"ҒИЛДИРАГИ ТЕШИЛГАН" ЙИГИТ.
"Муқаддима ўрнида"
1-қисм.
...Ўша йили баҳор серёғин бўлди.
Ўт-ўланлар қуёшнинг тафтида яйраб ўсишди.
Болтавой аканинг томорқа ҳовлисини қуршаб турган гувала девор тагларида
ҳам шўраю янтоқлар гуркираб барқ урди.
Мўйсафид ёмғир сувларидан занглаб қолаёзган кетмонини қўлига олиб, уларни бир бошдан чопишга ҳозирланди.
Аммо нигоҳи янтоқларнинг юза қисмида сап-сариқ танаси чувалчанглардай чувалашиб ёпишиб ўсаётган чирмовиқларга тушди-ю, феъли айниди:
– Оббо, ярамаслар-ей, – деб қўйди чол ўзига ўзи гапириб. – Уларни тез юлиб
олиб ташлаш керак. Бўлмаса, бутун экин-тикинни хароб қилади.
– Ҳой, Мафтуна!
Туфлисини тозалаганча ишга кетишга ҳозирлик кўраётган қизи "Ҳувв!", дея овоз
берди.
– Онангга айт, манави чирмовиқларни тез юлиб ташласин!
– Ойим ҳозир овқат қиляптилар-ку!
– Шунақами? Майли-майли, – деб қўйди мўйсафид ва ўзича ғудраниб сўкиниб
чирмовиқларни юла кетди.
Шу маҳал кўчадан бир бегона кишининг "Ҳой, мулла ака! Ким бор!.."деб
чақирган овози келди.
– Отажон, сизни биров чақиряпти, шекилли! – қичқирди Мафтуна.
– Мана, ҳозир! – деди мўйсафид ва кетмонини бир четга қўйди-да, томоғини
маъноли қилиб чўзиб қириб олди."Қизиқ, танишларим исмимни айтиб
чақиришарди, ҳойнаҳой бирор бегона бўлса кераг-ов", деган ўйда ҳовлидан
салмоқланиб чиқиб кела бошлади.
Бу пайтда Мафтуна сумкачасини елкасига ила солиб, кўча эшикни очиб
улгурганди. Эшик олдида башанг кийинган, бўйинбоғли, лекин кастюмининг енги шимарилган, истараси иссиқ, ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги келишган шаҳарлик
бир йигит жилмайиб турарди.
– Ассалому алайкум, узр, сингилжон. Ғилдирагим қурғур шу ерга келганда
тешилиб қолса, денг. Уни алмаштириб, мундоқ қарасам, қўлни чайиб олишга сув йўқ экан, – деди у шоша-пиша.
– Келинг, меҳмон ака, ассалому алайкум. Ичкарига кира қолинг, отам борлар.
Обдастамизда илиқ сув бор, бемалол. Йигит оддий миллий кийимлари қадди-
қоматига ярашиб турган қизнинг жамолига бир оз маҳлиё бўлиб, юраги "жизз"
этиб кетди. Анчадан буён ўзини бунчалар сархуш сезмаганди. Қиз яна бир бор "Отажону-у!" деб қичқирди.
– У кишини овора қилмай қўяқолинг, ўзим... – деди шаҳарлик йигит.
Ичкаридан отахоннинг "Мана, кетяпман!" деган овоз келди.
– Узр, мен ишга кетаётгандим-да, – деди қиз ҳам ўзини ноқулай сезиб.
– Майли-майли. Сўраганнинг айби йўқ, хизматингиз қайси томонда?
– Қўшни қишлоқда. Мактабда дарс бераман.
– Бир оз тўхтаб турсангиз, йўл-йўлакай ташлаб ўтиб кетардим. Лой кечиб
юрасизми,– деди йигит, гўё ушлаб олган балиғини қўйиб юборгиси келмаган
овчидек шошилиб.
Қиз мулойим жилмайди. Жилмайганида кулдиргичлари ўйнаб, шаҳло кўзлари
шодланиб кетди. Бу ризолик аломати эди.
– Майли, ундай бўлса юринг, ўзим... – деди қиз секингина ва меҳмонни ичкарига
бошлади.Бу пайтда қизнинг онаси Ҳури хола ҳам "Меҳмон ким экан?" дегандек ошхонадан чиқиб келганди.
Кампирнинг қўли ун юқи бўлиб, угра оши пишираётганди. Чоли бу овқатни хуш
кўради. Юмшоққина, қатиқлаб ичсанг, тез ҳазм бўлармиш. Болтавой ака башанг кийинган меҳмонни кўриб қадамини тезлатди.
Негадир "Ҳойнаҳой, бирор янги депутатлардан бири бўлса кераг-ов", деган ўйга борганди.
– Келсинлар, кираверсинлар! Ҳой, Ҳури, тез меҳмонга қаранглар! – деди у
узоқдан буйруқ бериб. – Опчиқ кўрпачангни!
Ҳури хола қўлини сочиқ билан арта-арта зудлик билан ичкари томон ошиқди ва
сўрига янги якандозлардан сола бошлади. Мафтуна бўлса қўлида янги сочиқ ва обдаста билан меҳмонга пешвоз чиқди.
– Ассалому алайкум, отахон. Ҳорманг энди!
– Саломат бўлинг! Ие, келинг, меҳмон, – деди мўйсафид ва сўрашмоқ учун
қўлини узатмоқчи бўлган эди ҳамки, унинг "банд"лигини кўриб билагидан аста
тутган бўлди.
– Кўчаларингиз жуда ўнқир-чўнқир, сув, лой экан. Шу ерга келганимда ғилдирак
қурғур тешилиб қолса бўладими. Уни алмаштириб, мундоқ қарасам, қўлни
ювгани сув йўқ. Шу маҳал уйингиздан қизингиз чиқиб қолдилар.
У киши бизникига кира қолинг,отам борлар,обдастамизда сиз учун сув топилади, деб қолдилар. Шунга... – деди меҳмон қуйилаётган илиқ сувда қўлини ҳузур
қилиб чайқаркан.
– Жуда яхши қилибсиз-да.Бу обдастамиз ўзи жуда хосиятли-да. Унда ҳақиқатдан
ҳам сизга ўхшаган азиз меҳмонлар, покиза инсонлар қўл ювишади, – деди
мўйсафид мақтаниб..
– Э, шунақами... Раҳмат, синглим, илоҳим ниятингизга етинг.
– Арзимайди, – деди Мафтуна илтифот қилиб.
– Қани, сўрига марҳамат қилсинлар-чи, меҳмон, – деди мўйсафид тавозе билан.
– Ие, қанақа бўларкин-а? Ҳай, майли, бир дуо қилинг, отахон.
Улар ўтириб фотиҳа қилишди.
– Хуш келибсиз, меҳмон!
– Хушвақт бўлсинлар.Қалай, бардам-бақувват юрибсизми?Тинч ўтирибсизлари?
– Раҳмат, худога шукур. Мафтуна, тез чойга қараворинглар-чи.
– Хўп бўлади, отажон, – деди Мафтуна ва ошхона томон йўналди.
– Э, йўқ, чойни бошқа сафар... – деди шошиб меҳмон йигит.
– Келинг, меҳмон, хуш келибсиз, – деди шу маҳал эшикда аввал бир оз боши
кўриниб, сўнгра бутун бўйи-басти билан ийманибгина пайдо бўлган Ҳури хола.
У хонтахта устига дастурхонни тезлик билан ёзиб қўйди.
– Овора бўлманг, уринманг, хола. Раҳмат, энди мен борай...
– Вой, угра ошим тайёр-а, насибангизни ташлаб кетманг-да, энди... – деди аёл
бўш келмай.
Бу пайтда Мафтуна чой олиб келди-да, уни пиёлаларга қуйиб, келинчаклардай
тавозе билан узатди. Чойни ҳўплашга улгурмасларидан, бир косадан овқат
қуйиб келинди.
Дастурхонда бир коса қатиқ ва аччиқ қалампир ҳам пайдо бўлди.
– Қани, нондан олинг-чи, ўғлим. Лекин бу ўзимизнинг жайдари буғдойдан,
тегирмонда торттириб келганман, қорароқ-да, кўнглингизга келмасин тағин,
– деди мезбон отахон кулиб.
Меҳмон иложсиз косани қўлга олиб овқатдан ичган бўлди, нондан тишлади.
– Узр, меҳмон, хотин қурмағур гўштсиз овқат қилибди. Айбга буюрмайсиз-да,
гўшт одамни тез қаритармиш...
Меҳмон мўйсафиднинг самимий инсон эканлигиданми ёки гаплари
ҳақиқатлигиданми, завқланиб иштаҳаси очилиб кетди.
– Қатиқдан кўпроқ қўшиб олсинлар, қани, шунда гўштсизлигиям билинмайди.
Меҳмон шундай қилди. Қатиқни яхшилаб аралаштириб уни татиб кўрди.
– Ҳа-ҳа, ростданам жуда хушхўр бўлипти.
– Қалампирдан ҳам эзиб-эзиб олсинлар. Шунда янада таъм киради.
Эркаклар кулишди. Ҳури хола билан Мафтуна ҳам уларни бир четда жилмайиб
кузатиб туришарди.
– Жуда мазали бўпти. Мен чиндан ҳам бундай хуштаъм овқатни умримда
емагандим.
– Ҳа, – деди мўйсафид ўйчан. – Инсон гўштсиз, овқатсиз, оч-юпун ҳам яшай
олади. Сабр-тоқат қилади, лекин адолатсизликка чидай олмайди...
Қаранг, уйимизнинг аҳволини, юртимизнинг ҳамма жойида ободончилик,
маъмурчилик бўлаётган бўлсаю, бизнинг кўча... яхшиям ўзингиз кўрдингиз.
Туманимиз раҳбарлари эса тухум босиб ўтираверишса, одамга жа алам
қиларкан-да.
– Ҳа, йўлларинг жуда ёмон экан. Кўчада сув ҳам йўқ.
– Кўча тугул, уйда ҳам ичгани сув йўқ. Уни ҳар куни икки чақирим наридан,
дренаж сувидан ташиб олиб келамиз.
Меҳмон хижолат бўлиб кетди. Ўзини ноқулай сезиб:
– Ие, унда узр, мен билмай...
– Э, сиз кўнглингизга олманг. Меҳмонлар учун бу муқаддас обдаста ҳеч қачон
қуруқ турмайди.
– Нега уни "муқаддас" дейсиз? – Сўради меҳмон эски мис идишга бир бор кўз
қирини ташлаб оларкан.
– Бу бизнинг оиламиз учун муқаддас ҳисобланади. Бобомнинг бобосидан
қолган-да.
– Бу, тахминан неча йил дегани?
– Тахминанми? 400–500 йил бўлар-ов. Айтишларича, буни Бобурийлар
хизматида бўлган катта бобомиз Ҳиндистондан олиб келган эканлар.
Меҳмон обдастани қизиқиб қўлига олиб гир айлантириб кўрди.
– Эҳ-ҳа, ҳақиқатан антиқа, ноёб нарсага ўхшайди. Бунингизни уйга олиб кириб
қўймайсизми? Жа қиммат турса керак-а?
– Менимча, бу бебаҳо. Чунки бобокалонимиз бу обдаста хонадонимизга фақат
қутбарака олиб келишини, ҳар даврнинг ҳалол-покиза инсонларинигина ўзига
чорлашини, уларга доимо эгилиб сув қуйиб хизмат қилишини ният қилган
эканлар. Бундан қўл ювган инсонларнинг юрагига фақат яхшилик сингармиш,
нопок, кўнгли қинғирлар бўлса, покланармиш.
Мана, сиз ҳам кўринишингиздан ҳалол, пок инсонга ўхшаб турибсиз, меҳмон.
Меҳмон чолни тингларкан, нозик, оппоқ бармоқлари негадир титраётганини ҳис
қилиб безовталаниб қолди.
– Ш-шунақа денг... – деди у ўйчан. – Бўпти, бўлмасам, мен энди борай. Исмим
Омонулла. Қизингиз ҳам ишдан кеч қолмасинлар. "Ўзим йўл-йўлакай ташлаб
ўтиб кетаман", деб у кишини йўлдан қайтарувдим.
– Э, шунақами? Йўлингиз тушганда киринг. Дўппидай ош дамлаб бераман,
хўпми?
– Раҳмат, – деди Омонулла ва киссасидан ташрифномасини чиқариб бераркан. – Манави менинг манзилим, бирор хизмат бўлса ҳам бемалол айтаверасизлар.
– Э, биз шаҳарга нимагаям борардик, ўғлим. Энди бунга ҳожат қолмади.
Деҳқончилик маҳсулотларимизни олиб-сотарларнинг ўзлари томорқамиздан
арзимаган чойчақага олиб кетишяпти, – деди мўйсафид хўрсиниб, кейин яна
қўшиб қўйди: – Буларнинг барига чидаса бўлади, лекин болаларга жуда қийин
бўляпти-да.
– Нега энди, отахон?
– Шу десангиз, қишлоғимизда мактаб йўқ. "Ҳеч бўлмаса бошланғич синфлар
учун қуриб беринглар", деб арз қилмаган жойим қолмади.
Туманимиз амалдорлари "Хўп-хўп" дейишади-ю, қоринларини қашлашдан
нарига ўтишмайди. Уларнинг бири кетиб яна бошқа шунақаси келавераркан.
Худди машинангизнинг ғилдирагига ўхшаб алмашаверишаркан. Лекин
маҳалла-кўй, халқ ўз ўрнида қолаверади-да, – дея ҳамон куюниб сўзларди
мўйсафид.
– Қани энди бу дунёда уларни инсофга чақириб қўядиган бирор мард одам
топилсайди...
Омонулла чолнинг эзмалигига чек қўйгиси келдими, ҳар ҳолда, гапни бошқа
мавзуга бурмоқчи бўлди:
– Лекин чойингизга гап йўқ. Жа ширин экан.
– Ҳа, қумғонники-да, ўчоқда қайнаган.
– Ие! – деб юборди Омонулла ажабланиб. – Газ ҳам йўқми?
– Газ қаёқда, тезакни таппи қиламиз.
– Э-ҳа. Унда тараққиётдан буткул узилиб қолибсизлар-ку, а?
Омонулла теварак-атрофига разм солди. Пастқам лойсувоқ уй, устки қисми
нураб тушаётган гувала деворларга кўзи тушиб, чиндан ҳам ачиниб кетди.
– Отахон, сизга бир гап айтайинми? Шу пайтда калламга бир холис ният келиб
қолди-да, нима дедингиз? – деб сўради у беихтиёр.
– Ҳа, бемалол, меҳмон.
– Мана, ғилдирагим баҳонаи сабаб бўлиб, сиз билан танишиб қолдик, жуда
хурсандман. Дастурхонингиздан туз тотдим, қадимий обдастангизда қўл ювдим,
покландим. Худо хоҳласа, қишлоғингиз муаммоларини ҳал қилишда қўлимдан
келганича ўз ёрдамимни аямайман. Қани, энди бир дуо қилсинлар!
Болтавой ака дуога қўл очди:
– Қани омин, юртимиз ҳамиша тинч-осойишта бўлсин! Ризқимизга, умримизга
худойим баракасини бераверсин. Кимки, нимаики яхши ният қилган бўлса,
ниятига эришаверсин! Оллоҳу акбар! Хуш келибсиз, азиз меҳмон! Омонулла
ўрнидан туриб қуллуқ қиларкан, мўйсафид чаққонлик билан обдастани яна ўз
қўлига олди. Мафтуна бўлса ширин жилмайиб, сочиқ ҳозирлади.
– Ўзларидан бўлсин, қани. Мен қуя қолай, – деди Омонулла обдастага ёпишиб.
– Йўқ-йўқ, сиз азиз меҳмонимизсиз, менинг қўлим табаррук-да.
– Қани, бўлмаса, табаррук қўлларидан-а... – деди йигит ниҳоят таслим бўлиб.
– Бисмиллоҳир раҳмонир роҳим, мартабангиз бундан-да улуғ бўлсин, илоҳим.
– Ҳа-ҳа, раҳмат, – деди меҳмон илжайиб.
Мафтуна ийманиб сочиқни узатди. Энди Омонулла обдастани ўз қўлига олиб,
отанинг қўлига ўзи сув қуйиб бера бошлади.
– Лекин обдастангизга гап йўқ. Уни эҳтиёт қилинг, отахон. Ҳозир нима кўп – ўғри,
фирибгарлар кўп.
– Айтишларича, буни ҳаётда тўрт маротаба ўғирлаб кетишган экан. Лекин ўша
олиб кетганларнинг бошига ҳар хил мушкул ишлар тушиб, тавба-тазарру билан яна уни қайтариб ташлаб кетишганмиш.
– Э-ҳа, бу мўъжиза-ку, отахон, – деди Омонулла чиндан ажабланиб идишни
авайлаб жойига қўйиб қўяркан.
– ...Хўп, раҳмат, яхши қолинглар бўлмасам. Қани, кетдик, сингилжон.
– Ҳа, бу қизимгаям қийин бўлди. Қўшни қишлоққа тушган эди. Касофат эри
бемаъни чиқиб қолди. Ажралишди. Мана энди сарсон. Иш жойи ўша ёқда, ўзи
бу ёқда... – деди ота афсусланиб.
– Ҳа, энди, қишлоғимизда мактаб бўлмаганидан кейин нимаям қила олардим...
– деб қўйди Мафтуна ҳам қўнғироқдек қилиб.
Унинг сўзлари Омонулланинг дилини вайрон қилди. Йигит хонадон остонасидан гўё елкасига оғир юк ортиб олгандай қийинчилик ҳис қилиб чиқиб келди.
Унинг қалби бу дунёда самимий инсонлар борлигидан фахр туйғуси билан
лиммо-лим эди.
У мўйсафид билан худди эски қадрдонлардек қучоқлашиб хайрлашди ва
машинасига ўтираётиб гап қотди:
– Худо хоҳласа, ҳали мактаб ҳам, газ ҳам, сув ҳам бўлади, отахон.
Ҳали кўрасиз, кўчангизга асфальт ҳам ётқизиб беришади. Ҳа, айтмоқчи,
координатларингизни, яъни бу ернинг аниқ манзилини ёзиб берсангиз.
– Мен ёзиб бера қоламан, – деди Мафтуна ва "Газ-24" русумли машинанинг
орқа ўриндиғига ўтирди-да, Омонулла узатган ён дафтарчасига қоралама қилиб берди.
– Хўп, сафарингиз бехатар бўлсин, ўғлим, – деб Болтавой ака дуо қилиб қолди.
Орқадан Ҳури хола ҳам шошиб чиқиб келди. Машина ўрнидан оғир қўзғолди.
– Ҳа-а, жуда ўқимишли йигитга ўхшайди, – деди хола машина ортидан кўз
узмай. – Лекин сиз унга қаёқдаги муаммоларингизни айтиб бошини тоза
қотирдингиз-да, чол.
Қизингизнинг турмушидан ажрашганини айтиб нима қилардингиз?
– Бекорга айтмадим. Кўрмаяпсанми? Ахир у туманимизнинг янги депутати
бўлиши мумкин. Булар ўзи шунақа. Сайлов олдидан бир-бир қишлоқларни
айланиб келишади-да, сайлов ўтганидан кейин қорасиниям кўрсатишмайди.
Бунисиям бир келдию кетди-да.
– Ота-бобонгиздан қолган обдастангизнинг қудратини бир синаб кўрарканмиз-да
энди, дадаси.
– Ҳа, албатта. Яхши ният қилаверайлик-чи, хотин. Мана кўрасан, кўнглим бир
нимани сезиб турибди, ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Ғилдираги тешилган бу
йигитда бир хислат борга ўхшайди. Мана кўрасан, у уйимизга яна келади.
Манзилимизни бекорга ёзиб олмади, – деди Болтавой ака ишонч билан.
Омонулла машинасини кўлмаклардан эҳтиётлаб, рулни бошқариб бораркан,
салон ойнасидан орқа ўриндиқда ўтирган хушрўй чеҳрали бева жувонга ҳар
замонда кўз қирини ташлаб қўярди.
Аёл эса жимгина ташқарини кузатиб хаёлчан борарди. "Яхши қиз экан.
Бечора, ажралишган экан-да", деб қўйди у хаёлан ва Болтавой акани эслаб,
мийиғида кулиб қўйди.
У шундай содда, меҳмондўст, дилкаш инсонлардан таниш орттирганидан
мамнун эди.
– Оббо, Болтавой ака-ей, – деб юборди у бехосдан ҳаяжонини яшира олмай.
Қиз бир чўчиб тушди. – Зап, отангиз бор экан-да, лекин.
– Ҳа, у киши жуда ажойиблар.
– Демак, бу ер нима деб аталади?
– Бошқўрғон тумани, Тошқўтон қишлоғи.
– Ҳа, оти сал ғалатироқ экан. Туман ижроқўм раиси ким эди?
– Мирбадал ака Боқиевич.
– У киши қачон сайланганди?
– Икки йилдан ошиб қолди.
– Ёши нечада?
– Сиздақа. Туришиям сизга ўхшаб кетади. Сиз ўзи қанақа соҳада ишлайсиз?
– Мен ҳам давлат ишида-да, – деди мийиғида кулиб Омонулла.
– Эҳ-ҳа, унда бу ўнқир-чўнқир йўлларда, лой-тупроқ қишлоғимизда нима қилиб
юрибсиз?
– Ҳа, шу ерда зонада бирга бўлган, ҳалиги... – дея тутилиб қолди йигит ва қовун
тушириб қўйганини англаб қолди. – Э, йўғ-е, ҳалиги армияда бирга хизмат қилиб, зонани
қўриқлаган ошнамникига келувдим, – деди базўр.
– Шунақами? "Зона" десангиз, юрагим "шувв" этиб кетди.
– Нега?
– Хўжайиним қамоқда-да.
– "Ажрашишган" дегандек бўлдилар, чамамда?
– Ҳа, шунақа бўлган. Эрим доим сафарда бўларди – "Камаз" ҳайдарди.
– "Дальнобойшик" денг.
– Ҳа-ҳа. Кейин билсам, Қозоғистонда уйланиб олибди. Уйга жуда кам келарди.
Кейин бир ишкал иш қилиб узоқ муддатга қамалиб кетдилар. Кейин... менга
талоқ хати юборибдилар.
– Оббо, муттаҳам-ей. Болаларингиз борми?
– Ҳа. Икки ўғлимиз бор, тўрт яшар, Ҳасан-Ҳусан.
– Улар ҳозир қаерда?
– Қайнонамникида. Энди уларниям олиб келмоқчиман.
– Опа-акаларингиз ҳам бордир?
– Бир опам, икки акам бор. Акаларим сизга ўхшаб шаҳарлик бўлиб кетишган.
Қишлоққа ҳеч келгилари келмайди. "Яшашга шароит йўқ", дея нолишгани
нолишган. Мен кенжа қизман.
– Ҳа. Ҳаёт шунақа экан-да. Бу ёғини сўрасангиз, бизнинг тақдирларимиз ҳам
ўхшаб кетаркан. Мен ҳам хотиндан куйган қулларданман. Биз ҳам ажрашганмиз, сўққабошман.
– Нима сабабдан?
– У тиллафуруш эди. Бойликка ўч, очкўзлиги бошига етди. Хориждан кўп
миқдорда ноқонуний товар олиб келаётиб, қўлга тушиб қолди. Ўша ёқда уни суд қилиб қамашди. Ҳеч нима қила олмадим. Кейин билсам, менга хиёнат ҳам
қилиб юраркан, – деди Омонулла чуқур хўрсиниб.
– Гапираман десам, гап кўп, – деди қисқа қилиб.
– Мана баҳонаи сабаб, танишиб олдик. Шаҳарга тушиб қолсангиз, қўнғироқ
қилинг, хўпми?
Хизмат бўлса, бемалол айтаверинг.
– Хўп, раҳмат. Омон бўлинг, – деди Мафтуна майин табассум қилиб.
У машинадан тушиб қоларкан, Омонулла негадир юрагининг бир бўлагини шу
ерда қолдириб кетаётгандек ҳис қилиб, алланечук бўлиб кетди.Мактаб
дарвозаси томон бораркан, аёлнинг қўш кокиллари гўё хиром этаётгандек
ўйноқларди. Омонулла беихтиёр унинг ортидан тикилиб қолди.
"Яхши жувон экан. Ҳали бахти очилмаган кўринади. Қани энди менга шунақаси насиб қилса эди... – деди у хаёлан ва машинани беихтиёр ўрнидан қўзғотди.
Мафтуна ортига яна бир бора қараб, қўл силкиб қўйди. – "Ишларимни бир ёқли қилиб олай. Мен албатта сизни қидириб келаман, Мафтуна", деб қўйди йигит ўз-ўзига ваъда берган бўлиб.
Бошқўрғонлик зонадош дўсти Собирнинг илтимосига кўра унинг уйидан хабар олган Омонулла машинани ғизиллатиб бораркан, ўзининг ҳаёти ва тақдири ҳақида чуқур ўйга толди.
Ҳаш-паш дегунича, ёши ҳам бир жойга бориб қолибди. Дунёга келиб нима орттирди ўзи? На оиласи, на фарзанди бор. Тўғри, пули етарли, лекин бахтиёр эмас. Эҳ-ҳе, ҳаётимда не-не боши очиқ беваларни кўрдим, аммо Мафтуна уларга ўхшамас экан...
У сигаретани тутатаркан, ҳозирда бошқа бир шўрпешонага турмушга чиқиб
кетган биринчи хотини, бевафо Зиёда ҳақида эслади.
Давоми бор...
НАБИЖОН ҲОШИМОВ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 5