Янги ҳикоя
—Сезяпсизми ва ниҳоят баҳор келди. Энди майин шамоллар бахт нафасини, шивирлаган ёмғирлар дуолар ижобатини, яшил кенгликлар яшаш завқини олиб келади.
Яна қирларда лолалар мастона бош чайқайди, дарахтлар бошига оқ, пушти рўмолини ташлаб зеболанади. Кўнгилдан ғуборлар кетади...Қуёшимиз танларга ором бағишлайди. Беморлар ўрнидан туради...
Саҳнада завқ-шавқ билан гапираётган қиз ҳаммани ўзига маҳлиё қилиб қўйганди. У тиззадан сал пастга тушиб турадиган пушти ранг кўйлак кийган, сочларини ҳам баҳорий турмаклаган, оппоққина, тиниқ юзли, қора қош, бодомқовоқ, истараси иссиқ, ёқимтой қиз эди. Қўнғироқдек овози нафақат уч юз одам ўтирган залнинг охирига, балки, юрак-юракларга етиб борарди.
Кейин шеър ўқий бошлади.
Йўлларингга кўз тутардим жим
Қанот қоқиб қор ёққанида
Сени кутдим, сени чорладим
Далаларни соғинганимда...
Ва ниҳоят, кўкда булутлар
Ёрилдилар кўпик сингари
Сендан олиб келдилар хабар
Оппоқ хабар —ўрик гуллари
Сингилларинг бинафшалар боз
Кўрсатдилар сулув жамолин
Ел эсди-ю, кўтарди рўй-рост
Наъматакнинг оппоқ рўмолин
Ариқларда оҳанглар оқар,
Чинорлар ҳам ёзди япроғин
Қизартирди шабнам илинжи
Ғунчаларнинг нозик яноғин
Мунча масъум, сулувсан баҳор
Тиниқ осмон сенинг кўзларинг
Сенинг ўзи мана шу диёр
Мана шу бахт —сенинг кўзларинг
У саҳнадан тушганида ҳам қарсаклар тинмаётганди. Меҳмонлар ўриндиғида ўтирган устозига бошини эгиб хайрлашди, кейин қўли билан "Кетдим" ишорасини қилди. Саҳнанинг ортидаги хонага ўтиб камзулини олди, устига кийди, кейин бежирим сумкасини кўтариб эшикка йўл олди.
Кўчага чиққанида ўзи ҳозиргина таърифлагани бобо Қуёш беминнат нур сочар, қушлар чуғурлаб турарди. Маданият уйининг мармар йўлакларидан юриб ўтаркан кимдир ортидан кузатаётгандек туюлди.
Қадамини тезлатди.
—Мусфира!
Қиз ортига ўгирилди ва узоқдан туриб чақираётган йигитга қаради. Беихтиёр тўхтаб қолди.
—Тўғри чақирдимми? Мусфирамисиз?
Йигит шу гапларни айтаркан унга яқинлашиб қолди. Икки қадам қолганда эса тўхтади.
Қиз ўзининг ўн саккизинчи баҳорини кечираётган, гўзаллик, соғлик, шижоат, бахтиёрлик фаслида, йигит ўктам, салобатли, қиздан нари борса, икки ёш катта эди.
—Исмим — Мироншоҳ. Тарихчи бувам қўйган эканлар.
Қиз жилмайди
—Меникини шарқшунос бувим қўйганлар.
—Биламан, —табассум қилди йигит.
—Қаердан биласиз?
—Бувим жўнатдилар бу ерга, ўртоғини қизини кўришим учун.
Мусфира "вой" деди-ю, орқасига ўгирилиб тез-тез юриб кетди.
Бувиси кечагина "Сени яхши, обрўли бир оила суриштиряпди, бизни уялтириб қўйма!" деганди.
У тез-тез юриб бекатга етиб олди, кейин дуч келган автобусга чиқиб олди.
"Хайрият, қутулдим! Бувим ўлдирадилар мени. Дуч келган йигитга исмимни ким қўйганини айтиб ўтирибман" У кейинги бекатда автобусдан тушиб қолди.
Енгил тин олиб ўз марширути бўйича келадиган транспортни кутаркан шундоқ ёнгинасидан
—Ўзим ҳам билгандим, шу ерда тушиб қолишингизни! —деган овоз келди. Қиз чўчиб тушди.
Йигит унга кулиб турарди
Мусфира қовоғини уюб олди. Автобуси кўринди. У чаққон ҳаракатлар билан уловга чиқиб олгач, тескари ўгирилиб олди. Йигит нигоҳлари билан қиз кетган автобусни кузатиб қолди.
Мироншоҳ уйга келганида бувиси айвонда кўзойнагини бурнига қўндириб китоб ўқиб ўтирарди.
Юз-қўлини ювиб, салом берди кейин кийимларини алмаштириб чиқди. Бувиси фотиҳага қўл очди
—Яхши тўйлар қилайлик, омин.
Сўнг бесабрлик билан сўради
— Ҳа, болам, ўртоғимнинг қизини кўрдингми?
—Кўрдим.
—Хўш?
—Буви, ёқмади ўртоғиззи қизи.
—Ёлғон гапирма. Гуллаётган ўрик новдасидек чиройли қиз-а?
—Гап чиройида эмас, буви.
—Гапирақол, чайналмай.
—Бир зал одамнинг ичида шеър ўқиди, тумонат одам олдига чиқиб бемалол гапирди. Нигоҳлардан сесканмас экан.
Менга бошқача қиз керак, буви. Уятчанг, ҳаёли , уйидан чиқмаган қиз керак.
— Вой тавба, мен бир умр давлат ишида ишладим, диссертация ёқладим, ойинг ҳали ҳануз ишлайди. Олима! Нима биз сенга ҳаёсиз бўлдикми?
—Буви, сиз яшаган даврлар бошқача эди. Бу қиз боғлаб қўйсам ҳам уйда ўтирмаса керак.
Қўйинг, шуни, буви.
Шоира хола неварасига гап кор қилмаслигини билди. Шундай бўлса ҳам кўнглидан кечганларини айтиб қолишни истади.
— Таг-зоти тоза, эшонлар авлодидан эди қиз. Ота-бувалари очарчилик замонларидая қанча одамнинг қорнини тўйдирган. Отам раҳматлик шу авлоддан битта қиз оламан деб армонда ўтиб кетди. Эсизгина. Ҳали сенга қизини берармиди, йўқми? Боламисан деб. Биров гулдек қизини берди-ю, сен ўзингча ноз қилдингми?
***
Мусфира китобни зўрға ёпди. "Тазкират ул авлиё" ажойиб китоб,
авлиёуллоҳларнинг ҳаёти, кашфу кароматлари унда ажойиб таассурот қолдираётган, хайратлар оламига солаётган эди.
—Мусфирахон! Ҳовлидан бувисининг овози келди. У чаққон туриб деразани очди
—Лаббай, бувижон?
—Ойинг кеп қолади болам, чиқақол, иккаламиз бир ош дамлайлик.
—Хўп бўлади, ҳозир чиқаман...
—Баракалла, болам. Ўзим ўргилай. Бувиси чаққон ҳаракатлар билан сабзи тўғраётган қизни алқаб қўйди.
Қозонга сабзи солингач, Мусфира секин гап бошлади.
—"Тазкират ул-авлиё"ни тугатдим, Ростдан ҳам зўр экан, бувижон.
Бир нарса сўрамоқчи эдим.
Увайс Қараний умр бўйи кечалари ухламаган эканлар.
– Бу кеча сажда кечаси, – деб эрталабгача сажда қилиб чиқар эканлар; бошқа кечани эса: «Бу қиём кечаси», деб, қиёмда: «Бу рукуъ кечаси», деб рукуъда тонг оттирар эканлар.
– Эй Увайс Қараний, кеча шунчалик узун-ку, қандай тоқат қила оласиз!—деб сўраганларида
Ул зот жавоб берибдилар:
– Бир марта Субҳона Раббийа-л-аъло, дегунча тонг отади. Уч марта айтиш суннат, шунга тез-тез уч марта айтиб улгураман. Кўкдаги фаришталарга ўхшагим келади, деган эканлар. Битта калимани айтгунча тонг отадими, бувижон?
—Бу—авлиёларнинг мақоми. Бу ҳолатни тушуниш учун уларнинг даражасига етиш керак, болам... Шу ҳолатга тушмагунча, барибир, буни ҳис қилмайсан....
—Бувижон, — деди секин қиз, кеча ўртоғиззи ўғли келди.
—Шоиранинг неварасими? Ҳа, айтган эди, нега жим бўлиб кетди экан деб ўйлаётгандим ўзим.
— Билмасам. Ёқмагандирман-да. Бувижон, ўқишим борку ҳали. Энди 1—курсман.
—Ойингни ҳам биринчи курсда келин қилганман. Тўртта боласиниям катта қилди, номзодлик диссертациясини ҳам ёқлади, яқинда профессор бўлади. Эплаган одам ҳаммасини уддалайди.
Бўладиган одам ўн беш ёшда бош бўлади, бўлмайдигани ўттиздаям ёш бўлади. Қозонни пасайтир, қизим.
— Буёғига энди совчи келаверади, болам.
Мусфира индамай идишларни ювди.
Мастура хола узоқ йиллар илм билан шуғулланди, Шоира ўртоғи билан ҳам илм орқасидан танишди. Кўп йиллик дўстликни қудачилик алоқалари билан яна узайтирмоқни истадилар. Айниқса, ўртоғи Мусфирани кичиклигиданоқ "Ўзим келин қиламан", дер эди.
Йиллар чопқиллаб ўтиб кетди. Мана энди дугоналар фақат телефонда гаплашадилар.
Мастуранинг невара қизидан кўнгли тўқ. Тили ширин, чаққон, пазанда, ўқимишли. Олийгоҳга ҳам энг юқори балл билан ўқишга кирди. Мактаб чоғи Мусфиранинг ота-оналар мажлисига боргани талашиб қолар эдилар. Ким борса ҳам мақтовлардан боши кўкка етиб келарди. Олийгоҳнинг филология йўналишида таҳсил оляпди. Бу ерда ҳам устозлари нигоҳига тушган.
Мироншоҳ Мусфира унинг танловидаги қиз эмаслигини битта кўргандаёқ сезганди. Ҳали уйланмай туриб рашк қила бошлаган, қиз боланинг катта саҳналарда туриб шеър айтишини ҳазм қилолмас, аммо шу билан бирга қандайдир беғубор нигоҳларга асир ҳам бўлиб улгургандек эди. Ақл билан қалб ўртасида жанг кетаётган эди.
У қизни зимдан кузата бошлади.
Мана у. Ўқишдан чиқди. Қучоғида бир даста китоб. Дугоналари билан хайрлашиб бекатга чопди. Автобусга чиқди. Мироншоҳ ҳам.
Икки бўлмали катта автобусда бўш ўриндиқлар бисёр эди. Ана у ўтирди. Сўнг дарҳол китоблардан бирини очди.
Ҳеч қаёққа қарамай китобнинг ичига шўнғиб кетди қиз.
Унинг ҳаворанг кўйлаклари ўзига ярашиб турар, нозик, оппоқ қўллари китоб бетини тез-тез варақлар , шу ўтиришида ниҳоятда ўзал эди. Мироншоҳ буни ич-ичидан тан олди. Кўнглига яна қарама-қарши ҳислар келди. Юраги ғаш бўлиб, автобусдан тушиб қолди.
Мусфира уни сезгани ҳам йўқ. Азиз авлиёлар ва уларнинг сирли кароматлари қизни ўз домига тортиб кетган эди...
Гулранг дарвозадан чиқаверишда акасига рўпара бўлди.
—Бу нима кийим? Сенга неча марта айтаман сипороқ бўл деб!
—Кийимимга нима қипти, ака?
—Бор, узун, енгли кўйлак кийиб чиқ, бунақа қилиб кетмайсан! Бақирди Мироншоҳ синглисига.
— Уфф!- юзини буриштирди Гулранг, сумкасини силкиб ортга қайтаркан.
Уй остонасида Шоира кўринди.
—Буви, акамни қаранг, яна кўйлагингни алмаштир деяптилар! Ўзи ўқишимга кеч қолдим.
—Ҳа, майли, шуни жаҳлини чиқармай қўя қол, бор, узун кўйлагингни кийиб чиқ, жудаям ярашади сенга. Тўғри айтяпди аканг, назар бор, нафас бор.
Гулранг жаҳл қилиб уйга кирди. Бироздан сўнг бошқа кўйлакда чиқиб келди.
—Бу бошқа гап, оппоқ синглим. Ўтир машинага, ўзим олиб бориб қўяман.
—Йўқ, ака, ўзим кетаман, мени Маржона кутяпди.
—Униям оламиз йўлдан. Ўтир, ўтир.
Ака-сингил бирпасда апоқ-чапоқ бўлиб қолдилар, машинага ўтириб жўнаб кетдилар.
Шоира хола уйда қоғоз қоралаб ўтирган чолининг олдига кирди.
Мирҳаким Миродилов машҳур тарихчи олим. Айниқса, Ўзбекистон тарихининг билимдони. Ҳозир ҳам Шайбонийхон ҳақида китоб ёзмоқда. Аёлини кўриб, ёзишдан тўхтади. Кўзойнанини ёзув столига ташлаб, чарчоқдан қисилган кўзларини аёлига тикди.
—Мироншоҳингиз кимга тортди экан-а? Бирам рашкчи, тавба?
— Ўзимга ўхшайди, кимга бўларди.
—Қўйинге, бирор марта қизғанганиззи эслолмайман.
—Сенга айтиб ўтирармидим, бувиси, ортингдан неча марта текширганман, биласанми?
—Вой, тавба! Энди эшитишим. Ҳали шунақа одатларингиз ҳам бормиди?
Шоира хола кулиб юборди.
**
Гулранг ўртоғини олисдан кўрди.
—Ана шу қиз, ака!
Қора кўйлагини кенг жинси шимининг тиззасига тушириб кийган қиз телефон титкилаб турар, узун қўнғир сочлари эгилиб тургани учун юзини тўсиб қўйганди.
У машина келиб тўхтаганини пайқамай қолди.
—Маржона! Ўтир, —деди эшикни очган Гулранг,—кетдик!
Қиз ўртоғига бир муддат қараб турди-да
—Автобусда келаман деган эдинг-ку?-деб дугонасининг ёнига ўтирди, қучиб юзидан ўпиб қўйди.
—Ўҳҳў, камфорт таксиларда юрадиган бўптиларми?
—Таксимас, акам,-деди Гулранг Мироншоҳга ишора қилиб.
—Вой, ассалому алайкум,-деди Маржона уялгансумон.
Қизлар машинадан тушганлари ҳамон Маржона гап қотди.
—Уйланадиган аканг шуми? Банкда ишлайди дегандинг-а?
—Ҳа, ўзи битта акам бору.
—Тайёр машинаси бор экан, нимага доим олиб келиб қўймайди.
—Ўзим хоҳламайман, тергайверадилар. Сипо кийин, сочингни ёйма, иложи бўлса, уйда ўтирсам.
—Ҳа-а, — деди Маржона ўйчан.
***
Офтоб қизитиб, қиш изғиринлари одамларнинг ёдидан ҳам кўтарилиб кетди. Енгил либослар танага хуш, ёқимли бўла бошлади.
Одамзод ҳамиша қаергадир шошади. Уйидан ишга, ишидан уйга ошиқади. Айниқса, шаҳарликлар бир хил ҳаёт кечиради. Бировнинг биров билан иши йўқ. Шанба, якшанба кунлари шаҳар ташқарисигами, бирор емакхонагами бормасалар, бошқа пайт югур-югурлар билан умр ўтказадилар.
Мусфира ҳам ўқишдан уйига қайтаркан эртага якшанба эканлигини ўйлаб қувониб кетди. Аммаси келади. Баҳонада оила аъзолари жам бўлади, дадаси ўз қўли билан ош дамлайди. У самимий, беғубор, аммажониси билан гаплашиб ўтиришни хуш кўради. Аммаси радиода эшиттиришлар тайёрлайди. Асли урду тили бўйича мутахассис. Мусфира аммасидан куч, илҳом олади.
***
—Гулранг, юпқа қиламиз. Тез кийимларингни алиштириб чиқ. Қарашиб юборасан. Ҳовлидаги жўмракда қўлини юваётган бувиси хамир юқи қўлини ювиб гапирди. Кейин шимарилган енгларини тушириб, давом этди.
—Бўлақол, пиёз тугабди, ертўлага тушиб чиқасан!
—Хўп, бувижон. Қизнинг телефони чақириб қолди
—Ҳа, Маржон? Бизникигами? Тинчликми? Кел, келавер, уйдаман. Телеграмдан жойлашувни ташлаб юбораман.
У жўвада хамир ёяркан бувисига эълон қилди
—Ўртоғим келяпди, буви.
—Келақолсин, болам. Хамирни четини ёй, бир текис чиқсин. Ун сепиб ёй. Онам раҳматлик "юпқани урвоғига чидаган одам қилади", дердилар.
—Ўхшадими, буви?
—Ҳа, баракалла.
Каттагина товада қийма солиб пиширилаётган юпқалар борган сари Гулрангнинг завқини оширарди. Ойиси келди.
—Вой, ойижоней, ўзингизни уринтириб нима қиласиз, чарчаб қоласиз-ку?! —деди қайнонасига салом бераркан.
Бошим қаттиқ оғрияпди, бугун дарсим кўп эди,-деди ойиси ўриндиққа ўтираркан.
—Кириб бирпас дам олинг, чарчагансиз, болам, —деди Шоира опа келинига. Кейин невараси иккиси қозонга манпар солдилар. Худди шу вақт
Маржона билан акаси олдинма кетин кириб келдилар.
Ўртоғи узун ўзбекча кўйлак кийиб олганди. Гулрангнинг бувисини "бувижон", деб ишга тушиб кетди.
Унинг мулозаматини кўрган Гулранг лол эди. Сўзидан бол томар, одоб билан жилмайиб идиш-товоқ юварди.
Кун шомга яқинлашганда Самира чиқди. Гулранг ойисининг анча тиниққан юзига қараб
—Сал яхши бўлдингизми? —деди.
Маржона ҳам
—Сизга нима бўлди, холажон, мазангиз йўқми? —дея меҳрибонлик кўрсатди. Гулранг оғзи очилиб қолди. У ўртоғини энди кўриб тургандек эди.
Қизлар меҳмонхонада, қолганлар ошхонада овқатланди.
Шоира хола атрофга қоронғулик тушаётганидан хавотир ола бошлади.
— Гулранг, туринглар болам, Мироншоҳнинг машинасида Маржона қизимни уйига олиб бориб қўйинглар, бировнинг боласи қоронғида юрмасин.
Маржона кўп қаватли уйда тураркан. Кўчанинг бошида тушиб қолди. Машинанинг ичкари киришига унамади. Мироншоҳга қайта-қайта миннатдорчилик билдириб, машинадан тушди.
Кейин ҳам серқатнов бўлиб қолди қиз. Бир баҳона билан Гулрангникига келишга ошиқар, дид билан қурилган шинам иморатларга суқ билан тикилар, ўзини дилдор, чаққон, ўта одобли кўрсатишга уринар, Мироншоҳ келса, кўзлари порлаб кетарди. Бундан Гулрангнинг тобора ғаши кела бошлади..
***
Аммаси келса, Мусфираларникида байрам бўлади, бувиси иш бошқарувчига айланади. Кун тез ўтади. Сирдошидек бўлиб қолган аммаси кетар чоғи бир гап айтиб қолди.
—Мусфира, қайнопам сени ўғлига сўраяпди. Йигит димоғдорроқ. Поччамиз ҳам ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган одам. Йигит сени суриштириб келиши мумкин, бу ёғи ўзингга ҳавола энди, болам. Ўзинг эслик қизсан. Уйдагилар йўқ деса, орага совуқчилик тушиши мумкин. Ўзинг ҳам бир гаплашиб кўрарсан. Мен ҳам рад этолмайман, биласан-ку!
Мусфира шу ёшгача ҳали муҳаббат нелигини ҳис этиб кўрмаган, бувисининг болалигидан "Қиз бола йигитлар билан гаплашса, юзидан нур кетиб, тасқара бўлиб қолади" деган ақидаси остида улғайганди.
Гарчи баланд саҳналарда жўшиб шеър ўқиса ҳам, жамиятдаги маҳрам номаҳрам аралаш турли танловларда қатнашса ҳам бирорта йигит билан ҳилват жойда гаплашмаган, доим иффатини баланд тутганди.
Қалбидаги ишқ тушунчаси эса яқин-яқиндан бошлаб ўқиётган китоблари орқали илоҳий тарзда уйғонаётган, оламни тенгдошларига нисбатан бошқача идрок қилаётган эди. Бувисининг ёрдамида тасаввуф адабиётини мустақил ўрганиб бораётган эди.
—Бувижон, қаранг,
“Рашаҳот” асари муаллифи Фахриддин Алининг келтиришича, Хожа Аҳрор Валийнинг жони узилиши билан Самарқандда қаттиқ зилзила бўлиб, ердан чанг—тўзон кўтарилган экан...
***
Мироншоҳ иқтисод йўналиши бўйича таҳсил олган, эндигина банкка ишга жойлашган, аста-секин одамлар билан мулоқот қилишни ўргана бошлади. Ҳар куни юзлаб одамларни қабул қилар; кимдир пластик картасини ўғирлатган, кимдир, янги карта очтирмоқчи бўлар, яна кимдир кредитидаги муаммолар масаласида ёрдам сўрар, ҳар бир одамнинг мурожаатини диққат билан тинглаб, сидқидилдан ёрдам бергани ошиқарди. Кенг, тинч, шинам,катта хонада ундан ташқари яна элликка яқин одам ишлар, тушлик ўз вақтида, қатъий тартиб ўрнатилган ишхонаси тобора ўзига ёқиб борарди.
Таблодан А-104 рақами кўриниши билан баравар оператор қизнинг
—А-104 рақамли мижоз А—5- хонага келишингизни сўраймиз,— деган овози янгради.
Мироншоҳнинг ёнига келган мижоз негадир қўлидаги навбат қоғозини кўрсатмади.
Компъютерга термулиб ўтирган йигит мижозга қарамай
—Хизмат? —деди
—Ассалому алайкум, Мироншоҳ ака! Қошида синглисининг дугонаси Маржона ўтирарди.
—Ия, Маржона, нима қилиб юрибсиз?
—Ойимлар, пластик карталарини йўқотиб қўйдилар, шуни музлатиб, янгисини очтиргани келдим, —деди у.
Йигит ариза қабул қилиш учун , карта эгаси шахсан келиши лозимлигини айтса ҳам қиз илтимос қилиб анча ўтирди, барибир, фойдаси бўлмади, сўнг саволлар бўлиб қолса сўрайман деб йигитнинг телефон рақамини олди.
Мусфиранинг хайратига жавобан бувиси сокин, аммо таъсирли овозда жавоб қайтарди
—Бўлмасам-чи, қизим, Ўз даврининг улуғ мутафаккири, Шунингдек, хассос шоирлари – Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар ҳамда забардаст шоҳ, сухандон шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар Хожа Аҳрорни ўзларининг маънавий пири муршидлари сифатида эҳтиром қилганлар. Унга атаб асарлар битганлар, болам...
Мусфира китобини ёпди, диққат билан бувижонисини тинглай бошлади. Ҳақиқий олима, тирик энциклопедия унинг бувиси.
Ўзи етук олима бўлса ҳам камтар, гаплари маъноли, ҳалигача шогирдлари йўқлаб келадиган мураббия, доим иш билан банд дадасининг суянчиғи, онасининг ғамхўри у.
Гулранг беғубор қиз. Бувисининг жону дили. Ёнидан бир қадам жилмайди. Ривоят-у эртакларнинг, ҳикматларнинг кони бўлган бувижониси ҳаракатлари ўктам, ақли тийрак аёл. Ҳозир ҳам унга эринмай қатлама қилишни ўргатяпди. Ун солинган идишнинг қопқоғини очаркан, ойисини мақтаб қўйди
—Самирахон ажойиб-да, фаросатли ойинг бор қизим, вой, тавба, —деди кулиб, сўнг давом этди, —мана буни қара!
Ун солинган, ўн кило ўлчамдаги оғзи ёпиладиган шаффоф елим идишлардан бирининг устига "Олий нав", иккинчисиникига "1-нав" деб ёзиб қўйилганди
Гулрангнинг юзига кулгу тошди.
—Ертўладаги мурабболарни айтсангиз-чи? Ҳаммасининг устига йили ёзилган. Ишлаб чиқарилган санаси кўрсатилган. Кейин ўзи маза қилиб кулди.
—Омон бўлсин, сен ҳам ойижонингга ўхшаган пазанда, фаросатли бўлишинг керак, болам, —деди кампир кула-кула.
Беихтиёр Маржонани эслади у. Доим бувижониси ҳақида гапирса, "Мен бувимдан нафратланаман, гаплашмайман ҳам, доим онамни қарғайдилар, аммаларим бўлса бўлгани, топганларини аммаларимнинг болаларига ташийдилар, қизлари ҳам бувимнинг ўзидан баттар, уйга келса, кампиршони
" гиж-гиж" лаб кетади", деганди. Соф, соғлом, чиройли муҳитда тарбия кўрган Гулрангга бу гаплар даҳшатнинг ўзгинаси бўлиб туюлганди. Шундай оилада туғилганига шукур келтирганди.
Кейин ҳам Маржонанинг бувиси ҳақидаги шикоятлари тугамади. Бир куни у уйидаги онаси ва бувисининг ўзаро жанжали ҳақида ғазабланиб гапираркан
—Ойим ҳам шу кампир бўлмаса, тинчгина яшардик, деяптилар,- бу кампир Ўлмас Кошшейнинг худди ўзи, ҳаммамизни ўлдириб кейин ўлса керак! —деди
Ўшанда ўртоғининг бувисини Ялмоғиз қиёфасида тасаввур қилиб, дугонаси ва унинг онасига эса раҳми келарди.
Ўртоғи "супер контракт" асосида ўқишга кирган, отаси тадбиркорлик билан шуғулланишини айтар, аммо негадир, ҳамиша пулдан қийналарди.
Кейинги пайтларда ўртоғи негадир бувисини ёмонламай қўйди. Унинг аянчли ҳикояларига ўрганиб қолган эканми Гулрангнинг соддадиллик билан
—Бувинг уришмаяптиларми? —деган саволига
—Ҳа, яхши бўлиб қолдилар, мени ҳам мақтаб, дуо қиляптилар,-деб жавоб берадиган бўлди.
—Бувижон,-леди у хамир муштларкан. Маржона ўртоғим бору, ўзи қоп-қора, лекин исми Маржона, маржон оқ бўлмайдими, нимага унақа от қўйишган экан унга? —деди.
Бувиси унинг саволига бир кулиб кейин жавоб берди.
—Аслида марваридлар йиғиндиси маржон бўлади, қора маржон бўлса керак.
—Менинг исмим ҳам ўзимга ёқмайди, бувижон. Ҳаммага Гули деб айтаман, уяламан Гулранг дегани.
—Бобур Мирзо қизининг исмини қўйганман сенга, болам. Кейин Гулрангмас, Гулрангбегим. Шоир Ойбек ҳам ўз қизига Гулранг деб исм қўйган. Отинг ўзингга ярашади. Гулдек гўзалсан, қизим, гул рангидек нафиссан, болам, сира уялма! Маржона ҳам чиройли исм, менга айтган гапларингни ўртоғинг эшитмасин, хафа бўлади, дили оғрийди. Дунёда инсонга энг ёқадиган нарсалардан бири ҳам унинг исми бўлади. Бировларнинг исмини тўлиқ айтиш керак. Масхара қилмай, лақаб қўймай, камситмай. Кўнгил—Каъба! Уни парчалаш—гуноҳ!
Мусфирага совчи келди. Аммасининг қариндошидан. Совчилар қариндош бўлгани учун иззат-икром билан кутилди.
Совчи бўлиб келган хонадон оила аъзоларидан ҳеч кимга маъқул келмади. Телефонда айтилган рад жавобига қониқмаган қарши томон қиз билан йигит учрашиб кўришини илтимос қилдилар.
Шоирахон неварасини бермайдиган бўлгач, учраштириб нима қилдим, деди, сўнг узоқ ўйлаб
—Қизимиз ҳали ёш, ўқийман деяпди, —деб жавоб берди.
Мироншоҳ Маржона билан қачон апоқ-чапоқ бўлиб кетганини ўзи сезмай қолди. Қиз ёш бўлса ҳам маҳоратли, йигит ундан катта бўлса ҳам содда эди. Маржонанинг ширин илтифотлари, телефонда тинимсиз қилаётган ғамхўрлиги, ғалати-ғалати гаплари йигитнинг тасаввур дунёсини остин-устун қилиб ташлади. Энди Мусфирани кузатмай қўйган, олисларда эди у.
Бувисининг "Ўртоғимнинг қизини олиб бераман!" деган таҳдидларидан чўчимай қўйган, бир сўз билан айтганда Маржонанинг тузоғига илинганди.
Маржона ҳовлига кириб келганда бувиси билан онаси жанжални авжига чиқарган эдилар.
—Турқинг қурсин, тарбиясиз, боламнинг бошини айлантириб тегиб олгансан!
—Оғзизга қараб гапиринг, ўзиз ҳам яхши бўлганингиз учун, тўйсиз, қочиб келиб бошқасиз эрга тегиб олган экансизда!
—Безбет! Шу вақтгача бир одам юзимга солмаганди, на қўшниларим, на қариндошлар. Кампир увиллаб йиғлай бошлади. Онаси ғолибона турар, аммо унинг ҳам асаблари тамом бўлгани пириллаб учаётган лабларидан сезилиб турарди.
Бирдан кампирнинг кўзи Маржонага тушди. Йиғидан шартта тўхтаб қўлини дуога очди
—Илоё, шу қизинг бахтсиз бўлсин, ўшанда мени эслагин, омин, Аллоҳу акбар!
Онаси бувисига отилиб кела бошлаганини кўрган Маржона ўртага туриб олиб, бор овозда чинқирди.
—Бўлди қилинглар! Тинчлик борми, йўқми? Жонимга тегиб кетдииии! Авваллари бувиси билан онаси уришса, йиғларди, ҳозир бир томчи кўз ёш тўкмайдиган бўлди. Дадасига қийин. Тунов куни отаси онаси тайёрлаган ширқовоқни мақтаб ичганди, онасидан балога қолди.
—Биз бемаза овқат қиламизда, кун бўйи газни олдидан кетмасам ҳам меҳнатимиз кўринмайди, онангиз бир марта овқат қилганди, дарров мақтайсиз!
Аслида, дадаси шўрлик онасининг ҳар бир ҳаракатини мақтаб туради, бўлмаса, кун йўқ. Бошқа пайт бўш келмайдиган бувиси ўша куни негадир индамади.
Бугун бувиси уни қарғади. Жонидан тўйди, шекилли. Ана, секин уйга кириб кетди кампир.
Онаси аллапайтгача ҳовлида жавраб юрди.
—Қарғишинг ўзингга урсин, шум кампир!
Маржона ошхонага кирди. Ҳаммаёқ ивирсиб ётар, отаси ҳар йили таъмирлатадиган уйлар файзсиз, кўнгли эса бўм-бўш эди.
—Тезроқ, эрга тегиб кетсам, шулардан қутулардим, кейин бир ойда бир марта ҳам келмасдим шу уйга. Кейин дадасини эслади. Оқкўнгил, одамга илтижоли қарайдиган отаси. Катта корхонага бошлиқ бўлса ҳам уйида сўзи ўтмайдиган отаси. Кейинги пайтда соғлиғи яхшимас. Юраги тез-тез хуруж қиляпди. На она ачинади, на хотин. Мавқе, мансаб талашиш билан овора улар.
У Мироншоҳни, унинг оиласини эслади. Ипакдек мулойим, ақлли бувиси, зиёли онаси, бахтиёр синглиси бор. Уйлари оддий бўлсада файзли, у оилада ҳамма бир-бирини қадрлайди, авайлайди. Бу уйда ҳамма бир-бирини азоблаб, қийнаб роҳатланади, айниқса отасини. Мироншоҳ тезроқ совчи жўната қолса эди, шу ғурбатхонадан қутуларди. Негадир у ҳам жим-жит.
***
Мусфира ҳар доимгидек ўқишдан чиқиши билан тўғри автобекатга қараб кетди. Қулоқчин тақиб олганча, аудио китоб эшитиб бораркан, нигоҳлари билан кузнинг мўъжизаси бўлмиш ранго ранг барглар рақсини кузатиб борарди. Азамат чинорнинг каттагина сарғиш япроғи кўзига чиройли кўриниб, қўлига олди.
Бироз тикилиб тургач, баргни силкитганча йўлида давом этди. Ана яна битта чиройли япроқ! У эгилиб япроқни оларкан, кимдир гавдаси билан олдига туриб олди. Бошини кўтариб, довдираб қолди. Шундоққина олдида оқ-сариқдан келган, бўйлари баланд, келишган бир йигит кулиб турарди.
У уялиб сал сурилди, йигит ҳам сурилди. Шундагина қиз йигит атай унинг йўлини тўсаётганини билиб қолди. Қулоқчинини юлқиб олиб, шартта орқасига ўгирилиб юриб кетди.
—Мусфира, тўхтанг! Ҳазиллашдим-ку! Йигит шўх кулди.
Қиз ўз исмини эшитиб ортига ўгирилди.
Йигит чиройли куларди. Унинг қуёшдек ёришиб кетган юзига, мағрур туриши ярашиб тушганди, шунданми, бир лаҳза қараб қолди қиз, кейин яна ортига ўгирилиб, югуриб кетди.
Қиз қоқилиб-қоқилиб кетаркан, қаёққа кетаётганини ўзи ҳам билмасди. Бир пайт секин ортига ўгирилди, аммо ҳеч кимни кўрмади.
"Ким эди бу? Исмимни қаердан билади?" Уйига етиб келгунича ҳам қизнинг хаёлидан шу саволлар кетмади. Ҳаммаси эртаси куни ошкор бўлди. Яна совчилар келди. Бу сафар аммажониси қайнонаси билан.
Йигит билан қиз кўришсин, дедилар. Бувиси қудасининг юзидан ўтолмади.
—Беш минут гаплашасан, бўлди, кейин қизимиз кўнмади, деб жавоб бериб юборамиз, жон болам.
Мусфира индамади. Сукут-аломати ризо. Қиз кўзларини юмди, бир лаҳзагина кеча йўлини тўсган йигитнинг ўктам қиёфаси, чиройли табассуми кўриниб кетди. Ичидан чиққан хўрсиниқни яширишга уринди у.
Бу жавонлардан китоблари тошиб кетган бир хона эди. Унда юз эллик йиллик, юз йиллик, ярим асрлик, шу билан бирга янги нашрдан чиққан адабиётлар тахланиб турар, Мусфира бувисининг севимли макани бўлган ушбу хонани яхши кўрарди
Дераза токчаларидаги, полнинг очиқ жойларидаги катта-катта хонаки гуллар ҳам, оддийгина ёзув столию ундаги эски, аммо бақувват икки дона оч жигарранг қопламали стул ҳам — ҳаммаси қандайдир файзли эди. Мусфира полнинг ғичирлашидан сергак тортди, ўрнидан туриб тескари қараб олди.
—Қўлга тушар экансизку, қочқоқ қиз. У ялт этиб ўгирилди. Эшик олдида кечаги йигит жилмайиб турарди. Қизнинг юраги "жиз" этиб кетди.
Зўрға салом берди.
Йигит бир зумда ташаббусни қўлига олди. Беш дақиқада тугаши керак бўлган суҳбат бир соатга чўзилди. Ора-чора йигит телефонини ўчириб қўяр, яна хушкайфият билан гапириб кетарди.
Эшик ортидан кимдир қизнинг исмини айтиб чақирди.
—Вой, манга беш минут гаплашгин дейишганди, чиқа қолай, —деди у.
Йигит қизнинг соддалигидан завқланиб куларкан, ўрнидан турди.
—Исмим—Қамариддин, тўғриси манга ёқиб қолдиз, энди совчиларни тиндирмай жўнатаман, — деди..
— Кўришамиз! Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Кейин сирли овозда қўшиб қўйди
—Мен учун! Ва ўктам қиёфада хонани тарк этди.
Мусфира анчагача хонада қолиб кетди. Юрагига илк бор ишқ кириб келган, Қамариддининг кулиб турган чеҳраси кўзи олдида туриб қолганди. Юраги гурсиллаб урар, ҳозиргина чиқиб кетган йигитни ҳали узоқлашмай туриб соғинаётганди...
***
Невараси Маржонага уйланиши хабарини айтганидан бери Шоиранинг юрагига бир ғашлик тушиб қолган. Қизнинг ҳаракатларидаги сохталик, уйига кетишга ошиқмаслиги, кўз қарашларининг қаттиқлиги уни ташвишга солаётганди.
—Самирахон, Мироншоҳнинг танловидан хабарингиз бўлдими?-деди у беҳи мураббоси учун банкаларни ҳозирлаётган келинига. Ўзи эса қўлидаги каттагина беҳини тинимсиз қўлида айлантирарди.
—Ҳа, айтди, ойижон, шу сира кўнглим чопмаяпди-да. Эрталаб ҳам бувимга айтинг, совчиликка борсинлар, деб манзилини ташлаб кетди. Бизга Мастура холамнинг невара қизлари тузук эди. Ўзимизга ўхшаган оддий оила, онаси ҳам баъмани.
—Ўртоғимдан уят бўлди. Тақдир эмас эканда. Ҳозир мажбурлаб олиб берсак, кейин қарамай қўйса, ундан ёмони йўқ. Манзилини берган бўлса, майли, бир бориб кўрайлик, биздан нима кетди. Ёқмаса, ётиғи билан тушунтирамиз. Бувисини, онасини кўрайлик, суриштирайлик...
***
Кузнинг сўнгги ойи. Тошкент кўчаларидаги азамат дарахтлар алвон, сариқ либосларини кийиб зеболанган. Эрта-индин келадиган аёзлардан хабари йўқ, мастона бош чайқарди. Маржона қўлидаги гулдастани бағрига маҳкамроқ босди. Машина чамбарагини чаққон бошқариб кетаётган Мироншоҳга қизнинг машинанинг олд ўриндиғига ўтириб олгани ёқмаса-да буни ўзига айтолмаганидан ғаши келаётган эди.
—Шоҳ ака, қошиззи унақа чимирмен, жаҳлдорларга ўхшаб. Сизга кулиб юриш ярашади.
—Маржона, бугун совчилар боради, —деб секин гап бошлади йигит. Қиз деярли қичқириб юборди.
—Вой, нега аввалроқ айтмадиз? Энди нима бўлади?! Мани тезроқ уйга ташлаб қўйинг!
—Қўрқиб кетдим, нега бақирасан?
—Ҳаяжонланиб кетяпман! —вазиятни беркитишга уринди қиз, аслида эса, хаёлида уйдаги иккита аёлни яраштириш режасини тузаётганди у.
—Вой, эсим қурсин, Шоҳ ака, уйингиздагилар бугун келиб овора бўлишмасин, бизникилар тоққа кетишган, эртага кечроқ қайтадилар.
Йигит сира ёлғон гапирмаган, шунданми, ишонди қизга.
—Хавотир олма, эртага бўлса эртага-да!
Маржона уйга кирди-ю, бақира кетди.
—Ойи, дадамга айтинг тезроқ картамга пул ташлаб берсинлар! Уйларни тозалаб кетадиган фирмани чақирамиз. Эртага совчи келади. Сиз орзу қилган жойдан!
Аввалига анграйиб турган онаси гап нимадалигини тушунгач, эрига қўнғироқ қила бошлади...
—Ойи, пардадан тортиб қандилгача ювиб кетадиган энг зўр фирмани гаплашдим. Ҳозир келиб қоладилар.
Буларнинг томошасини кўриб оғзи очилиб қолган кампир, барибир, жим туролмади.
—Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр! Болам бечора не ҳасратда пул топсин, сенлар совурларинг. Эсиз одамгарчилик, эсиз аёллик!
—Буви, ҳозир шу гапларнинг ўрними? Ҳеч яхши гапингиз йўқ эканда. Сизнинг ўғлингиз бўлса, менинг отам! Маржона гапира туриб бир нарса эсига тушиб қолгандек уйга югурди.
—Ойии, эртага бувимни бирор ёққа жўнатиш керак, ҳар балони гапириб ўтирмасинлар яна.
—Ўйлама, унақа пайтда ўзини жуда яхши тутади бувинг!
Уй тозаловчи фирма мўъжиза яратди. Туш пайтига яқинлашганда гард йўқ уйлар ярақлаб турарди.
Дастурхон безаш учун ҳамма нарса буюртма қилинди. Сомсадан пишириққача, салатдан иссиқ овқатгача!
Каттагина меҳмонхона кўзни олгудек ҳашамат касб этганди. Сархил мевалар, эндигина урфга чиққан турфа хил шарбатлар, ҳали кўпчилик хонадонларга номи ҳам кириб бормаган ширинликлар ўз ишининг усталари томонидан ясатилган дастурхонда кайфиятни кўтарадиган қилиб чиройли. безатилганди. Санъат асари даражасига кўтарилган ошпазлик маҳоратининг давоми ошхонада кечаётганди.
—Ким экан шунча, кечадан бери битта тўйга кетадиган пулни сарфлаётган меҳмонларинг, қандай совчилар экан булар?
Солия буви жавраб у ёққа ўтар, вайсаб бу ёққа ўтар, бошқа пайт сал нарсага бобиллаб кетадиган Васида чурқ этмасди. Аср вақтида ҳамма иш битди. Ҳовлилар чинни-чироқ, кузнинг ботиб бораётган эрка қуёшида ярақлаб турарди. Пешайвондаги дарпардалар топ-тоза ойналар шуъласида рақсга тушар, уй ичи илиққина, тотли таомлар иси ва яна аллақандай гуллар ифори билан тўлган эди.
Дарвоза тагида машина овози эшитилиши билан баробар Маржонанинг телефонига хабар келди.
"Биз келдик!"
"Ассалому алайкум, хуш кўрдик"
"Ҳаяжонланмаяпсанми?"
"Ўлиб қолай деяпман!"
"Қўй, одамни қўрқитма! Энди яшашимиз керак!"
Меҳмонлар кўрсатилаётган мулозаматдан ҳижолат бўлар, "овора бўлманглар", десалар ҳам, тортилаётган анвойи таомларнинг охири кўринмасди.
Васида қўлини кўксига қўйиб, ширинзабонлик қилар, ора-орада," Ойижон, олинг сиз ҳам",-деб қайнонасига манзират қилиб қўяр, Солиянинг ўз-ўзидан энсаси қотиб кетаётган эди.
"Микс" деб номланган антиқа шўрванинг ичида бедана тухумдан тортиб юмалоқланган қиймагача, уградан тортиб гўштгача, сабзавотлару зираворларгача тобида эди. Яна қайноққина! Совчилик таомили бўйича ҳеч нарса емайман деган меҳмонлар қандай қилиб овқатланганини сезмай қолдилар. Самиранинг
—Мироншоҳ кутиб қолди, бора қолайлик, — деган эътирози йигитни ҳам меҳмонга чақириш билан якунланди. Эркаклар учун алоҳида жой ҳозирланган эди.
Хуллас, қудалар оғзи қулоғига етиб қайтдилар. Энди фотиҳа кунини белгилаш қолган эди, холос!
***
Мана бир ҳафта бўлдики, Мусфира осмонларда учиб юрибди.
Қамариддин кунора гулдаста, ширинликлар билан ўқишининг олдида кутиб олади. Кейин қиз авваллари сира кирмаган емакхоналардан бирига борадилар. Кузги боғларда сайр қиладилар. Қизгина умрида илк бор севиб қолган, илтифотлардан ҳам кўра йигитнинг ўзига асир эди.
