19-қисм.
Парда ташқарига чиқди. Қуёш кўзини олди, шекилли, манглайига қўлини соябон қилди-да:
— Ҳа-а, сенмисан? — дея остонага ўтирди.
— Бетингни ювмайсанми аввал? — деди Элёр ижирғаниб.
Парда қўлини силтади-да:
— Ҳар куни юваверадими одам? Уч кун олдин сувга тушиб кетганман, шунда ювилган, етади, — дея чирт этказиб ерга тупурди.
— Сенга иш бор.
— Раисникими, ўзингникими? — деб сўради Парда кир шимининг чўнтагидан носқовоғини олиб, бир чимдим носни кафтининг ўртасига ташларкан.
— Менга қара, бор, ювиниб кел. Сенинг турқингга қараб, кўнглим айнияпти.
— Бўлмаса, қарама.
Парда нос отди. Кейин кафтини пуфлади-да, ўрнидан турди.
— Ҳозир келаман.
У битта-битта қадам ташлаб ҳожатга кетди. Уйнинг шундоққина бурчагидаги, ўтирса, одамнинг калласи кўринадиган ҳожатхонага. Элёрнинг кўнгли ағдарилди. Нарироққа кетди. «Шунчалик ҳам ифлос бўладими одам? Мол бундан тузукроқ. Ҳали менинг шунга ишим тушдими? Уф-ф!» дея пешонасини қашлади у.
Парда, ҳартугул, ювинди, шундаям наридан-бери. Сўнг Элёрнинг ёнига келиб:
— Нима дейсан? — деб сўради.
— Қорачадан бор, — дея Элёр унинг юзига тикилди.
Парданинг бирдан кўзи порлаб кетди.
— Қорача? Қани?..
— Битта иш бор, шуни қилсанг, оласан.
— Алдаяпсан.
Элёр чўнтагидагини олиб, унга кўрсатди:
— Мана!
— Нима иш қилишим керак? — ҳовлиқиб сўради Парда.
— Биттаси бор, шуни гум қиласан…
Парданинг пешонасидан тер чиқиб кетди. Унинг қони қайнаган, бутун вужудини ҳаяжон қамраб олган эди. Элёрнинг қўлидаги нарса — унинг жони. Агар шуни олса, қора чойга эритиб ичса, жаннатга тушгандай бўлади. Ҳамма ёқ кўзига гўзал кўринади. Кейин ҳамма нарсани унутади. Одам зоти борки, унинг учун сариқ чақага қиммат жонзотга айланади. Лекин бир кишини ўлдириш эвазига бор-йўғи шунчагина неъмат жуда оз.
— Кам! — деди у Элёрга **** қўйгудек тикилиб.
— Етади.
— Унда бориб, ўзинг ўлдир!
— Мен сенга ўлдир, деяётганим йўқ. Яхшилаб жағини эзғилайсан. Тамом-вассалом!
Парда ўшшайди. Кафтининг орқасини бурнига ишқалади.
— Кимни? — деб сўради сўнг айёрона боқиб.
— Маъруф деган бола. Яқинда институтни битириб келган. Агрономча бўп ишлаяпти, — жавоб берди Элёр жиддийлашиб.
— Кимнинг думини босиб қўйди у?
— У ёғи билан ишинг бўлмасин. Айтган ишни битиргин-да, ҳақингни ол. Келишдикми?
— Ҳозирми?
— Хоҳлаган пайтинг. Менга эрта эрталабгача ишни битириб берсанг, бўлгани. Лекин у ҳозир гаражда. Тракторларнинг атрофида ивирсиб юрибди. Худди бир нарсани биладиган одамдай…
— Билиб қўй, мени алдайдиган одам ҳали онасидан туғилгани йўқ. Кечқурун тош шийпондаги чойхонада дорини оламан. Агар келмасанг, сен билан бошқача гаплашаман!
Элёр Пардага бошдан-оёқ қараб чиқди. У новча бўлгани билан эти суягига ёпишиб кетган эди. Шундан бўлса керакки, кўзи чаноғига кириб олайиб қолган, юзи совуқ. Кўрган одам борки, нарироқдан ўтади.
