Қайноналик илми
Назира эрта тонгдан кўзини очди. Ҳар кунги одати. Аммо айнан ана шу одатига ҳилоф равишда ҳовлига чиқмади. Ётган жойида ташқарига қулоқ тутди...
Ташқаридан қандайдир овоз эшитилди. Ҳа, янги келин ҳовли супураяпти. Ҳали тонг отганича йўқ, атроф ғира-шира.
“Бола бояқиш, ўйлади Назира, шу совуқда дийдираб кўча, ҳовли супуриши лозиммиди? Уям бировнинг жондек азиз боласи. Онаси шўрлик ҳам ҳозир менга ўхшаб эрта саҳардан хаёли ёлғизгина қизига кетиб жони саракдирмикин-а? Вой, ишқилиб ўғли чиқдимикан? Шу тўнғичининг уйқуси ўзи бўйдоқлигидан қаттиқ эди. Кеча “Эрталаблари янги келин чўчимасин, сен ҳам вақтлироқ туриб келин супир-сидир қилаётганда кўз-қулоқ бўлиб тур, озгина ёрдам берсанг эт-бетинг камайиб қолмайди” деб уришганида, ўғли чуқур уф тортиб “сўфи бетини ювмасидан супургига ёпишиб бало борми?” деди-ю, қолди балога.
Назира ўйининг охирига етмас эди. Тўйдан олдин эҳ-ҳееей қанча аёл унга “ақл” бўлишга интилди. Ҳамманинг дарди бир: “Назира бўшмиш келинини бошига чиқариб олармиш бу феъл-атвори билан”. Вой аёллар-ей. Тўйгача Назирага қанча тарбия соати-ю, қанча “мастер класс” ўтиб ташладилар. Тағин барчаси текингалигини айтмайсизми. Йўқ, адашибмиз. Текинга эмас экан. Бу билан улар кўча-кўйда Назирани қайнона қилиб тарбиялаганликлари ҳақидаги керилиш ҳуқуқини қўлга киритар ва мазза қилиб мақтанар эканлар.
– Келинга қиздек муомала қилманг, суюлиб бошингизга чиқиб олади, кейин жойига қайтара олмай жонингиз ҳалак бўлиб кетади, – деди овсини.
Назира индамади, аммо овсинининг кўнгли учун “хўп” деган маънода бошини ирғади. “Фарзандларимнинг уччаласи ҳам ўғил бўлса. Қиздек муомала қилиш қандай бўлар экан? Билмасам...” деб хаёл қилиб, барибир охирига етолмади.
– Келин дегани бамисли супурги, қаерга қўйсам ўша ерда туриши керак, – деди кеча бир қайнона “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатувида. Сиз ҳам шу сўзларни ёдлаб олинг ва амал қилинг, энди буниси иккинчи овсинининг кўрсатмаси эди.
Назира унгаям “хўп” деб бош ирғади ва ўзича “шу билан олам гулистон” дея ўйлади. Эҳ, бу кўрсатмалар. Назира уларни эслаб қолишга қийналиб кетаяпти-ку, новдадек келиннинг бажариши ҳали қанақа бўларкин?
Хуллас ўғли мана шу келини билан учрашувга чиққан кунидан бошлаб Назира обдон қайнона бўлиш илмини машқ қилди. Билмади ўхшадими, йўқми?
Бир ҳафталик келинчак Муслиманинг кўзларининг жовдираб туришига қараганда ўз ишини яхшигина уддалаяпти шекилли.
Назира шу топда бундан йигирма беш йил аввалги вақт – ўзининг янги келинчаклик даврларини ёдга олди. Ўшанда ҳам айнан мана шундай куз фасли – ҳазонрезги мавсуми эди. Ўшанда ҳам Назира айнан шу келинининг ёшидаги оҳу мисол ҳуркакгина келинчак эди. Ёдида. Янги келинликнинг биринчи ҳафтаси. Назира серфарзанд оилага келин бўлган эди. Уларнинг нонуштасини тайёрлаб “сен е, мен е” қилиб бўлишгунча дастурхон зумда бўшаб қолар эди. Ўша куни Назира охирги чойнак чойни дамлаб кирди-ю, ўзига дастурҳонни йиғиштиришдан бошқа иш қолмаганлигини кўрди. У иссиқ чойни секин хонтахта четига қўйиб, дастурхонни индамай йиғиштиришга тутинди. Хонада болаларнинг бағир-буғури авжида, аммо негадир қайнонаси кўринмай қолган эди.
Назира ҳамма ёқни саранжомлаб бўлгач, ўз хонасига кирди. У қайниларининг кеча ювилган мактаб кийимларига дазмол уришни мўъжаллаган эди. Энди бир сидра кийимга дазмол босган ҳам эдики, ортидан оҳиста “болам” деб чақирилган товуш эшитилди. Хаёл олиб қочган эканми, чўчиб тушди. Кейин эса ўгирилиб қайнонасини кўргач, ўз ҳолатидан уялиб кетди.
Базўр “келинг, ойижон” дея олди холос.
Бир ҳафталик қайнонанинг аҳволи уникидан кам эмас эди. У ҳам дув қизариб қўлидагини тортинганча Назирага узатди:
– Болам, мана буни **** олинг. Дазмолни кейин қиласиз.
Шундагина Назира қайнонаси қўлидаги тақсимчада иккита чала қилиб қовурилган тухум ва тўртта япроқ қилиб кесилган буханка нонга кўзи тушди. Назира эътироз билдиришга улгурмай қайнонаси ортига бурилиб хонадан чиқди.
Назира ҳозир қайнонасининг ўзига биринчи маротаба таом илинган кунини эслар экан, ширин тамшаниб қўйди, димоғига ўша – бундан йигирма беш йил олдинги қўлига тутқазилган қовурилган тухумнинг иси келди. Қайнонаси бу одатини неча йиллар канда қилмади. Ҳатто орадан йиллар ўтиб уйи-жойи бўлак бўлганида ҳам, унинг “Болам” деб неларнидир енг учида илиниб келиш одати йўқолмади. Шуларни эслар экан, унинг юраги дукурлаганча шивирлади “Ўзимнинг Ойижоним”...
Бирдан Назиранинг кўнгли ёришиб кетди. Шунча кундан буён “зўр қайнона” бўлишга қаратилган ҳаракатини энди тўхтатиши кераклигини англади. У зўр қайнона бўлиши шарт эмас, шунчаки “ойижон”исига ўхшаса бўлди экан.
– Болам...
Ҳовлидаги супуриндиларни ахлат челакка солаётган Муслима ялт этиб бошини кўтариб, қаддини ростлади. Беихтиёр қўлини кўксига қўйди:
– Лаббай, ойижон.
– Қўлингизни чайинг-да, бу ёққа қараворинг.
Назира ортига бурилди.
Бир оздан сўнг хонага кирган Муслима ҳайрон бўлди. Назира уни қўярда-қўймай дастурхон атрофига ўтказиб, нонушта қилишга ундади.
– Уялмасдан катта-катта енг. Ҳали ишимиз кўп. Бугун бир қовоқ сомса қилайлик, – Назира куни кеча кўрган муштипар ҳокисорини эслаб энтикди. – Кейин ойижонни кўриб келамиз. Улар қовоқ сомсани жуда яхши кўрадилар.
Муслима ҳам шу тобда қайнонасининг юзига бунчалик офтоб балқиб кетишига сабаб бўлган “Қайнона – бувижон”ни яхши кўриб кетди...
Гулбаҳор РАҲМАТУЛЛАЕВА.
(Хазонрезги)
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 2