Мана бир ҳафта бўлдики, Мусфира ҳар куни дугоналарининг ҳавасини келтириб қоп-қора машина олдида кутиб турган йигитнинг қўлидаги гулдастани олади, кейин машинага ўтириб, жўнаб кетарди.
Унаштирилганига бир ҳафта бўлган ёшлар машина ичида шўх қўшиқни қўйганча шаҳар кезадилар.
Бувиси ҳам, онаси ҳам, дадаси ҳам танловни қизнинг ўзига ташладилар, катта эҳтимол билан рад жавобини кутган эдилар, аммо қизгина онасининг қулоғига
"Ойижооон, ўша йигитни яна кўргим келяпди",-деди, кейин қизарганча, йиғлаб юборди.
Қолганини катталар ҳал қилди.
Кеч кузда тўй бўлди. Мусфирахон келин бўлди. Жондек азиз бувисини, меҳрибон онасию отасини йиғлатиб, узатилиб кетди.
Уйларининг файзини олиб кетди.
***
Гулрангнинг кўнгли ғаш. Негадир ичига чироқ ёқса, ёнмайди.
—Бувижон, акамнинг тўйи яқинлашяпди, мен хурсанд бўлишим керак эмасми? Нега кўнглим ёришмаяпди?
—Қўй, қизим, ундай дема, ёшлар бахтли бўлсин. Балки акангни қизғанаётгандирсан? Шоира шундай деди-ю ичидан бошқа гап ўтди " Гулранг—пок қиз, кўнгли ниманидир сезаётганмикан. Ўша куни бувисининг ҳеч чиройи очилмади, неварасини бир оғиз гапирмади-я. Қайнона-келин муносабати ҳам ғалати кўринди, худо асрасин"
Кейин кўнглидаги ўйларни қувишга уринди...
Тўй яқинлашиб қолди. Келиннинг сепини ёйиб кетдилар.
Мироншоҳ рашки кучли йигит. Шу ёшдаги бувисига ҳам баъзан эътироз билдириб қўяди. Онасига ҳам. Синглисига-ку хўжайин.
Аммо тўй куни келин кийган кўйлакдан Шоиранинг кўнгли тўлмади, Самира бошини кўтаролмай қолди. Кун совуқ бўлса ҳам, елкалари қўллари анча очиқ эди келиннинг. Оппоқ кўйлакда унинг қорамағизлигини билдириб турган томоқ-бўйинлари барча меҳмонларнинг нигоҳида эди. Чеҳраси очилмаётган Мироншоҳ синглисини имлади. Гулрангнинг шовқинаро эшитган гапи
—Келинойингнинг елкасига нарса ташлаб қўй!-дегани бўлди. Қизгина ўзи учун сотиб олган паҳмоқ, аммо енгил қаймоқранг пўстинчани келиннинг елкасига ташлади. Кейин зийраклик билан Маржонанинг қулоғига пичирлади
—Акам келинойинг шамоллаб қолмасин деяпдилар! Ечмай ўтиринг, хўпми?! Кейин "панчо" деб номланадиган ўша ёпинчиқни келиннинг бўйнидан ўтказиб, тугмасини ҳам қадаб қўйди.
Шундан сўнггина куёвнинг чеҳраси очилди.
Ҳофиз эса " Ойнинг ўн беши қоронғу,
Ўн беши ёғду билан", — дея куйлар, даврадагилар шодумон рақсга тушарди.
Маржона Шоира буви орзу қилгандек келин эмасди. Гаплари ҳам, қилиқлари ҳам сохтадек туюлар, ёш келин-куёвнинг бир-бирига тўймайдиган пайтидаги жанжалларидан ёқа ушларди. Ўзи чоли билан, ўғли ҳам келини билан сокин яшаб ўтганлари учунми, оилада бўладиган арзимас кўнгилсизликлар ҳам нари борса, ярим кунлик араз билан ниҳоясига етарди. Маржона рашкчи Мироншоҳга бўйсунмаётган эди.
Шоира опа кузнинг изғиринли ҳавосида деразадан ташқарига қараганча ўрикнинг олтиндек сарғайган баргларига тикилиб ўтирар экан ёш келинчакнинг кириб келганини сезмай қолди. Қовоқ уйиб салом берди келин.
Кейин тарақлатиб иш қила бошлади.
"Бу қизни тарбиялаш осон бўлмайди-ёв. Жанжал-тўполон ичида катта бўлган шекилли, энди ўзимизга мослаштиргунимизча анча тер тўкамиз чоғи. Гапни нимадан бошласам экан?"
—Маржонахон, гўзал қизим, Мироншоҳ яна хафа қилдими сиззи?
Келинчак ҳам тўлиб турган эканми йиғлаб юборди.
—Ўзим ўргилай, қани келинг ёнимга.
Аёл келинчакни ўтирган куйи маҳкам қучди, сочларини силади.
— Ман ҳамиша ёнингиздаман, хўпми, ҳали ўзим уни адабини бериб қўяман. Қани, гапиринг-чи, нима бўлди ўзи? Шунақа чиройли қизни ҳам хафа қиладими одам?!
Мана бир ой бўлдики, Мусфирахон кенг уйнинг келинчаги. Янги уй, янги муҳит, янгича ҳаёт унга завқ бағишлайди. Қайнотаси, қайнилари бир олам бўлса, қайнонаси бир олам.
—Ассалому алайкум, ойижон, яхши дам олдингизми?
Қайнонасининг алик олгани эшитилмайди, овозини чиқармай минғирлаб қўяди.
Чой қуйса, юзига қарамай олади, гапирса ҳам негадир одамнинг юзига қарамай гапиради.
Ҳар тонг бувижонисини, ойисини қучоқлаб қўядиган Мусфира илк саломга чиққан куни юзидаги нафис ёпинчиқ билан уч марта эгилиб салом қилли, кейин чаққон келиб қайнонасининг ёнига тиз чўкиб қучмоқчи бўлди, аммо негадир қайнонаси елкасига совуққина уриб қўйди. У бувисининг, онасининг қайноқ қучоғини эслади, аммо тез унутиб ўрнидан турди, чой дамлади.
Мана бир ой бўлдики, шу аёлга ёқишга ҳаракат қилади келинчак, аммо фақат танқид эшитади.
У тўйдан олдин энг машҳур пазандалик курсларида ўқиган, ширин-ширин таомлари билан уйидагиларнинг олқишига сазовор бўларди. Бошида ўзи овқат тайёрлаб юрди, қайнотаси, турмуш ўртоғи, қайин укалари мақтаб-мақтаб, талашиб ер, бир қошиқ овқат ҳам ортиб қолмасди.
—Бунақа ширин овқатларни умримда емаганман, келинойи, қўлиз роса ширин экан —деди кичкинтой Самариддин. Қайнонасининг энсаси қотиб кетди. Кейинги сафар ўзи бошида туриб овқат қилдира бошлади.
—Вой нима қиляпсиз, ҳеч замонда овқатга ҳам шакар соладими?
—Томатнинг тахирини олади дерди устозимиз.
—Қанақа аҳмоқ устоз экан, қочинг, нари туринг, ўзим қиламан.
Ўша куни ҳеч ким косасини бўшатиб қўймади, ахлат челакка тушди қолдиқлар.
—Ман ичмайман, бемаза бўпти,-деди Самариддин бу сафар
—Емасанг заҳарри е!
Қайнонаси пинагини бузмади. Бора-бора қайнонасининг шавлага ҳам лавр япроғи соладиган овқатларидан унинг ҳам кўнгли айнийдиган бўлди, аммо, мақтаб ейишга мажбур эди келинчак.
—Кимё келинини роса мақтаяпди. Қўлидан келмаган хунари йўқ деди, бизани келин ўқишдан бошқасини билмайди,-дедим. Ош-овқат ҳам ўзимга қолди.
Мусфиранинг дили оғрийди, аммо индамайди, ҳозир оғзини очса, қайнонасининг кечгача овози ўчмаслигини билади.
—Ойи, биз Мусфира билан айланиб келамиз, майлими? —Қамариддин ялинчоқ нигоҳлари билан тикилиб тураркан аёл ўрнидан туради.
—Қаёққа борасизлар, менам бораман, уйда зерикиб кетдим.
Бироз айланган бўлиб зерикиб қолади аёл.
—Уйга қайтамиз, совқотдим.
—Овқатланайлик, ойи, зўр жойга обораман
—Уйда бир қозон мошхўрда туриб, уят эмасми? Ўтиринглар машинага!
Йигит Мусфирага илтижоли қарайди.
Қиз табассум билан
—Ўтиринг, ойижон,- дея машинанинг эшигини очиб беради.
Машина зўрға йўлга тушиб олади. Уйга боргунча ҳеч ким чурқ этиб оғиз очмайди.
Аксар ўзбек аёллари сингари Гулчеҳра ҳам ўзини келин устидан ҳукмрон бўлиш ҳуқуқига эга деб ҳисоблайди. Бировнинг азиз боласини унга омонат берилганини ўйлаб ҳам ўтирмайди. Тонг саҳардан кечгача тинимсиз меҳнат қиладиган келинига бир оғиз раҳмат айтишни эп билмайди-ю, ақл ўргатишни қойиллатади. Қилган овқатини биров ичолмаслигини билса ҳам қозонини бериб қўйишни истамайди. Ўзи умрида бир ишни қойиллатмаган бўлса-да келин олгач, ҳаммасини унутади, ёлғон тарих яратиб олади ва бунга ўзи ҳам чандон ишонади. Вақтида энг ёмон келин бўлгани ёдидан чиқиб, бора-бора ёмон қайнонага айланади. Одамзот-энг шафқатсиз мавжудот. Шунингдек,бизнинг баъзи ўзбекойимлар ҳам. Новдадек ёш келинлар —бировнинг азиз фарзанди. Беминнат хизмат қиладиган фаришталарнинг меҳнатини суиистеъмол қилиш бориб турган ноинсофлик!
—Гулчеҳрахон, ассалому алайкум, саломатмисиз?
Бу—Мусфиранинг бувиси эди.
—Ассалому алайкум, Мастура хола,-тунд овозини бироз ўзгартирди Гулчеҳра.
—Қизингизни олиб якшанба меҳмонга келиб кетинглар, кутамиз... Узун гапнинг қисқаси шу эди.
Бир ой бўлибдики, янги келинчак ҳали уйига бормади. "Бувиси бало, мени ҳам қўшиб чақирса, қизи боришини билган. Мана энди иззатимиз билан борамиз меҳмонга!"
***
—Маржонахон, ўзимнинг ақлли қизим, Мироншоҳ нима деса, хўп денг, болам.
—Қандай қилиб хўп, дейман, бувижон, ўртоғимнинг тўйига юбормаяпдилар, ҳамма курсдошлар келяпди.
—Мана, Гулранг ҳам бормаяпди-ку!
—Гулранг аввал ҳам бормасди ўзи. Ман, барибир, бораман, аввал ҳам сира тўйлардан қолмаганман.
Шоира бувининг тоқати тоқ бўлди. "Бу келин бунча қайсар, бунчалар худбин бўлмаса!"
Ўша куни Маржона ясан-тусанни ўрнига қўйиб, тўйга кетди, кечқурун эса Мироншоҳ уни ота-онасиникига олиб бориб ташлади!
Дарвоза олдида чинқириб қолган келинчак машинанинг ортидан қарғаниб тош отди! Йигит парвосиз ҳайдаб кетаверди.
Шоира соат ўнда ҳам уйқудан уйғонмаган келиндан хавотир олиб ўтираркан Мироншоҳ чиқиб келди.
—Маржонахонни чақир болам.
—У йўқ! Кейин кечаги воқеаларни айтиб берди.
Шоиранинг қон босими ошиб кетди.
—Уят бўпти, болам, юр, олиб келамиз, эшитган қулоқ нима дейди?
—Э, жонимга тегиб кетди. Керакмас. Тарбиясиз, ҳаёсиз, фаросатсиз экан. Ярашмайман.
—Унақа дема болам, ўйин-кулгини яхши кўрса ҳам кўнгли очиқ қиз экан. Секин, алдаб-сулдаб йўлга соласан. Бирдан бунақа қилиш тўғримас, ўзинг ақлли боласанку!
Шоира қудасининг уйига кириб борганида атрофга шом қоронғулиги чўкаётган эди. Уни Васида кутиб олди. Ёшгина қуданинг ҳам қошлари қизиникидек чимирилиб турарди.
Шоира меҳмонхонага кириши билан
—Манга бир жойнамоз бериб қиблани кўрсатиб юборсангиз. Асрни ўқибоқ йўлга чиққандик,-деди. Васида индамай чиқиб кетди. Кейин каттагина, юмшоқ, яп-янги жойнамоз келтириб, қиблага қаратиб солиб берди.
Шоира каттагина меҳмонхонадаги стуллардан бирига ўтираркан, эшикдан Маржонанинг бувиси кириб келди.
Кейин фотиҳага қўл очдилар.
—Маржонахон қизим қанилар?
—Ётибди аразлаб, эри ўлганлардек, —деди Васида шартакилик билан.
—Астағфируллох денг, болам, ўлимдан асрасин.
Васида юзини бурди-ю тарсиллаб юрганча хонадан чиқиб кетди.
Ҳижолатда қолган Шоира қуда бувига юзланди
—Яхшимисиз, айланай? Сизларни ҳам безовта қилдик.
— Бу ўзи безбет қиз, баттар бўладиган қиз. Онасини қаранг, ман онасини одам қилолмадим, сиз қайдамов?! Кампир бечора шу гапларни айтаркан, эшикка қараб олди.
Шоиранинг нафаси ичига тушиб кетган, оиладаги муҳитни кўриб, бўлари бўлган эди, аммо келинини тезроқ олиб кетмаса, бу яра газак олиб, катталашиб кетишини ўйлаб, чора излаётганди.
***
Гулчеҳра синглисини, жиянини ёнига олиб, келинчак Мусфира ёпган бир тоғора сомса билан қудасининг уйига кириб борди.
Ҳовли-жойлар файзга тўлган, мусиқа карнайидан ҳофизнинг
"Хуш келибсан, жон қизим" қўшиғи янграб турарди.
Негадир, ҳамма кўзда ёш билан кўришиб чиқди. Мусфира ҳам кўз ёшларини тўхтата олмасди. Гулчеҳранинг тоқати тугади чоғи келинига пичирлади.
—Бўлди қилдинг, йиғлашни тўхтатинг, нима деб ўйлашади?
Келинчакнинг кўз ёши таққа тўхтади.
Самимий инсонларнинг дастурхонида муҳаббат бўлади, улар тортган таом шифо, кўрсатган меҳри дардларга дармондир.
Айланиб ўргилиб сўрашишлару кўрсатилаётган иззат-эътибордан Гулчеҳрахоннинг қадди тобора ўсиб, ўзи кеккайиб борарди.
—Мусфирахон яхшими? Анча ўрганиб қолдими? Мастура хола сўрашган бўлиб лутф қилди.
—Бизни уялтириб қўймаяпдими?
Гулчеҳра жавоб беришга шошилмади. Пиёладаги чойдан бир ҳўплаб жойига қўйгач, секин гап бошлади.
—Секин-секин ўргатяпман. Ош-овқатларга қўли келишиб қолди. Бир куни ухлаб қолиб, еттида туриб келяпдилар, ҳа десам, ухлаб қопман деб турибдилар. Бошқа такрорланмасин, дедим. Мусфиранинг кўзлари жавдираб турар, шу чоққача бирор марта ортидан гап эшитмаган онаси ва бувисини уялтирганидан ҳижолат бўлаётганди. Атиги бир марта ухлаб қолгани ҳам кечиоилмабди.
—Йўлга солиб оласизда, айланиб кетай сиздан. Қизимиззи тилида тикони йўқ, хўп бўлади билан ўстирганмиз. Айтсангиз, бажаради.
—Ҳа ўргатиш-катталарнинг бурчи!
Қудасининг анчагина каландимоғ эканлигини кўриб Мастура аянинг ичига ўт тушиб қолди. Назарида, невара қизи янаям озиб кетгандек, сиқилиб қолгандек кўринди. Ичида истиғфор айтиб ўрнидан тураркан "Аллоҳим, ўзинг шарманда қилма!" деб қўйди.
Меҳмондорчиликнинг оҳири совға-салом улашиш билан якунланди. Иззат-икром билан, битта тоғорасига иккита қўшиб кузатиб қўйдилар қудаларни.
***
Маржона меҳмонхонага қовоғини уюб кириб келди. Зўрға салом берди.
—Кетамизми, болам?-деди Шоира.-Уйларимиз ҳувиллаб қолди, қизим. Мироншоҳ ҳам кайфиятсиз юрибди.
Маржона индамай, қошини чимириб ўтираверди.
Васида гапга аралашди
—Манга қаранг, Шоира опа. Ман сизларга хизматкор туққан эмасман. Ана домлалар ҳам айтяпди, келин қул эмас деб, ўғлизга айтиб қўйинг, қизим хизматиззи қиляпдими, жиим ўтирсин. Яна бир марта қайтиб келса, қайтиб юбормайман у хонадонга. Тор қорнимга сиққан кенг уйимгаям сиғади.
Бу аёлнинг жағи бақувват эди. Шоира хола бошига иссиқ бир нарса урилиб, юраги типирлай бошлаганини сезиб ҳали вери чакаги ўчмайдиган аёлнинг гапини бўлди.
—Биздан ўтибди, узр. Ман сиззи тушундим.
Маржона қандай келган бўлса шундай шўппайиб машинага чиқиб ўтирди. На салом берди, на гапирди. Мироншоҳнинг ҳам жаҳли чиққан, шундай бўлса ҳам қайнона бувиси ва қайнона ойиси билан машинадан тушиб, елка тутиб, табассум билан саломлашди.
Васида бир нарса деб қўймасин деб Шоира уни машинага тезроқ чиқишга чорлай бошлади.
—Бўлақол, болам, кеч бўлиб кетди.
Шоира уйга келиб ётиб қолди. Қон босими кўтарилиб кетганди. Келин-куёвлар эса яна апоқ-чапоқ бўлиб қолган, аммо бу яқинлик бетоб ётган аёлга совун кўпигидек омонат кўринарди.
***
Гулчеҳра еганини қусаётган Мусфирага қараб тураркан гапирмай туролмади
—Биз эканда шунча туғиб кўнгил айниш нелигини билмаган. Билиб-билиб ишингизни қилинг, манга бунақа сулайиб юрадиган келинлар ёқмайди, —деди телефон титкилаганча.
— Хўп бўлади, ойижон.
Мусфира ҳомиладор бўлдию қайнонасининг зираворли, ўткир ҳидли овқатларини кўрса қайт қилаверадиган бўлиб қолди. Назарида қозондаги овқатнинг иси уйнинг ҳамма бурчагидан келаётгандек эди. У ўзини мажбурлаб овқат сузар, кейин ҳовлига чопиб чиқиб кетар, бир қошиқ ҳам таом емас, озиб-тўзиб кетган эди. Қизлик уйининг овқатларини соғинар, ўн беш кунда уйига жўнатишга ваъда берган қайнонаси бир ойсиз остонадан кўчага чиқармасди.
Қамариддин унга алоҳида пул бераркан
—Илтимос, кўнглинг тусаган нарсани **** кел, бунақада касал бўлиб қоласан,-дер, аммо
Мусфира қайнонасидан шунчалик қўрқардики, бирорта ошхонага кирса, ортидан Гулчеҳра кириб келадигандек туюлаверарди.
Бу қўрқув Мусфирани абгор қилаётганди. Меҳр-мурувват, мақтов ва эътибор билан улғайган қиз дунёдаги барча аёлларни онасидек, бувисидек зиёли, меҳрибон деб ўйлаганига хайрон бўлар, қайнонаси ҳам қачондир яхши бўлишига ишонар, эҳтимол, умид қиларди.
Бугун ҳам ўқишдан қайтаркан, кўнгли айниб, ўзини беҳол ҳис қилди. Йўлда-шундоқ маҳалланинг бошида тандирдан янги сомса узилаётган экан. "Қовоқлиси бормикан?
Онаси ёпадиган қовоқ сомсаларни эслади қизгина.
Ийманиб сўрадию, қувониб кетди. Қовоқ сомса бор экан!
Икки дона сотиб олди. Сабри чидамай биттасини йўлда **** кетди. Оҳ, бирам тотли эди-ки! У уйга етгунча иккала сомсани ҳам **** битирди. Кўнгли очилиб, руҳида бир енгиллик ҳис қилди. Анчадан бери кўнгли тусаган нарсани еёлмаётган эди ўзи.
Уйига кириб қайнонасига кўзи тушмади. Кийимларини алмаштириш учун ётоғига кираркан, қаттиқ уйқуси келаётганини сезди. Шундоқ ўрнига ётиб, елкасига кўрпа тортди." Ўн минут ётаман, кейин тураман! "
Кеч кузнинг совуқ ҳавосида кўчадан келган ҳомиладор аёлга илиққина кўрпа бирам ёқардикиии. Кўзлари юмилиб кета бошлади." Ҳозир тураман, ҳозир тураман" Лаблари шу сўзларни пичирлар экан уйқу уни ўз домига тортиб кетди.
Туш кўрар, қизлик уйида бувиси, отаси, онаси билан шафтоли ейишар, ҳамма— дадаси ҳам, бувиси ҳам, онаси хатто укаси ҳам унга шафтоли арчиб берар, серсув шафтолилардан эса қовоқ таъми келарди
Ташқарида кимдир баланд овозда қичқирар, у кўзларини очолмасди.
—Бу келин икки дунёда одам бўлмайди!!!
У бирдан қайнонасининг ўзи ҳақида гапираётганини сезиб қолди. Сакраб ўрнидан турди, юраги гурсиллаб урар, вужуди қўрқувдан дир-дир титрарди.
Бирдан кийимларини ҳам алмаштирмагани эсига тушиб қолди, шошиб ҳаракат қиларкан, кийим жавонидаги кирларни титиб, ерга тушуриб ташлади. Шу лаҳзада орқасида қайнонаси турганини ҳис қилди.
—Ассалому алайкум, ойижон.
— Уйда шунча иш туриб, қоқ пешинда ухлаганиз нимаси? Ўзи ўқиш баҳона ярим кун кўчадасиз. Бу нима аҳвол! У келиннинг йиғилмаган ўрнига ишора қилди. Кейин жавондаги кирларни кўрсатиб ўшқириб кетди.
—Нега бу кирлар тахланмаган?
Шунақаям ивирсиқ келин бўладими? Яна ўғри томоққа ўхшаб кўчадан сомса еганизга ўламанми? Уйда бир қозон овқат туриб!.
—Кечиринг, ойижон,-бошини эгди Мусфира.
—Йўқ, бунақаси кетмайди. Ман ҳозир уйиздагиларга қўнғироқ қилиб, қандай ивирсиқ қиз тарбия қилганликларини айтаман!
—Жон, ойижон, илтимос, фақат шунақа қилманг. Бир қиз бўлиб раҳмат эшиттиролмадим, лоақал, ёмон гап эшитмасинлар, илтимос, ойижон!
Гулчеҳра ғолибона қараб тураркан, негадир, бу томошанинг узоқроқ давом этишини истарди.
У йиғлаб турган келинчакнинг ёлворишидан ҳузур топаётган эди.
—Йўқ, бундай ўғритомоқ, дангаса, ивирсиқ келин тарбиялаган ота-онангиз ҳаммасини билиши керак! Қочинг, қўйворинг қўлимни!
Шунда Мусфира шўрлик охирги чорани қўллади.
Чўк тушиб аёлнинг оёқларини қучоқлаб олди
—Кечиринг мени, ойижон, бошқа такрорланмайди, менга ўн минут вақт беринг, ҳаммасини тўғирлайман. Фақат, уйдагилар билмасин. Илтимос!
Шўрлик қиз, бегуноҳ келинчак, озод аёл бошқа бир худбин, ўзидек худонинг бандасига тиз чўкиб ялинарди. Фақат у аёлнинг биргина фарқи бор эди. Ўғил туққан эди у!
Яхшиям қазо бор, яхшиям қадар бор!
Кечагина саҳналарда шеър айтиб олқиш олиб юрган қизнинг бугун китоб вароқлашга ҳоли йўқ, вақти йўқ. Кечагина оламни оппоқ булутлардан яшил майсазордан, анвойи гуллардан иборат деб ўйлаб юрган капалакдек нозик қизнинг қалби шу капалак қанотиданда майин, энди кимгадир уни эзғилаш, топташ эса осон, жудаям осон эди...
Маржонанинг ҳомиладорлиги аниқ бўлди-ю, барча эътибор фақат унга қаратила бошланди.
—Қўйинг, болам, оғир кўтарманг.
—Нимадир ейсизми?
—Кўнглинг нимадир тусаяпдими?
—Бугун бир тоза ҳавода айланиб келинглар. Мироншоҳ, Маржонахонни чиройли жойларга обор, кўзлари гўзалликларни кўрсин, тоғларга обор, мусаффоликни ҳис қилсин, қалби гўзал невара ҳаля этсинлар бизга!
—Мана бу, ёнғоқлардан кўп-кўп енг.
—Хурмо, анор, олмалар сизга фойдали, олинг, қизим!
—Вақтида дам олинг, болам!
Бу хитоблар келинчакни обдон талтайтирар, кундан кун вазн қўшиб борарди. Ўқишга боргани эринар, ҳар куни Мироншоҳга "Машина олиб беринг",-деб ҳарҳаша қилар, эркалиги тобора ошиб борарди.
Инсон ҳамиша ҳам бахтнинг қадрига етавермайди, у доим нимадандир норози, недандир
кўнгли тўлмай, узундан узоқ орзулар етовидан ушлаб кетаверади. Аслида бахт қўлга тушган қушдек омонат , уни ушлаб қолиш эмас, ҳис қилиш керак! Жойида! Вақтида!
Болалигидан кўриб улғайгани учунми, ёки онасидан ўтган табиати туфайлими, баъзи-баъзида жанжал қилишнинг хумори тутиб қолар, унинг феълига ўрганган оила аъзолари индамай қўя қолардилар.
Гулранг билан қачонлардир қалин дугона бўлган бўлсада энди уни душманидек кўрар, акасига ёмонлаб ҳузур қиларди. Гулранг шўрлик акасининг аввалги муносабатларини қўмсар, қачонлардир иккиси машинада баланд мусиқа қўйиб, кўчаларни айланган, дарвозадан синглисига атаб шоколад кўтариб келган кунларини қўмсарди. Мироншоҳ эса кундан кун фақат Маржонанинг буйруқларини бажарадиган роботга айланиб борар, яқинлари учун аталган ҳис-туйғулари ҳам тобора тугаб борарди.
Энг ёмони Шоира буви ётиб қолди. Бир умр ҳаракатда юрган аёлнинг бирдан қон босими кўтарилди-ю, тўшакка михланди-қолди. Самира, Гулранг бошида парвона бўлар, ёлғиз Маржонагина ҳар доимгидек бепарво эди..
Шоиранинг келинига кучи етмас, алдаб-сулдаб йўлга солаётган қайнонасининг ўзи энди ёрдамга муҳтож бўлиб ётарди.
Мана уйига кетган Маржонадан икки кундан бери дарак бўлмаётган, Мироншоҳ ҳам, аллақандай тунд қиёфада юрар, қайнотаси кампири ҳасталаниб қолгандан бери индамас бўлиб қолган, турмуш ўртоғи хизмат сафари билан чет элга кетган
Самиранинг ҳам дили хуфтон эди. У қайнонаси ётган хонага оҳиста кириб келди. Ётоғининг бош томонига-шундоқ ерга ўтирди. Қайнонасининг ҳаракатсиз қолган қўлини ўпиб, бирпас юзига босди, кейин секин гап бошлади
—Ойижоним, ўзимнинг ипак ойим, устозам, меҳрибоним, тезроқ тузалинг, менга жудаям кераксиз. Кампирнинг юзларидан икки томчи ёш оқиб тушди.
Самира қўллари билан артиб яна гапирди.
—Суҳбатингизни, дуоларингизни соғиндим, онажоним, тезроқ тузалинг энди, сирдошим.
Анча ўтирди. Йиллар давомида онасидек азиз бўлиб қолган фариштадек шу аёлнинг сочларини силади. Эсингиздами...
Кўп яхши хотираларни эслатди. Гоҳ кулиб, гоҳ йиғлаб гапириб ўтирди Самира.
—Кеча Нуринисо холам қўнғироқ қилдилар. Гулранг қизингизни сўрашяпди.
Ўқитаман, ўзимдек олима бўлади, дедилар. Сизни сўрадилар, суҳбатларини соғиндим, дедилар. Самиранинг ўпкаси тўлиб кела бошлади, кейин йиғлаб юборди.
—Ойижон, ўғлингиз келса, сизни чет элга олиб кетамиз, даволатамиз.
—Совчиларга нима деймиз, ойижон. Келаверсинларми?
Шоира кўзини юмиб очди.
—Ёшлар бир-бирига маъқул келса, қизингизни узатамизми?
Киприклари билан жавоб берди аёл.
—Тушундим, бўлмаса, сиз яхши бўлиб олинг, кейин чақирамиз.
Шоира холанинг юзида норозилик аломати кўрингач
—Бўлди, безовта бўлманг, эртагаёқ кутиб оламан, сизни тушундим, ойижон! —деди у.
Гулрангга фотиҳа ўқилди. Тўйни ҳам тезлаштириб юбордилар. Тенги чиқса, текин бер, деганларидек зиёли хонадонга келин бўлди Гулранг қиз.
Тўй ўтди. Чарлар ўтди. Меҳмонлар иззат-икром билан кузатилди.
Жума куни эди. Самира эрталаб қайнонасидан хабар олгани кирди, қайнотаси таҳорат олгани чиқиб кетганди, у одатича аёлнинг юзларидан ўпди. Сочиқни илиқ сувда ҳўллаб кампирнинг юз-кўзларини, қўлларини артди. Шоира унинг қўлини ушлашга ҳаракат қилаётганини сезиб қолди. Ялт этиб кўзига қаради. Кампир худди уни ўпмоқчидек лабларини чўччайтирди. Ҳавони ўпди. Самира дарҳол юзини тутди. Шоира келинини оҳиста ўпди, кейин кўзларини юмди.
Жувон ичидан келаётган фиғонни тутиб қолмоқчидек оғзини ёпди, кўзидан ёшлари қайнаб чиқа бошлади. Эшик оҳиста очилиб, қайнотаси кирди.
—Додажон, ойижонимни бериб қўйдик, ипакойимдан айрилиб қолдик! Онажонимдан айрилдим!!!
Тумонат йиғилди. Жума намозидан кейин марҳумага жаноза ўқилди. Тупроғи ҳам майин эди раҳматликнинг.
***
Гулчеҳранинг эрталабдан кайфияти йўқ. Ўртанча ўғли ўзига хотин топганмиш. Бугун совчиликка бориши керак экан. Не-не жойларни мўлжаллаб қўйганди. Камига Қамариддин янги гап топиб келди. Уй олганмиш. Кўчмаса бўлмас экан!
Турмуш ўртоғи ҳам маъқуллаб, оқ фотиҳа бериб ўтирибди. Бир томони яхши бўлди. Мусфиранинг чақалоғи йиғлоқ, кўп ишларга улгурмаяпди, уни эса бола боқишга тоқати йўқ. Отасини катта қилгани ҳам етар, энди боласини боқадими?
Хуллас, ҳаммаси бирга келди.
Қамариддин онасининг феълини билади, аммо аёлларнинг ишига аралашишни ор билади. Аёлининг оқила, меҳнатсевар эканини ҳам сезади, қийналаётганини кўзи билан кўриб туради, аксар ўзбек йигитлари каби онасига қарши чиқишни, дилини оғритиб қўйишни истамайди.
У қачондан бери дилида ардоқлаб юргани, бор меҳрини бериб тузгани — бизнес лойиҳасини сотишга мажбур бўлди. Ҳадемай укаси уйланса, бу ҳовлилар торлик қилиб қолади, уйни бўшатиш керак. Отаси билан маслаҳат қилиб, уй сотиб олди.
Қамариддин ота-онасидан оқ фотиҳа олиб, янги уйга кўчиб кетди. Гулчеҳра янги келин олиш орзусида, янги ҳиссиётлар, янги обрў-эътибор қаршисида эди. Бунинг устига митти Хадича жудаям йиғлоқ бўлиб, унинг оромини ўғирлаётганди, кетгани яхши бўлди! Янги келин яхши-да. Кучли, соғлом, чаққон бўлади. У шу ниятлар билан Камолиддин айтган хонадоннинг эшигини тақиллатиб борди, аммо совчиликдан энсаси қотиб қайтди. Унга келин ҳам, унинг ота-онаси ҳам ёқмаган эди.
Куёв бўлмиш— ўртанча ўғли билан бир ҳафта жанжал қилди.
—Шу қизни олиб бермасангиз, об қочиб келаман, менга барибир,-деди у.
Гулчеҳранинг қайсарлиги авжига чиқди.
—Борган жойингга бор, барибир у қизни олиб бермайман!
Бир куни ҳовлисига кўриниши қўполгина, сочлари сариққа бўялган, торгина шим билан ўғил болаларникига ўхшаган футболка кийган қиз кириб келди. Эшик очиқ бўлгани учунми, тақиллатмасдан кирди қиз.
Гулчеҳра ўрнидан сапчиб турди.
—Ассалому алайкум!-деди қиз унинг кўзига тик боқиб.
Алик олиш ёдига келмаган аёл қотиб турар, қошидаги қизга тикилиб қолганди.
—Танидингиз-а, мени! Бўлмаса, мақсадга ўта қолай! Шу ой ичида тўй қилсангиз қилинг, бўлмаса, ўғлингизни қаматаман, кейин боласини олдириб ташлайман. У қорнига ишора қилди.
— Ман қўрқитмаяпман, огоҳлантиргани келдим!
Кейин қандай келган бўлса, шундай юриб чиқиб кетди. Қизнинг оёқ зарби Гулчеҳранинг юрак уришига ҳамоҳанг эди.
У дарҳол телефонини қўлига олди.
—Камолиддин! Қаердасан! Тез етиб кел.
Кейин эрининг рақамини қидира бошлади.
Қамариддин сотиб олган уй шаҳарнинг бошқа бурчагида бўлиб, туғилиб ўсган уйига тамомила тескари эди.
Мусфира аллавақтгача кўниколмай юрди. Кундузи ҳамма ишини бажариб бўлган бўлса ҳам боласини бағрига босиб бир зум ором ололмасди. Худди ҳозир эшик зарб билан очилади-ю, шаҳд билан қайнонаси кириб келади.
Шунда ҳам ҳар куни қайнонасига қўнғироқ қилар, ҳолидан хабар олар, негадир кайфиятсиз, руҳсиз эди аёл.
—Тўй тезлашиб кетди, эртага уйга келинглар, бир ҳафтача қарашиб юборасиз! Мусфира
—Хўп бўлади, ойижон,-дедию у ёғини сўрамади
Тўй куни ҳам чиройи очилмади Гулчеҳранинг. Қудалар кириб келадиган пайт эса йўқолиб қолди. Тўй ўртасида яна пайдо бўлди. Унинг йиғидан қизарган кўзларини ҳеч ким сезмади. Мусфирадан бўлак.
Тўй бошқарувчи йигит сўзамол экан. Роса ярим соат оналар ҳақида шеър айтди, кейин даврага оналарни таклиф этди. Гулчеҳра даврада тураркан, ўт сочаётган кўзларидаги нафрат, юзидаги ғазаб шундоқ кўриниб турарди.
Гул кўтариб келаётган келинчак бошқа келинлардан фарқли ўлароқ мағрур қадам ташлар, ўғли эса кулиб келарди.
Уч марта салом қилди келин сўнг кўришмоқ учун қайнонаси томон кела бошлади. Шунда ғалати бўлди. Келини яқинлашиб қолганида Гулчеҳра унинг юзига тупуриб юборди. Кейин юзини чирт буриб ортига ўгрилди-ю, тез-тез юриб, ташқарига чиқиб кетди. Тўйхонада ғала-ғовур бошланган, телефонларнинг суратга олиш тизими ишга тушганди...
Мусфира чақалоғини онасига тутқазиб қайнонасининг ортидан ташқарига чопди, аммо уни ҳеч қаердан тополмади.
Бу ёғига тўй тўйдек бўлмади. Қудалар ўрнидан туриб, бирин-кетин тўйхонани тарк этди.
Мусфира билан Қамариддин Гулчеҳрани ҳовли адоғидан топдилар.
Эркалаб, қучиб уйга олиб кирдилар.
Мусфира илк бор журъат қилиб сўради
—Ойижоним, нимадан бунча хафасиз?
Аёл жавоб бермади. Шу ҳолатда ҳам кибр отидан тушмаганди у...
Земфира эди келиннинг исми. Элвира эди унинг онаси. Тўйнинг эртаси қиличини қайраб келди Элвира
—Сен кимсан, менинг қизимга тупурадиган, паразит! Мен оппоқ пахтадек қизимни сени турқи совуқ ўғлингга раво кўрмасдим, билдингми? Ўзи қаматиш керак эди сволични! Эшитиб ол, энди қизим шу уйда яшайди, ёқмаса, сен кет!
Шундоқ тиллари бурро Гулчеҳрахон гунг эди. Оғзини очгунича қудаси уйидан чиқиб кетди.
Земфира бошига битган бало бўлди. На ҳовли супурди, на идиш ювди.
—Мен малай эмасман!
Аммо ўзининг хонасини, эрининг уст-бошини ўта озода сақлар, ўзи еган идишларни ювар, қайнотасига салом берар, қайнонасига эса ошкора бурнини қийшайтириб кетарди.
Ўша куни тонг саҳарда деразадан ташқарига қараб ўтирган Гулчеҳра келинини қандай қилиб қувиб солиш режасини тузаркан, турмуш ўртоғининг йўталган овозидан сергак тортди.
—Адаси, — деди у секин. Бу келинни нима қиламиз? Ўғлингиз шу билан яшаб ўтадими?
—Нима қипти? Ўғлинг бахтиёр, ҳар ким ҳам суйган ошини ичади. Яшайверсин.
—Анув куни бу уйдан чиқиб кет, шу болам сенга десам, нима дейди денг! Манга бу уй ёқади. Ҳамма шароити бор, чиройли, ҳеч қаерга кетмайман, ёқмаса, сиз кетинг, дейди. Камфорт экан уйларинг дейди. Ўғлимдан ҳам норозиман...
Эркак бироз сукут сақлаб, сўнг сўзга кирди.
—Сен ўзи ҳеч ўйлаб кўрдингми, кимдир мендан розими деб. Шахсан мен ҳам сен билан ўтган умримга ачинаман. Бир умр қош-қовоғингга қараб яшадим. Норози қиёфангдан юрагим зада бўлиб, яшадим. Шу учта болам етим бўлмасин, дедим! Ман ўғилларимдан розиман. Сен ёмон кўраётган шу келин ҳам аслида сендан яхши. Қувноқ, беғубор. Ўғлинг бўлса у билан бахтиёр.
Гулчеҳра эрини илк бор кўраётгандек эди.
Турмуш ўртоғи охирги гапини ўрнидан туриб, қўлини бигиз қилиб айтди.
—Ўғилларимни ажратиб оламан деб хаёлингга ҳам келтирма!
Эри гапини тугамасдан хонага Земфира кириб келди
—Ассалому алайкум, адажон. Кофе ичаман, сизга ҳам тайёрлаб берайми?
—Майли, болам, ойизга ҳам тайёрлаб беринг.
—Керак эмас! —чинқириб юборди Гулчеҳра, —ичмайман! Ўрнидан туриб ташқарига йўл олди у
—Ўзиз биласиз, —бепарвогина қаҳва тайёрларди келин.
Ташқарида эса эрта-индин қаттиқ қиш келишидан дарак бериб қор учқунлай бошлаган, изғирин шамол эсарди.
Шоира бувидан кейин чоли ҳам кўп яшамади, уларнинг йили ўтиши билан Самира ҳам эри билан чет элга жўнаб кетди.
Ҳайҳотдек ҳовлида Мироншоҳ билан Маржонагина қолган бўш қолсалар даҳанаки жанг қилар эдилар. Боласи чириллаб ётса ҳам кўзга кўринмас, бир-бирини ҳақорат қилиб чарчамас эдилар, эртасига эса худди ҳеч нарса бўлмагандек яна апоқ-чапоқ бўлиб олар эдилар. Бора-бора бундай ҳаёт Мироншоҳни бездирди. У ўзининг аввалги ҳаётини, яқинларини, бахтиёр ўтган болалигини соғинарди.
Уйга келишдан юраги безиллаб қолганди. Ишлари орқага кета бошлаган, ичкиликка ружу қўйган, кўчадаги қизлар билан кўнгилхушлик қиларди. Энди уйга деярли келмасди.
Маржона бақириб йиғлар, кейин эрига ёпишиб кетар, юзларини юмдалаб ташлар, йигит индамай тураверар, бироздан сўнг яна кўчага чиқиб кетарди.
Ўша куни Гулранг келди. Қорни билиниб қолган, бир кун олдин бўкиб ичиб, эрталабга яқин уйга кириб келган акасини кўриб таниёлмай ўтирар, Маржона у ёққа ўтса ҳам, бу ёққа ўтса ҳам эрини тинимсиз қарғарди.
—Акамни қарғаманг, келинойи, ундан кўра инсоф сўранг. Кейин ичида пичирлади
"Сизга уйланишидан олдин қиличдек йигит эдилар!"
Аммо сиртига чиқармади. Мироншоҳ ювиниб чиқди. Синглисидан уялаётган эди.
Гулранг унинг ёнига бориб ўтирди. Кейин кўзда ёш билан гап бошлади.
—Ака, акажоним, қўйинг бу ишларни. Сиз мени суянган тоғимсиз-ку
Ўзи бор-йўғи ккитагинамиз, ягона жигаримсиз. Сизга бир нарса бўлса, ман нима қиламан, акажон. Сиз кучли, иқтидорли йигитсиз. Томирингиздаги қонингиз тоза, сизга бунақа юриш ярашмайди.
Кейин Мироншоҳнинг елкасига бошини қўйди.
—Ҳадемай ота-онамиз қайтадилар, унгача сиз ҳам ўзингизга қайтинг, акажон.
—Хўп, оппоқ синглим, ўзим ҳам ўзимдан нафратланиб кетяпман, жигар. Худонинг раҳми келсин менга!
—Бувим айтиб берган Шайх Санъонни эсланг. Аллоҳга осон. Тавба қилинг. Ман учун ўзиззи асранг, акажон.
Маржона буларнинг суҳбатига тикилиб тураркан, бирдан гаплари ўзгариб қолган турмуш ўртоғига нима етишмаётганини топгандек эди. Меҳр керак эди эрига. Чексиз меҳр. Аммо буни уддалашига ўзининг ҳаи кўзи етмасди.
Биринчи фарзанди икки ёшга тўлган кунлари бир саҳар субҳи содиқда Мусфира эрига яна бир бор ота бўлиши ҳақидаги хабарни етказди. Кечқурун эса Қамариддин катта, чиройли гулдаста билан уйга кириб келди.
Гулдаста қатига "Дунёдаги энг гўзал, энг меҳрибон аёлга!" деган ёзув бор эди!
—Сен остонамиздан киришинг билан уйимга бахт, бошимга омад ёғилди. Жаннатда ҳам ўзимники бўласан, хўпми?!
Мусфира жавоб ўрнига юзларини гулдастага босди. У мана шу йигит учун, у билан Жаннатда ҳам бирга бўлиш учун жонини ҳам беришга тайёр эди, аслида...
Азизлар, ҳикояга шу ерда нуқта қўямиз. Хулоса эса ўзингиздан.
Феруза Салходжаева
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2