ҚИССА.
9-қисм.
Заур Урусхонга яқин келиб, уни турган ерида бир неча марта айлантирди. Урусхон рақибининг қаерда турганини чамалаш имконидан маҳрум бўлди. Темир Зурабни ҳам ҳудди шундай айлантиргач, белидаги камарида осиғлиқ турган тўппончани чиқариб осмонга қарата ўқ узди.
Рақиблар бараварига ханжарларини яланғочлашди. Бўйлари баландроқ, қўллари узунроқ бўлган Урусхоннинг ғалабага ишончи зўрроқ эди.
Атроф бир нафаслик ўлик сукунат ҳукмида қолди. Ҳатто пастда жўш ураётган Қизилдоннинг шовқини ҳам тингандай бўлди. Ҳамма нафас ютиб уларнинг ҳаракатини кузатади. Арзимас туюлган шарпа ҳам рақиблардан бирига йўл кўрсатиб қўйиши мумкин. Шу боис барчанинг жим туриши шарт. Рақиблардан бири даврага яқинлашсагина шарпасиз чекинишларига ижозат этилади.
Урусхон биринчи ҳамладаёқ рақибига ханжар уриш иштиёқида ёнади.
Темирнинг ишораси билан даврадагилар ҳудди рақс пайтидаги куйга жўр бўлгандай қарсак чала бошладилар. Рақиблар бир-бирларига орқама орқа турганлари сабабли қарсак овози пастроқ эди. Урусхон эҳтиётлик билан бир неча қадам босиб рақибидан узоқлашган эди, қарсак товуши янада пастлашди. Зураб рақибидан узоқлашганини англади. Урусхон кераксиз томон юрганини сезиб, орқасига кескин ўгирилди. Қарсак овози баландлади-ю, рақиблар янада сергак тортдилар. Урусхон ўлжасига пусиб яқинлашаётган йўлбарс каби эҳтиётлик билан қадам босарди. У рақибига рўпара келмай, яна ёнидан ўтиб кетгач, қарсак овози пастлади. Урусхон ўгирилди-ю, тўхтаб, бирон шарпани илғаш мақсадида атрофга зийраклик билан қулоқ тутди. Бу сафар Зураб юра бошлади. Қарсак баландлади. Урусхон “рақибим ёнимда турибди”, деган ўйда ханжар урди. Аммо унинг ўткир ханжари фақат ҳавони кесиб ўтди халос. Қарсак овози яна кучайди, сўнг бирдан тинди. Бу рақибларнинг яқинлашиб қолганларига ишора эди. Урусхон чаққонлик билан сакради. Шу сакрашида рақибни ерга йиқитиб, ичак-чавағини ағдариб ташлашни ният қилган эди. Бироқ мўлжални олишда янглишди – Зурабнинг ёнгинасидан ўтиб кетди. Зураб эса фурсатни бой бермади, ханжарини силтаган эди, тиғ рақибининг биқинини тилиб кетди. Урусхон яраланган йўлбарс мисоли бир наъра тортди-ю, Зураб бор, деб тахмин қилган томонга ташланди. У қорни, сонининг қонга беланганига ҳам парво қилмай, яшин тезлигида ҳаракат қилиб, ён-атрофида ханжар ўйната бошлади. Рақибининг яраланганини билган Зураб айёрлик қилиб, ўтириб олди-да, мушук каби пайт пойлади.
Рақиблар орасидаги масофа ошди. Яна қарсак янгради. Энди бахт Зураб томон кулиб боққандай, Урусхоннинг баланд бўйи, узун қўлларидан наф йўқдай эди. Ғазаб ва оғриқдан хансираб, жойида туриб қолган Урусхон кучдан кетганини сездириб қўйди. Зураб эса сапчишга тайёр ҳолда унга пусиб яқинлашди.
Улар орасидаги масофа қисқаргач, қарсак яна тинди. Ярадор Урусхон ханжарини силтаб яна ҳавони кеса кетди. Зурабнинг ханжари ҳам ҳавода ўйнай бошлади. Бирдан уларнинг ханжарлари бир-бирига урилиб, жаранглади. Кодат ўғли энди нима қилиши лозимлигини ўйлагунича Урусхон чап қўли билан унинг ўнг қўлини ушлаб олди. Аммо абрек ўнг қўли билан унга зарба беришга улгурмади. Зураб чаққонлик билан ханжарини чап қўлига олди-да, рақибига бор кучи билан тиғ санчди.Урусхоннинг қаршилиги сўниб бораётганини сезган Зураб муддаосига етганига ишонч ҳосил қилди.
Урусхон мувозанатини йўқотиб, гандираклаганича орқасига чекинди. Ханжарини ташлаб, қон отилаётган бўғзини ушлади. У наъра тортгиси, буларни лаънатлагиси келди. Аммо овоз ўрнига ёввойи хирилдоқ эшитилди халос. У гурсиллаб йиқилди.
-Тбау-уац-Ила! Тбау-уац-Ила!-деб қичқирди Зураб тантанавор оҳангда. У рақиби йиқилган жойни тахмин қилиб юрди. Деярли ҳаракатсиз ётган Урусхоннинг гавдасига қоқилиб йиқилса-да, ханжарини қўлдан туширмади.
Ўлим талвасасидаги Урусхонда яна ғазаб ва қасос ҳисси уйғонди. У жон бермасидан олдин рақибини бўғиб ўлдиргиси келди. Аммо беҳол бармоқлари Зурабнинг томоғини излаб тополмади. Рақибининг чап қўлини пайпаслаб топиб, бемажолгина сиқди. Зураб эса қаддини кўтариб, тиз чўкди-да, унинг юзига бор кучи билан ханжар урди. Ханжар зарбидан суякларнинг қисирлаб кетганини атрофдагилар ҳам эшитишди. Чап билагини сиқмоқчи бўлаётган қўл бирдан бўшашди. Зураб тўла ғалаба қозонганини англади. Урусхоннинг бақувват гавдаси сўнгги марта бир силкинди-ю, жон таслим қилди.
Ҳамма ёғи рақиби қонидан қизариб кетган Зураб шунда ҳам жасадни қўйиб юбормади. Содиқ ҳамроҳи бўлган ханжаридаги қонни Урусхоннинг кийимига артиб, қинига солди-да, мушт қилиб тугилган қўлларини юлдузли осмон сари узатиб, жон-жаҳди билан қичқирди:
-Тбау-уац-Ила!
Туцатлар ҳам Тўтараевлар ҳам худоларига шукрона билдириш мақсадида бош кийимларини олишиб, унга жўр бўлишди:
-Тбау-уац-Ила!
Руҳонийлар шу оннинг ўзида худоларини шарафловчи ғалаба мадҳиясини айта бошладилар. Уларнинг бу жарангдор қўшиқлари водий ва довонлар тинчини бузиб, худонинг амри бажо келтирилганини Цагат Ламардонга хабар қилди.
Ғолиблик булутида сузаётган Зураб юз-кўзлари боғлиқ ҳолда жим турибди.
Одатга кўра ҳар қандай шароитда ҳам юзини очишга унинг ҳаққи йўқ. Тақдирга тан берган Заур Зурабга яқинлашиб, юз-кўзларига боғланган қулоқчинни ечди. Темир ботир ўғлонни бағрига босди. Ҳаяжон оғушидан қутула олмагани учун тили гапга келмади. Тўтараевлар бирин-кетин яқинлашиб, Зурабни олқишлашди. Урф-одатга бўйсинишга мажбур бўлиб, абрекни ўз оила аъзолари сифатида қабул қилган туцатлар ҳам олишувнинг бундай оқибатидан мамнун эканликларини яширишмади. Уларнинг наздида илоҳлари гуноҳкорни жазолаб, узоқ давом этган ташвишли кунларнинг бахтли якунини берган эди. Шу воқеа туфайли одамларнинг худолари қудратига ишончи ва ердаги ноиблари ҳисобланмиш руҳонийларнинг авом орасидаги обрў-эътибори ошажагидан улар айниқса мамнун эдилар.
Ҳамма ғалаба нашидаси билан маст бўлиб турган дамда Заур ҳукумат томонидан ваъда қилинган мукофотни эслаб қолди. У Тамбини четга тортди-да, пичирлаб маслаҳатлашди. Маслаҳат тезда пишди: оға-ини абрекнинг жасадини бирор қабрга кўмадиган, калласини эса узиб, шаҳарга олиб топширадиган бўлишди. Тбау-уац-Ила бу куфронийнинг бошини танидан жудо қилиш эвазига ҳукуматдан беш минг рубл олиш бахтини бу руҳонийларига насиб этган экан, ким ҳам иддао қилиши мумкин? Акасидан фотиҳа олган Тамби жасадга яқинлашди-да, ханжарини яланғочлаб, қулоқчинга ўроғлик каллани танадан узиб олиб, хуржунига солди. Ўлим топган рақибининг ханжари, энли камари ва черкасча камзули кўкрагига қадалган ўқдон одат тартибига кўра Зурабга насиб этди.
Отига чаққон минган Хадар Туцатга ўликни узатишди. У ҳали қони қотиб улгурмаган бошсиз жасадни отнинг бўйнига қўйиб олди. Инсон қонининг ҳиди димоғига урилган от асабий равишда пишқирди. Аммо эгаси жиловни қаттиқ тортиб тургани учун жойидан жилолмади. Заурнинг ишораси билан бир неча ёш туцатлар отларига минишгач, Цагат Ламардон сари юрдилар.
НОМУС
Улар нари кетишгач, Заур Темир, Тамби, Зураб ва яна бир неча Тўтараевлар ҳамроҳлигида юқорига, қизи қолган ғорга кўтарила бошлади. Ғорда фақат отни кўришди, Золийхон йўқ эди. Зураб ғор қоронғилигида ҳам отини таниб, ичида рақибини яна лаънатлаб қўйди.
Улар Золийхонни қанча қидиришмасин, қанча чақиришмасин, жавоб бўлмади. Умидлари синиб пастга қайтиб тушишмоқчи бўлиб туришганда, ғор оғздан нарироқда, жар ёқасидаги майдончада оқ нарсага Зурабнинг кўзи тушди. Пастдаги олишув кафтдек кўриниб турадиган майдончада Золийхон беҳуш ётарди. Беҳуш қизни ўраб олганлар унга жимгина қараб туришди. Жимликни Заур бузди. У Тбау-уац-Иланинг гуноҳкорни жазолаганини, бу ҳақда илоҳий кечада Тбау чўққисида хабар берилганини, ниҳоят илоҳларининг яна бир ихтиёри амалга ошажагини, яъни Золийхоннинг Керимга хотин бўлажагини айтди.
Темир унинг гапларини бўлмай эшитди. Кейин бош чайқаб, унинг кейинги башоратини қатъий равишда рад этди:
-Тўтараевлар номус-ор нималигини яхши биладилар. Тўтараев ўғлонларида никоҳ кечаси ўйнаши билан қочиб кетган беҳаё қизга уйланиш одати йўқ!
Туцатлар лаб тишлаб қолишди: Темир ҳақ!
Заур Керимнинг Золийхонга уйланиши худонинг иродаси эканини яна қайтариб айтди.
-Ким билади, бунинг қизлик номуси қолганми ё йўқми?-деди Темир яна қайсарлик билан.
