ҚИССА.
8-қисм.
Устунга боғлаб қўйилган отни Золийхон бир кўришдаёқ таниди: Зурабники! “Бу бахт келтирмайди!” деб ўйлади қиз. Бу фикри вужудида титроқ уйғотди. Урусхон бир сакраб отга минди-да, унга қўлини узатди. Қиз унинг қўлини ушлаб, оёғига оёқ қўйди. Урусхон уни чаққонлик билан тепага тортиб олди-да, орқага мингаштириб, отни ниқтади. Улар бир зумда тун бағрига сингиб, кўздан йўқолдилар. Илонизи йўллар ортда қолиб, водийга олиб борувчи сўқмоққа чиқиб олишди. Урусхон шошилади. Келиннинг йўқолганини сезиб қолишгунча бу ерлардан узоқлаб кетишни истайди. У қанча ошиқмасин, тезлашишнинг иложи йўқ – тик сўқмоқда отнинг кейинги оёқлари тийғанади, баъзан эса ўтириб қолади.
Золийхон Урусхоннинг белидан маҳкам қучиб олганча, ўзини тақдир ҳукмига бериб, ҳар қадамда жазо кутади.
Ниҳоят водийга эсон-омон чиқиб олишди. Қизилдон ёқалаб кетган овул йўли уларнинг қаршисида оқариб кўринди.
Урусхон отни тезлатди. Тун сокинлигини от туёқларининг дупури бузди.
Золийхон юрагини қўрқув, Урусхон қалбини эса ғазаб олови куйдиради. Йигит севгилисининг тўйга рози бўлганидан хафа. Суймай туриб эрга тегишга рози бўлиши сабабини билолмай кўнгли хуфтон.
Тбау чўққисидаги ғорда жон сақлаётган Урусхон Заурнинг уйида бошланган тўй хабарини таом олиб келган Хадар исмли ёш туцатдан эшитиб, аввалига нима қиларини билолмай гангиб қолди. Кейин ғазаб вулқони оташида Хадарга ваҳшийларча ташланиб, уни даст кўтариб олди-да, жар ёқасига келтирди. “Бор гапни айтмасанг ташлаб юбораман”, деб қўрқитди-ю, тўй воқеасини ипидан игнасигача билиб олди. Йигитчани жар ёқасига келтириши шунчаки пўписа эмасди. Ташлаб юбориши ҳеч гап эмасди. Лекин сўнгги сонияда “болада нима гуноҳ?” деган фикр уйғонди-ю, ғазаб оловини жиловлаб олишга ўзида куч топди. “Маҳмаданалиги туфайли, сирни ошкор қилиб қўйгани учун ўзидан қўрқади, қайтиб борганида бўлган воқеани яширади”, деган хаёлда уни қўйиб юборди. Кейин фурсатни ғанимат билиб, йўлга отланди. Тбау қояларини тарк этиб, водийни кесиб ўтди-да, бўрининг эҳтиёткорлиги билан Цагат Ламардонга яқинлашди. От топишга қийналмади. Меҳмонларнинг отлари ўтлоқда ўтлаб юрибди.
Аммо тақдир унга Зурабнинг отини насиб этди. Бироқ милтиқ топа олмади. Кейин қош қорайишини кутиб, боғда яшириниб ётди.
У Золийхонни бутун вужуди билан севарди. Шу сабабли қизни вафосизликда айблаб, ундан ғазабланарди.
Ҳозир қочиб бораётган бир пайтда уни сўкмайди, таъна тошлари отмайди. Ҳавфсиз жойга етиб олишгач, ягона хўжайин ким эканини унга ўргатиб қўяди.
***
Салимат ёнига дугоналарини чорлади-да, келиннинг кўнглини очиш мақсадида бир гапириб, ўн кулиб аёллар бўлмасига кириб келди. Хонада келиннинг йўқлигини кўрган қизлар остона ҳатладилару ҳайрат ва қўрқув билан тўхтаб қолдилар. Улар алҳол қочоқлик ҳақида ўйлашга ҳам журъат этолмасалар-да, очиқ дераза, пастга олиб қўйилган тувакдаги гул бор гапдан хабар бериб турарди. Улар сапчиб орқага чекиндилар-да, қўшни хонадаги хотинларни фожиадан огоҳ қилдилар. Бу шармандали хабар яшин тезлигида тарқаб, меҳмонлар қулоғига ҳам етди-ю, ҳаммаларининг ҳафсалалари пир бўлиб кетишга чоғланишди.
Бу воқеани ўзлари учун таҳқир деб билган Тўтараевлар отларини тезликда келтиришларини мезбонлардан талаб қилдилар. Туцатларнинг қалбида эса бу онда қасос ўти аланга олди. Қиз ўғрисини ушлаб, унинг қони билан номус-орларини поклаб олганларидагина, куёв томон олдида юзлари ёруғ бўлгандагина бу аланга пасайиши мумкин эди.
Йигитлар, ҳатто ўсмирлар ҳам ўтлоққа шошилишиб, отларни отхонага ҳайдадилар. Ҳеч ким имилламади, гарангсиб турмади ҳам. Юртни ҳудди қўққис ёв босгандай, ватан ҳимоясига отланаётгандай шошилишди. Зеро, улар учун номусни поклаш ватан ҳимояси каби муқаддас бурч эди. Отини тополмай ғазабланган Зураб, кўп ҳам ўйлаб ўтирмай, қўшнининг отига минди-ю, жониворга аччиқ-аччиқ қамчи босди. Унинг оти биринчи бўлиб елдек учди. Зураб қизни ким ўғирлаганини билиб турарди. У укасининг топталган номуси учун қасос олади, ҳа! Қонсираган ханжари бугун малъун қонига тўяди, ҳа! У бошқаларнинг етиб келишини кутиб ўтирмай, сўқмоқнинг хатарли эканига ҳам парво қилмай отни чоптираверди. Кўп ўтмай таҳқирланган оиланинг аъзолари ҳам кўча чангитиб унга эргашдилар.
Қочоқларни тезроқ тутиш аҳдидаги қувлоқлар ҳудди қуюн каби елдилар. Бир қанча чавандозлар эҳтиётсизлик қилиб жарликка қуладилар. Ким чалажон, ким беҳуш ҳолда ётган ерида қолаверди. Безбет олибқочарни, ҳаё ва номусини унутган қизни тезроқ ушлаб, жазолаш қасдида от сураётганлар биродарларининг ҳолатларига эътибор ҳам бермадилар. Хатарли жар ёқалаб кетган сўқмоқ ортда қолиб, водий йўлига чиқишгач, ўрама қамчинлар ишга солинди. Олдинда бораётган Заур билан Зураб ўйлаб ҳам ўтирмасдан отларини Даргов сари бурдилар. Уларнинг фикрича, қочоқлар фақат шу йўлдангина юришлари мумкин эди.
ОЛИШУВ
Дарговдан ўтиб, Жисхитдаги қабртошлари тизилиб кетган ўликлар шаҳрига етиб келишганда Урусхон орқадан отларнинг дупурини аниқ эшитди.
-Улар келишяпти!- деб шивирлади даҳшат гирдобидаги Золийхон.-Келишяпти! Мени қутқар!
Урусхон отни тезлатмоқчи бўлди. Аммо тепасида икки одам билан оғир йўл босган жонивор чарчаган, оғзи кўпикланиб, аранг нафас оларди. Урусхон бу от билан узоққа боролмаслигини англади.
Аммо унинг олға босишдан ўзга чораси йўқ эди. Ўнг томони тик қоялар билан тўсилган, чап томондаги тош ўзанида Қизилдон жўшиб оқади. Нажот йўли фақат олдинда!
Бироқ нажотдан умид йўқ. Бу ҳаёт эмас, мамот йўли экани ҳақиқатга яқинроқ
Отларнинг дупури борган сайин яқинлашяпти.
Урусхон чора умидида атрофга кўз ташлади. Ҳамонки қочиб қутулишнинг иложи йўқ экан, ҳаётини қимматроққа сотмоққа, бу ёруғ дунёни қаҳрамон сифатида тарк этмоққа қарор қилди. Қачонлардир у дўстларига мақтаниб, чалажон кампирлар сингари кўрпа-ёстиққа михланиб эмас, ботир ўғлон мартабасида кўкрагидан ўқ **** ўлиш умидида эканини айтарди.
Унинг наздида ўша орзусининг амалга ошиш фурсати етди.
Урусхоннинг зийрак нигоҳи йўл бурилган жойда, қоянинг юқори томонида ғор мавжудлигини аниқлади. Эҳтимол бу ғор қачонлардир қасоскорларидан қочиб юрган бирон абрекнинг бошпанаси бўлгандир. Энди бу ғор Урусхон ҳамда севгилисининг халоскори бўлади. У кўп ўйламай, отни тўхтатиб, эгардан сакраб пастга тушди-да, жониворнинг жиловидан маҳкам тутганича тепага кўтарила бошлади.
Отларнинг дупури тобора яқинлашар, икки жонни асраб қолиш илинжидаги Урусхон эса янада шошиларди.
Дўнгликда отлиқларнинг қораси кўринди.
“Сезмай ўтиб кетишлари мумкин”,-деб умид қилди Урусхон.
Бу сафар умиди унга вафо қилмади. Олдинда келаётган отлиқ тўхтаб, юлдузли кеча бағрида юқорига кўтарилаётганларга қараб қичқирди:
-Тўхта-а-а!
Бошқа отлиқлар ҳам тўхтаб, қочоқларга тикилиб қолишди.
Бу онда кўзлаган манзилига етиб олган Урусхон отдан эпчиллик билан тушган қизга жиловни узатди. Золийхон жониворни етаклаб ғорга кирди. Ғор оғзида қолган абрек милтиқ тополмаганидан пушаймонда эди.
Қасос оловида ёнаётган отлиқлар бир қарорга келолмай тортишиб қолдилар. Куёвнинг тутинган акаси мартабасидан фойдаланган Зураб ҳаммадан кўра қаттиқроқ гапириб, ғорни тезлик билан эгаллаб, малъунни қийма-қийма қилиб ташлашни талаб этарди.
Заур абрекнинг ўлимга маҳкум эканини аниқ билса ҳам, қон тўкилишини истамаётган эди. Элликка яқин қуролланган ботир йигитларнинг ёлғиз ва қуролсиз турган ўғлига ҳужум қилишлари унга адолатсиздек туюлди. Қанчалик гуноҳкор бўлмасин, Урусхон унинг ўғли ҳисобланарди ва Заур бу ҳақиқатни инкор эта олмасди.
Ҳамонки олишувда тенглик йўқ экан, бу эр йигитнинг иши бўлмайди.
Заур ғорни қуршаб олиб, никоҳ ўқитиш учун Кадгарондан Дарговга йўл олган Керимни шу ерда кутиб олишни таклиф қилди.
-Қаллиғи учун Керимнинг ўзи яккама-якка олиша қолсин. Қайси бири енгса – қиз ўшаники! Мана шу олишувда Тбау-уац-Иланинг ўзи қизнинг кимга тегишли эканини аниқлаб беради.
-Бу гапинг маъқул, Заур,-деди Хадар Тўтараев.-Лекин бу олчоқ шундай шартга кўнармикин?
-Рози бўлади!-деди Заур ишонч билан.-У латтачайнар эмас, ботир жангчи!
Руҳоний отанинг гаплари Зурабга малол келди. У ғазабини яширмай, дағал оҳангда Заурга мурожаат қилди:
-Яхши, ҳаммамиз бараварига ҳужум қилмайлик. Яккама-якка жанг бўлсин, десанг, мен розиман. Аммо эртагача кутишнинг нима ҳожати бор? Заур, сен ундан сўраб кўр, балки мен билан олишар? Укамнинг ор-номуси учун қон тўкишга мен ҳаммадан кўра ҳақлироқман.
Ака-укалик аҳдига садоқатини намойиш қилиш учун Зурабда яхши шароит вужудга келган эди. Тўпланганлар буни англаб, унинг қарорини маъқуллашди.
-Шартинг қандай бўлади?-деб сўради ундан Моцко Туцат.
-Шарт битта,-деди Зураб ғор оғзида турган рақибидан кўз узмай,-сўнгги нафасгача олишамиз. Аяб ўтириш йўқ.
-Яхши,-деди Заур, чуқур нафас олиб.-Мен унинг олдига чиқиб, гаплашиб кўраман.
Унинг қарори укаларига маъқул тушмай, норози қиёфада боқдилар. Заур уларнинг эътироз билдиришларига йўл қўймади.
-Хавотир олманглар, у менга ҳеч нима қилолмайди.
У аста юқорига кўтарила бошлади. Қочоқларни қувлаб келганлар унинг ҳар бир ҳаракатини нафас ютиб кузатиб туришди. Заур ярим йўлга етгач. Тўхтаб овоз берди:
-Урусхон!
Абрек “жавоб берсаммикин ё индамай тураверайми?” деб иккиланди. У ўзини фош қилишни, таъқиб этилаётганини тан олишни истамас эди. У бир қарорга келгунича зулмат қаърини поралаб яна Заурнинг овози янгради:
-Урусхон! Мени танияпсан, сен билан гаплашиб олишим керак!
Ортиқча иккиланиб туришга ҳожат қолмаган эди:
-Заур, мен шу ердаман. Гапларингни айтавер.
-Сен бахтингни, шу бугуноқ… ҳозироқ синаб кўришга розимисан? Биз кўпчиликмиз. Мен ортиқча қон тўкилишини истамайман.
“Демак, милтиғим йўқлигини билишмайди”,-деб ўйлади абрек. Сўнг бир озлик сукутдан сўнг сўради:
-Мен билан ким олишмоқчи?
Аслида ким билан жанг қилишнинг фарқи йўқ бўлса-да, Урусхон вақтдан ютиш учун шундай деб сўради.
-Керимнинг тутинган акаси Зураб билан яккама-якка жангга чиқишинг керак.
-Қиз нима бўлади?
-Қиз – ғолибники!-деди Заур шошиб. У “худо ҳеч қачон куфронийни қўлламайди”, деб ишонарди. Энди хов ўша байрам куни тоғ чўққисида кўзига кўринган, қонли тўлқинлар устида қалқиб келаётган, бошига ханжар урилган мурданинг Урусхон эканига амин бўлаётган эди.
Пастда қолганлар Заурнинг бу ажримини эшитгач, норозиликларини яширишмади:
-Қиз ҳеч қачон абрекники бўла олмайди!
-Бу шармандлик!
-Ака-сингил қанақасига бирга бўлиши мумкин? Ахир бу кўз кўриб, қулоқ эшитмаган мункирлик-ку!
-Биз бунга йўл қўймаймиз!
Бирлари олиб, бирлари қўйиб ҳайқираётганларни, айниқса, Тўтараевларни тинчитиш учун Заур пастга тушишга шошилди. У дам бақириб, дам имо-ишора қилиб, барчанинг жим бўлишини сўради:
-Бу икки бадкирдорни ажратиб юбориш ҳаммангиздан кўра менга лозим бурчдир. Тбау-уац-Ила менга бахт кимга кулиб боқишини хабар қилган. Шу боис ҳам яккама-якка тенг жангни талаб қиляпман.
Бу гапдан кейин ғала-ғовур босилди. Ундаги ишонч қасоскорларнинг ғазабини енгди. Унинг ҳотиржамлиги бошқаларга ҳам таъсир этди.
-Яхши, сен айтганча бўлсин – олишса олишақолсин,-деди Алдиан Тўтараев.
Малладан келган, кўзлари эса кўм-кўк хушсурат бу осетин йигитнинг қарори бошқалар томонидан маъқуллангач, Заур яна юқоридаги ғор томон чиқиб, Урусхонни олишувга чорлади.
-Ҳаммаси қонунларимиз ва урф-одатларимиз йўриғида ҳалол равишда бўлади. Ким тирик қолса қизни ўлжа каби ўзи билан олиб, йўлида кетаверади,-деб ишонтирди у.
Урусхоннинг бошқа чораси йўқ эди. Ғор ичкарисида ҳамма гапларни титраганича эшитиб, ҳавотирини енга олмай турган бахтсиз қизга қараб:
-Сен шу ерда қоласан!-деб амр этди. Кейин юмшоқроқ оҳангда қўшиб қўйди:-Бу аёллар кўрадиган томоша эмас.
Қиз амрга итоат этмай, олдинга бир қадам босиб, нажот тилагандай, қалтироқ қўлларини у томон узатди. Кетиши олдидан қизга нисбатан бўлган гина-кудуратларини унутган Урусхон бир нарсага амин: қиз фақат унигина севади. Бутун борлиғини унгагина бахш этган. Агар қўйиб берса Золийхон кўкрагини ажал ўқларига қалқон қилиб, севган ёрини ҳимоя қилади. Ҳозир қўлларини узатиб, унга Ила худосидан паноҳ тиламоқчи, гуноҳларини кечиришини илтижо қилмоқчи. Қалтис жангга отланган Урусхон бундай нозик ҳислар оғушида хайрлашишни истамади.
-Бемаъни аёллар каби ғашимни келтирма!-деди у ҳокимона оҳангда.
Хайрлашув олдидан дилбарини суйиб, ўпмади, меҳри жўшиб, бағрига босмади. Лабларидан “мени кечир” деган мардларча сўз ҳам учмади. Ғор оғзида халоскорисиз қолган қизнинг бағри қон бўлиб, кўзларидан қайноқ ёш қуйилди. Отнинг бўйнига осилиб, юзини унинг терга ботган ёллари орасига яширди. Назарида дунёнинг барча ғам-аламлари унинг вужудини эзиб турган, атрофи одамларга тўла бўлса-да, улар орасидан битта ҳамдард топилмайди. Севган ёрининг эса қаҳри қаттиқ. Шундай экан, жонивордан ўзга ҳеч кими йўқ….
Ақлли жонивор қизнинг тилга кўчмаган хасратларини тушунгандай, олдинги оёқлари билан ерни аста-аста тепиб, илиқ нафаси билан енгил пишқириб, “дардингни мен оламан”, дегандай унинг куйлаклари этакларини ҳидлаб-ҳидлаб қўйди.
Бу орада Урусхон мағрур қадамлар билан пастга тушди.
Қасос илинжида таъқиб этиб келганлар, овул йўлини ҳалқа қилиб ўрадилар. Урусхон уларга яқинлашиб, мушт қилиб тугилган қўлини кўкрагига босиб, салом берди.
Саломи аликсиз қолмади.
Зураб ғазабли нигоҳини унга тикиб турарди. У ҳозироқ ханжарини яланғочлаб, унинг калласини узиб ташлашни истарди. Лекин урф-одатга садоқат ҳисси уни бу ғазабли ҳамладан ушлаб турарди.
Заур Урусхоннинг вакили, Темир Тўтараев эса уруғ-аймоғининг каттаси сифатида олдинга чиқишди.
Бошидан неча алғов-далғовли йилларни ўтказган Темир ёши улуғ бўлгани учун уруғининг каттаси ҳисобланарди. Ҳар қандай шароитда ҳам урф-одатларга бўйсинишни талаб қилувчи бу одам даврадагиларга бир-бир қараб олди-да, дона-дона қилиб, шошилмай гап бошлади:
-Иниларим! Бу икки йигит ўз бахтини синаб кўриш учун ҳаёт ёки мамот олишувига бел боғлашибди. Жанг ҳалол бўлиши керак. Гуноҳкорни худонинг ўзи жазолагай! Буларнинг биридан худо омонатини олмагунича жанг давом этаверади. Буларнинг истаги шу. Худо ҳам шуни хоҳлаяпти. Аяб ўтириш йўқ!
Темир Тўтараев гапини тугатиб, бир-бирининг қонини тўкишга шай турган икки йигитга қаради. Энди рақиблар аждодлар одатига амал қилиб, бир-бирларига қўл узатишлари ва узрхоҳлик қилишлари шарт.
Темирнинг қарашидаги маънони уққан Урусхон мард йигитларга ҳос қадам ташлаб Зурабнинг қаршисига келди. Унинг қалбидаги ғазаб ва нафрат ўти бу он сўнгандай бўлди. У бошдан папоғини олди-да, рақибига ҳурмат билан шундай деди:
-Зураб Кодат! Ҳозир сўнгги нафасимизгача жанг қилиш тақдиримизда бор экан. Бу худонинг иродаси! Икковимиздан биримизнинг юрак қонимиз ҳозир мана шу турган еримизни суғоради. Биримиз шу ерда жон беришимиз керак. Қай биримиз ҳақмиз – худонинг ўзи ажрим қилиб беради. Агар сени ўлдиргудек бўлсам, мени кечир!
Зураб ундан кўз узмаган ҳолда гапларини диққат билан эшитди. Сўнг у ҳам папоғини қўлига олиб, жавоб сўзларини айтди:
-Урусхон! Ҳозир Тбау-уац-Ила иккаламиздан биримизга ўлим ҳукмини чиқаради. Агар ханжарим сенга ўлим ҳадя этса, мени кечир!
Рақиблар бир-бирларига қўл бердилар, сўнг қучоқлашдилар. Атрофдагилар уларни дарров ажратиб қўйишди. Темир Тўтараев енгилгина йўталиб яна сўз бошлади:
-Мен тўппончадан ўқ узишим билан олишувни бошлайсизлар. Қарсаклар товушига диққат қилинг: қарсакларнинг қаттиқ бўлиши ёки пасайишига қараб, бир-бировингизга яқинлашганингиз ёки узоқлашаётганингизни аниқлаб оласиз. Энди менга иккита қулоқчин беринглар.
Тоғликлар “башлик” деб номловчи енгил қулоқчин билан рақибларнинг кўзлари боғланиши лозим эди. Алдиан Тўтараев елкасидаги қулоқчинни олиб, Заурга узатди. Урусхон эса ўзининг қулоқчинини Темирга берди. Заур билан Темир қулоқчинларнинг йиртиғи ёки тешиги йўқмикин, деб синчиклаб текширишди. Қулоқчиннинг бутунлигига ишонч ҳосил қилишгач, аввал Урусхонга яқинлашдилар. Қулоқчинни бошига кийғизиб, енг каби елкада осилиб турувчи узун мато билан юз-кўзларини боғлаб қўйишди.
Бу жараён пайтида Урусхон мутелик билан турди, чурқ этмади.
Заур билан Темир Зурабга яқинлашишди.
Зураб бошидан папоғини олиб, осмонга қараб илтижо қилди:
-Тбау-уац-Ила! Садоқатли бўлишга онт ичганим тутинган укам номуси йўлида жанг қилиш имконини берганинг учун ўзингга шукрлар айтаман! Агар сенинг ироданг ила ўлим менга насиб этса, Керимнинг номусини деб кўз юмаётганим учун ҳам розиман ўзингдан! Сен ўзинг барча нарсани билгувчисан, ҳаммасига ўзинг гувоҳсан. Бизнинг баҳсимизни ўзинг адолат билан ҳал қилиб бергувчисан! Омийн!
Атрофдагилар бараварига “Омийн! Омийн!” деб уни қувватлашди.
Зурабнинг юз-кўзи ҳам ўралди.
Давоми бор...
ВЛАДИМИР ИКСКУЛЬ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2