Гуланор тўйхонани эрта тарк этган бўлса-да, қиш кунлари бўлгани боис, йўлнинг ярмига етмасидан қоронғу тушиб қолди. "Эримнинг роса жаҳли чиқади. Бунинг устига алламаҳалда бу йўллардан юриш хавфли... Нега бир-икки соат олдин йўлга чиқмадим-а?" дея Гуланор йўлма-йўл ўзини койиб келарди.
Шу пайт узоқдан қизларнинг қий-чуви эшитилди. "Менга ўхшаб қоронғида қолганлардан бўлса керак", ўйлади Гуланор. Аммо бироз юргандан сўнг унинг кўзи гуркираб ёнаётган гулханга тушди ва ҳайратдан ёқа ушлади. "Бу яқин атрофда ҳечким яшамайди-ку, оловни ким ёқган бўлиши мумкин? Балки бирор мусофир совқотган бўлса... Лекин қор устида олов ёниши жуда ғалати. Наҳотки ўша қирқ қизлар..." Гуланор хаёлига келган фикрдан сесканиб кетди. Бироқ у янглишмаганди.
Қишлоқдагилар орасида Қирқ қиз тепалиги тўғрисида турли миш-мишлар юради. Эмишки, анча йиллар олдин бир қиз ноҳақ туҳматга қолибди. Ўзининг беайблигини исботлашга урунса-да, унга ҳеч ким ишонмабди. Қишлоқ аҳли бечора қизни ғийбат қилишдан сира чарчашмабди. У ёққа ўтса, ундай деб, бу ёққа ўтса, бундай деб киноя аралаш гапираверишибди. Қиз одамлардан буткул ажралиб қолибди. Ҳечким билан суҳбатлашмас экан, аниқроғи уни ўз давраларига қўшмай қўйишибди. Ҳатто унинг саломига алик ҳам олишмабди. Ёлғизликда азият чекган қиз фақат шу тепаликка келиб паноҳ топаркан. Кунларнинг бирида қиз анашу тепаликда ўз жонига қасд қилибди.
Шундан кейин бир неча йиллар ўтиб, бундай ҳолатлар яна содир бўлаверибди. Айни шу жойда кўплаб қизларнинг жони узилибди. Шундан сўнг ўша бегуноҳ қизларнинг руҳи ҳар куни шу тепаликда кезиб юрармиш. Баъзида улар гулхан ёқиб, базму жамшид қилишаркан. Яқинлариникига йўли тушган кишининг омон қолиши даргумон экан...
Гуланор бу воқеалар ҳақида эшитганда унчалик ишонмаганди. Лекин ҳозир...
У тепалик ёнидаги йўлдан кетаркан, қандайдир куч уни шу тепаликка чорларди. У ерга бормасликга ҳарчанд уринмасин, оёқлари ўзига бўйсунмай, ўша томонга кетяпти. Гуланор ёнида турган дарахт шохидан маҳкам тутиб олиб, тепаликга чиқмасликга интилар, лекин қандайдир кўринмас куч уни тепаликга етакларди. У қўрққанидан кўзларини чирт юмиб олди. Қулоғига аллақандай қизларнинг кулгиси эшитилди. Кўзлари ҳайратдан катта-катта очилиб, ажабланиб қараб қолди. Унинг атрофини оппоқ ҳарир либос кийган қизлар тўдаси ўраб олишган эди. Гуланор қизларнинг ҳар бирини ҳадик аралаш кузатди.
- Кимсизлар, нега мени буерга олиб келдинглар? - деди у қўрқиб.
- Биз олиб келмадик, сиз ўзингиз келдингиз, - дея қизлардан бири жавоб қайтарди.
- Йўқ, мен хоҳламагандим, кимдир мени мажбурлаб олиб келди.
- Биз ҳам буерга келишни истамагандик, - деди қизлардан бири жилмайганча.
- Ҳозир нима қиляпсизлар?
- Базм уюштиряпмиз. Келинг, сиз ҳам бизга қўшилинг.
Гуланор жавоб беришга улгурмасдан, қизлар биргалашиб қўшиқ бошлаб қолишди:
Бахтимиз бўлди увол, увол-эй,
Жонимиз топди завол, завол-эй.
Энди шодонмисиз, шодмисиз-эй,
Раҳм қилмади замон, замон-эй...
Гуланор ҳам ўз-ўзидан қўшиқга жўр бўла бошлади. Қўшиқ тугагач, Гуланор қизларга сўз қотди:
- Менга жуда ёқиб қолдинглар. Эртага бизникига боринглар, хурсандчилик қиламиз.
- Албатта, борамиз, бизни кутинг.
Гуланор ҳали-ҳануз қизларга таажуб билан қарар, ўзи хоҳламаган гаплар тилидан чиқаверарди. У қизларга қандай боғланиб қолганига тушунмасди. Гуланор қанча вақт улар билан бирга бўлганини билмайди. Кўзини очганда тонг ёришай деб қолганди. Ён атрофида ҳечким кўринмас, олов ҳам ўчган, қўл-оёқлари совуқдан музлаб қолганди. Ўрнидан туришга уринди. Бутун вужуди зирқираб оғриди. Кимдир келиб, унинг елкасидан тутиб, туришига ёрдамлашди. Гуланор ёнида пайдо бўлган эрининг қачон келганини сезмай қолди.
Қаердаман?.. Сиз қачон келдингиз? - ҳайрон бўлди Гуланор.
Тун бўйи уни қидириб чарчаган, хавотирдан минг бир хаёл кўчасига кириб чиққан Илёсбек хаста овозда сўради:
- Аҳволинг тузукми, ҳеч нарса қилмадими?
У хотинидан ортиқ ҳеч нарса сўрамади. Негаки, унинг тепалик устида ётганини кўриб, ҳаммасини тушунганди. У Гуланорни саломат кўрганидан жуда хурсанд эди. Илёсбек аёлини елкасидан суяб, уйига қараб йўл олди. Гуланор эрига суянганча ҳорғин қадам ташлаб борар экан, ўша қўшиқни ҳиргойи қила бошлади:
Бахтимиз бўлди увол, увол-эй,
Жонимиз топди завол, завол-эй.
Улар уйга етиб боришди. Аёл иссиққина чой ичиб, бир оз ўзига келди.
- Бугун бизникига меҳмонлар келади. Кеча мен уларни уйга таклиф қилгандим, - деди у юзида табассум билан.
- Ким келади? - сўради Илёсбек.
- Тўйдан қайтаётганимда ўша тепаликда бир-биридан чиройли қизларни учратдим. Улар билан бирга қўшиқ куйлаб, рақсга тушдик. Хуллас, шу қизлар бугун бизникида меҳмон бўлишади. Тансиқ таомлар таёрлаб, дастурхон безашим керак. Ахир дугоналарим мамнун бўлиб кетишсин, дейман-да...
Илёсбек индамаса-да, аслида хотинининг аҳволидан хавотирда эди. "Наҳотки қирқ қизларга учраган бўлса?.. - ўйларди у. - Лекин аҳволи яхши... Демак, уларнинг базмида қатнашмаган. Ишқилиб, шундай бўлсин-да". Илёсбек шу каби хаёллар оғушида ўзига далда берди.
Гуланор кун бўйи меҳмон кутиш ташвиши билан уннади. Ўзи хоҳлагандек ширин таомлар таёрлади, дастурхонни нозу неъматлар билан безади. Кечга довур дарвоза тақиллади.
- Ана келишди, уларни биргаликда кутиб оламиз, юринг, - деганча Гуланор дарвоза томон шошилди. Илёсбек ҳам унинг ортидан чиқди ва лол қолди. Гуланор кимларнидир мулозамат билан ичкарига чорларди. Лекин Илёсбек ҳеч кимни кўрмади. Гуланор ўзига ўзи гапирарди.
- Қаранг бу қизларни, бир-биридан чиройли... - деди Гуланор эрига қувониб.
Аммо Илёсбек ён-атрофда хотинидан ўзга ҳечкимни кўрмади. Гуланорнинг қўллари эса ким биландир саломлашаётгандек ҳавода муаллақ қимирларди. "Унинг кўзига қирқ қизлар кўринаётганга ўхшайди, нимадир қилишим керак", деди Илёсбек ичида бўлаётган ҳолатдан ваҳимага тушиб.
- Эсинг жойидами сенинг? Нималар деяпсан ўзи?.. Қайси қизлар ҳақида гапиряпсан? - Илёсбек аёлининг елкаларини қаттиқ силтади.
- Бўлди қилинг, мен меҳмонларимнинг ёнига киришим керак, улар мени кутиб қолишди, - деди ва уйга кириб, эшикни ичкаридан қулфлаб олди.
Анча фурсатдан сўнг уй ичидан Гуланорнинг овози эшитилди:
Бахтимиз бўлди увол, увол-эй,
Жонимиз топди завол, завол-эй.
Илёсбекнинг хавотири икки ҳисса ортди. Эшикни очишга уринди. Бироқ уддасидан чиқолмади. Кейин деразадан ошиб кирмоқчи бўлди. Хотинининг ўзича куйлаб рақс тушаётганига кўзи тушди. Ора-сирада кимгадир "Қани келинг, сиз ҳам ўйнанг", деб қўярди. Лекин Гуланордан бошқа ҳеч ким кўринмасди унга. У энди деразани очишга ҳаракат қилди. Бир неча дақиқалардан кейин деразани очди. Бу орада Гуланор ашулани тугатиб, рақс тушишдан тўхтаган эди. Илёсбек уйга кирганида Гуланор бошини чангаллаганча ерда ётарди.
- Сенга нима бўлди, Гули? Кўзингни очсанг-чи, мени қўрқитма! - деди Илёсбек хотинининг юзини силаганча.
Лекин аёли жавоб бермасди. Унинг кўзлари бир нуқтага тикилиб қолганди.
Орадан бир-икки кун ўтгач, қишлоқда "Гуланорни қирқ қиз чалиб кетибди, оёқ-қўли ишламай, фалаж бўлиб қолибди" деган гаплар тарқалди. Шундан кейин одамлар ўша тепалик ёнига яқин йўламайдиган бўлишди.
Илёсбек хотинини кўп шифокорларга кўрсатди, аммо бундан ҳечқандай наф бўлмади. У бир умр ногуронлар аравачасига михланиб қолганди. Гуланор ҳали-ҳануз гапирмас, фақат ўша қўшиқни такрорларди, холос:
Бахтимиз бўлди увол, увол-эй,
Жонимиз топди завол, завол-эй.
Энди шодонмисиз, шодмисиз-эй,
Раҳм қилмади замон, замон-эй...
Тамом...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 3