Тўхта! Уйинг орқада қолди. Бу ер ишхона.Ишхонага хуш кайфият билан киришинг керак. Кишининг кайфияти бошқаларга юқадиган бўлади.Ҳозир сени синиқ кўрган жамоадошларда ҳам совуқ тушкунлик пайдо бўлади. Муаммоларингни орқага ташлаб, ишхонага табассум билан кир. Шунга мажбурсан!” Қулоқлари остида жаранглаган сўзлар ўнг елкасидаги раҳмон фариштасининг ундовидай эшитилўди. Секингина ўнг томонига қайрилиб қараб қўйди. Сўнг хотиржам руҳга кириб, табассум билан эшик тутичига қўл юборди.
Ассалому алайкум, яхши ишлаяпсизларми?
Ҳамма иш билан машғул экан, бирдан сергак тортиб, салом-алик қилишди.
Узр, шунақа бўлиб қолди. Йўқлигимни сездирмай, ҳаммангиз ўз ишингиз билан бандсизлар. Сизларга халал бермай майли, ишларингга барака берсин.- Зуҳра ёрдамчи қизга юзланди:
Дилрабохон,мени ҳеч ким сўрамадими?
Йўқ, Зуҳра Дониёровна, ҳеч ким сўрамади.Кечаги топшириқларингизни бажариб, столингиз устига қўйганман.
Раҳмат,синглим. Агар, иложи бўлса хонамга икки чашка шакарсиз қаҳва олиб кирсангиз. – Ёрдамчи қиз “хўп бўлади”, деб қаҳва қайнатиш учун чиқиб кетди. Шунда унинг кўзи илкис дугонаси Сардорага тушди:
Сардорахон,ишингиз шошилинч бўлмаса, менинг хонамга кирасизми? Муҳим иш бор эди, маслаҳатлашишимиз керак.
Яхши Сардора ўзига маъноли термулиб турган дугонасининг табассуми ортидаги изтиробни илғаб олишга уринди.
Ёрдамчи қиз қаҳваларни қўйиб кетгач, Сардора Зуҳрага қаттиқ тикилди:
Яна қайнонангми, Зуҳра?
Ҳм Зуҳра ҳарчанд йиғламасликка уринмасин, кўзларидан тирқирраб ёш чиқиб кетди.Сардора дугонасининг ўпкаси тўлиб турганини сезиб, эшикни ичкаридан қулфлаб келди-да, Зуҳрага саволчан тикилди:
Хўш,яна нима ёмонлик қилибсан қайнонангга?
Билмайман,билмайман дугонажон.Нима қилишга бошим қотган. Кошкийди, менинг муаммойимни ўзим билан ҳал қилиб қўя қолсалар, кошкийди ота-онамни безовта қилмасалар... Ўзимга нима қилсалар, нима десалар чидайман,лекин ота-онамга.Зуҳра ҳўнграб йиғлаб юборди.
Дониёр ака билан Зебо келинойи шу Фотима-Зуҳраларидан бошқа фарзанд кўришмади. Гарчи эгизак бўлса-да, Фотма-Зуҳраларининг феъли бошқача чиқди.Фотима ўзини хафа қилдирмайдиган, саркаш, тутган жойидан кесадиган, анча-мунча одамни гап билан ер тишлатадиган қиз.Зуҳра эса опасининг тамоман акси- жуда мулойим,гапирганда ҳам минг андишаю тавозеъ билан сўзларни аранг талаффуз қилади. Мутлақо алоқаси бўлмаган жойда ҳам айбдор бўлиб қолаверади. Балки шунинг учунми, Дониёр ака ҳам, Зебо келинойи ҳам Зуҳрага бошқача қарашади.Ҳатто Фотима ҳам гоҳ-гоҳида ота-онасига “Шу Зуҳрангиздан ҳеч тинчмасман-да! Бунча мулойим бўлмаса? Бу феъли билан фақат ўзига жабр қилади-да” деб ёзғириб қўяди.Тақдирнинг ишлари ҳам ғалати-да, унинг синоатларини ечишга одамзоднинг тафаккури ожизлик қилади. Фотима тушган хонадон аъзолари ҳам, эри ҳам жуда ювош, ўнг юзига урса, чапини ҳам тутиб берадиган кишилар бўлса,Зуҳранинг қайинбўйинлари текканга тегиб тегмаган кесак отадиган, уруш-жанжалсиз ўтган кунни кун демайдиган одамлар бўлиб чиқди. Иқтисод бўйича магистратура таҳсилини хорижда ўқиб қайтганидан сўнг,Дониёр ака совчилар орасидан танлаб-танлаб, шу хонадонга Зуҳрасини ишонганди. Аслида, бу тақдирнинг танловику-я,лекин бўлажак қудаларнинг тўйдан олдинги ваъдаларию, ҳамду санолари Дониёр акани ҳам,Зебо келинойини ҳам эсанкиратиб қўйганди. Ҳатто содда Зебо келинойи эрига:
Қизимнинг мулойим феълидан айланай, шундоқ одамлардан сўраб келишди-я, дадаси.Зап ажойиб одамларга ўхшашади.Худо хоҳласа, Зуҳрагинам пайғамбарнинг қизларидан қадр-қийматли, арзанда келин бўлади. Ота ҳам тилига чиқариб бир сўз демаган бўлса-да, дилида айни фикрлар кечаётгани аниқ эди.Аммо Одам оласи ичида бўларкан, ваъдалар билан ота-онанинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирган қайнонанинг башараси тўйдан кейинги биринчи кунлардаёқ очила бошлади. Мана энди саккиз йилдан бери на қиз узатган ота-она хотиржам, на Зуҳранинг тинчидан тиним бор...
Маҳаллада мени “кўчамизни супурувчи келин” дейишади, Сардора,- кўз ёшларини аранг тўхтатган Зуҳра ҳиққиллаганча гап бошлади. Байрам, ҳайит, туғилган кунларда хориждан буюртма асосида совғалар келтиртириб, қайнона-қайнотамни кўнглини олишга уринаман.Ўша уйда сочим супурги, қўлим косов, буни ҳеч ким билмаса ҳам сен биласан,Сардоражон, сен биласан-ку,лекин игнадай қадр-қийматим йўқ.Мен қаерда хато қиляпман,дугонажон, айт, айт бундай яшашдан чрачадим ахир!
Чарчадим дейишга аёл кишининг ҳаққи йўқ, Зуҳра Сардора креслога ўзини ташлаб,дугонасига тикилди. Аёл киши курашиш учун яралган, дугонажон, курашиш учун. Фарзандларинг,оиланг,бахтинг учун курашиб яшайверасан. Бошқа нима ҳам қилардик? Сени қайнонанг ҳақида-ку,тўғриси,ундайларни аёл тугул одам дейишга ҳам тилим бормайди!
Отам оиламда тинчлик бўлсин, ишга қачон келиб,қачон қайтишим билан бировнинг иши бўлмасин, деб менга шу корхонани очиб бердилар.Бунга ҳам озмунча пул сарфланмади. Хабаринг бор, ҳалигача дадамнинг сояларида ишлаяпман.Эрим-чи?! Институтни битириб юрганди, бозорга чиқсамми,кира қилсамми деб, отам унга ҳам хусусий дўкон очиб бердилар. Ишлаяпти, даромад қиляпти. Яна уялмай қайнотам билан эрим отамни чақиртириб, ота-бола мени роса ёмонлашди.
Айбинг нима экан?
Битта қайнонани эплаб кўнглини тополмаётган эканман.
Сенинг қайнонангда ҳам кўнгил бор эканми?!
