15-қисм.
Қуёш энди уфққа ёнбошлай бошлаган, колхозчилар, гаражда ишлайдиганлар шошганча уйларига қайтишарди. «Тавба қилдим, худди қарғаларга ўхшашади. Улар ҳам тонг бўзармай туриб, қорин ғамида қаерларга учиб кетишади. Кеч тушгач эса, гала-гала бўлиб вақтинчалик турар жойлари — чинор шохларига қайтиб келишади. Кейин ҳамма ёқни қағ-қағ босиб кетади. Шу қайси қарға нима қилгани ҳақида гаплашишса керак-да… Ана, колхозчилар ҳам бири қўйиб, бири сайраб келяпти. «Бугун кечагидан бир сотих кўпроқ чопиқ қилдим, эллик тийин кўпроқ ойлик оламан…» Эҳ, бечорагина, соддагина. Кошкийди, идорада уйқусираб ўтириб, сенинг бир йилда зўрға топадиганингни бир кунда чўнтагига солувчилар борлигини билсанг. Билганингда ҳам нима қилардинг? «Ҳа, энди, у катта-да» дейсан-қўясан. Лекин унинг ўша ҳаром пули, аслида, сенинг пешона теринг…»
Хаёлга берилиб турган раиснинг ёнидан ўтувчилар бирма-бир унга салом беришди. Толмас Бадриддинович бировиникини эшитди, бош қимирлатиб алик олди. Бошқасига эса шунчаки қараб қўйди.
Кейин ўзини ўзи койиди. «Нимангга ғўдаясан? Булар ҳозир бориб, эрларига овқат пиширади. Бола-чақаси билан дастурхон бошида ўтиради. Гурунглашади. Сен-чи?.. Сеники-чи?.. Ҳозир уйингга қайтиб кирасан. Зоғ йўқ. Оч қорнингни силай-силай, бир амаллаб ухлайсан. Ухлаб бўпсан. Ярим кечагача у ёқдан-бу ёққа ағдариласан. Садқайи раис кет».
У жаҳл устида шахдам қадам ташлаб идора томон кетди. Борса, қоровул ҳовлидаги чинор остидаги столнинг устига бир чойнак чойни қўйганча тебраниб, алланималарни хиргойи қилиб ўтирибди. У раисни кўриши билан ўрнидан сапчиб турди-да, колхоз эгасининг истиқболига юрди. Яқинлашар-яқинлашмас салом берди.
— Нима қилиб ўтирибсан? — сўради раис.
— Ўтирувдим. Ҳа-а, ҳамма ёққа қараб чиқдим. Тинч. Эшикларнинг бари қулфланган. Ҳозир ўғил овқат опкелиши керагиди, — деди қоровул шошиб.
Толмас Бадриддиновичнинг ичида бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. Ҳатто шуниям уйидагилари безовта. Ҳатто шуниям хотини эрининг оч қолишини истамайди.
— Ким бор идорада? — сўради раис хаста овозда.
— Кадрлар бўлимининг бошлиғи Лайло… Бир-иккита ҳужжат ишлари бор экан.
Толмас Бадриддиновичнинг кўз ўнгида сочи калта, доим бўяниб юрадиган, ўттизни қоралаб қолган жувон намоён бўлди.
— Секретарь…
— Бўлди, — деб қоровулнинг оғзига уриб, Толмас Бадриддинович боягидай қадам ташлаб идорага кирди.
Тўғри бориб кадрлар бўлимининг эшигини очди. Кўйлагининг этаги тиззасидан бир қарич кўтарилган Лайло оёқларини чалиштириб ўтирганча алланималарни ёзиш билан овора экан. У бошини кўтарди-ю, раисни кўрди. Аммо бирдан ўрнидан турмади. Оппоқ оёқларини яширмади. Жилмайди.
— Нима қип ўтирибсиз, Лайлохон? — сўради Толмас Бадриддинович ҳам ўшшайиб.
— Толмас ака (бошқа пайтлар у раис бова ёки Толмас Бадриддинович дерди), — дея стол устидаги қоғозларни тахлай бошлади Лайлохон, — бир-иккита ишларим бориди. Эртага районга чақиришибди, шуларни битириб қўяйин, бемалол бориб келаман, девдим.
