ҚИССА.
7-қисм.
Машриқда қизил шафақ кўринмай қолди. Дам ўтмай совуқ туман чўққиларни ўз чодирига ўраб олди. Нишаби шимол томонга кетган майсазор майдончага етгач, нафас ростлади. Ўртада тошлардан бетартиб равишда тикланган меҳроб турибди. Бўронлар ҳамласига чидаган меҳроб тошларини моғор босган. Атрофда сочилган суяклар аввалги йиллардаги қурбонликлардан дарак беради. Меҳроб ёнидаги супача худонинг хонтахтаси ҳисобланади. Заур кўтариб келган эҳсонларини шу ерга қўйди. Майдон атрофига уч юзга яқин оқ таёқлар кўмиб қўйилган. Айримларининг учларида қўйнинг калла суяклари илинганича турибди. Айримларини бўрон юлиб олиб, майдонча узра сочиб юборган. Худолари йўлида қилган қурбонликларини шамолу ёмғир, қишда қор-у, ёзда қуёш нурлари чиритиб, адо қилиб юборган. Бу ерга чиқувчи руҳоний зот учун бунинг аҳамияти йўқ, унинг вазифаси – худога аталган қўй калласи илинган оқ таёқчани кўмиб кетиши шарт. Заур учун бу вазифа янгилик эмас. У ханжари билан ерни кавлади-да, таёқчани кўмиб, атрофини тепкилиб, бостириб қўйди. Кейин тиз чўкканича машриқ томон тикилиб худо томонидан аён этилувчи мўъжизани кута бошлади.
Бу ерда дуо ўқилмайди. Ибодат ҳам қилинмайди. Отасининг васияти шундай. У Тбау-уац-Иланинг мўъжизасини тоқат билан кутади. Афсуски, бу мўъжиза ҳар йили ҳам насиб этавермайди.
Заур кутяпти…
У ўзини ғоят ҳақир ва ёлғиз ҳис қилди.
Атрофда вазмин тун сокинлиги ҳукмрон.
Унинг овули пастда жойлашган. Ҳудди худонинг ғазаб омочлари билан шудгорланган ерга ўхшайди.
Ой кўтарилди.
Водий томондан эсган шамол Тбау қоялари орасида сарсари кезади.
Заурнинг вужудига қўрқув оралай бошлади.
Илоҳидан содир бўлажак мўъжиза они яқинлашганини қалбан сезди.
Тиз чўкиб ўтирган руҳоний беихтиёр равишда эгилиб, пешонасини ерга қўйди. Қоялар юзини силаб, сузиб юрган туман қуюқлашди. Гўё ҳамма ёқни қоп-қора тутун босгандай, Заурга ҳатто таёқлар ҳам кўринмай қолди. Кўзга кўринувчи фаришта Дзуарнинг яқинлашаётгани шу тарзда Заурга аён бўлди.
Туман орасида одам қиёфаси кўринди.
Заур ҳушини йўқотди.
Аммо йиқилмади, елкасидан кимдир маҳкам ушлади:
-Қара!
Унинг кўз олдини қоплаб турган қора парда йиртилди-ю, ўтган ва бўлгувчи воқеаларнинг мудҳиш манзаралари кўрина бошлади.
Аввалига кенг ва асов дарёни кўрди. Ажабки… дарёда харсангдан харсангга урилиб кўпирувчи сув эмас, қон оқаяпти. Қон дарёси узоқда эмас, шундайгина ёнидан оқиб ўтяпти. Ана, қон тўлқинлари елкасида нимадир оқиб келяпти. Заур диққат билан тикилди: қизларнинг либосини кийиб олган ўсмир боланинг жасади. Кўксида ханжарнинг ўрни бор. Тўлқинлар жазавага тушганча гирдоб ҳосил қилди-да, жасадни чирпирак қилиб айлантира-айлантира паст томон оқизиб кетди. Заур Урусхоннинг ханжаридан ўлим топган маъсум Мулдорни таниди.
-Оқизиб кетди, оқизиб кетди-я!-деб пичирлади унинг лаблари.
