11-қисм.
Намуна опа зарурият юзасидан ташқарига чиққанида, айвонда ўтирган қарияларнинг гап-сўзларидан билдики, ўғли қабристонга кетибди. Юраги шув этди, ранги оқарди, аммо бу сафар йиқилмади. Кўзидан ёш оқизиб, уйга кирди. Албатта, уйда ўтирган хотинлар дарров унинг аҳволини сезишди. Қизи ўрнидан турди. Йугуриб, онасининг ёнига келди-да қўлтиғига кирди.
- Энажон, яна мазангиз бўлмаяптими?-деди хириллаб (салкам куни бўйи бақираверганидан овози битиб қолганди).
- Аканг...- деди Намуна опа хаста овозда,- аканг билганидан қолмабди.
- Вой ўлмасам! - деди уйдаги хотинлардан бири кўзи олайиб, кейин бошқаларга эшиттириб.
- Шу маҳалда қабристонга кетибдими?!-дея қошини қоқди.
- Баҳот!-деб ўрнидан турди бошқа бир хотин жаҳли чиққанидан қизариб.
- Нималар деяпсан? Тавба қилдим, ҳамма нарсага тўқиб-бичиб, кўйлак кийгизиб ташлайсан-а! Намунахон бошқа нарсани гапиряпти. Худойини ўтказишини айтяпти. Маъруфжон сал тежамроқ болада, ҳечқиси йўқ, Намунахон бунинг учун хафа бўлиб ўтирманг. Аслида эскилар "Камхарж бўлинг" дейишган. Шу томондан олиб қараса Маъруфжон ҳақ.
Унинг гаплари Намуна опа тугул, уйдаги аёлларнинг бирортасиниям қулоғига кирмади. Ҳамманинг ўй хаёли Банот исмли бўйдор, хўппа семиз, кўзлари чақчайган хотиннинг гапида эди. Дарҳақиқат ҳамма Маъруфнинг нима қилиб юрмоқчи бўлганидан хабардор, барча бирдай ваҳимада эди. Ўша битта хотиндан бўлак бирортасиниям Намуна опанинг кўнглини овлашни ўйламади. Қани, ҳозир бўлмаса. Бир-бирига ўгирилиб олиб, Маъруфнинг обдон авра-астарини ағдаришса. Шу нарса кўпроқ уларни қийнаётган эди.
-Акам ақлли, нима қилаётганини яхши билади. Балки, юраги эзилиб кетганидан кўчага чиққандир. Отажонимнинг ошнаси Баҳром акаям кўринмаяпти-ку,- деди Машҳура.
Намуна опа Баҳром аканинг исмини эшитгандан кейингина бироз хотиржам тортгандай бўлди. Кўзидан дасрўмолини олмасдан, совиб қолган жойига ўтирди-да, бошини эгди. Ёнгинасида қизи ўтирди. Йиғлайверганидан кўзлари қизариб кетганди Машҳуранинг.
Аёллар ортиқ бардош беролмай, пичир-пичир бошлаб юборишди. Шунча истамасин, кўнгил қайғу-ҳасратга тўла аёлнинг қулоғига айрим гаплар эшитилди.
Машҳурани ташқарига чақиришди. Намуна опа буни эшитмади. "Нима қиламан, нима қиламан?"- деган ўйлар исканжасида эди у. Ташқарига чиққан қизнинг сал бўлмаса, юраги ёрилаёзди.
- Даданг тирик экан, дадангни чиқариб олдик. Одамлар олиб келишяпти бу ёққа...
Хабарчи яна нималар деди, Машҳура эшитмади. Йиғлаганча тураверди. Охири хабарчи ва унинг атрофига йиғилганлар қизнинг мазаси қоча бошлаганини аниқлашди. Шошилинч сув беришди, биринчи ёрдам кўрсатишди.
Намуна опа ҳам аввалига гарангсираган эса-да, олдинги сафаргидек ағанаб қолмади. Бўлмаса юрагининг мазаси қочган, доктордан зўрға жавоб олиб, эрининг жанозасига келганди. Мана энди бунақанги хабар чиқиб турибди.
- Илтимос,- деди жилмайиб ўтирган қўшни аёлга,- бу ёққа олиб киришмасин. Бошқа уйга киритишсин. Ўзимга келволай. Оёқ-қўли чаққон қўшни унинг гапини дарров ҳовлидагиларга етказди. Кексалар маъқуллаб бош қимирлатишди. Ёшлар эса эътибор ҳам беришмади.
Ҳовли бирпасда тўс-тўполон бўлиб кетди. Кимдир астойдил қучоғини очган бўлса, яна кимдир ирганиб, қўрқиб-писиб Норқул аканинг елкасига уриб қўйди. Баъзилар умуман яқин йўламади.
Маъруф бўшашди. Ҳеч кимнинг у билан иши бўлмай қолганини билгач, кўчага чиқди. Йўлнинг ўртасига, тупроққа чўзилиб ётиб олди-да, осмондаги юлдузларни кузата бошлади.
«Қанийди, шу ёққаучиб кетсам,у юлдуздан бунисига ўтиб юрсам... Одам зоти бўлмасаю, якка ўзим билганимни қилиб юрсам » деб ўйлаб, ўксинди.
Бу маҳалда одамлар бирин-кетин тарқалишаётганди. Икки-учтасининг кўзи йўлда узала тушиб ётган одамга тушди. Югуриб келиб қарашса, қаҳрамон.
- Сен бола бугун бизни умуман ухлагани қўймайдиганга ўхшайсан! Бор уйинга!- деди биттаси.
- Бу болада бирор хислат бор,- деди иккинчиси.
- Ака, буни урушманг қарғаса мажруҳ бўлиб қоласиз, деди иккинчиси.
Маъруф бўлса ўрнидан туриб қўлини силтади-да, уйига кетди.
Эртасига уларникида қўй сўйилиб, худойи қилинди. Индинга йигит ишга чиқди.
* * *
Ғилдираклар сирпанди, кейин қарсиллаган овоз эшитилди. Унга Паризоднинг қийқиргани қўшилди. Бир муддат Элёрнинг кўз олди қоронғулашди. Нима бўлаётганини англолмай қолди. Сўнг қўли зирқирай бошлаганидан, ўзига келди. Ёнида ўтирган Паризодни беҳуш ҳолда кўрди. Бирдан жон-пони чиқиб кетди.
- Пари, Паризод...- деди зўрға эшитадиган қилиб.
Қиздан садо чиқмади. Ана шунда Элёрнинг юраги бутунлай тўкилди. Агар биров «Ўлдинг, умринг қамоқда чирийди » деса борми, ўкириб йиғлаб юборади ё шаталоқ отиб қочади.
- Мени қўрқитма, кўзингни оч, илтимос. Тирикман, де,- деди йигит йиғламоқдан бери бўлиб.
- Нима бало қилдингиз,- сўради қиз.
- Айтарли ҳеч нима бўлмади. Озгина тўқнашганга ўхшаймиз, - дея Элёр бўйнини чўзиб, машинанинг олд томонига қаради.
- Эй-й трактор йўқми? Тележкасининг орқасига урилгандай бўлувдик, қочворганга ўхшайди...
- Ўлсин, трактор ҳам, тракторчи ҳам, отамга қаранг, - деди Паризод паст овозда.
- Эй-й, - деб Элёр бирдан бошини орқага бурди.
Орқа ўриндиқда Толмас Бадриддинович йўқ, у ўриндиқдан думалаб тушган ва пастда хурракни давом эттирмоқ эди.
- Ухлаёпти, ҳеч нима қилмаганга ўхшайди.
Йигит билан қиз дарров машинадан тушишди. Элёр «Виллис»нинг олд томонига ўтиб қаради. Бампер бироз пачоқ бўлган, чироқлардан биттаси синган эди.
«Худлга шукр, жуда ёмон бўлмабди » дея хаёлидан ўтказиб, хўрсиниб қўйди у.
Бу пайтда Паризод отасини кўтариб, ўриндиққа ётқизишга уринмоқда эди. Бироқ қанча урунмасин, уддасидан чиқолмаётганди. Элёр ёрдамга келди.
Улар бир муддат гаплашишмади. Элёр йўлдан кўзини узмас, газни кам босар, шунга монанд машина иммиллаб кетиб борарди. Паризоднинг хаёли эса бутунлай бошқа ёқда эди. Унинг назарида, оиласининг колхозда росса шармандаси чиқди, бундан бу ёғига бош кўтариб юролмайди. Бундан қутулишнинг бор-йўғи иккита йўли бор:
Бири ўзини ўлдириш.
Иккинчиси эса қаергадир кетиб қолиш.
Айтайлик, шаҳарга.«Шундай қиламан. Мени ким таниб ўтирибди. Ўқишними, балоними- баттарними баҳона қилиб, кетиб қоламан. Кейин ўзим билганимча яшайвераман. Яхшилаб тайёргарлик кўрсам, балки, ўқишгаям кираман. Шунда ҳаммаси яхши бўлади » ўйлади қиз.
- Паризод,- деди, ниҳоят, жимликни бузган Элёр,- менга турмушга чиқ.
- Йўқ, - жавоб берди Паризод, - ҳеч қачон!
- Нимага? Ёмонманми, хунукманми?
- Унисиям-бунисияммассиз. Отам менинг ёнимда сиздан: « Қизимга уйланасанми?» деб сўради. Яна отамнинг маст бўлиб, ҳеч нарсани эшитмаганидан фойдаланиб, « Менга турмушга чиқ» деяпсиз. Шунинг учун сизга тегмайман,- деди қиз ва ўгирилиб отасига қаради.
Толмас Бадриддинович ухлаб ётган эди. Қиз ўксинди, «Бечора отамга бунча қийин! » деб ўйлади.
- Унда мен сени ҳар доим кўриб юролмайман. Эзилиб кетаман, шунинг учун машинани топшираман. ПМКАга кетаман,- деди Элёр худди ўзига-ўзи гапиргандай.
- Тўғри қиласиз, - қувватлади уни Паризод.
Шундай гаплар нозикбадан, кўринишидан ниҳоятда истарали, овози ёқимтой қиздан чиқаётганига биров ишонмайди. Қаранг, қанчалик бағритошлик! Йигит ўксинади, деб ҳам ўйламайди. Шундай миясига келган гапни айтди-қўйди.
- Кейин, - дея бироз танаффусдан сўнг гап бошлади Элёр, - ҳеч нарсадан хавотир олма. Мен қумдай бир одамман, кўрган-билганларим ичимга сингиб кетади-ю, қайтиб чиқмайди.
- Буни вақт кўрсатади. Бўлди, ҳеч нима тўғрисида гапирманг. Ўз ҳолимга қўйинг, чарчадим.
Қизнинг талаби уйига етгунча қондирилди. У машина тўхташи билан сакраб тушди-да, ҳовлига кириб кетди. Дарвозани Элёр очди. Ҳойнаҳой,«Паризод бориб айтган бўлса, уйдан биров чиқар, раисни тушуришга ёрдамлашар » деб ўйлаганди у. Лекин ҳеч ким чиқмади. Бир ўзи хўжайинни туширди, уйига олиб кирди. Кейин пойи пиёда уйига кетди.
Паризод онасини деворга суянганча йиғлаётган ҳолда кўрди.
- Яна нима бўлди?- сўради ҳадиксираб.
- Куйиб қолдик, қизим! Тоғанг сандиқдаги бор пулни кўтариб кетибди!- деди Насима йиғлашга давом этиб.
- Шу кўргилик ҳам бормиди бошимизга? Ҳаммасига сиз айбдорсиз, ая!- деди қиз бақириб ва югурганча хонасига кирди-да, ўзини каравотга ташлади.
Эртасига тонгда ўзига келиб, юз-қўлини совуқ сувда ювиб, ўзи чой қўйиб ичган Толмас Бадриддиновичга хотини пул йўқолганини айтмади. Қовоғини осилтириб, у ёққа-бу ёққа ўтди. Кўзининг ости билан эрига қаради. Нафратини сочди, амаллаб вақтни ўтказди. Раис ғижинди.«Нима жин уриб, сенга уйланганман-а? Эссиз, агар коммунист бўлмаганимда, шартта ажралишган бўлардим » деди ичида ишга кетиш мақсадида кийиниб, ҳовлига чиқди. Дарвозахонага, машинанинг ёнига борди. Бампернинг пачоқ жойи, чироқнинг синганини кўрди.
«Вой, валак-салак, қайси гўрга уриб олди? Кечагина машинага ҳеч нима бўлмаганди-ку?» дея кўнглидан ўтказди ва кечаги воқеаларни хотирасига тиклашга уринди. Шаҳарга борганини, ресторанга кирганини, қизи билан Элёрга айтган гапларни, уларнинг жавоблари - ҳамма-ҳаммасини эслади. Бироқ кайфи ошиб қолганидан кейин нима бўлганини билмайди.
«Бир кун пиёда борсам, ҳеч нима бўлмайди. Баҳонада оёқ чигали ёзилади » дея ўзига-ўзи гапириб, дарвозадан чиқиб кетди.
Идорага бориши билан ғаройиб янгилик эшитди. Эмишки, Норқул чўлоқни ток урибди. Уни ўлган деб, обориб кўмишибди. Оқшом ўғли бориб, гўрдан чиқариб олибди. Тирик эмиш. Суюнчи тилаган Ҳайбатилло эди. Гапираётганда, унинг писка кўзи ўз-ўзидан каттариб кетди. Сариқ юзи қизарди, оғзидан кўпик отилди.
- Элёр қайси гўрда?! - сўради унинг гапларини охиригача эшитгач.
- Сизни опкелмадими? Ўзим ҳам айтдим, хўжайин нимага пиёда келяпти, деб. Шу боланиям тайини йўққа ўхшайдида. Ҳозир топдираман,- деди Ҳайбатулло шошиб.
- Керакмас, мошин уйда турибди. Бола икки кундан бери чарчаган. Бирортани жўнатинг, ҳайдаб келсин, кейин биргалашиб қишлоғингизга бориб келамиз. Ҳар қалай шунча гап сўз бўлибди, уят бўлади,- деди-да раис хонасига кириб кетди.
Унинг мияси алғов-далғов бўлиб ётганди. Тузукроқ фикрлай олмасди, хаёлига ҳали Сунбул, ҳали қизи, ҳали хотининг кароматлари келар, нима қилишни билмасдан уфф тортар, сигарет чекарди. Ҳайбатулло кириб, машина тайёрлигини айтганида ҳам, раис ўзига келолмаётганди.
Толмас Бадриддинович Норқул ака билан самимий қучоқлашиб кўришди. Гўрдан чиқиб келган, деб жирканмади. Фақат Норқул аканинг сочи оқариб кетганидан ҳайратга тушди. Кейин рангиям сарғайганга ўхшарди.
- Дунёда шундай ишлар ҳам бўлиб туради, Норқулбой. Яхшиям, юрагинг бақувват экан, худо деган одам экансан. Бу докторларимизам кўчада ўқиб келяпти-да. Яқинда уларни ҳаммасини фермага ишга олсак керак,- деди.
Норқул ака жавоб бермади. Синиққина кулиб қўйди. Уйига таклиф қилди. Ҳайбатулло кўришиш учун қўлининг учини тутганигаям эътибор бермади...
Шу куни кечки пайт йиғилишга бош агроном керилиб:
- Мана, узумни ҳам экиб ташладик. Саратонда кўкарган узум бошқача бўлади, дейишди. Ажабмас, келгуси йил ҳосилга кириб, юзимиз ёруғ бўлса,- деди.
Толмас Бадриддиновичнинг ҳеч нарсадан хабари йўқ эди. Шу боис Ҳайбатуллога мамнун боқди, аммо Баҳром ака чидаб туролмади:
- Одамнинг ҳар нима бўлгани яхши, уялмадингиз-а шу гапни айтгани?!- деди у бош агрономга ўқрайиб.
- Ишни Маъруф уддаладику. Сиз ўн кундан бери номига бориб келардингиз.
Ҳайбатулло қизариб-бўзарди, аммо тезда вазиятдан чиқиш йўлини топди. Чунки Маъруф йиғилишда йўқ эди-да.
- Ўша Маъруфингизга- дея бурнини керди у,- участкага кетаётганида, нима қилишни, мана, биз айтгандик.
Баҳром аканинг тили қулфланди. Нигоҳи билан узум экилган бригаданинг бригадирини қидирди. У, аксига олиб, йиғилишга келмаган эди. Қизарганча мажбур бўлиб жойига ўтирди.
- Энди ёш кадр-да, озми-кўпми, билими борлигини сездик. Лекин, Ҳайбатулло ака, йўл-йўриқ кўрсатиб, тўғри қипсиз,- деди бош агрономга иржайганча қараб қўйган раис.
Ҳайбатулло яна бир маротаба тантана қилди. Ҳозиржавоблиги қўл келди.«Сен ҳали шошмай тур, бир ўйнатайки, додингни кимга айтишингни билмай, типирчилаб қоласан. Ошнанг гўрга бир кириб чиқди, лекин сен кирасан-у, қайтиб чиқмайсан, ўша ерда ириб-чирийсан » кўнглидан ўтказди у ҳамда чоҳ қазишни эртасигаёқ бошлади.
Колхознинг даштда ери, фермаси бор. У қарийб эллик км узоқликда эди. Аввал район марказига борилар, ундан ўтиб, дарё ошилар ва даштга чиқиб кетиларди. Колхоздагилар у ерни МОР деб аташарди.
Ҳайбатулло Баҳром ака билан илиқ кўришди. Яқин йиллар мобайнида ҳали бирор марта ҳам бундай илиқ саломлашмаганди. Шу боис Баҳром ака таажжубланди.« Қани, энди бу шумтака нима деркин? » деган ўйда оғзини пойлади.
- Баҳром ака мана сиз билан ишлай бошлаганимизга ўн йилдан ошиб қолди. Мен ишга янги келганимдаям сиз ҳозиргидай ҳудуд агрономи эдингиз, ўзгармадингиз. Буни қаранг характер ҳам ўша-ўша. Тўғриси, илгари сиздан ёмон қўрқардим. Кесиб-кесиб гапирардингиз, силтаб ташлардингиз. Лекин,- дея Ҳайбатулло афтини бужмайтирди,- умуман хафа бўлмаганман. Тўғрисиям-да, чунки озмунча нарса ўргатдингизми?
- Энди, анча нўноқ эдингиз-да, Ҳайбатуллобек, - деди энсаси қотган Баҳром ака.
- Бу гапингиз ҳам тўғри, аммо яхшилаб тепиб, тепкилаб пишитдингиз.
- Йўўўўқ, бўладиганни тепиб-тепкиласангиз, пишийди. Бўлмайдиганни тепиш тугул, сўйсангиз ҳам, одам бўлмайди. Ҳайбатуллонинг ранги гезариб кетди.«Мараз, ҳайвон!..» дея ичида обдон сўкинди ҳамда одатдагидай чирт этказиб ерга тупурди-да:
- Худо шундай қилиб яратган бўлса, менда нима айб? - деди паст овозда ва Баҳром акага **** қўйгудек тикилиб вакиллади:
- Энди буйруқни эшитинг. Салим тракторчини оласизда, бугуннинг ўзидаёқ МОРга борасиз.
- У ёқда менга нима бор? - дея қовоғини солди Баҳром ака.
- Бало бор, баттар бор! Ёқмаётган бўлса, раисга «Бормайман», деб айтинг, тамом!
Ҳайбатулло яна сўкинди. Баҳром акага унинг минғирлашигина эшитилди.
Шу куни бош агроном истаган нарса бўлмади. Салим трактор тормозини бузмабди - қўрқибди.
«Ўзим ҳам асфалософинга жўнаб кетсам, иккита болам етим қолади, кейин уларни ким боқади?» деган хаёлга борибди. Буни у МОРдан қайтганларидан кейин Ҳайбатуллонинг уйига борганида айтди.
- Ака, бўлмади,қўрқдим! - деди кўзи жовдираб.
Ҳайбатулло жаҳлини яширди, мийиғида кулди:
- Тўғри қипсан, ўзим ҳам сенга айтишга айтиб, кейин ўйланиб қолдим. Майли, юраверсин, бу ёғи пенсиягаям оз қолган бўлса керак. Сен боланинг оғзинг маҳкамлигини биламан. Бўлмаса, бунақанги ишларни буюрмасдим-да. Пул ҳам бермасдим, аммо анави айбинг нимагадир ҳеч эсимдан чиқмайди. Чуваш қишлоғи ёнидаги-чи, ярим оқшом битта одамни уриб кетганинг...
Салимнинг кўзи олайиб, ранги гезарди.
- Шу одам ўлувди, - давом этди Ҳайбатулло, - алкаш экан-у, лекин барибир, одам-да. Эсингда бўлса, росса текшир-текшир бўлиб кетувди. Буни қара-я, ўшандаям МОРга жўнатганман сени. Бир ҳафтага. Яна терговчиларга «Ўн кун аввал жўнатганман» деганман.
- Яхшилигингиз эсимдан чиқмайди, Ҳайбатулло ака, нима десангиз, ҳаммасига тайёрман. Аммо...
- Ҳааа, савобнинг таги тешик бўлади-да.
- Нима қилай?
- Билмасам энди нима қилишингни. Лекин алкашни уриб кетган тракторчи ҳалиям топилгани йўқ. Шу кўрсатмани ўзгартирсамми, деб турибман. Ҳар қалай, тўққиз-ўн йил анавиёққа юрсанг, тушунармидинг, дейман-да?
- Бўлди, бу ёғини менга қўйиб беринг. Қарзимни узаман, мана берган пулингиз, - деб Салим беш юз сўмни Ҳайбатуллонинг ёнига қўйди.
- Шусиз ҳам бажараман.
- Бўпти, боравер, кўрамиз у ёғини...- деб суҳбатга якун ясади Ҳайбатулло.
Давоми бор...
НУРИДДИН ИСМОИЛОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев