- Эринг бир аёлни туғруқхонага олиб кириб кетди. Ўз кўзим билан кўрдим. – синфдош дугонамнинг телефонда етказган хабари ҳушимни учирди.
- Йўғ- э, менинг эрим эмасдир, - дедим бироз иккиланиб.
- Аниқ сени эринг, - дея таъкидлади Диёра. – Наҳот эрингни танимасам?...
Дугонам билан гаплашиб бўлгач, гўшакни жойига қўярканман хаёлан қариндош аёлларни кўз олдимга келтирдим. “На қайнсингилларим, на овсинларим юкли эмасди-ку... ким экан-а? Балки ишхонасида бирор аёлни дард тутиб қолгандир... Аммо қайси аёл туғиши яқинлигини сезиб иш жойига борарди. Ўзи келсин-чи, сўрарман”.
Диёранинг янгилиги куни билан фикру хаёлимни тарк этмасди. Ҳатто эримга қўнғироқ қилиб билмоқчи ҳам бўлдим. Бироқ феъли чатоқлиги ёдимга тушди. “Овқатга келасизми?” деган саволга “Нима ишинг бор?” деб ўшқириб берадиган эрим дугонамнинг маълумотини эшитса: “Ортимдан агент қўйдингми?” дейиши турган гап. Яхшиси, сабр қилганим маъқул. Тағин ўз бошимга ўзим бирор муаммони орттириб олмай. Минг уринмай миямда ғужғон ўйнаётган қарама-қарши фикрларни нари кетказолмасдим. Кўнгил душман, деганларича бор экан. Мени ҳар кўчага судраб кирарди. Ким экан ўша аёл? Бегонадир десам, дугонам эримнинг машина рақами-ю, маркасигача тўлиқ айтиб турибди. Бирортасини никоҳига олган бўлса-я... Ногоҳ икки кун аввал Шуҳрат акам билан кечган суҳбат ёдимга тушди.
– Дўстим Мурод бор-ку, ўша бир аёлни никоҳига олиб яшаяпти, - деганди ўша куни эрим тўсатдан.
– Хотини биладими? – сўрадим эримга синовчан тикилиб.
– Албатта. Ўзи рози бўлди. “Майли савоб учун уйлана қолинг”, дебди.
– Нимаси савоб экан? – унинг гапидан энсам қотганини яширмадим.
– Бева аёл эканда...
– Боласи ҳам бордир...
– Йўқ, биринчи эри гиёҳванд бўлгани учун ажрашган экан. Ўртоғим аёлни ёқтириб қолибди. Хотинига айтган экан, бизни таъминлаб қўйсангиз, ана никоҳингизга олиб яшайверинг. Сизни рози қилсам, мен жаннати бўламан деганмиш, – Шуҳрат акамнинг бамайлихотир гапириши ғашимни келтирди.
– Вой савил-э, қайси аёл ўз эрини бошқа аёлга қўшқўллаб топшираркан. Бунинг учун ё ўта аҳмоқ бўлиши керак, ё ўта доно... – жаҳлим чиққанини яширмадим. Аёллар ҳам қизиқ...
– Мен ҳам уйлансам рози бўлармидинг? – эримнинг саволидан титраб кетдим. Қайси аёл эрини ўзгасига тутқазишга рози бўлади. Эр бермоқ – жон бермоқ, ахир.
– Ҳечда, нега рози бўларканман. Мен Мурод аканинг хотинига ўхшаб савобталаб эмасман. Иккинчидан, сиз аввал менинг талабларимни бажарволинг, кейин икккинчини гапирасиз. Ўзи тўртта эркак бир бўлса дарров иккинчи хотинни гапиришга тушишади. Иккита қайиқни баравар ушлайман, деган бир кишини денгиз ютиб юборган экан! – дейман жиғибийрон бўлиб. Эрим эса гапни давом эттирмай ўрнидан туриб кетди. Демак, бежиз бу ҳақда гап бошламаган экан-да... Вой писмиғ-э, бир пайтлар: “Малоҳат , сенсиз яшолмайман, ўлиб қоламан”, деб уйланганди. Бир зумда ҳамма гаплари самога учибди-да. Мурод ўртоғимни рўкач қилиб ўзини гапирган бўлса-я... Кўнглимнинг иккинчи томонидан: “Жим бўл! Эринг келсин, гаплашиб ҳал қиласан”, деган овоз янгради. Йўлда учраб қолган аёлдир, балки. Ҳар хил ҳолат бўлиши мумкин-ку...
