10-қисм.
Паризод тескари қараб турарди. Элёрнинг гаплари суяк-суягига қадалаётганди. Алами келиб йигитнинг юзига шапалоқ тортишни истарди. Эҳтимол, шундай қиларди ҳам, агар Элёр суҳбатни тугатиб, уни кутмасдан ресторандан чиқиб кетмаганда.
Машинанинг орқа ўриндиғи банд бўлгани боис қиз тумтайганча Элёрнинг ёнидаги ўриндиққа ўтирди ва тунд қиёфада йигитга ўғринча қараб қўйди. Қовоғи билан урмоқчи, шу билан йигитнинг попугини пасайтириб қўймоқчи эди. Янаям тўғрироғи, Элёрнинг ялинишини истаётганди. "Қўй ундай дема, агар бирга яшасак, биздан бахтли одам бўлмайди. Мен сени кафтимда кўтариб юраман. Устингга чанг юқтирмайман. Керак бўлса институтга кирсанг, ўрнингга дарс тайёрлайман" (дарс тайёрлашга бало борми?) дейишини ҳоҳлаганди. Элёр унинг қовоғига эътибор ҳам бермади. Қайтанга, уям башарасини бужмайтириб олди. Шу билан яралари бужмайиб, буришиб, тиришиб кетди.
- Отамни бу аҳволда калхоздагилар кўришмасин. Қоронғи тушганидан кейин уйга борамиз, - деди машина юрганидан кейин Паризод.
Элёр унга ўқрайиб қараб қўйди-да газни яна кўпроқ босди.
Қуёш уфққа ёнбошлаётганди. "Виллис" жуда учқур эмасди. Юк машиналарини қувиб ўтиши мумкин эди. Бироқ шу ҳолидаям ғира-ширада колхозга етиб бориши мумкин. Албатта, колхознинг мошинасини ҳамма танийди. Лекин орқа ўриндиқда хуррак отаётган Толмас Бадриддиновични ҳеч ким кўрмайди. Умуман уни кўриш учун тузукроқ қараш керак.
Колхоз одамлари бўлса кўз ости билан қарашади, токи раис машинадан тушиб бошларини қотирмасин. Чунки раис зоти камчилик топишга уста. Колхозга қарашли қишлоқ одамларининг аксарияти ( деярли ҳаммаси дейиш мумкин ) шу хўжаликка ишлайди. Демак, хўжайиннинг кўзига камроқ кўринишга ҳаракат қилишади. Аммо, Паризод барибир ҳақ: кечроқ борганлари маъқул. Қолаверса, Элёр кўпроқ Паризод билан бирга бўлади
- Отамнинг аҳволини кўрганлар устидан мазза қилиб кулишини истаяпсизми?! - сўради Паризод машина тезлашганидан жаҳли чиқиб.
- Билиб қўй мен сен билан аянгга қараганда, отангга садоқатлироқман,- деди унга жавобан Элёр.
- Садоқатлимиш, кўрдим садоқатингизни. Ҳозир ҳам кўряпман. Жонингиз чиққудай газни босяпсиз,-деди Паризод кесатиб.
- Нима қилаётганимни ўзим яхши биламан. Илтимос сендан, индамай кет. Йўқса, тегишга рози бўлмаганинг учун худога шукр қиламан.
Паризод кулиб юборди-да деразадан ташқарига қараб олди.
Кейин:
- Ўзингизни осмон чоғлаяпсизми? -деб сўради кесатиб.
- Менга қара, сен тенги қўшним бор. Оти Лайло, лекин билсанг, ҳали бирор марта овозини баландлатиб гапирганини эшитганим йўқ. Бўлмаса уям врачнинг қизи. Бирам сипоки, бу йили ўқишга кирди. Мединститутга. Сен бўлсанг...
- Тушунарли,-дея бирдан унинг гапини бўлди Паризод,- шундай сипо, одобли, тили-жағи йўқ экан, нега уйлана қолмайсиз ўшанга?!
- Паризоднинг жаҳли чиқди, юзи қизарди.
- Уйланардим, қариндошим бўлмаганида.
- Баттар бўлинг!
- Ҳов, қиз,- деди Элёр Паризодга юзланди,-нималар деяпсан? Мақсадинг нима ўзи? Мениям анови тоғанг...
- Йўлга қаранг!-бақириб юборди Паризод.
Элёр шоша-пиша тормозни босди. Аммо кнч бўлган эди. Машина олдинда кетаётган тракторнинг телаежкасига етиб қолганди.
*
Улар кетишлари билан Саид ўзини кўрпачанинг устига отди. Сўнг ўрнидан сакраб турди-да, деворни муштлади. Мушти зириллаб кетди. Бундан баттар қони қайнаб, девор шўрликни гуп этиб бир тепдию, кўзидан олов отилиб:
- Имм, падарингга лаънат, вох-вох!- дея ўтириб қолди.
Насима унга шунчаки қараб турганди. Кейин иржайиб:
- Калланг жойидами? Нега бунчалик чувиллайсан? Деворни тепишга бало борми? Ана кўрдинг, поччанг Элёрни бир ёқли қилгани олиб кетди.
Ҳеч нима топмадиг-у, ҳарқалай озгина бўлса ҳам, аламимдан чиқдим,-деди.
- Опа, қачон каллангиз ишлайди? Поччамам сувдан қур-қуруқ чиқиб кетди. Ҳозир у Элёрни мелисахонага олиб кетди деб ўйлаяпсизми? Чучварани хом санабсиз! Раисингиз қанақа одамлигини ҳалиям билмас экансиз... Иммм! Эссиз қасдимни ололмадим. Лекин, ҳали шошмай турсин, шундай ўйин қилайки, қандай қилиб қармоғимга илинганини билмай қолсин..!
- Зўравонни мелисага обориб адабини бераман, деб айтди-ку. Ўлибди, шундай одам ёлғон гапирса.
- Опа, жа соддасиз-да. Нимага Элёрни сиқувга олдик? Поччамни қаерга борганлигини билиш учун. Хўш раис бувадан сўранг-чи, "Мен фалон жойда, фалончи хотиннинг олдига бордим" дермикан? Икки дунёда ҳам айтмайди. Мелисахона, мелисага келсак, вой, бутун бошли колхознинг каттаси " Менинг қизимга манови шумтака бундай дебди, шундай қилмоқчи бўлибди бу итнинг боласи" дейдими?
Ҳеч қачон айтмайди. Шундай дейдиган бўлса, биринчидан ҳамма ёққа овоза бўлиб кетади. Иккинчидан, Толмас Бадриддиновичнинг обрўси бир пул бўлади. Кейин унга колхозда ким қулоқ солади? Калламни гаровга қўйиб айтаманки, ит ҳам унга қайрилиб қарамайди!
Насима укасига термулганча ўйга толиб қолди. Кўзига ёш тўлди. Сўнг:
- Энди нима қиламиз? - деди заиф овозда.
Саид чуқур нафас олди-да:
- Ароқдан об келинг, бошим тарс ёрилиб кетай деяпти. Кеча қуруқ сувни ичаверганимдан қорним ҳам сувга тўлиб кетди. Каллам ишлаши учун озгина отволмасам бўлмайди, - дея бошини чангаллади.
- Ҳа, тўғри айтасан, сен бечораям қийналиб кетдинг. Анови куни поччанг зўр деб опкелгани бор эди. Озгина ичволсанг, ҳақиқатдан ҳам ўзингга келасан.
У шоша-пиша хонадан чиқди. Йўлакда кичкина ўғлига дуч келди. У қўлидаги шоколадни афтига бежаб ташлаганди. Насиманинг жаҳли чиқди.
- Қариганда ким қўювди менга туғишни? Уф четроқ тур валакисаланг! - дея ўғлини четга суриб, тезда ошхонадаги музлаткичдан ароқ олиб, изига қайтди.
Бир пиёладан сўнг Саид лабини ялади ва бошини сарак-сарак қилди.
- Бало булар, билади нима ичишни!.. Биз бўлсак кунимиз магазинга қолган, - деди-да, тағин пиёлани тўлдириб ичди.
Насима ундан кўзини узмай қараб турар, кетса гўё муҳим гапдан қуруқ қоладигандай, тоқатсизланиб Саиднинг оғзини пойларди.
- Ух! - деди Саид иккинчи пиёладаги захри қотилни ютиб бўлгандан кейин бошмалдоғини юқори кўтариб.
- Зўр гап келди миямга! Бу йўл, сўзсиз эрчангизни бошини эгади. Бундай қиламиз,- деб у яна шишани кўтарди.
- Кейин ичасан, айт гапингни, - деди сабр косаси тўлган Насима.
Саид унинг гапига эътибор ҳам бермади. Ишини давом этказди. Ҳаш-паш дегунча пиёлани яна оқ қилди. Шундан сўнггина лаб-лунжини кафти билан артиб:
- Пул...-деди.
- Нима, пул?- ҳайрон бўлиб сўради Насима.
- Пулни тинчитамиз, ҳаммасини.
Сиз ҳозир сандиқда қанча пул бўлса ҳаммасини олиб чиқинг. Рўмолчага тугиб, менга беринг. Мен оламан-у, уйга обориб қўяман. Сиз поччам келганида бирдан дод-вой қилишга тушасиз. "Уйимиз куйди, ўғри тушибди!"- деб бақирасиз. Кейин раисни эзадиган яна бир иккита гап айтасиз, ҳиқ... Бу ароқ жуда ўткирми, дейман. Бошимни айлантиряпти. Бир шишасини ичсам ҳам қилт этмай турардим.
- Сенинг миянг айниб қолибди. Шунча пулни қўш қўллаб сенга тутқазаманми? Ўғрилик орқасидан икки марта қамалиб чиққан, бунинг устига, қаердаги отарчини хотин қилиб олган одамга-я?!- дея шанғиллади Насима.
- Бўлмаса... Ҳиқ... Бўлмаса... Ҳиқ...
Саиднинг кайфи ошиб қолган эди. Энди унинг тили айланмаётганди. Кўзи юмилиб кетаверди.
- Ҳой, овсар, куним кимларга қолган-а? Биттаси хотинбоз, иккинчиси алкаш. Ухлама, эшшак кўзингни оч!- ҳайқирди Насима ва укасининг ёнина чўккалаб ўтирганча унинг ёқасидан ушлаб силтай бошлади.
- Қўй... Қўйсанг-чи!.. Мен озгина... Ҳм... Ҳм...
Саиднинг оғзидан бошқа гап чиқмади.
- Бу кунингдан баттар бўлгур, жувонмарг!- деб Насима қаддини ростлади-да, укасини бир тепди.
Саид у ўйлаганчалик маст эмасди. Яхшигина кайфи бор эди, аммо бу ҳали унинг бутунлай ўчиб қолиши учун камлик қиларди.
У атайин ўзини ўчиб қолганга солди ва шу баҳона машъум режасини тузиб олмоқчи бўлди. Ахир куни кеча опаси: "Уйда бир тийин ҳам пул йўқ. Ҳаммасини почченг қаергадир сарфлаб келди. Эй, ҳа-а, эсимга тушди. Қайсидир жўрасининг аҳволи чатоқ эмиш, ревизорларга тушиб қолибди. Шунга пулни ҳаммасини йиғиб-териб олиб кетди", деди. Энди бўлса," Шунча пулни сенга қандай бераман ", деб турибди." Бундан чиқди сандиқ пулга тўла... Вазиятдан фойдаланиб, ими жимида тинчитишим зарур ".
Давоми бор...
НУРИДДИН ИСМОИЛОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2