-Бундай гумонга борма,-деди Тамби.-Биз уларни изма-из таъқиб қилиб келдик. Бунақа ишни ўйлашга ҳам фурсатлари бўлмаган.
Яқиндагина номус йўлида якдил бўлганлар энди айнан номус масаласида айри-айри бўлдилар. Бирларининг гаплари иккинчиларига тўғри келмай, узоқ баҳслашдилар. Ниҳоят, куёвнинг келишини кутишга қарор қилдилар: “Золийхонга уйланадиган Керим нима деса шу бўлади”. Ҳануз беҳуш ётган Золийхонни бўрк устига олдилар-да, авайлаб кўтарганларича аста-секинлик билан пастга олиб тушдилар.
Қизни йўл четига ётқизиб, тун совуғи таъсир қилмасин, деб устига бўрк ёпдилар. Куёвнинг қарорини билмай туриб тарқалишни ҳеч ким истамади. Йигитлар қоя панасида гулхан ёқдилар. Тўрт йигит таом келтиргани кетди.
Зураб куёвнинг тутинган акаси, келиннинг яқин кишиси сифатида Золийхонга хизмат қилиш истагини билдирди. Дарё лабига тушиб папоғини муздек сувга тўлдиргач, аста юқорига чиқди-да, беҳуш қизнинг юзига сепди. Бахтсиз қиз ўзига келди. Қаддини кўтариб атрофига аланглади. Қаердалигини англади. Бир неча дақиқа илгари шу жойда юз берган даҳшатли фожиа яна кўз олдида гавдаланди. Кўзларини катта-катта очганича тебраниб ўтираверди. Бироздан сўнг тебранишдан тўхтаб, рўмолчасини олиб, юзини артди. Шундан сўнг гўё тошдек қотиб ўтирди.
Зураб тун бўйи ундан кўз узмади.
Куёв навкарлари билан висолга ошиқаётган Керим довонга етиб келганида қуёш анча баландлаган эди. Йўл бўйида тўпланиб турган одамларга кўзи тушиб, аввалига ажабланди. Яқинроқ келиб, танишларини, қариндошларини кўрди-ю, ҳайрати янада ошди. Отдан сакраб тушиши билан Зураб унга биринчи бўлиб яқинлашди. Абрекнинг келинни олиб қочгани, шу ерда қўлга тушганини шоша-пиша айтиб берди.
-Урусхон қани?-деб сўради Керим, ғазабдан вужуди ёниб.
-Ажали уни шу ерда кутиб олди,-деди Зураб камтарлик билан. Олишув ҳақида гапириб ўтирмади. “Вақти келганда бошқалардан эшитиб, билиб олар”, деб ўйлади.
Керимнинг хаёли ҳозир бошқа муҳим масала билан банд, шу боис Урусхоннинг қандай ўлдирилгани билан қизиқмади:
-Золийхон қани?
-Ана, бўрк устида ўтирибди. Керим, сен ундан…
Зураб “шубҳаланма” демоқчи эди, Керим унинг гапини шарт узди:
-Отам нима дейди?
-Энди уйланиш ё уйланмаслигингни ўзинг ҳал қилар экансан.
Улар тўпланиб турган одамларга яқинлашдилар. Салом-алик жимгина, ғоят совуқлик билан ўтди. Керимнинг кўзи йўл ёқасига тўшалган бўрк устида ухлаб ётган Золийхонга тушди. Заур номуси топталган куёви билан гаплашиб олиши зарур эканини англади.
-Керим Тўтараев, мен ва менинг укаларим ҳозир сенинг қаршингда уятли ҳолда турибмиз. Сен ўз марҳаматингни аямай, туцатлар авлодидаги қизга уйланиш истагини билдирдинг. Аммо биз учун ҳам кутилмаган, кўз кўриб қулоқ эшитмаган шармандалик юз берди. Бизга ўғил бўлиб тутинган одам одатимизга хиёнат қилиб, қизни олиб қочди. Қиз зўрлаб олиб қочилганми ё ўз хоҳиши билан қочганми, буни биз билмаймиз. Аммо биз гуноҳ ишга қўл урмасларидан уларни тутдик. Энди ҳамма гап ўзингда қолди: унга уйланиб, уйингга олиб кетасанми ёки никоҳни рад этиб, қизимизни ўзимизга қайтариб берасанми?
Бу гаплар тўпланганларга маъқул келиб, ўзаро шивирлашиб олишди.
Ҳаяжон ва қарама-қарши хислар тўфони таъсиридан Керимнинг чиройли юзи оқариб кетди. Нима деб жавоб беришни билмай, отасига нажот кўзи билан қаради. Темир ўғлини даврадан четроққа бошлади. Ёши улуғ Тўтараевлар ҳам унга эргашдилар.
Темир ўғлининг эркини бутунлай ўзига бергани ҳолда Золийхонга уйланиш уни бахтли қила олмаслигини, энг муҳими – бундай беор қизни ўз оиласига қабул қилиш ўзига ҳам, ака-укаларига ҳам анча оғир кечишини таъкидлашни унутмади.
Керим отасининг аҳволини тушуниб турса ҳам Золийхондан воз кеча олмайди. Бир неча йил мобайнида шу қиз ишқида азоб чеккан йигитнинг, маҳбубасига етишай деб турганда ундан юз ўгириши осонми? Қиз томондан муҳаббат бўлмаса-да, унга етишиш фикри ҳамон устун эди. Рақиби ҳалок бўлгач, севгиси йўли батамом тозаланганига ишонч ҳосил қилган эди.
-Мен у билан гаплашиб кўрай,-Керим шундай деб қиз томон юрди.
Аммо отасининг овози уни тўхтатди. Темир уни ҳоли жойга бошлади:
-Бир нарсани билиб қўй: номуси булғанган қизни уйимга олиб киришингга йўл қўймайман. Бу масалада ҳукм битта бўлади, шуни билиб қўй!
Керим: “тушундим, ота!” дегандай қўлини кўксига қўйди-да, қиз томон юрди. Ғала-ғовур туфайли қуш уйқусидан уйғонган Золийхон уни кўриб, ҳурмати юзасидан ўрнидан турди. Унинг оқ шоҳи кўйлаги ғижимланиб кетгани йигитнинг назаридан четда қолмади. Керим номусига бу қадар оғир зарба берган қизга қараб, нима деб гап бошлашини
билмай гарангсиб туриб қолди. Ўзини мафтун қилган гўзал чеҳрага қараб, ғам-алам булутининг қоронғи соясини илғади.
Қизга бўлган нафрати ва ғазаби пича сусайди. Шу боис ҳам унинг овози майин ва беозор чиқди:
-Золийхон, мен сени айбламайман. Севган одаминг ўлибди. Бундай ғамни кўтаришинг қийинлигини биламан. Аммо сен ҳам билиб қўй: сен севмаган кимса ҳали ҳам сени дейди, сендан воз кечишни хаёлига ҳам келтирмайди. Қалбингда унга ўрин бўлмаса ҳам, у сени уйига олиб кетишни истайди. У дунё ташвишларидан сени паноҳига олмоқчи. Унинг қанотида бўлсанг, балки ғамларингни аста-секин унутарсан.
Йигит гапираётган пайтда қиз осетинларнинг одатига риоя қилмайди – бошини эгмайди, кўзларини ерга тикмайди. Тош каби қотиб қолгандай унга бақрайиб қараб тураверади. Қофқазлик эрлар ҳеч қачон хотинларни эркаламайдилар. Бунга кўниккан хотинлар ҳеч қачон улардан бундай лутф кутмайдилар. Ҳозир эса… ўзга ҳол юз берди. Ҳақоратларга лойиқ қизга бунчалар меҳрибонлик?.. Золийхон ўз қулоқларига ишонмаса ҳам, йигитнинг гапларидан кейин ғам тўла юраги юмшади. Кўрган даҳшатларидан кейин илк марта йиғи келиб, кўнглини бўшатди. Унинг кўзларидан қуйилган ёш сели ёноғидан оқиб, кўйлагига тушди. Қиз шундагина уни шунчалар севган Керимга бевафолик қилиб қанчалар гуноҳга ботганини сезди. Чекинган ғами ўрнини жиноятини англаш туйғуси, уят ва шармандалик ҳисси эгаллади.
Золийхон ўзини бошқара олмай қолди. Беихтиёр равишда йигит қаршисида тиз чўкди.
-Оҳ, Керим! Нималар деяётганингни ўзинг биляпсанми? Мен сенинг бундай гапларингга муносиб эмасман!
Четда турганлар бу ҳолатни кўришиб “қиз кечирим сўраб ёлворяпти”, деб ўйлашди.
Керим қизнинг гапини бўлди:
-Золийхон, нима қилиш керак? Отам билан қариндошларим ихтиёрни ўзимга беришди. Энди сенинг истагингни билишим керак: мен билан бирга кетасанми?
-Керим, сен мени ҳурмат қилмаслигинг, гапларимга ишонмаслигинг ҳам мумкин.
-Золийхон,-деди йигит титроқ овозда,- ғамингга бефарқ эмасман, сенга ҳамдардман. Пушаймонингга ҳам, тавбангга ҳам ишонаман.
Қиз йигитнинг бу марҳаматини қабул қила олмади. Кескин бош чайқади:
-Мен бунга лойиқ эмасман. Мен сенга бевафолик қилдим. Ҳаддим сиғмаган одамга қўнгил қўйдим.
Керим қизни кечиришни истайди:
-Балки у сени қўрқитгандир… зўрлагандир?
-Йўқ, мен ўз ихтиёрим билан унга эргашдим,-деди қиз яна ўжарлик билан.
-Бўлар иш бўлиб ўтди,-деди соф қалбли Керим.-Тбау-уац-Иланинг ҳукми ижро этилди. Энди у худонинг ҳузурида ҳисоб беряпти. Сен билан иккимиз ҳали ер юзидамиз, қуёш нуридан баҳраманд бўляпмиз, илоҳимиз бизга ҳаётни инъом этди. Золийхон, мен сенинг жавобингни ҳозирнинг ўзида отамга етказишим керак. Агар сен ўзингни менинг олдимда айбдор деб ҳисоблаётган бўлсанг, нима учун гуноҳингни ювишни истамаяпсан? Ўтган гапларни унутайлик, мен сендан меҳримни аямайман. Сен кўп алам тортдинг. Кел, қўлингни бер, келажакдаги ҳаёт йўлларимизни бирлаштириб, биргаликда босиб ўтайлик. Шундай қилсак, бугунги зулматлар чекиниб, бизга ҳам нур кулиб боқар? Цагат Ламардонга қайтиб боришинг сенга жуда оғир бўлади. Охирги марта сўраяпман: мен билан бирга кетишни истайсанми?
Бу гаплардан кейин иложсиз қиз аста шивирлади:
-Агар хоҳишинг шу бўлса, сен билан бирга кетаман. Умримнинг охиригача фақат сен учунгина яшайман.
Бундан мамнун бўлган йигит енгил таъзим қилиб орқасига ўгирилди, лекин асосий нарсани сўрамагани ёдига тушиб, тўхтади. Тўхтади-ю, аммо сўрашга тили бормади, истиҳола қилди. Лекин сўрашга мажбур эди, шу боис тутила-тутила сўз бошлади:
-Золийхон… мени авф эт… яна бир нарсани… сўрашим керак… Буни сўрашни отам талаб қиляпти… У сени олиб қочганида… кечаси… кечирасан… ораларингда бирон нима бўлмадими?..
Керим очиқ гапиролмагани билан, Золийхон унинг мақсадини уқиб, изза чекди. Нечоғли уятли бўлмасин, мажбурият юзасидан берилган саволга жавоб қайтаришга мажбур эди.
-Йўқ, йўқ, Керим! Бунга… унинг вақти ҳам… имкони ҳам йўқ эди… Биз отга ўтира солиб шу ергача қочиб келдик. Ҳеч бир ерда тўхтамадик. Изма-из қувиб келишди.
Бу жавобдан кейин Керимнинг елкасидаги тоғ ағанагандай, енгил тин олди:
-Мен шундайлигини билардим. Мен сенга ишонаман. Аниқлаштириб олганим яхши бўлди, Золийхон. Энди номусли қиз сифатида остонамизга қадам қўйишингни отамга айтаман.
Йигит кетди.
Қиз софдил бу йигитнинг орқасидан югуриб, ҳақиқатни айтмоқчи ҳам бўлди, аммо уят ва ғурури бунга йўл бермади. Ҳатто оёқлари ҳам ўзига бўйсунмай қолди. Унинг гуноҳи катта ва қўрқинчли аждаҳо қиёфасини олиб, қаршисида қад ростлади-ю, бутун оламни гулдиратиб қичқирди:
-Билиб қўй, ҳой номуссиз қиз! Бу ҳам Тбау-уац-Иланинг жазоси!
НИКОҲ
Керим жавобни интиқлик билан кутаётган даврага қайтди. Унинг қарорини ҳар ким ҳар ҳил кайфиятда қабул қилди. Биров маъқуллади, бошқаси уни номусни қадрлай олмасликда айблади, яна биров афсус, яна бошқаси ажабланиш билан бош чайқаб қўя қолди. Куёвнинг аҳдини эшитгач, Заурнинг юрагини мажақлаб турган харсанглар қулади. Қайси бир йигит шунча гап-сўздан кейин ҳам номуссизликда айбланиб турган қизга уйланаман дейди? Ҳар ҳолда бу томонларда учрамайдиган камёб ҳодиса! Тўтараевларнинг ёши улуғлари бир нима демасалар ҳам, ёшлари Керимнинг бу бўшанглигидан ғазабланишди. Ундаги муҳаббатни бемаъни деб билиб, ҳафсалалари пир бўлди. Уларнинг қатъий фикрича, Керим қизни асло кечирмаслиги керак эди. Яхшики, бундай ҳолларда ёшларнинг фикри инобатга олинмайди, йўқса Керим оғир аҳволда қолган бўларди. Керим отасига Золийхоннинг иффатли, ор-номусли қиз эканини ишонч билан айтгач, Темир ўғлининг бу қарорига қарши чиқмади.
Бироқ Керим келинни даврага бошлаб келганда уни совуқ қарши олдилар. Саломи аликсиз қолди. Заур билан Темир никоҳ соат ўн бирга белгиланганини эслатгач, барчалари шошиб отларига миндилар.
Зураб келинга ғордан олиб тушган отини рўпара қилди. От қизга қараб аста пишқириб қўйди. Золийхоннинг назарида жонивор “Севгингни дарров кўмиб бўлдингми? Муҳаббат ўтининг сўниши шунчалар осонмиди? Вафодор бўламан, деб қасам ичиб эдинг. Сени ҳали қасам урмасайди…” деб маломат қилгандай бўлди. Қиз ўзининг хаёлига келган бу гаплардан сесканиб, ортига чекинмоқчи бўлди-ю, ўзини қўлга олиб, итоат билан отга минди.
Ҳамма никоҳ ўқиладиган черков томон юрди. Фақат Тамби шаҳарга қараб йўл олди. У ҳозир хуржунида қаппайиб турган калла эвазига ҳукуматдан мукофот олиш умидида маст эди. Аммо шаҳарга боргач, ҳукумат одамларига бу калланинг Урусхонники эканини исботлай олмаслигини ўйлаб ҳам кўрмасди. Далил учун абрекнинг қариндошларидан, ёки ҳеч бўлмаганда уни танийдиган овулдошларидан бирини олиб бориш зарурлигини у қайдан ҳам билсин. Катта пул ишқида кетаётган Тамбининг эртага қуруқ қўл билан қайтишини уни умид кўзи билан кузатиб қўйганлар ҳам билишмайди.
Тамби ўз йўлида, никоҳ карвони эса ўз йўлида кетиб боради.
Никоҳ карвони… Ажаб, Ажаб! Асъаса-ю дабдаба қани? Шодиёна-ю тантана қани? Йигитларнинг шўхликлари қани? Қувонч рамзи бўлган отишмалар қани? Йўқ… Ҳеч нарса йўқ! Бу карвон тўйни эмас, мотам маросимини эслатарди. Темир билан Заурнинг ўрталарида ёнма ён бораётган келин билан куёв жим. Ортда бораётган чавандозлар ҳам жим.
-Тўйга кетяпмизми ё ўлик кўмганими?-деб ўйлайди кўпчилик.
Православ руҳонийси уларни қишлоқнинг кичкинагина черковида кутиб олди. Бу ерда ўқиладиган никоҳ аҳди билан Золийхон билан Керимнинг эр-хотинлик мақоми қонун кучига киради. Фолбинликни касб этган осетин руҳонийлари қонун кучига кирувчи бундай маросимларни бажариш ҳуқуқига эга эмасдилар.
Келиннинг эзгин афт-ангори, ғижимланган кўйлаги,фақат эркаклар ҳамроҳлигида келиши руҳонийни шубҳага солди. Никоҳ ўқисамми ё ўқимасамми, деб иккиланди. Аммо Заурнинг қўлини сиқиб, маънодор қараб қўйишидан кейин шубҳани бир четга йиғиштириб қўйиб, никоҳ маросимини рисоладагидай бошлади.
Зураб билан Алдиан Тўтараев келин ва куёвнинг бошлари узра олтин ҳалли чамбаракни ушлаб туришди.
Никоҳ маросими якунига етгач, туцатлар Цагат Ламардонга қайтиш тадоригини кўришди. Аммо Темирнинг илтимосини ерда қолдиришни эп кўрмай, ёшлар Кадгаронга тўйга борадиган бўлишди.
Қариганида бошига шармандалик ёмғирини ёғдирган қизини кечира олмаётган Заур Золийхон билан совуққина хайрлашди-да, сепларини эртагаёқ Кадгаронга етказишга ваъда қилди.
Тўй карвони яна аввалгидай жимлик билан йўлга тушди. Ўқилган никоҳ ҳеч кимнинг кўнглига равшанлик олиб кирмади. Золийхоннинг назарида руҳоний унга никоҳ ўқимади. Балки бевафоликнинг лаънат тамғасини қалбига ургандай бўлди. У ана шу лаънат тамғасига банди бўлиб, қонуний эри ёнида унинг уйи томон боряпти. Эрининг уйида уни нималар кутяпти? Керим ваъда қилган бахтми? Керим астойдил ваъда қилган бўлса-да, Золийхон бахтли бўлишига ишонмайди.
Кадгаронда тўй ҳаракати авжида.
Ажал ҳам ғафлатда эмас, Золийхонни интиқ кутади.
Кечга яқин Ғазола овулига етиб келдилар. Темирнинг дўсти уларни қучоқ очиб кутиб олди. Келинни кузатиб келувчилар орасида аёллар йўқлигидан у ҳам ажабланди-ю, аммо сир бой бермади. Сабабини сўраб ўтирмай, Золийхонни аёллар бўлмасига кузатди. Эркаклар меҳмонхонада тунашди.
Керим қочоқларни тутиш воқеасини батафсил эшитиш мақсадида Зурабнинг ёнида ётди. Кодат гапни қизларнинг ваҳимали хабарларини эшитганидан бошлаб, қочоқларни қувиб борганларини ва ниҳоят олишув тафсилотини сўзлаб берди.
Керимни олишув баёни ўйлатиб қўйди.
-Менинг ўрнимга олишганингдан мамнундирсан?
-Албатта! Сенга бўлган садоқатимни намойиш этишимга имкон бергани учун Тбау-уац-Илага шукрлар қилдим.
Агар Керим Зурабнинг ўрнида бўлганида у ҳам айнан шу йўлни тутган бўларди. Унинг дўстига ҳаваси келди.
У Зурабга яқинроқ сурилди-да, шивирлаб сўради:
-Зураб, Золийхон ўтган гапларни унутиб, бундан бу ёғига фақат мени сева олармикин?
-Билмадим,-деди Зураб. Кейин гапини бошқалар эшитиб қолмаслиги учун овозини янада пастлатди:- у абрекни жонидан ҳам ортиқроқ яхши кўрарди.
-Худога шукрки, абрек бу дунёни тарк этди. Бунинг учун сенга раҳмат.
-Унинг ўлгани яхши бўлди. Бошига ханжар санчганимда суяклари қисирлаб кетди. Бундан қанчалик лаззатланганимни баён этиб беролмайман.
-Вақтида қувиб етганларинг яхши бўлибди. Яна ким билади, озгина фурсати бўлганида… балки…
-Бунинг учун ҳам раҳмат, десанг арзийди. Отни аямай ҳайдадим.
-Агар кечикканларингда… ўша иш бўлганида… Золийхонга уйланишимга отам икки дунёда ҳам рухсат бермас эди.
-Керим… ҳар ҳолда ўша иш бўлиб ўтган…
-Йўқ, Зураб, мен ундан очиқчасига сўрадим. Унинг вужуди ҳам, қалби ҳам пок.
-Қочаётган пайтларида улгуришмагандир. Лекин унгача бўлган, деб ўйлайман. Мен ўрмон ёқасида қучоқлашиб, ўпишаётганларини ўз кўзларим билан кўрганман.
-Ахир ўзинг ўпишишдан бошқа гап бўлмади, деган эдинг-ку?
-Мен кўрганимни айтдим. Балки ўша кеча ҳеч нима бўлмагандир. Ақлингни салгина бўлса ҳам ишлатсанг-чи! Сен нима деб юрибсан, Урусхондек йигит шундай гўзални ярим кечада пинҳона жойда кутиб олади-ю, тегмайдими? Агар шундай бўлса, у эркак эмас экан. Мен ҳам бир хотинчалиш билан олишган эканман.
-Мен бунга ишона олмайман.
-Ишониш ёки ишонмаслик ўзингнинг хоҳишинг. Мен шундай иш бўлганига аминман!
Зурабнинг кескин оҳангда айтган сўнгги гапи Керимни паришон қилди. Анчагача гапирмай ётди.
Ниҳоят:
-Зураб, энди нима қилишим керак?-деб маслаҳат сўради.
-Энди битта йўлинг бор: кейинги байрамгача хотинингга яқинлашмайсан. Агар у муҳаббат лаззати деб қадамжони оёғости қилган бўлса, Тбау-уац-Ила унинг шармандасини чиқаради. Агар шу вақт мобайнида ҳеч нима сезилмаса, демак, мен адашган бўламан. Хотининг номусли покиза қиз бўлади. Шундан кейингина сен уни севиб, хотинликка оласан.
-Зураб, маслаҳатинг жуда ғалати бўлди-ку? Неча йил севиб, интилганимни уйга бошлаб кирсаму, яқинлашмасам… Менга оғир бу…
-Оғирликка оғир. Лекин бутун умринг давомида “хотиним мени алдадими ё йўқми?” деган шубҳа билан яшашинг бундан ҳам мушкулроқ, билиб қўй.
-Сен ҳақсан, Зураб. Гапларинг тўппа-тўғри. Лекин… ўша ўрмонда номусини бериб қўйган бўлса-ю, лекин ҳеч нима сезилмай қолса-чи?
-У ҳолда буни Тбау-уац-Илага қўйиб беравер. Бизга сир бўлган нарса унга маълум. У гуноҳкорни жазосиз қолдирмайди. Бўлди. Энди ухла.
Керим ёнбошига ўгирилиб олди. Хонадагилар бир маромда нафас оладилар. Унинг эса на тинчи бор, на уйқуси келади.
ЖАЗО
Кадгарондаги тўй қадимдан мерос қолган урф-одатларга риоя қилинган ҳолда ўтказилди. Келин ва куёв меҳмонларга кўриниш бермадилар. Меҳмонлар эса уч кеча-кундузни емоқ-ичмоқлик ва ўйин-кулгудан иборат шодиёналик билан ўтказишди. Келинни абрек олиб қочгани ҳаммага маълум бўлса-да, бундай воқеалар Қофқазда учраб тургани сабабли вафқулотда фожиа сифатида қабул қилинмади. Балки абрекка жазо берилганини нишонлаб, қувонч билан қадаҳлар кўтардилар.
Тўйдан сўнг Золийхон барча хотинлар каби ўз хонасига эга бўлди. Аммо ташвиш билан кутгани – висол содир бўлмади. Тунлар кетидан тунлар ўтаверди, бироқ Керим унинг остонасини босиб, ичкари кирмади. Дастлаб бундай ҳолатдан Золийхон қувонди ҳам. Керимнинг асл мақсадини билмай, буни унинг марҳаматига, олижаноблилигига йўйди. Қиз унинг кўнгилчанлигини қанчалик қадрламасин, қалбининг тўри ҳамон Урусхони билан банд эди. Урусхоннинг бу дунёни ташлаб кетгани рост, аммо қиз қалбини ташлаб кетмаган эди. Дастлабки кунлари эрининг уйга кирмагани унда миннатдор ҳисларни уйғотди. Аммо кейинчалик ҳаётининг бундай давом этиши мумкинмаслигини англаб қолди.
Ҳафта кетидан ҳафталар ўтди. Керимнинг муносабати ўзгармади. Золийхон энди ташвишлана бошлади. Кунларнинг бирида, Урусхон забт этган юрагининг остида тирик жон пайдо бўлганини сезди. Аввалига ҳомиласига ишонмади. Буни тан олишнинг ўзиёқ бир даҳшат эди. У бутун вужуди билан она бўлишига қарши эди. Уни шармандаликдан қутқариб қолишнинг бирдан-бир йўли эри билан яқинлашиш эди. У энди Урусхони хотираси билан яшамасди. Эрини ўзига чорларди. Бу йўлда аёлларга хос барча карашмаларни ишга солди: эрига фақат жилмайиб қарайди, баъзан нозли кўз сузишлари билан уни ўзига оғдирмоқчи бўлади. Керимни гапга солади, нозли сўз оҳанглари орқали соғинганини англатишга уринади. У ўзининг рафиқалик ҳуқуқидан фойдаланишни, туғилажак фарзандга Керимнинг ота бўлишини жуда-жуда истарди. Бироқ ҳамма уринишлари беҳуда кетаверди. Золийхон унга интилаверади, Керим эса ундан ўзини олиб қочаверади. Ноз-карашмалар эътиборсиз қолаверади. Золийхоннинг назарида эрига интилгани сайин Керим ғоят бемеҳрлик билан ундан узоқлашишга уринарди.
Ёз фаслининг адоғида бахтсизлигининг нишонаси – ҳомиласи сезилиб қолди. Юрагини дард азобидан халос қилай деса, атрофида унинг хасратини тинглайдиган дардкаши йўқ. Қайнонаси билан қайинсинглиси аввал бошданоқ унга нохуш муомала қила бошлашган. Золийхон бу хонадонда кутилган, ардоқли келин эмаслигини дастлабки кунларданоқ англаган.
Номус-ор, вафо-садоқат туйғулари ҳақидаги юксак тушунчалар таъсирида тарбия кўрганлари сабабли улар Золийхоннинг шармандалигини кечира олмас эдилар.
Сентябрнинг бошларида унинг қомати тўлишиб, юзида доғ пайдо бўлиб, ҳомиласини ошкор қилди. У ҳамон эрига яқинлашишга интилади. Керим ҳамон ўзини олиб қочади. Кундуз куни ҳам ёлғиз қолишни истамайди.
Қайнонанинг зийрак нигоҳи Золийхондаги ўзгаришни сезди. Бир куни дастурхон атрофида ўтиришганда у одатига хилоф равишда келинига мулойимлик билан гапириб қолди:
-Худо сенга марҳаматини аямаганга ўхшайди. Тез орада Керим ўғилчасини қўлига олиб, шодлигини дўстлари билан баҳам кўради.
Бу ҳақиқатни қайнонасининг оғзидан эшитган Золийхоннинг боши айланди. Йиқилиб кетмаслик учун хонтахтани ушлаб қолди.
“Тбау-уац-Иланинг жазоси бу!” деган фикр бутун вужудини қақшатиб юборди-ю, ҳушсизланиб йиқилди.
Она-бола қўрқиб кетдилар. Уни ўринга авайлаб ётқизиб, юзига сув пуркаб, ҳушига келтирдилар. Ўғлининг хотинига ҳануз яқинлашмаганидан бехабар она бу ҳолатни ҳомиладорликнинг оғир ва азобли жараёнига йўйди.
Оқшомда ёмғирда қолиб бўккан Керим даладан қайтди. Кийимларини ечиб, олов қаршисида исиниб ўтирганида онаси унга қараб хушхабарни айтиб, суюнчилади:
-Керим, янги йил байрамида ўғлингни қўлга олиб, дўстларингга зиёфат берадиганга ўхшайсан.
Бу хабарни эшитиб сакраб туриб кетди. Лекин ҳаракат қувончдан эмас, бехос уйғонган ғазаб оқибатидан эди. Унинг ранги оқарди. Кўзларида олов учқунлари ёнди. Қўли беихтиёр ханжари дастасига юборилди.
-Нималар деяпсан!-деди у хирилдоқ овозда.
Кампир ўғилдаги бу ўзгаришдан ҳайратланиб, унга қўрқибгина боқди:
-Менимча, яқин орада Золийхон она бўлса керак…
Керим шу ойлар ичи қўрқиб кутган хабарни эшитиб, ўзини йўқотиб қўйди.
-Бу бўхтон! Бўлмаган гап! Ёлғон!-деб ҳайқирди.
-Сенга нима бўлди?-деди кампир меҳрибонлик билан.-Бунақа пайтда оталар қувончдан худога шукрлар қиладилар.
Бу гапни эшитиб, Керим телбаларча кула бошлади:
-Мен қувонайинми? Мен худога шукр қилайинми? Нима учун?
У кулгидан бирданига тўхтади-да, кўзлари ола-кула бўлиб онасига қаради:
-Она, унинг қорнидаги бола меники эмас!.. Чунки мен… эр бўлиб унга ҳалигача яқинлашмаганман.
Кампир бу гапни эшитди-ю, даҳшатдан тошдай қотиб қолди. Оғиз очиб бир нима дейишга ҳам қурби етмади. Кейин жон бераётгандай лаблари аста пичирлади:
-Бузуқ…. бизнинг уйимизга фоҳиша кириб келган экан…
Тилидан учган бу аччиқ ҳақиқат сўзлари кампирни сескантириб, ўзига келтирди. Энди бор овози билан қичқирди:
-Бузуқ! Бузуқни бошлаб келганмидинг?!
Керим онасини ҳоли қолдириб, Золийхоннинг хонасига отилиб кирди. Дераза ёнида ниманидир тикиб ўтирган Золийхон чўчиб, ўрнидан турди. Золийхон эрини бундай дарғазаб ҳолда сира кўрмаган эди. Керимнинг юзлари ғазабдан қизариб кетган, кўзларида нафрат ўти бор эди. Бироқ у хотинига ташланмади, лаънат сўзларини ҳам тилидан учирмади. Ўзини босиб олиб, вазминлик билан сўради:
-Золийхон, сенга нима бўлди?
-Раҳмат, Керим, сенинг паноҳингда менга нима ҳам бўлиши мумкин?
-Мен соғлиғингни сўраяпман?-у шундай деб қизнинг қоматига синовчан тикилди.-Назаримда тўлишиб қолганга ўхшаяпсан.
Қиз қандайдир даҳшат тўфонининг шарпасини сезиб, ўнғайсизланди.
-Керим, гапларингга тушунолмаяпман?
Бу гапдан кейин Керим ўзини тутолмади – портлади:
-Сен ҳали ҳам номусли қизмисан? Ҳа… ҳомиладор қиз!
Золийхон қалтираганича унинг қаршисида тиз чўкди:
-Мени кечир, кеч…
Золийхон узрини охиригача айта олмади. Унинг сўзини Керимнинг қатъий ҳукми узди:
-Йўқ!-деди у қаҳри қаттиқ одамнинг бераҳмлиги билан.-Ҳеч қачон!
Шундай деб чиқиб кетмоқчи эди, Золийхон ўзида кучли бир журъат топиб, сакраб турди-да, остонага ундан олдин етиб бориб, йўлини тўсди.
-Сендан ўтиниб-ўтиниб илтимос қиламан. Узил-кесил ҳукм чиқармасдан олдин бир оғиз сўзимни эшит.
-Яна қанақа сўзингни эшитай? Ҳозиргина ўзинг тан олдинг-ку? Бошқа гапга ўрин йўқ!
-Керим, никоҳимиздан кейин мен сенга заррача бевафолик қилмадим.
-Никоҳдан кейин дейсанми?-Керим шундай деб захарли илжайди:-Оиламиз катталари келишиб олишган ондан бошлаб сен меники эдинг!
-Биламан… ўшандан кейин ҳам сенга хиёнат қилганим йўқ.
-Лекин сен у аблах билан бирга қочдинг-ку?
Золийхон бу ҳақиқатни рад этишга ожиз эди. У бош эгиб, жимиб қолди. Бундан фойдаланган Керим гапини давом этди:
-Энди мен сенга қандай ишонишим мумкин? Эсингдами… йўл устида… гуноҳ иш қилмадиларингми, деб сўраганимда сен “гуноҳ иш қилмадик” девдинг?
-Ҳа. шундай дегандим, эсимда. Лекин сен “ўша тунда бўлдими?” деб сўрагандинг.
-Сен гапни чалғитма. Мен поклигингча қолдингми… қизмисан, деб сўраган эдим. Буни мен ўзим учун эмас, отам учун сўровдим. Сени севган, сенга ишонган одамни алдадинг. Муҳаббатимдан фойдаланиб, абрекдан бўлган болангни менинг номимга ўтказмоқчи эдинг. Худога беадад шукрлар бўлсинки, у менга етарли сабр-тоқат бериб, сенга яқинлашишимдан ўзи асраб турди. Энди орамизда ҳеч нарса йўқ. Менинг муҳаббатим бугун ўлди. Ҳа, худди Урусхонинг сингари ўлди. Энди йўлимдан қоч!
У яна ёлвормоқчи, тушунтирмоқчи эди, бироқ бунинг фойдасиз уриниш эканини сезиб, ўзини четга олди.
Золийхон ҳали ҳаёт бўлса-да, юзига ўликнинг ранги югурди. Ҳолсизланиб ўтирди. Вужудини гўё совуқ булут ўрай бошлаган бўлди. Кўзлари бир нуқтага маъносиз тикилиб қолди.
Хаёлига қадимдан қолиб келаётган одат ҳукми келди-ю, кўзлари даҳшатдан катта-катта очилиб, сапчиб туриб кетганини ўзи ҳам билмай қолди. Осетинларнинг бузуқларга нисбатан ҳукми ғоят даҳшатли эди: беномуснинг сочи кесилиб, кўкраклари чўғда куйдирилиб, сўнг ота-онасиникига жўнатиб юбориларди. Золийхон яқин атрофда шундай воқеа юз берганини эшитмаган. Чунки Осетияда узоқ йиллардан бери бунақа ҳол юз бермаганди. Эс-эс билади, унда ҳали қизалоқ эди, қўшни кампирлар ўчоқ олдида суҳбатлашиб ўтириб шундай одат мавжудлигини гапиришган эди. Ҳозир ўша суҳбатни эслаб, баданига муз югурди. Энди нима бўлади? Унга “бузуқ” деб ҳукм чиқаришадими? Кўкракларига чўғ босишадими?
Йўқ. йўқ! Бунга йўл қўёлмайди. Бу шармандаликдан кўра ўзини дарёга ташлаб ўлгани минг марта афзал. Дарё унинг ўзини ҳам, гуноҳларини ҳам ютади. Бу дунё азобларидан қутулади. Аслида аллақачон шундай қилиши керак эди. Фақат Урусхонидан қолган ёдгорининг ўлимини истамаётганди… Энди у ҳам кўзига кўринмай қолди.
У бир қарорга келиб, уйдан чиқишга улгурмай остонасида қайнотаси кўринди. Керим хотинининг хонасидан чиқиши билан отасига бор гапни айтиб, Золийхонни шу оннинг ўзида ҳайдаб юборишни талаб қилган эди. Ўғлининг талабини эшитган Темир ҳукм чиқаришга шошилмади, яқинларини чақиртириб келди. Золийхоннинг хонасига аввал ўзи, орқасидан акалари Мшохт билан Мухтор, кейин амакиваччаси Урусмат кириб келдилар.
Катталар хонага ҳеч бир мулозиматсиз ва салом-аликсиз кириб келдилар. Уларнинг изларидан Керим, Хотшош ва гўзал Алдиан ҳам кирдилар. Гап бошлаш ҳуқуқи Темирда эди:
-Золийхон Туцат,-деди у вазмин ва мулойим гапиришга тиришиб,- сен менинг ўғлим Керим Тўтараевга ўз розилигинг билан хотин бўлган эдинг. Ўғлим эр сифатида сенга яқинлашмагани ҳолда ҳомиладор бўлиб қолганингни айтиб, айблаяпти. Уйингга қайтариб юборишимизни талаб қиляпти. Биз ҳаммасини аниқ билмагунимизча одатимизга биноан ҳукм чиқара олмаймиз.
“Ҳаммаси аниқ: бузуқларга бериладиган жазо беришади менга”, деган фикр яшин сифатида миясига урилиб, товонигача зириллатиб юборди. Қайнотасининг гапини энди узоқ-узоқлардан эшитгандай бўлди:
-Керим, аввал сен гапир.
Ханжари дастасини маҳкам ушлаб турган Керим ҳаяжонланиб, дарров гапира олмайди. Золийхон томонга қарашга ботинмайди.
-Ҳа, отам тўғри гапирди,-деди у овози титраётганидан ўзи ҳам ҳижолат бўлиб. Томоқ қириб олиб, ҳаяжонини босган бўлди-да, қатъийроқ оҳангда давом этди:-Мен Золийхон Туцатни ота-онасиникига ҳайдаб юборишни талаб этаман. У менга ҳеч қачон хотин бўлган эмас. Ҳомиласи абрек Урусхондан. Улар йўл устида қўлга тушишганда менга “номус-орли қизман”, деган эди. Шунинг учун мен унинг “ўз акаси” билан қочганини кечирган эдим. Энди эса бузуқлиги учун ҳайдаб чиқаришни талаб қиламан. У мени алдади. У номус-орли осетин йигитнинг хотини бўлишга ҳеч қачон ҳақли бўлган эмас.
Талаб ҳақли эди. Шундай бўлса ҳам Темир ҳукм чиқаришга шошилмади.
-Золийхон Туцат, энди сен гапир: ўзингни оқлай оласанми?
Темирнинг овозида қўрққулик бир хотиржамлик борлигини қиз пайқади.
Бутун ўй-хаёлини қамраб олган бўлажак ҳукм даҳшати бирон нима дейишга ҳам йўл бермайди. Шундай бўлса-да, сўнгги қувватини ишга солиб гапиришга чоғланди:
-Никоҳдан кейин хиёнат қилмадим,-деди ғоят паст овозда. Тишлари зириллаб бошқа сўз айтолмади. Тўпланганлар учун унинг гапириши унчалик муҳим эмасди. Шунга қарамай Темир яна сўради:
-Керим сенга эр бўлганмиди?
-Йўқ…-деди у секингина.
-Ҳомиладормисан?
-Ҳа…
Қизнинг иқрорини ўзидан бошқа ҳеч ким эшитмаган бўлса-да, Темир акаларига бир қараб олиб, яна сўради:
-Бола кимники?
-Ўзингларга маълумку?
-Боланинг отаси кимлигини ўзинг айт!
-Урусхон…
-Керимга тегишга ўзинг рози бўлганмидинг?
-Ҳа… Урусхонга бўлган муҳаббатим туфайли хўп деганман.
-Нима-а?
-Ҳа, мақсадим уни Тбау-уац-Иланинг жазосидан қутқариб қолиш эди. Урусхон акам бўлиб қолганидан кейин барибир унга теголмас эдим. Шунинг учун ихтиёримни отамга бердим.
-Цагат Ламардонда қалин пулини келишаётганимизда сен ўз хоҳишинг билан розилик берганмидинг ё зўрлашган эдими?
-Ҳеч ким зўрламаган.
-Тўй куни абрекка ўз ихтиёринг билан эргашдингми?
-Ҳа…. тўғриси… мен ундан қўрқдим. Кўзларида ғалати ўт бор эди.
-Балки у сени қўрқитиб, қочишга мажбур қилгандир?
-Йўқ бундай бўлмади.
-Демак, сен бир йигитнинг қаллиғи бўла туриб, бошқа одам билан қочдингми?
-Ҳа.
Темир бу иқрордан сўнг қариндошларига бир-бир қараб олди:
-Оғаларим, бошқа гап сўрашнинг энди фойдаси йўққа ўхшайди. Айбини бўйнига оляпти, шунинг ўзи кифоя.
-Қаердан келган бўлса, ўша ерга ҳайдаб юбор!-деди Урусмат ғазаб билан.
-Ҳайдаб юбориш осон,-деди Темир.-Унга аввал бузуқлиги учун жазо беришимиз керакмикин?
Орага бир зум сукут тушди.
Золийхон титрай бошлади.
-Мана шу ҳукм адолатдан бўлади. Бошқа чора йўқ,-деди Мшохт, оппоқ соқолини силаб қўйиб.
-Мулоҳазага ўрин йўқ,-деб акасини қувватлади Мухтор,-айбига иқрор бўлмаганда ҳам бошқа гап эди.
Темир ҳукмга акаларидан оқ фотиҳа олгач, ханжарини қинига қўл юборди-да:
-Қачон?-деб сўради улардан.
-Ҳозир,-дейишди улар ҳукм ижроси вақтини аниқ белгилаб. Уларнинг фикрича ҳукм ижроси вақтини ортга суришдан маъно йўқ эди.
Темир Золийхон сари бир қадам босди :
-Золийхон Туцат! Биз – сен номусини булғаган авлоднинг катталари – сени бузуқликда айбли деб топдик. Сенга урф-одатимиз қоидаларига кўра жазо бергач, отангнинг уйига жўнатамиз. Керим!-шундай деб ўғлига ўгирилиб қаради:-Аёлларни олиб, уйдан чиқ. Ўзимиз чақиргунимизча томорқанинг четидаги олмазорда кутиб туринглар.
Керим уйдан чиқиб кетиш учун баҳона топилганидан қувонди.
Мухтор Мшохт ва Урусмат билан маслаҳатлашиб олгач, хонтахта устидаги ёниб турган чироқни четга олиб қўйди.
-Темир,-деди Мшохт,- сен Керимнинг отасисан. Ҳукмни ижро этиш сенинг бурчинг.
-Биламан,-деди Темир келинига бир қараб олиб.
Бу онда Золийхон кишанланган каби қотиб турарди. У ҳовлига қочиб чиқишни, дарёга бориб ўзини сувга отишни истарди. У ўзида куч топиб, қочишга аҳд қилди. Сал қимирлаши билан Урусмат унинг ниятини сезиб қолиб эшикни маҳкам беркитиб қўйди.
Иложсиз қолган Золийхон қайнотаси олида тиз чўкди.
-Мени авф эт,-у худди худога илтижо қилаётгандай қўлларини баланд кўтарди:-Отамникига шундайлигимча ҳайдаб юборинглар. Агар шарт бўлса. майли сочимни қирқинглар, аммо кўкрагимни куйдирманглар, ўтинаман.
У тиз чўкканича қайнотаси томон юрди.
-Мен бундан баттар жазога ҳам лойиқман. Лекин болага раҳм қилинглар. Ахир уни ким эмизади… раҳм қилинглар.
Эркаклардаги раҳм туйғусидан кўра одат ҳукмига бўйсиниш ҳисси кучлироқ эди. Мухтор ташқарига чиқиб, ўчоқдаги оловда темирни қиздириб қайтгач, нолаю фиғонга аҳамият ҳам бермай ишга киришдилар. Золийхон типирчилаб қанчалик қаршилик кўрсатмасин, қанчалик ялинмасин, фойдаси бўлмади. Уни хонтахта устига ётқизганларида оёғи осилиб қолди. Урусмат уни тиззаларидан маҳкам босиб турди. Мшохт билан Мухтор қизнинг қўлларини ушлашди.
-Бундай қилманглар,-деб ялинди титроқ исканжасидаги Золийхон.
Золийхон тоғларга ялинганида балки уларнинг раҳми келиб ёрилиб кетармиди. Лекин номуси таҳқирланган эркакларнинг тош қалби юмшамади. Темир ханжарини қинидан чиқариб, дамини текширди: ўткир! У чаққон бир ҳаракат билан Золийхоннинг сочларини кесиб ташлади-да, кўкрагини оча бошлади. Золийхон худди ноласини биров эшитиб, ёрдамга келадигандай бор овози билан дод солди. Кучига куч қўшилгандай бўлди. Эркаклар чангалидан чиқиш учун типирчилади. Ўнг қўлини Мшхотнинг чангалидан чиқариб олиб, ярми очилган кўкрагини панжаси билан тўсди.
-Бола… бола… гўдакка раҳм қилинг!
Бечора қизнинг фиғони совуқ деворларга сингиб кетди. Мшхот қизнинг қўлини қайира бошлади. Темир акасига ёрдамлашди. Сўнг кўйлакни йиртиб, кўкракни батамом очди-да, қизитилган темирни унинг кўкрагига яқинлаштирди.
Боғда, баргларини тўкиб яланғочланиб қолган олма дарахти остида аёллар туришибди. Улар ўзаро гаплашмай, ҳукм ижросини жимгина кутишади. Уларни ҳам қандайдир қўрқинчли куч қамраб олган. Барчаларининг вужудларида енгил титроқ бор.
Ниҳоят, кутилган он етди: одам вужудини ларзага соладиган фарёд эшитилди. Жимгина турган аёллар бир-бирларига қараб олдилар. Бир неча нафасдан сўнг аввалгисидан ҳам кучлироқ, юракни эзиб юборадиган даражадаги фарёд янгради.
Мшхот мис косада сув келтириб, Темирга узатди. У ранги ўликникидай бўзариб кетган қизнинг юзига сув сепди. Золийхон инграб, тўлғонди. Кейин ўкириб йиғлай бошлади. Мшхот билан Мухтор уни кўтариб, курсига ўтқизишди. Урусмат билан Темир жавонни титиб, тоза сочиқни топдилар-да, қизнинг куйган кўкрагини боғлаб қўйдилар.
Ҳукм ижросидан кўнгли тўлган Темир гуноҳкорни Цагат Ламардонга шу оннинг ўзида жўнатиш учун арава тайёрлашни буюрди. Жувонни кузатиб борувчи одам одат бўйича уни эшиги остонасига ташлагач, ҳеч бир гап-сўзсиз изига қайтиши лозим эди.
Арава тезда ҳозирланди. Алахсираётган Золийхонни суяб олиб чиқиб, аравага ўтқазишди. Куйлаклари ўралган бир тугун билан, йўлда егулик таом ҳам қўйишди.
-Отанг қалин пулини қайтаргач, қолган буюмларингни оласан,-деди Темир. Алҳол Золийхон қолаётган буюмларини ўйлайдиган аҳволда эмасди. Бошига селдай ёпирилган азоб-уқубат уни бўлаётган гапларга, воқеаларга ҳиссиз қарайдиган қилиб қўйган эди.
Арава Тўтараевлар хонадонидан узоқлашиб, қоронғулик бағрига сингиб, кўздан ғойиб бўлди.
Золийхон ўтирган арава тош йўлларда галдираб юриб, сувлари жўшиб-жўшиб оқаётган сойларни кечиб ўтиб, қоронғи довонларни, хатарли жар ёқаларини ортда қолдириб борарди. Золийхон қаерлардан ўтиб бораётганига аҳамият бермайди. Уйига қачон қай аҳволда етиб боришини ҳам билмайди. Унинг бошига тушган барча уқубатлар бир тугунга тўпланиб тўхтовсиз азоблайди. Руҳ азоби кўкрагидаги яра азобидан баттарроқ қийнайди.
Бу туннинг тонгги йўқдай эди гўё…
Кун ёришганда кузатувчи аравани тўхтатиб, отни чиқарди-да, ўтлоққа қўйиб юборди. Кейин Золийхонни нонуштага таклиф қилди. Золийхон унинг нима деяётганини англамади, мақсадини тушунмади. Лаблари нимадир деб шивирлади. Кузатувчи энгашиб, унинг узуқ-юлуқ гапларини аранг тушунди:
-Сув беринглар… сув… юрагим ёняпти…
Кузатувчи атрофга аланглаб, баланд қоя бағридан жилдираб тушаётган сувни кўрди-ю, ўша томон шошилди. Папоғини сувга тўлдириб қайтди. Золийхон сувни ютоқиб-ютоқиб ичди. Бир неча марта қалқиб-қалқиб кетса ҳам сувдан бошини кўтармади. Чанқоғи бироз босилгач. Бошини кўтариб, кузатувчига ҳайрон боқиб қолди:
-Менга раҳминг келдими? Сен одам эмасмисан? Улар ўзларини одам деб ҳисоблайдилар. Лекин уларда раҳм-шафқатдан заррача ҳам йўқ.-Шундай дегач, папоқдаги сувни охиригача симириб ичди-да, сўнг бошини эгди.
Кузатувчи ноқулай аҳволга тушиб унга тикилиб қолди. “Агар мен бу билан Цагат Ламардонда бирга бўлганимда эди… бу азобларга рўпара қилмас эдим”, деб ўйлади у.
Кичкина отда бўркига ўраниб ўтирган киши аравага яқинлашгач, бахти қаро аёлга ачиниб қараб қўйди. “Бу беморни шифо истаб Тбау-уац-Иланинг руҳонийларига олиб кетяпти шекилли”, деб ўйлаб нари кетди.
Пешинга яқин водий ортда қолиб, юқорига, Цагат Ламардонга олиб борувчи йўлга чиқдилар.
Заурнинг қўрғонига етиб келишгач, кузатувчи Золийхонни аравадан туширди. Тугунни олиб, унинг ёнига қўйди-ю, ҳайр-хўш ҳам демай, изига қайтди.
Туцат қизи бир оз ҳаракатсиз тургач, дарвоза томон беҳолгина қадам қўйди. Эшикни очиб, остона ҳатлаши билан тугун қўлидан тушди. Тугунни кўтаришга унинг кучи ҳам, истаги ҳам йўқ эди. Унинг назарида бу тугунга Тўтараевлар унинг кўйлакларини эмас, номуссизлик йўлида топган гуноҳларини ўраб бериб юборган эдилар. Золийхон эшикни қия очиқ қолдирганича ичкари қараб юрди. Уйда кимса кўринмасди. Тўғри аёллар хонасига борди. Эшикни очди. Дераза ёнидаги юмшоқ курсида ўтирган қора либосдаги онасини кўрди. Унинг оппоқ сочлари деразадан ёпирилиб кираётган нур ёруғида кумушсимон товланади.
-Она… онажоним!-деб ўртанди Золийхон.-Онажон!-шундай деб онасига яқинлашиб тиз чўкди-да, тиззасига бош қўйди. Золийҳон фақат шу ердагина раҳм-шафқат, меҳр-муҳаббат топа олишини биларди.
Кутилмаган ташрифдан гарангсиб қолган кампир қалтироқ қўллари билан унинг бошини силади:
-Золийхон! Қизгинам…Сенга нима бўлди? Нега келдинг?
-Она, раҳминг келсин менга, раҳминг келсин. Бу дунёдаги барча одамлар тошбағир бўлиб кетишибди. Заррача шафқат йўқ одамларда…
-Золийхон, муштипар онангга айт: нима бўлди?
Ожиза қизининг аҳволини кўрмайди. Қизининг кўзларидаги дардли нурни, иситмадан ёнаётган бетларини, хушқоматига кўрк бериб турувчи сочнинг кесиб ташланганини, куйдирилган кўкраклари устидан танғиб боғланган сочиқни кўра олганида, худога нола қилиб: “бу фожиага гувоҳ қилганингдан кўра мени кўр қилиб қўйганинг яхши эди!”деб нолалар қилиши аниқ эди.
-Она, Темир Тўтараев мени лаънат ва шармандалик тамғаси билан ҳайдаб юборди. Чунки… чунки… қорнимда Урусхоннинг боласи бор… Керим аввал бошдан шубҳаланган экан. Эр бўлиб менга бирон марта ҳам яқинлашмади.
-Шубҳаси бор экан, нега сенга уйланибди?
-Мен ундан яширган эдим… ҳеч ким тегинмаган номусли қизман, девдим. У аста секин менинг севиб қолишимга умид қилган эди. Агар гумон билан мени пойламаганида унинг хоҳлагани бўларди.
-Даҳшат! Қандайин даҳшат-а!-деб пичирлади ожиза.-Кейин нима бўлди, айтавер, қизим.
-Қайнонам тўлишиб қолганимни сезиб, ҳомиладорлигимни ўғлига айтган бўлса керак. Кеча оқшомда хонамга ғазаб билан кириб келди. Мени сўроқ қилди. Мен тўғрисини айтдим.
-Кейин-чи?
-Қолганини сен сўрама, мен айтмай қўя қолай… Йўқ, айтаман, сенга айтмасам ким дардимга шерик бўларди? Кейин… қайнотам акалари билан кириб… одат ҳукмига кўра мени бузуқ хотинларга раво кўриладиган жазо билан жазолашди!-Золийхон шундай деб ўкраб йиғлаб юборди Ожиза ўтирган еридан сапчиб туриб кетди:
-Нима дединг?! “Одат ҳукмига кўра” дедингми? Ҳали улар сочингни қирқиб, кўкрагингни куйдиришдими?
-Ҳа!
-О, даҳшат, қандай даҳшат-а! Бечора қизгинам!-ожиза шундай нолалар билан йиғлаб, қизини бағрига босди.
-Оҳ, онажон, мени бунчалар сиқма, кўкрагим оғрияпти.
-Кечир, мени қизим, унутибман. Бу ишни… кеча қилишдими?
-Ҳа… кеча… буни ўша ёввойи чоллар қилишди. Кейин аравага солиб, ҳайдашди. Бўлди, она, энди бошқа нарса сўрама мендан. Бир пас ётай, ўзимни ёмон ҳис қиляпман.
Ожиза пайпасланиб юриб, қизини ўзининг ўрнига ётқизди. Золийхон онасидан табиб кампирни чақиртиришни илтимос қилди. Мўлжалида ой-куни ҳали яқинлашмаган, аммо белида уйғонган оғриқ уни ҳавотирга солаётганди.
Кампир хассасини дўқиллатиб, кўча томон юрди. Тамбининг уйига кириб, Салиматни дояникига жўнатди.
Қайтаётганида дарвоза яқинида Заурга дуч келди. Заур ҳамиша уйда ўтирадиган, ташқарига қадам босмай қўйган хотинининг кўчада юрганини кўриб, ажабланганича тўхтади:
-Қаердан келяпсан?
У эрини овозидан таниб, чўчибгина тўхтади. У эрининг бераҳмлигини биларди. Шу боис юраги ҳозир юз беражак момагулдирак даҳшатини сезди.
-Тамбиникида эдим,-деди у айб устида ушланган гуноҳкор одамнинг овози билан.-Салиматни Уарзат кампирникига юбордим. Золийхон келди. Қизимиз қаттиқ бетоб, Заур.
-Золийхон келди, дейсанми? Нега келади? Турмушга чиққанига ҳали бир йил бўлмади-ку?
-Бир йил бўлмади… Лекин… сен уни кечир, Заур… уни… жўнатиб юборишибди.
Заур тўйдан бери ҳар кун, ҳар соат шундай даҳшатли воқеа юз беришини қўрқув билан кутаётган эди. Ҳар ибодатида Тбау-уац-Илага ёлвориб, шармандаликдан асрашини сўраётган эди. Илоҳи муножотини қабул қилмадими? У беихтиёр инграб юборди. Кейин бақириб юборганини ўзи ҳам сезмади:
-Нима?!
-Бир соатча олдин хизматкорлари олиб келиб ташлади.
-Нима гуноҳ қилибди?-Шундай савол берди-ю, лаб тишлади. Қизининг нима гуноҳ қилганини бошқалар билмаса ҳам у билиши керак-ку? Хотини бу саволга жавоб бермади. У ўзига ўзи гапиргандай пичирлади:-Бу бутун авлодимизни шармандалик ботқоғига ботиради-ку?
-Афсуски, улар ҳақ, Заур. Минг афсуски улар ҳақ… Золийхонимиз ҳомиладор.
-Ҳомиладорлик гуноҳ эканми?
-Ҳомиласи Керимдан эмас, Урусхондан экан. Керим эр бўлиб унга ҳатто яқинлашмабди. Гумонсираган экан, сир ошкор бўлибди.
-Шундай дегин… У беномус шу аҳволда менинг остонамни босиб, уйимга кирдими?! Сен уни бағрингга олдингми? Дарҳол йўқот уни! Туцатнинг покиза хонадонини бузуқ қадами билан булғамасин! Ҳайдаб чиқар, деяпман, сенга!
-Заур!-ожиза шундай деб ёлвориб, у томон қўлларини чўзди:-Раҳминг келсин, Заур! Улар қизимизни одат ҳукмига кўра бузуқ хотин сифатида жазолашган. Яраси битмаган, иситмаси баланд…
-Ҳайда!-деди қатъий Заур.
-Заур! Қирқ йилдан бери мен сенга итоатда яшадим. Сендан бирон нарсани сўрашга ҳеч маҳал журъат этмаганман. Бугун биринчи марта илтимос қиляпман: болам касалдан тургунича парваришлашимга ижозат бер. Сен унинг нақадар бахтсиз ҳолда эканини бир кўрсанг эдинг…
Заур унинг ноласини совуққонлик билан узди:
-Йўқ! Мен уйимда куфронийнинг ҳароми боласи туғилишига йўл қўймайман!
-Заур, ёлвораман…
-Жим бўл, бошқа гапирма!
Заур шу гапи билан ҳукмнинг қатъий эканини билдириб, уйига кирмай орқасига қайтди. Кампир эридан шафқат кутиш ортиқчалигини, у қайтиб келгунича қизини уйдан чиқариб юборишга мажбур эканини англади. Англади-ю, чорасизлигидан эзилиб, дардини ичига ютди.
Иситма оташидаги Золийхон дам инграб, дам алахсираб ётибди. Ожиза “қизимнинг дардини менга бер”, деб илоҳига илтижо қилиб ўтирибди.
Ниҳоят Салимат Уарзат кампирни бошлаб келди. Кампир эрининг ҳукмини Салиматга айтиб, Тамбидан нажот кутаётганини билдирди. Салимат ўша заҳоти отасига учраб ижозат олди-да, акалари ва Қўрғок ёрдамида Золийхонни ўзининг хонасига олиб чиқиб ётқизди.
Тунда Золийхон ўлик ўғил туғди…
Бир неча кун мобайнида у ҳушсиз, алаҳсираб ётди. Унинг ҳаёти ҳам қил устида қолган эди. Ҳамма сукут сақлаб, унинг жон беришини кутарди. Беномуснинг ўлими бу авлоднинг айни муддаоси, гўё ўз ишини бажарган ажал туцатлар боши устидаги шармандалик булутини тарқатиб юборадигандай эди. Золийхоннинг ўлими – узоқ ойлар давом этган дардли ташвишларнинг қувончли якуни бўлиши кутиларди. Ўлим Золийхон учун ҳам нажот эди, нурсиз келажагидаги азоб-уқубатлардан қутқарарди. Аммо ёшлик кучи жўш урган қиз ўлимни енгиб чиқди. Ўзи истамаса-да, кундан-кун соғайиб бораверди.
Яраси битиб, сал қувватга киргач, ўрнидан турди. Катта рўмолга ўралиб, ҳовлига чиқди. Уни кўрган Салимат ёнига келиб ўтирди. У амакиваччасига нимадир демоқчи бўлар, лекин гапини айтишга қийналиб, нуқул рўмолчасини бураб ўйнарди. Золийхон унинг гапи борлигини сезди.
-Салимат, ўзингни қийнама, гапингни айтавер. Мен ҳар қанақа даҳшатли гапни эшитишга ҳам тайёрман.
-Золийхон, гапим даҳшатли эмас, лекин… биласанми, мен сени жудаям яхши кўраман. Сенга жуда-жуда раҳмим келади. Эсизгина… Сени сираям ранжитгим йўқ…
Золийхон мақсадини айтолмай қийналаётган қизнинг гапини бўлди:
-Салимат, тортинмай айтавер.
-Биласанми… отам мен билан гаплашди…
Золийхон мақсадни англагандай бўлиб, ундан кўзини олди.
-Отамнинг айтишича… Биласанку, отам Заурнинг меросхўри. Келажакда руҳоний ота бўлиб, Тбау-уац-Илага хизмат қилиши керак.
-Шундай бўлиши аниқ. Кейин-чи?
-Отам халқнинг фикри билан ҳисоблашишга мажбур. У сенинг хулқингни ҳимоя қилишни истаса ҳам, бундай қилолмайди.
-Мақсадингни айта қолсангчи?
-Хуллас, қисқа қилиб айтсам, уйимизда бошқа тура олмас эмишсан…
Золийхон бу гапни эшитиб, ўрнидан турди. Бошини ғурур билан тик тутди:
-Отангни хотиржам қил. Уйингларда энди бир кеча ҳам ётмайман.
-Золийхон, ўтинаман сендан, мендан ранжимагин, хўпми?
Золийхон жавоб бермади. Қимир этмай, қотиб тураверди.
У одамлар қалбидан раҳм-шафқат топа олмади. Энди қарори қатъий: бу ёруғ дунёда унга жой йўқ! У ўзини ўзи ўлдириши керак, бошқа чораси қолмаган! У бошқа дунёга кўчиши керак. Эҳтимол у дунёда жой топилар. “Балки-деб ўйлади у,-раҳм-шафқат эгасини ўша дунёда учратарман”.
У ҳамон ёнида ҳижолат чекиб турган Салиматга қаради:
-Ҳозироқ кетаман, мен туфайли амакимнинг боши эгилишини истамайман, Фақат… сендан битта илтимосим бор. Урусхоннинг милтиғини олиб чиқиб бер. Қараб кўр, милтиқ отангнинг хонасида бўлса керак.
-Милтиқни нима қиласан?
-Нима қилишимни сўрама.
Салимат Золийхонга ҳайрат билан тикилиб, шивирлади:
-Бирон одамдан қасос олмоқчимисан?
-Шундай бўлса-чи? Сенга нима? Сабабини суриштирмай, отанг келиб қолмасидан тезроқ милтиқни олиб чиқиб бер.
Салимат гапни кўпайтирмай, Золийхоннинг амрига итоат этиб, уйига кириб кетди. Деворда осиғлиқ турган қуроллар орасида Урусхоннинг милтиғи борлигини у биларди. Қасос тўғрисида бекорга гап очмади. Урусхонни ўлдирган, Золийхонни барча балоларга гирифтор қилган Зурабнинг ким томонидан бўлса ҳам жазоланишини Салимат жуда-жуда истарди. Золийхон милтиқ сўраганида қасос они етиб келди, деб ўйлаб ҳатто қувонди. Чунки одат бўйича номус-ори учун қасос олишгина шараф эмас, қасоскорга кўмаклашиш ҳам олқишга сазовор ҳисобланарди. Шу қувонч ва ғурур билан милтиқни олиб чиқиб берди.
Золийхон милтиқни авайлаб ушлаб, аламли жилмайди.
-Энди уйингга киравер, Салимат,-деди Золийхон унга меҳрибонлик билан.-Отангнинг хонасига кириб, милтиқни менинг ўзим олдим. Сен бундан бутунлай бехабарсан, тушундинг-а?
“Маъқул” ишорасини қилган Салимат кетмоқчи бўлганида Золийхон уни тўхтатди:
-Салимат, сендан яна битта илтимосим бор: мен учун онамга таъзим қилиб қўй. Уни охирги марта кириб кўришга қурбим етмайди. Онам ҳамиша менга меҳрибон эди. Мен онамдан розиман. Мен учун зорланиб сўра: онам берган оқ сути учун мендан рози бўлсин.
Бу видо онидан кўнгли ўксиган Салимат йиғламоқдан бери бўлиб, уйга кириб кетгач, Золийхон милтиқни ўпди. Бу милтиқни унинг ёри олиб юрарди, бунда Урусхон қўлларининг ҳарорати бор. Золийхон бу дунёни ташлаб кетишидан ғоят мамнун. Энди йўлида тўсиқлар йўқ – қалбида илк бор муҳаббат оловини ёққан севгилиси билан умрбод қовушади. Бу дунёга сиғмаган болажонини у дунёда бағрига боса олади. Золийхон у дунёда шундай бахтга эришажагига ишонади.
Ота-бола уни интиқ кутишяпти. Золийхон бу дунёда ҳеч кимга керак эмас. Золийхон фақат ва фақат уларники. Улар бир бахтли оила бўлиб қовушадилар. Мана бу ўқлоғлик милтиқ ўша нурли ҳаёт калити, Золийхонга сеҳрли дарвозани очиб бергувчи саодат калити…
Қарор қатъий, ортга йўл йўқ. Аммо режасини қаерда амалга оширсин экан?
“Салимат қасос ҳақида гапирдими?-ўйлади у.-Кимдан қасос олишим керак? Зурабданми?”
Боши устида тўпланаётган ўлим булути зулматида Зураб унга шунчалар пасткаш, шунчалар ҳақир кўринди-ки, оқибатда “у малъунга ўқ ҳам ҳайф, жазосини Тбау-уац-Ила берсин”, деган тўхтамга келди. Илоҳи номини эслаши билан хаёлини бир фикр чақмоқ каби ёритди:
“Тбау-уац-Ила! Ҳа! Тбау тоғининг илоҳига мен сўнгги нафасимгача қаршилик билдираман. Мен ундан қўрқмайман! Мен унинг муқаддас ўрмонига кираман. Булоқ бошида мен Урусхонимни ёдга оламан. Муҳаббат изҳорларини ҳузурланиб эслайман. Кейин бу дунёни лаънатлаб, ташлаб кетаман. Агар осмону фалакда Тбау-уац-Иладан ҳам олийроқ бошқа худо бўлса, ҳаётнинг бу қадар жоҳиллиги ва аёвсизлигидан, Иланинг менга бунчалар уқубатларни раво кўрганидан шикоят қиламан. Мен Иладан энди нажот кутмайман. Ундан аълороқ адолатли ҳакам ҳузурига боришни истайман. Тўғри, мен гуноҳкорман. Эҳтимол, мени у дунёда кечиришар. Балки у дунёда аҳволимни тушуниб, мени ҳимоя қила оладиган шафқат эгасини учратарман…”
У аста-аста қадам босиб амакиси хонадонини тарк этди. Қор учқунлари унинг юзларига қўниб, гўё покламоқчи бўлади. Остона ҳатлаб чиққач, атрофга аланглади: зоғ ҳам кўринмади. Бирон одамга рўпара келиб қолишдан чўчиб, қадамини тезлатди – Найфат сари ошиқди. Ёзнинг неча тунида бу йўлдан хавотирланиб, қўрқиб юрган эди. У тунлар фарахбахш эди. Энди қўрқувсиз юриб боряпти. Ёз тунларида, ўрмон ёқасида севгилиси кутиб турарди. Энди ажал кутяпти. Қор унинг сўнгги йўлига оқ пояндоз тўшаяпти. Урусхон яшаётган оламга шу пояндозни босиб киради…
Кўзлари йўлда. Хаёли эса Урусхонда: ўша бўронли кеча… Қулоқлари остида мағрур йигитнинг маҳзун қўшиқлари янграй бошлади:
Ота-онам ўтди хору зор,
Менинг ҳам ҳаётим кўп ғамгин.
Қайғуларда бенаво ва хор,
Мен йўқотдим ҳаётим рангин.
Мен ўларман… лекин тепамда,
Кўз ёш тўкиб эзилмас иним.
Осмон ўзи йиғлайди ғамда,
Ёмғир билан ювилар таним.
Сингиллар йўқ… инимга эса,
Бориб етмас пажмурда бу тан.
Даҳшат, уни бўрилар еса,
Талашиб оч қузғунлар билан!
Золийхон беихтиёр равишда бу қўшиқни хиргойи қила бошлади.
Ажабо! Қўшиқ сўзлари бу онда унинг бахтсиз тақдирига нақадар мос-а!
Қор ёғяпти…
Кошки эди, гуноҳ сари бошлаб борган йўлларни энди поклай олса…
Золийхон довонга етиб келди. Қўлидаги милтиқ оғирлик қилса-да, уни маҳкам ушлаганича қийинчилик билан юқорига кўтарилди. Бу йўлдаги ҳар бир дарахт, ҳар бир бута унга таниш. Аммо ҳозир барчаси совуқ оқ либосга ўраляпти. Ҳаммаси ўлик уйқуда. Золийхон гуноҳ сари бораётганда, гуноҳни елкасига ортиб қайтаётганда гувоҳ бўлган япроқлар жонсиз ҳолда шохларидан узилиб тушиб, энди лойга беланиб ётибди. Золийхон ўша гувоҳларини босиб боряпти.
Урусхон билан ётган, бўсаларидан маст бўлган, садоқат хусусида қасам ичишган булоқ бошидаги майсалар устини ҳам қор харир парда каби қоплаган. Ҳамма ёқ оппоқ. Гўё бу оламда заррача ғубор йўқдек…
Золийхон “сенга садоқатли бўламан”, деб қасам ичган эди. Садоқатини исботлайдиган вақт етди.
У ўтирди-ю, милтиқ тепкисини босди…
***
Салимат ожиза кампирга бахти қаро қизнинг видо сўзлари, сўнгги узри ва илтижосини етказди. Кампирнинг ҳаяжон ва ҳайрат билан берган саволларига чўчибгина жавоб қайтарди. Отасининг номуссиз қизни уйдан чиқариб юбориш ҳақидаги буйруғини истиҳола билан айтди.
-Отанг бунча бемеҳр бўлмаса! Касал одамни ҳам қишда уйдан ҳайдаб чиқарадими? Ахир ёлғиз ўзи қаёққа кетди?
-Балки… кодатларникига кетгандир?
-Кодатларникига? Эсинг жойидами? У ерда нима қилади? Сен бир балони билмасанг гап бошламайсан. Менга тўғрисини айт!
-Мен бу ҳақда оғиз очмайман, деб қасам ичганман. Майли, сизга айтай, фақат бировга гапириб юрманг. Менимча Золийхон Зурабни ўлдирмоқчи. Ахир Урусхоннинг ўлими учун кимдир қасос олиши керак-ку? Ҳар ҳолда Урусхоннинг милтиғини бекорга олмади.
Кампирнинг талабига кўра Салимат кодатларникидан хабар олгани кетди. Ҳавотирини босолмай, пайпасланиб, ҳовлига чиқди. Шу онда қор босаётган водийни титратиб ўқ овози янгради. Бу овоз муқаддас ўрмон томондан келиб, қояларга урилиб акс-садо берди.
-Бу нимаси?-деб сўради ожиза ўзидан ўзи.
Хавотир чангалидаги юраги ярадор қуш каби потирлай бошлади.
Ҳамма ердан ҳайдалган бахти қаро қиз…
Севган ёрининг милтиғини олган…
Муқаддас ўрмон томондан келган ўқ овози…
Салиматдан эса ҳалигача дарак йўқ…
Кута-кута кампирнинг тоқати тоқ бўлди. Охири чидай олмай , бошида рўмоли йўқлигини ҳам унутиб, йўлга тушди. Ожиза муқаддас ўрмон йўлини яхши билади. Бир вақтлар бу йўллардан кўп юрган. Ҳар бир сўқмоқ, ҳар бир бурилиш унга таниш.
“Бевош қиз… Урусхон билан учрашадиган ерга борган,-деб ўйлади кампир.-Бошқа жойни танламайди… Тезроқ … тезроқ етиб боришим керак. Балки ҳали тирикдир…”
Ожиза сирғанчиқ сўқмоқни хассаси билан пайпаслаб шошилади. Қор энди бўралаб ёғади. Кўзи соғ одам ҳам бир қадам наридаги нарсани кўра олмайди.
Кампир беҳос сирғаниб кетди. Бирон нарсани ушлаб қолиш умидида қўлларини ёйди-ю, мувозанатини сақлай олмай, нажот илинжида бир қичқирди-ю, жарга қулади.
Кодатларникидан қайтаётган Салимат бу қичқириқни эшитиб, овулдагиларни фожиадан огоҳ қилди.
Бир неча соат қидиришгач, Тамбининг ўғиллари жарлик тубидан боши пачоқланган кампирнинг мурдасини топишди.
Овулда “кампирнинг мияси айниб, кўчага чиқиб кетган экан, адашиб йиқилибди”, деган овоза тарқалди.
***
Қор ёғади…
Ҳудди ҳеч қандай фожиа юз бермагандай хотиржам қор ёғади.
Қор ўзининг оппоқ чойшаби билан тоғ ва довонларни ўраб чиқди.
Иссиқ уйларида ўтирган тоғликлар Золийхон қаерга йўқолди экан, деб қидириш у ёқда турсин, ўйлаб ҳам кўришмади.
Бу фожиадан фақат тулкиларгина хабар топганлар. Уларнинг ўрмондаги инларида катта-кичик суяклар сочилиб ётибди.
Одам суяклари…
ТАМОМ.
ВЛАДИМИР ИКСКУЛЬ.
Яна таржимондан:
Ўқиганингиз мазкур қиссанинг таржимасини 1970 йил 17 октябр, шанба куни тонгги соат 6.10да якунига етказган эканман. Орадан ўттиз олти йил ўтиб, асарни яна қўлга олдим. Бир неча ой мобайнида қайта таҳрир қилиб, оққа кўчириш билан банд бўлдим. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, Ўзининг мадади ила бу иш 2006 йилнинг 21 июн, чоршанбасида ниҳоясига етказилиб, сиз азизларнинг ҳукмингизга ҳавола этишга қарор қилинди.
Яна бир-икки сўз айтмоқликдан мақсад, таржима тарихидан сизларни огоҳ этишгина эмас.
Гап шундаки, мазкур асар ўттиз олти йил муқаддам каминага бошқача таъсир этган эди. Оққа кўчириш жараёнида Золийхон ва Урусхоннинг муҳаббати ва тақдирига бўлган муносабатим анча ўзгарди.
Сезиб турибман, асарни ўқиган ёшлар Золийхонга ачинишяпти.
Кексароқ одамларнинг эса фикри ўзгачароқ.
Аслида уларга ачиниш керакми? Буни ҳар бир ўқувчи ўзи ҳал қилиши лозим бўлса-да, фикрларингизни баҳсга чорлашни лозим топдик. Қайси бир асарда бош қаҳрамон баён якунида ўлим топар экан, ўқувчи унга ғоят ачинади. Баъзан ёзувчини бемеҳрликда айблайди ҳам. “Ўтган кунлар” романини ўқиганлар Кумуш жон берганда йиғлаган бўлсалар керак. Ҳатто Абдулла Қодирийнинг ўзлари ҳам бу сатрларни ёзганларида йиғлаган эканлар. Хўш, Золийхонга Кумушга ачинганимиздек ачинишимиз керакми?
Албатта йўқ!
Кумуш – ҳаё, садоқат, пок муҳаббат олиҳаси.
Золийхон-чи?
Беномуслик барча халқларда, барча динларда ғоят оғир гуноҳ саналади. Барча халқларда, барча динларда беномуслар қаттиқ жазоланадилар. Урусхон Тбау тоғининг Ила худосидан қўрқмади. Нега? Чунки бу худони одамларнинг ўзлари тўқиб чиқарганларини билади. Агар у чинакам Худони таниганида эҳтимол, гуноҳдан ўзини тийиб олган бўларди.
Сиз ачинаётган Золийхон иккита катта гуноҳ қилиб охиратини ҳам куйдирди. Номуссизлик кўчасига киргани бир гуноҳ бўлса, ўзининг жонига қасд қилгани янада оғирроқ гуноҳдир. Барча халқларда, барча динларда одамнинг ўзини ўзи ўлдириши кечирилмас гуноҳ саналади.
Бизнинг бу мулоҳазаларимизни инкор этмай, севишганларнинг тақдирини яна бир қайта ўйлаб кўрарсиз. Халқимизнинг бир мақоли уларнинг ҳатти-ҳаракатларини баҳолашда қўл келиши мумкин: “Билмайин босдим тиканни, тортадирман жабрини, билсам эрдим, босмас эрдим, тортмас эрдим ул тиканни жабрини”.
Эҳтимол, ораларингизда бировга кўнгил қўйиб, севгилисига етолмай юрганлар ҳам бордир. Эҳтимол, улар севгани билан қовушишга йўл бермаётган ота-оналари ёки бошқа яқинларидан норозидирлар. Шундай бўлса ҳам шошилманг. Аввал севги билан ҳавасни фарқлаб олинг. Беномуслик кўчасига киришни хаёлингизга ҳам келтирманг. Никоҳсиз турмуш қуриш беномусликдир ва бу ҳаракат бу дунёда ҳам у дунёда ҳам жазоланади.
Дуо қилайлик: ё раббимиз Аллоҳ! Қиссада баён этилган Урусхон ва Золийхоннинг тақдирини бизнинг ёшларга бегона қил. Ёшларимизни ор-номусли бандаларингдан қил. Ҳаё, иффат, садоқат каби фазилатлар билан зийнатлантир. Ёшларимизга тотув оила саодатини бер. Омийн!
Тамом.
ВЛАДИМИР ИКСКУЛЬ.
Тоҳир Малик таржимаси.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 4