Шуни айтадиган одам йўқ-да. Зуҳра уҳ тортиб, дераза оша ташқарига кўз ташлаганча гапида давом этди: Мен ўзимга нима дейишса, ҳарқанча зулм қилишса чидайман,лекин ота-онамни чақиртириб суд қилишга нима ҳақи бор уларнинг? Отам шу хонадоннинг моддий таъминотчиси,ўзим хизматкори бўлсам,яна нима керак уларга? Ота-онамни айби нима? Қиз дунёга келтириб, тарбиялагани, ўқитиб, касбли-корли қилиб,тайёр хизматкор қилиб уларга берганими? Шунинг учун бечоралар ҳақорат эшитиб бошини эгиб ўтириши керакми? Билмайман, Сардора,билмайман. балки ўзим ёмондирман, деб ҳам ўйлаб қоламан,баъзида. Ахир Аллоҳ ҳам бандасига кўтарганича синов берадику.
Бир нима дейишга ожизман, дугонажон.Қайнонанг келин бўлиб ўзи бахтли бўлмаган, айтардингу, қайнонамнинг қайнонаси золим бўлган, деб.Ўзи бахт кўрмаган одам бошқаларни бахтли бўлишини истамайди.Жуда сабрли, узоқни кўзлайдиган аёлсан.Сен мен билган аёллар ичида энг оқила, оилапарвар,фидоий аёлсан. Мен сенинг ўрнингда бўлганимда, аллақачон эрим билан ҳисоб-китобимни тўғрилаб, ажрашиб кетардим.Сенинг шароитингдаги аёл икки болани этагининг чанги билан шаҳзодалардай боқиб, катта қилади.
Дугонаси чиқиб кетгач Зуҳра стол устида айқаш-уйқаш бўлиб ётган қоғозларга кўз югуртирган бўлди. Қаерда?Хотиржамлик, яхши кайфият бўлмаса иш иш бўлардими?Қўли ишга бормади. Билагига сумкасини илиб чиқди-да, ишчиларга банкка боришни баҳона қилиб ишхонадан чиқиб кетди.
Яна ўша уйга бораманми? Бошқа қаерга ҳам борардим?
Ҳар куни тонг саҳарда маҳалланинг ярмини супуриб кирарди. Бугун кичкинаси бироз шамоллаб қолганига,шундоқ дарвозахона олди билан тўрт-беш қадам нарини супурдию,боласига боғча пайтигача илиқ сутга асал қўшиб бериш учун ичкарига шошилди. Ортидан пойлаб юрган қайнонаси, уйга кириши билан шанғиллаб ортидан кирди
Уят-эй, келинпошша, ахлатга қоришиб ўтиришдан уялинг! Кўчамизни қаранг,хазон босиб кетибди.Кўрганлар нима дейди? Ҳе, ўша сизга тарбия берган ота-онангизга.Шоша-пиша икки супурги ўйнатиб,дарров ишга бориш учун пардоз-андозга кирдингизми?Ҳах, ўғлима, ўғлим, пешонаси шўр бўлмаса,сизга уйлантираманми?!мияси ғовлаб кетди.Қайнонасининг овозини эшитмас,лабларининг дам очилиб, дам ёпилаётганидан қарғаб-сўкиниб жанжал қилаётганини биларди, холос.Болаларини бири мактабга, бирини боғчага ташлаб уйга қайтди-да,эрталаб чала қолган жойдан бошлаб етмиш метрлар жойни супуриб чиқди.Сўнг ўғлини мактабдан олиб қайтиб, ишга борганди.Ишида ҳам ҳеч нарсага қўли бормай, тағин уйига қайтди.
Ойи, энди у уйга қайтиб бормайман!Ажрашаман, эр ҳам, оила ҳам керак эмас менга!Зуҳра дарвозадан ичкарига қадам босган эди,қайнэгачисининг йиғламсираган товуши қулоғига чалинди.Бироз сабр қил-чи, ҳали қайнонанг сен ўрисан деб юзингга тикка айтмабди-ку...- Бу мажҳул оҳангдаги товуш қайнонасига тегишли эди.
Ойижон-ей, энди юзимга ҳам сен ўғрисан дейишсинми? Пичинг-кесатиқларчи? Қайнэгачим тап тормай “Уйда келиндан бошқа бегона бўлмаса, ўз жойида ким оларкан?” деганини ўз қулоғим билан эшитдимку! Ўша зорманда пулни қайнонам “Гап”ига берадиган экан. Ойи, менрича ҳеч қандай пул йўқолмаган,бу қайнонамнинг навбатдаги ҳийласи.- Она- боланинг суҳбати шу жойга келганпида Зуҳра томоқ қириб, ўз уйига кириб кетди.Уйлик кийимларини кийиб, қайнэгачиси билан салом-алик қилиб чиқдию, қайнонасидан кечки овқатга тараддуд кўриш учун рухсат сўради.
Қайнэгачингизнинг бироз тоби йўқроқ, қон босими кўтарилибди. Суюқроқ бирор нима қилинг. Опангизнинг чой-пойидан хабардор бўлиб туринг.Қайнонасидан зарур “топшириқ”ларни олган Зуҳра, лимонли кўк чой дамлаб қайнэгачисига олиб кирди. Чойни қайтариб, қуйиб бердию, ташқарига чиқаётиб кўзи жойнамоз устида йиғлаб илтижо қилаётган қайнонасига тушди.
Қизингизнинг бахтини сўраб илтижо қиляпсизми, ойижон? Она учун фарзандининг тинчлиги бахти қанчалик муҳим эканлигини ҳис қилдингизми? Ҳар гал бир ишимдан камчилик топиб, мени ёмонлаш учун ота-онамни чақиртирганингизда улар ҳам худди сизнинг ҳозирги ҳолатингиздай нотинч бўладилар. Улар ҳам менинг оиламга хотиржамлик, бахт, сизга инсоф сўраб жойнамоз устида Аллоҳга ёлворадилар. Дилозордан ҳамма безор, ойижон. Бугун эрталаб арзимаган нарсага дилимни оғритдингиз, нафақат бугун, ҳар доим, ҳар куни бир баҳона билан кўнглимга озор берасиз. Ойижон, сиз эримнинг онаси, невараларимнинг бувисисиз. Сизга ёмонлик тиламайман. Лекин мен ҳам Худонинг бандасиман, менга берган озорингизни У кўриб турибди, ойижон. Менга ҳар кўзингиз тушиб, нимадир қилиб узиб олгингиз келса, кўз олдингизга икки қизингиз, уларнинг қайноналари олдида менга ўхшаб, “урушмасмикан?”, “жеркимасмикан?” дея музтар тикилишини ўйланг. Мен хонадонингизга бахтли бўлиш, сизга, қайнотамга сидқидилдан хизмат қилиш, ўғлингизга икки дунёда вафодор ёр бўлиш учун келганман, ойижон...” Зуҳра ўзини ўнгладию, хаёлга ботиб қолганини билиб, тез ташқарига йўналди.
Зуҳрахон...- Қайнонасининг овози негадир йиғламсирагандай туюлди. Зуҳра “чиндан ҳам қайнонамнинг овозими ё менга шундай туюлдими” деган хаёл билан секин ортига ўгирилди. Қайнонаси ёш тўла кўзлари билан унга термулиб турарди:- Болам, ҳалиги, менга ёқадиган пишириғингиз борку, творогми нима қўшардингиз, шундан тайёрласангиз, дегандим... Қўлингиз жуда ҳам ширин-да, зора, опангизнинг кайфияти кўтарилса. Майлими, қизим?..
Хўп бўлади, ойижон. Албатта тайёрлаб бераман.- Зуҳра қаршисидаги қайнонасини танимай ер остидан унга секин термулди. Қайнонаси юзига томган ёшларини бармоғи билан сидириб, қизи ўтирган хона томон йўналди. – Мен ошхонада бўламан, ойижон...- Қайнонаси кўзларидаги ёшни кўрсатмаслик учун, синиққина жилмайиб қўйди. Бу жилмайиш қора булутларни ҳайдаган қуёшдек, ўртадаги хираликни тўзғитиб юборди...
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2