Хуллас қарама-қарши хаёллар исканжасида кунни кеч қилдим. Оқшом чўкиб, атрофни тун пардаси ўраб олган паллада ҳам умр йўлдошимдан дарак йўқ эди. Шубҳа илонлари ич этимни емириб борарди. Бири қўйиб, бири бижирлаётган болаларимнинг гапи ҳам қулоғимга кирмасди. Миямда “Нега келмаяпти?” деган савол тинимсиз айланарди. Тавба, илгари ҳам ярим тунда кириб келарди-ю, мен аҳамият бермаган эканман. Айни дамда эса... Бувим раҳматли : “Эркак киши етти қадам босгач ўзини бўйдоқ сезади. Шунинг учун унинг бошвоғини узун қилиб, гоҳ-гоҳида тортиб -тортиб туришинг керак. Шунда бўйнида олахуржун борлиги эсида туради”, дердилар. Рост экан. Мен бошқа хотинларга ўхшаб “Қаттасиз? Қачон келасиз? Нима қилиб юрибсиз?” деб сўрамайман. Афсуски, бугун шу одатим панд бериб турибди...
“Эртак айтиб беринг”, деб хархаша қилган болаларимга бошим оғриётганини баҳона қилиб, аранг ухлатдим.
Ҳовлига чиқиб осмонга қарадим. Самода тўлин ой сузиб юрарди. Ой тўлган кечани яхши кўрардим. Шуҳрат акам билан бундай кечаларниниг қанчасини бирга ўтказгандик. Наҳот, ҳаммаси бир зумда саробга айланса... Қаерда хато қилдим, нимани унутдим? Ойни-ку бевафо дейишарди. Ўн беш кунгина кўриниб, сўнг кўринмай қолади. Менинг суйган ёрим-чи... у ҳам бевафо бўлса-я...
Юрагим сиқилиб Шуҳрат акамнинг қўл телефонига қўнғироқ қилдим. Банд. Қайта-қайта қилгач, иккинчи йўналишга жавоб берилаётгани ҳақида хабар келди. “Рақамим тушди-ку, ўзи қайтиб қилар”, деган умидда кута-кута ухлаб қолганимни ҳам сезмабман.
Соат миллари тунги иккини кўрсатаётганда, эшик очилиб Шуҳрат акамнинг қораси кўринди. Юзидан толиққани ва ғамгинлигини билиш қийин эмасди.
- Мени эртароқ уйғот, - деди-ю ёстиққа бағрини бериб уйқуга кетди. Ичимда милтиллаётган гумон олови бирдан гуриллай бошлади. Уйғотиб, туғруқхонадаги аёл кимлигини сўрамоқчи бўлдим, бироқ яна сабр ёрдамга келди. Тонг отсин, бир гап бўлар... лекин қани кўзимга уйқу инса... Пишиллаб, беозор гўдакдек ухлаётган ёстиқдошимга термулиб қолдим: “Наҳот муҳаббатимиз қиссаси шу ерда барҳам топса...”
Тонг отиши билан эрим кийинганча нонушта ҳам қилмай чиқиб кетди. Болаларимнинг ёнида у киши билан уришгим келмади. Шуҳрат акам чиқиб кетгач, Диёрага сим қоқдим.
- Бугун ишга борасанми? - саломлашмай ҳам сўрадим.
-Ҳа , - деди дугонам эснаган кўйи. – Тинчликми?
– Кеча эрим олиб келган аёлнинг олдига оборасан.
– Майли, туғруқхона ҳовлисида учрашамиз.
Айтилган манзилга етиб бордим. Дугонам ҳаллослаганча чиқди-да,
– Кечаги аёлни эри, тўғрироғи сенинг эринг олиб келибди. Ўғил туғибди. Роса қийналибди. Биринчи туғруқ бўлгани учун анча вақтгача туғолмабди. Охири кесворишибди. Эрингдан розилик сўрашибди. Кўп қон йўқотганмиш. Юр, уни кўрасанми? – ўзини махсус жосусдек тутиб гапирган Диёранинг гапларидан сўнг беҳол ўриндиққа чўкдим.
– Эрим эканлиги аниқми? – ишонқирамай сўрадим яна.
– Ҳа, қабулхонага шундай ёздирибди.
Дугонам билан хайрлашиб ортимга қайтдим. Йўл бўйи ич-ичимни алам тирнарди. “Кечаси келишининг сабаби бор эканда. Охирги пайтларда ўзгариб қолганини сезиб юрардим, аммо “ишим юришмаяпти, кўпроқ ишлашга тўғри келяпти”, деса чиппа-чин ишонибман. Шуҳрат акамни ҳеч кимга ўхшамаган, деб ҳисоблардим-а, мана оқибати... Эркак зотининг ҳаммаси бир гўр. Кўринган юбканинг ортидан чопишади. Уйида аёли-ю, болалари кўзига кўринмайди ҳам. Ўғлинг бор, қизинг бор, яна нима керак сенга. Оҳ, мен ғофил банда, ишим юришмаяпти, деса раҳмим келиб юрипман. Ҳаром юрганингдан кейин, хиёнат кўчасига кирганингдан сўнг бараканг қоладими сени? Вой ноинсоф, зинокор... шу бугун кетаман. Яшамайман! Номард!” Кўз ёшларим юзимни ювганча, эримнинг гўрига ғишт қалаб келардим. “Бир пайтлар ортимдан юриб розилигимни олиш учун нималар қилмаганди. Энди янгиси керак бўп қоптида...” Хуллас, бир олам айтимларим билан уйга келдим. Қўлим ишга бормас, кимга дардимни тўкиб сочишни билмасдим. Чорасиз опамга телефон қилдим.
– Опа, қаттасиз? – дедим йиғлаган кўйи. – Илтимос, меникига тез етиб келинг.
– Тинчликми? – опам овозимдаги оҳангдан хавотирланди.
– Йўқ, мен куёвингиз билан ажрашмоқчиман! – дедим шартта.
– Жиннимисан? – ростманасига ҳайратланди опам.
– Келинг, гаплашамиз, – дея телефон тугмасини босдим.
Опам етиб келганида мен аллақачон тугунларимни йиғиб бўлгандим.
– Болаларим мактабдан келсин. Оламан-у, чиқиб кетаман. Ана ўша ўйнаши, тўғрироғи иккинчи хотини билан яшайверсин.
– Ўзингни бос, – деди опам вазиятни билгач. – Аввал ўзидан сўрамайсанми? Кўчадаги бир аёлнинг гапига кириб оилангни бузасанми? Калланг жойидами? Ким айтади сени ўн йил турмуш қурган аёл, деб.
– Мана, опа, ўн йилда жонига тегибман-ку...
– Қизишма, ўзидан сўраб бил.
– Айтмайди. Биласизку одатини. Бирор гап сўрасам нуқул урушиб беради. Мана, гап қаерда экан... ҳатто телефонини ҳам қучоқлаб ётадиган бўп қолганди.
– Хўп, шундай бўлган тақдирда ҳам нега сен кетишинг керак? Бу уй сеники, болаларингники! Шундай ҳовли-жойни бировга ташлаб чиқиб кетмоқчимисан. Озмунча меҳнатинг кетганми бу уйга... – деди опам куюниб. Бу мулоҳазадан сўнг ҳақ-ҳуқуқим ёдимга тушди.
– Рост айтасиз, опа. Нега мен кетишим керак? Ана ўзи кетсин. Бугуноқ ҳал қиламан.
– Ўзингни босиб ол. Болаларнинг олдида бақир- ақир қилма. Мактабдан қайтишса мен олиб кетаман. Эрингга қўнғироқ қилиб чақирда, бафуржа гаплашиб ол. Сингилжоним, гумон ёмон. У сени **** адо қилади. Шу сабаб дарҳол ҳақиқатни билишга ҳаракат қил. Агар чиндан ҳам иккинчи хотини бўлса, катта кўча. Ўша билан яшайверсин. Аммо сен уйдан кетаман, демагин, – дея насиҳат қилган опам ўғил-қизимни уйига олиб кетди.
Қўнғироқ қилиб “Тез етиб келинг”, деганим сабаб, эрим бир соатга қолмай дарвозадан кириб келди. Шишган қовоқларимни, тунд қиёфадаги юзимни кўриб хавотирга тушди.
– Тинчликми, Малоҳат ? Нима бўлди? Нега йиғлаяпсан? – унинг меҳрибон эр бўлиб кўнгил сўраши баттар асабимни қўзғатди: “ Вой хотинбоз-э, яна ҳеч нарса бўлмагандек гапиради-я. Айбимни ҳеч ким билмайди, деб ўйлаганда... ноинсоф, номард...” жим турганимни кўриб, яна савол берди: – Болалар қани? Сендан сўраяпман...
– Опамникида! – дедим жаҳл билан.
– Нега?
– Мен жўнатиб юбордим. Дадангнинг янги ўғилчаси билан табриклайман, сизлар холангникида бўлиб туринглар дедим... – Гапимни эшитиб эримнинг авзойи ўзгарди. Қошлари кўтарилиб, юзи тундлашди.
– Нима дединг?
– Эшитганингиз! – шу пайтга қадар овозимни кўтариб гапирмаган кишимга бақириб юбордим. – Ёлғон денг-чи? Кеча туғруқхонага кимни обордингиз? Иккинчи хотинингизними? Ярим кечада келдиз, бирор нарса айтмадингиз... бугун бориб билиб келдим. Қабулхонадагиларга эриман, деб ёздирибсиз-ку...
– Билибсанда, – деди эрим пинагини бузмай. – Кимдан эшитдинг?
– Нима фарқи бор? Муҳими, бошқа аёл билан муносабатингиз бор экан, вақтлироқ айтмайсизми? Элу халқ ичида шарманда қилдингиз. Менинг айбим нима? – кўзимдаги ёшга қўшилиб тилимга сўзлар қуйилиб келарди: – Айтинг, айбим сизга ишонганимми? Сиз учун барча орзуларимдан: севимли ишимдан, яқинларимдан кечганимми? Сизни ҳаммадан устун кўриб юрсаму, сиз эса мени бошқа аёлга алмаштириб бўлган экансиз-ку... Бу номардлик, ноинсофликку, ахир...
– Бўлдими, гапириб бўлдингми? – сўради Шуҳрат акам.
– Сиз билан яшамайман, вассалом!
– Гапинг тугадими? – яна такрорлади эрим. Индамай юзимни бурганча ичкарига кириб кетдим. Ортимдан келган ёстиқдошим аста елкамдан қучди.
– Малоҳат , сен мени шунақа эркак деб ўйлайсанми? Рост, ишим кўпайиб, балки сенга эътибор беролмагандирман. Аммо сенга хиёнат қилмаганман!...
– У-чи, у ким? – енгил тисарилиб унинг қучоғидан чиқишга уриндим.
– Юр, кўрасан, – деганча, эрим қўлимдан тутди-да, машинага ўтказди. Йўл бўйи иккимиз ҳам бир-биримизга сўз айтмадик. Таниш туғруқхонага келдик. Шуҳрат акам ҳамширани кўндирди чоғи, бизни ичкарига киришимизга рухсат тегди. Ичкарига кириб борарканмиз, юрагим шошиб урарди. Эшигида 2 рақами ёзилган палатани очиб: “Ичкарига кир”, деди-ю, ўзи ўгирилиб ортига қайтди. Не кўз билан кўрайки, хонада чақалоғини бағрига босганча амакимнинг қизи Нурия ётарди.
Бизнинг тўйимиздан сўнг эримнинг жўраси Шамшод ака амакиваччамни ёқтириб уйланганди. Аввалига, борди-келди қилиб турардик. Аммо Шамшод ака бошқа шаҳарга ишга ўтгач, Нурияни кўрмай қўйдим. Гарчи олдинма-кетин тўйимиз бўлган эсада, худо уларни фарзанд аталмиш неъматидан дариғ тутганди. Икки бор ҳомиласи тушган Нурия охирги йиллар ичида ҳомиладор бўлолмади. Бундан уч йил аввал хорижга ишлагани кетган Шамшод ака рафиқасини ҳам даволатгани олиб кетганди.
– Хорижда шифокорлар туғишим мумкинлигинин айтишганда, қувончдан сакрай дедим. Аммо “ўз уйинг ўлан тўшагинг” дейишганича бор экан. Ўз юртимда туғишни истаганим учун ҳомиладорлигимнинг бешинчи ойидаёқ бу ерга қайтдик. Бироқ “юкли” эканимни ҳеч кимга айтишни истамадим. Яна аввалгиларига ўхшаб тушиб қолса, гап сўз кўпаймасин, дедим.
– Нурия кўзлари чақнаб гапида давом этди: – Ишонганимиз фақат Шуҳрат ака эди. Уч кун аввал хорижга кетган Шамшод акам эрингга мендан кўз қулоқ бўлиб туришни тайинлаганди. Кеча дард бошланганда, чорасиз у кишига қўнғироқ қилдим. Худога шукур, мана ўғилчам дунёга келди, – деб суюнганча боласини бағрига босди дугонам. Сўнг жиддий оҳангда: – Эрингни хафа қилма, у жуда ҳам яхши одам экан...
– Нега чет элда туғавермадинг? – Сўрадим ҳайрон бўлиб. – Ҳамма чет элда туғишни орзу қилса ю, сен эса...
– Биласанми, агар Америкада туғсам, болам ўша ернинг фуқароси бўлиб қоларкан. Кейин бир икки йилгача бу ёққа қайтолмай қийналарканмиз. Мен эса боламнинг киндик қони ватанимизга тушишини истадим. Қўй, Малоҳат , американец бўлиб қолмасин, тағин, – беғубор кулди амакиваччам.
Нуриянинг сўзларидан сўнг шубҳаларим тумандек тарқаб кетди. Машинада мени кутаётган жуфтимнинг ёнига ўтирарканман: “Мени кечиринг”, дея олдим, холос.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2