— Ҳимм, яхши. Қани энди, бошқалар ҳам сизга ўхшаб жонкуяр бўлса.
— Ўзингиз кеч бўлганда кепсиз?..
— Бугун мажлис бор эди.
Лайло қиқирлаб кулиб юборди-да:
— Айтмовдингиз-ку, — деди ноз билан.
— Эй-й, айтмабмидим? Калла қурсин.
— Чарчабсиз, Толмас ака. Дам олишингиз керак. Кечани кеча, кундузни кундуз демайсиз. Ишлайсиз. Дам олишингиз керак, — дея ишва билан кўзини сузди Лайло.
* * *
Том тарақлади. Шундай қаттиқ тарақладики, Ҳайбатулло турган жойида чўчиб тушди. Юраги орқага тортиб кетди.
— Мараз! Ўлдираман! Ўлдираман! — дея ўкирди ва қўлидаги ипни ирғитиб, ташқарига югурди.
Аввал ертўлага кирди. Ов милтиғини олди. Шу кунгача бу милтиқдан ҳали бирор марта бўлсин, одамзодга ўқ отмаганди. Паррандаю даррандани отган, беш-олти ёввойи ўрдак умрини бевақт хазон қилган. Яна… Яна битта тўнғиз унинг дастидан ўлган. Фақат қуролдан бошқа одам отган. Чунки Ҳайбатулло қурол ишлатишга нўноқроқ эди. Ҳар сафар милтиқни қўлига ушлаганида, вужудида қандайдир титроқ пайдо бўлар, кўзига нуқул Наргиза кўринарди.
Ўша овга чиққан кезлари ҳам у деярли милтиғини ғилофдан чиқармай, «Мен ошпаз бўламан, мана шунақанги чангалзору бутазорларда олов ёқиб, бирон нима пиширишни хуш кўраман», дерди. Албатта, шерикларига ҳар доим шунақа одам керак. Улар беозор ҳазиллашишарди-да, ўрдак қидириб кетишарди. Ора-чора ўзлари билан Ҳайбатуллонинг милтиғини ҳам олишарди.
У қуролини ўқлади. Сўнг сўкинганча ташқарига чиқди. Тўрт тарафга аланглади. Рақибини қидирди, лекин у ҳеч қаерда кўринмас эди. Шу пайт яна шифер тарақлади. Бу сафар тош уйнинг орқа томонидан отилганди. Ҳайбатулло шу томонга югурди. Томорқага маккажўхори экилган, унинг орасидаги одам қимирламаса, биров топмайди. Аммо ҳозир экинлар орасида ўтирган одам шитирлатмаслик кераклигини хаёлига ҳам келтирмасди.
— Ана, топдим! — деб бўкирди Ҳайбатулло ёш боладай қувониб.
Сўнг поя шитирлаётган томонга милтиқни ўнглаб, тепкини босди. Гумбурлаган овоздан ҳамма ёқ зириллагандай бўлди. Эндигина уйқуга чўмган ва аллақачондан бери ухлаётганлар ўрнидан сапчиб туришди. Бир-иккиси ташқарига югурди. Қулоғини динг қилиб, ўқ овози такрорланишини кутди. Лекин милтиқ қайта отилмади. Гумбурлаган товуш билан деярли бир вақтда кимнингдир инграгани ва бу ингроқ ҳам бошқа такрорланмагани боис ҳамма ўз қулоғидан шубҳаланди. «Эҳтимол, менга шундай туюлди. Балки, бирон нарса тушиб кетгандир» деган хаёлга борди қўни-қўшнилар.
Ҳайбатулло маккажўхори орасига кирди. Инграётган жонзотни топди.
— Кимсан?! — дея сўради ҳам ҳаяжон, ҳам қўрқув билан.
— Вой, жони-и-м!..
— Наргиза?!
— Вой, оёғи-им!
— Энангни эшшак тепгур! Сен бу ерда нима қилиб ўтирибсан?!
Наргиза томга тош отаётган Маъруф эканлигини тахмин қилди. Яна аяси: «Қоч, Наргиз! Қайтиб келгунча қочиб кет! Ўлдиришдан тоймайди у!» деди. Наргиза ташқарига югуриб чиқди. Ертўланинг чироғи ёниқлигини кўриб, томорқага ўтди. Тахминича, Маъруф шиферни тарақлатиб, отасини чалғитяпти. Қиз «Бу ёқдан мен тош отаман» деган хаёлга борди. Шундай қилди ҳам. Мана, оқибати.
Ҳайбатулло милтиқни ерга ташлаб, қизининг қўлтиғидан олиб кўтармоқчи бўлганида, Наргиза додлаб юборди. Шундагина Ҳайбатуллонинг юраги орқага тортиб кетди.
— Қаерингга тегди?! — сўради ҳовлиқиб.
— Оёғим! Оёғимга!.. — деди қизи йиғлаш асносида.
— Уф-ф, хайрият!
У қизини опичлаб, экинзордан олиб чиқди. Сўнг ҳовлига олиб борди.
— Каромат! Энангни эмгур, Каромат! — дея бақирди.
Каромат опа ўтирган жойида ҳайкалдек қотган эди. Унинг қулоғига эрининг гапи кирмаётганди. Шу боис эгик бошини кўтариб ҳам қўймади.
Ҳайбатулло уйга отилиб кирди. Хотинининг индамай ўтирганини кўриб, баттар тутақди. Ўхшатиб елкасига тепиб юборишдан ўзини тиёлмади. Сўнг ёстиқдошининг қай аҳволда қолганига эътибор ҳам бермасдан ташқарига югуриб чиқди-да, машинасини ўт олдирди. Кейин Наргизани орқа ўриндиққа ўтқизиб, газни босди.
Дўхтирга: «Йиқилибди. Оёғини нимадир шилиб юборибди. Менимча, занглаган мих бўлса керак. Микроб тушмасин деб, опкелдим», деди.
Дўхтир уни индамай эшитди. Сўнг операция хонасига кирди. Қизнинг ранги докадай оқариб кетганди. Йиғлайверганидан кўзи қизарганди. У врач хонага кириши билан орқага тисарилди.
— Оёғимни кесиб ташламайсизми? — деди лаби титраб.
— Йўқ, қизим. Ҳеч нарса бўлмайди. Отдай бўп кетасан, — дея дўхтир унинг кўнглини кўтарган бўлди.
— Қўрқяпман. Алдаётганга ўхшайсиз!
— Сал тирналибди. Дори суриб, боғлаб қўямиз, — деди ҳалитдан бери Наргизани овутиш билан овора бўлган ҳамшира.
Наргиза ишонгандай бўлди-да, кўзини чирт юмиб олди.
Дўхтир аввал «Наркоз» деди. Сўнг «Пичоқ, қайчи» деди ўрис тилида. Наргиза рус тилини унча-мунча биларди. Шу боис қўрқиб кетди. «Булар мени алдашяпти. Ана, уколдан кейин оёғим ҳеч нимани сезмай қолди. Демак, кесишга тайёргарлик кўришяпти. Бундан бу ёғига қўлтиқтаёқда юраманми? Унда Маъруф акага ҳеч қачон етишолмасканман-да, у билан турмуш қуролмасканман-да… Эй, Худо, сенга нима ёмонлик қилгандимки, менга бунчалар азоб бераяпсан? Бўлди, ўзимни ўлдираман. Менга Маъруф акамсиз ҳаёт йўқ. Оёғимни кесишлари билан ўзимни ўзим сўяман. Ёки деразадан пастга ташлайман. Бошим билан ташлайман, токи майда-майда бўп кетай, оғриқ нималигини билмасдан ўлиб кетайин.
Кейин руҳим учиб, мени кимки қийнаган бўлса, ўшанга азоб берсин. Тушларига махлуқ бўлиб кирайин… Маъруф акамниям қийнайман. Чунки у менинг севгимни писанд қилмади. Агар мени бугун оқшом қўйиб юбормаганида, ҳозир оёғимни кесишмасди…»
Унинг аъзойи бадани зирқираб кетди. Дўхтир ҳамширага тиббий тилда сўзлагани учун Наргиза ҳеч нарсани тушунмади. Бу унинг қўрқувини икки ҳисса ошириб юборди.
— Йўқ! Кесманглар! Илтимос! Ундан кўра, ўлдирадиган укол қилинглар! — дея бақирди.
— Жим, қизим! Биз соппа-соғ оёқни кесадиган аҳмоқмасмиз! Мана кўрасан, эртагаёқ югуриб кетасан, — деди дўхтир.
Наргиза лабини тишлади.
Дўхтир ишини тамомлаб, хонадан чиқди. Ҳайбатулло дарров унинг ёнига келди.
— Ҳайбатулло ака, — деди врач у энди гапириш учун оғиз жуфтлаганида, — биз бир-биримизни кўпдан бери таниймиз. Шунинг учун яширсангиз ҳам, айтайин, оёққа бир нима кириб кетмаган. Ҳар қалай, йигирма беш йиллик жарроҳман. Биламан. Бунинг устига, ҳадемай тонг отади. Шу пайтда қизингиз қанақанги нобоп жойга чиқдики, оёғига бирон нима кириб кетса…
— Ҳа, энди, зарурат юзасидан…
— Қўйинг, ёлғон гапирманг. Оёғига ҳеч нима кириб кетмаган. Бошқа нарса бўлган. Лекин хавотир олманг, обрўйингизни тушириш ниятим йўқ.
— Раҳмат, дўхтир, — деб Ҳайбатулло унинг оппоққина халатининг кенг чўнтагига бешта қип-қизил ўн сўмликни солиб қўйди.
— Комиссия келиши керак эди. Шунга ҳозир қизингизни опкетасиз. Тушдан кейин қайтариб опкелсангиз, мен ҳамшираларга айтиб қўяман, дори суриб, қайта боғлашади. Хавотирли ҳеч нима йўқ.
Ҳайбатуллонинг кўнгли хотиржам тортиб, чуқур нафас олди.
* * *
Толмас Бадриддинович унинг нимага шама қилаётганини дарров илғади. Озгина истаса, озгина ташаббус кўрсатса, яна озгина мулойим гапирса, нималар содир бўлмайди? Мана шу идоранинг ўзида. Бошқа жойга боришнинг ҳожати йўқ. Бир зумда девор, пол, эшик, ром, парда, стол-стуллар, борингки, шу ернинг ҳавоси жирканч тусга киради. Кейин Толмас Бадриддинович ҳар сафар идорага келаётганида, ҳозир содир бўлиши муқаррар бўлган воқеани эслайди. Бундан ҳам баттари, қоровул айланиб ўтиб, орқа деразанинг тирқишидан пойлайди. Балониям кўрмайди-ю, ҳансирашларни эшитади. Кейин бир қоп олтин топган одамдай дуч келганга «Фалон бўлди, пистон бўлди, ўз кўзим билан кўрдим. Бу раисда ҳалиям отнинг, йўғ-э, тойнинг кучи бор экан. Бирам ирғишлади, бирам ирғишлади, томоша қилавериб, чарчаб кетдим», деб гапириб юради. Завқ-шавқ билан гапиради. Ҳаттоки уйидаги хотинигаям айтиб беради. Ана ундан кейин Толмас Бадриддинович тўғри қабристонга бориб, ўзига ўзи гўр қазисаям бўлаверади. Ўзи қазимаса, Насима қазийди. Оппоқ кафанга ўрамайди. Гўнг чаплайди ҳамма ёғига.
Раис хаёлларини қувиб солди. Ҳовлида боласи овқат олиб келишини кутаётган қоровулгаям тупурди. «Ҳеч нима қилмай, икки оғиз гаплашайин, ҳарна кўнгил роҳатланади» деган ўйда ўзини гўлликка солиб:
— Дам олишга қачон чиққаним эсимда йўқ. Менимча, икки йил олдин Сочига борувдим. Ҳа-а, шундай, — деди ва уф тортди.
— Толмас ака, дам оламан десангиз, шу ердаям Сочи топилади. Фақат хоҳласангиз бас, — дея Лайло кўзини айёрона қисди.
— Йўқ, бўлмайди. Ҳаво топсанг, улфат топмайсан, улфат топсанг, денгиз топмайсан…
— Дайравотдаги кўлчани денгиз деб ҳисобланг, ҳавосиям яхши. Улфат масаласига келсак, сиз бораман денг, ҳар қандай одам жон-жон дейди.
— Ҳар қандай одам билан ўтиришни кўнгил тусамайди. Бир одам бўлсинки, жону жаҳонингни бер, — деб Толмас Бадриддинович Лайлога термилди.