Дам ўтмай ўркач-ўркач қон тўлқинлари яна бир жасадни оқизиб келди. Буниси катта кишиники эди. Гавда тузилишидан азамат жангчи бўлгани билиниб турибди. Юз-кўзлари қулоқчин билан ўраб ташлангани учун Заур бўғзига ханжар уриб сўйилган бу жангчини танимади.
Бу ўлик ҳам ёнгинасидан оқиб ўтиб кетди.
Қонли дарё мавжи тинмайди.
Ана… яна бир кимса кўринди.
Заур беихтиёр қичқириб юборди. У шу топда юзини ўгириб олишни, ҳеч бўлмаса кўзларини юмишни истади. Аммо бундай қилишга ҳаққи йўқ, амр этилган: қарашга мажбур!
Қора либос, сочлари оппоқ, кўзлардаги нур сўнган…
-Хотиним…-деб шивирлади даҳшатга тушган Заур,-менинг хотиним!..
У қон дарёсидан кўзини узиб, бошини ерга уришни истади. Агар бу он ер ёрилса-ю, уни юта қолса, мушкули анча осон бўларди.
Бироқ елкасидан яна бир чайир панжа тутди. Олий ҳоким унга яна қатъий буйруқ берди:
-Қара!
У яна қип-қизил мавжларни, ўлим оқимини кўрди. Оқим оқаверади, оқаверади – охири кўринмайди. Шу аснода тўлқинлар талвасага тушиб, елкасида яна бир жасадни кўтариб келди. Оқ либосдаги ўликнинг юзларига оқ рўмол ташланган, кўйлагининг кўкрак қисми йиртилган, сийнабандлар ҳам йиртилиб, кўкраклари яланғочланган.
Заур даҳшат билан кўзларини каттароқ очди:
-Бу нима? Кўкраклари куйдирилганми?
Шамол жасаднинг юзидаги оқ рўмолни кўтарди.
-Золийхон! Болам!!!
Руҳоний ота ҳушсиз йиқилди. Кўрганлари унинг учун ғоят оғир юк эди – кўтаришга қурби етмади.
Кечаси билан ҳушсиз ётди. Эрталабки совуқдан жунжикиб, ўзига келди. Қуёш туманни ҳайдаб, тоғ ва водийни олтин нурига ғарқ қилиб улгурган эди. Тунги мудҳиш манзаралар ҳам йўқолиб, ҳаёт ўз йўриғига тушиб олганди. Қуёш нурларидан қайта жон олган Заур ўрнидан туриб меҳробга яқинлашди. Бултур олиб келган эҳсонлари қолдиқларини четга олиб қўйиб, изига қайта бошлади. Қоялар билан ўралган майдончада илҳақ бўлиб кутаётган инилари унинг оқариб кетган юзига қараб, ҳавотир назари билан бир-бирларига қараб олдилар. Уларнинг жавоб кутаётганларини Заур биларди. Аммо бу онда бирон нима дейишга ҳоли йўқ эди. Ҳоли бўлган тақдирда ҳам кўрганларини уларга айта олмасди. Шу боис иниларига қараб бош чайқаб қўя қолди. Туцатларнинг “демак, бу тун худо кўриниш беришни истамабди”, деган хулосага келишлари учун шу ишора кифоя қилди.
Урусхон ғордан чиқиб, қаддини ғоз тутди-да, мушт қилиб тугилган қўлини кўкрагига қўйганича мағрур оҳангда салом берди. Заур алик олмай, “сўйилган ўлик шу эмасмиди?”-деган хаёлда бир неча нафас тикилиб қолди.
Руҳонийлар Урусхонни яна ғорда қолдириб, изларига қайтдилар.
Турнақатор бўлиб олган туцатлар неча юз йиллардан бери бобокалонлари қатнаган тор сўқмоқ бўйлаб юриб борардилар. Шошилмай юрганлари сабабли Найфат қалъаси харобаларига оқшомда етиб келдилар. Ярми бузилиб кетган дарвозадан ўтиб, қалъа ичкарисига кирдилар. Бу ердан Тбаунинг баланд чўққилари ва унинг пойидаги Ламардон водийси яққол кўзга ташланиб турарди.
Чап томондаги хоналарнинг айримлари бутунлай вайрон бўлган, бут қолганларини эса руҳонийлар ўзлари учун омборга айлантирган эдилар. Ўнг томондаги қия очиқ эшикдан яримқоронғу кушхона кўриниб турарди.
Байрам бошланди. Оқ либосли ёш туцатлар уст-бошларини қонга белаб, қурбонлик учун келтирилган қўйларни тошлардан тикланган меҳроб қаршисида сўймоққа киришдилар.
Дошқозонларда шўрва қайнайди. Қўраларда кабоблар жизиллаб пишяти. Кабобпазлар ёғоч сихларга терилган гўштларни усталик билан чўғ устида тўхтовсиз айлантириб туришади.
Торгина зина иккинчи қаватга олиб чиқади. Бу ердаги кенг хонада тўпланган муридлар руҳоний оталарининг келишларини соғиниб кутишади. Қалъа ҳовлисида тўпланган оломон ҳам Заурни зиёрат қилиб олишга интилади. Заур улар орасидан аранг ўтиб, иккинчи қаватга кўтарилди.
Хонанинг ўнг ва чап томонига ўриндиқсифат қоқилган тахталар устида ҳалойиқнинг Тбау-уац-Ила учун олиб келган эҳсонлари, ликопчадан тортиб, косага қадар турли буюмлар териб қўйилган эди. Кичкинагина тўртбурчак деразадан кундузи тушиб турадиган нур ҳам бу хонани етарли ёрита олмайди. Ҳозир эса ёқиб қўйилган ўнлаб мойчироқлардан таралаётган нур бу деразадан ошиб, ҳовлини ёритишга ожизлик қилади.
Хона тўрига турли тасвирлар акс этган суратлар осиб қўйилган. Гуржи подшоҳи ҳадя этган катта мис қозонда ҳар бирининг катталиги тухумдек келадиган икки маъдан тош ташлаб қўйилган. Руҳоний ота Тбау-уац-Илага сиғиниб, дуо ўқиганида мўъжиза юз бериб, бу тошлар даволаш кучига эга бўлар эканлар. Айтадиларки, жиннилиги авжга чиққан, ҳеч кимга бўйсунмай, қичқириқлари билан оламни бузаётган кимса бу ерга олиб келингач, Заур дуо ўқиганича тошлардан бирини олиб, беморнинг пешонасига теккизган экан. Шунда типирчилаётган жинни тинчиб, бирданига тошдай қотиб қолган экан. Бир неча дақиқадан сўнг кўзларини катта-катта очганича атрофга ҳайрон боққан одам жиннилигидан асар ҳам қолмаганидан қувониб, Тбау-уац-Иланинг қудратини оламаро таърифлаш учун овулига йўл олган экан.
Бу хона деворига Заур учун энг муқаддас ҳисобланган, мўъжизаларга бой узун занжир-кишан осиб қўйилган. Самовий кишан ҳисобланган бу занжир ҳақидаги афсоналар тиллардан тилларга кўчиб неча асарлардан бери яшайди.
Эмишки, кўп асрлар муқаддам қабардинлар водийга бостириб кирадилару бироқ қалъани забт эта олмайдлар. Аммо тоғ ёнбағрида от боқиб юрган ёш туцатни асирга оладилар. Уни ўзлари билан ватанларига олиб кетиб, оёқларига кишан урадилар-да, қўйларини боқишга мажбур қиладилар.
Ёш ўғлон қисматидан қайғурган туцатлар Тбау-уац-Илага сиғиниб, ундан мадад сўрайдилар. Ниҳоят, уларнинг муножотларини илоҳлари эшитади.
Кунларнинг бирида ўғлон сурувни ўтлатиб юрганида осмону фалакдан боши билан қанотлари бургутга, танаси эса одамга ўхшаган маҳлуқ учиб келади-да:
-Елкамга ўтир,-деб буюради.
Сўнгра бу мўъжиза маҳлуқ Тбау тоғига учиб келади-да, Найфатдаги муқаддас қалъани кўрсатиб:
-Ватанингни танидингми?-деб сўрайди-ю, ўзи ғойиб бўлади.
Ўғлон кун бўйи пиёда юриб, Найфатга етиб келади. Уни кишандан озод қиладилар. Занжирни эса ташлаб юбормай, эсдалик учун зиёратгоҳ деворига осиб қўядилар. Ўшандаёқ бу кишан илоҳий куч касб этиб қолган. Руҳоний ота танлаган бемор шу кишанга қўл ургани замон соғайиб кетаверар экан.
Қачонлардир Абхазия князи Шервашидзе қалъани харобага айлантириб, мўъжизавий кишанни юртига олиб кетган, лекин кишан ўша туниёқ Найфатга қайтиб учиб келиб, девордаги ўз ўрнини эгаллаган экан. Кишанни уча бошлаганини кўрган абхаз соқчиси унга қараб ўқ узган экан. Кишанда ҳозир ҳам шу ўқ изи сақланиб қолган. Ўша-ўша кишан бу деворда муқим қолган.
Тбау-уац-Ила шарафига ўтказилган байрам икки ҳафта давом этди. Бу вақт ичи қалъадан муридларнинг оёғи узилмади. Ҳовли ҳамиша одамларга тўла, муридлар руҳоний оталарини зиёрат қилиш учун узоқ вақт навбат кутадилар. Қурбонлиқ сўйиш эрталабдан кечгача тинмай давом этади. Қоялар бағрини қизилга бўяб пастга қон сизиб оқади.
Заурга одамлар ўз дардларини айтиб илтижо қилишади. Бири беморларига шифо талабида келган, яна бири меҳр-оқибатга муҳтож, бошқаси худодан барака тилайди. Заур уларнинг истакларини жимгина эшитгандан сўнг худо билан шу одам ўртасидаги вакил мисоли Тбау-уац-Илага муножот қилиб, талаблари ижобат бўлишини сўрайди.
Диний вазифаларини бажо этиб бўлган ёшлар эса сайлни бошлаб юборганлар. Улар давра-давра бўлиб рақсга тушадилар. Қизлардан бири гармон чалади. Бошқалар куйга қарсаклари билан жўр бўладилар. Давра ўртасида икки ёш худди икки оққуш мисол сузади. Қўллари пастга туширилган, юзма-юз туриб бир-бирининг кўзларига муҳаббат билан тикилаётган йигит билан қиз куйга монанд равишда майдон бўйлаб сузадилар: бир яқинлашадилар, бир узоқлашадилар.
Қалъага кўп қатори келган Темир ҳам ўғли ёрдамида қурбонликни сўйиб, худодан Керим билан Золийхон никоҳларининг қутлуғ бўлишини илтижо қилиб сўради.
Заур дўстига узоқ тикилиб қолди. “Кечаси кўрган даҳшатли манзарани унга айтсаммикин ё йўқми?” деб иккиланди. Кейин сир сақлашга қарор қилди: “Айтганимдан нима фойда? Тбау-уац-Ила кимга бахтсизликни раво кўрган бўлса, бу қарорни одам боласи ўзгартира олмайди”.
У руҳи эзилган, топталган одам ҳолатида Темирдан сал нари кетиб, азиз-авлиёлар тасвирлари қаршисида тиз чўкди-да, Тбау-уац-Илага ёлвориб, Темир ва унинг оиласидан марҳаматларини аямаслигини сўради. Золийхоннинг исмини тилга олиб, унинг ҳаққига дуо қилишга ботина олмади. “Қизим худонинг қаҳру-ғазабига дучор бўлган, энди нажот йўқ!”- деб ўйларди у. Золийхоннинг руҳан эзилишини, қарашларига муҳрланиб қолган қўрқувни ўз айбига иқрор бўлиш деб ҳисобларди. Қўрқув ҳам, эзилиш ҳам Урусхоннинг ҳажрида эканини эса ўйлаб ҳам кўрмасди.
ТЎЙ
Керимнинг илтимосига кўра, Темир тўй ҳаракатларини тезлатди. Икки қуда байрам оёқлаши билан тўйни бошлаб юборишга келишдилар. Бу келишувдан Заурнинг кўнгли тўлди. Ҳар ҳолда байрамнинг тўйга уланиши туфайли чиқим ҳам камаяди. Байрамдан ортиб қолган ичимликлару егуликлар тўйга етади.
Заур “қизимнинг тақдири узил-кесил ҳал бўлди, энди ҳеч қандай куч уни ўзгартиришга қодир эмас”, деган фикрда қатъий эди. Аёллар Золийхонга сеп тайёрлаш, келинчаклик либосини тикиш билан овора. Ғамини ичига ютган Заур эса руҳи эзилган одамнинг маъюс қиёфасида юради. Бирон дардкаш топиб, хасратини тўкишни истамайди. У жазо қиличини кўтарган илоҳи қаршисида онги хиралашган тарзда ночор туради.
Тамби билан Иналдконинг таклифини маъқуллаб, байрамнинг сўнгги куни тўй бошлашга қарор қилди. Цагат Ламардонда уч кун давом этадиган тўй зиёфати якунлангач, тўртинчи куни суворийлар қуршовидаги келиннинг араваси Кадгаронга йўл олиши керак. Даргов йўлида келинни куёв кутиб олади. Шу ерда, водийдаги ягона черковда никоҳ ўқитилади.
Темир Тўтараев ҳам бўш келмас, унинг уйидаги тўй зиёфати ҳам камида уч кун давом этар. Шунга қараганда Золийхонни бир ҳафта давом этувчи, довруғи тилларга достон бўлувчи тўй тантаналари кутаётган эди.
“Ишқилиб, тўй тинчлик билан ўтиб олсин…”
Заурнинг бирдан бир тилаги шу!
Ҳам орзиқиб, ҳам ҳавотир билан кутилган тўй куни етиб келди. Ваъдадаги қалин пули тўланди. Тўй тантанасига овул аҳли жамулжам бўлди. Заурнинг бошқа овуллардаги биродарлари, қариндошлари ҳам етиб келдилар. Тўтараевлар авлодидан ҳам азиз меҳмонлар ташриф буюрдилар. Улар орасида фақат куёв йўқ. Таомилга кўра, у қизнинг уйидаги зиёфатга келмайди.
Туцатлар авлодига мансуб аёллар кун бўйи нон ёпиш, таом пишириш билан банд бўлдилар.
Туцатлар авлодига мансуб аёллар кун бўйи нон ёпиш, таом пишириш билан банд бўлдилар.
Тўй тантанасини ёшларга чиқарган: ҳовлида давра қуриб олиб, рақс тушишдан бўшашмайди. Тўйга истаган одам келаверади, истаганича ўйин-кулгуга қўшилаверади. “Сен кимсан?” ёки “Нега келдинг?” дегувчи топилмайди.
Келин ҳовлига чиқмайди, шодиёнага қўшилмайди. У ичкарида, аёллар хонасида. Дугоналари дам-бадам киришиб, унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилишади. Унга қизиқ-қизиқ ҳангомаларни айтишади. Айтишади-ю, ўзлари кулишади. Золийхон дардини ошкор қилмаслик учун баъзан маъюсгина жилмайиб қўяди. Келиннинг эзгин ҳолати, оқариб кетган ранги дугоналарини ажаблантиради, аммо сабабини сўрашмайди. Ташқарига чиқишади-да, шодиёна даврага қўшилишади.
Уч кунлик зиёфат шу тарзда ўтди.
Золийхон уч кун оғир дард исканжасида ўтирди. “Юрагим чидолмай ёрилиб кетса керак”, деб ўйлаганди, йўқ, чидади. Эҳтимол, илоҳи тайёрлаб қўйган барча азобларни кўриш учун ҳам чидагандир…
Зиёфатнинг учинчи куни адоғига етай деб қолди. Ҳовлидаги машъалалар ёруғида катталар зиёфатни давом эттиришяпти. Ёшлар хизматда. Аёллар эса эрта тонгда келинни кузатиш тадоригини кўриб, уйда ивирсиб юришибди. Золийхон хонасида ёлғиз қолган. Уч кунлик хордиқ уни ҳолдан тойдирган. Аввал тиззасига бошини қўйиб ўксинди. Кейин деразага яқинлашиб, кўзларини катта-катта очиб, самога тикилди. Юлдузлар чарақлаб турган бўлса-да, нур кўринмади кўзларига. Унинг келажагини тун зулмати қоплаб олган: на бир ёруғлик, на бир нажот бор.
Ҳовлидан қийқириқлар эшитиляпти. Келин-куёвнинг бахти учун қадаҳлар бўшатиляпти.
ҚОЧОҚЛАР
Золийхон машъалалар ғира-шира ёритиб турган ҳовлига тикилди. Ўзини бағишлашга рози бўлгани – Керимни кўришга кўзи йўқ. Ўй-хаёли фақат Урусхонда. Кўзини юмди дегунича севган ёрининг қиёфаси гавдаланверади.
Ҳовлига тикилиб турган Золийхон бир одамнинг шарпасини кўрди-ю, юраги хаприқиб, қичқириб юборай деди. Дераза орқасида кўринган ким эди? Наҳот Урусхон бўлса?
Ҳа, ўша!
Дераза тиқиллади…
Золийхон нафас олишдан ҳам тўхтаб қолди. Кўргани, эшитгани тушими ё ўнги эканини билмай тараддудланди.
Дераза яна тиқиллади…
Унинг юраги потирлаб, қўллари титраб, деразани очди. Урусхонни кўрди-ю, тили гапга ҳам айланмай, довдираб қолди. Золийхон кўзларини катта-катта очганича унга тикилиб тураверди. Шодланишини ҳам, даҳшатдан қичқириб юборишини ҳам билмай каловланиб тураверди.
Урусхоннинг ўтли қараши жонсиз жонига жон қайтаргандай бўлди. Кўкрагида ажиб бир илиқлик сезди. Урусхон ҳам севганини кўрганидан масрур эди, аммо ҳозир сурурли қарашлар фурсати эмаслигини биларди. Шу боис “Золийхон!” деб шивирлади-да, қўл узатди. Унинг шу шивирлашида ҳам, қўл узатишида ҳам амр оҳанги зоҳир эди.
Икки ўт орасида қолган қизнинг вужудини даҳшат қамраб олиб, титрай бошлади.
Ҳа, унинг юраги Урусхонгагина аталган. Аммо у Керимнинг қаллиғи эканини ҳам, севган ёри эса акаси мақомидаги одам эканини ҳам унутгани йўқ. Агар бу дам қаллиғига бевафолик қилиб, акаси бағрига кирса бошига ағанайдиган бало тоғларининг даҳшатини ҳам англаб турибди. Мана шу даҳшат уни бу тор хонадан тезгина учиб чиқиб кетишига йўл қўймайди.
Золийхоннинг имиллашидан норози бўлган Урусхоннинг кўзларида ғазаб учқунлари чақнади:
-Тезроқ бўл! Юрасанми ё йўқми?-деди у овозини бироз кўтариб.
Қизнинг ихтиёри ўзидан кетди.
-Кетяпман… кетяпман…- у шундай деб шивирлаб, атрофига қўрқув билан қараб олди.
Эркаклар ҳовлида, аёллар уйда ўз юмушлари билан банд. У билан бировнинг иши йўқ.
Золийхон дераза токчасида турган тувакдаги гулни пастга олиб қўйди. Оқ шоҳи кўйлагининг этагини кўтариб, дераза токчасига чиқиб ўтирди.
Дунёдаги энг машъум ва энг даҳшатли воқеа содир берди: у қонсираган муҳаббати йўлида вафони, қаллиғига бўлган садоқатини қурбон қилди. Аслида чала туғилган, энди эса ўлиб бораётган вафо энди унинг қалбини чидаб бўлмас даражада эза бошлади. Суйган ёри билан дийдор кўришишнинг шундай бўлишини орзу қилиб эдими? Дийдор севинчи қани? Вужудга илиқ роҳат бахш этувчи ишқ ўти қани? Булардан асар йўқ. Фақат… виждон азоби бор, фақат гуноҳи учун олажак жазодан қўрқув мавжуд..
Урусхон чурқ этмайди. Уни деразадан кўтариб олиб, ерга қўяди-да, карам ва картошка экилган томорқа сари бошлайди. Кейин икковлари томорқани иҳота қилиб турган шохдевордан ошиб ўтадилар.
Давоми бор...
ВЛАДИМИР ИКСКУЛЬ.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Нет комментариев