— Бахтинг бор экан, — гапида давом этди Парда, — икки кун олдин наша чекувдим. Шундан бери бир мисқол ҳам тополмадим. Бошим ҳозир гувиллаб кетяпти. Ҳамма кўзимга балодай кўриняпти.
— Кўриниб турибди, лекин айтиб қўяй, мен сени танимайман. Ўлдириб қўйсанг, тўғри қамоққа кетасан. Сени биров…
— Ақл ўргатма! Мен бунақа ишларни кўп қилганман. Керак бўлса, иккитаси жаҳаннамга кетган. Аммо бировни сотмаганман. Мана, яна юрибман. Биров мушугимни пишт дегани йўқ.
— Бўпти, унда мен кетдим.
— Тўхта, бирга кетамиз! Гаражгача йўл олис. Боргунимча икки соат кетади. Гаражга етмасдан, тушиб қоламан.
Элёр индамай ортига бурилди-да, машинага чиқди. У Пардани уйига кириб, хотинига кетаётганини айтиб чиқса керак, деб ўйлаганди. Аммо банги уйига кирмади. Томорқасига ўтиб кетди-да, бироздан кейин қайтиб келиб, машинанинг кузовига чиқди.
— Ўтириб ол, менинг машинамда кетаётганингни биров кўрмасин, — деди унга Элёр кабинадан бошини чиқариб.
* * *
Маъруфнинг кайфияти йўқ эди. Ҳеч нимага қўл ургиси келмас, ўлганнинг кунидан тракторлар атрофида юрарди. Баҳром ака: «Культиваторларнинг тишларини ўзинг бирма-бир текшириб чиқ. Бир-иккита тракторчилар эринчоқ, тишини алмаштирмайди», деганди. Шунга тишини тишига босиб юрди.
Охири ҳамма нарса жонига тегиб, трактор паркининг ўртасида бош эгиб турган мажнунтол остидаги каравотга ўтирди. Бир муддат танаси ором олгандай бўлди. Бироқ кейин яна юраги сиқила бошлади. Ён-атрофига қаради. Одамларнинг бирови трактор билан овора, бошқаси ниманидир қидириб, ҳали у тракторчининг, ҳали бунисининг ёнига бориб юрибди. Шунчаки гап сотиб ўтирганлари ҳам бор. «Шундай ҳавода булар қандай ишларкан? Ўрганиб кетишган бўлса керак. Вақти келиб, мен ҳам улардай бўп қоламанов…» дея кўнглидан ўтказди Маъруф. Шунда унинг кўзи дарвозадан кириб келаётган қотма одамга тушди. Қотма кишининг қўлида нимадир бор эди. Тинимсиз у ёқдан-бу ёққа қараб келаётганидан маълумки, кимнидир қидиряпти. Кузатди, ёнига келишини кутди. Трактор паркига кирган одам худди хаёлини уқиб олгандай, тўғри Маъруф томонга келаверди. Яқинлашгани сайин унинг юриши, кийиниши, турқи-таровати Маъруфга ёқмай кетаверди. Оралиқ масофа уч-тўрт қадам қолганида, афти буришди. Келаётган нусхага нисбатан кўнглида қандайдир ғазаб пайдо бўлди. Ўз-ўзидан унинг ёқасидан олиб, башарасига ўхшатиб мушт туширгиси келди. Кейин ўйладики, ўзи шундай яратилган бўлса, бу шўрликда нима айб?
— Жўра! — деди келгувчи фавқулодда дағал овозда. — Маъруф деган бола керагиди. Қаердан топсам бўлади?
— Қайси Маъруф? — сўради Маъруф.
— Биттаси бор экан-ку, агрономмикан ўзиям… — дея энсасини қотирди келгувчи.
— Отингиз нимайди? — сўради асаби ўйнай бошлаган Маъруф.
— Парда отим.
— Ҳа-а, эшитгандим. Нимага керак бўп қолди Маъруф? Унинг нашавандлар билан алоқаси йўғиди, шекилли…
Парданинг кўзи олайди. «Чирт» этказиб ерга тупурди. Сўнг одати бўйича кафтининг орқаси билан бурнини артгач, деди:
— Нашавандларнинг у билан иши бор-да.
— Менман шу агроном, — деди Маъруф. — Нима ишинг бор?
Уни бошқа сиз дейишга тили айланмади. Қувиб солгиси келди бу турқи совуқни.
— Шундайми? — ўшшайди Парда ва ҳе йўқ-бе йўқ қўлидаги матоҳ билан Маъруфнинг оёғига чунонам туширдики, йигит бечоранинг кўзидан ўт чақнаб кетди.
У ҳатто бақиролмай, ўтирган жойида иккала қўлини Пардага чўзиб, титраб қолди.
— Бировнинг томорқасига иккита оёқда ўтган бўлсанг керак, — деди Парда худди ҳеч нарса бўлмагандай иржайиб, — шунинг учун иккинчисиниям синдираман.
Бу сафар Маъруф зарбага қарши қўлини қўйиб қолди. Оғриқ нақ пешонасигача чиқиб кетди. Бақириб юборди. Шундагина атрофдаги тракторчилар мажнунтол остига қарашди. Нима бўлаётганини кўришди. Ишларини ташлаб югуришди. Парда қараса, аҳвол чатоқ. Қўлидаги арматурани отиб юборди-да, қочишга тушди. Ҳамма Маъруф билан бўлиб қолгани учун уни биров қувмади.
— Нима бўлди? — деди биттаси.
— Уриб қочдими? — сўради иккинчиси.
— Танидим, Парда нашаванд эди! — деди учинчиси.
Қолганлар ҳам у деди, бу деди… Маъруф бўлса, кўзини юмганча, соғ қўли билан жароҳатланган ерини силади. Сўнг оёғини.
* * *
Рентген натижасини кўрган дўхтир фақат қўл суяги ёрилганини айтди. «Қўлингни гипслаб қўйсак, бир ойга қолмай, ҳеч нарса кўрмагандай бўп кетасан. Ўзингни ўтга-чўққа ураверма-да. Кучим бор, ёшман деб, тракторчиниям, кетмончиниям ишини бир ўзим қиламан десанг, ўттизга кирмай узикиб қоласан, ука», деди. Маъруф ҳақиқий воқеани унга айтмаган, «Трактордан йиқилдим», деганди. Шунинг учун дўхтир бечора унга куйинаётганди-да.
Лекин Толмас Бадриддинович эртакка ишонмади. Қолаверса, гараждагилар аллақачон нима бўлганини унга етказишганди.
— Бунингни айтиб, дўхтирхонага боргансан. Менга эса ростини айт: нима қилиб нашавандга чалкашиб юрибсан? — сўради у.
— Чалкашган жойим йўқ. Сўраб келган экан. Ҳеч нимага тушунмадим… — жавоб берди ёлғони ўтмагач, ноилож.
— У билан олди-бердинг бўлмаса, гап бошқа ёқда. Буйруқ бўлган. Ҳозирнинг ўзидаёқ Парданинг оёқ-қўлига кишан тақиб, темир панжара ортига жўнатишим мумкин, лекин унда манави ёқдаги чеккада қоп кетади. Ҳозирча сен ўзинг тўқиган эртакни айтиб юравер: қараймиз, кўрамиз, топамиз, кейин шунга яраша иш қиламиз.
Аммо Маъруф бошқача хаёлда. Унинг қасосни ортга суриш нияти йўқ. Ахир йўқ жойдан калтак **** қолаверадими? Қаёқдаги гиёҳванд оёқ-қўлини майиб қилиб кетаверадими? Индамаса, ҳамма нарсадан хабардор тенгқурлари нима дейди?
«Ўл-а, сўтак, қуёнюрак!» демайдими?
У раиснинг хонасидан ташқарига чиқди. Кўзи қоровулга тушди. У ҳовлида худди Маъруфнинг устидан кулгандай, тиржайиб турарди. «Ҳа-а, бундан бу ёғига кўринган ҳар бир ит устимдан кулади» хаёлидан ўтказди йигит ва тез-тез юриб, кўчага чиқди. Уйига кетди. Илгари кимгаки дуч келса, кимники кўрса, салом берарди. Бу сафар кўзини ердан узмай кетаверди. Магазиннинг ёнига етганида эса кимдир уни чақирди. Бошини кўтариб қараса, Парда турибди. Унинг ёнида яна иккитаси бор. Ҳар учовининг ҳам қўлида шиша, магазин эшигидан икки-уч қадам чапда. Афтидан, винохўрлик қилишяпти. «Портвейн». Ҳозир шу урфда. Қўлларида печенье.
— Агроном бова, келинг! Камбағалларнинг сафига қўшилинг! — деди Парда кесатиб.
— Бир қўлим билан ҳам сени мажақлаб ташлайман! — деди Маъруф илондек вишиллаб ва бир муддат душманига ўқрайиб қараб тургач шундай важоҳат билан юрдики, Парда қўрққанидан улфатларининг орқасига ўтди.
— Бу падарингга лаънати бир балони бошлайди! Сизлар билан кечга маишатимиз бор, қутқаринглар! — деди.
Айни пайтда уриш учун шишанинг бўғзидан маҳкам ушлаб олди.
Улфатлар жиддийлашиб, қўшни қишлоқлик жўжахўрознинг танобини тортиб қўйишга шайланишди. Маъруф ўзини унутар даражада жаҳл отига минган эди. У икки улфатнинг «Тўхта!» дейишларига қарамай, гавдаси билан уларнинг орасини ёриб ўтди. Худди шу маҳал Парда ҳамла қилган эди. Бироқ Маъруфнинг гипсланган қўлига теккан шиша арматурадай таъсир этмади. Маъруф Парданинг ёқасидан олди. У қушдай енгил эди.
— Нима қилдим?! — деди банги хириллаб.
Маъруф унинг гапини эшитмади.
Ёнига зарб билан бир тортган эди, бечора нашаванд эмаклаб кетди. Энди уни обдан тепкилаш зарур эди. Бироқ тепкилаш Маъруфга насиб этмади. Парданинг улфатлари бараварига унга ёпишишди. Қўли соғ бўлганида, оёғи зир-қираб турмаганида, эҳтимол, Маъруф улар билан бемалол олишиши, ҳаттоки ютиб чиқиши ҳам мумкин эди. Аммо ожизлиги сабаб кўпда қаршилик кўрсатолмади ва кўз очиб юмгунча иккисининг оёқлари остига йиқилди. Ана шундан кейин Парда қутуриб кетди. У Маъруфнинг дуч келган жойига тепар, ҳар тепганида:
— Мана сенга, мана! — деб бақирар эди.
Унга қолса, Маъруфни ўлдирарди. Шу боисдан тепкилаш асносида бошни ёра оладиган бирон нима қидираётганди. Аммо магазиндаги одамлар югуриб чиқишди. Бири Пардани ушлади, қолганлари унинг улфатларини.
— Итлар, нима қиляпсизлар?! Жанжалга бошқа жой қуриб қолганмиди?! — деб ўкирди магазин эгаси. — Бу ким?!
У бурнидан қон оқиб, ерда йиқилиб ётган Маъруфга қаради. Дарров таниди. Кунда магазин ёнидан икки марта ўтадиган агроном бола. У яқиндагина шу яқин атрофдаги қишлоқларнинг қаҳрамони бўлганди. Отасини қабрдан чиқарган, ҳеч нимадан қўрқмайдиган жасур йигит.
— Агроном бўлдим деб, бунинг тумшуғи кўтарилиб қопти! — дея бўкирди Парда. — Биз индамай, вино ичаётгандик. Ўзидан ўзи келиб, ёпишиб кетди. Ўлдирамиз!
Магазиндан чиққанлар трактор паркидаги ҳангомадан бехабар эдилар. Бараварига энди-энди оғзидаги қонни ерга тупуриб ўрнидан тураётган Маъруфга ўқрайиб қарашди.
— Сен бир қўлинг билан шу учовига бас келаман деб ўйладингми? Буларниям ўзига яраша кучи бор. Ҳамма нарсаям гўрдан отасини чиқариб олишдай осонмас!
Маъруф арслондай ўкириб, наъра тортди-да, кейин гипсли қўли билан улфатлардан бирининг бошига чунонам туширдики, бечоранинг кўзи олайиб, гуп этиб қулади. Кейин гердайиб турган Парданинг томоғидан бўғди ва оёқлари орасига тиззалади.
— У-у-у! — дея ўкириб юборди нашаванд.
