Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Ҳикоя
Ишхонага шошаётганим учун таксига қўл кўтардим. Истарали йигит машинасини ёнгинамда тўхтатди.
- Қаёққа опа?
- Таҳририятга...
Машинага жойлашиб ўтиришим билан унинг кўзларига катта умид ва ишончни кўриб ҳайратга тушдим. У излаган одамини топгандек, узоқ йиллик қадрдонини кўргандек сўради:
- Опа, таҳририятда ишлайсизми? Одамларга маслаҳатлар ҳам бериб турасизми?
- Албатта.
- Менгаям маслаҳатингиз керак. Аллоҳимнинг ўзи йўлиқтирди, менга сизни...
- Бемалол, қўлимдан келганча... – дедим бу каби ҳолатларга кўп бора тушганим учун бепарво.
Аммо киракаш йигитнинг кўзларидаги менга бўлган улкан ва самимий умидини эътиборимни тортди.
- Аслида бу ҳақда ҳеч кимга айтиш ниятим йўқ эди, - дея ҳикоясини бошлади у. - Аммо дард қалбимни кемиравергач, кимгадир «ёрилишим» кераклигини англадим.
Қалбимдаги бу оғриқ ҳақида унча-мунча одамга айта олмаслигимни билсам баттар қийналаман. Охири энг яхшиси сизларга телефон орқали юрагимдаги бор изтиробни тўкиб солишга аҳд қилдим. Бу ҳам осон бўлгани йўқ. Бугун шу қарорга келсам, эртага дарров айнирдим. Чунки дилимда яширган бу сиримни ўқиши билан ҳамма мен эканлигимни билиб қоладигандек эди. Айниқса, у…
Уни йўқотишни истамаганим учун ҳам ҳеч кимга гапиргим келмайди. Аммо менга маслаҳат керак. Тўғри, йўл кўрсата оладиган ишончли ҳамсуҳбат керак. Афсуски, сиримни ҳеч кимга ишонолмайман. Шунинг учун ҳам азобдаман. Юрагимдаги дард камдек, виждоним ҳам азоб беради. Гўё боши берк кўчага кириб қолгандекман.
Хуллас, сизга бошидан айтиб берсам… Мен киракашлик қиламан. Бир куни бир қиз машинамга қўл кўтарди:
— Онамнинг мазаси қочиб қолибди. Тезроқ ҳайданг, — деди орқа ўриндиққа ўтира солиб.
— Касалмиди? — дедим унга ойна орқали қарарканман.
— Ҳа, яқинда операция бўлганди. Ўт пуфагидан тош олдиргандик.
Унинг кўзларига қараб бувимнинг сўзларини эсладим. У киши «айрим одамларнинг кўзи кулиб туради», дерди. Ҳайрон бўлардим. Мана гувоҳи бўлдим. Юзида хавотир зоҳир бўлса-да, кўзлари кулиб турарди. Катта-катта, тим қора экан. Ойна орқали яна маҳлиё бўлиб қарадим. «Бунча қаради, бу таксичи», демасин, дея саволга тутдим:
— Шу дўконда ишлайсизми?
— Йўқ. Дўкон ичида пайнет бор. Ўшанда ишлайман, — дея тез жавоб берди у. Зиқ бўлаётгани юзидан маълум.
— Сиқилаверманг, бундан ортиқ тез ҳайдай олмайман, — шу гап баҳона яна унинг кўзларига қарадим.
У менга парво ҳам қилмади. Кўзларини деразадан узмасди. Нигоҳимни йўлга қаратдим. Барибир унинг кўзлари мени сеҳрлаб қўйганди. Ойна орқали яна назар солдим. У ерга пастга қараб сумкасини титкилаётган экан. Киприклари узунлиги шу ёқдан сезилиб турарди.
— Шу ерда тўхтатиб юборинг. Қанча бўлади? — деди у сал юргач.
— Унда кутиб туринг. Балки онамни шифохонага олиб борармиз.
Озгина вақт ўтиб, дарвозадан ранглари синиққан аёлни суяб бир йигитча чиқди. Мен ёрдам бериш учун машинадан тушдим.
— Тўрт бекат наридаги шифохонага, — деди йигитча ўтириб олгач.
— Бир қиз кутиб туринг, деганди, — умид билан дарвозага ишора қилдим.
— Опам уйда қоладиган бўлди. Ойимни ўзим кўрсатиб келаман.
Индамай машинани ўт олдирдим. Шифохонага етгач, у пул узатди:
— Бу опамни олиб келганингиз учун. Буниси, ҳозирга. Раҳмат, рози бўлинг ака!
У эътирозга ўрин қолдирмади. Шундай бўлса-да, машинадан тушиб йигитнинг чўнтагига пулни солдим:
— Розиман ука! Дори-дармон оларсан. Онажон, дуо қилиб қўйсангиз бўлди.
Улар нима бўлаётганини тушуниб етгунича мен машинамни жилдирдим. Аммо кун кечгача қиз хаёлимдан кетмади. Кун менга омадли келгандек эди гўё. Ишим ҳам унди. Кайфиятим ҳам аъло! Шунақаям чиройли кўз бўладими? Чаросдек экан. Ким билсин, исми ҳам Чаросдир… Кўринишидан жуда ёш. Йигирмага ҳам кирмаган чоғи…
Аммо уйга келишим билан бекорчи хомхаёллар билан юрганимни англадим. Аёлим мени хушнуд кутиб олди. Яқинда унинг кўзи ёрийди. Биринчи фарзандимиз. Буларни ўйлаб ўзимдан нафратланиб кетдим. Оилали бўла туриб бошқа бир қизни хаёл қилиб юришим яхшими? Ўзимни койиган, овутган бўлиб бир ҳафтани ўтказдим. Лекин қизни унута олмадим. Телефонимнинг пули тугаб қолгани менга яхши баҳона бўлди.
“У ишлайдиган пайнетдан пул тўлайман. Бир марта кўрсам бўлди. Кўзларига қарасам бўлгани. Бошқа ҳечам у ҳақда ўйламайман!”
Ўзимни шундай дея овутдим. Уни кўришга шу қадар шошибманки, борсам ҳали дўкон ҳам очилмаган экан. Ўзим сезмаган ҳолда унинг уйи ёнига келдим. Ярим соатлар ўтиб у дарвозадан чиқди. Ўша заҳоти менинг юрагим ҳам қинидан чиқди гўё. Шу қадар тез ура бошладики, нафас олишга қийналиб қолдим. Тасодифан кўриб қолган кишидек бўлиб, уни ишхонасигача олиб бормоқчи эдим. Аммо чучварани хом санабман. Бу ҳолимда унга гапира олмайман. Унга ҳаяжонимни сездириб қўйишдан қўрқдим. У чиққан автобусга эргашишдан бошқа иш келмади қўлимдан. У иш жойига кириб кетганидан кейин ҳам ўн беш дақиқача ўзимни қўлга олишга уриндим. Наҳот, уни севиб қолдим! Уни севиб қолганим аниқ. Чунки ҳаётимда ҳали бирор қизни севмагандим. Чиройига ҳавас қилиб гапирган бўлишим мумкин. Лекин бу ҳолга тушмаганман. Бир боқишда муҳаббат деганлари шумикан, ё? Вужудимда турган титроқни зўрға босиб унинг ёнига йўл олдим. У мени кўриши билан таниди:
— Ие, келинг! Ўша куни нега бизни хижолат қилиб кетдингиз?
— Мен… бир савоб иш қилай дегандим-да… — тутила-тутила дедим.
— Мен қарз бўлиб қолишни ёмон кўраман. Қайси компания? — компьютерга термулди у.
Мен уланган телекомпаниям номи ва телефон рақамимни айтдим.
— Бўлди, кетаверинг. Телефонингизга тушади пул! Ўзим ташлаб қўяман.
— Нималар деяпсиз? — хижолат бўлдим. Қизариб кетдим ҳам назаримда. Кейин стол устига пулни қўйдим-у, қочдим. У ортимдан бақирганча қолаверди.
Машинага ўтирганимда телефонимга пул тушгани ҳақидаги хабар келдим. Эҳ, қайсар қиз! Берганимдан икки баробар кўп пул ташлабди. Ростдан қарз бўлишни ёмон кўраркан. Шунча овора бўлганим билан кўзларига қаролмадим. Бекор шарманда бўлганим қолди. Лекин яхши бўлди. Телефонимга кўп пул тушибди, деб яна келаман. Эртагаёқ келаман. Аммо сўзимнинг устида туролмадим. Сабрим чидамади. Кечки пайт ўша дўкон ёнида пайдо бўлдим. У чиқиб, тўғри бекат томонга юрди. Сигнал бердим, эшитмади. Иккинчи уринишим ҳам зое кетгач, машинадан тушиб бақирдим:
— Ҳой! Пайнетчи қии-и-из! Ҳей!
У мени кўра солиб кулиб юборди.
— Савобимни қайтариб олгани келдим, — дедим бунга жавобан.
— Савобингизга ҳеч ким теккани йўқ. У ўша пайтиёқ Юқорида сизнинг ҳисобингизга ёзилган. Кўнглингизда шу ният туғилгандаёқ ёзиб қўйилган, — деди у менга яқинлашаркан.
— Барибир… — нима дейишни билмай қолдим. — Ўша савобни қайтариб олмагунимча шу ерга келавераман. Яхшиси, яна бир марта олиб бориб қўйишимга рухсат беринг.
— Савобни шунчалар яхши кўрар экансиз, мен розиман, — у шундай дея машинага ўтирди.
Ўша куни унинг коллежни битирганини, ўқишга киролмаганини билиб олдим. Унга мен ҳам икки марта уриниб ўқишга киролмаганимни, сўнг киракашлик қилишга мажбур бўлганимни айтиб бердим. Шундан сўнг мен пул тўлаш баҳонасида унинг ёнига тез-тез борадиган бўлдим. Унга севиб қолганимни айтдим ҳам. Буни айтиб енгил тортаман, деб ўйлагандим. Афсуски, ҳижрон азобига виждон азоби ҳам қўшилди. Унга изҳор билан бирга умид ҳам берганимни тушундим. Аммо мен уйланганман. Айни дамда икки ойлик қизалоқнинг отаси ҳамман. Унга бу ҳақда айта олмайман. Чунки йўқотишни истамайман. Гоҳида аёлимдан ажрашиб, унга уйлансамми, деган ўйга ҳам бораман. Лекин ўртада болам бор. Унинг тирик етим бўлиши… Яна рафиқамни ҳам бахтиқаро қилиб бахтга эришолмаслигимни биламан. Кейин у аммамнинг қизи. Ажрашишим отам ва аммамнинг муносабатларига, қариндошлик ришталарига путур етишига олиб келади. Шуларни ўйлаб қийналиб кетдим. Бу томонда у менга умид билан қарайди.
— Битта савоб йўлингизга кўз тикиб турганди. Олиб кетасизми? — дейди у мени кўриши билан кўзлари порлаб.
— Савобнинг ёнида сиз ҳам бўлсангиз албатта олиб кетаман, — дейман бўш келмай.
Унинг чақноқ, чарос кўзларида ўзимга нисбатан чексиз меҳрни кўриб ўзимни қўярга жой тополмай қоламан. Фариштадек қизни алдаб юрганим учун виждоним азоб беради. Унга нисбатан тўйғуларим тоза, чин. Аммо ҳаётим… Ҳаётим ҳақида унга қандай айтай? Бу унга қандай таъсир қилади? Унинг азобланишига қандай чидайман?
2011.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 6