Аъзамжон саккиз, Адҳамжон беш, Сафура эса уч ёшда эканликларида нима бўлганини англаб-англамай оталаридан ажраб қолишди. Аъзамжон-ку чопончаси устидан белбоғ боғлаб, тобутнинг олдига тушиб “отам”лаб борди, аммо Адҳамжон ва Сафуралар уйларига бунча одам келганидан хурсанд бўлишиб, у ёқдан бу ёққа чопиб юришди.
− Аяжон, менинг тўйим бўлаяптими? − дейди Адҳамжон тишлаган лаби узилиб тушаёзган онасига. − Сиз қўрқманг, мен йиғламайман, анави Одилжонга ўхшаб, уста келса қочиб ҳам кетмайман.
Зирафо уввос тортиб, йиғлаб юборади.
− Болани қўрқитасан, ўзингни бос! − дейди онаси. − Нима қиласан, чидайсан-да. Пешонанг шўр экан-да, қизим.
Зирафо чидади. “Учта гўдагим ўгай отанинг заққумини тотмасин”, деб йигирма етти ёшида беваликнинг тўнини ечмайдиган қилиб кийди.
Эҳ-ҳе, болалари “одам бўлгунча” не кунларни кўрмади, не ситамларга чидамади Зирафо. Аммо ҳаммасидан қайинопасиники ошиб тушди. Бир умр битмайдиган қилиб юрагини жароҳатлади.
− Бу уй отамдан қолган, отамдан менга мерос тегмаган, − даъво билан келди бир куни Қурбонгул. − Энди, келин, ўлган ўлиб кетди, болаларни олиб, ота-онангизникига жўнанг! Ҳали ёшсиз, бирорта хотини ўлганга тегарсиз, укамни унутиб ҳам юборарсиз. Бу уйга менинг ўғлим кўчиб келади. Уни ҳадемай уйлантирамиз, аммо келин туширадиган уйимиз йўқ. Уй-пуй олиб беришга пулимиз ҳам йўқ. Гап шу, бир ҳафтада кўч-кўронингизни йиғиштиринг!
Қурбонгул шу гапларни айтди-ю, “тарс-турс” чиқди-кетди, Зирафонинг айтмоқчи бўлган гаплари бўғзида қолаверди.
Бориб, барини эрининг акаси Мақсуд акага тўкиб-солди.
− Акажон, отангиздан қолган эски уйларни бузиб ташлаб, эрим иккаламиз ғишт қуйиб, лой қориб, бу уйларни бошқатдан қурганмиздан хабарингиз бор-ку, акангизга янги уйда яйраб яшаш, тўйлар қилиш насиб этмади, наҳотки, болаларига ҳам насиб этмаса, − йиғлади Зирафо. − Ахир мен энди қайга бораман? Уч бола билан бориб, ота-онамникига сиғаманми?
− Бунақа гапларни гапирманг, келин, гўрда укамнинг суяги қақшайди, − унинг гапини чўрт кесди Мақсуд ака. − Қурбонгул келганда мени чақиринг!
Қурбонгул келган куни Мақсуд акани чақириб келишди.
− Бугундан бошлаб жиянларингдан хабар олгани, уларга ёрдам бергани келсанг кел, аммо уйни талаб қилиб ёки бошқа можаро билан келадиган бўлсанг, оёғингни синдираман! − синглисига ўдағайлади Мақсуд ака. − Бу уйдан оладиганингни олиб бўлгансан. Бу ҳовлида укамизнинг болаларидан бошқа ҳеч кимнинг ҳеч қанақа ҳаққи йўқ! Ҳозирча келин бош бўлиб, биз қарашиб, болалар шу ҳовлида яшаб туришади. Катта бўлишгач, ҳовлини Аъзамжон ва Адҳамжонга тенг иккига бўлиб бераман. Саволлар борми?
Саволлар бўлмади.
