(ҳикоя)
Муаллиф: Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
- Уфф, бу қиз одамни шунчалик чарчатиб, қон қилиб юборса-я?! На еганингда ҳаловат бор, на ичганингда ? Кун бўйи тиним билмай ишлаб келиб уйга келганингда бир ошам ошни ҳотиржам юта олмасанг бу нима аҳвол ?! На бундоқ ёнбошлаб телевизор кўриб чарчоқ ёза олмайсанг? Э бунақа ҳаётни ? - Моҳирнинг борган сари ҳуноби ошиб борарди, у энди аёлига ёпиша кетди ,-сенам она бўлиб бундоқ бола овутишни билмайсан ! Сенинг учун ҳам бу ишни мен қилишим керакми?!
Моҳирнинг дашномига Шаҳло парво қилмади. Парво қиладиган ҳоли қолмаган эди унинг. Шундоқ ҳам уч бола билан кун бўйи тинкаси қуриб бўлганди Шаҳлонинг. У жаҳл билан ташқарига чиқиб кетган эрининг изидан мунғайиб тикилиб қолди.
Ўзи шу тўнғичи Шаҳзодаси укаларига караганда анча инжиқлиги рост. Феъли тутиб қолса на яхши гапга кўнади , на ёмонга . Тинмай "ариллаб" (Моҳирнинг таърифи бу) миянгни қатиғини чиқариб юбормаса ҳисобмас.
Неча марта шифокорларга кўрсатишди . Барча шифокорлар бир гап айтади :
- Бола туғилаётган вақт қаттиқ қийналган экан. Барча инжиқлиги шундан. Қаттиқ уришманглар. Вақти ўтиши билан ўзига келиб қолади.
Шаҳло ҳар сафар боласи хархаша қилиб ҳолдан тойдирганда қайнонаси Салима опадан хафа бўлади . Ўшанда шифокорлар : "Ҳомила катта , камига ўқига ўралиб қолган , болани ҳаётини хавф остига қўймай кесарча кесиш усули билан дунёга келтириб олайлик" деб бир неча бор такрорлашларига қарамай Салима опа "Ўламан саттор , келиним ўзи туғади. Уни қорнини ёриб ярим жон қилиб бермоқчимисизлар ? Ундан кейинги болаларини қандай туғади ?" дея туғруқхонани бошига кўтарганди . Хуллас , шифокорлар бир тараф бўлди , Шаҳлонинг қайнонаси ва келинлик уйидагилар бир тараф.Оқибатда шифокорлар қайнонага бас кела олмадилар.
Салима опа айтгандек Шаҳлонинг кўзи "биб- бинойи ёриди". Бояқиш келин бир ярим кун оғир дард чекканини ҳисобга олмаса албатта.
Она- она-да ! Кулча юзлари тўлин ойдек ширин қизчасини илк бор бағрига босган Шаҳло туғруқ вақтидаги барча оғриқларини унутган бўлди . Жарроҳлик амалиётисиз кўзи ёригани учун амалиётга розилик бермаган қайнонасидан ҳам миннатдор бўлишни унутмади у.
Аммо барчаси туғруқхрнадан уйга қайтганларида бошланди. Бу даврда асосий иши қорни тўйиш ва ухлашдан иборат бўлиши керак бўлган чақалоқ деярли ухламасди . Қўлда кўзи илиниши билан жойига ётқизсалар яна йиғига зўр берарди. Салима опанинг қилмаган амали қолмади. "Қизалоқни чилла босган" деди у дастлаб ва ўзича аллақандай ирим- сиримларни қилган бўлди. Бу ишларни фойдаси бўлмагач келинига ёпишди : "Ҳаммасига сиз айбдорсиз. Уйга қамалиб олиб болани қучоқлаб ётаверганингиздан у ҳидингизни олиб олган. Энди таъзирингизни енг !"
Шу тариқа ойлар ўтди. Бола она сутига тўймаяпти шекилли деб сунъий овқатлантириб ҳам кўрдилар . Натижа эса ҳамон ўша ўша эди.
Шаҳзода уч ойлик бўлганда асосий ташхис қўйилди. Туғруқ пайтида қизалоқнинг бошида сувли киста орттирилган экан. "Энди бу ёғига парвариш ва чидам ,- деди болани бошини аппаратда кўрган шифокор,- вақт ўтиб дорилар таъсирида киста сўрилиб кетади. Унга қадар унинг табиатида ана шундай инжиқликлар кузатилиши табиий ҳол"
Шундай буён уч йил вақт ўтибди. Шаҳзода ҳам анча ўзига келиб қолди. Олдинги хархашалари анча камайган ўзи ҳам унча- мунча яхши гапга кўнадиган бўлиб қолганди. Бошидаги шиш эса деярли сўрилиб кетганди . Аммо онаси уч ой аввал эгизак укаларини дунёга келтириши билан унинг яна инжиқлиги тутган бўлди. "Бу қиз онасига ичикди,- ўзича ташхис қўйди Салима опа ,- онаси укаларига қараган сари ғайирлиги келяпти . Ҳеч қиси йўқ ҳадемай ўтиб кетади" .
Салима опа Шаҳзода туфайли анча тавбасига таянганди , шу сабаб бу сафар Ҳасан- Ҳусанларни кесарча кесиш орқали дунёга келишларига қарши бўлмади. Амалиётдан кейин келини ўзига келиб олгунча Шаҳзодага қараб анча ҳолдан тойганди уям. Уч ой деганда бугун илк бор синглисиникига бориб кўнгил ёзиб келишни ният қилгани ҳам шундан эди.
Қайнонаси меҳмонга , бошқа оила аъзолари иш-ўқишига кетгани боис Шаҳло кун бўйи қийналиб қолди. Кечга битта овқатни бир амаллаб қозонга солди-ю , яна болаларига ўралашди. Ишдан қайтган Моҳир эса узоқ кутилган футбол ўйинини кўришга ҳалақит берган қизидан аччиғи чиққанди.
Шаҳло эгизакларини бешикка белаб тебратиб ўтирар экан ташқаридан эмаклаб кирган жундор маҳлуққа қараб "эси оғди"
"Маҳлуқ" ҳиқиллай- ҳиқиллай овуниб қолган Шаҳзода томонга йўл солганди.
- Ғғғғиииир ... Ман ҳозир ҳадеб йиғлайверадиган Шаҳзодани еееб қўяяямааан .
Хаёл билан бўлиб ўтирган Шаҳло қайнотасини нимчасини тескари кийиб юзига бўри ниқобини тақиб олган эрини овозидан таниди. Бу вақтда лего ўйинчоқларини ўйнаб ўтирган Шаҳзода "Аааа" деб чинқирди- ю , ёнбошига гуп этиб ағдарилди. Унинг кўз қорачиқлари тобора йўқолиб бораётганди.
Моҳир ниятига етганди. Икки соатларда ўзига келган бийрон тилли Шаҳзода қайтиб ҳеч қачон хархаша қилмади. У энди уззу-кун бир нуқтага термулиб ўтирар , тиш ёриб бирор сўз демасди. Кўп ўтмай унинг тилдан қолгани маълум бўлди .
Орадан бир хафта ўтиб эса қизалоқнинг аъзони бадани кичикроқ танга ҳажмидаги оқ доғлар билан тўлиб тошиб кетди.
Сўнгсўз :
Қадрли ота- оналар ... Фарзанд сиз учун умрингиз давомида хуш бўйлари билан ҳаётингизга кўрк берувчи жаннат райҳонларидир.
Ҳеч қайси кўнгил очар футбол ўйинлари-ю , телефон гурунгларни фарзандингизнинг бир дона кулгисига арзимайди.
Статистик маълумотларга кўра сўнгги вақтларда болалар асаб тизимининг зўриқиши, стрессга учраши , қаттиқ қўрқувга тушиши натижасида талай касалликлар авж олаётгани сир эмас. Бу касалликлар орасида ёш болаларда қанд ва хатто саратоннинг касалининг учраши инсоният учун том маънодаги чинакам фожеадир.
Жаннат райҳонларини топтаманг ...
Уларнинг хуш ифор таратганига нима етсин...
Муаллиф: Хазонрезги
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев