Ҳаммаси дугонамдан курсдошимнинг телефон рақамини олган кунимдан бошланди.
— Озо, сени Рустам жуда кўп сўрайди. Бир телефон қилсанг-чи? — деганди дугонам суҳбатимиз сўнгида.
— Анув, «крутой Русик»ми?
— Ҳа, ўша-да!
— Нечук? Ҳеч мен билан ош-қатиқ эмасди-ку!
— Билмадим. Икки-уч марта сени сўради. Менимча, сендан Нигинанинг манзили сўрамоқчи. Биласан-ку, ўшанинг ортидан юрарди.
— Майли, бер, рақамини. Зора, мен орқали икки ёш бахтли бўлиб кетса…
Ўша куни дугонам Рустамнинг рақамини айтди. Мен телефонимга сақлаб олдим. Икки кун ўтиб, унга қўнғироқ қилдим.
— Ало, яхши йигит қалайсиз? — уни озроқ чалғитмоқчи бўлдим.
— Яхши. Ўзингиз-чи? Кимсиз?
— Мени танимайсиз. Мен эса сизни танийман. Чунки сизга ошиқу беқарорман…
Рустам бир зум жим бўлиб қолди.
— Кимсиз? — деди кейин секингина.
— Таниб олинг-чи? Ким эканман?
— Рости, умуман танимаяпман…
Шундан сўнггина мен ҳам телефондан келаётган овоз унчалик Рустамникига ўхшамаслигини сездим.
— Рустаммисиз? Мен курсдошингиз — Озодаман!
— Кечирасиз, мен Рустам эмасман.
— Вой, сиз мени кечиринг. Нотўғри рақам тердим, шекилли, узр!
— Ҳечқиси йўқ. Озода ёшингиз нечада? — қизиқа бошлади йигити тушмагур.
— Саксонда! Узр, — дедим-у, қизил тугмани босдим.
Кейин эса шоша-пиша дугонамга қўнғироқ қилдим.
— Гарангмисан? Охирги рақамини етти дедим. Сен нега икки тердинг? — деди у кулиб.
— Оббо! Ростдан адашган эканман-да!
Ҳижолат бўлиб ўтиргандим, бояги рақамдан қўнғироқ бўла бошлади. Кўтармадим. Аммо яна ва яна қилаверди…
— Ало! Узр сўрадим-у! — дедим кейин жаҳл билан.
— Кечирасиз, менга сиз эмас, саксон ёшли Озода момо керак, — деди йигит қувноқ овозда.
Беихтиёр кулиб юбордим.
— Кечирасиз, ростдан адашиб тушган эканман. Бошқа безовта қилмайман, — дедим сўнг.
— Мен безовта қиламан. Чунки ўша момо менга ошиқу беқарор!
Яна кулишдик.
— Узр, дедим-у…
— Узрингизни қабул қилдим. Тўғриси, кайфиятим йўқ эди. Адашиб тушган бўлсангиз-да, бироз кўнглимни ёзишга ёрдам бердингиз. Раҳмат! — деди йигит самимий. — Шунга қайта қўнғироқ қилгандим.
Шу билан хайрлашдик. Аммо эртасига у яна безовта қилди:
— Узр, Озода момони мумкинми? Менга «кайфиятцин» деган дори ваъда қилганди.
— Оббо! Тугаб қолди-ю… — дедим унинг мулойим, лекин бироз андуҳли овозига жавобан.
— Озода! Узр, безовта қилдим. Ҳозир дардимни ҳеч кимга айтолмайман! Ғурурим йўл қўймайди. Сиз эсимга тушдингиз. Мени севган қизим ташлаб кетди. Шунга икки кундан буён сиқиляпман, — у чуқур «уҳ» тортди.
— Шунга мажбур бўлгандир? Ота-онаси мажбурлаб эрга бергандир?..
— Шунақа бўлса майли, эди… Ўзи келиб юзимга айтди. Бошқани севиб қолибди.
— Унда бунинг учун ғам чекманг! Хурсанд бўлинг. Бевафолардан ўз вақтида жудо қилгани учун Аллоҳга шукр қилиш лозим.
— Раҳмат! Момо, бу дорингизнинг номи нима?
— Бу дорими? Ҳозир қараб ўқийман… — кейинги гапимни атай кампирлардек талаффуз қилдим. — Болам, бу дори — «таскинмицин»! Буни еганингиздан кейин орқасидан «унутамол» бераман. Унутиб юборасиз…
У мириқиб кулди:
— Раҳмат сизга, момо. Ростдан таскин топдим. Бевафолар унутишга муносиб!
Шундан сўнг у тез-тез қўнғироқ қиладиган бўлди.
— Сиз «маҳталмицин»дан кўпроқ еганмисиз, дейман… — дедим охири.
— Нега унақа деяпсиз?
— Адашиб тушишимга маҳтал бўлиб турган экансиз-да! Тинмай қўнғироқ қилиб қолдингиз-ку!
— Негадир сизни кўнглимга яқин олгандим. Бошқа қўнғироқ қилмайман, — у шундай деб алоқани узди.
Ғалати бўлиб қолдим. Хафа қилиб қўйганимдан кўнглим хижил эди. Шундай бўлса-да, индамадим. Балки, бир бекорчи йигитдир?
Афсус, кўнглимдаги ғашлик икки кунгача тарқамади. Демак, у ёмон йигит эмас! Ахир кўнгил сезади-ку! Ўтириб «sms» ёздим:
«Ҳурматли Озода момонинг доимий мижози! Бирорта дори керак эмасми? Масалан, «антихафа»! Чунки момо шу мижозни бехос хафа қилдимми, деган ўйда!»
Дарров жавоб олдим:
«Керак! «Антихафа», «Антисоғинч», «Антиғурур»… Шу дорилар жудаям керак! Сиз билан гаплашсам, хафалигим тарқайди, соғинчим босилади. Лекин ғурурим йўл бермаётганди. «Антиғурур»дан кўпроқ керак…»
Алланечук бўлиб кетдим. Ўша-ўша биз тинимсиз гаплаша бошладик. Суҳбатимиз ҳечам тугамасди.
— Момо, менга «дийдорол» керак. Лекин бу дорини сизни кўриб, кейин оламан, — деди бир куни у.
Лекин менинг у билан учрашгим йўқ эди. Бир куни шундай таклиф бўлишидан жуда қўрқардим. Ўзимнинг ҳам уни кўргим келаётган бўлса-да, учрашишга кучим йўқ. Чунки… Бир оёғим сал калталиги сабаб оқсоқланиб юраман. Бу нуқсоним менга ҳаётда кўп панд берган. Камситилишимга, муҳаббатдан воз кечишимга, одамлардан ўзимни олиб қочишимга мажбур этган! Энди шу сабаб, менга овунч бўлган кишимдан йироқлашишни истамасдим.
— «Дийдорол» тугаган! Энди чиқарилмас экан… — дедим зўрға.
— Сизни жудаям кўргим келяпти, нима қилай? Илтимос, учрашайлик. Ёмон ниятим йўқ…
— Мени кўрсангиз гаплашгингиз келмай қолади. Жуда хунук қизман.
— Зато, қалбингиз чиройли!
У икки ойча учрашишга мажбурлади. «Нима бўлса бўлди! Бунақа гаплашиш билан узоққа бориб бўлмайди. Яхшиси, учрашаман! Ўзимни ҳам, уни ҳам қийнамайман! У менга севги изҳор қилмаган бўлса… Нега ундан ўзимни олиб қочишим керак. Биз дўстмиз-ку!»
Хуллас, ўзимни ўзим алдаб учрашишга сўз бердим. Чунки уни пинҳона севиб қолгандим. Кўришишим, ё у ёқли, ё бу ёқли бўлишим керак эди. Биламанки, у мени кўргач, бошқа телефон қилмайди. Шуни билсам-да, энг чиройли кўйлагимни кийдим. Обдон пардоз қилдим. Сочим ҳам ҳавас қилгулик. Нима қилай ахир, менда ҳам кўнгил бор, мени севиб қолишларини истайман!
Учрашувга белгиланган вақтдан олдинроқ келдим. Лекин айтилган жойдан сал нарида турдим. Агар у жуда чиройли йигит бўлса, учрашмоқчи эмасдим. У келди. Бир кўришдаёқ танидим: жуда келишган, баланд бўйли, қош-кўзлари қора экан.
— Қаердасиз? — қўнғироқ қилди у.
Унга тескари туриб жавоб бердим:
— Узр. Боролмадим.
— Бекор гап! Сизни кўрдим. Бир кўришдаёқ танидим…
Юрагим орқага тортиб кетди. Орқага ўгирилдим. У мен томонга келарди:
— Сизни узоқданоқ танидим. Қалбим сезди, — деди у келиб қўлимни сиқиб кўришаркан. — Хунуклигингиз шу бўлса, гўзаллигингиз қанақа бўлади? Сизни бир кўрган йигит эс-ҳушидан айрилади-ку!
— Мана, биттасининг эс-ҳуши жойида-ку! — кесатдим мен ҳам.
— Қаёқдан билиб ўтирибсиз? Балки, ўзимдамасдирман? Юринг, бирор жойга борамиз энди, — унинг кайфияти аъло эди.
Мен-чи? Йиғламоқдан бери бўлиб турардим.
“Уни севиб қолдим. Севаман, уни! Шунинг учун ҳам жойимдан жилишни истамасдим. Бир қадам боссам, тамом! Эй, Худойим, нега мени бунақа қилиб яратдинг?”
— Юринг… — қўлимдан тортқилади у.
Юра бошладим. Бошимни ердан кўтармай қадам ташладим. Аммо шуни сездимки, у бир зум каловланди. Юришдан тўхтади. Менинг-чи? Менинг юрагим уришдан тўхтагандек бўлди. «Энди нима бўлади? Нега Аллоҳ менга уни рўбарў қилди? Нега учрашувга рози бўлдим?» Унинг кўзларига қарагим, «сизни севаман, лекин муносиб эмасман!» дегим келди. Айтолмадим. Ҳеч бир қиз айтолмайди, бу сўзни…
Шарт ортимга қайрилдим-у, йиғлаганча уйга келдим. У мени тўхтатмади. “Нега кетяпсиз”, демади? Чидолмадим! Тақдирнинг бу адолатсизлигига, бу қийноғига дош беролмадим. Ўзимни ўлдиргим келди… Бир уйга қамалиб олиб ўкириб йиғладим. Уни севаман! Сездим, у ҳам мени ёқтирди. Лекин…
Менинг ҳолимга уйдагилар ҳам ҳайрон эди. Қани дардимни бировга айтолсам… Энг яқиним — онамга ҳам айтолмайман ахир! Мендан минг чандон кўпроқ қийналмайдими? Икки кун туз тотмадим. У қўнғироқ ҳам қилмаётганди. Бундан баттар эзилардим. Ахир, ўзини дўстдек тутса, гаплашса бўлади-ку! Учинчи куни телефоним жиринглади. Кўтармадим. Кечгача жиринглади. Жавоб бермадим. Охири хабар келди:
«Менинг момогинам касал шекилли. Унинг дардига даво бўладиган дорилар менда бор: «ишончмицин, антиҳадик, антиғам, умидомол, антиҳижрон, севгимицин… Сизни севаман, Озода!»
Наргиза Усанбоева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1