— Унда бугунингизни ўғирлайман. Йўқ, десангиз ҳам! — дея Лайло ўрнидан турди ва секин юриб, Толмас Бадриддиновичнинг орқасига ўтди-да, елкасига қўлини қўйди.
Худди шу пайт Толмас Бадриддиновичнинг қорни ғулдиради. У аёлнинг қўлларига бир-бир қаради. «Шаҳарнинг таннозларига ўхшайди-я, оппоқ, бармоқлари узун. Яна тирноқларини ўстириб олибди. Шуям уйида иш қилармикан? Йўқ, қилмайди. Қилганида, ҳеч бўлмаганда, қўли озгина қораярди. Бунинг кўнгли маишат тусайди… Менинг эса қорним оч» дея хаёлидан ўтказди ва чўнтагига қўлини тиқиб, сигарета қутисини чиқарди-да, стол устига ташлади.
Лайло унинг бошини силай бошлади. Бу Толмас Бадриддиновичга ёқди. Бир муддат кўзини юмди.
Унинг тинчланаётганидан фойдаланган жувон кейинги босқичга ўтди. Раис бирдан чўчиб тушди. Назарида, хонага Сумбул кирган, киноя билан жилмайганча уларга термилиб тургандай эди.
— Эсим қурсин, бугун райкомга чақиришганди-ку, — дея Толмас Бадриддинович бирдан ўрнидан турди-да, Лайлога қараб: — Сен эртароқ уйингга бор. Эринг кутиб тургандир. Қорни очдир. Бечора менга ўхшаб овқат қилишга нўноқроқ бўлса керак, — деди.
Лайлонинг афти бужмайди.
Раис чиқиб кетди. Қоровул боя ўтирган жойида йўқ эди. «Орқада, деразанинг ёнида турган бўлса керак. Бечора томошадан қуруқ қолди-да» дея хаёлидан ўтказди у шитоб билан юриб кўчага чиқаркан ва бир муддат туриб, ўтаётган машинага «Тўхта!» ишорасини қилди. Машина тўхтади, ҳайдовчи кабинадан сакраб тушиб, раис билан қўшқўллаб кўришди.
— Менга қара, Холмат. Анави Лабзак колхозининг дала шийпони ёнидаги чойхона ҳалиям ишлаяптими? — сўради ундан раис.
— Ҳа-а, раис бова, ишлайди.
— Мени ўша ерга оборасанми?
— Жоним билан, раис бова. Лекин шу грузовойда боришингиз сал ноқулайроқми дейман-да?.. Кейин у ерга қаланғи-қасанғилар боради. Обрўйингизга тўғри келармикан?
— Келади.
Кейин грузовой бўлганиям яхши. Кўрганлар ҳар хил хаёлга бормайди.
Ҳайдовчи ўзида йўқ хурсанд эди. Чунки, кимсан, Толмас Бадриддиновичдай районнинг обрўли раиси у билан ҳозир битта чойхонада овқатланади. Бундай воқеа ҳар куни бўлавермайди. Фойдаланиб қолиш керак. Машина эскирган. Раисга яхшилаб хушомад қилса, келадиган янгилардан бирини бериб қолса, ажаб эмас. Бунинг устига, жияни уйланган. Иккинчидан, уйида ҳар куни жанжал. Икки келин бир ҳовлига сиғмаяпти. Опаси уникига келиб, дийдиё қилади. «Шофёрсан. Идорага аралашасан. Катталарга айт, жиянингнинг биттасига уй-жой берсин», дейди. Униям раисга хушомад қилиш асносида ундирса бўлади.
У чойхоначининг у ёғидан-бу ёғидан ўтиб, Толмас Бадриддинович учун яхши чорпоя топди.
Раис билан ҳайдовчи узоқ ўтиришди. Учта ароқ ичилди. Яна Толмас Бадриддинович билан ўтириш насиб қиладими-йўқми, деган ўйда машина ҳайдаши кераклигини ҳам унутган Холмат хўжайини билан баб-баравар олиб турди. Бошида ширакайфлигида илтимослари ёдига тушди. Бироқ айтолмади. «Яна озгина кайфим ошсин, ана ундан кейин мабодо раис кўнмасаям, мендан кўнгли қолсаям, мастликка йўйиб қўяверади» деган хаёлга борди. Аммо кайфи тароқ бўлгач, ҳамма нарсани унутди. Дардини айтиш ўрнига Толмас Бадриддиновични кўкларга кўтариб мақтади. Эмишки, колхоз ташкил этилгандан бери колхозда ундайин раис бўлмаган экан. У ҳамма нарсага ақли етадиган, нимага қўл узатса тутадиган, узиб оладиган экан.
Раис ҳам маст эди. Бироқ ҳушини йўқотмаган, ҳайдовчининг гапларини бемалол идрок этаётганди.
— Бас қил! Ҳеч қурса, сен шундай дема. Мен ҳам бир бандаман. Шунинг учун фаҳм-фаросатим ҳамин-қадар. Бўлмаса, манави ҳамма ёғи тутаб ётган чойхонада сен билан бир сўрида ўтирмаган бўлардим. Энди кетамиз. Қорин тўйди. Кайф ошди. Бундан бу ёғига ароқ ҳам, овқат ҳам кўплик қилади. Тўғри Дайравотга ҳайдайсан. Ҳайдоласанми ўзи?
Холмат «ҳа» дегандай бошини қимирлатди.
— Кўринишингдан сира ўхшамайди. Майли, ўзим ҳайдайман, тур ўрнингдан!
Холмат чорпоядан тушгач, қийшанглаб кетаверди. Яна алламбалолар дедики, ўзидан бошқа биров тушунмайди.
Дарё бўйида колхознинг балиқчилик тармоғи бор эди. Толмас Бадриддинович ҳали бирор марта у ерда вақтичоғлик қилмаганди. Борарди, балиқларга хўрак берарди. Уларнинг овқат ейишини мириқиб томоша қиларди. Кейин қайтиб кетарди. Бугун эса тунни ўша ерда чўмилиб, қолган-қутган кайфини ошириб, ўзлигидан кечиб ўтказгиси келди.
Сўнгги қишлоқ тугаб, ёввойи жийдазор бошланди. Шунда ҳам раис машинани илон изи йўлда бошқара олди ва манзилга эсон-омон етди. Бу пайтда Холмат эшикка суянганча хуррак отиб ухларди. Унга қараб иржайган Толмас Бадриддинович:
— Хомсан, — деди ва эшикни очиб, пастга сакраб тушди.
Оёқлари зириллаб кетди. Ёшлигида бундан ҳам баланддан сакрарди. Бироқ ҳеч нима бўлмасди.
Бир-бир босиб ҳовуз ёнидаги уйчага борди. Қулоғига шовқин-сурон эшитилди.
— Ярамас балиқбоқар, маишат қилаётганга ўхшайди, — деди.
Унинг юзига урилган салқин ҳаво кайфини бироз тарқатгандай эди.
Шу боис илдам юрмоқчи бўлди, аммо оёғи нимагадир тегиб, ўмбалоқ ошиб кетишига сал қолди. Қаддини ростлаб сўкинди.
Уйчада ҳеч ким йўқлигини у деразадан қараб билди. Сўнг «хохо, хеха» келаётган томонга юрди.
Аввал уни балиқбоқар кўриб қолди. Дарров танимади. Шу боис:
— Кимсан?! — деди бақириб.
— Отангман, иблис, отанг!
Овозидан ким келганини дарров фаҳмлаган балиқбоқар дарров ўтирганларга қаради-да:
— Раис! — деди ваҳима билан.
Ўтирганлардан бири дик этиб ўрнидан турди. Қолган иккиси эса пинагини ҳам бузмади. Толмас Бадриддиновичга уларнинг жойидан қимирламагани оғир ботди. Шунда ҳам ўзини босди.
— Дам олаётганмидинглар?.. — деди.
— Хўжайин, бугун шундай бўп қолди-да. Одам сал амалга минса, ёр-жўралари «ювасан» деб қўймаскан. Шунга… — дея чайналди Шокир.
— Молхонанинг каттаси амалдор бўп қолдими? — деди Толмас Бадриддинович.
— Амалмас-у, лекин шу янги иш-да, раис бова, — деб ялтоқланди Шокир.
— Янги ишмас, амал. Ҳа-а, худди шундай, амал. Нима қиласан, Шокир, паст кетиб? — деди балиқнинг думини сўриб ўтирган Абдураҳим.
У шеригидан фарқли ўлароқ, раис келганини эшитиб ҳам бошини кўтармаган, хўрагини чайнашда давом этганди. Шу боис Толмас Бадриддинович бошида уни танимади. Унинг ёнида ўтирган шериги Саидни эса дарров таниди.
— Эй-й, дунёни кафтида тутиб турган одам эканми бу, ҳурмат юзасидан, ҳеч қурса, ўтирган жойидан қимирлаб қўймади, десам, ўзимизнинг қадрдон Абдураҳим журналист экан-ку, — деди раис кесатиб.
— Ҳе, биз унча-мунча одамлар билан ўтирмаймиз, почча. Бир томонимизда ёзувчи, иккинчи томонимизда ферма мудири. Шунинг ўзи майда эмаслигимизни кўрсатиб турибди, — деб Саид бурнини тортиб қўйди. Сўнг томоғини қириб: — Мана, сиз ҳам келдингиз. Энди Жўра ака қулинг ўргилсин балиқ қовуриб келади-да. Бугун ҳақиқатан ҳам маишат бўладиган кун экан.
— Ҳа, ҳа, раис бова, ўтиринг. Даврамизга файз кирадиган бўлди, — дея ялтоқланди Шокир.
— Файз?.. — деб бошини кўтарди Абдураҳим. — Файз ҳаммадан биринчи келган.
— Тўғри, — унинг гапини маъқуллади раис, — Абдураҳим турганида, файз биз билан бирга келармиди? Мениям қўшасизларми?
— Раис бова, одамни уялтирманг. Сиз борсиз, биз бормиз. Абдураҳим кайфчиликда озгина бошқача гапириб қўйди-да, — дея Шокир балиқбоқарга юзланди: — Жўра ака, сиз ширин балиқларингиздан яна икки-учтасини қовуринг. Мен ғиз этиб ароқ топиб келайин.
— Хўп, — дея ёши ўтинқираб қолган, эти суягига ёпишган эчкисоқол Жўра ака қўлини кўксига қўйди ва уйча томонга шошиб кетди.
Ферма мудири ўзининг ўрнига Толмас Бадриддиновични ўтқазди-да, дарров Жўра аканинг ортидан йўлга тушди.
— Почча, — деб Саид Толмас Бадриддиновичнинг елкасига қўлини қўйди, — ёмонам омадли одамсиз. Балиқ бор, ароқ бор, закускаям бор. Сизга жуда ҳавасим келади. Келинг, шу ҳавасим ва сизнинг омадингиз учун юзта-юзта олайлик.
Унинг гапига Абдураҳимнинг энсаси қотди. Чунончи у шу пайтгача «ёзвориши, чизвориши»ни айтиб, Шокирниям, Саидниям, керак бўлса, оддий балиқбоқар Жўра аканиям дамини ичига тушириб қўйганди. Мана, раис келди-ю, ҳамма хушомадлар аста-секин унга қаратиляпти.
— Ичамиз, — деб у пиёласини Шокирнинг олдига, дастурхон устига қўйди.
— Абдураҳим, ука, бу қўлинг ёғмиди шу пайтгача?..
— Нимайди?
— Кўришиб қўймаганингга айтаман-да. Саид — бу Саид. У гўрга кириб одам бўлмаса, ёруғ жаҳонда одам бўлмайди. Сен бўлсанг дунё кўргансан. Одамлар билан гаплашиб, улар тўғрисида ёзиб, психологияниям яхши ўзлаштиргансан-да, шунга нимага кўришмади, деб ҳайрон бўляпман.
— Оббо, почча-ей, шунақа қилиб, бизни гўр тўғрилайди-да, а?
— Ҳақорат бу! Турган-битгани ҳақорат! Мен хушмуомалаликни қадрлайдиган одамман, — деб Абдураҳим мўйловини силаб турди-да, кутилмаганда бирдан раисга қараб ўқрайди ва гапини давом эттирди: — Шунинг учун сиз билан бир қултум ичсам, отамнинг ўлиги тепасида турай!
Раис дастурхон ўртасида липиллаб ёниб турган мойчироқни олиб кўтарди-да, Абдураҳимга қаратди. Кейин кулди.
Давоми бор...
НУРИДДИН ИСМОИЛОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3