Қурбонгул шу билан қайтиб бу ҳовлига қадам босмади.
Аъзамжон тоғасининг машина тузатадиган устахонасига қатнаб, тоғасига ёрдам бериб юриб, машиналарни тузатишга анча-мунча қўли келиб қолди. Тўққизни битирган йили Зариф тоғаси Аъзамжонга маслаҳат солди:
− Жиян, гап бундай, ўн, ўн бирда ўқийман деб вақтни ўтказма! Ўзинг туппа-тузук уста бўлиб қолдинг. Шу, ёнимиздаги касб-ҳунар коллежида чилангар усталар тайёрлайдиган бўлим бор экан. Ана шу коллежга кир, жиян! Пешанангга ёзган бўлса, коллеждан кейин институтга ҳам кирарсан. Аммо ҳозирча шу ерда касб ўрган, бўш вақтларингда ўзимга қарашиб юраверасан.
Аъзамжонга тоғасининг маслаҳати маъқул тушди. Тоғаси айтган коллежга ўқишга кирди. Дарслар унга қийин , бу ерда ўргатилаётган кўп нарсаларни Аъзамжон тоғасидан аллақачон ўрганиб бўлган эди.
Уч йил ҳам бирпасда ўтиб кетди. Аъзамжон ҳақиқий уста бўлди. Дипломли . Уч йилда устахонада ҳам, тоғасини ҳисобламаганда, унга тенг келадиган уста топилмай қолди. У бу соҳадаги ҳар бир янгиликни қунт билан ўрганар, жаҳон автосервисларида жорий этилаётган янгиликларни тезда ўзи ишлаётган корхонага жорий қилишга интилар эди.
Яна уч йил ўтганида эса тоғаси унга ишни бемалол топшириб, ўзи чет эллардан янги мосламалар, янги ускуналар олиб келиб, ўрнатиш билан машғул бўла бошлади.
Аъзамжон институтга кириш ҳақида ўйламай, жон-жаҳди билан ишлай бошлади. Укаси Адҳамжон муаллимлар тайёрлайдиган институтга, синглиси Сафура эса аяси орзу қилгандек, тиббиёт коллежига ўқишга кирганди. Аъзамжон укаси ва синглиси бировдан кам бўлишини истамасди. Бу ёқда рўзғор ҳам унинг қўлига қараб турибди. Аяси Сафурага сеп йиғишни ҳам бошлаган.
Сафура иккинчи курсни битирганда уни узатишди. Тўйи ҳеч кимникидан кам бўлмади. Аммо қиз бола келин бўлаётганида отаси йўқлиги жуда билинар экан. Булар тарафда қиз бола куёв олиб борган машинага чиқишдан олдин отасининг оёғига бош қўйиб, дуо олиши расм бўлган. Ана шу ерда Сафура ҳамманинг дилини вайрон қилди:
− Дадажон, қаердасиз? Кимнинг оёғига бош ураман энди? Ким менга оқ фотиҳа беради?
Яна Мақсуд ака укасининг ўрнига елка тутди.
− Ўксинма, қизим, дуони, мана, мен бераман, бош уриш керак бўлса, отангдан кам хизмат қилмаган аканг Аъзамжоннинг оёғига бош уравер, болам! − Мақсуд аканинг ҳам кўзи ёшга тўлди. − Аканг кўпгина эркаклар қизига қилолмаган сепларни қилиб, тўйингни ҳам ҳеч кимдан кам қилмади, қизим. Унинг сенда ҳам акалик, ҳам оталик ҳаққи бор.
Аъзамжон кўнмади. “Бобомнинг оёғига бош ур!” деб тураверди.
Сафура шундай қилди, Мақсуд аканинг дуоси билан машинага чиқди.
Зирафо опа энди Аъзамжонни уйлантириш пайига тушди. Ҳали у, ҳали бу қариндошларининг қизларини мақтар, бу мақтовларнинг охири Аъзамжонга қарата айтиладиган “Сен нима дейсан?” деган сўзлар билан тугар эди. Аъзамжон бир-икки “Ҳали уйланмайман”, деб кўрди. Аммо аввало “Ҳали ёшман”, дейиш кулгули туюлар, қолаверса Сафура келин бўлганидан бери рўзғор ишлари онасининг зиммасида бўлиб қолганидан ўзи ҳам бош қашиб қолган эди.
− Майли, уйланаман, − деди Аъзамжон. − Фақат битта шартим бор.
− Айтавер, болам, ҳар қандай шартингга розиман. Уйлансанг бўлди.
− Шартим шуки, мен фақат ўзимизнинг маҳалладан уйланаман. Иш-иш деб юриб, бирорта қиз билан танишмабман ҳам. Шунинг учун ўзим билмаган жойлардан кимгадир уйланмайман. Ҳаммамизнинг кўзимизнинг олдида ўсган, ўз маҳалламизнинг қизи бўлсин!
− Бор-йўғи шартинг шуми? − деди онаси. − Шуни эртароқ айтмайсанми, болам? Мана, кўрасан, ўзимизнинг маҳалладан келин топаман. Мени айтди дерсан, уч куннинг ичида топаман.
Аммо келин топиш айтишга осон экан. “Уч кунда топаман”, деган Зирафо опа уч ойда ҳам маҳалладан Аъзамжоннинг кўнглини жизиллатадиган келинни тополмади. Тополмади, десак унча тўғри ҳам бўлмас, топди, ҳатто бир нечта қиз топди. Аммо гоҳ топилган қиз Аъзамжонга ёқмаса, гоҳ у қизга Аъзамжон ёқмасди. Ўзи Аъзамжон ҳам ҳамма қизларга ёқавермасди. Меҳнаткаш, кўнгли очиқ, анчагина содда йигит бўлган Аъзамжон қизларнинг кўнглини овлашга уста эмас эди. Ўзи эплаб қизларга гапиролмас, аммо унга биринчи бўлиб гапирган қизларни жинидан баттар ёмон кўриб қоларди.
Биттаси Аъзамжонга сал маъқул бўлгандай бўлувди. Қиз ҳам Аъзамжонда кўнгли борлигини айттирибди. Аммо ишни Адҳамжон “бузди”.
− Акамда кўнгли бор эканми? − деди Адҳамжон тутоқиб. − Акамгача нечта йигитга кўнгил берганини биласизларми?
Ана шу биргина таъриф етарли бўлди, Аъзамжон у қиздан “совушига”.
Кунлар эса ойларга уланиб ўтиб борарди. Орада “Келин олишдан осонроқ экан, машина олиб турай”, деган Аъзамжон минилган бўлса-да, яп-янгидек кўринадиган “Нексия” олди.
− Қўшнимиз Мамат оқсоқолнинг қизи Насиба-чи? − деб қолди Зирафо опа бир куни. − Шу йил мактабни тугатган. Попукдай қиз бўлибди. Нима дейсан?
− Билмасам, менга барибир, сизга маъқул бўлса бораверинг!
Адҳамжон акасининг қулоғига бир нима деди.
− Насиба келинингиз бўлишга аллақачон рози экан, манави ичидан пишганингиз унинг ваъдасини олиб бўлган экан, − деди кулиб Аъзамжон ва бироз ўйланиб туриб деди: − Ая, буники тайёр экан, олдин буни уйлантириб қўйсак-чи?
− Э, ака, ким сизга уйланаман деяпти? − дувва қизарди Адҳамжон. − У қиз билан бир-биримизни севамиз, дедим, холос. Уйланишимга ҳали бор, … бир-икки йил.
− Севса кутади, − деди Зирафо опа. − Аввал сен уйланмасанг гап-сўз кўпаяди. Бунингнинг ўқиши тугайверсин-чи?
Адҳамжоннинг ўқиши битди ҳамки, Аъзамжонга келин топилмади. Зирафо опа энди қўшни маҳаллаларга ҳам “оралай бошлади”. Аммо топилган номзодлар Аъзамжоннинг юрагини жизиллатмас эди…
Тушлик қилишга уйига келаётган Аъзамжоннинг машинаси уйидан икки кўча нарида кутилмаганда ўчиб қолди. Машина тузатишда шаҳарда тенгсиз ҳисобланган Аъзамжон негадир машинанинг айбини тополмас эди. У биргина карбюраторни икки-уч марта очиб тозалади. Учқун берувчи “шамчалар”нинг ҳар бирини икки қайтадан ечиб олиб, оловда куйдириб, бошқатдан қўйиб кўрди. Машинасини итариб борса ҳам ўн-ўн беш дақиқада уйига етиб олиши мумкин бўлган Аъзамжон асабийлашиб, қайта-қайта машина моторини ўт олдиришга ҳаракат қилар эди. Ахир бошқаларнинг машинасини бир эшитиб кўрибоқ аниқ “диагноз” қўядиган Аъзамжон ўз машинасини итариб ёки бошқа машинага судратиб юрадими? Бу шармандалик-ку?
Аммо машина Аъзамжондан ҳам ўр чиқди. Юрмади-юрмади-да. Орада Аср намозининг вақти ўтиб кетиб бораётганини кўрган Аъзамжон қўлларини ювиб, намозини ўқиб олмоқчи бўлди. Аксига олиб машинасидаги сувни ҳам ишлатиб бўлибди. Ноилож бир чойнак сув сўрамоқчи бўлиб, энг яқиндаги дарвозалардан бирини тақиллатди.
Ана шунда мўъжиза рўй берди.
Дарвоза қия очилиб, бир малакмисол, ҳурдан-да гўзал қиз чиқиб, майин овозда салом берди. Аъзамжон унга қараб анграйиб қолди.
− Сизга ким керак эди? − деди қиз боягидан ҳам майин, най ноласига яқин овозда.
− Онам … сизларникига келмаганмидилар? − деди Аъзамжон ичида ўйлаганини тилига чиқариб.
− Кечирасиз, онангизни танимайман, аммо бизникига келмаганлари аниқ, чунки уйимизда бегона аёл йўқ.
− Онам бугун эмас, аллақачон келишлари керак эди сизларникига. Майли, қўяверинг, менга бир чойнак сув берсангиз, − деди Аъзамжон қизга қора мойга ботган қўлларини кўрсатиб. − Машинам бузилиб қолувди. Қарасам, Аср намозининг вақти ўтиб кетаяпти. Қўлимни ювиб, намозимни ўқиб олсам.
− Ҳозир олиб чиқаман.
Ҳаял ўтмай қиз бир обдастада илиқ сув, совун, оппоқ сочиқ ва чиройли қилиб тикилган жойнамоз олиб чиқди.
− Келинг, мен сув қуйиб юбора қолай!
Бу илтимосни рад этиб бўладими?
Аъзамжон энгашиб қўлларини совунлаб ювди. Сочиқни кир қилиб қўйишдан қўрқиб, авайлаб артинди.
Қиз йигитга жойнамозни узатар экан, деди:
− Бизникига кириб намозингизни ўқиб олинг, дер эдим-у, афсуски, уйимизда эркак киши йўқ. Дадам масжидга чиқиб кетувдилар. Бирданига Шомни ҳам ўқиб келадилар.
“Фаросати ҳам унча-бунча эмас экан”, деб ўйлаган Аъзамжон сўради:
− Дадангизнинг исмлари ким?
− Шокиржон, Шокиржон домла дейишади, − деди қиз. − Одамларга Қуръони Каримни ўқишни ўргатадилар. Энди намозингизни ўқиб олинг, қуёш қизариб қолди.
Аъзамжон намозини қандай ўқиди, қандай тугатди, билмади. Бу қиз унинг юрагинигина эмас, бутун аъзойи баданини жизиллатиб, жизиллатиб нима эмиш, жазиллатиб юборган эди.
− Мен икки кўча нарида тураман, нега сизни аввал ҳеч кўрмаган эканман? − деди Аъзамжон жойнамозни олгани келган қизга. − Исмингиз нима?
− Исмим Хадича. Мен ҳам сизни кўрмаганман. Сиз кўрмаганингизнинг сабаби дадам жуда қаттиққўллар. Бизни ташқарига деярли чиқармайдилар. “Ташқаридан ўрганадиган нарсаларинг йўқ”, дейдилар.
Аъзамжон яна бир нималарни сўрамоқчи эди, аммо қиз узр сўраб, ичкарига кириб кетди.
Бу тасодифий учрашувдан сархуш бўлган Аъзамжон беихтиёр машинасига ўтириб, калитни буради. Машина гуриллаб ишлаб кетди. Аъзамжон уйга қараб қушдек учар экан, машинаси бузилиб, юрмай ётгани хаёлига ҳам келмади.
− Аяжон, нариги кўчадаги Шокиржон домланинг Хадича деган қизи борлигини билармидингиз? − эшикдан ҳовлиқиб кирди Аъзамжон. − Ҳеч у томонга бормаганмидингиз? Шундай қиз борлигини ҳеч ким айтмаганмиди?
Зирафо опа кўкрагига бир туфлаб олиб, ўғлига тикилиб қолди.
− Юрагимни ёрай дединг-а, ўғлим. Зулайҳо холанг Шокир домланинг бир эмас, иккита қизи борлигини айтувди. Аммо у домла қизини бизга бермас-ов. Унча-бунчага қиз бермас эмиш. Намозхон, жуда тақводор, мадраса кўрган йигитларга берар эмиш, − деди Зирафо опа.
− Қизлари чиройли, одобли, намозхон эканлигин эшитдим, аммо, очиғи, ота-онасидан сўраш тугул сенга айтишга ҳам ҳаддим сиғмади.
− Эртага ўша қизникига совчиликка боринг, аяжон! − ялингандек илтимос қилди Аъзамжон.
− Мен бораман-а, улар бизни писанд қилармикан? − кўзлари ёшланди Зирафо опанинг. − Бошларингда даданг бўлса ҳам эди …
− Сиз эртага боринг-чи? − пича ўйлаб туриб қўшиб қўйди Аъзамжон: − Шокир домла қизини менга беради. Мен … у қизни олмасам бўлмайди.
Аъзамжоннинг ҳислари алдамаган эди. Орқаваротдан обдон сўраб-суриштирган Шокир домла Зарифо опа ва Мақсуд акаларга ўзларининг розиликларини билдиришди. Қизлари Хадича ҳам “Ўша, уйимиз олдида намоз ўқиб кетган йигит бўлса, … розиман”, дебди.
Бу ёғи тезлашиб кетди. “Уч ойда келин топаман”, деб уч йилда ҳам тополмаган Зирафо опа Хадичани уч ойнинг ичида “данғиллатиб” тўй қилиб олиб келди.
Энг қизиғи, Аъзамжон тўққиз-ўн ёшда эканида аразлаб кетган, шундан бери уларнинг хонадонига оёқ босмаган Қурбонгул опа ҳам тўлиб-тошиб, тўй куни кириб келди.
− Укагинамдан қолган ёдгорим бахтини топади-ю, мен қандоқ қилиб бир четда турар эканман? Эй, машшоқ, доирангни гумбурлатиб чал, Қурбонгул момонг бугун тонг отгунча рақсга тушади!
Хадича билан бирга баракот, яхшиликлар кириб келганининг белгиси эди бу..
Каримберди Тўрамурод.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев