(ҳикоя)
Оилада нотинчлик. Жанжал. Куёв эрка ўсган. Ота ва онанинг гапи ўтмайдиган даражадаги махлуққа айланган ифлос, иккита фарзанд туққан аёлини бир неча марта уриб, ичини эзиб юборган.
Ўн йил давомида оилада уруш, жанжал ва келинни камситиш, бошига уруш, ичига тепишлар, тўхтамасдан давом этаверган. Маҳалла, қўни қўшни, оғайни-қариндош эса оилани асраб қоламиз, деб уларни яраштираверишган. Келиннинг юзига тарсаки уруш, тупуриш, турткилашлар одиий ҳолга айланган.
Мунтазамлик билан калтакланган, тепилган, урулган келин операция қилиниб, талоғи олиб ташланган. Бир неча ойдан сўнг эри яна эски одатини бошлаган. Натижада, оқ қон касаллигига йўлиқиб, бурнидан, оғзидан қон келиб, касалхонага тушган. Бир куни куёв, кечаси билан ўз аёлини иккита боласини олдида уриб, ичини тўкиб ташлаган.
Тонгда...
Реанимация. Касалхона коридори. Қизнинг акаси, онаси, хотинини урган куёв ўтиришибди.
Негадир қизнинг акасини тезда ичкарига киришини айтишди. Доктор, секин гап бошлади.
--Синглингиз кетаяпти, бардам бўлинг.
--Тушундим. Иложи бўлмаяпти. Вазиятидан хабарим бор. Бечора онам кўтара олмайди. Доктор нима қиламан?
--Сиз ичкарига киринг... Хайрлашиб қолинг... Онангиз билан ўзим гаплашаман.
Кўзларида ёш, боши эгилган 45 ёшли ака, синглисини олдига кириб кетди.
Ренимацион палата. Оппоқ тўшакда, гўзал бир аёл ётибди. Ёши 35 ларда.
--Ака, мен ўлаяпман...
--Йўқ, ундай дема. Тузалиб кетасан, сен менинг жон синглимсанку.
--Ака, чарчаб кетдим. Кетгим келаяпти.
--Нега мени бундай гаплар билан қўрқитасан...
--Қўрқманг ака, сиз менинг жасур акамсизку. У томонда ҳам ҳаёт борку. Абадий.
-- Отам, укам ёш кетишди. Энди сен ҳам кетаман деб довдиратма мени, жон синглим. Орқамизда қолгин.
--Ака, отамни соғиндим, у томонда ҳам акам борку.
--Жоним синглим қаерга шошасан.
--Ака, яшамаганим яхши.
--Ёмон хотин кетаман деб, ёмон кампир эса ўламан деб қўрқитармиш, дегандек бўлмагинда. Сен яхши аёлсан, кампир эмассан ҳали. Мен борман, онанг бор. Бизлар кетайлик олдин.
--Эййй, ака. Бу дунёда менга ўрин йўқ экан, билдим.
--Иккита ўғлинг бор, улар ҳали ёш, буларни катта қилиш керак, ҳали тўйлар қиламиз. Келинларни ҳаётга ўргатишинг керак... Қайнона бўлиб, ўтирасан, яхши бўлади.
--Ҳаммасини биласизку. Ўзлари катта қилар, мен керак эмасман уларга...
--Сенга бир нима бўлса эрингни яшатмайман бу дунёда.
--Сиздан илтимос, болаларимни отаси, унга тегинманг. Тушунасизку.
--Эрингни уруғи билан қириб, қонини ичираман уларга.
--Ака, илтимос. Уларга тегинманг, жон акажон. Болаларим яшаши керакку шулар билан.
--Улар одам эмас, бу дунёда яшашга ҳаққи йўқ уларни.
--Буни Аллоҳ билади. Худони ишига аралашманг. Сиз менинг акамсиз, пасткашлар билан тенг бўлманг.
--Хўп синглим. Яхши гаплардан гапирайлик, қўй шуларни...
--Оғажон сўз беринг, тегинмайман, деб.
Акаси, гапни бошқа мавзуга бурди. Оппоқ тўшакда ўлим билан курашаётган синглисини кўз ёшларини артиб, иккита кўзидан ўпиб, бошидан силаб, сочларини текислаб қўйди. Бир пайтлар қишлоқдаги ёшлигини эслаб, кулимсираб гап бошлади.
--Қишлоқда, каникулда эсиндами? Иккинчидан учунчи синфга ўтган пайтингда, сени хафа қилганим эсимга тушиб кетди.
--Бир мартагина хафа қилгансиз.
--Икки марта.
Ўртада кулгу, палатадаги докторлар ва ҳамширалар ҳайрон. Сингил кулгудан хурсанд.
--Ака, тўғрисиям хафа қилгандингиз. Сочимни машинкада олиб ташлагандингиз, ушанда қаттиқ хафа бўлгандим. Иккинчи марта олганингизда хафа бўлмадим, тўртинчи синфда эдим ушанда.
--Аслида, ушанда бекорга йиғладинг, хафа бўлмаслигинг керак эди. Сочинг сиркалаб, битлаб кетганди-да. Теравериб, чарчаб кетдим-да.
Палатада кулгу саслари, ҳамширалар ва докторларни ҳам юзида кулгу. Ҳамма яхши кайфиятни ушлаб олишди. Сингил акасини қўлидан ушлаб олган, яхшилаб, чин кўнгилдан кулаяпти.
--Сендан менга ҳам юқиб бошлаганди. Кечаси билан қашиниб чиқардим. Сочинги олиб тўғри қилдим. Мана докторлар, ҳамшира сингилчалардан сўрагин, педикулёз тарқалиб кетса ёмонда. Бекорга хафа бўлдингда ушанда. Яхшигина битлаб кетгандинг. Мен эса, сени ва оиламизни эпидемиядан қутқариб қолувдим. Тасаввур қилгин, қашиниб бошлашса Катт
а энамни сочини Бобомни соқолини олиб ташласам нима бўларди.
Палатада ҳамманинг кўнгли кўтарилган. Катта докторлар ҳам "офарин" дегандек ишорат қилиб, кулиб, хохалаб, палатадан чиқиб кетишди.
--Эйй, борингэй. Одамни уялтирасиз. Кечирдим, майли. Оиламизни эпидемиядан сақлаб қолган акагинам-эй.
Палатада ажойиб инсонлар мехри ёйилган, ҳаммани чехрасида ёруғлик сезиларди. Докторлар хурсанд. Шахло кўзли ҳамширалар, зўр бўлди, дегандек қўлини кўтариб астагина чапак чалиб қўйишди.
--Ака, менга ҳам қўшнини қизи Марзиядан юққанди. Уларникида оғилхона бор эдида. Қизларни олдида уялтираверманг. Ўқитувчи-педагогман-ку ака. Уялиб кетаяпман...
Яна ўртада яхши кайфият. Ҳамшира қизлар ётган ёшгина аёлнинг ёнига келиб кулиб кетишаяпти. Ҳамма, зўр бўлди, деб ишора қилишаяпти.
Кулгудан хурсанд бўлиб, кўнгли кўтарилган сингил акасини енгидан ушлаб олган унга қараб, гапирди.
--Керосинга ҳам бошимни ювгандингиз.
Ўртада гулдурос кулгу. Ҳамма кулиб ташқарига оғзини босиб чиқиб кетаяпти.
--Акагинам, оғажоним умримда бунчалик маза қилиб кулмагандим. Раҳмат сизга. Сув беринг... Илтимос
Бу охирги бир қултум сув бўлишини акаси биларди. Докторга қаради. Доктор пастга қараб, ўзингиз биласиз, дегандек маюс қараб қўйди..
Акаси синглисини бошини кўтариб, пиёлада сув ичирди.
--Қандай яхши-я, оғажон. Сиздан миннатдорман, ҳаммадан розиман. Ҳамма нарса учун раҳмат.
--Жоним синглим, дардингни олай синглим. Кўнглинг нима истаяпти?
--Ла илаҳа иллаллаҳ...
--Тўхта, тўхта. Онааааааа...
Ака, синглисининг очиқ қолган кўзларини қўллари билан яширди. Кўзларидан томчилаб оққан ёшлар акасининг қўлидан ушлаб жон берган сингилнинг бармоқларга томарди.
Ака, синглисининг то бора совуб бораётган қўлларини қўйиб юбормай ушлаб турарди. Синглисининг совуққина пешонасидан ўпди. Бир томчи кўз ёш синглисинг юзига тушди. Изтироб билан инграётган кўнгилда туғён урган қайғу - алангага айланди.
Реанимация. Коридор.
Ҳозиргина кулиб, хурсанд бўлиб турган ҳамширалар ва докторлар юзида қайғудошлик. Баъзиларининг кўзида ёш. Ака, индамай, пастга қараб, ташқарига чиқаяпти. Қари кампир носилкага солиниб, реанимация ичкарисига олиб кетилаяпти. Иккинчи фарзанд доғи, онани йиқитди.
Ака, ташқарига чиқиб, чуқур нафас олди. Йигитнинг ичидаги изтироб кўксидан портлаб чиқди. Йиғламади, бўкирди.
Касалхона қабул хонаси олдида.
Йўлакда жағи, бурни синиб, қонга беланиб ётган бир нусха йиғлаяпти.
Милиция, аканинг қўлига кишан солган, касалхонадан олиб кетишаяпти...
Шухрат Барлос.
Присоединяйтесь к ОК, чтобы подписаться на группу и комментировать публикации.
Комментарии 8
Аллох барчамизга инсоф берсин илохим