Учинчисини уришга Маъруф улгурмади. Шу ердагиларнинг ҳаммаси бараварига унинг устига ташланишди. Маъруф ўзини унутганди. У ҳеч нарсани кўрмас, ҳеч нарсани ҳис қилмасди. Бўлмаса, магазинчи киши билмас, биқинига бир-икки муштлади.
— Боғлаш керак! — бақирди биттаси.
— Арқон опкел! — ўкирди иккинчиси.
Бирпасда Маъруфнинг қўл-оёғи боғланди. Бу паллага келиб, томошабинлар сони янада ортиб кетганди. Шу яқин атрофдаги одамлар, ўткинчи йўловчилар — бари бирдан югуриб келган, деярли ҳаммаси томоша қилиш, Маъруфнинг устидан мағзава ағдариш билан овора эди. Биров уни милицияга топшириш керак деса, бошқаси жиннихонани тилга олар, яна биттаси дарров уйидагиларга хабар бериш кераклигини айтарди.
Оғзи-бурни қонга беланган йигитга ичи ачиганлар эса шунчаки бақираётганларнинг гапларини эшитар ва бундан кейин нима бўлишини кутарди. Ана шу пайтда Толмас Бадриддиновичнинг машинаси йўл четига келиб тўхтади.
— Нима гап?! — бақирди раис машина эшигини очиб.
— Биттасининг ўпкаси каттариб кетган экан. Дуч келганга кучукдай ёпишяпти! — бақирди оломон орасидан биров.
— Ким экан? — деб Толмас Бадриддинович машинадан тушди.
Тўпланганлар дарров йўл очишди. Маъруф тишини тишига босиб, ҳансираганча нафас оларди. Раиснинг жон-пони чиқиб кетди:
— Ким?! — дея бақирди қўлини мушт қилиб.
— Ҳалиги, раис бова, бизлар магазиндайдик-да, магазинчи билан гаплашаётувдик-да, бирдан бу қутурган ит келиб манавиларга…
У кўзи билан Парда, унинг улфатларини қидирди. Бироқ уларнинг бирортаси йиғилганлар орасида йўқ эди.
— Эй-й, кетиб қопти!
Толмас Бадриддинович сўзлаётган одамга **** қўйгудек тикилиб турарди. Бечоранинг дами ичига тушиб кетди.
— Ажратамиз девдик-да…
У бошқа гапиролмади. Кўзини раиснинг ўткир нигоҳидан олиб қочди.
— Кейин-чи?.. — деди Толмас Бадриддинович унга яқин келиб.
Гувоҳ қулт этиб ютинди.
— Кейин… — деди бошини эгганча иштонини ҳўл қилиб қўйган боладай паст овозда, — манави, ҳалиги…
— Итлар, ҳайвонлар! Мен ҳаммангнинг жасадингни қамоқда чиритаман! Ким буни боғлади?!
Тўпланганларнинг орқароқдагилари секин ортига бурилиб, кета бошлади. Олдинги қатордагилар бошини эгди.
— Эшмирза!
Магазинчи ўзининг исмини эшитиб, чўчиб тушди-да:
— Лаббай, раис бова! — деди қалтираб.
— Хомсемиз, сенинг ишингми бу?!
— Йўқ, раис бова, мен билмайман, раис бова! Мен омбордайдим, раис бова!
— Ит, нимага қараб турибсан! Арқонни еч!
Эшмирза магазинчи шоша-пиша энгашиб, арқонга ёпишди. Дарров унга ёрдамчилар ҳам топилди.
— Ҳаммангни кўрдим! Ҳамманг эртага менинг кабинетимда мелисага ҳисоб берасанлар! Билиб қўй, қайсингнинг қўлинг теккан бўлса, терингни шилиб, турмага тиқаман! Туғилганингга пушаймон едираман! Йўқол ҳамманг, кўзимга кўринма! Ҳозир биронтангни майиб қип қўяман!..
Тўпланганлар айбдор бўлиб қолмаслик учун дарров жуфтакни ростлашди.
Маъруф ўрнидан тураётиб, инграб юборди. Кейин бирдан боши айланиб кетди. Яхшики, раис унинг дарров қўлтиғидан олди, йўқса, юзи билан йиқилиб тушиши аниқ эди.
Давоми бор...
НУРИДДИН ИСМОИЛОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев