Дарвоза қия очиқ эди. Равондаги электр нури ҳовли саҳнини ғира-шира ёритиб турар, уйлар қоп-қоронғи. Малик ичкарига киришга шошмади. Осмонда милтилла-ган юлдузларга тикилганча оғзидаги папиросни чуқур тортди. Атроф жимжит. Ҳазонларнинг шабададан шитирлаши-ю чала беркитилган водопровод жўмрагидан оқаётган сувнинг жилдирашидан бошқа ҳеч нарса эшитилмасди. Ҳовли тўридаги кичкина уй деразасидан озгина жойга ёруғ тушиб турарди. Малик кўзларини пирпиратганча, дам-бадам ўша томонга қараб қўяр, қариганида ёлғиз қолган онасининг мунгли кўзларига қарашдан дили қийналар, унинг олдида кўпинча жим ўтиришдан бошқа чораси йўқ эди. Қўшни ҳовлида кимдир эшикни тарақлатиб ёпди. Тепасидаги олма шохида мусича бир патирлаб тинди. Малик барги сийраклашиб қолган шохда қорайиб турган инга қараб қўйиб, водопровод олдига борди. Жилдираб турган сувда қўлларини ювиб, жўмракни маҳкамлаб қўйди. Сув овози тиниб, атрофга бадтар жимлик чўкди. Малик иккита бармоғини чўнтагига суқиб, рўмолчасини олаётганида, боланинг кулганига ўхшаган овоз эшитилди. У сергакланиб онасининг уйи томон қаради. Кейин шошиб бориб деразадан мўралади. Полга кенг қилиб тўшалган ўринда саккиз ёшлар чамасидаги бола томоғигача кўрпага бурканиб ётар, баланд ёстиққа бир тирсаги билан суяниб ёнбошлаб ётган кампир алланарсаларни гапирар, бўш қўли билан боланинг қоп-қора сочларини дам-бадам силаб қўяр эди.
Малик эшикни очди. Бола қаради-ю, сакраб ўрнидан турди. Чопиб келиб Маликнинг бўйнига осилди.
— Дада!
Малик уни қучоқлаганча кўзларини юмиб бир нафас туриб қолди. Кейин ўғлининг яланғоч билакларини силаб, юзларидан ўпди.
— Шамоллайсан. Кўрпага кира қол.
Бола кўрпага ўралгач, дадасига илжайиб қараб қўйди. Уларни жимгина кузатиб турган онанинг дили шу дамда тилка-пора бўлган, лекин у гапиролмас, гапирса, ўғлининг шундоқ ҳам ачишиб турган ярасига туз сепишини биларди.
— Мунча кеч қолдинг?
— Қўйишмади. Телефон қилган эдим.
Малик кечки пайт хотинига телефон қилиб, диссертация ёқлаган бир ўртоғиникига боришини айтган эди. Ҳозир бўлса, хотинини сўрамади. Чунки ўғли келган куни у албатта кетиб қоларди. Малик ўзига тикилиб ётган ўғлига қараб кулиб қўйди.
— Қачон келдинг?
— Ҳали. Аям бувингни кўриб кел, деб юборди. Маликнинг юраги алланечук бўлиб кетди. Ҳа, бувиси учун юборган. Дадангни кўриб кел, демагандир. Малик деворга тираб қўйилган хонтахта ёнидаги кичкина паст стулчага ўтирди. Хонтахта устида новвот, майиз билан янги ёпилган ноннинг ширин ҳиди дастурхонга ўроғлиқ бўлса ҳам гуркираб турарди. Она буни дарров пайқади.
— Егин. Епган нонни яхши кўрардинг.
Малик секингина хўрсиниб қўйди. Қайси юзи билан у ёпган нонни ейди.
— Буви, ундан кейин нима бўлди?
— Бўлди энди, ухла.
— Жон буви, айтиб бера қолинг. Пошшонинг хотини кетиб қолдими-а?
— Ҳа, пошшонинг, менга тегмасанг бу давлатлар қаёқда эди сенга, деган гапи унга жуда оғир ботибди. Битта ойна билан тароғини чўнтагига солибди-ю, уйидан индамай чиқиб кетибди. Йўл юрса ҳам мўл юрибди. Бир ўтинчи учрабди…
Маликнинг юраги қисилди. Ҳаво етишмаётгандек бўғилиб ҳовлига чикди. У кичкиналигида онасидан бу эртакни эшитган, кўп марта эшитган эди. Лекин маъносига энди тушуняпти. У уйига ҳам киргиси келмас, шу аҳволда онасининг қаршисида ўтиришга ҳам бардош беролмас эди. Бу эртакнинг давомини эшитишга унда юрак йўқ. Қачонлардир, кимлардир тўқиган бу эртак Малик билан Муяссарнинг ҳаётларига жуда-жуда ўхшаб кетарди. Пошшонинг хотини унинг гапини кўтаролмай, ўтинчига тегади. Тежамлилиги, ақли, ҳалоллиги билан ўтин-чини шунчалик бой қилиб юборадики, пошшонинг давлати ўтинчининг давлати олдида ҳеч гап бўлмай қолади.
Содда, ювош Муяссарнинг юрагида қанчалар куч борлигини Малик кейинроқ билди. Хотиралар чангалида Маликнинг юраги фарёд чекар, фақат унинг овози ҳеч кимга эшитилмас эди. У ҳовлида қанча юрганини билмади. Ҳалигача очиқ турган дарвозани беркитиш учун кўча томон юрди. Дарвозани беркитди-ю, яна туриб қолди.
Муяссар ҳар куни шу кўчадан ўтарди. Малик унинг орқасида тўлқин урган сочларига, камзул сиқиб турган хипча белига қараб қоларди. Муяссар атрофга қарамас, қора сумкасини кўтарганича енгил ва шарпасиз қадамлар билан бир зумда ўтиб кетарди. Унинг бошида кўпинча шафтоли гули рангида рўмоли бўлар, рўмол унга жуда ярашар, йигитнинг суқ назарини сезганиданми, юзлари ҳам худди шу рангга ўхшаб кетарди. У вақтларда Малик студент эди. Ўқишга кетаётганда кўпинча қизга тўқнаш келар, кейинча унинг ўтадиган пайтини пойлаб турар, у билан изма-из йўлга тушарди. Секин-секин улар саломлашадиган бўлишди. Кейинча қизнинг тўқимачилик комбинатида тўқувчи эканлигини Малик билиб олди. Уни бир кўрмаса, ороми бузиладиган бўлиб қолди. Қиз ниҳоятда камгап, уятчан эди. Маликни кўрганда, қизариб ерга қарар, доим кўзини олиб қочарди. Ана шу аҳволда икки йил ўтди. Малик институтнинг охирги курсига кўчди. Муяссар ўн тўққиз ёшдан йигирмага қадам қўйди. Маликнинг гапларига у уялибгина жавоб берар, нуқул аямлар биладилар деб, ўзи узил-кесил бир нима демасди.
У пайтларда Малик онаси билан ўша кичкина уйчада яшар, ҳозирги уйлари ўрнида омонатгина қурилиб, бир амаллаб қора сувокдан чиқарилган иккита хона бўлиб, ҳали у одам яшайдиган даражада эмас эди. Унинг ғиштларини Маликнинг ўзи қуйган, тоғаси анча-мунча қарашиб, шунчалик ҳолга келтиришганди. Опасидан хотиржам бўлиш учун тоға Маликни уйлантириб қўйиш ҳаракатига тушиб қолди. Онаси Муяссарларникига совчи бўлиб борди. Муяссарнинг дадаси ўқитувчи экан. Қиз уларнинг бош болалари бўлиб, ундан кейин икки укаси ва икки синглиси бор эди. Уларнинг бири студент, қолганлари мактабда ўқирдилар. Улар совчиларни жуда яхши кутиб олишди. Орадан уч-тўрт кун ўтгандан кейин Муяссарнинг дадаси ундан-бундан суриштирдими, розилик бериша қолди. Тоға зудлик билан уйларига эшик, ром ўрнаттириб оқлатди, электр ўтказтирди. Муяссарнинг ота-онаси куёв томонни ниҳоятда аяшар, мумкин қадар кам харж билан битказишга, уларни қийнамасликка ҳаракат қилишарди.
Икки томон топган-тутганини ўртага ташлаб, бир кунда тўйни ўтказишди.
Муяссар билан бирга бу жимжит ҳовлига файз киргандай, ҳамма ёқ ярақлаб, ёришиб кеттандай бўлди. Тоға ҳам, кампир ҳам хурсанд. Маликнинг эса бахти еру кўкка сиғмагундай эди. Муяссар ҳам бахтиёр эди. У тиниб-тинчимас, ҳовлига гуллар экар, алланарсалар тикар, шу уй, шу ҳовлини кўркамроқ, чиройлироқ қилиш учун овора эди. Ишдан қайтшда бозорга кириб, уни-буни.олиб келар, рўзғорини мумкин қадар бут тутишга уринарди.
Малик ўқишни тугатди. У яхши ўқирди. Муяссар уни аспирантурада қолишга кистади.
— Ишламасам, сизга жабр бўлиб кетади. Рўзғорлик одамга стипендия нима ҳам бўларди, — деди Малик.
— Бир амаллармиз. Кўп бўлмаса, озроқ ермиз. Кейин ишдан узилиб яна ўқишга киришингиз қийин бўлади, — деди. Кейин кулиб, қизариб қўшиб қўйди: — Ҳозир кам жон пайтимизда ўқиб қолсангиз-чи.
Малик аспирантурада қолди. Муяссар етишмовчиликдан, кийим-кечагидан ҳеч качон нолимади. Моянасидан жамғариб, эрининг диссертация ҳимоя қилишига ни-ят қилиб, озроқ пул ҳам йиғиб қўйган экан. Зиёфатни ҳам чиройликкина қилиб ўтказишди. Малик хотинидан миннатдор, хурсанд эди. Ишга тушиши билан хотинига яхши совғалар олиб келишни хаёл қиларди. Лекин Муяссар бошқа бир ҳаракат бошлади:
— Уй олдига яна битта уй қўшсак, бу ёғига кичикроқ равон қилсак. Секин-секин, йиғиб-териб. Ҳозир кучимиз бор, ёшмиз. Рўзғорни биттамиз эпласак, биттамизнинг топганимиз билан аста-секин кўтариб оламиз.
Ана шундай қилиб иморатга иморат қўшилди. Дам олиш кунлари Муяссарнинг укалари ҳам ҳашарга келар, Муяссар тупроққа беланиб улар билан тенг ишлашарди. Уйлари битай деганда Мақсуд туғилди.
Малик ўзи ўқиган институтда дарс берарди. Сочини баланд қилиб турмаклаган, энг сўнгги модада кийинган қизлар ёнидан қарсиллаб ўтиб турар, унинг лекцияларига маҳлиё бўлиб, термилиб ўтиришарди. У баъзан улар билан хотинини таққослайдиган, меҳмон-измонга уни олиб юришдан тортинадиган бўлиб қолди. Муяссар чиройликкина кийиниб юрса ҳам модаларга парво қилмас, тирноқ бўямас, умуман, сартарошхонага кирган эмасди.
Кўчадан гувиллаб машина ўтди. Кечанинг жимжитлигида унинг овози ҳамма ёқни ларзага солгандай туюлиб кетди. Малик совуқ еганини, ҳамма ёғи музлаб қол-ганини шундагина сезди. Зинадан аста равонга чиқиб уйга кирди. Электрни буради. Уй совуқ бир сукут билан унинг кўксидан итаргандай эди. Буфетни очиб, яримла-ган коньякни пиёлага тўлдириб қуйди-да, тикка турганича шимирди. Ҳозиргина бағрига босган ўғлининг нафаси, бўйнидан қучоқлаган юмшоқ жажжи қўллари унинг бир вақтдаги тинч, осуда, бахтли дамларини эслатган эди.
Лекин Малик ўзининг бахтиёрлигини тезда унутди. У севгидан ажралиб, шунчаки ҳавас йўлига кираётганини пайқамай қолди. Уйига келса хотини унинг ҳеч қанақа гапларига тушунмайдигандек туюлар, гунг бўлиб олар, овқат устида ҳам, чой устида ҳам газета ўқиб индамай ўтирарди. Муяссар ҳам безиди. Кўпинча қайнонасининг ёнига бориб ўтирадиган бўлди. Малик буни сезар, баъзан унга раҳми ҳам келар, институтда бўлган бирон воқеани гапириб берай деб туриб, э, бу тушунармиди, деб тўхтаб қоларди. Бир куни у уйига кайфияти анча баланд келди. Ўғлига алланарса тикиб ўтирган Муяссарга қараб:
— Мени кафедрага мудир қилишди, — деди. Муяссар хурсанд бўлгандай жилмайди. Лекин шу заҳотиёқ Малик:
— Ҳеч нарса тушунмадинг. Кафедрани билармидинг сен? — деди. Муяссарнинг юзи бир нафасда бошқа тусга кирди. Нина тутган қўллари бўшашиб титради. Лекин эрига жавоб қайтармади. Ўзини хотиржам тутишга уринди. Шундан кейин у гапирса ҳам, юмуш қилса ҳам, овқат олиб келса ҳам Маликнинг юзига қарамади.
Орадан уч-тўрт кун ўтди. Малик ишдан келса, стол устида хат ётибди. Ҳеч нарса ўйламай қўлига олди.
«Кўнгилга дарз тушса қийин бўлар экан. Ўзингизга муносиб одамни топарсиз». Хат Муяссарнинг қўли билан ёзилган, лекин кимга ва кимданлиги ҳам айтилмаган эди. Малик бирдан қизиқ аҳволга тушиб қолди. Ахир нима қилса ҳам ўн йил бирга яшади. Ўғли-чи? Ўғли нима бўлади?
— Ойи, — деб қичқирди у равондан туриб, — келинингиз ҳеч нарса демадими?
Онаси бирон кўнгилсизликни фаҳмлагандай, ташвишли назар билан унинг ёнига келди.
— Нима қилди? Менга ҳеч нарса демади. Лекин нимагадир мени ўпиб қучоқлаб, кечиринг мени, деб чиқиб кетди. Ҳайрон бўлиб қолдим.
— Кетибди, Бутунлай.
— Нима?! — кампир шошиб уйга кирди. — Қанақасига кетади, ҳамма нарсаси турибди-ку!
Ҳақиқатдан уй боягидек саранжом-саришта, ҳамма нарса ўрни-ўрнида, ҳатто тувакдаги гулларга сув ҳам қуйилганди. Малик шифонерни очди.
— Кийимлари йўқ. Мақсудники ҳам.
— Ўзи бошқача бўлиб қолувди. Сен нодон хафа қилдинг шекилли. Мен сезардим. Гап айлантирсам, индамасди. Олим бўлдим, деб ҳаволаниб кетдинг, болам. У жуда меҳнаткаш жувон. Бунақа одам ўзини бировга хор қилдириб қўймайди. Олим бўлсанг ҳам шуни тушунмадинг. Мени ҳам ғафлат босибди. Ўзлари тил топиб қолишар, деб ўйлабман. Бор, ўрнини совутмай, дарров қайтариб кел.
Лекин Малик бормади. Энди қизлар ичида бўйдоқ ва озод юриш унга қанот бағишлагандай, руҳини кўтариб юборгандай эди. Ўзи лекция ўқиркан, кўзи қизларни бир-бир кузатиб чиқар, ўзининг улардан ёши анча катталигини ўйлаб, дилида афсус чекарди. Орадан бир йилча вақт ўтди. Она бечора гапириб чарчади. Ўғли индамай туриб олгани учун ўзича бир иш қилолмади ҳам. Бу гаплардан хабар топган тоғаси ҳам жаҳл қилиб уларникига келмай қўйди. Муяссардан эса дарак бўлмади. Бир куни Малик уни учратиб қолди. Қиш, яхшигина қор ёққан эди. Трамвай бекатида Муяссар бўйи баланд, оддийгина кийинган бир одам билан турарди. Муяссарнинг бир қўлида сумка, бир қўлида янги супурги. Йигит чана қўлтиқлаб олган, иккинчи қўлида яна нимадир бор. Улар гаплашиб туришарди. Афтидан, иккалалари хурсанд эди. Муяссар трамвайда ўтирган Маликни кўрмади. Ўшанда Маликнинг юраги гурсиллаб уриб кетди. Хотинининг бегона эркак билан турганидан ғаши келгандай бўлди. Лекин бу ҳис бир нафасда ўтиб кетди. Яна боягидек совуққон бўлди-қолди.
Малик кейинги хотини Ҳамидага уйланган кезларида ҳали ўзининг йўқоттан бахтини тасаввур қилолмас, бу хотини ҳаммасининг ўрнини тўлдирадигандек туюлган эди. Муяссарни севиб олганини унутгани каби Ҳамидага шунчаки ҳавас учун уйлангани ҳақида ҳам ўйламасди. Лекин бу ҳақиқатни англаш учун кўп вақт керак бўлмади.
Ҳамиданинг ҳар бир қилиғи Муяссарни эслатар, Малик беихтиёр уни ўйлаб қолганини ўзи сезмай қоларди.
Ҳамида анча-мунча юк билан келди. Девордаги гиламни ерга солди. Ўзи олиб келганини деворга осди. Бир кун Малик уйга келса, шифонер билан буфет йўқ. Хотини комиссион магазинга тошпириб юборибди. Эридан сўрамабди ҳам.
— Нега ундай қилдингиз? — деди Малик.
— Эски рўзғорингиздан бирон нарса қолишини истамайман. — Кейин кулиб Маликка суйкалди. — Хафа бўлдингизми? Хотинингизни кўргандай бўлиб юрувдингизми? Ана, мен олиб келганим бўлади-да.
Чиндан ҳам ярим йил ўтар-ўтмас аввалги рўзғоридан ҳеч нарса қолмади.
Ҳамида қайнонаси билан иши йўқ, ювошгина бу кампирнинг олдига бир коса овқатни дўқиллатиб қўйиб келиш билан бутун вазифасини бажаргандай бўларди. Аммо, ўз ота-онасини тез-тез йўқлаб турар, эрига буюриб, улар учун ҳар нарсалар олдириб келарди. Бир куни ишга кетаёттан Маликнинг қўлига иккита халта тутқаз-ди.
— Яхши гўшт олиб келинг. Магазиндан эмас, қўлда сўйилганидан олинг. Бизникилар магазин гўштини ейишмайди. Сомса қиламан. Укамнинг туғилган куни. Кечқурун бориб келамиз.
Ҳуши учган Малик ишхонасига етгунча ўзига келмади. Муяссар ўз уруғлари учун Маликдан ҳеч қачон ҳеч нарса талаб қилмас, умуман, бу ҳақда гапирмас эди. Бир куни дадаси касал ётганда Малик уни кўриб келмоқчи бўлди. Эрининг шундоқ чиқиб кетганини кўрган Мўяссар уни тўхтатди. Ўзи магазинга чиқиб бир шода тешик кулча олиб келди. Уни Маликка тутқазар экан, ғалати кулиб:
— Бир сўмга олдим. Қуруқ боргандан кўра… — деди.
Малик индамай олди-да, саланглатиб кўтариб чиқиб кетди. Кечқурун битта тоғорада ош кўтариб қайтиб келди. Энди буларнинг ҳаммасини бир-бир эсларкан, юраги андиша ўтида қоврилар, ҳижолатдан юзи ёнарди. Ҳамиданинг укаси уйланганида эса, Малик билан Муяссар олган гиламни совғага олиб боришди.
— Катта институтнинг домласисиз. Мен опа, сиз почча. Дурустроқ нарса қилмасак уят бўлади. Ўзимнинг гиламимни олиб борай десам, танишади, олишмайди. Шуни олиб бора қолайлик. Кейин яхшисини олармиз, — деди. Ҳулласи, уни эрига кўтартириб тантана билан тўйхонага кириб борди. Ўшанда ҳам Малик Муяссарни эслаган эди. Қизиқ, Муяссарнинг ҳам укаси уйланган, синглиси узатилган эди. Ҳеч нарса қилишмаганди. Фақат бир мартагина Муяссар тортинибгина:
— Моянамдан озроғини ишлатдим, — дегани эсида. Унинг ота-оналари ҳам ҳеч қачон Маликнинг қўлига қарамас, муомалалари ҳамиша бир хил эди.
Ҳамида қиз туғди. Кампир бўлса Мақсудни соғиниб дам-бадам кўз ёши қилиб оларди. Малик одам юбориб, ўғлини олдириб келди. Ўша куни уйида қиёмат бўлди. Ҳамида аразлаб онасиникига кетиб қодди. Шу-шу қачон Мақсуд келса, у чиқиб кетарди. Мана бугун ҳам кетиб қолибди. Шу мурғак гўдакда нима гуноҳ? Ҳамма нарсага ақли етгандан кейин ўзиёқ отасини эсламай кўйса керак. Маликнинг юрагини ғижимлаган дард сира бўшашмас, хотиралар чангалида баттар қисиларди. У Муяссарни яна бир марта кўрди. Ўша киши билан магазин ёнида машинага шифонер юклашаёттанда кўрди. Назарида Муяссар яшариб кеттандай эди.
Малик онасининг уйини тарақлатиб очиб кирганда кампир қўрқиб кетди.
— Нима бўлди? Нима қилиб юрибсан шу маҳадда?
— Мақсудни беринг, беринг, мен билан ётсин. Малик онасининг жавобини кутмасданоқ ўғлига ёпишди. Уни маҳкам қучоқлаб, чопонининг барига ўраб кўтарганича олиб чиқиб кетди.
— Шамоллатасан, ўра устини! — кампир депсаланиб ўғлининг кетидан чиқди.
Ҳовли ойдин эди. Йўл устида оппоқ бўлиб алланарсалар сочилиб ётарди. Кампир ҳайрон бўлди. Кўзларини қисиб тикилди. Кейин чўнқайиб қўллари билан пайпаслади. Чекиб ташланган папирос қолдиқлари эканини билиб, секин ўрнидан турди-да, ўғлининг уйи томонга аста қараб қолди. Кейин хўрсинганича бошини эгиб, орқасига қайтди.
Саида Зуннунова.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 1
АММО КУЛАШИ ХАКИДА УЙЛАМАЙДИ ........