ЎҒЛИМГА
Кўзларимни ташлаб келдим оймомога,
Соғинганда унга қараб тургин болам,
Тилаб-тилаб олганимсан бу дунёда,
Икки олам саодатин кўргин болам.
Чарчамайман узун йўллар жафосидан,
Хаёлларим юрагимни силаб қўяр,
Ўргилайин сабр берган сафосидан,
Қувончларга борлиғимни белаб қўяр.
Орзуларим осмонининг қуёшисан,
Тунларимга зиё берган тўлин ойим,
Умидимни суяб турган бардошисан,
Паноҳидан айирмасин Хақ-Худойим.
Тўққиз йилки қаҳратонда кулар баҳор,
Бахт яйрайди юрагимнинг боғларида,
Қоматимни буколмади қанча озор,
Гуллар унди муҳаббатнинг доғларида.
Шу баҳорнинг завқин кўрай кўз юмгунча,
Ортимда қол,дуоларинг шод айласин,
Ким бўлсанг ҳам одам бўлгин жоним болам,
Дўсту-ғаним яхшилигинг ёд айласин.
Бугун яна безатилган дастурхонда,
Исминг ёзиб пиширилган торт кесилар,
Баҳор иси анқиб турган қаҳратонда,
Соғинч билан кулиб турган дил бузилар.
Ювса ювар юзларимни қувонч ёши,
Эзилмайман андуҳларда энди асло,
Бошинг узра порлаб турсин бахт қуёши,
Жоним болам иқболингни берсин Худо.
Умринг узун,бахтинг бутун бўлсин болам,
Дунёлардан излаб топган гавҳаримсан,
Мен кўрмаган омад сенга кулсин болам,
Тўрт фаслимни баҳор қилган Самаримсан!
НИЛУФАР ТОҲИР
🍂❤✍️🌹🍂
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев