, яқинда турмушга чиқибди. Аммо институтда шартнома асосида ўқиётганлиги туфайли оиласида бироз муаммолар бор экан. Яъни, эри ҳам талаба бўлгани учун оиланинг ҳар иккиси учун шартнома пулини тўлашга қўли калталик қилаётган экан. Шу иккала ёшнинг ўқиши учун шартнома пулини тўлашни ўз бўйнимизга олсак, нима дейсан? Агар рози бўлсанг, мана бу уларнинг исми-шарифи ва институт манзили ёзилган қоғозни олиб қўй, болажоним. Агар шундай қилишни маъқул деб билсанг, мен ҳам хурсанд бўлардим.
Ғафур ака онасига бироз тикилиб турдида, унинг бағрига бошини қўйиб йиғлагиси келаётганини ҳис қилди. Онасига зўрға “хўп бўлади, онажон”―деганча, елкасидан бир қучиб қўйди-ю, ташқарига қараб йўналди. У аслида кўзларидаги ёшни онаси кўриб эзилишини истамади.
Кечқурун ухлаш олдидан Зебонинг қизи ўқийдиган институтга бориш ҳақида ўйлади. ”Зебонинг қизиниям, куёвиниям қариндошимиз дейман,―ўйлади у.
―Ҳомийлик ёрдами кўрсатмоқчиман, дейман. Бирор нарса ўйлаб топаман-да, ишқилиб..”
―Шу хаёллар билан кўзи илинганини сезмай қолди.
Қизиқ, ўша кеча унинг тушига Зебо кирди. Ғафур ака яна ўша касалхона йўлагидан кетаётганмиш. Зебо касалхона либосида эмас, келинчаклик пайтидагидек атлас кўйлакда унга қараб жилмайиб юриб келаяпти экан. Бир бирларига яқинлашган пайтларида Зебо унга қараб шивирлаганча: ”Раҳмат,Ғафуржон ака!”―дебди-ю, яна йўлида давом этибди. Ғафур ака тўхтаб унинг изидан қараса, Зебо кетаётган йўлак ёруғ нурларга чулғанганини, Зебонинг ўша нурлар ичида кўринмай кетганини кўрибди..
Ғафур ака тонгда яхши кайфият билан уйғонди. Қалбида анча йиллардан бери туймаган енгиллик билан нонушта қилди-ю,кўчага отланди. Йўл ёқасидаги бозордан гул сотиб олиб, қабристонга борди.
У аввал Зебонинг қабрини зиёрат қилишни, кейин бўлса институтга боришни ният қилган эди.
Моҳигул Назарова.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев