9-қисм.
Анови болага бир нима бўлиб қолди қаранглар!-деди қўшнилардан бири ҳайратдан кўзи олайиб.
- Ушланглар!-бақирди иккинчиси.
- Ўзини бир бало қилиб қўймасин!
Уч тўрт киши ҳансираб нафас олаётган Маъруфни тутишди.
- Ўзингни бос,-деди уларнинг ёнига келган Баҳром ака,-ўзингни бос. Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади.
- Тўғри, яхши бўлади, лекин бунинг учун қабристонга боришимиз керак. Илтимос, йўқ деманг!-ҳайқирди Маъруф.
Ҳамма ҳайрон бўлди.
- Доктор чақириб, укол-пукол қилдириш керак,-дея луқма ташлади кимдир.
Маъруф гапирган одамни нигоҳи билан қидириб тополмади.
- Уколни ўзингизга қилдиринг!-деди сўнг бақириб.
- Шошма. Юр, уйга кирайлик. Озгина дамингни ол. Чарчагансан,-деди Баҳром ака.
- Мулла борми, ака? Мулла келганми?!-деди Маъруф шошиб.
- Йўқ. У учун эшон қишлоққа бориб келиш керак. Ўзларининг қишлоғида ҳам таъзия бўлган.
- Бизнинг қишлоқда таъзия бўлгани йўқ,-дея бақириб унинг гапини бўлди Маъруф.
Уйга кириб чиқиб юрган хотин-халаж Маъруфнинг можаро қилаётганини Намуна опага етказишган, у ичидан зил кетиб, азобланиб қизига суянганча ташқарига чиққанди. Эшик ёнида туриб бақирди.
- Болам! Куйдирма мени! Отангнинг тупроғи совимай туриб, ёнига обориб қўймоқчимисан, болам?!
Маъруфнинг аъзойи бадани титраб кетди. Пешонасидан совуқ тер чиқди.
- Қўйинглар,- деди ниҳоятда мулойим овозда, ҳаммасини тушундим.
- Худога шукр,-деди кимдир.
- Бу бошқа гап,-деди иккинчиси.
- Ичкарига кир,-деди учинчиси.
Маъруф уларга бирма-бир қараб чиқди. Сўнг боягидай паст овозда:
- Кимда сигарета бор,- дея сўради.
Баҳром ака чўнтагидан "Астра" чиқарди. Бир донасини унга берди. Йигит сигаретани оғзига қистиришини кутди. Аммо Маъруф шошилмади. Бошини эгиб ютиндида:
- Мен озгина шу ерда турай,-деб Баҳром акага юзланди.
- Майли,- деб отасининг ошнаси гугурт чақди.
Маъруф сигарет тутунини ичига ютмасди. Шунчаки оғзига бироз ушлаб, сўнг пуфлаб юборарди. Баҳром ака қишлоқ одамларини айвондаги кўрпачаларга ўтқазиб, унинг ёнига келди ва елкасига қўлини қўйди.
- Армонда қолишдек азоб йўқ бу дунёда. Сира кўнглинг бўлмаётган экан, юр, қабристонга бирга бориб келамиз,-дея пичирлади.
Маъруф унга ҳайратланиб қараб:
- Ростданми?!- деб сўради.
- Рост.
Баҳром ака шундай дея дўстининг ўғлини тирсагидан ушлаб етаклади.
Қабристонгача йигирма-йигирма беш дақиқалик йўл эди. Аммо Маъруфга жуда узоқдек туюлди. Юриши унмаётгандек, имиллаб қадам ташлаётганга ўхшарди. Ҳолбуки, падарини кўтариб кетишаётганида, гўё кўз очиб юмгунча етишган ва шунчалик тез дафн этишган эди.
Тезроқ юрақолайлик,-деди у ёнида кетаётган Баҳром акага.
- Шошилма. Туйнук қолдирганимиз эсингдан чиқмасин. Отанг унча-бунча нарсадан қзрқмасди. Шундай экан бу ёғидан хавотир олмасанг ҳам бўлади. Ишқилиб кўнглинг алдамаётган бўлсин-да,-деди у.
Маъруф қабристонга кираверишдаги кичкина хоначадан кетмон билан белкуракни олди. Унинг юраги гупиллаб урар, вужуди қўрқув исканжасида эди. Йўқ, қабристон остонасигача мард эди, ҳеч нарсадан тап тортмаётганди. Аммо кўзи қабрларга тушдию, ваҳима босди.
- Тўхта,-деди Баҳром ака Маъруф эндигина қабристон оралай бошлаганида,-тиловат қилайлик.
Маъруф беихтиёр чўккалади. Шунда қабристон янаям ваҳималироқ кўриниб кетди кўзига. Бошини эгиб, Баҳром аканинг чала тиловатидан сўнг юзига фотиҳа тортди.
- Эҳтиёт бўлиб юрасан,- дея Маъруфни огоҳлантирган Баҳром ака илдам юриб кетди.
Шу пайт уларнинг қулоқларига шовқин эшитилди. Иккаласи ҳам орқага ўгирилди. Анча наридан, қишлоқнинг ёнгинасида уч-тўртта қўлчироқ бу томонга яқинлашмоқда эди.
Бирмунча дадилланган Баҳром ака Маъруфга қувват бўлсин деб:
- Худога шукр,-деди.
Бир оздан сўнг кимдир инграгандай бўлди.
-Тезроқ юринг Баҳром ака! Тезроқ! Қўрқиб кетмасин!-дея бирдан бақириб юборган Маъруф отасининг ошнасини четлаб ўтиб югуришга тушди.
Ҳаш-паш дегунча отасининг қабри ёнида пайдо бўлди ва туйнукка тумшуғини тиқиб:
- Ота-а-а!-дея бақирди.
- Эшшаклар, нега қамаб қўйдинглар?!-деган овоз келди қабрдан.
Шодликдан Маъруфнинг юраги ёрилайёзди. У шоша пиша туйнук атрофидаги тупроқни бармоқлари билан суриб ташлай бошлади.
- Эй, Худога шукр! Ўзинг шарманда қилма, Эгам,- дея Баҳром ака ҳам ун ёрдамлашди.
- Ота сизни ток урганди! Захдасиз, ота! Қўрқманг ота!-бақирди Маъруф.
- Нима балога ўраб ташладинглар?!- овоз келди яна ичкаридан.
- Ҳозир жўражон! Ҳозир! Мана очяпмиз! Беш минут. Эй, Худога шукр!
Шунда унинг хаёлига кетмон келди ва Маъруфни қўли билан бироз сурди-да, тупроқни кетмонлаб олиб ташлай бошлади. Маъруф белкуракни ишга солди. Дарров туйнук катталашди. Баҳром ака ошнаси қўрқиб кетмасин деб, тинимсиз гапириб турди.
Қабр ярмигача очилганда қишлоқнинг одамлари бирин-кетин етиб келишди.
- Нима бўлди?!
- Тирикмикан?!
- Наҳотки!
- Худо деган эканда!
Баҳром аканинг жаҳли чиқди.
- Кўрмаяпсизларми, жўрам оғилда-ку!-бақирди уларга қарата.
Худди шу пайт Маъруф ўзини лаҳад ичига ташлади. Типирчилаб кафаннинг ҳали у ерини, ҳали бу ерини йиртаётган Норқул аканинг бошини кўтарди.
-Ҳозир ота... Ўзим ёрдам бераман!-дея ҳовлиқарди у.
- Ким сенга латта путтага ўраб ташла деди ақмоқ!-дея койиди Норқул ака.
- Билмабмизда, ота! Билмабмиз!-дея Маъруф отасини кўтариб, ўрнидан турғазди.
Шу заҳоти тепадагилардан икки киши қўлтиғидан олди. Одам кўп, шовқин баланд эди. Шу боис ҳам Норқул ака қабристон аталмиш тепаликнинг пастига тушгунича қаердалигини, нега одамлар бунчалик кўплигини, Баҳром жўраси қаердан келиб қолганини билолмади.
*
Кайфи ошиб қолган Толмас Бадриддиновични Элёр амаллаб ўрнидан турғазди ва суяб машинага олиб бордида, орқа ўриндиққа ётқизди. У ҳансираб нафас олар, бир нималар деб ғўлдираб қўярди. Паризод улар билан бирга чиқмади. Ўрнидан қимирламай ўтираверди.
"Элёрга тегишимни отам ҳоҳлаяптими? Мен йўқ дедим-а? Эртани ўйлаб шундай дедим. Ёш бўлсам ҳам, ақлим кўп нарсага етади. Отам бечора ичавериб адо бўлди. Элёр энди ғўдайиб гапириб юрса керак".
" Отаси қизига:
"Элёрга тегасанми?" деди. Ўз қулоғим билан эшитдим. Раис одам менинг олдимда паст кетди. Илгаридан шундай бўлишини билардим. Паризод ҳам аслида мени деб ўлиб турганди. Отаси сўрагани учун "Ҳа тегаман" деёлмади. "Мана, кўрасанлар ўзи бўйнимга осилиб олади" деса керак " деб ўйлади-да, ғижиниб эшик тарафига кўз ташларкан, бармоқлари орасидан зормандани кўрсатиб:
- Мана тегаман!-деди. Агар уйимиздаги гап-сўзларни бирор жойга чиқарсанг, одам ёллаб бўлсаям, ўзимни абгор қилиб бўлсаям, ўчимни оламан!
Кейин қалтираган қўлини шиша томонга чўзди. Ушлади. Бироқ сўнгги дақиқада шаштидан қайтди. Ўпкаси тўлди. "Бой-бадавлат, обро эътиборли одам шунчалик ожизми, қаердаги валанғи-қасанғиларнинг оғзини ёпиш қўлидан келмайдими?! Нимадан, кимдан қўрқади? Элёрни шунчаки уйдан чиқариб юборса ҳам бўларди-ку. Шаҳарга олиб келиб, зиёфат қилиб, ўзи ётиб қолгунча ичиши шартимиди? Бунинг устига, худди ялингандай, "Қизимга уйланасанми?! дегани-чи?.. Дадам жудаям паст кетди."
Кейинги ўйлар Паризодни анча дадиллаштирди. У нарироқда турган официантга парво ҳам қилмай, пиёлани ароққа тўлдирди. Аммо ичиш яна насиб этмади. Раисни машинасига ётқизиб келган Элёр қизнинг қўлидаги пиёлани тортиб олди. Ичидаги суюқлик чайқалиб тўкилиб кетди.
- Нима қилдингиз?!-деди бақириб.
- Бу нима қилиқ? Қиз болага
ичиш - уят,-дея ўқрайди Элёр.
Уларнинг кўзлари тўқнашди. Бир муддат бир-бирига термилиб қолишди. Элёр севги майини сипқоргандай сархушланди.
- Менинг ичишим уятми?-деди ўзига келган Паризод.
- Ҳа, жавоб берди Элёр ва беихтиёр унинг рўпарасидаги столга ўтирди.
Шу билан бирга қиздан кўзини узмади.
- Отам қани?-сўради паст овозда Паризод.
- Машинада. Ётқизиб қўйдим. Ухлаяпти.
- Сиз бизнинг уйда кўрганларингизни одамларга тарқатасизми?-сўради.
Сама:
Элёрнинг нигоҳи исканжасидан қутулишга уринган Паризод стаканга лимонад қуяркан.
Йигит бошини қимирлатиб, "йўқ" ишорасини қилди.
- Отам боя айтган гаплар-чи?
- Мен гап кўпайтириб юрадиган одамасман.
- Отамнинг қаерга борганини яширганингиздан ҳам билиб олса бўлади. Лекин барибир менга ёқмадингиз,-деди Паризод ва стакандаги лимонадни ичди.
- Ёқмадим?.. Ихтиёринг. Тегмасанг ҳам майли, лекин сени севаман. Энди тур кетамиз. Боргунимизча қоронғи тушиб қолади.
Паризод стаканни тарақлатиб стол устига қўйди-да, зарда билан ўрнидан тураркан:
- Севишга бало борми?-деди.
- Мен кўнглимдагини айтдим. Жойи эмасди, аммо айтмасам бўлмасди. У ёғи ўзингга ҳавола.
Давоми бор...
НУРИДДИН ИСМОИЛОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев